FATVO.UZ | Расмий канал
138K subscribers
1.06K photos
2.03K videos
4.37K links
Ўзбекистон мусулмонлари идораси қошидаги Фатво марказининг расмий телеграм канали

©Каналдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.

Колл марказ рақами: 781503344

Lotincha 👉 @fatvouzlotin

https://taplink.cc/diniysavollar
Download Telegram
ҲИЖРАТ ҚИЛИШ ФАРЗМИ?
#раддия

272-CАВОЛ: Айримлар: “Ҳижрат ҳозир ҳам фарз", "Кимки ҳижрат қилмаса, қаттиқ гуноҳкор бўлади", ҳатто "Ҳижрат қилмаганлар кофирдир”, деган даъволар билан чиқишмоқда. Улар бу билан ўзларининг ёнларига чақирмоқдалар. Бунга шаръий жиҳатдан қандай жавоб берилади?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Ҳозирги кунда юртимиздан “ҳижрат” қилиш фарз ҳам эмас, вожиб ҳам эмас. Шунингдек, “ҳижрат” қилмаган киши гуноҳкор ёки кофир ҳам бўлмайди. Чунки, юртимизда дин аҳкомлари ва шиорларини адо қилиб турилибди. Шу сабабли юртимиз Ислом диёри саналади ва Макка фатҳидан кейин Ислом диёрларидан ҳижрат қилиш йўқ. Нафақат бизнинг юртимиз, ғайридин юртларида ҳам мусулмонлар ибодатларини адо этишларига имкон бўлса, ундай юртлардан ҳам ҳижрат қилиш вожиб бўлмайди. Аслида ҳижрат киши ўз дини ва жонини сақлаш учун кўчишдир. Юртимиз каби Ислом диёрларини ташлаб, фитна ўчоқларига бориш динини ҳам, жонини ҳам хавфга қўйишдир ва бу ҳижратнинг моҳиятига мутлақо зиддир.

Тарихдан маълумки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам барча саҳобалари билан бирга Макка шаҳридан кўчиб кетишлари, яъни ҳижрат қилишлари фарз қилинган эди. Шундан сўнг қарийб саккиз йил давомида мусулмонлар Мадинада яшадилар ва ниҳоят она юртлари Макка шаҳрини фатҳ қилдилар. Макка фатҳ қилингандан сўнг ҳижрат ҳукми бекор қилинди. Чунки, Маккада дин арконларига амал қилиш учун ҳамма имкониятлар пайдо бўлган, у Ислом диёрига айланган эди. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:

لا هجرة بعد الفتح

яъни: “Макка фатҳидан кейин ҳижрат йўқ!”, деганлар.

Ҳозирда ҳижрат фарз, деб жар солаётганлар “Саҳиҳи Бухорий”нинг ўндан ортиқ жойида келтирилган: لا هجرة بعد الفتح – “Макка фатҳидан кейин ҳижрат йўқ!”, деган мазмундаги ҳадис ҳақида лом-мим демайдилар. Ҳолбуки, бу ҳадис мансух бўлмаган, ҳукми бекор қилинмаган, балки унинг ўзи ҳижрат ҳукмини бекор қилувчидир. Унинг иборалари ва мазмуни жуда аниқ ва саҳиҳ ҳадисдир!

Тобеъинлардан бири Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ таниқли саҳоба Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳуга: “Мен Шомга ҳижрат қилмоқчиман!”, деганлар. Ибн Умар разияллоҳу анҳу унга: Бугун ҳижрат йўқ! Ортингга қайт!”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Ҳазрати Али разияллоҳу анҳу халифалиги даврида залолатга кетган тоифалардан бири - хаворижлар фирқаси пайдо бўлди ва Басрадан чиқиб кетиб, ўзларига алоҳида жой қилиб, ўша ерга ўрнашди. Одамларни “Ҳижрат фарз. Биз билан ҳижрат қилинглар!”, деб ҳижратга даъват қила бошлади. Одамлар буюк саҳоба Анас ибн Молик разияллоҳу анҳунинг олдига келиб, улар ўзларини муҳожирлар дейишаётганини айтишган. Шунда, Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу: “Улар шайтонга ҳижрат қилганлар. Ахир, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Макка фатҳидан кейин ҳижрат йўқ!”, деганлар-ку!”, деганлар (Имом Абдурраззоқ ривоятлари).

Энг қизиғи юртимизни ташлаб ҳижрат қилиб борадиган жойлари қаер экан!? Бир гуруҳ боғий (давлат раҳбарига қарши чиққан)лар ўрнашиб олган жойми? У ерни шариат тилида “Боғийлар диёри” дейилади. Қайтанга фитнадан қочиш маъносида у жойлардан бошқа юртларга ҳижрат қилиш керак бўладику!?

Гоҳида ўша фитна ўчоқларига кетиш учун ота-онани алдаш мумкин деган ботил “фатво”ларни эълон қилмоқдалар. Динимизда эса, ота-онани розилиги ва уларни хурсанд қилиш “ҳижрат” қилишдан устун туради. Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай келган:

عن عبد الله بن عمرو رضي الله تعالى عنه قال: أنَّ رجلًا أتى النبيَّ صلَّى اللهُ عليهِ وسلَّمَ، فقال: إني جئتُ أبايعك على الهجرةِ، ولقد تركت أبويَّ يبكيانِ! قال: "ارجعْ إليهما فأضحكْهما كما أبكيتَهما" (رواه الإمام النسائي)

яъни: “Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий саллаллоҳу алаҳи васалламнинг ҳузурларига бир киши келиб: “(Ё Расулуллоҳ) Мен ота-онамни йиғлаган ҳолида ташлаб, ҳижрат қилиш учун Сизнинг ҳузурингизга келдим”, деганда, У Зот : “Ота-онангнинг олдига қайтиб, уларни қандай йиғлатган бўлсанг, шундай кулдиргин”, деб жавоб берганлар (Имом Насоий ривоятлари).
ТАСБЕҲ ИШЛАТИШ БИДЪАТМИ?
#раддия

511-CАВОЛ: Бир танишим айтадиган зикрларингни тасбеҳда эмас, бармоқларинг билан санашинг керак, деди. Зикрларни айтишда тасбеҳ ишлатишим гуноҳми?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Қадим-қадимлардан бери юртимизда ҳеч ихтилофсиз ишлатиб келинган тасбеҳ яқин-яқиндан бидъат, ҳаром дейдиганлар чиқа бошлади. Динда бир амални бидъат ёки ҳаром дейиш учун кучли далиллар керак бўлади. Тасбеҳ ишлатишдан ман қиладиган бундай далиллар эса мавжуд эмас. Тасбеҳ ишлатиш жоиз эканига келган далиллар инкор этиб бўлмас даражада қувватли ва кўпдир. София бинти Ҳуяй онамиз разияллоҳу анҳодан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда шундай дейилади:

دخل علي رسول الله صلي الله عليه وسلم وبين يدي أربعة آلاف نواة أسبح بها قال لقد سبحت بهذه ألا أعلمك بأكثر مما سبحت فقلت بلي علمني فقال قولي سبحان الله عدد خلقه (رواه الإمام الترمذي)

яъни: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам мени олдимга кирдилар, олдимда тўрт минг дона данак бор бўлиб, улар билан тасбеҳ айтар эдим. Шунда У Зот: “Сенга сен айтаётган тасбеҳдан кўра кўпроғини ўргатайми?” – дедилар. Мен: “Ўргатинг” – дедим. У Зот “Субҳаналлоҳи адада холқиҳи” – деб айт, дедилар” (Имом Термизий ривоятлари).

Мазкур ҳадис тасбеҳ ишлатишни жоизлигига далилдир. Зеро, бунда Набий саллаллоҳу алайҳи васалламнинг тақрирлари (жоиз ишни ўз ўрнида қолдиришлари) бор. Агар тасбеҳ ишлатиш мумкин бўлмаганида Расул алайҳиссалом онамизни дарҳол бу ишдан қайтарган бўлар эдилар. Онамизни олдидаги данакни кўриб индамаганлари бу ишни жоизлигига далил бўлади. (“Мирқотул мафотиҳ” ва “Туҳфатул аҳвазий” китоблари).

Машҳур саҳоба Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳунинг халтачада тош ёки данаклари бўлиб, улар билан “Субҳаналлоҳ, субҳаналлоҳ” деб тасбеҳ айтар эдилар. Тошлар тугагач чўриларига берар, чўри уларни тўплаб халтачага солиб, яна у кишига қайтариб берар эди (Имом Ибн Аби Шайба ривоятлари).

Бадрда қатнашган саҳобалардан қирқтаси билан учрашиб, ҳадис эшитган тобеин Қосим ибн Абдурраҳмондан ривоят қилинади: Абу Дардо разияллоҳу анҳунинг бир халтачада ўнта атрофида ҳисобланган ажва хурмосининг данаклари бўлиб, бомдод намозини ўқигач, халтачадан данакларни бирма-бир олиб тасбеҳ айтар, данаклар тугагач, бирма-бир яна халтачага қайтариб солар эди. Доим шу ҳолатда тасбеҳ айтар эдилар (Имом Аҳмад ривоятлари).

Юнус ибн Убайд онасидан ривоят қилади: Унинг онаси “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бўлган Абу София деган киши бизнинг қўшнимиз эди. У кишининг тасбеҳ айтиш учун тошчалари бор эди”, деган (Имом Аҳмад ривоятлари).

Аллома Абдулҳай Лакнавий ўзларининг “Зийнатул фикр фи субҳатиз зикр” номли асарларида тобеинларнинг улуғларидан бўлган Ҳасанул Басрий раҳматуллоҳи алайҳдан нақл қилиб айтадилар: “Ҳасан Басрийдан қўлларида ҳамиша тасбеҳ бўлишининг сабаби ҳақида сўралганида “Биз авваллари (саҳобалар даврида) буни ишлатар эдик, келажакда ҳам буни тарк қилмаймиз. Мен қалбим, тилим ва қўлим билан зикр қилишни яхши кўраман” деганлар”.

Мазкур далиллардан маълум бўладики, тасбеҳ ишлатиш асло бидъат эмас, балки жоиз, ҳатто мустаҳаб бўлган ишдир. Чунки буни ман қиладиган бирорта далил йўқдир. Балки саҳобалардан келган хабарлар туфайли бу ишни қилиш марғуб амалдир. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати
. @diniysavollar

Савол йўллаш
📲 @SavollarMuslimUzBot

▫️ Каналга уланиш▫️
МАВЛИД ҚИЛИШ БИДЪАТМИ?
#раддия

535-CАВОЛ: Баъзилар мавлид қилиш бидъат, дейишмоқда. Бу ҳақда Ислом уламолари нима дейишган?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Мавлид ойи Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳаётларини, муборак сийратлари ва суннати санийяларини янада чуқурроқ ўрганиш ойидир. Бу ойда ҳам, бундан кейин ҳам биз, мўмин-мусулмонлар, ҳар бир ишда, ҳар бир амалда У зотнинг суннатларига мувофиқ йўлда юришимиз, У зотга эргашишимиз зарур.

Аслида Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг мавлидларини биринчи бўлиб нишонлаган зот – Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг Ўзларидир. Имом Муслим Абу Қатода разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда айтадилар: “Набий алайҳиссаломдан душанба куни рўза тутиш ҳақида сўрашди. Шунда У Зот: “Ўша кунда мен туғилганман ва шу кунда менга (ваҳий, пайғамбарлик) нозил бўлган”, – дедилар. Ушбу ҳадиси шариф Пайғамбаримиз алайҳиссалом душанба куни туғилганликлари ва шу кунда пайғамбарлик ато қилингани муносабати билан рўза тутганликларига далолат қилади.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудларини нишонлаш ва бунда хурсандчилик қилишни ўзига яраша шаръий далиллари, асослари ҳамда манфаатлари бор. Мусулмон уммати тақрибан минг йилдан буён уни нишонлаб келмоқда. Ислом умматининг таянчи бўлган бир қатор уламолар уни яхши амал санашган.

Уламоларимиз: “Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳунинг “Мусулмонлар яхши санаган нарса Аллоҳ наздида ҳам яхшидир”,– деган сўзлари айнан мавлидга мос тушади”, – дейдилар. Биз кўпчилик уламоларнинг, шу жумладан, юртимиз уламоларининг фикрларини ушлашимиз ва ихтилофга ўрин бермаслигимиз лозим бўлади. Зеро, мавлиддан кўзланган мақсадларга эришишга мусулмонлар бугун ҳар доимгидан кўра кўпроқ муҳтождирлар.

Ал-Ҳофиз Абдурраҳим ал-Ироқий айтадилар: “Зиёфат ташкил этиш ва муҳтожларга таом улашиш ҳар вақтда ҳам яхши саналган амаллардандир. Айниқса, бу муборак ойда унга Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг нурлари зоҳир бўлганлиги туфайли шоду ҳуррамлик улашилса қандай ҳам яхшидир. Унинг бидъат эканлиги макруҳ бўлишига сабаб бўлолмайди. Зеро, қанчадан қанча яхши бидъатлар борки, уларга амал қилиш вожиб даражасига чиққандир” (Манба: “Шарҳу мавоҳибул-ладунийя” китоби).

Ҳофиз Суютий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Менинг наздимда аслида мавлид амалида одамларнинг тўпланиши, Қуръони каримдан қироат қилиш, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг таваллуд топганларида рўй берган мўжизалар ҳақида ворид бўлган хабарларни ривоят қилиш, кейин дастурхон ёзилиб, таомлардан тановул қилингач тарқалиб кетиш, буларнинг ҳаммаси бидъат ҳасана ишлардан саналиб, уни ташкил этганларга савоб бор. Чунки, бунда Пайғамбаримиз алайҳиссаломни улуғлаш, таваллуд топганлари учун хурсандчилик ва шодликни изҳор этиш бор” (Манба: “Ҳуснул мақсид фи амалил мавлид” китоби).

Асрининг Ҳофизи бўлмиш Шайхул Ислом Абул Фазл Аҳмад ибн Ҳажар Асқалонийдан мавлид ҳақида сўралганда қуйидаги жавобни берганлар: “Мавлиднинг асли бидъат бўлиб, у ҳақида аввалги уч асрдаги салафи солиҳлардан ҳеч нарса нақл қилинмаган. Лекин, шу билан бирга бу иш яхшиликларни ва унга зид бўлган нарсаларни ўз ичига олгандир. Бас, ким яхшиликларини олиб, ёмонликларидан четда бўлса, бидъати ҳасана бўлади. Ким ёмонликларидан четланмаса, яхши бўлмайди” (Манба: “Ҳуснул мақсид фи амалил мавлид” китоби).

Ибн Обидин айтадилар: “Билингки, Набий алайҳиссалом таваллуд топган ойда мавлиди шариф ўтказиш яхши бидъатлардандир” (Манба: “Шарҳу ибн Обидийн ала мавлиди ибн Ҳажар” китоби).

Хулоса қилиб айтганда, Набий алайҳиссаломнинг таваллудларини нишонлашнинг жоиз эканига Ислом олами забардаст уламоларининг кўплаб ижобий фикрларини келтириш мумкин. Айниқса, дунёнинг баъзи жойларида Ҳабибимиз алайҳиссаломнинг муборак шаъниларига нисбатан қасддан одобсизликлар амалга оширилаётган бир пайтда, У зотнинг сийратларини, суннатларини, гўзал шамоиллари ва юксак ахлоқларини қунт билан ўрганишимиз ва ёш авлодларга ўргатишимиз зиммамиздаги олий бурчимиздир. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати
. @diniysavollar

Савол йўллаш
📲 @SavollarMuslimUzBot

▫️ Каналга уланиш▫️
Please open Telegram to view this post
VIEW IN TELEGRAM