YURISTKADR
54.8K subscribers
3.17K photos
690 videos
738 files
2.65K links
Саволларингизга амалиётчи юрист Саидали Мухторалиев жавоб беради.

Савол юбориш 👉 @yuristkadrbot

Юридик хизмат ва тижорий ҳамкорлик:
👉 @e_yurist01
Download Telegram
Бугун 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни.

Биз ҳар биримиз ўқувчи бўлганмиз, бошимизда азиз устозларимиз туриб, бизга илм берган ва тўғри йўлни кўрсатган. Бугун агар нимагаки эришган бўлсак, бунда Сиз устозларимизнинг ўрни беқиёсдир.

Фурсатдан фойдаланиб, юртимиздаги барча устозларни, ўқитувчилар ва мураббийларни ушбу ажойиб байрам билан чин юрагимдан муборакбод этаман.

Бахтимизга соғ ва саломат бўлинг, дунёдаги энг улуғ касбнинг эгаси эканлигингиздан доимо фахрланиб юринг!

👉@yuristkadr
МЕҲНАТ ШАРТНОМАСИНИ ТАРАФЛАРНИНГ КЕЛИШУВИГА КЎРА БЕКОР ҚИЛИШ (МК.НИНГ 97-МОДДАСИ 1-БАНДИ)

Бугун сизларга меҳнат шартномасини тарафларнинг келишувига кўра бекор қилиш амалиётига оид айрим керакли тавсияларни бериб ўтаман.

Амалиётда ходимдан ариза олинганидан сўнг меҳнат шартномасини ходимнинг ташаббусига (ҳохишига) кўра бекор қилиш (МК 99-модда) ёки тарафларнинг келишувига кўра бекор қилиш (МК 97-модда 1-банди) вариантларидан биттаси танланади.

Унутманг, агар иш берувчи ёки унинг вакили ходимдан ариза сўраганида, ходимни МК 99–моддаси билан ишдан бўшатиш амалиёти ноўрин бўлади, чунки 99-модда ҳолатида ишдан бўшаш ташаббуси айнан ходимнинг ўзидан чиқиши керак.

Агар суд низолари давомида ташаббус ходимдан эмас, балки иш берувчидан чиққанлиги ва ариза айнан иш берувчи ташаббуси билан ёзилганлиги аниқланса, МК 99-модда билан ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқ ноқонуний деб топилиши муқаррардир.

Ана шу жойда МК 97-модда 1-банд – меҳнат шартномасини тарафларнинг келишуви билан бекор қилиш амалиётининг авзаллик томони кўзга ташланади.

МК 99-моддасидан фарқли равишда шартномани МК 97-модда 1-банд билан бекор қилишда иш берувчи ходимга ишдан бўшашни таклиф қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Тарафларнинг келишуви ҳолатида икки томон ҳам бир-бирига шартномани бекор қилиш юзасидан таклиф билдириши мумкин ва албатта бир томон берган таклифга иккинчи томон рози бўлса, демак келишувга эришилади. МК 97-моддаси, 1-бандининг амалий жиҳатдан асл моҳияти айнан шундайдир.

Агарда зарур ҳужжатлар тўғри расмийлаштирилса, меҳнат шартномасини тарафларнинг келишувига кўра бекор қилиш амалиётида умуман низо бўлмайди.

Биласизми, кўпчилик амалиётчилар ходим томонидан ариза тақдим этилса ва бу аризага иш берувчи “розилик” ёки “келишув” муносабати ёзиб имзо қўйса, “бўлди, тарафлар келишувга эришилди” деб ҳисоблайди. Ва шу аризанинг ўзига асосан шартномани МК 97-модда 1-банд билан бекор қилиш тўғрисида буйруқ чиқарадилар.

Аммо юристлар ва кадрлар хизмати ходимларининг асосий мақсади ҳар қандай ҳолатда ҳам низонинг олдини олиш ва келгусидаги турли кўнгилсизликларга йўл қўймаслик ҳисобланади.

Шунинг учун меҳнат шартномасини МКнинг 97-моддаси 1-банди билан тарафларнинг келишувига кўра бекор қилишда, албатта, “меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги келишув” деб номланган алоҳида ҳужжат тузилишини, шундан сўнг буйруқ чиқарилишини тавсия қиламиз.

📃 Ишда фойдаланиш учун намуналар тақдим этилади.👇

Каналга уланиш 👉@yuristkadr
НОТАРИУС ЎЗИ ТАСДИҚЛАГАН БИТИМ ЮЗАСИДАН ТАРАФЛАРГА ЕТКАЗИЛГАН ЗАРАРНИ ҚОПЛАЙДИ.

Барчамиз биламиз, уй-жой олди сотдиси шунчаки тузилмайди, бундай шартномалар нотариус томонидан тасдиқланиши шарт (ФК 488-модда).

Аслида, шартнома ва битимларни нотариал тартибда тасдиқлашдан асосий мақсад, тарафлар ўртасида тузиладиган шартноманинг қонунийлигини таъминлаш ҳамда тарафларнинг мулкий хавфсизлигини сақлашдан иборат.

Тасаввур қилинг, икки шахс мулкни олди-бердиси билан боғлиқ шартнома тузяпти, нотариуссиз. Бунда биринчидан, шартноманинг мазмуни сифат даражасида бўлмайди, тарафларнинг мулкий ҳуқуқлари тўла ҳимоя қилинмайди, иккинчидан, шартноманинг бир тарафи фирибгар бўлиб чиқиши мумкин ва харидор катта пулга тушиб қолиши мумкин.

Лекин битим агар нотариус орқали тузиладиган бўлса, биринчи навбатда шартноманинг мазмунига чуқур эътибор қаратилади, унда ҳар бир тарафнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи шартлар акс этади, шу билан бирга, шартнома тарафларининг ваколатлари пухталик билан текширилади, яъни битимга фирибгарлик аралашишига йўл қўйилмайди.

Шартномани нотаириал тасдиқлаш жараёнида, агар тарафлардан бирининг ҳаракати ноқонуний бўлса, ёки сотувчи шахс аслида ушбу мулкни эгаси ҳисобланмаса, ёки мулкни сотишга ваколатли бўлмаса, “нотариус қонун ҳужжатларига мос келмайдиган нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этиши шарт” (“Нотариат тўғрисида”ги Қонуннинг 18-моддаси).

Нотариус ўзи томонидан тасдиқланадиган турар-жойларнинг битимини қонунийлигига жавоб беради, агар нотариуснинг айби билан шу битим ҳақиқий эмас деб топилса ва натижада, тарафлардан бирига зарар етса, ушбу зарар албатта қоплаб берилиши лозим.

❗️Қаранг, “Нотариат тўғрисида”ги Қонуннинг 19-моддасига кўра:

давлат нотариал идорасининг нотариуси томонидан ўз мажбуриятларини бузганлиги оқибатида етказилган зарарнинг ўрни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда давлат томонидан қопланади.

жисмоний ёки юридик шахсларнинг мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрни хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуснинг фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурта бадали (суғурта суммаси) ёки суғурта бадали етарли бўлмаган тақдирда нотариуснинг шахсий мол-мулки ҳисобидан, нотариуснинг шахсий мол-мулки етарли бўлмаган тақдирда Нотариал палата ҳузуридаги Компенсация фонди ҳисобидан қопланади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 28 декабрдаги 318-сон қарори билан тадиқланган “Нотариус томонидан ўз касб мажбуриятлари бузилиши оқибатида етказилган зарарни қоплаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 2-бандига асосан, “зарар давлат томонидан кейинчалик нотариусга тўланган қоплаш миқдорида аксинча талаб (регресс) қўйилган ҳолда бюджетдан ташқари Адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобига қопланади” дейилган.

Низомнинг 3-бандига мувофиқ, юридик ва жисмоний шахс ўзига етказилган зарар қопланиши ҳуқуқига эга. Суднинг зарарни қоплаш тўғрисида қонуний кучга кирган қарори зарар қопланиши учун асос ҳисобланади.

👆Кўряпсизми, юқорида келтирилган қоидаларга кўра, агар нотариуснинг айби билан у томонидан тасдиқланган битим “мўрт” бўлиб чиқса ва бунинг натижасида харидор “куйиб қолса”, унга етказилган зарар албатта қоплаб берилиши керак. Бунда агар битимни давлат нотариуси тасдиқлаган бўлса, етказилган зарар давлат томонидан қопланиши шарт.

Каналга уланиш 👉@yuristkadr
ХОДИМЛАРГА ҚИШЛОҚ ҲЎЖАЛИГИ МАҲСУЛОТЛАРИ УЧУН МОДДИЙ ЁРДАМ БЕРМОҚЧИМИЗ, БИРОҚ ЖАМОА ШАРТНОМАСИДА БУ ЙЎҚ, НИМА ҚИЛСАК БЎЛАДИ?

САВОЛ.
Ассалому алайкум хурматли Саидали Мухторалиев. Мен МЧЖ кадрлар бўлимида ишлайман. Биз ишчи ходимларга пандемия даврида қишлоқ хўжалик махсулотларини харид қилишга ёрдам пули ажратмоқчимиз, лекин бизнинг жамоа шартномада бундай банд йўқ. Нима қилсам тўғри бўлади?

ЖАВОБ

Меҳнат кодексининг 153-моддасига кўра:

меҳнат ҳақи шакли ва тизимлари, мукофотлар, қўшимча тўловлар, устамалар, рағбатлантириш тарзидаги тўловлар жамоа шартномаларида, шунингдек иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб қабул қилинадиган бошқа локал ҳужжатларда белгиланади.

👆Мана шу қоидага мувофиқ, Сизда иккита йўл мавжуд.

Биринчиси
, корхонадаги мавжуд жамоа шартномасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш йўли билан, “пандемия даврида қишлоқ хўжалик махсулотларини харид қилиш учун ходимларга моддий ёрдам пули ажратиш” масаласини жамоа шартномасида акс эттириш керак.

Иккинчиси, иш берувчи томонидан алоҳида локал ҳужжат, масалан, “Пандемия даврида ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чоралари тўғрисида”ги Низом ёки Тартиб қабул қилиниши ва бу ҳужжат корхонадаги касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилиши зарур.

Айнан шу ҳужжатга “пандемия даврида қишлоқ хўжалик махсулотларини харид қилиш учун ходимларга моддий ёрдам пули ажратиш” масаласини ҳам киритиш мумкин.

Шундай қилиб, юқоридаги ҳужжатлардан бирини расмийлаштириш ва амалга киритиш орқали, корхонангиздаги ходимларга қишлоқ хўжалик махсулотларини харид қилиш учун моддий ёрдам пули ажратилиши мумкин.

Каналга уланиш 👉@yuristkadr
ХАЛҚ ТАЪЛИМИ ТИЗИМИДАГИ РАҲБАРЛАР ВИЛОЯТ ҲОКИМИ СУҲБАТИДАН ЎТИШИ ҚАНЧАЛИК ТЎҒРИ?

Боя daryo.uzдан ўқиб қолдим.

Қашқадарё вилояти ҳокими Зоир Мирзаев пандемия шароитида умумтаълим мактабларида ўқув жараёнини ташкил этиш ва юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш масалаларига бағишланган йиғилишда битирувчилари ОТМга киролмаган мактабларни қаттиқ танқид қилибди.

Албатта, танқид жуда ўринли бўлган деб ҳисоблайман, бироқ ҳоким йиғилишда айрим фикрларни ҳам билдириб ўтганки, уларнинг баъзилари қонунчиликка у қадар тўғри келмайди. Жон куйдирилгани албатта яхши, лекин барибир билдирилган ташаббуслар қонун доирасида бўлиши зарур.

Зоир Мирзаевнинг айтишича, бундан кейин вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосарлигига, шунингдек туман ва шаҳар ХТБ мудирлигига номзодлар танлаб олинар ва улар вилоят раҳбари (бу ерда вилоят ҳокими ўзи назарда тутиляпти)нинг суҳбатидан ўтар экан.

Қизиқ, унда бу тизимнинг эгаси ҳисобланган Халқ таълими вазирлиги нима билан шуғулланади? Ходим тайинлаш ва уни лавозимидан озод этиш билан аслида иш берувчи шуғулланиши керак эмасми?

Аслида иш берувчиси бошқа бир шахс бўлган лавозимга тайинлаш учун номзодларни яна бир бошқа бир органнинг суҳбатидан ўтишига доир амалиёт фақатгина коррупцияни кучайтиришга сабаб бўлади, холос.

Ушбу масаланинг ҳуқуқий жиҳатига эътибор қаратсак. Яқиндагина қабул қилинган “Таълим тўғрисида”ги Қонуннинг 27-моддасидаги маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг таълим соҳасидаги ваколатларини бирма-бир кўриб чиқамиз. Йўқ, бу моддада ҳокимларнинг таълим тизими ташкилотлари раҳбарларини суҳбатдан ўтказиш, ёки лавозимга тайинлаш учун руҳсат бериш ваколати мавжуд эмас.

Энди, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 19 февралдаги 146-сон қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тўғрисида”ги Низомга эътибор қаратамиз.

Мазкур Низомнинг 18-банди 5-хатбошисида аниқ белгилаб қўйилганки:

Халқ таълими вазирлиги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан келишувсиз Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари ва Тошкент шаҳар халқ таълими Бош бошқармаси раҳбарларини, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари бошлиқларини, шунингдек, Вазирликнинг бошқа идоравий ташкилотлари ва муассасалари раҳбарларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш ҳуқуқига эга.

Яъни, амалдаги қонунчилик бўйича ушбу вазирликнинг қуйи тизимидаги раҳбарлар, шу жумладан, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари, ёки туман ва шаҳар ХТБ бошлиқлари бу лавозимларга ўз вазирлиги томонидан, бирор-бир ҳоким билан келишмасдан тайинланади.

Бу ерда ҳокимнинг Халқ таълими вазирлиги тизимидаги раҳбарлик лавозимларига номзодлар унинг суҳбатидан ўтиши ҳақидаги даъволари Вазирлар Маҳкамасининг юқоридаги Қарори талабларига тўғридан-тўғри зид келмоқда.

Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, вилоят ҳокимининг йиғилишда билдириб ўтган юқоридаги фикрлари ҳуқуқий асосга эга эмас ҳамда ушбу вазиятда ваколат доирасидан бироз четга чиқилмоқда, назаримда.

Каналга уланиш 👉@yuristkadr
ВИЛОЯТЛАРДАГИ ВА ТУМАН (ШАҲАР)ЛАРДАГИ КАДАСТР ХОДИМЛАРИ ЭНДИ БЎШАТИЛАДИМИ?

Бизга, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхоналари ҳамда уларнинг туман (шаҳар) филиалларида ишлаб турган ходимлари ишдан бўшатиладими, деган мазмунда саволлар келмоқда.

Оммавий ишдан бўшатишларга нисбатан ҳуқуқий позициямизни доим билдириб келяпмиз, шу боисдан кадастр тизими ходимлари масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтсак.

Барчамизнинг ҳабаримиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 7 сентябрдаги «Ер ҳисоби ва давлат кадастрларини юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6061-сонли Фармонига асосан:

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси негизида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги ташкил этилиши белгиланди.

Фармондан сўнг, Президентнинг 2020 йил 7 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4819-сонли Қарори қабул қилинди.

Мазкур Қарорга биноан, 1-банди а-кичик бандига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхоналари ҳамда уларнинг туман (шаҳар) филиаллари негизидаДавлат кадастрлари палатасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари, туман (шаҳар) филиаллари ташкил этилиши белгилаб қўйилди.

Бу ерда агар, ҳозирги ҳудудий ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхоналари ҳамда уларнинг туман (шаҳар) филиаллари фаолияти тўлиқ тугатилса ҳамда ушбу ташкилотларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ворислик тартибида бошқа ташкилотларга ўтмаса, ундаги ходимларни МКнинг 100-моддаси иккинчи қисми 1-бандига асосан “корхона тугатилганлиги” важи билан ишдан бўшатиш мумкин бўларди.

Бироқ, қаранг ПҚ-4819-сонли қарорда ушбу ташкилотларни тугатиш эмас, балки уларнинг негизида айнан уларнинг фаолияти билан шуғулланадиган ташкилотларни ташкил этиш назарда тутилган, яъни:

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхоналари – Давлат кадастрлари палатасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари сифатида фаолият юритсалар;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхоналарининг туман ва шаҳар филиаллари ҳам шунга мос равишда Давлат кадастрлари палатасининг туман ва шаҳар филиаллари сифатида фаолият юритади.

Аввал ҳам бир неча бор айтиб келганмиз, “негизида” жумласи ташкилот фаолиятига нисбатан қўлланилганда, тугатиш маъносида эмас, балки бу ерда корхонани қайта ташкил этиш маъносида келади.

Ана энди Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг ҳар доим такрорлаб келаётганимиз – ўша маълум ва машхур бўлган 98-моддасини яна бир бор ёдга оламиз:

корхона мулкдори алмашганда, худди шунингдек корхона қайта ташкил этилганда (қўшиб юборилган, бирлаштирилган, бўлиб юборилган, қайта тузилган, ажратилганда) меҳнат муносабатлари ходимнинг розилиги билан давом этаверади.

Яъни, кадастр тизимидаги қайта ташкил этилиши белгиланган ташкилотлардаги ходимларни ташкилот тугатилди деган важ билан ишдан бўшатиш қонунчиликка мувофиқ бўлмайди. Улар ўз ишларини давом эттиришлари айнан қонун талабидир.

Каналга уланиш 👉@yuristkadr
ИШ БЕРУВЧИНИНГ ТАШАББУСИ БИЛАН ХОДИМНИ ВАҚТИНЧА БОШҚА ИШГА ЎТКАЗИШ

САВОЛ.
Ассалому-алайкум. Сиздан илтимос, рахбарни ташаббуси билан ходимни вақтинчалик ишга ўтказиш тартиби қандай? Шу тўғрисида тушунтириш беринг, иложи бўлса буйруқ намуналаридан ҳам берсангиз. Олдиндан раҳмат.

ЖАВОБ.

МКнинг 95-моддасида ходимни иш берувчининг ташаббуси билан вақтинча бошқа ўтказиш тартиби тўғрисида зарур талаблар назарда тутилган.

❗️Эътибор беринг.

Ходимни унинг розилигисиз – иш берувчининг ташаббуси билан вақтинча бошқа ишга ўтказишга фақатгина ишлаб чиқариш зарурияти ёки бекор туриб қолинишнинг олдини олиш мақсадларидагина йўл қўйилади.

Бироқ ҳар қандай ҳолатда ходимга таклиф этиладиган ватинчалик иш унинг соғлиғига тўғри келиши лозим.

Чунки айнан 95-моддада ходимнинг соғлиғига тўғри келмайдиган бошқа ишга ўтказилиши мумкин эмаслиги қайд этилган.

Ходим вақтинча бошқа ишга ўтказилган даврда унга бажараётган ишига қараб, лекин аввалги ўртача иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда иш ҳақи тўланади.

Бошқа ишга ўтказиш муддатининг чегараси, меҳнатга тўланадиган ҳақнинг аниқ миқдорлари, шунингдек, ишлаб чиқариш зарурияти деб ҳисобланадиган ҳолатлар жамоа шартномасида кўрсатилади, агар у тузилмаган бўлса, иш берувчи томонидан ходимларнинг вакиллик органи билан келишиб белгиланади.

Вақтинча бошқа ишга ўтказиш тўғрисидаги буйруқни чиқаришда унинг муддати кўрсатилиши лозим.

Вақтинча бошқа ишга ўтказиш ҳолатлари тарафларнинг келишуви ва ходимнинг ташаббуси билан амалга оширилса, буйруқ чиқариш учун ходимнинг аризаси асос бўлади.

Агар ҳомиладор аёллар ва икки ёшга тўлмаган боласи бор аёлларни вақтинча бошқа ишга ўтказиш ҳақида буйруқ чиқарилса, бундай ҳолатларда буйруқ учун ходимнинг аризаси ва тиббий хулоса асос бўлади.

Ходимни иш берувчининг ташаббуси билан вақтинча бошқа ишга ўтказиш ҳақида буйруқ чиқариш учун эса ташкилотдаги ишлаб чиқариш зарурияти ёки ишда бекор туриб қолиш фактининг мавжудлиги асос бўлади.

Буйруқда ҳам унинг асоси сифатида айнан шулар келтирилиши лозим. Доимий бошқа ишга ўтказишдан фарқли равишда вақтинча бошқа ишга ўтказишлар меҳнат шартномасида акс эттирилмайди (МК 96-модда), яъни шартномага ўзгартириш киритилмайди.

📃 Ишда фойдаланиш учун буйруқ намунаси тақдим этилмоқда.👇

Каналга уланиш 👉@yuristkadr
2021 ЙИЛ 1 ЯНВАРДАН ЛИЦЕНЗИЯСИЗ ТАКСИСТЛИК ҚИЛИШ МУМКИН БЎЛАДИ!!!

Бугун, 8 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига Ўзбекистон Республикaси Президентининг “Яширин иқтисодиётни кескин қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони лойиҳаси жойлаштирилди.

❗️Диққат, мазкур Фармон лойиҳасидан кутилаётган энг асосий янгилик.

2021 йил 1 январдан:

жисмоний шахсларга ўзини ўзи банд қилган шахслар сифатида 5 кишидан кўп бўлмаган ўриндиқли (ҳайдовчини ҳисобга олган ҳолда) енгил автомобиль транспортида ташиш фаолиятини амалга оширишга рухсат берилади;

бунда ўзини ўзи банд этувчи шахслар енгил автомобиль транспортида йўловчиларни ташиш фаолиятини мобил иловалар – агрегаторлар орқали амалга оширганларида олинган даромадларга ижтимоий солиқни тўлаш билан бир қаторда жисмоний шаҳслардан даромад солиғи белгиланган тўлов ставка бўйича олинган даромад суммаси 50 фоизга камайтирилган ҳолда солиқ солинади.

Каналга уланиш 👉@yuristkadr
ИШ ҲАҚИ САҚЛАНМАГАН ТАЪТИЛГА МАЖБУРЛАБ ЧИҚАРИШЛАРИГА ЙЎЛ ҚЎЙМАНГ.

САВОЛ.
Ассалому алайкум. Мен Зарафшон саноат касб-хунар коллежи ўкитувчисиман. Коллежлар техникумга ўтказилиши муносабати билан ва пандемия сабабли коллеж мақоми техникумга утгунича 2-3 ой вакт ўтиши мумкин. Ўкитувчиларга рахбарият томонидан бу вактда ўз хисобидан таътил ёзиш талаб килиняпди. Агар уз хисобимиздан таътил ёзсак, биз 2-3 ой ойлик маошисиз коламиз. Биз укитувчиларнинг хеч кандай кушимча даромадимиз булмаса, шу вактгача бюджетдан таъминланган булсак фарзандларимизни кандай бокамиз? Коллежимизда укитувчилар орасида ёлгиз оила бокувчилар куп. Уларнинг ижтимоий ахволи нима кечади? Президентимизнинг 5969 ПФ фармонида 17 бандида тугатилаётган бюджетдан таъминланадиган мактаб коллежлар ходимларига ойлик маошлари уз вактида тулаб берилсин дейилган. Шунга тушунтириш берсангиз илтимос. Олдиндан рахмат, саломат булинг!

ЖАВОБ.

Бугун, бизнинг жамиятимизда сўз ва фикр эркинлиги шиддат билан ривожланмоқда.

Одамларимизнинг ҳуқуқий саводхонлиги ҳам ошмоқда, улар бўлаётган ҳақсизликларга, адолатсизликларга нисбатан имкони борича ўз фикрларини, ўз эътирозларини билдиришмоқда, ўз ҳуқуқлари учун курашмоқда.

Биз каби ҳуқуқий каналларнинг фаолиятидан кўзланган асосий мақсад ҳам худди шундай, яъни инсонларга уларнинг бузиган ҳуқуқларини тиклашга кўмаклашишдир.

Мени хурсанд қилган нарсалардан бири шуки, жамиятдаги айрим урчиб кетган қонунбузарликларнинг аслида ҳақиқатдан ҳам қонунбузарлик эканлигини инсонлар аста-секин тушуниб етишмоқда.

Авваллари, раҳбарларнинг ходимларни ўз ҳисобидан таътилга чиқиши тўғрисидаги кўрсатмаси қонун каби бажарилар, бу борада ходимлардан хатто розилик олиб ҳам ўтирилмас эди. Айниқса, давлат ташкилотларида бундай ҳолатлар ҳозир ҳам учраб турибди.

Эндиликда, ходимлар Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 150-моддасига мувофиқ ходимни иш ҳақи сақланмаган таътилга мажбурлаб чиқариш қонунбузарлик эканлигини тушуниб етишмоқда.

Сизга ҳам маслаҳатим шу, Сизнинг ва бошқа ҳамкасбларингизнинг розилигисиз, иш ҳақи сақланмаган таътилга чиқариш, ёки шунга мажбурлаш мутлақо ноқонунийдир.

Иш берувчига унинг ушбу хатти-ҳаракати қонуний эмаслигини билдириб, иш ҳақи сақланмаган таътилга чиқмаслигингизни тушунтиринг ва ишингизда давом этаверинг.

Аслида, юқоридаги қонунбузарлик учун иш берувчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддасига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 баробари (3.345.000 сўм) миқдоригача жарима кўзда тутилган.

Қонунбузар раҳбарга ана шу жавобгарлик билан боғлиқ нормаларни эслатиб қўйинг, ишонаманки, шу билан ҳаммаси жойида бўлади.

Каналга уланиш 👉@yuristkadr
ЭКОЛОГИЯ ХОДИМЛАРИНИ ПАХТАГА ЖАЛБ ҚИЛИНИШИ ҚАНЧАЛИК ТЎҒРИ?

Ижтимоий тармоқларда қуйидаги мурожаат тарқалган.

“Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекциясида ишлаймиз. Вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасига бўйсунамиз. Бошқарма тадбиркорлардан компенсация тўлови ва жарима ундиришни талаб қилар эди. Энди туман ҳокими ёрдамчилари ва қишлоқ хўжалиги бўлими ҳам хўжайинлик қилиб пахтага чиқишга мажбур қилмоқда. Ахир, биз кимнинг буйруғини бажарайлик? Озгина маошга қанот қилиб ишлаб келаётган ходимлар талабини инобатга олишларини сўраймиз”.

Тўғриси, шахсан менга ушбу соҳа бегона эмас. Ўзим жойлардаги экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаси ходимларига, экоинспекторларга ҳуқуқий масалаларда ҳамда экологик назорат масалаларида маъруза ўқиб келганман.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 15 январдаги 29-сон қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тўғрисида”ги Низомдан келиб чиқиб, қуйидагиларни билдириб ўтмоқчиман.

▪️Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармалари ҳамда уларнинг туман (шаҳар) инспекциялари Давлат экология қўмитаси тизимига киради.

▪️Бу Қўмитанинг ҳудудий органлари ва туман (шаҳар) бўлинмалари ҳокимлик органларига бўйсунмайди.

▪️Туман ва шаҳарлардаги инспекцияларнинг асосий вазифаси Давлат экология қўмитасига юкланган вазифалар ва функцияларни тегишли туман (шаҳар)да самарали бажариш ҳисобланади.

▪️Ушбу вазифалар қаторида пахта ёки ғалла ҳосилини йиғим-теримида қатнашиш деган вазифалар йўқ.

❗️ Аксинча, ҳудудий экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш органларининг ҳамда ТУМАН (ШАҲАР) ИНСПЕКЦИЯЛАРИнинг ўз ваколатлари доирасида, экологияни сақлаш борасида қабул қилган қарорлари керак бўлса, ҳокимлар томонидан бажарилиши мажбурийдир.

Қўмитанинг Низомида ёки бошқа қонун ҳужжатларида, ҳокимларда туман ва шаҳар экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси ходимларини ишдан олиб ташлаш, ёки уларга қандайдир интизомий жазо чоралари қўллаш деган ваколатлар йўқ.

Лекин, ҳокимларнинг биз ҳаммамиз билган кўринмас бир “таёғи” бор. Қайси ташкилот ҳимояланмаган бўлса, ўша ташкилотдаги ходимларга босим ўтказилади. Ҳозир ўқитувчи ва тиббиёт соҳаси ходимлари яхши ҳимояланганку, тўғрими, қани уларни пахтага жалб қилиб кўришсинчи, нима бўлар экан? Ҳимояланган деганда, мен аниқ бир соҳа ходимларини ортиқча юмушларга жалб қилинмаслиги юзасидан Президент ёки Ҳукумат қарорлари қабул қилинганлигини айтяпман.

Ҳимояланмаган ким қоляпти? Экология, ветеренария, банкирлар, ободонлаштириш, шуларга ўхшаганларми?

Тушунмайман, наҳотки, ҳар бир соҳа учун, шу соҳадаги ходимларни ҳар хил ишларга жалб қилинмаслиги, уларнинг фаолиятига ҳокимларнинг аралашмаслиги юзасидан алоҳида ҳужжат қабул қилиш керак бўлса?

Мажбурий меҳнатга доир талаблар ҳаммага бирдек тегишли эмасми, ахир?

Каналга уланиш 👉@yuristkadr
YURISTKADR
ЭКОЛОГИЯ ХОДИМЛАРИНИ ПАХТАГА ЖАЛБ ҚИЛИНИШИ ҚАНЧАЛИК ТЎҒРИ? Ижтимоий тармоқларда қуйидаги мурожаат тарқалган. “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекциясида ишлаймиз. Вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасига бўйсунамиз. Бошқарма…
Коронавирус инсониятнинг бошига тушган энг катта кулфатлардан бири бўлди.

Лекин агар одамлар ўзларини ўнглаб олмасалар, яқин келажакда экология муаммоси инсоният учун тасаввур қилиб бўлмайдиган даражада ташвиш туғдириши мумкинлигини барчамиз англаб турибмиз.

Шундай бир вазиятда, бизнинг жойлардаги мутасаддиларимиз экология муаммоларини ҳали ҳам назар-писанд қилмаётганлиги, туманлардаги соҳа ходимлари доимий равишда турли босимларга учраётганлиги, ўзларининг иши қолиб, экология соҳасига мутлақо ёт бўлган ишларга жалб қилинаётганлиги, улар асосан, жойлардаги ҳокимларга муте қилинганлиги шунчаки ачинарлидир.

Каналга уланиш 👉@yuristkadr
Наманганлик уй-жой низоси сабаб ўзини ёққан ва вафот этган аёлнинг фожеали тақдирига биздаги суд-ҳуқуқ тизими ҳам айбдор эканлигини хис қилиб, жуда ачиндим дўстлар.

Ўша уй-жой нотариус орқали олди-берди қилинганку. Ишончим комил, бу вазиятда агар олди-сотди шартномаси ҳақиқий эмас деб топилган бўлса, нотариуснинг ҳам айби албатта бор эди.

Наҳотки, ишни кўраётган жиноят суди марҳумнинг фуқаровий даъвосини кўриб чиқишда шу масалага эътибор қаратмади?

Бир томондан давлат нотариусининг масулиятсизлиги сабаб, “мўрт” расмийлаштирилган олди-сотди шартномаси оқибатида фуқарога етказилган зарар кеча айтганимдек, давлат томонидан қоплаб берилиши керак эдику.

Ижтимоий тармоқларни кузатдим, марҳум ўтган давр ичида бу уй-жой низосининг ортидан бормаган жойи, кўрмаган чораси қолмаган экан, лекин масаланинг ҳуқуқий ечими бўла туриб, унга ва унинг оиласига ҳеч ким, на суд, на прокуратура ва на бошқа ваколатли органлар жиддий эътибор қаратмаган.

Хуллас, ана шу ўтда ёниб, минг азобда хаётдан кўз юмган бечора аёл учун энг биринчи навбатда биз юристлар ҳақиқий айбдор эканлигимизни тан олайлик.

Адолатни таъминлаш қўлимиздан келмас экан бизларни, жамиятдаги ўрнимиз аслида ичи пуч бўлган бир ёнғоқ эканлиги яна бир бора ойдинлашди. Виждонимиз олдида ҳам бир пул эканмиз, афсус.

Каналга уланиш 👉@yuristkadr
Audio
Биз қандай юристлармиз?

👉 @yuristkadr
БАНКЛАРДАГИ ЮРИСТ ШТАТИНИ ҚИСҚАРТИРИШ МУМКИНМИ?

САВОЛ.
Ассалому алейкум. Хозирги кунда банк сохасида ишлаётган юристларнинг кискариши, хамада икки туманга битта юрист булиши канчалик тугри, шунчаки маълумот учун билмокчиман.

ЖАВОБ.

Сиз айтаётган банкдаги мулкчилик кимга тегишли эканлигига кўп нарса боғлиқ.

Демоқчиманки, бу банк давлат мулкчилигидаги банкми, ёки хусусий банкми, шунга эътибор қаратиш керак.

Масалан, мамлакатимизда айрим давлат банклари борки, улардаги юридик хизмат фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 январдаги ПҚ-2733-сон қарори билан тасдиқланган “Давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмати тўғрисида”ги Низом билан тартибга солинади.

Мана шу Низомнинг 5-бандида айтилганки:

юридик хизматнинг мавжуд штат бирликларини қисқартиришга ва уларни давлат органи ва ташкилотининг бошқа таркибий тузилмаларига қайта тақсимлашга йўл қўйилмайди.

Яъни, агар Сиз айтган банк давлат банки сифатида давлат ташкилоти мақомига эга бўлса, демак бу банкдаги мавжуд юридик хизмат штат бирлигини қисқартириш нотўғри ва юқоридаги қоидага зид бўлади.

Агар саволдаги банк давлат ташкилоти эмас, балки ҳусусий ёки аралаш мулкчиликдаги банк бўлса, тушуниш керакки, юқоридаги Низом талаблари бундай банклар учун мажбурий эмас.

Шу сабабли бундай банклардаги юридик хизмат штат бирлигини қисқартириш шу банкнинг ваколатли бошқарув органи (банк Кузатув кенгаши ёки банк Бошқаруви аъзолари) томонидан мустақил ҳолда ҳал қилиниши мумкин.

Каналга уланиш 👉@yuristkadr
ДАВЛАТ МТТ.ДАГИ ТАРБИЯЧИ ОЛИЙ МАЪЛУМОТ ОЛСА, ОЙЛИГИ ҚАНЧА ТЎЛАНИШИ КЕРАК?

САВОЛ.
Ассалому алейкум. Мен каналингизни, ундаги саволларга бериладиган жавобларни доим ўқиб бораман. Менда хам бир савол туғилди, илтимос ўқиб кўринг. Мен Жиззах вилоятида МТТда тарбиячи бўлиб ишлайман. Олий маълумотли бўлганимга 3 ой бўлди. Дипломларимизни бухгалтерияга топширганимизга хам 3 ой бўлди, лекин ойлигимизда ўзгариш йўқ. Ўрта-махсусларни ойлиги чиқмоқда. Директоримиз мен дипломларни берганман деб ўзини оқлаяпти. Кимга мурожаат қилайлик. Бизни ойлигимизда ўзгариш бўлиши керакми? Бўлса хам қанча қўшилиши лозим? Олдиндан рахмат.

ЖАВОБ.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 9 мартдаги 135-сон қарори билан тасдиқланган “Давлат мактабгача таълим тизими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг базавий тариф ставкалари миқдорлари”га мувофиқ,
давлат мактабгача таълим тизими педагог ходимларига қуйидаги малака тоифаларига ва маълумот даражасига қараб иш ҳақи тўланади:

олий малака тоифали;

биринчи малака тоифали;

иккинчи малака тоифали;

олий маълумотли;

ўрта-махсус маълумотли.

Давлат мактабгача таълим ташкилотида тарбиячи бўлиб ишлайдиган ходимнинг олий маълумотли ёки ўрта-махсус маълумотли эканлигига қараб, унга тўланадиган иш ҳақи миқдорида фарқ бор.

Ва табиийки, олий маълумотли ходим ўрта-махсус маълумотли ходимга қараганда бироз кўпроқ ҳақ олади.

Масалан, “Давлат мактабгача таълим тизими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг базавий тариф ставкалари миқдорлари”нинг I-бўлими 5-қаторига кўра:

агар тарбиячи малака тоифасисиз, шунчаки олий маълумотли бўлса, 1 203 660 сўм ва ўрта-махсус маълумотли бўлса, 1 111 444 сўм миқдорида иш ҳақи олади. Яъни ўртадаги фарқ 92.216 сўм.

Албатта, бу ерда олий маълумот олганлигингиз тўғрисидаги диплом нусхасини маъмуриятга топширган вақтингиздан бошлаб, Сизга айнан олий маълумот даражасидаги иш ҳақи тўланиши шарт.

Маслаҳатим, туман мактабгача таълим бўлими раҳбариятига бу муаммо тўғрисида расмий ариза билан мурожаат қилинг, Сизга ўтган даврдаги ойлар учун ўртадаги фарқни албатта қайта ҳисоб-китоб қилиб тўлаб беришади.

Каналга уланиш 👉@yuristkadr