YURISTKADR
55.7K subscribers
3.2K photos
707 videos
740 files
2.68K links
Саволларингизга амалиётчи юрист Саидали Мухторалиев жавоб беради.

Савол юбориш 👉 @yuristkadrbot

Юридик хизмат ва тижорий ҳамкорлик:
👉 @e_yurist01
Download Telegram
Мактабларнинг кадрлар хизмати соҳасидаги асосий муаммолар.

Халқ таълими тизимидаги умумтаълим муассасаларида иш юритувчи-котиб (котиба) лавозимлари ўрнида кадрлар бўйича алоҳида лавозимлар очилганига ҳам мана бир ярим йил бўлибди.

Лекин, бу тизим нима учун у қадар ишлаб кетмаяпти?

Бунинг сабабларини камида қуйидаги тўртта ҳолатларда кўряпман:

биринчидан, мактаблардаги кадрлар бўйча менежер (инспектор)лар ҳалигача директорга чой дамлаб “котибалик” қилиб юрибди;

иккинчидан, уларнинг зиммасида кадрлар хизматига оид вазифалар етарлича бўлсада, аксинча, улардан кадрлар хизмати ишларини бажаришга имкон бермайдиган бошқа ишлар, масалан иш юритиш, ижро интизомига доир вазифалар талаб килинмокда;

учинчидан, уларнинг иш ҳақи. Улар қўлига оладиган иш ҳақи тўловлари 750-800.000 сўм атрофида, яъни мактабдаги энг кам иш ҳақи оладиган ходимлардан бири улар;

тўртинчидан, мактаблардаги кадрлар хизмати таркиби шакллантириб, лавозимлар бутлаб қўйилди. Лекин уларни бу ишга тайёрлаш, ўқитиш ва малака ошириш ишлари ҳали бошланмади.

👉@yuristkadr
Вазирликлар (давлат қўмиталари ва идоралар)да ходимни иш берувчи ташаббуси билан ишдан бўшатишда ғалати бир амалиёт бор.

Қаранг, вазирликдан вазир ёки у ишонган бирор-бир вакил қуйи тизим раҳбарига “зудлик билан фалончини ишдан бўшатиб, бугун кечгача буйруғини ташлаб беринглар” деган талаб қўяди.

Билсангиз, ҳамма ноқонуний бўшатишлар мана шунақа мантиқсиз ва асоссиз топшириқлардан бошланади.

Иш берувчини ташаббуси билан ходимни ҳар қанақасига ҳам бир кунда бўшатишнинг имкони йўқ.

Камчиликларини топиб ходимни бўйнига қўйиш, далолатномалар ва тушунтириш хатларини олиш, касаба уюшмаси розилиги ва огоҳлантириш каби буйруққача бўлган чоралар бир кунда бўладиган иш эмас.

Лекин, қуйи тизим раҳбари ҳам юқоридан “газ”ни олгач, ўзидаги кадрлар хизмати ходимига “нима бўлсаям, тез приказини қибер, 1 соат вақт, ўзим жавоб бераман” деб туриб олади. Кадр ишига масъул ходим ҳам нотўғрилигини билсада, ўша ноқонуний буйруқни чиқариб беришга мажбур бўлади.

Кейин нима бўлади? Ходим судга бериб жуда осонлик билан ишга тикланади ва ана шунда иш берувчи ғирт шармандани уяси бўлади. У ёқда эса, вазир ёки уни топшириқ берган шошқалоқ одамлари “қарамабсиларда, буйруқни қонуний чирмабсиларда-а, биз ноқонуний қилинг деганмидик” деб минғирлаб қўяди. Ўртада эса калтак буйруқни тайёрлаган кадровик ва уни чиқарган иш берувчини бошида синади.

👉@yuristkadr
#suddagiishlar

Пленум қарорини ҳам қўшиб ёқвориш керак.

Олий суд Пленумининг 2020 йил 28 апрелдаги “Судлар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида коронавирус инфекцияси (COVID-19) тарқалишининг олдини олишга қаратилган чоралар жорий этилиши муносабати билан қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида” 08-сонли Қарори эсингиздами?

Даъво муддатига доир масалалар бор.

Шу Қарорнинг 3-бандига асосан, “карантин амал қилиши даврида даъво муддати Фуқаролик кодекси 156-моддаси биринчи қисмининг 1 ва 2-бандларига асосан тўхтатилиши белгиланган. Бунда агар карантин даъво муддатининг охирги 6 ойида жорий этилган ёки амал қилиши давом этиб турган бўлса, даъво муддатининг ўтиши тўхтатилиши” назарда тутилган.

Яъни, ўтган 2020 йилнинг март ойидан карантин жорий этилдими, тамом, карантин чоралари амал қилиш даврида, даъво муддатининг ўтиши тўхтаб туриши керак. Пленум қарорида айнан шу мазмун кўзда тутилган. Аслида, хатто ҳозиргача ҳам карантин бекор қилинмаган, унинг юмшатилганлиги, карантин чораларини бекор қилинганлигини англатмайди.

Бугун Олий суд кассация инстанциясида коллеж тизимидан “коллеж тугатилди” деб ноқонуний бўшатилган фуқаро Абубакир Холбоевнинг Олий ва ўрта-махсус таълими вазирлигига қарши суд ишида кузатувчи сифатида қатнашдим.

Иш судьялар Наврўз Раҳмонов (маърузачи), Бобур Исломов ва Бахром Тажабоевлар томонидан кўрилди. Тўғриси, анчадан бери бунақанги қўпол хатоликлар билан ўтган суд жараёнини кўрмаган эдим. Йўл қўйилган битта, энг асосий хатолик ҳақида айтиб бераман.

Қаранг, Абубакир коллеж директорлигидан 2020 йил июль ойида бўшатилган ва ноябрь ойига келиб даъво аризаси киритган. Яъни, ўртада буйруқ олингандан кейин 1 ойлик муддат ўтиб кетган. Олий суд судьялари ана шу вазиятда даъво муддати ўтган деб ҳисоблади ва Абубакирни шикоят талабларини рад қилди.

Охирида судьялар тушунтиряптики, “июлда буйруқни олган бўлсангиз, бир ой ичида даъво киритишингиз керак эди, бошқа томондан ўртада карантин юмшатилганку, шунинг учун даъво муддатингиз ўтиб кетган”.

Қаранг, Олий суд Пленумининг 08-сонли қарори 3-бандида карантин амал қилиш даврида даъво муддати ўтмай туради деяпти, аниқ шунақа деяпти, Олий суд судьялари эса, йўқ, карантин чоралари амалда бўлса ҳам, агар юмшатилса даъво муддати ўтаверади деяпти.

Яъни, қўполроқ ва деҳқончасига айтганда, Олий суд Пленуми қарорида “мана бу нарсани ранги оқ”, дейилса, бугунги кассация суди (бўлибам Олий суд судьялари), “йўқ, бекор гап, бу оқ эмас, қора” деяпти.

Хуллас, бизнинг бу суд тизимимизда икки хил стандарт бўйича ишлайдиган судьялар роса жонга тегди, ўзиям. Бугун Олий суд Пленуми қарорини принтерда печать қиламанда, ёқиб юбораман.

👉@yuristkadr
Forwarded from Human.uz | Rasmiy kanal
Шоу-балет кўрган Сирдарё ҳокимлиги масъуллари ишдан бўшатилади

БАТАФСИЛ: https://human.uz/8/48/766

Каналга уланинг:👉 @humanuzofficial
Сирдарёлик давлат хизматчилари қандай қоидаларни буздики, уларни бўшатиб юборишди?

Сирдарёлик амалдорларимизнинг ҳалигидай кийимдаги раққосалар даврасидаги тасодифий иштироки уларнинг ишдан бўшатилиши билан тугабди. Мана шу ишдан бўшатишга сабаб бўлган ҳаракатларнинг даражаси билан, яъни бу ҳаракатлар қоидабузарликми, ёки йўқми, шу масалага бироз қизиқдим.

Бу вазиятда, ўша даврада юрган мансабдорларга нисбатан таъсир чорасини қўллаш, ҳусусан уларни ишдан бўшатиш учун улар меҳнат вазифаларини бузган бўлиши керак деган тасаввур бўлади кўпчиликда, тўғрими? Фикрим шуки, улар “статья” билан бўшатилмаганлиги аниқ, аризасини олиб бўшатворишгани ҳақиқатга яқинроқ.

Биласизми, шу вақтда ҳаёлимга келган норматив-ҳуқуқий ҳужжат Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 мартдаги 62-сон қарори билан тасдиқланган “Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидалари” бўлди.

Айтганимиздек, кўпчилик одамлар давлат хизматчиларининг ишдан ва хизматдан ташқаридаги ножўя ҳаракатларини корхонага, корхонадаги тартиб-қоидаларига алоқаси йўқ деб ўйлайди.

Келинг, юқоридаги одоб-аҳлоқ қоидаларига бир назар ташлаб кўрамиз.

Намунавий қоидаларда сирдарёлик давлат ходимлари тушиб қолган вазиятга яқинроқ бўлган талаблар мавжуд, дастлаб қоидаларнинг 12-бандига қарайлик:

Давлат хизматчилари хушмуомала, илтифотли, одобли, эътиборли, фуқаролар ва ҳамкасблари билан муносабатда сабр-тоқатли бўлиши, уларни ҳурмат қилиши шарт.

Хизмат вазифаларини бажариш чоғида иш шароитлари ва хизмат тадбирларининг шаклига боғлиқ ҳолда давлат хизматчиларининг ташқи кўриниши фуқароларнинг давлат органига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлишига ёрдам бериши, умумий қабул қилинган иш услубига мувофиқ бўлиши, улар расмийлилиги, вазминлиги ва тартиблилиги билан бошқалардан ажралиб туриши керак.

12-банддаги бу қоидалар давлат хизматчиларининг асосан иш ва хизмат вақтидаги ҳаракатлари ва ўзларини тутишларига оид талаблар ҳисобланади. “Ана, давлат хизматчилари фақат иш вақтидаги ҳаракат учун жавоб бериши керак эканку”, дейишиз мумкин.

Лекин, Намунавий қоидаларнинг 13-бандида бироз бошқачароқ бўлган мана бундай нормалар ҳам бор:

Давлат хизматчилари хизматдан ташқари вақтда умумий қабул қилинган одоб-ахлоқ нормаларига риоя этишлари, ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга йўл қўймаслиги керак.

Кўряпсизми, мана шундай қоидалар давлат хизматчиларининг нафақат иш вақтида, балки иш ва хизматдан ташқари вақтда ҳам жамоатчилик ва омманинг ичига кирганида, у ёқ, бу ёғига сал бўлса ҳам қараб юриши кераклигини талаб қилади. Бўлмасам, одоб-аҳлоқ қоидаларини бузган шахс сифатида уларга ҳам таъсир чоралари қўлланилиши мумкин.

Шунга ўхшаб, баъзи идораларда ходимларнинг хизматдан ташқарида ҳам ташкилот обрўсига путур етказувчи ҳар хил ҳаракатлар қилиши интизом бузилиши деб баҳоланиши мумкин. Масалан, кўпчилигимиз билганимиз, суд каби тизимларда, тўғрими?

Так что, давлат ишида ишлаш осон эмас ҳозир.

👉@yuristkadr
“Юрист ва кадр” лойиҳасида навбатдаги тингловчиларимиз ўқишни бошлади.

Ҳозир мана бу ерда биз Меҳнат кодексининг 9-моддасига мувофиқ меҳнатга оид ҳужжатларни ва кадрлар хизмати фаолиятини қайси органлар текшириши мумкин, қайси органлар текшириши мумкин эмас, шу ҳақида гаплашяпмиз.

Кадровиклар МК 9-моддасини ва унинг мазмун-моҳиятини тўлиқ билишлари керак, ҳеч бўлмаса ўзлари учун.

☎️ 97-731-40-30, 90-934-86-19, 90-175-76-79 (👉@yuristkadrgabot)
👆👆

“Юрист ва кадр” лойиҳаси доирасида сайёр курсларимиз бошланди.

Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани халқ таълими бўлими раҳбарияти тумандаги умумтаълим муассасалари кадрлар бўйича менежерларини ўқитиш, уларнинг малакасини ошириш тадбирларини ташкиллаштирди.

Кечадан ушбу мактабларнинг кадрлар хизмати ходимларини (20 нафар тингловчиларни) 3 кунлик ўқув дастури асосида ўқитишни бошладик.

Жума куни ушбу тингловчиларимизга сертификатлар берамиз. Кўз тегмасин, тингловчиларимизда қизиқиш жуда яхши.

Шундай қилиб, Бўстонлиқ тумани нафақат табиати билан, балки кадрлар хизмати соҳасидаги фаоллиги билан ҳам ажралиб тураркан.

👉@yuristkadr
Қайси буйруқлар бўйича ходимлардан тилхат олиш керак?

Шундай савол келяпти. Иш берувчи томонидан буйруқ чиқарилганда, қайси ҳолатларда ходимдан тилхат олинади, қайси ҳолатларда эса олиниши шарт эмас?

Гоҳида меҳнат соҳасини текширувчилар “нега ходим бўйича чиқарилган буйруқларни олган ходимлардан буйруқ билан танишганлик ва нусхасини олинганлиги тўғрисида тилхат олинмаган”, деб эътироз билдириб қолади.

Хўш, нима деб ўйлайсиз, Меҳнат кодексида қайси турдаги буйруқлар чиқарилганида, ходимлардан тилҳат олиниши кераклиги кўзда тутилган?

Агар ушбу Меҳнат кодексимизга яхшилаб разм солиб қарасак, Кодексда қуйидаги буйруқлар чиқарилганида, ходимлардан тилхат олиниши назарда тутилган:

1. Меҳнат кодекси 82-моддаси. Ишга қабул қилишни расмийлаштириш тартиби.

Буйруқ ходимга маълум қилиниб, тилхат олинади.

2. Меҳнат кодекси 96-моддаси. Меҳнат шартномасини ўзгартиришни расмийлаштириш.

Доимий бошқа ишга ўтказиш ҳақидаги буйруқ меҳнат шартномасига киритилган ўзгаришларнинг мазмунига тўла мувофиқ ҳолда чиқарилади ва ходимга маълум қилиниб, тилхат олинади.

3. Меҳнат кодекси 182-моддаси. Интизомий жазоларни қўлланиш тартиби.

Интизомий жазо берилгани тўғрисидаги буйруқ (фармойиш) ёки қарор ходимга маълум қилиниб, тилхат олинади.

Бўлди. Кодексда бошқа турдаги буйруқларга нисбатан тилхат олиш талаби қўйилмаган.

Шундай бўлсада, ана шу ишга қабул қилиш, доимий бошқа ишга ўтказиш ва интизомий жазо қўллаш тўғрисидаги буйруқлардан ташқари, бошқа буйруқлар чиқарилса, уларни ҳам ходимга таништириб, буйруқнинг асл нусхасига танишганлиги ҳақида имзо қўйдириб қўйиш керак.

👉@yuristkadr
Кадрлар хизмати ва раҳбарият ўртасидаги муносабатлар: икки хил стандарт

Одатда, кўплаб корхоналарда корхона раҳбарлари кадрлар хизматига ўзига яқинроқ ва маслакдош бўлган, аниқроқ қилиб айтганда ўзига яқин бўлган шахсларни тайинлашни истайдилар.

Чунки, корхонада ходимларга оид масалаларни ҳал этар экан, раҳбар масаланинг нозик жиҳатлари (масалан, ходимларни раҳбарлик лавозимларига қўйиш, ходимларни алмаштириш ва ишдан бўшатиш, кимгадир мукофот бериш яна кимнидир жазолаш кабилар)ни олдиндан режалаштиради.

Бу борада корхонада турли норозиликлар авж олмаслиги учун шунингдек, зимдан маслаҳатлашиш ва фикрлаш, режани пухта тузиш учун раҳбарга кадрлар хизматида ишончли ҳамкор керак бўлади.

Биласизми, ҳусусий мулкчилик негизида фаолият юритаётган корхоналарда бундай амалиётни тўғри тушунишимиз керак, чунки хусусий ташкилотларда корхона бошқарувини одатда, мулкдорнинг ўзи амалга оширади, бевосита ўзи бажармаган тақдирда ҳам кунлик назорат бўлади унда, нега деганда асосий мақсад корхона фаолиятини ривожлантириш орқали даромад олишга қаратилганда, тўғри эмасми?

Лекин давлат ташкилотларида, хусусан давлат бошқаруви органларида бундай амалиётни, яни ортиқча “таниш-билишчилик”ни ҳеч қачон ёқламамайман.

Оғир бўлса ҳам айтиб ўтишимиз жоиз, бугунги кунда давлат ташкилотларида раҳбарлар томонидан кадрлар хизмати борасида икки хил ёндошув мавжуд:

биринчиси ва фикримча кўп тарқалгани – бу кадрлар хизмати раҳбари лавозимига биринчи раҳбарга яқин бўлган ва унинг измидан четга чиқа олмайдиган, қўполроқ қилиб айтганда, раҳбар нима (нотўғри ва ноқонуний бўлса ҳам)деса, уни сўзсиз бажарадиган шахсларни тайинланишидир. Бундай ёндошувга сабаб бўлган омилларга тўхталадиган бўлсак, раҳбарнинг коррупцияга ва таъмагирлик ҳолатларга мойиллиги, ўзбилармонлиги ва ташкилот ривожидан кўра ўзининг манфаатларини кўпроқ ўйлаши ҳамда мансабпарастлик каби иллатлар кабиларни айтишга мажбурмиз.

иккинчиси, бу холислик ва шаффофликни илгари сурадиган ҳамда ташкилот кадрлари хизматига ҳақиқатдан ҳам шу соҳада билим ва малакага эга бўлган, виждонли ва диёнатли, шу билан бирга таъмагирлик ҳамда турли ғалис ниятлардан ҳоли бўлган шахсларни тайинлашдир. Бундай ҳолатда ташкилот раҳбари ўз манфаатидан ташкилот, бутун бир меҳнат жамоаси, алал-оқибат бутун бир ҳалқнинг манфаатини устун қўйиш каби хислатларга эга эканлиги билан эътиборга моликдир.

Кадрлар хизматининг раҳбарият билан ўзаро муносабатлари ана шу икки хил ёндошув асосида давом этади, ҳақиқатдан айтиб ўтишимиз керак, бу муносабатлардаги ҳар бир ҳаракат корхона фаолиятида тезда кўзга ташланади, жамоавий муҳитга ўта сезиларли таъсир ўтказади.

Афсуски, биринчи ҳолат кўп ташкилотларда ҳали ҳам учраб турибди.

👉@yuristkadr
Иш берувчининг ходимга смс, ёки телеграм орқали берган топшириқлари ҳақида.

Иш берувчининг топшириқ ва кўрсатмалари ходимларнинг телефон рақамларига ёки телеграм манзилларига смс ёки бошқача электрон ҳабарлар шаклида юборилганда, ушбу ҳаракатларни қонуний деб топиш учун корхонанинг ички меҳнат тартиби қоидаларида бу акс этиши керак.

Кўроқ, шу вариант маъқул деб ўйлайман.

Чунки, Меҳнат кодексининг 174-моддасида бу борада:

“Корхонада меҳнат тартиби иш берувчи касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб тасдиқлайдиган ички меҳнат тартиби қоидалари билан белгиланади” дейилган.

Агар ички меҳнат тартибди қоидаларида белгиланмаган бўлсачи?

Унда, ўша ички меҳнат тартиди қоидаларига бу ҳақида алоҳида қўшимча киритиш орқали муаммони ҳал қилиш мумкин.

Масалан, манави иловадаги намунадагидек.👇

👉@yuristkadr
"Қўяверинг, адолат Олий судда тикланади барибир..."

Қуйи суд тизимларида, туман, шаҳар ва вилоят судларида адолатсиз қарорлар чиққанидан кейин процессда қатнашган юристлар ва адвокатлар кўпинча мижозларига шундай дейди:

Қўяверинг, булар ўзи шунақа. Барибир масала, Олий судда ҳал бўлади, бошқа иложи йўқ. Унгача шу туман ва вилоятлардан ўтмасак бўлмайди-да. Сабр қилинг”.

Ҳақиқатдан ҳам, ўртада анча югур-югурлардан сўнг, бечора фуқаронинг муаммоси Олий судда ҳал бўлади, лекин унгача унинг қанчалик қийналгани, қанчалик сарсон бўлгани унинг ўзигагина тўлиқ аён, шундай эмасми?

Энг ёмони адолат тикланганидан сўнг, пастдаги “адолатхўр қозилар” фуқаро кўрган зарарнинг бадалини тўламайди. Ҳеч нарса бўлмагандек, ҳеч нарса кўрмагандек юраверади.

Баъзида, суд марказдан қанча узоқда жойлашган бўлса, адолатдан ҳам шунча узоқдадек туюлади.

Гарчи, Марказнинг ўзида ҳам ҳалигача айрим “адолатхўр” судьялар бўлсада, уларнинг сони жуда-жуда кам ва яқин вақтлар ичида умуман қолмайди деб ўйлаймиз.

Бундайларга қарши курашда Марказнинг ўзи ташаббускор бўлишига ишонамиз.

👉@yuristkadr
ХОДИМ РАҲБАРГА ТУПУРИБ ЧИҚИБ КЕТДИ, УНИ БЎШАТИБ ЮБОРИШ МУМКИНМИ?

САВОЛ.
Ассалому алайкум! Ака бир саволим бор эди, жавоби учун олдиндан рахмат. Бир ташкилотда ишлаймиз, бошқа бир ходим ишга кеч келиб, иш вақти тугашидан вақтлироқ кетиб қолган эди, буни бошлиқ билиб қолиб мухокама қилиш учун мажлис қилди, хамма ишчилар мажлисга жалб қилинди, лекин мухокама қилинаётган ходим асабийлашиб бошлиқни хақорат қилиб, бошлиқни олдига бориб устидан тупуриб йигилишдан чиқиб кетди, шу холатда бошлиқ уни ишдан бўшатвора оладими?

ЖАВОБ.

Ҳа, бўшатиши мумкин.

Қаранг, ходим ўз меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузадиган бўлса, у билан тузилган меҳнат шартномаси иш берувчи ташаббуси билан, интизомий жазо тариқасида (МК 183-модда 3-банди) Меҳнат кодексининг 100-моддаси иккинчи қисми 4-бандига асосан бекор қилиниши мумкин.

Мана шу 4-бандда айтиляптики, ходимни ушбу асос билан ишдан бўшатиш учун у содир этган ножўя ҳаракат – у ишлайдиган корхонанинг ички меҳнат тартиби қоидаларига меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузишлар рўйхатига киритилган бўлиши керак.

Бўлмаса, ходимни МК 100-модда иккинчи қисм 4-банд билан бўшатиб бўлмайди.

Масалан, “ходим томонидан ўз ҳамкасбларига ёки раҳбариятга қўпол ва ҳақоратомуз муносабатда бўлиши, ёки одоб-аҳлоқ қоидаларини бузиши” деб номланган ҳаракат учун ишдан бўшатиш чорасини ўз-ўзидан кўриб бўлмайди.

Бунинг учун бу ҳаракат юқорида айтганимдек, ички меҳнат тартиби қоидаларида “меҳнат вазифаларини ёки меҳнат мажбуриятларини бир марта қўпол равишда бузилиши” деб эътироф этилиши лозим.

Ана шунда, сиз айтган вазиятда ҳам ходим йиғилишда ўзини қўпол тутиб, раҳбариятга қилган ҳурматсизлиги учун уни интизомий жазо сифатида (МК 100-модда иккинчи қисм 4-банди билан) ишдан бўшатиш мумкин бўлади.

Қуйида ана шундай ички меҳнат тартиби қоидалари қисмидан тегишли намуна ва “меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузилишлар” рўйҳати (ва ундаги ходимнинг ҳурматсизлиги билан боғлиқ ножўя ҳаракат) тасаввур ҳосил қилишингиз учун тақдим этилмоқда.👇

👉@yuristkadr