FATVO.UZ | Расмий канал
138K subscribers
1.08K photos
2.04K videos
4.39K links
Ўзбекистон мусулмонлари идораси қошидаги Фатво марказининг расмий телеграм канали

©Каналдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.

Колл марказ рақами: 781503344

Lotincha 👉 @fatvouzlotin

https://taplink.cc/diniysavollar
Download Telegram
ДИНИЙ КИТОБЛАРНИ ТАҲОРАТ БИЛАН УШЛАШ КЕРАКМИ?
#таҳорат

1323-CАВОЛ: Ҳозирги кунда Алихонтўра Соғунийнинг "Тарихи Муҳаммадий" китобини ўқияпман. Ўқиётган вақтимда таҳоратли бўлишим керакми? Умуман Қуръондан бошқа шунақа динга оид китобларни ёки Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг китобларини мутолаа қилганда таҳоратли бўлиш керакми?


💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Қуръони карим китоби – мусҳафни таҳоратсиз ушлаш жоиз эмас. Қуръони карим ва тафсир китоблардан бошқа барча диний китобларни таҳоратсиз ушлаш жоиз.
Аслида ушбу масала катта уламолар ўртасида ихтилофли масала бўлиб, Имом Абу Ҳанифа диний китобларни таҳоратсиз ушлашни жоиз десалар, у зотнинг икки шогирдлари – Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммадлар макруҳ амал дейишган. Аллома Ҳалабий Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг сўзларини қуйидагича изоҳлаганлар: “Фиқҳ, ҳадис каби диний китобларни ушлаган киши Қуръон оятларини ушлаган ҳисобланмайди, чунки китобда келтирилган оятлар ундаги маълумотларга қўшилиб, унга тегишли бўлиб қолади” (“Шарҳул-муня” китоби).
Мазҳабимизнинг кейинги давр фуқаҳолари ушбу масалада уч хил қарашни келтириб ўтганлар:
1. Диний китобларни таҳоратсиз ушлаш макруҳ.
Аллома Камол Ибн Ҳумом фуқаҳоларнинг сўзларини нақл қилиб, шундай дейдилар:
قالوا: يكره مس كتب التفسير والفقه والسنن لأنها لا تخلو عن آيات القرآن، وهذا التعليل يمنع من شروح النحو.
“Фуқаҳолар: “Тафсир, фиқҳ, ҳадис китобларни таҳоратсиз ушлаш макруҳ, чунки ушбу китоблар Қуръон оятларидан холи эмас”, дейишган. Бундай сабаб келтириш наҳв (араб тили грамматикаси) китобларининг шарҳларини таҳоратсиз ушлашни ҳам ман қилади” (“Фатҳул Қодир” китоби).
2. Диний китоблардаги Қуръон оятлари ўрнини таҳоратсиз ушлаш макруҳ.
Яна бир тоифа фуқаҳолар барча диний китобларни ушлаш жоиз, фақат оят ўринларини ушлаш ножоиз, дейишган. Масалан, “Мухтасарул Қудурий”га шарҳ ёзган Аллома Ҳаддодий шундай деганлар:
أن كتب التفسير لا يجوز مس موضع القرآن، وله أن يمس غيره، وكذا كتب الفقه إذا كان فيها شئ من القرآن، بخلاف المصحف، فإن الكل فيه تبع للقرآن .
яъни: “Тафсир китобларнинг Қуръон оятлари ўрнини таҳоратсиз ушлаш жоизмас. Китобдаги оятлардан бошқа жойларини таҳоратсиз ушлаш жоиз. Шунингдек, фиқҳ китобларида Қуръон оятлари бўлса, оят ўрнидан бошқа жойларини таҳоратсиз ушлаш жоиз. Лекин мусҳафнинг ҳукми ундай эмас. Чунки мусҳафнинг ҳаммаси Қуръон оятларига мансуб ҳисобланади” (“Ас-Сирожул-ваҳҳож” китоби).
3. Тафсирдан бошқа барча диний китобларни таҳоратсиз ушлаш жоиз.
Бу ҳақда машҳур фақиҳ Муҳаммад Мулла Хусрав шундай деганлар:
ورخص المس باليد في الكتب الشرعية إلا التفسير
яъни: “Тафсир китобларидан бошқа диний китобларни таҳоратсиз ҳолда қўл билан ушлашга рухсат этилган” (“Дурарул ҳуккам” китоби).
Мазҳабимизнинг мўътабар манбаларида келтирилган ушбу уч хил қарашни синчковлик билан таҳлил қилган Аллома Ибн Обидийн тафсирдан бошқа барча диний китобларни таҳоратсиз ушлаш жоиз эканини мазҳабимиз қоидаларига мувофиқ экани ва далил жиҳатдан асосли эканини таъкидлаб, жумладан шундай хулоса қилганлар:
الأظهر والأحوط القول الثالث أي كراهته في التفسير دون غيره لظهور الفرق فإن القرآن في التفسير أكثر منه فيغيره وذكره فيه مقصود استقلالا لا تبعا فشبهه بالمصحف أقرب من شبهه ببقية الكتب.
яъни: “Бу масалада далили кучлиси ва эҳиётроғи – учунчи тоифа фуқаҳоларнинг қарашидир. Яъни, таҳоратсиз ҳолда тафсир китобларини ушлаш макруҳ, ундан бошқа диний китобларни ушлаш жоиз эканидир. Чунки диний китоблар билан бошқа диний китоблар ўртасидаги фарқ очиқ маълум. Зеро, тафсирдаги Қуръон оятлари бошқа китобларга нисбатан кўпроқ бўлиб, шу жиҳатдан фарқи катта. Қолаверса, тафсир китобларда Қуръон оятлари мустақил зикр қилинган, тобеъ шаклда эмас. Шунинг учун тафсирни мусҳафга ўхшашлиги бошқа китобларга нисбатан кўпроқ” (“Раддул муҳтор” китоби).
Юқоридагилардан келиб чиқиб, таҳоратсиз ҳолда тафсирдан бошқа диний китобларни ушлаш ва мутолаа қилиш жоиз экани келиб чиқади. Шундай бўлсада, имкони бор киши диний китобларни таҳорат билан ушлаши – тақвога ва шариатни улуғлашга яқин экани жиҳатидан мустаҳаб амал саналади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

🔗 Улашинг: @diniysavollar
БУ ҲОЛАТДА ҚАНДАЙ ТАҲОРАТ ОЛАМАН?
#таҳорат

1359-CАВОЛ: Шамоллаб қолганим туфайли бир қулоғимдан йирингли қон оқа бошлади. Ҳозир даволаняпман. Шифокор қулоғингизга сув кирмасин деб тайинлаган. Бу ҳолатда қандай таҳорат олсам бўлади?

💬ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Агар қулоғингизга сув тегиши дардингизни кучайтирса ёки даволанишни кечга суриб, сизга машаққат туғдирса, бу узрли ҳолат ҳисобланади. Токи соғайиб, сув тегиши мумкин бўлгунича ўша жойингизга сув теккизмасдан бошқа аъзоларни ювиб таҳорат олсангиз дуруст бўлади. Ғусл қилиш асносида ҳам шу кўрсатмага амал қиласиз.
وشقوق أعضائه يمر عليها الماء إن قدر وإلا مسح عليها إن قدر وإلا تركه وغسل ما حولها. كذا في التبيين."
“Инсоннинг бирор аъзосида жароҳат бўлса-ю, ювиш имкони бўлса, устидан сув юргизади. Бунинг иложи бўлмаса, лекин устидан масҳ торта олса, масҳ тортади. Бунинг ҳам иложи бўлмаса, ўша жой ювилмай, атрофи ювилади. “Табйин”да шундай келган” (“Фатовои Оламгирия” китоби). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

YouTube | Instagram | Facebook |Ummalife

🔗 Улашинг: @diniysavollar
ЖАРОҲАТ УСТИГА МАСҲ ТОРТИШ ҲУКМИ
#таҳорат

1375-CАВОЛ: Жароҳат етган аъзони ювиш мумкин бўлмаса, устига масҳ тортилар экан. Шуни ҳам тортмаса, таҳорат мукаммал бўлмайдими?

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Таҳорат қилувчи шахснинг таҳоратда ювиладиган аъзоларидан бири жароҳат олган ёки гипс қилинган бўлса ҳамда сув билан ювиш жароҳат ёки гипсга зарар қилса, устидан масҳ тортади. Масҳ тортмаса, таҳорат мукаммал бўлган ҳисобланмайди. Чунки ювиш узрли бўлгани учун унинг ўринбосари сифатида масҳ тортилади ва масҳ тортиш ювишнинг ўрнига ўтади. “Мабсути Сарахсий” китобида бундай дейилган:
فان ترك المسح وهو لا يضره قال في الاصل لم يجزه في قول أبى يوسف ومحمد رحمهما الله تعالى
“Жароҳат устига масҳ тортиш зарар қилмайдиган ҳолатда масҳ тортмаса, “ал-Асл” (“Мабсут”) китобида: “Имом Абу Юсуф ва Муҳаммад раҳимаҳуллоҳлар сўзига кўра бундай таҳорат дуруст бўлмайди”, дейилган".
Лекин жароҳат устига масҳ тортиш ҳам узрли (зарар келтирадиган) бўлса, масҳ тортиш соқит бўлади.
Агар қўли боғланган ёки гипс қилинган бўлиб, ўзига ўзи масҳ торта олмаса, бошқа одам бўлса, ўша одам масҳ тортиб қўяди. Ҳеч ким йўқ бўлса, масҳ тортиш соқит бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

YouTube | Instagram | Facebook |Ummalife

🔗 Улашинг: @diniysavollar
ЖАРОҲАТНИНГ ҲАММА ЖОЙИГА МАСҲ ТОРТИШ ШАРТМИ?
#таҳорат

1379-CАВОЛ: Жароҳат устига масҳ тортиш маҳсига масҳ тортиш билан бир хилми, яъни фақат устига масҳ тортиладими ёки бошқача бўладими?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Жароҳатга масҳ тортиш билан маҳсига масҳ тортиш бир неча жиҳатдан бир-биридан фарқ қилади. Масалан, маҳсини мукаммал таҳорат билан кийиб, кейин масҳ тортилади. Жароҳат устига боғланган нарсани бетаҳорат ҳолда боғлаб, кейин таҳорат пайтида боғловга масҳ тортиш мумкин. Яна бир фарқи маҳсининг устига (тўпиқдан пастига) уч бармоқ миқдорича масҳ тортиш билан фарз адо бўлади. Аммо жароҳат ёки унга боғланган гипс, мато ва бинт каби нарсаларнинг ҳамма ёки кўп қисмига масҳ тортиш фарздир. “Фатовои Оламгирия” китобида бундай дейилган:
وَيَكْتَفِي بِالْمَسْحِ عَلَى أَكْثَرِ الْجَبِيرَةِ وَلَا يَجُوزُ عَلَى النِّصْفِ فَمَا دُونَهُ إجْمَاعًا كَذَا فِي السِّرَاجِ الْوَهَّاجِ
Таҳорат қилувчи жабира (жароҳат устидаги боғлам)нинг аксар қисмига масҳ тортиши етарлидир. Лекин ярми ёки ярмидан озроқ қисмига масҳ тортиши етарли эмас (яъни тортган масҳи дуруст эмас). Уламолар бунга ижмо қилган. “Сирожил Ваҳҳож”да шундай дейилган”. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

YouTube | Instagram | Facebook |Ummalife

🔗 Улашинг: @diniysavollar
НАЖОСАТНИ УҚАЛАБ ТАШЛАШ БИЛАН ПОКЛАСА БЎЛАДИМИ?
#таҳорат

1387-CАВОЛ: Биламизки, бир нарсага теккан маний қуриб қолса, уқалаш орқали поклаш мумкин. Мазий ва вадийни ҳам қуриб қолгандан сўнг уқалаб ташлаш билан поклаш мумкинми?

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Бавл, мазий ва вадий (бавлдан кейин шаҳватсиз келадиган оқ суюқлик) кийим ёки баданга тегса, уларни фақат ювиш орқали покланади, уқалаб ташлаш билан покланмайди.
Фақатгина манийда икки хил поклаш мумкин: ювиш ёки қуриб қолганини уқалаб ташлаш билан. Бу ҳукм манийнинг ўзига тегишли. Сабаби, аввало манийдан шундай тарзда поклаш ҳақида ҳадислар келган.
وَعَنْهَا قَالَتْ: لَقَدْ رَأَيْتُنِي أَفْرُكُ الْمَنِيَّ مِنْ ثَوْبِ رَسُولِ اللهِ صَلّي اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ فَرْكًا فَيُصَلِي فِيهِ. رَوَاهُ مسلم
Оиша онамиздан ривоят қилинади, у киши:
Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кийимларидан манийни яхшилаб уқалаб ташлар эдим. Ул зот ўша кийимда намоз ўқир эдилар, – дедилар” (Имом Муслим ривояти).
Мазий ёки вадий ҳақида ундай ҳукмлар келмаган. Ундан ташқари, маний қуюқ нажосат бўлгани учун бошқа нажосатлардан фарқли равишда қуриганда қаттиқ, уқалаб ташлаш мумкин бўлган жисмга айланади. Сийдик, мазий ва вадийлар суюқ нажосат бўлгани учун уларнинг қуриган ҳолати жисмли бўлмайди. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

YouTube | Instagram | Facebook |Ummalife

🔗 Улашинг: @diniysavollar
​​БУ ҲОЛАТДА ТАҲОРАТ СИНГАН ҲИСОБЛАНАДИМИ?
#таҳорат

1410-CАВОЛ: Бир кишининг ўт қопида муаммоси борлиги туфайли доимий ел чиқиш ҳолатлари бўлар экан. Таҳорат қилиб келиб намозга турсам ел чиқади, лекин на ҳиди, на овози бор деди.
Аббод ибн Тамийм розияллоҳу анҳу ўз амакиларидан ривоят қилганлар:
“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга намозда бир нарса бўлгани хаёлига келадиган одам ҳақида шикоят қилинди. У зот: “Токи, овоз эшитмагунча ёки елни топмагунича намозини бузмайди”, дедилар”.
Киши шу ҳадис борлигини айтиб, шунга кўра менинг ҳам таҳоратим синмаган бўладими?” деб сўради. Шуни ҳукми қандай бўлади?

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Уламолар шу ва шу мазмундаги ҳадислар асосида اليقين لا يزول بالشك “Аниқ нарса шак билан бекор бўлмайди”, деган қоида ишлаб чиқишган. Яъни таҳорати бор инсоннинг шубҳа гумонлар билан таҳорати синиб қолмайди. Аммо аниқ нарса аниқ нарсани бекор қила олади.
Киши елнинг ҳиди ёки овозини билмаса-да, лекин чиққанини аниқ билса, таҳорати синади. Мазкур ҳадисни шарҳлаган уламолар ҳид ва овоз елнинг чиққани аниқ бўлишидан киноя, деб айтишган. Мулла Али қори раҳимаҳуллоҳ “Мирқотул мафотиҳ”да қуйидагиларни айтган:
وهذا مجاز عن تيقن الحدث لأنهما سبب العلم بذلك كذا قال بعض علمائنا وقال ابن حجر أي يحس بخروجه وإن لم يشمه وقال في شرح السنة معناه حتى يتيقن الحدث لا أن سماع الصوت أو وجدان الريح شرط إذ قد يكون أصم فلا يسمع الصوت وقد يكون أخشم فلا يجد الريح وينتقض طهره إذا تيقن الحدث
“Ҳадисдаги жумла таҳоратнинг синганини аниқ билишдан киноядир. Чунки ҳид билиш ва эшитиш таҳорат синишини билиш воситасидир. Буни кўплаб уламолар айтган. Ибн Ҳажар: “Ҳидини сезмаса-да, ел чиққанини сезса, (таҳорати синади)”, деб маъно берган. “Шарҳус сунна” китобида ҳадиснинг маъноси таҳорати синганини аниқ билса, ҳид билиши ёки овознинг эшитиши шарт эмас. Чунки инсон кар бўлиб, овозини эшитмаслиги, бурни берк бўлиб, ҳидни сезмаслиги мумкин. Лекин ел чиққанини аниқ билса, таҳорати синади, дейилган”.
Бу ҳолат кўп тез-тез такрорланадиган бўлса, соҳиби узр бўлиши мумкин. Бу ҳолатда соҳиби узр каби иш тутади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

YouTube | Instagram | Facebook |Ummalife

🔗 Улашинг: @diniysavollar
МАҲСИГА МАСҲ ТОРТИШ
#таҳорат #масҳ

CАВОЛ: Маҳсига масҳ тортиш ҳақида маълумот берсангиз?

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Маҳси таҳорат олингандан сўнг кийилган бўлса, кейинги таҳоратда унга масҳ қилиш мумкин. Масҳ маҳсининг устки қисмига тортилади. Муғийра разияллоҳу анҳу айтади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам маҳсиларининг устига масҳ тортганларини кўрганман» (Имом Аҳмад ва Термизий ривояти).
Пайғамбар алайҳиссалом: «Маҳсига масҳ тортиш муддати мусофир учун уч кеча-кундуз, муқимга эса бир кеча-кундуздир», деганлар (Имом Аҳмад ва Имом Муслим ривоятлари).
Маҳсига қилинган масҳни тўрт нарса бекор қилади:
1. Муддатнинг тугаши.
2. Жунуб бўлиш.
3. Маҳсининг ечилиб кетиши, яъни товоннинг чиқиб кетиши.
4. Оёқнинг кичик уч бармоғи кўринадиган тешик.
Бундай ҳолатларда маҳсини ечиб, оёқни ювиш лозим бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

YouTube | Instagram | Facebook |Ummalife

🔗 Улашинг: @diniysavollar
МАҲСИНИ ЗАМОКИ БУЗИЛГАНДА МАСҲ ТОРТИШ МУМКИНМИ?
#таҳорат #масҳ

CАВОЛ: Маҳсини замоки бузилиб, тўпиқдан пастгача очиқ турса масҳ тортишга яроқли бўладими?

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Маҳси оёқнинг тўпиққача бўлган жойини тўлиқ ёпмаса, унга масҳ тортиб бўлмайди. Ҳатто тўпиққача ёпиб турганда ҳам учта кичик оёқ бармоғи кўриниб турадиган тешиги бўлса, унга масҳ тортиб бўлмайди.
Бу мавзуда фақиҳ Алоуддин Самарқандий раҳимаҳуллоҳ шундай дейдилар:
ومن الشرائط - أن يكون لابسا خفا يستر الكعبين فصاعدا وليس به خرق كثير، لان الشرع ورد بالمسح على الخفين
“Оёққа масҳ тортишнинг шартларидан бири – тўпиқни ёки ундан ҳам баландроқни ёпиб турадиган, кўп тешик (йиртиқ)лари бўлмаган маҳси кийишдир. Чунки шариат маҳсига масҳ тортишни жорий қилди” (“Туҳфатул фуқаҳо” китоби). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

YouTube | Instagram | Facebook |Ummalife

🔗 Улашинг: @diniysavollar
​​СУВ ЎРНИГА НАМ САЛФЕТКА ИШЛАТИШ
#таҳорат

1412-CАВОЛ: Ҳожатдан кейин авратни сув билан эмас, нам салфетка билан поклаш мумкинми? Буни узоқ масофага катта юк машиналарда юрадиган дўстим сўраган эди.

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Нажосат чиққан жойидан атрофига ёйилмаган бўлса, қоғоз, тош каби нарсалар билан тозаланиш мумкин. Агар дирҳам (катта танга) миқдоридан кўп ёйилган бўлса, сув каби суюқлик билан поклаш лозим бўлади. Чунки бундай ҳолатда баданга нажосат теккан ҳукмида бўлиб, уни фақат ювиш билан кетказилади.
ثم الاستنجاء بالأحجار إنما يجوز إذا اقتصرت النجاسة على موضع الحدث فأما إذا تعدت موضعها بأن جاوزت الشرج أجمعوا على أن ما جاوز موضع الشرج من النجاسة إذا كانت أكثر من قدر الدرهم يفترض غسلها بالماء ولا يكفيها الإزالة بالأحجار
“Тош билан истинжо қилишнинг ўзи билан кифояланиш ахлат ёки бавл чиққан жойидан ташқарига ёйилмаган ҳолатда жоиз бўлади. Агар ахлат ёки бавл нажосат ўрнидан атрофига дирҳам миқдоридан кўп ёйилса, сув билан ювиш фарз бўлади. Тош билан кетказиш кифоя қилмайди. (“Фатовои Оламгирия” китоби). Суюқликдан бошқа барча нарсалар, ҳатто у нам нарса бўлсин, тош билан бир хил ҳукмда бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

YouTube | Instagram | Facebook |Ummalife

🔗 Улашинг: @diniysavollar
​​ЖАНОБАТ ҲОЛАТИДА БОЛАНИ ЭМИЗИШ
#ғусл #таҳорат

1440-CАВОЛ: Жунуб бўлган аёл боласини қандай эмизади?

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Жунуб, яъни ғусл вожиб бўлган аёл, шунингдек ҳайз кўраётган аёл боласини эмизиши жоиз. Бу борада шундай зикр қилинган:
فإنه يجوز للأم أن ترضع ولدها، وهي على جنابة، والمسلم لو أصابته جنابة، فإنه لا ينجس، وقد قال النبي صلى الله عليه وسلم: إن المؤمن لا ينجس (رواه البخاري ومسلم).
“Она жанобат ҳолатида ҳам боласини эмизиши жоиз бўлаверади. Чунки мусулмон одамга жанобат етса, у нопок бўлмайди. Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Мўмин нопок бўлмайди” (Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилишган)” (“Ал-Мавсуа ал-фиқҳийя” китоби).
Шунга кўра, баъзиларнинг “Жунуб аёл боласини эмизиб бўлмайди”, деган гаплари асоссиз ва шаръий далилга таянмаган ҳолда айтилган гап бўлиб, унга эътибор қилинмайди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

YouTube | Instagram | Facebook |Ummalife

🔗 Улашинг: @diniysavollar
​​МАСҲ ТОРТИШ ҲУКМИ
#таҳорат

1461-CАВОЛ: Маҳсига масҳ тортиш фарзми, суннатми, вожибми? Маҳси кийган одам таҳорат қилганда масҳ тортмасдан намоз ўқиса, намози дуруст бўладими?

💬 ЖАВОБ:
Тўлиқ таҳорат билан маҳси кийган кишининг таҳорати синса ва у маҳсини ечмасдан янгидан таҳорат қилмоқчи бўлса, масҳ тортиши фарз бўлади. Агар масҳ тортмасдан намоз ўқиса, намози дуруст бўлмайди. Чунки маҳсига масҳ тортиш оёқни ювиш ўрнидадир. Шундай экан таҳоратда оёқ ювиш фарз эди, маҳсига масҳ тортиш ҳам фарз бўлади. Бу ҳақда "Лубоб" китобида шундай дейилади:
(وفرض ذلك) المسح (مقدار ثلاث أصابع من أصغر أصابع اليد) طولاً وعرضاً،
"Маҳсига масҳ тортишнинг фарзи қўлнинг кичик бармоқларидан учтаси миқдоридадир. Бу миқдор қўл бармоғининг бўйи ва энича бўлади (яъни намланган қўллар билан шу миқдорда чизиқ тортади)". Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

YouTube | Instagram | Facebook |Ummalife

🔗 Улашинг: @diniysavollar
​​ЁҒ СУРТИЛГАН СОЧЛАРНИНГ ТАҲОРАТДАГИ ҲУКМИ
#таҳорат

1464-CАВОЛ: Сочимни ювганимдан кейин чигалини кетказиш учун махсус ёғдан фойдаланаман. Шундан кейин таҳорат олганимда сочимга масҳ тортсам бўладими?

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Маълумки, мазҳабимизга кўра, бошнинг тўртдан бирига масҳ тортиш таҳоратнинг фарзларидан бўлиб, сочга суртилган ёғ ёки крем остига сувни ўтказишга монеълик қилмаса, таҳорат дуруст бўлади. Зеро Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сочларини зайтун мойи билан мойлар ва бошқаларни ҳам шунга буюрар эдилар.
Агар суртилган мой сувни ўтказмаса, уни кетказиш лозим бўлади. Акс ҳолда таҳорат ва ғусл дуруст бўлмайди. Бу ҳақида аллома Ибн Нужайм роҳимаҳуллоҳ шундай деганлар:
وَلَوْ أَلْزَقَتْ الْمَرْأَةُ رَأْسَهَا بِالصَّبغ بِحَيْثُ لَا يَصِلُ الْمَاءُ إلَى أُصُولِ الشَّعْرِ وَجَبَ عَلَيْهَا إزَالَتُهُ
“Агар аёл киши бошига сочининг остига сувни ўтказмайдиган қилиб елим суртган бўлса, уни кетказиш вожиб бўлади” (“Ал-Баҳрур-Роиқ” китоби).
Агар бошига крем суртган кимса масҳ тортганида, бошининг тўртдан бир қисмига сув етса, унинг таҳорати дуруст бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

YouTube | Instagram | Facebook |Ummalife

🔗 Улашинг: @diniysavollar
​​ТАҲОРАТДА СУВ ЎРНИГА НАМ САЛФЕТКА
#таҳорат #таяммум

1498-CАВОЛ: Баъзида самолёт ёки поездда сув билан таҳорат қилишнинг имкони бўлмай қолади. Шундай ҳолатда нам салфетка билан таҳорат аъзоларни намлаш орқали таҳорат қилиш мумкинми?

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Агар самолёт ва поездда сув билан таҳорат олишнинг имкони бўлмаса, таяммум қилинади. Нам салфетка ёки нам сочиқ билан баданни артиш таҳорат ўрнига ўтмайди. Чунки таҳорат олишга буюрилган ояти каримада аъзоларни ювишга буюрилган. Ювиш – сувни аъзонинг устидан оқизишдир (“Дурарул ҳуккам” китоби). Бунда ювилган аъзодан энг камида 2-3 томчи сув томчилаши керак. Нам салфеткада эса бундай нарса топилмайди. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

YouTube | Instagram | Facebook |Ummalife

🔗 Улашинг: @diniysavollar
​​ТУЯ ГЎШТИНИ ИСТЕЪМОЛ ҚИЛГАН КИШИ ТАҲОРАТ ҚИЛИШИ КЕРАКМИ?
#таҳорат

1499-CАВОЛ: Туя гўшти еган одам таҳоратини янгилаш керак деган ҳадис борми?

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ҳа, шундай мазмунда ҳадис бор. Имом Ибн Можа Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туя гўшти ейилгандан сўнг таҳорат олишга буюрганлари нақл қилинган. Шу ҳадисдаги таҳорат олиш ҳақидаги сўзни муҳаддис ва фақиҳ уламолар оғиз ва бурунни ювиб олиш деб шарҳлаганлар. Чунки бошқа ҳадиси шарифларда туя гўшти туфайли таҳорат синмаслиги айтилган. Қолаверса, ҳадисларда келган “вузуъ” сўзи ҳар доим ҳам намозга олинадиган таҳоратни англатмайди. Масалан, таомдан олдин қўл ювиш ҳақидаги ҳадисда ҳам мана шу “вузуъ” сўзи қўлланилган. Лекин бирорта уламо овқатланишдан олдин таҳорат олишни айтмаган (“Маорифус сунан” китоби). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

YouTube | Instagram | Facebook |Ummalife

🔗 Улашинг: @diniysavollar