FATVO.UZ | Расмий канал
138K subscribers
1.06K photos
2.03K videos
4.37K links
Ўзбекистон мусулмонлари идораси қошидаги Фатво марказининг расмий телеграм канали

©Каналдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.

Колл марказ рақами: 781503344

Lotincha 👉 @fatvouzlotin

https://taplink.cc/diniysavollar
Download Telegram
#Ҳидоят_таваллуди

Хадийжа разияллоҳу анҳо Набий саллаллоҳу алайҳи васалламни васфлаб айтадилар: «Албатта, Сиз қариндошчилик алоқаларини боғлайсиз, рост гапирасиз, ожизлар нафақасини бўйнингизга оласиз, меҳмоннинг ҳаққини адо қиласиз, фалокатга учраганларга кўмак берасиз».

📚Имом Бухорий ривоят қилган.

🔗 Улашинг: @diniysavollar
МАВЛИД ҚИЛИШ БИДЪАТМИ?
#раддия

535-CАВОЛ: Баъзилар мавлид қилиш бидъат, дейишмоқда. Бу ҳақда Ислом уламолари нима дейишган?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Мавлид ойи Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳаётларини, муборак сийратлари ва суннати санийяларини янада чуқурроқ ўрганиш ойидир. Бу ойда ҳам, бундан кейин ҳам биз, мўмин-мусулмонлар, ҳар бир ишда, ҳар бир амалда У зотнинг суннатларига мувофиқ йўлда юришимиз, У зотга эргашишимиз зарур.

Аслида Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг мавлидларини биринчи бўлиб нишонлаган зот – Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг Ўзларидир. Имом Муслим Абу Қатода разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда айтадилар: “Набий алайҳиссаломдан душанба куни рўза тутиш ҳақида сўрашди. Шунда У Зот: “Ўша кунда мен туғилганман ва шу кунда менга (ваҳий, пайғамбарлик) нозил бўлган”, – дедилар. Ушбу ҳадиси шариф Пайғамбаримиз алайҳиссалом душанба куни туғилганликлари ва шу кунда пайғамбарлик ато қилингани муносабати билан рўза тутганликларига далолат қилади.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудларини нишонлаш ва бунда хурсандчилик қилишни ўзига яраша шаръий далиллари, асослари ҳамда манфаатлари бор. Мусулмон уммати тақрибан минг йилдан буён уни нишонлаб келмоқда. Ислом умматининг таянчи бўлган бир қатор уламолар уни яхши амал санашган.

Уламоларимиз: “Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳунинг “Мусулмонлар яхши санаган нарса Аллоҳ наздида ҳам яхшидир”,– деган сўзлари айнан мавлидга мос тушади”, – дейдилар. Биз кўпчилик уламоларнинг, шу жумладан, юртимиз уламоларининг фикрларини ушлашимиз ва ихтилофга ўрин бермаслигимиз лозим бўлади. Зеро, мавлиддан кўзланган мақсадларга эришишга мусулмонлар бугун ҳар доимгидан кўра кўпроқ муҳтождирлар.

Ал-Ҳофиз Абдурраҳим ал-Ироқий айтадилар: “Зиёфат ташкил этиш ва муҳтожларга таом улашиш ҳар вақтда ҳам яхши саналган амаллардандир. Айниқса, бу муборак ойда унга Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг нурлари зоҳир бўлганлиги туфайли шоду ҳуррамлик улашилса қандай ҳам яхшидир. Унинг бидъат эканлиги макруҳ бўлишига сабаб бўлолмайди. Зеро, қанчадан қанча яхши бидъатлар борки, уларга амал қилиш вожиб даражасига чиққандир” (Манба: “Шарҳу мавоҳибул-ладунийя” китоби).

Ҳофиз Суютий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Менинг наздимда аслида мавлид амалида одамларнинг тўпланиши, Қуръони каримдан қироат қилиш, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг таваллуд топганларида рўй берган мўжизалар ҳақида ворид бўлган хабарларни ривоят қилиш, кейин дастурхон ёзилиб, таомлардан тановул қилингач тарқалиб кетиш, буларнинг ҳаммаси бидъат ҳасана ишлардан саналиб, уни ташкил этганларга савоб бор. Чунки, бунда Пайғамбаримиз алайҳиссаломни улуғлаш, таваллуд топганлари учун хурсандчилик ва шодликни изҳор этиш бор” (Манба: “Ҳуснул мақсид фи амалил мавлид” китоби).

Асрининг Ҳофизи бўлмиш Шайхул Ислом Абул Фазл Аҳмад ибн Ҳажар Асқалонийдан мавлид ҳақида сўралганда қуйидаги жавобни берганлар: “Мавлиднинг асли бидъат бўлиб, у ҳақида аввалги уч асрдаги салафи солиҳлардан ҳеч нарса нақл қилинмаган. Лекин, шу билан бирга бу иш яхшиликларни ва унга зид бўлган нарсаларни ўз ичига олгандир. Бас, ким яхшиликларини олиб, ёмонликларидан четда бўлса, бидъати ҳасана бўлади. Ким ёмонликларидан четланмаса, яхши бўлмайди” (Манба: “Ҳуснул мақсид фи амалил мавлид” китоби).

Ибн Обидин айтадилар: “Билингки, Набий алайҳиссалом таваллуд топган ойда мавлиди шариф ўтказиш яхши бидъатлардандир” (Манба: “Шарҳу ибн Обидийн ала мавлиди ибн Ҳажар” китоби).

Хулоса қилиб айтганда, Набий алайҳиссаломнинг таваллудларини нишонлашнинг жоиз эканига Ислом олами забардаст уламоларининг кўплаб ижобий фикрларини келтириш мумкин. Айниқса, дунёнинг баъзи жойларида Ҳабибимиз алайҳиссаломнинг муборак шаъниларига нисбатан қасддан одобсизликлар амалга оширилаётган бир пайтда, У зотнинг сийратларини, суннатларини, гўзал шамоиллари ва юксак ахлоқларини қунт билан ўрганишимиз ва ёш авлодларга ўргатишимиз зиммамиздаги олий бурчимиздир. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати
. @diniysavollar

Савол йўллаш
📲 @SavollarMuslimUzBot

▫️ Каналга уланиш▫️
АЗОН ВА ИҚОМАТ ОРАСИДА МАЪЛУМ ВАҚТ ҚОЛДИРИШ КЕРАКМИ?
#азон

536-CАВОЛ: Азонни айтиб бўлгач, азон дуосини ўқиб, сўнг фарз намозлари олдидан айтиладиган иқоматни айтиб намозни (аср, шом, хуфтон намозларини) бошлайверсам бўладими? Ёки азон билан иқомат ўртасида нечадир дақиқа кутиладими? Агар кутилмаса гуноҳ ҳисобланадими?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Шом намозидан бошқа ҳар бир намозда азон ва иқомат ўртасида бир инсоннинг еб-ичиши ёки ҳожатга чиқиб, таҳорат олиб, икки ракаат намоз ўқишига етарли миқдорда вақт қолдириш мустаҳабдир. Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Билолга айтдилар:

واجعل بين أذانك وإقامتك قدر ما يفرغ الآكل من أكله، والشارب من شربه، والمعتصر إذا دخل لقضاء حاجته

яъни: "Азонинг билан иқоматинг ўртасида еб-ичувчи таом ва ичимлигидан, ҳожатга чиққан одам ҳожатидан фориғ бўладиган миқдорда вақт қолдир" (Имом Термизий ривояти).

Бунда жамоатга кўпроқ одам тўпланиши мақсад қилинган. Азондан кейин дарҳол такбир айтиш макруҳ эканига уламоларимиз иттифоқ қилишган. Ибн Баттол раҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Азон ва иқомат ўртасида кутиш лозим бўлган муддатнинг намоз вақти аниқ кириши ва намозхонларнинг (масжидга) йиғилишларига имкон яратишдан бошқа бирон аниқ миқдори йўқ".

Аммо уйда ёлғиз намоз ўқилганда азондан кейин иқомат айтиб намоз ўқиш мумкин. Чунки бу ҳолатда жамоат кутилмайди. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати
. @diniysavollar

Савол йўллаш
📲 @SavollarMuslimUzBot

▫️ Каналга уланиш▫️
#Ҳидоят_таваллуди

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар:
«Албатта, мен яхши хулқларни тамомига етказиш учун юборилдим».

📚Имом Аҳмад ривоят қилган.

🔗 Улашинг: @diniysavollar
#Ҳидоят_таваллуди

Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу айтадилар:
"Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидларидан кўра хушбўйроқ на бирор анбар, на бирор мушк ва на бирор нарса мутлақо ҳидламадим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан кўра майинроқ бирор нарса, на бирор ипак ва на бирор шойига ҳеч қачон қўлим тегмаган".

📚Имом Муслим ривоят қилган.

🔗 Улашинг: @diniysavollar
АЁЛ КИШИ КЎЗИГА СУРМА ҚЎЙИШИ ЖОИЗМИ?
#аёлларга_доир

537-CАВОЛ: Аёл киши кўзига сурма суртиши жоизми? Хусусан, кўчага чиқиш олдидан бўлсачи?

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Кўзга сурма қўйиш, парвариш қилиш аёлларга хос зийнатлардан биридир. Ҳадиси шарифларда ҳам сурма қўйишга чорловчи бир қанча кўрсатмалар бор. Аммо шуни унутмаслик керакки, ушбу ороланиш фақат эр, маҳрамлар ва аёллар давраси учун бўлиши лозим. Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Оқ либос кийинглар, чунки у энг яхши кийимдир. Маййитларингизни у билан кафанланглар. Албатта, сурмаларингизнинг энг яхшиси исмид бўлиб, у кўзни равшан қилади ва киприкни ўстиради», дедилар.

Сурманинг кўриниб туришини жоиз, деган уламолар унинг фитна қўзғовчи восита бўлмаслигини шарт қилишган. Агар бу нарсалар фитнага сабаб бўлса, шубҳасиз, уни кўрсатиш жоиз бўлмайди. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати
. @diniysavollar

Савол йўллаш
📲 @SavollarMuslimUzBot

▫️ Каналга уланиш▫️
ҚАБРИСТОН ЗИЁРАТИ ҚАЙСИ КУНЛАРДА АМАЛГА ОШИРИЛАДИ?
#қабрларни_зиёрат_қилиш

538-CАВОЛ: Баъзилар жума куни қабристонга бориш хайрли дейишади. Яна баъзилар эса қабристонга айнан жума куни бориб бўлмаслигини такидлашган. Умуман олганда қайси кунлар қабристонга бориш мумкин эмас?

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Шариатимизда қабрларни зиёрат қилишга тарғиб қилинган бўлиб, ундан қайтарилган вақт ёки кун йўқ. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида шундай деб марҳамат қилганлар:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي اللَّهُ عنهُ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : " زُورُوا الْقُبُورَ فَإِنَّهَا تُذَكِّرُكُمُ الْآخِرَةَ" (رواه الامام ابن ماجة)

яъни: “Қабрларни зиёрат қилинглар, чунки у охиратни эслатади” (Имом Ибн Можа ривояти).

Демак, динимизда қабрларни зиёрат қилишга тарғиб этилишидан кўзланган мақсад, дунёнинг ўткинчилиги, ўлим ва охиратнинг ҳақ эканлигини эслатиш, бир кун келиб зиёрат қилаётган киши ҳам шу манзилгоҳдан ўз жойини олиши ва қилмишларига яраша муносабат кўришини эслатишдир.

Шунингдек, ота-онаси ёки улардан бири вафот этган киши жума куни қабрларини зиёрат қилиши ҳам мустаҳаб амаллиги таъкидланган. Бунга қуйидаги ҳадис ҳам далолат қилади: Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки ҳар жума кунлари ота-онасининг ёки улардан бирининг қабрини зиёрат қилса, гуноҳлари кечирилади ҳамда “Ота-онасининг розилигини топган”, деб ёзиб қўйилади”, деганлар (Имом Табароний ривояти). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати
. @diniysavollar

Савол йўллаш
📲 @SavollarMuslimUzBot

▫️ Каналга уланиш▫️
"МУСУЛМОН БИЛАН КОФИРНИ АЖРАТИБ ТУРУВЧИ АМАЛ НАМОЗДИР" ҲАДИСИНИ ҚАНДАЙ ТУШУНАМИЗ?
#ҳадис_шарҳи

539-CАВОЛ: "Мусулмон билан кофирни ажратиб турувчи амал намоздир" ҳадисини ким ривоят қилган? Бу ҳадисни қандай тушуниш мумкин? Шу ҳадисни батафсил тушунтириб берсангиз.

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Сиз саволда зикр қилиб ўтган ҳадисни Имом Муслим ўзларининг саҳиҳларида ривоят қилганлар:

عن جابر قال: سمعت النبي صلى الله عليه وسلم يقول: إن بين الرجل وبين الشرك والكفر: تركَ الصلاة؛ رواه مسلم.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам "Албатта киши билан ширк ва куфр орасини намозни тарк қилиш ажратиб туради", деганларини эшитдим", деганлар.

Уламоларимиз мазкур ҳадиси шарифни шарҳлаб, айтадиларки, намозни тарк қилувчилар икки тоифа бўлади.
1. Намозни фарз эканини инкор қилиб тарк қилувчи.
2. Намозни фарз эканини инкор қилмайди, аммо бепарволик ва дангасалик қилиб намозни тарк қилувчи.

Биринчи тоифа кишилар иймонсиз экани борасида уламолар ихтилоф қилишмаган, бил иттифоқ бундай кишиларни диндан чиққан дейишган.

Иккинчи тоифа кишилар борасида жумҳур уламолар хусусан имом Абу Ҳанифа ва шогирдлари, имом Молик, Суфён Саври, Имом Музаний ва Куфалик уламолар бу тоифа кишилар кофир бўлмайди аммо гуноҳи кабира қилган бўлишади деганлар. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати
. @diniysavollar

Савол йўллаш
📲 @SavollarMuslimUzBot

▫️ Каналга уланиш▫️
ЮСУФ АЛАЙҲИСАЛОМ БОШҚА ПАЙҒАМБАРЛАРДАН ЕТМИШ ЙИЛ КЕЙИН ЖАННАТГА КИРАДИМИ?
#тарих

540-CАВОЛ: Мен бир жойда Юсуф алайҳисалом оталари Ёқуб алайҳисаломга хатолик билан одобсизлик қилганлари учун бошқа пайғамбарлардан 70 йил кейин жаннатга киришлари ҳақида ўқигандим. Шу маълумот тўғрими?

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Пайғамбарлар — инсониятнинг ичида танланган, Аллоҳ таолога энг суюкли бандалардир. Уларга берилган пайғамбарлик мартабаси ҳеч қачон қайтариб олинмайди. Улар катта-кичик гуноҳлардан, ҳар қандай одобсизлик ва ахлоқсизликлардан покдирлар. Пайғамбарликдан юқори даража бўлмайди. Ҳатто, Пайғамбарлар Фаришталарнинг улуғларидан ҳам мартабалари юксак бўладилар.

Шунча фазилатга эга бўлган пайғамбарлардан бири Юсуф алайҳиссаломнинг жаннатга киришларини етмиш йил кечикиши ҳақидаги гап Қуръони карим ва ҳадиси шарифларнинг мазмунига зиддир. Чунки Аллоҳ таоло Юсуф алайҳиссаломни улуғ пайғамбарлар қаторида мақтаб зикр қилган:

وَوَهَبْنَا لَهُ إِسْحَاقَ وَيَعْقُوبَ كُلًّا هَدَيْنَا وَنُوحًا هَدَيْنَا مِنْ قَبْلُ وَمِنْ ذُرِّيَّتِهِ دَاوُودَ وَسُلَيْمَانَ وَأَيُّوبَ وَيُوسُفَ وَمُوسَى وَهَارُونَ وَكَذَلِكَ نَجْزِي الْمُحْسِنِينَ

“Унга (Иброҳимга) Исҳоқ ва Яъқубни ато этдик. Ҳаммасини ҳидоятга йўлладик. Олдин Нуҳни ҳам ҳидоятга йўллаган эдик. Унинг зурриётидан Довуд, Сулаймон, Айюб, Юсуф, Мусо ва Ҳорунни (ҳам йўлладик). Чиройли иш қилувчиларни мана шундай тақдирлаймиз” (Анъом сураси 84-оят).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар:

"قِيلَ يَا رَسُولَ اللهِ مَنْ أَكْرَمُ النَّاسِ قَالَ‏:‏ أَتْقَاهُمْ فَقَالُوا‏:‏ لَيْسَ عَنْ هذَا نَسْأَلُكَ قَالَ‏:‏ فَيُوسُفُ نَبِيُّ اللهِ ابْنُ نَبِيِّ اللهِ ابْنِ نَبِيِّ اللهِ ابْنِ خَلِيلِ اللهِ" (أخرجه البخاري).

“Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан энг ҳурматли киши ҳақида сўралди. У Зот: “Аллоҳдан энг кўп қўрқадигани”, дедилар. Одамлар: “Биз бу ҳақида сўрамаган эдик”, дейишганида: “Энг ҳурматли киши – Аллоҳнинг пайғамбари Юсуфдир. У – пайғамбарнинг ўғли, пайғамбарнинг набираси, пайғамбарнинг Холилуллоҳ (Иброҳим алайҳиссалом)нинг эварасидир”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти).

Яъни, Юсуф алайҳиссаломнинг оталари, боболари ва боболарининг отаси ва ўзлари пайғамбар бўлган. Бундай силсила ҳар кимда ҳам бўлмайди. Бу Аллоҳ таолонинг фазлидир.

Хулоса шуки, сизнинг Юсуф алайҳиссалом ҳақларида ўқиган маълумотингиз асоссиздир. Юсуф алайҳиссалом оталари Яъқуб алайҳиссаломнинг энг одобли ва ахлоқли фарзандлари бўлганлар. Сизга тавсиямиз шуки, динимизни ишончли манбалардан ўрганишга ҳаракат қилинг. Имкон қадар ўқиётган китобингизнинг муаллифи ким экани, тақдим этаётган маълумотлари ишончлилиги қай даражада эканини илмли кишилардан сўраб-суриштиринг. Ишончли, илм-маърифати билан танилган, омонатли устозларнинг китобларини ўқинг. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати
. @diniysavollar

Савол йўллаш
📲 @SavollarMuslimUzBot

▫️ Каналга уланиш▫️
#Ҳидоят_таваллуди

"Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ансорлар*ни зиёрат қилар, уларнинг болаларига салом бериб, уларнинг бошларини силар ҳамда уларнинг ҳаққига дуо қилар эдилар".

📚Имом Насоий ривоят қилган.

* Ансорлар — Мадинаи Мунавваралик саҳобалар.

🔗 Улашинг: @diniysavollar
ЭРИМДАН ЭНАГА ТАЛАБ ҚИЛИШГА ҲАҚЛИМАНМИ?
#оила #эр_хотин_муносабатлари

541-CАВОЛ: Мен динимиз тарихи билан танишганимда ҳатто пайғамбаримизни ҳам энага тарбиялаганини ўқиб билдим. Эримнинг молиявий жиҳатдан имконияти етишини ҳисобга олиб, мен ҳам эримдан фарзандимга энага ёнлашни талаб қилсам бўладими? Эрим унга бундай талаб қўйишга шаръан ҳаққим йўқлигини таъкидлаяпти. Бу борада менинг шаръий ҳуқуқим қандай?

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Эр бой бўлса, яъни закот берадиган даражадаги маблағга эга киши бўлса, аёл эридан хизматкор талаб қилишга ҳаққи бор. Лекин Имом Абу Лайс Самарқандий “Ан-Навозил” номли китобда: “Аёл ўз вазифаларини бажаришга қодир бўлса, эри ундан ўз хизматларини бажаришни талаб қилади”, деганлар. Яъни, унга хизматкор олиб берилмайди.

Демак, бу масалада кўпроқ яшаб турган жойингизнинг урфига қаралади. Гарчи ҳаққингиз бўлсада, хизматкор талаб қилишингиз ортидан оилада тушунмовчилик, совуқчилик ва энг ёмони оиланинг бузилиши келиб чиқадиган бўлса, бу ҳақдан кечган афзал бўлади. Чунки оиланинг бузилиши эвазига эришилган ҳақнинг фойдасидан кўра зарари кўпроқдир. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати
. @diniysavollar

Савол йўллаш
📲 @SavollarMuslimUzBot

▫️ Каналга уланиш▫️
"КЎЗИ" БОР ОДАМ БИРОВГА ЗАРАРИ ЕТМАСЛИГИ УЧУН НИМА ҚИЛИШИ КЕРАК?
#кўз_тегиши

542-CАВОЛ: Кўзи бор одам бировга зарари тегмаслиги учун нима қилиши керак?

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Кўз тегиши воқеликда бор нарса экани кўплаб ҳадиси шарифларда айтиб ўтилган. Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кўз тегишидан Аллоҳ паноҳ беришини сўранглар, чунки кўз тегиши – ҳақдир”, деганлар (Имом Ибн Можа ривояти).

Ибн Аббос разияллоҳу анҳу айтадилар: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Кўз – ҳақдир. Агар тақдирни бирор нарса ўзгартира олганида, кўз ўзгартира оларди” (Имом Муслим ривояти).

Киши бирор неъматни кўрганида унга кўзи тегиб, зарар етиб қолмаслиги учун кўрган неъмат ҳаққига дуо қилиб қўйиши керак. Шунда ўзига тегишли бўлган ёки бирор биродарига тегишли бўлган нарсага зиёни тегиб қолмайди. Бу ҳақда Набий алайҳиссалом шундай деганлар:

"إذا رأى أحدكم من نفسه أو ماله أو من أخيه ما يعجبه فليدع له بالبركة فٍان العين حق" (رواه الامام الحاكم)

Яъни: “Сизлардан бирингиз ўзида ёки молида ёки биродарида кўзни қувонтирадиган нарсани кўрса, унга барака сўраб дуо қилсин. Чунки кўз тегиши – ҳақдир” (Имом Ҳоким ривояти).

Демак, "Кўзи" бор одам, бирор кўзни қувонтирадиган нарсага кўзи тушса, "Барокаллоҳу фийҳ", яъни: "Аллоҳ унга барака берсин", деса, кўз тегмайди.

Баъзи уламолар киши бирор неъматга қараганда кўзи тегмаслигини хоҳласа “Маша Аллоҳу ла қуввата илла биллааҳ”ни айтиши кераклигини ҳам тавсия қилишган. Бунга Қуръони каримда зикр қилинган боғбоннинг ўз боғидан ғурурланиб, Аллоҳ таолони унутиб қўйгани ҳақидаги қиссада, солиҳ кишининг насиҳати далолат қилади:

وَلَوْلَا إِذْ دَخَلْتَ جَنَّتَكَ قُلْتَ مَا شَاءَ اللَّهُ لَا قُوَّةَ إِلَّا بِاللَّهِ

“Сен боғингга кирганингда: «Аллоҳ хоҳлаган нарсагина (бўлур), бор куч-қувват ёлғиз Аллоҳ биландир», деганингда эди!...” (Каҳф сураси, 39-оят).

Шундан келиб чиқиб, ҳар ким ўзида, оиласида ёки бошқа бировда қандайдир неъматни, хурсандчиликни, кўзни қувонтирадиган ҳолатни гувоҳи бўлса, дарров Аллоҳни эслаб, "Барокаллоҳу фийҳ" яъни: "Аллоҳ унга барака берсин" деса ёхуд “Маша Аллоҳу ла қуввата илла биллааҳ” деса, ҳам суннатда тавсия қилинган яхши бир амални бажарган бўлиб, ажр олади, ҳам бировга зиёни етиб қолишидан сақланган бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати
. @diniysavollar

Савол йўллаш
📲 @SavollarMuslimUzBot

▫️ Каналга уланиш▫️
"ИС ЧИҚАРИШ" ДИНИМИЗДА ЖОИЗМИ?
#қисқа_савол_жавоблар

CАВОЛ: Марҳумларга атаб пайшанба куни "ис чиқариш" яъни ҳолватар, қатлама тайёрлаш, қизларнинг бахти очилиши учун чоршанба кунлари турли таомларни қўшниларга тарқатиш динимизда жоизми?

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Динимизда айнан чоршанба куни ис чиқариш ҳақида кўрсатмалар йўқ. Бу ишларни, динда шундай буюрилган, қилмаса бўлмайди, деган эътиқодга бориб қолинса, бидъатга айланади ва жоиз бўлмайди. Балки бу каби ишларни турли ирим сиримлар, ботил эътиқодларга боғламай, одамларга эҳсон қилиш, кўпчиликни дуосини олиш мақсадида хоҳлаган кунларида қилиш мумкин. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати.

🔗 Улашинг: @diniysavollar
ЛУҚМАМ ЭНДИ ҲАРОММИ?
#ҳалол_ҳаром

543-CАВОЛ: Бир вақтлар Россия ўрмонларида ишлаганимда чўчқа гўштини ейишга мажбур бўлганман. Билиб туриб еганим учун ҳалигача кўнглим ғаш бўлаверади, лекин бошқа иложим йўқ эди. Совуқда касалланмаслик, бошқа гўшт бўлмагани туфайли йиғлаб еганман. Аммо онам мени “луқмангга ҳаром аралашган, чўчқа гўштини еганинг сабаб аҳли оилангни қизғанмайдиган инсонга аниқ айланиб қолгансан” дея қийнайверади. Шу гап ўринлими?

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ўтган ишга тавба тазарру қилиб, истиғфор айтинг. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган: «Сизларга ўлимтик, қон ва чўчқа гўшти ҳаром қилинди» (Моида сураси, 3-оят).

Энди бундай ҳаром таомларни ҳеч ҳам еманг. Иложи борича ишга жойлашишдан аввал шарт шароитларни ўрганинг, Аллоҳ таолодан ёрдам сўраб, ҳамма ишда ҳалоллик ва покликни қаттиқ қасд қилинг. Ана ўшанда ниятингизга яраша ҳалоллик ва покликка эришасиз, иншааллоҳ. Чин тавба қилган киши гуноҳи йўқ киши кабидир. Бир икки марта билиб билмай ҳаром таом еган киши бир умр оиласини қизғанмай қолади, аниқ даюс бўлади, деган гап йўқ. Инсон тавба қилиб ўзини ўнгласа, ҳамма нарса изига тушади.

Ҳайвоншунос олимлар чўчқанинг энг ифлос ҳайвонлардан бири экани, у ҳашаротлар, тезаклар ҳатто ўз нажосатини ҳам ейишини, уни ўта озода жойда ва энг яхши емлар билан боқилса ҳам, ўзининг ифлос табиатидан воз кечмаслигини таъкидлайдилар. Шариат ва тиббиёт нуқтаи назаридан озиқ турлари ва ҳайвонларга кўп аралашиб юриш, инсоннинг табиати ва ахлоқига таъсир қилиши маълумдир. Бу ҳақда Абу Саид разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг: "Кибр ва фахрланиш от ва туя боққанларда, хотиржамлик эса қўй боққанларда мавжуддир" деб айтган ҳадисларини ривоят қилган (Имом Аҳмад ривояти).

Ибн Халдун раҳимаҳуллоҳ: "Саҳройилар туя гўштини егач қўполликни, туркийлар отнинг гўштини егач довюракликни, фаранглар эса чўчқа гўштини еб даюсликни касб этдилар" – деганлар. Ҳозирда ҳам доимий тўнғиз гўштини ейдиган кишиларда, онангиз айтганларидек, ҳамиятсизлик пайдо бўлиши ҳақида илмий тажрибалар мавжуд. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати
. @diniysavollar

Савол йўллаш
📲 @SavollarMuslimUzBot

▫️ Каналга уланиш▫️
РУҚИЯ ҚИЛДИРИШ НИМА ДЕГАНИ?
#қисқа_савол_жавоблар

CАВОЛ: Кимгадир кўз тегса ёки ҳадеганда касалланаверса ўша инсонга “руқия қилдириб юбор” дейишади. Руқия қилдириш нима дегани?

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Руқя – Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифдаги дуоларни ўқиб ўзига ёки ўзгага дам солишдир. Масалан, “Фотиҳа”, “Оятал курсий”, Бақара сурасининг охирги икки ояти, “Ихлос”, “Фалақ” ва “Нас” сураларини ўқиб, ўзига дам солишдир. Руқя таъсирли бўлиши учун доимо таҳоратли юриш, фарз ибодатларни вақтида бажариш, кўп қироат ва зикру тасбеҳда бўлиш тавсия этилади. Тушунарсиз тилда ўқилган тушунарсиз дуолар ва беморга қон суртиш, чироқ ёқиш ва бошқа шу каби ишлар шариатимизда ман қилинган. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати.

🔗 Улашинг: @diniysavollar
АЖРАЛИШИМИЗ УЧУН “ТАЛОҚ” ДЕЙИШИМ ШАРТМИ?
#талоқ

544-CАВОЛ: Аёлим билан яшамаётганимизга тўрт йил бўлди. Ўртамиздаги муносабатлар буткул ўлган, қайта тикланмайди. Лекин мен унга “уч талоқсан” лафзини айтмаганман. Сабаби бу сўзни айтиб аршни ларзага келтиришни истамайман. Шу ишим тўғрими? “Талоқ” сўзини айтмасам ҳам мен у аёл билан бутунлай ажралган ҳисобланавераманми?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Бу ишингиз нотўғри, чунки ўрталарингдаги никоҳ риштаси талоқ ёки талоқ маъносидаги сўзни айтмасангиз узилмайди. Натижада аёл киши бошқага турмушга чиқа олмайди, яъни бошқа билан никоҳлансада никоҳи боғланмайди. Боғланмаган никоҳ билан яшайверса, бу зино ҳукмида бўлади, Аллоҳ сақласин. Бу гуноҳга сиз ҳам шерик бўласиз. Бундай аёллар масъулиятсиз эрлари сабабли на эрли, на эрсиз бўлиб, сарсон саргардон бўлади.
Талоқ айтса, Арш ларзага келади, деган гапга келсак, бу гап ноҳақ қилинган талоқларга тегишли. Ҳамма чоралар кўрилгандан кейин ҳам бирга яшашни иложи бўлмагандан кейин талоқ ҳам бир чора бўлади. Ундай пайтда айтилган талоққа Арш ларзага келади, дейилмайди. Зеро, тарих китобларини ўқиб кўрилса, маълум бўладики, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам турли сабаблар билан иккита хотинларини талоқ қилганлар. У Зот алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг динидан қилча ҳам четга чиқмаганлар. Демак, чорасиз қолганда талоқ бериш жоиз (ҳалол) бўлгани учун талоқ қилганлар. Бу иш мутлақ ҳаром бўлганида бу ишни қилмасдилар. Саҳобалар ичида ҳам бундай ишлар бўлиб турган. Масалан, Зайд ибн Ҳориса разияллоҳу анҳунинг Зайнаб бинти Жаҳш разияллоҳу анҳони талоқ қилишлари Аҳзоб сурасининг 37-оятида зикр қилинган. Қуръони каримни ўқинг, бир қанча ўринларда “Агар аёлларингизни талоқ қилсангиз...”, деган жумлалар бор. Агар ҳар айтилган талоқда Арш ларзага келганда бу оятлар келмаган бўларди, балки умуман талоқ қилмасликка буюрилган бўларди.
Баъзилар эса хотинидан бутунлай ажралмоқчи бўлган киши “уч талоқ” қилиши керак экан деган мутлақо нотўғри фикрда юрадилар. Аслида ажрашмоқчи бўлган киши хотинига: “Сени бир талоқ қилдим” ёки талоқ қилиш ниятида “Сени қўйдим” ёки “Жавобингни бердим”, дейиши ҳам кифоя. Бирданига “уч талоқ” айтиш гуноҳ ҳисобланади. Чунки бундай қилиш бир томондан Аллоҳ таоло бандага берган учта имкониятни бирданига йўқ қилиш бўлса, бошқа томондан қайта ярашиш имконини ҳам йўққа чиқаради. Бу ҳақда қуйидаги ҳадис ривоят қилинган: “Маҳмуд ибн Лабийд разияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга бир киши ўз хотинини жамлаб уч талоқ қўйгани хабар қилинди. Шунда У Зот ғазабланиб ўринларидан турдилар-да: “Мен ичингизда туриб, Аллоҳнинг китобини ўйин қилинадими?!” – дедилар. Ҳаттоки бир одам ўрнидан туриб: “Эй Расулуллоҳ! Уни қатл қилайми?” – деб юборди” (Имом Насаий ривояти).
Аллоҳ таоло оила масалаларида аксар ўринларда эркакларга хитоб қилган. Бу – оилада эркакнинг масъуллигига ишора! Бу раҳбарлик вазифасини суиистеъмол қилиб, уни ожизаларга зулм қилишга восита қилиб олмаслик керак. Биз ҳам мўмин-мусулмон ака-укаларимизни динимизнинг оила мавзусидаги буйруқларига амал қилиш, олийжаноблик ва мардлик билан иш тутишга чақирамиз. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати
. @diniysavollar

Савол йўллаш
📲 @SavollarMuslimUzBot

▫️ Каналга уланиш▫️
Forwarded from Muslim.uz
#ОНЛАЙН ДИНИЙ САВОЛ-ЖАВОБ ЛОЙИҲАСИ БОШЛАНДИ

🔸Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг шогирди, Тошкент ислом институти катта устози МУҲАММАД АЙЮБХОН ДОМЛА ҲОМИДОВнинг онлайн диний савол-жавоб дастури бўлиб ўтмоқда.

Саволларингизни @DiniySavolJavobBot телеграм боти ёки жонли эфир вақтида 97-900-92-94 телефон рақамига қўнғироқ қилиш орқали йўлланг!

Қуйидаги ижтимоий тармоқларимиз орқали савол-жавоб дастурини тўғридан-тўғри кузатинг ва бевосита иштирокчисига айланинг!

Youtube: MuslimTV https://youtu.be/PRxGy2aBz1Q

Facebook: MuslimUz https://www.facebook.com/muslimuzportal

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar
ҲАЙДОВЧИ ҚЎШИМЧА ҲАҚ ОЛСА БЎЛАДИМИ?
#қисқа_савол_жавоблар

CАВОЛ: Ҳозирги кунда такси хизмати анча кўпайган. Одамлар телефон орқали таксига буюртма беришади ва бунда такси хизмат ҳақи таксометр орқали ўлчанади. Масалан: таксометр 8400 сўм кўрсатса, такси ҳайдовчиси хизмат ҳақини 9000 сўм деб олса, бўладими?

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Хизмат ҳақи таксометрда ўлчанган масофага кўра келишилганда, такси ҳайдовчиси таксометрда кўрсатилган масофадан ортиқ пул олиши мумкин эмас. Чунки хизмат ҳақи аниқ бўлиб турибди. Аммо мижоз ўзи рози бўлиб кўрсатилгандан ортиқ пул берса, ҳайдовчи уни олиши мумкин. Аммо қўшимча пул сўрашга ҳаққи йўқ. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати.

🔗 Улашинг: @diniysavollar
ЭРНИНГ РОЗИЛИГИ МАҲР ЎРНИГА ЎТАДИМИ?
#никоҳ #маҳр

545-CАВОЛ: Аёл киши турмушга чиқаётганида бўлажак эрига: “Мендан рози бўлишингизни ўзи менга маҳр учун етарли, бошқа маҳр керакмас” деса, кейин эр ўзининг розилигини маҳр сифатида берса, шу шариатимизда жоиз бўладими?

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. «Маҳр» никоҳ ақди тузилганидан кейин эрнинг зиммасига вожиб бўладиган нарсанинг номидир. Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида қуйидагича марҳамат қилади:

وَآتُواْ النَّسَاء صَدُقَاتِهِنَّ نِحْلَة

"Аёлларга маҳрларини кўнгилдан чиқариб беринг" (4-оят).

Никоҳ ақди амалга ошиши билан маҳр бериш эрга вожиб бўлади. Берилганда ҳам, куёв томонидан чин қалбдан чиқариб берилиши талаб этилади ва маҳр келиннинг шахсий мулки бўлади.

Маҳр бериш фарз амал ҳисобланади. Ҳатто шундайки, келин-куёв ўзаро келишиб, иккимиз ҳам розимиз, бу ҳукмга амал қилмай қўяверамиз, дейишга ҳам имконлари йўқ. Агар билимсизлик оқибатида ёки бошқа сабабларга кўра маҳр белгиланмай, никоҳланиб кетган бўлсалар ҳам, кейин барибир маҳр берилиши керак. Ҳаттоки, эр маҳрни беришдан олдин вафот этиб қолса ҳам, меросхўрлари маҳрни адо этишлари лозим бўлади.

Маҳрнинг ози ўн дирҳамдир. Бу – нисобга етган молнинг йигирмадан бири деганидир. Ушбу маълумотга суяниб, ҳар бир даврдаги маҳрнинг энг оз миқдорини белгилаш осон бўлади. Бунинг учун ўша даврнинг закот нисоби, мазкур миқдорнинг йигирмадан бири аниқланса, энг оз маҳр миқдори чиқади.

عَنْ جَابِرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَا مَهْرَ أَقَلَّ مِنْ عَشْرَةِ دَرَاهِمَ. رَوَاهُ الدَّارَقُطْنِيُّ وَالْبَيْهَقِيُّ

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ўн дирҳамдан оз маҳр йўқ", – дедилар" (Имом Дорақутний ва Имом Байҳақий ривоят қилганлар).

Бевосита саволга келсак, маҳр моддий қийматга эга бўлган нарсани бериш билан амалга ошади. “Эрнинг розилиги”, “Қуръони карим таълим бериш”, “Ҳажга олиб бориш” каби маънавий нарсалар маҳр бўлмайди. Маҳр – кийим, тақинчоқ ёки шунга ўхшаш мулк бўладиган ва ҳалол нарса бўлса жоиз. Куёв тараф ўн дирҳам ёки унинг қийматидан оз миқдордаги нарсани маҳр деб айтган бўлса, барибир ўн дирҳам ёки унинг қийматидаги нарсани бериши лозим бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати
. @diniysavollar

Савол йўллаш
📲 @SavollarMuslimUzBot

▫️ Каналга уланиш▫️
СУВ БИЛАН ЮВГАННИ ЎЗИ КИФОЯ ҚИЛАДИМИ?
#қисқа_савол_жавоблар

CАВОЛ: Сув билан ювганни ўзи кифоя қиладими ёки тупроқ, қум ва шунга ўхшаш нарса билан ювиш керакми?

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Бизни мазҳабимизга кўра тупроқ билан сув аралаштириб ювиш йўқ. Фақат сувни ўзи билан ювиш ҳам кифоя. Нажосатларни поклаш учун сиқиш мумкин бўлган нарсаларни уч марта ювиб уч марта сиқилади. Сиқиш мумкин бўлмаган нарсаларни уч марта ювиб, ҳар сафар сув томмай қолгунча қолдирилади. Пичоқ каби тиғли ялтироқ нарсаларни ювиш ҳам мумкин, тупроққа тиқиб олиб поклаш мумкин. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати.

🔗 Улашинг: @diniysavollar