Subhuz расмий, диний- маърифий канал
586 subscribers
5.99K photos
3.76K videos
8 files
10.6K links
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Андижон вилоят вакиллиги

Андижон шаҳар "Имоми Аъзам" жоме масжиди имом хатиби Исомиддин домла Шамсиддиновнинг расмий, диний, маърифий канали.

YOUTUBE каналимиз 🎥 https://www.youtube.com/channel/UCSSXB_sxNVfEQv7tlh-JTgg
Download Telegram
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
#Рамазон2023
#Жаноза #Ғусл

Жаноза чиққан уйдагилар ювиниши мумкин эмасми?

Отабек домла Мамадиев

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази мутахассиси

🌐https://t.iss.one/subh_uz
СУЯККА ЖАНОЗА ЎҚИЛАДИМИ?
#намоз
#жаноза

1140-CАВОЛ: Қишлоғимизда бир йигит бир йил олдин сувга оқиб кетган эди. Одамлар қидириб тополмаганлар. Роппа роса бир йилдан кейин унинг суяклари топилди. Бўйнидаги занжири (сепочкаси)дан ўша бола эканлиги аниқланди. Саволимиз шуки унга шу (қуруқ суяк, склет) ҳолида жаноза ўқиладими?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Йўқ, фақат суяги топилган бўлса, унга жаноза ўқилмайди. Чунки жаноза бутун жасадга ёки жасаднинг аксарига шунингдек, камида бош билан бирга жасаднинг ярми бўлса, ўқилади. Жасад деб эт ва суяк бирикмасига айтилади. Суякнинг ўзига жасад дейилмайди. Демак, бу ҳолатда суяклар бирор матога ўралиб дафн қилинади жаноза ўқилмайди. “Бадоеъус саное” китобида қуйидагича келтирилган:

أن العظام لا يصلى عليها بالإجماع.

“Уламолар ижмосига кўра суякларга жаноза ўқилмайди”. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

▶️https://t.iss.one/subh_uz
МАСЖИДДА ЖАНОЗА ЭЪЛОН ҚИЛИШ
#жаноза

1252-CАВОЛ: Масжидда жанозани эълон қилиш мумкинми?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Масжидда жаноза ёки бирор мўмин инсоннинг вафот этганини эълон қилишнинг зарари йўқ. Бу шаръан жоиз амал ҳисобланади. Айрим нарсаларни масжидда эълон қилишдан қайтарилган, масалан йўқолган нарсани эълон қилиш мумкин эмас. Аммо жаноза ва ўлимга оид ҳолатларни эълон қилиш мумкин. Чунки бу орқали масжиддаги мўминлар вафот этган мўмин биродари олдидаги бурчини бажариш имкони бўлади. Жаноза ўқувчилар, марҳумга дуо қилувчилар сони кўпаяди. Бу албатта, вафот этган банда учун фойда бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда Нажошийнинг, Муъта жангида Жаъфар ибн Абу Толиб каби бир неча қўмондон саҳобаларнинг вафот этганини ёнларидаги саҳобийларга хабар қилганлар.
   Бу ҳақда фиқҳий манбаларимизда ҳам айтилган. Жумладан, “Мароқил фалоҳ шарҳи нурил изоҳ” китобида бундай дейилган:
"ولا بأس بإعلام الناس بموته" بل يستحب لتكثير المصلين عليه لما روى الشيخان أن صلى الله عليه وسلم نعى لأصحابه النجاشي في اليوم الذي مات فيه وأنه نعى جعفر بن أبي طالب وزيد بن حارثة وعبد الله بن رواحة. وقال في النهاية إن كان عالما أو زاهدا أو ممن يتبرك به فقد استحسن بعض المتأخرين النداء في الأسواق لجنازته وهو الأصح اهـ. وكثير من المشايخ لم يرو بأسا بأن يؤذن بالجنازة ليؤدي أقاربه وأصدقاؤه حقه لكن لا على جهة التفخيم والإفراط في المدح "
   “Одамларга бир кишининг вафот этгани ҳақида эълон қилиш жоиз, балки бу туфайли жаноза ўқувчилар кўпайгани учун мустаҳаб ҳам саналади. Қолавераса, Имом Бухорий ва Имом Муслимлар ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Нажожий вафот этганда саҳобаи киромларига унинг вафоти ҳақида хабар берганлар. Шунингдек Жаъфар ибн Абу Толиб, Зайд ибн Ҳориса ва Абдуллоҳ ибн Равоҳанинг вафотини ҳам хабарини берганлар. “Ниҳоя”да шундай дейилган: “Агар вафот этган киши олим, зоҳид ёки табаррук инсон бўлса, айрим мутааххир уламолар бозорларда унинг жанозасини эълон қилишни яхши амал деб айтишган ва уламолар бу гапни энг тўғри гап деб айтганлар. Кўп машойихлар жанозага чақиришни жоиз дейишган. Чунки бу орқали яқинлари ва дўстлари маййитнинг ҳақини адо этишади. Лекин мақтовда ҳаддан ошириб юборилмайди”. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

▶️https://t.iss.one/subh_uz
​​МАЙЙИТНИ ТЕСКАРИ ДАФН ЭТИЛГАН БЎЛСА НИМА ҚИЛИНАДИ?
#жаноза

1284-CАВОЛ: Яқинда биз томонда шундай ҳодиса бўлди, бир жанозадан кейин маййитни бошини оёқ томонга қилиб дафн қилингани эртасига маълум бўлган. Шу ҳолатда нима қилишимиз керак?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Бундай ҳолатларда қабр очилмайди. Чунки бу маййитга ҳурматсизлик ва озор бериш ҳисобланади.  Бу борада “Фатово Оламгирийя” китобида шундай ёзилган:
وَلَوْ وُضِعَ الْمَيِّتُ لِغَيْرِ الْقِبْلَةِ أَوْ عَلَى شِقِّهِ الْأَيْسَرِ أَوْ جُعِلَ رَأْسُهُ مَوْضِعَ رِجْلَيْهِ وَأُهِيلَ عَلَيْهِ التُّرَابُ لَمْ يُنْبَشْ وَلَوْ سُوِّيَ عَلَيْهِ اللَّبِنُ وَلَمْ يُهَلْ عَلَيْهِ التُّرَابُ نُزِعَ اللَّبِنُ وَرُوعِيَ السُّنَّةُ ، كَذَا فِي التَّبْيِينِ
   “Агар маййитни қиблага тескари ҳолда ёки бошини оёғи томонга қилиб кўмилган бўлса ва устига тупроқ тортилган бўлса, қабрни қайтадан очилмайди. Аммо лаҳад оғзини ғишт билан тўсилган бўлсаю, ҳали тупроқ тортилмаган бўлса, лаҳадни очиб, маййитни суннатга мувофиқ дафн қилинади (“Табйин”)”.
Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

▶️https://t.iss.one/subh_uz
​​ИМОМ ЖАНОЗАДА БЕШТА ТАКБИР АЙТСА
#жаноза #намоз

1310-CАВОЛ: Жаноза ўқиганимизда имом беш марта такбир айтиб қўйди, намоз бузилмайдими?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Уламолар бу ҳолатда намоз бузилмаслигини айтганлар. Бундан ташқари имом бешинчи такбирни ҳам айтса, муқтадийлар қандай йўл тутади деган саволга ҳам жавоб бериб, имом бешинчи такбирни айтиб қўйса, муқтадий имомга эргашиб бу такбирни айтмайди, балки салом бергунича сукут қилиб туради. Салом берганда бирга қўшилиб салом беради, дейишган.
   “Ҳидоя” китобининг шарҳларидан бири “Баноя”да бундай дейилган:
في الذخيرة لو زاد الإمام خامسة صحت صلاته
   ““Захира” да шундай келган: “Агар имом бешинчи такбирни зиёда қилиб қўйса, намози дуруст бўлган ҳисобланади”.
   Имом бешинчи такбирни айтиб қўйганда муқтадий нима қилади деган саволга “Раддул муҳтор” китобида қуйидаги жавоб берилган:
ولو كبر إمامه خمسًا لم يتبع؛ لأنه منسوخ فيمكث المؤتم حتى يسلًم معه إذا سلًم ، به يفتى
   “Агар имом бешинчи такбирни айтса, муқтадий унга эргашмайди (яъни бешинчи такбирни айтмайди). Чунки беш марта такбир айтиш ҳукми мансух бўлиб, амалдан қолган. Шу сабабли иқтидо қилувчи имом салом берганда бирга салом бериш учун кутиб туради. Фатво шу гапга берилган”. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

▶️https://t.iss.one/subh_uz
ЖАНОЗАДАН КЕЙИН МАЙЙИТНИНГ ЯҚИНЛАРИ ТОБУТНИНГ ОРҚАСИДАН ЧИҚИШИ КЕРАКМИ?
#жаноза

1356-CАВОЛ: Жаноза тугагандан кейин маййит олиб кетилади. Шунда унга яқин аёллар тобутнинг орқасидан югуриб, хайрлашиб олиши керакми?

💬ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Динимизда бундай буйруқ йўқ. Ундан ташқари, саволда айтилганидек тобут ортидан югуриш айниқса, аёллар учун жуда хунук манзара ҳисобланади. Жаноза ва ундан кейинги ишларда асли йўқ, гуноҳ бўлган ишлардан тийилиш, унинг ўрнига маййитга манфаат берадиган дуо ва зикрлар билан машғул бўлиш лозим. Уламолар мусибат вақтида сабр қилиш ўрнига дод солиш, юзни тирнаш, ёқани йиртиш каби ишлар ҳаром экани таъкидлашган. “Мавсуъатул фиқҳия ал-Кувайтия” китобида бундай дейилган:
اتَّفَقَ الْفُقَهَاءُ عَلَى أَنَّهُ يَحْرُمُ لَطْمُ الْخُدُودِ وَخَمْشُهَا وَشَقُّ الْجُيُوبِ وَنَحْوُ ذَلِكَ مِنَ الأْفْعَال عِنْدَ الْمُصِيبَةِ ، لِمَا فِي الصَّحِيحِ : لَيْسَ مِنَّا مَنْ ضَرَبَ الْخُدُودَ أَوْ شَقَّ الْجُيُوبَ أَوْ دَعَا بِدَعْوَى الْجَاهِلِيَّةِ
   “Фуқаҳолар инсоннинг мусибат етган вақтда юзини тирнаши, уриши ва ёқасини йиртиши каби ишлар ҳаром эканига иттифоқ қилишган. Бунга: “Юзига урган ёки ёқасини йиртган ё жоҳилият даъвосини қилган биздан эмас”, деган саҳиҳ ҳадис далил  бўлади (Имом Муслим ривояти)”. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

▶️https://t.iss.one/subh_uz
​​ТАЪЗИЯ БЎЛГАН ХОНАДОНДА ТУХУМ ЕЙИЛМАЙДИМИ
#жаноза

1394-CАВОЛ: Баъзи жойларда таъзия бўлган хонадон аҳли йили ўтгунча товуқ гўшти ва тухум истеъмол қилишмайди. Шу тўғрими?

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Динимизда бундай кўрсатма йўқ. Бу айрим одамлар ўйлаб топган хурофот амалдир. Ҳалол маҳсулотларни инсон истаган вақтда ейиши мумкин:
﴿ قُلْ مَنْ حَرَّمَ زِينَةَ اللَّهِ الَّتِي أَخْرَجَ لِعِبَادِهِ وَالطَّيِّبَاتِ مِنَ الرِّزْقِ  قُلْ هِيَ لِلَّذِينَ آمَنُوا فِي الْحَيَاةِ الدُّنْيَا خَالِصَةً يَوْمَ الْقِيَامَةِ  كَذَٰلِكَ نُفَصِّلُ الْآيَاتِ لِقَوْمٍ يَعْلَمُونَ﴾
   “Сен: “Аллоҳ Ўз бандаларига чиқарган зийнатларни ва покиза ризқларни ким ҳаром қилди?!” деб айт. “Улар ҳаёти дунёда иймон келтирганларга, қиёмат кунида эса фақат ўзларига хосдир”, деб айт. Биладиган қавмлар учун оятларни мана шундай муфассал баён қиламиз” (Аъроф сураси, 32-оят).
   Ушбу оятлар кийим киймай тавоф қилишни, ҳаж мавсумида яхши таом истеъмол этмасликни ўзларига одат қилиб олиб, бу Аллоҳнинг амри, деб юрган араб мушрикларининг қилмишлари нотўғри эканини билдириш учун тушган.
   Демак, инсон ким бўлишидан қатъий назар шариатда ҳалол бўлган нарсани ҳаром қилишга ҳаққи йўқ. Таъзияли хонадонда ундай нарса еб бўлмайди, бундай нарса еб бўлмайди, дейишдан эҳтиёт бўлиш лозим. Акс ҳолда юқоридаги оят ҳукми остига тушиб қолиши мумкин. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

▶️https://t.iss.one/subh_uz
МАЙЙИТ ЧИҚҚАН ХОНАДОНДАГИ КЕЛИН ОТА УЙИГА КЕТИШИ
#жаноза

1401-CАВОЛ: Водий томонларда таъзия бўлган хонадондаги келин ўз уйига бориб, 7-8 кун туриб келиши шарт қилинган. Шу тўғрими?

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Бу нарса халқимиз орасида тарқаб қолган хурофотлардан саналади. Динимизда бундай таълимот йўқ. Кўп жойларда жаноза, таъзияга алоқадор ишларда жуда ҳам кўп шундай асоссиз нарсалар тарқаб қолган ва энг ёмони бу ишларни динимиз кўрсатмаси деб қилинади.
   Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам нотўғри тушунчаларни, динда йўқ нарсани динда бор дейишни ёки уларни қилишни қаттиқ қоралаганлар:
عن عائشة رضي الله عنها أنها قالت : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : من أحدث في أمرنا هذا ما ليس منه فهو رد رواه البخاري ومسلم , وفي رواية لمسلم : من عمل عملا ليس عليه أمرنا فهو رد.
   Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бизнинг бу ишимизда ундан бўлмаган нарсани янгитдан пайдо қилса, у рад қилингандир”, - дедилар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

▶️https://t.iss.one/subh_uz
​​МАЙЙИТНИ ЮВАЁТГАНДА САЧРАГАН СУВНИНГ ҲУКМИ
#жаноза  #поклик

1480-CАВОЛ: Маййитни ювишда ундан сачраган сув ғассолнинг кийимини нопок қиладими?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Романир Роҳим. Йўқ, маййитни юваётганда ғассолнинг кийимига сачраган сув кийимни нопок қилмайди. Чунки бундан сақланишнинг имкони йўқ (“Ал-Баҳрур-роиқ” китоби).

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

▶️https://t.iss.one/subh_uz
​​ЖАНОЗА НАМОЗИНИ МАСЖИДДА ЎҚИШ ЖОИЗМИ?
#жаноза  #намоз

1510-CАВОЛ: Мени саволим шундан иборатки жанозани масжидда ўқилса бўладими?

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Маййит масжид ташқарисига қўйилиб, имом домла ва бир неча киши маййит олдига чиқиб, қолганлар масжид ичида имомга иқтидо қилиб жаноза ўқишлари жоиздир. Маййит масжид хонақоҳи ичига олиб кириб жаноза намози ўқиш макруҳ амал саналади.
   Маййит масжид ташқарисига қўйилиб имом домла ва қолганлар ҳаммалари масжид ичида туриб жаноза ўқишларига эса имомларимиз макруҳ ёки макруҳ эмаслигида турли фикрдалар (“Ал-Иноят шарҳул-ҳидоя” китоби).
   Демак, бугунги кунда баъзи масжидларимизда кузатилётганидек, маййитни масжид ташқарисага қўйиб, имом ортида битта бўлса ҳам саф тортилиб, жаноза ўқилиши жоиз амал саналади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

▶️https://t.iss.one/subh_uz
​​ЖАНОЗА НАМОЗИДАГИ САЛОМНИНГ КЎРИНИШИ
#жаноза #намоз

1516-CАВОЛ: Умрага борганда икки муқаддас масжиддаги жанозаларда имом бир томонга салом беришига гувоҳ бўлдик. Шу ҳолатда биз қандай йўл тутамиз? Биз икки томонга салом бераверамизми?

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Саудияда асосан Ҳанбалий мазҳабига амал қилинади. Бу мазҳабга кўра жаноза намозида фақат ўнг томонга салом берилади. Биз амал қиладиган Ҳанафий мазҳабига кўра эса икки томонга салом берилади. Шу сабабли биз қаерда бўлса ҳам жаноза намозида икки томонга салом берамиз. Икки ҳарамда ҳам имом бир томонга салом берса, биз иккинчи томонга ҳам салом бериб қўямиз. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

▶️https://t.iss.one/subh_uz