YURISTKADR
55.7K subscribers
3.2K photos
707 videos
740 files
2.68K links
Саволларингизга амалиётчи юрист Саидали Мухторалиев жавоб беради.

Савол юбориш 👉 @yuristkadrbot

Юридик хизмат ва тижорий ҳамкорлик:
👉 @e_yurist01
Download Telegram
Айтишларича, Мажбурий ижро бюроси тизимидаги кўплаб ходимлар мажбурий равишда иш ҳақи сақланмаган таътилларга чиқарилмоқда экан.

Бу тизимда нималар бўляпти, тушунмаяпман?

Келаётган мурожаатларга кўра, МИБ тизимидан қисқаришга тушганлиги сабабли ишдан бўшатиб юборилган минглаб ходимларга Меҳнат кодексининг 67-моддасида назарда тутилган кафолатли тўловларни ҳамда ишдан бўшатиш нафақаларни тўлаш ҳам кечиктириляпти экан. Қисқартириш позицияси танлашдан аввал, ишдан бўшатиладиган ходимларга миллиардлаб маблағлар ҳаражат қилиниши мумкинлиги ҳисоб-китоб қилинганмиди, ўзи?

Кейин бир гап, тизимда ишлайдиган аксарият таркиб юристлардан иборат, улар Меҳнат кодексининг 150-моддасини, ходимларни иш ҳақи сақланмаган таътилга чиқишга мажбурлашни қанчалик ноқонуний эканлигини яхши билишади.

Бу масалада танланган йўл тўғри эмас, ҳаммадан қонунга риоя этишни талаб қиладиган юристларнинг ўзлари қонунни бузса, жуда хунук кўринади.

Қаердаки, ходимларни иш ҳақи сақланмаган таътилга чиқишга мажбурлаш ҳолатлари содир бўлаётган бўлса, буни зудлик билан тўхтатиш лозим.

Ходимлар эса, ўзларининг ҳуқуқларини билишлари лозим, агар ходим ариза ёзмаса ёки расмий розилик бермаса, уни ҳеч ким мажбурлаб бундай таътилга кетказа олмайди.

Каналга уланиш 👉@yuristkadr
Forwarded from Bahodir Ahmedov
Шу менга қонун хужжатларидаги айрим жумлалар жуда ғашимга тегадида. Масалан, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно деган жумла. Аввалига вой дооод деб биронта нарса қилиниши айтиладида, кейин шу жумла билан ҳаммасини ҳорам қилишади.

"Тадбиркорлик фаолияти кафолатлари тўғрисида"ги Қонун 32-моддаси:

"Тадбиркорлик фаолияти субъектларининг мол-мулки национализация ва мусодара қилинмайди, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундай мустасно".

P. S. Демак қилинади)

Каналга уланинг
👉 @bahodirahmedoff 👈
“ҚОНУНЛАРНИ АЙЛАНИБ ЎТУВЧИ” НОРМАЛАР ҲАҚИДА

Қонунлардаги “қонунда назарда тутилган ҳоллар бундай мустасно" каби жумлалар кўп ҳолатларда, ўзидан олдин келадиган қоидадан кўзланган мақсаднинг амалда тўлиқ бажарилмаслигига сабаб бўлади.

Амалиётда биз юристлар бундай жумлаларни одатда, “қонунларни айланиб ўтувчи” нормалар деб атаймиз.

Баходир Ахмедов ҳам "Тадбиркорлик фаолияти кафолатлари тўғрисида"ги Қонундаги айни шу жиҳатга эътибор қаратган.

Аслида ана шундай “қонунни айланиб ўтиш” ҳусусиятига эга бўлган “бундан мустасно” ёки “қонунларда (қонун ҳужжатларида) назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно” жумлалари ҳозирда мамлакатимизда амалда бўлиб турган:

312 та Қонунда;

152 та Президент Фармонида;

258 та Президент Қарорида;

ва 886 та Вазирлар Маҳкамаси Қарорида мавжуд.

Умид қиламизки, яқин вақтлар ичида ана шундай нормалар Парламентимиз шафелигида масъул идоралар томонидан бир қатор инвентаризациядан ўтказилиб чиқилади ва асоссиз “айланиб ўтишлар”нинг олди олинади.

Каналга уланиш 👉@yuristkadr
МАСТЛИК САБАБ КАСАЛ БЎЛГАН ХОДИМГА “БОЛЬНИЧНЫЙ” ТЎЛАНМАЙДИ!

САВОЛ.
Ассалому-алайкум. Бир ходимимиз ўз машинасида мастлик натижасида автоавария содир қилган ва жароҳатланиб, 20 кун ишга келолмади. Ўтган хафтада касаллик варақаси олиб келиб бизга топширди. Ҳозир унга касаллик нафақасини тўлаб беришимиз керак экан, шунда қанча миқдорда тўланиши ҳақида маълумот берсангиз олдиндан раҳмат.

ЖАВОБ.

Жуда қизиқ савол бу.
Қизиқ деганим шуки, ходим автоҳалокат натижасида жароҳатланган ва бунга ундаги мастлик ҳолати сабаб бўлган экан.

❗️Очиқ айтиш керак, амалдаги қонун ҳужжатлари талаблари айни бу масалада ходим томонига ён босмайди.

Адлия вазирлиги томонидан 2002 йил 8 майда 1136-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган “Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 23-бандига асосан, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси қуйидаги ҳолларда берилмайди:

ишдан ёки бошқа вазифалардан бўйин товлаш мақсадида ўз саломатлигига атайлаб зиён етказган ёхуд ўзини касалликка солганда;

гиёҳвандлик ёки мастлик билан боғлиқ ҳаракатлар оқибатида, шунингдек, спиртли ва гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилиш натижасида касалликка чалинганда (жароҳатланганда);

жиноят содир қилиш вақтида жароҳатланганда;

суд қарори асосида мажбурий даволанишга юборилганда (руҳий касаллардан ташқари);

ҳибсда бўлган даврда;

суд-тиббиёт экспертизасидан ўтиш даврида.

❗️Демак, ушбу қоидадан кўриб турибмизки, ходимга ўзи маст ҳолатда бўлганлиги сабабли жароҳат олиб касал бўлган даври учун вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси тўланмайди.

Каналга уланиш 👉@yuristkadr
БОЛА ТУҒИЛГАНДА ТЎЛАНАДИГАН НАФАҚАДАН ҚАНЧА СОЛИҚ УНДИРИЛАДИ?

САВОЛ.
Ассалому-алайкум, ҳурматли юрист. Мен хусусий корхонада бош бухгалтер бўлиб ишлайман. Яқинда бир ходимимиз декрет таътилига чиқади, унга бола туғилганида бериладиган тўловлар тўлаб берилиши керак. Шу тўловлардан солиқ ундириладими, ундирилса қанча миқдорда ундирилади? Илтимос, шу саволга тезроқ жавоб топиб берсангиз.

ЖАВОБ.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 365-моддасига кўра:

“солиқ тўловчининг жами даромади жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг солиқ солиш объекти деб ҳисобланади” дейилган.

Демак, жисмоний шахсларнинг жами даромади таркибига кирувчи маблағларгина даромад солиғига тортилиши мумкин бўляпти, тўғрими?

Энди қаранг, мазкур Кодекснинг 369-моддасида жисмоний шахсларнинг жами даромади таркибига кирмайдиган маблағлар бирма-бир келтириб ўтилган.

Ана шу 369-модданинг 1-қисми 7-бандига кўра, ижтимоий суғурта нафақалари, шу жумладан ҳомиладорлик ва бола туғилганда бериладиган туғиш нафақалари ҳам жами даромад таркибига кирмаслиги белгилаб қўйилган.

Демак, ҳулоса шундай, ходимларга ҳомиладорлик ва бола туғилганда бериладиган туғиш нафақалари даромад солиғига тортилмайди. Яъни, ҳеч қанча миқдорда.

Каналга уланиш 👉@yuristkadr
КОЛЛЕЖДАН АСОССИЗ БЎШАТИЛГАН ХОДИМНИ ИШГА ТИКЛАШ ТЎҒРИСИДАГИ ДАЪВО АРИЗАДАН НАМУНА

БИЗГА КЕЛГАН МУРОЖААТ.
Ассалому-алайкум, Саидали Мухторалиев. Сизни каналингизни кузатиб борамиз. Биз каби коллеж ўқитувчиларини ҳимоя қилиб келяпсиз, бунинг учун раҳмат. Мен коллеж ўқитувчиси эдим, бизни коллеж ҳам Президент Фармонига асосан касб-хунар мактабига айлантирилган. Лекин ўзингиз айтганингиздек, раҳбарият Президент фармонини тўғри тушунмай, коллеж тугатилди деб, бизни ишдан бўшатиб юборди. Yuristkadr каналида бу нотўғри эканлигини тушунтирганингиздан кейин, коллеж директорига бир неча бор мурожаат қилдик, лекин мени ҳам, бошқа ҳамкасбларимни ҳам ишимизга қайтармади. Энди ҳозир судга чиқмоқчимиз. Сиздан илтимос, бизни ишга қайтишмиз бўйича судга киритиладиган даъво аризадан тайёрлаб берсангиз. Аввалдан катта раҳмат, саломат бўлинг.

ҲУҚУҚИЙ ЁРДАМ.

Президентимизнинг 2019 йилнинг 6 сентябрида “Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5812-сонли фармони 1-иловаси билан ундк кўрсатилган коллежлар касб-ҳунар мактаблари сифатида қайта ташкил этилиши белгилаб қўйилган.

Яъни, бу ерда касб-ҳунар коллежларининг тугатилиши эмас, балки уларнинг касб-ҳунар мактаби сифатида қайта ташкил этилиши назарда тутилган.

Меҳнат кодексининг 98-моддасига асосан “корхона мулкдори алмашганда, худди шунингдек корхона қайта ташкил этилганда (қўшиб юборилган, бирлаштирилган, бўлиб юборилган, қайта тузилган, ажратилганда) меҳнат муносабатлари ходимнинг розилиги билан давом этаверади” дейилган бўлиб, агар бу вазиятда ходимлар коллеж тугатилди деб ишдан бўшатиб юборилган бўлса, демак бу ноқонуний бўлган.

Ҳақиқатдан ҳам, бу ҳақида шунча гапирибмиз-у, лекин жабр кўрган ходимларни ишга тиклашга оид судга бериладиган даъво аризадан намуна бермабмиз.

Сизнинг мурожаатингиздан келиб чиқиб, айни шу масалага тўғри келадиган ва фуқаролик ишлари бўйича судларга киритиладиган даъво ариза намунасини тайёрладик.

Бу намунадан қонунга зид равишда ишдан бўшатилган барча ходимлар фойдаланиши мумкин деб ҳисоблаймиз.

📃Намунада кўрсатилган номлар (масалан, даъвогар ва жавобгар коллежнинг номлари) тўқима ёки мисол сифатида олинган, бу тўғри тушунилади деб умид қиламиз. 👇

Каналга уланиш 👉@yuristkadr
“СЭС” ТИЗИМИДАГИ АРОСАТДА ҚОЛИБ КЕТАЁТГАН ДЕКРЕТДАГИ ХОДИМЛАР

Хабарингиз бор, Президентнинг ўтган йилги – 2019 йил 9 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси санитария-эпидемиология хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5814-сонли Фармонига асосан, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг санитария-эпидемиология назорати хизмати иккига ажралиб, унинг ўрнида:

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари;

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ташкил этилган.

Дастлаб, ўтган йили сентябрь-октябрь ойларида кимдир Санитария-эпидемиология назорати хизмати ва унинг ҳудудий ҳамда туман (шаҳар) бўлинмалари тугатилди деб жар солган ҳамда барча ходимларни ёппасига ишдан бўшатиш бошланган.

Кейин, яна ўша кимдир ташкилотни тугатиш эмас, балки қайта ташкил этиш кўзда тутилганлигини тушунганидан сўнг, ходимларни оммавий ишдан бўшатишлар тўхтатилган ҳамда фақат штат бирликлари қисқарган ходимларни бўшатиш чоралари кўрилган.

Мен рўпара келган муаммоли ҳолат шуки, ўша вақтда ҳар бир туман ва шаҳар санитария-эпидемиология назорати хизмати бўлимларида ўртача 10-20 тагача атрофида декрет таътилларидаги ходимлар бўлган. Меҳнат кодексининг 237-моддаси талабларига асосан ушбу ходимлар ишдан бўшатилмаган ва бу тўғри қилинган.

Бу вазиятда, Меҳнат кодексининг 234-моддасидаги “болани парваришлаш таътиллари даврида аёлнинг иш жойи (лавозими) сақланади” дейилган қоидага асосланиб, декретдаги ходимларни ёки ўз лавозимида сақлаб қолиш, ёки штатлардаги ўзгаришларга мувофиқ бошқа лавозимга ўтказиш керак эди.

Бироқ, ишдан бўшатиладиган ва ишда қолдириладиган ходимларни саралаш вақтида аксарият туман ва шаҳарларда ана шу декрет таътилларида бўлган ходимларнинг лавозимларини сақлаб қолиш, ёки уларни бошқа лавозимга ўтказиб қўйиш чоралари кўрилмаган.

Натижада, ҳозирги кунда туман ва шаҳарлардаги “СЭС”ларда расман штатда ҳам мавжуд бўлмаган, лавозими ҳам сақланмаган 10-20 та атрофидаги декретдаги ходимлар масаласи “осилиб турибди”.

Яъники, улар ҳеч қандай ҳисобда йўқ, улар тўғрисида юқори “СЭС” органларида ҳам, шу жумладан, бошқа назорат органларида ҳам маълумот йўқ. Адашмасам, жойлардаги раҳбарлар мабодо тизимга қўшимча штатлар берилса, ўша декретдаги ходимларни ўша жойларга ишга жойлаштираман деб ўйлаб юришибди. Аслида бу нотўғри, декретдаги ходимлар айнан бошиданоқ ўз лавозимларида қолишлари ёки ўзаро мувофиқ бўлган лавозимларга ўтказилиши шарт эди.

Айни вақтда туман ва шаҳарлардаги “СЭС”ларда тахминан минглаб декрет таътилларидаги ходимлар аросатда, уларнинг кейинги тақдири мавҳумликда турибди. Улар билан ҳозирда ҳеч кимнинг иши бўлгани йўқ.

Ҳозир, Президентнинг 2020 йил 25 июлдаги ПФ-6035-сонли Фармонига асосан, “СЭС” тизими яна ислоҳ этиляпти, бир йил аввал иккига ажратилган ташкилот, энди яна қўшилиб, ягона тизимга айлантириляпти. Бу Фармон мазмунига кўра, тизимда қўшимча штатлар бўлмаслиги аниқ.

Мутасаддиларга таклифим, мавҳумликда қолаётган декретдаги ана шу ходимлар масаласи билан жиддий шуғулланиш керак, акс ҳолда, ушбу минглаб ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари қўпол равишда бузилади ҳамда эртага бошингиз муаммодан чиқмай қолади.

Каналга уланиш 👉@yuristkadr
ХАЛҚ ТАЪЛИМИ ВАЗИРЛИГИНИНГ Қ. ДУСОВГА НИСБАТАН ДАЪВО АРИЗАСИ БЎЙИЧА ЮРИТИЛАЁТГАН ФУҚАРОЛИК ИШИ ЮЗАСИДАН РАСМИЙ БАЁНОТ

Даъвогар – Халқ таълими вазирлиги жавобгар – Қобул Дусовга нисбатан ташкилотнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш тўғрисидаги даъво ариза билан фуқаролик ишлари бўйича Чирчиқ туманлараро судига мурожаат қилган.

Ушбу даъво ариза иш юритувига қабул қилиниб, ҳозирги кунда фуқаролик иши қўзғатилган.

Дастлабки суд мажлисларида фуқаролик иши бўйича тарафларнинг баёнотлари, гувоҳ кўрсатмалари олиниб, суднинг 2020 йил 23 сентябрь кунидаги ажримига кўра фуқаролик иши юзасидан суд-лингвистика экспертизаси тайинланиб, уни ўтказиш Чирчиқ давлат педагогика институти зиммасига юклатилган ва фуқаролик иши иш юритишдан тўхтатилган.

Мазкур фуқаролик иши экспертиза хулосалари олинганидан сўнг тикланиб, судда кўрилиши давом эттирилади.

Шу ўринда ижтимоий тармоқларда турли бахс-мунозараларга сабаб бўлган ушбу фуқаролик иши бўйича ўтказилаётган суд жараёнини ёритаётган айрим журналист ва блогерлар эътиборини Ўзбекистон Республикасининг “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Қонуни 6-моддаси (оммавий ахборот воситалари эркинлигини суиистеъмол қилишга йўл қўйилмаслиги) нинг талабларига яна бир бор қаратмоқчимиз.

Унга кўра, муайян иш бўйича суд қарори чиқмасдан туриб ёки суднинг қарори қонуний кучга кирмай туриб, унинг натижаларини тахмин қилиш ёхуд судга бошқача йўл билан таъсир кўрсатиш тақиқланади.

Шуни ёдда тутиш керакки, суд – мустақил ҳокимият. У кимнингдир фикри ва талаби билан иш тутмайди. Суд фақат қонунга таянади, далилларга асосланади.

Бош қомусимизнинг 112-моддасида: “Судьялар мустақилдирлар, фақат қонунга бўйсунадилар. Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади”, деб қайд этилган.

Албатта, демократик ҳуқуқий давлатни сўз эркинлиги, яъни фикрлар хилма-хиллиги тамойилисиз тасаввур этиб бўлмайди. Тараққий этган давлатларда сўз эркинлиги ва фикрлар хилма-хиллиги тараққиётни ҳаракатга келтирувчи муҳим куч сифатида юксак қадрланиши ҳам шундан. Бу муҳим омиллар эса, ўз навбатида, қонун устуворлиги тамойилига бўйсунади.

Бироқ, сўз эркинлиги, фикрлар хилма-хиллигини хаёлга келган гапни айтиш, бировни ҳақорат қилиш, шахс қадр-қиммати ва шаънини ерга уриш қабилида тушуниш калтабинликдан бошқа нарса эмас.

Сўз эркинлиги юксак масъулият ва маданият белгисидир. Бу тамойилга ҳамиша ҳурмат билан муносабатда бўлиш талаб этилади.

Мамлакатимизда судлар очиқ-ошкор (ёпиқ суд мажлислари бундан мустасно) фаолият юритади. Суд жараёнларида ҳар ким бемалол иштирок этиши мумкин.

Аммо баъзи журналистлар ва блогерлар суд жараёнида иштирок этаркан, ҳали суд ҳукми ёки қарори ўқиб эшиттирилмай туриб, бу ҳақда тахминий муносабатларини сайтларида эълон қилади. Бу ҳам – судга, судьяга босим ўтказишнинг бир кўринишидир.

Хулоса қилиб шуни айтмоқчимизки, суд ишига асоссиз аралашиш, судьяни ҳурмат қилмаслик мавжуд қонунларга беписандлик сифатида баҳоланишини унутманг.


Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати

Каналга уланиш 👉@oliysuduz
КАСАЛЛИК ВАРАҚАСИМИ ЁКИ МАЪЛУМОТНОМА?

САВОЛ.
Мен вирусдан касаллангандан сўнг ишхонага касаллик варақаси олиб борсам, мендан маълумотнома олиб келинг касаллик варақаси ўтмайди деб талаб киляпди шу тўғрими?

ЖАВОБ.

❗️Эътибор беринг, Соғлиқни сақлаш вазирининг 2020 йил 11 майдаги “Меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини бериш тартиби тўғрисидаги йўриқномага ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги 117-сонли буйруғи Адлия вазирлиги томонидан 2020 йил 15 июнда 2667-2-сон билан рўйхатдан ўтказилди.

▪️Ҳозирда, юқоридаги Йўриқноманинг 46-бандига мувофиқ:

тиббиёт муассасасида карантинга олинган шахсларга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси карантинда бўлган тўлиқ кунларигa тегишли даволаш-профилактика муассасаси томонидан берилади.

уй шароитида карантинга олинган шахсларга ҳамда карантинга олинган шахсларнинг
14 ёшгача бўлган боласини парвариш қилаётган шахсларга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси карантинда бўлган тўлиқ кунларига уларнинг яшаш жойидаги поликлиника томонидан берилади.

❗️Энди қаранг, Адлия вазирлиги томонидан 2002 йил 8 майда 1136-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган “Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 10-бандида:

“вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақасини тайинлаш учун фақат белгиланган тартибда берилган вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси (касаллик варақаси) асос бўлади” деб аниқ белгилаб қўйилган.

Кўриб турибсизки, мазкур вазиятда Сиз тўлақонли ҳақсиз ва касаллик варақаси тақдим этиб тўғри иш қилгансиз, ўз навбатида ишхонангиз томонидан “маълумотнома олиб келинг касаллик варақаси ўтмайди” деб талаб қўйилиши мутлақо нотўғри.

Каналга уланиш 👉@yuristkadr
ХОДИМГА БОЛА ПАРВАРИШЛАШ ТАЪТИЛИ ДАВРИДА “БОЛЬНИЧНЫЙ” ТЎЛАНАДИМИ?

САВОЛ.
Ходим болага қараш таътилига чиқарилган, ҳатто декрет пулиям тўлаб берилди. Лекин ҳозир ушбу ходим 10 кунлик касаллик варақаси олиб келган ушбу ҳолатда ташкилот унга касаллик варақасини тўлашга мажбурми ёки аксинчами?

ЖАВОБ.

Адлия вазирлиги томонидан 2002 йил 8 майда 1136-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган “Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 22-бандига асосан, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик қуйидаги даврларга тўғри келганда нафақа тўланмайди:

иш ҳақи сақланмаган таътил;

болани парваришлаш бўйича таътил;

иш вақтинча тўхтатилган;

ходим ишдан (лавозимдан) четлаштирилиб, иш ҳақи тўлаш тўхтатиб қўйилганлиги сабабли ишламаган;

ҳарбий ўқув ёки текширув йиғини;

ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда ўқув юртларида таҳсил олиш муносабати билан берилган қўшимча таътил.

Демак, ходим бола парваришлаш таътили даврида касал бўлб, касаллик варақаси тақдим этса, унга нафақа тўланмайди.

Каналга уланиш 👉@yuristkadr
ВАҚТИНЧА МЕҲНАТГА ҚОБИЛИЯТСИЗЛИК НАФАҚАСИ МИҚДОРИ ҚАНЧА?

Агар, шахс коронавирус инфекцияси билан зарарланиши ёки зарарланган деб гумон қилиниши муносабати билан карантинга жойлаштирилган ота ёки она (улар ўрнини босувчи шахслар, васийлар, ҳомийлар) ҳисобланса, шунингдек, уларнинг 14 ёшгача бўлган боласини парвариш қилаётган шахс бўлса, уларга ўртача ойлик иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси тўланади (Президентнинг 19.03.2020 йилдаги ПФ-5969-сонли Фармони 16-банди).

Шунингдек, қолган ҳолатларда нафақа миқдори Адлия вазирлиги томонидан 2002 йил 8 майда 1136-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган “Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низом билан белгиланади.

Низомнинг 26-банди.

Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси иш стажининг давомийлигидан қатъи назар иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида қуйидагиларга тўланади:

ишлаётган 1941 — 1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига;

байналминал жангчиларга ва уларга тенглаштирилган бошқа шахсларга;

қарамоғида 16 ёшга (ўқувчилар 18 ёшга) етмаган уч ёки ундан ортиқ болалари бўлган ходимларга;

Чернобил АЭСдаги авария оқибатларини тугатишда қатнашган ходимларга;

Чернобил АЭСдаги авария натижасида радиоактив ифлосланиш зонасидан эвакуация қилинган ва кўчирилган, қон ҳосил қилувчи органлар касалликлари (ўткир лейкоз), қалқонсимон без (аденома, рак) ва хавфли ўсмалар билан боғлиқ касалликларга чалинган ходимларга;

меҳнатда майибланиш ва касб касаллиги натижасида вақтинча меҳнатга қобилиятсиз бўлган ходимларга.

Низомнинг 27-банди.

Ижтимоий аҳамиятга эга бўлган касалликлар (сил касаллиги, онкология касалликлари, янгидан пайдо бўладиган хатарли ўсимталар, жинсий йўл билан ўтадиган касалликлар, СПИД, мохов (лепра) касаллиги, руҳий касалликлар) бўйича ҳисобда турган ходимларга улар томонидан давлат ижтимоий суғурта бадали тўлаган даврининг (умумий иш стажининг) давомийлигига боғлиқ равишда вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси қуйидаги миқдорларда тўланади:

а) умумий иш стажи 8 йил ва ундан ортиқ бўлган ходимларга иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида;

б) умумий иш стажи 5 йилдан 8 йилгача бўлган ходимларга иш ҳақининг 80 фоизи миқдорида;

в) умумий иш стажи 5 йилгача бўлган ходимларга иш ҳақининг 60 фоизи миқдорида.

Низомнинг 28-банди.

Мазкур Низомнинг 26 ва 27-бандларида назарда тутилган ходимлардан ташқари қолган ходимларга вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик бўйича нафақа қуйидаги миқдорларда тўланади:

а) умумий иш стажи 8 йил ва ундан ортиқ бўлган ходимларга ҳамда 21 ёшга етмаган чин (сағир) етимларга иш ҳақининг 80 фоизи миқдорида;

б) умумий иш стажи 8 йилгача бўлган ходимларга иш ҳақининг 60 фоизи миқдорида.

Каналга уланиш 👉@yuristkadr
ФАРЗАНДИ БОР АЁЛ ХОДИМ ҚАНЧА МУДДАТ ҚИСҚАРТИРИЛГАН ИШ ВАҚТИДАН ФОЙДАЛАНИШ МУМКИН?

САВОЛ.
Бюджет ташкилотидаги она боласи 1 ёшлигида ишга чиқиб, қисқартирилган иш режимида ишлади. Энди боласи 2 ёшга тўлди. Иш вақти яна қисқартирилган режимда қоладими?

ЖАВОБ.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 228-1-моддасига асосан:

“уч ёшга тўлмаган болалари бор, бюджет ҳисобидан молиявий жиҳатдан таъминланадиган муассасалар ва ташкилотларда ишлаётган аёлларга иш вақтининг ҳафтасига ўттиз беш соатдан ошмайдиган қисқартирилган муддати белгиланади” дейилган.

Ушбу моддага асосан, агар бюджет ташкилотларида ишлаётган ходимга аслида фарзанди 3 ёшга тўлгунига қадар қисқартирилган иш вақти белгиланиши керак.

❗️Демак, саволдаги вазиятда бюджет ташкилотида ишлайдиган она қисқартирилган иш вақтидан яна бир йил, яъни боласи 3 ёшга тўлгунига қадар фойдаланиши мумкин.

Каналга уланиш 👉@yuristkadr
МТТ.ГА ЯНГИ РАҲБАР КЕЛИБ ЯНГИТДАН МУДДАТЛИ ШАРТНОМА ТУЗЯПТИ, ШУ ТЎҒРИМИ?

САВОЛ.
Ассалому алейкум, мен болалар боғчасида тарбиячи бўлиб ишлайман, ишлаётган боғчамни ўзида 18 йилдан бери узлуксиз ишлаб келаяпман, раҳбаримиз ўзгарди, шартномани янгилайман, чунки ҳар бир рахбар ўзи учун мехтан шартномасини янгилайди деб, шартномани 2 йилга деб, қўл қўйдириб олди, шу тўғрими? Олдиндан рахмат.

ЖАВОБ.

❗️Эътибор беринг, Меҳнат кодексининг 15-моддаси 1-бандига кўра, корхоналар, шу жумладан, уларнинг алоҳида таркибий бўлинмалари ўз раҳбарлари тимсолида иш берувчи ҳисобланади.

Бу моддага кўра, корхонада раҳбар ўзгарганлиги, ёки янги раҳбар келганлиги иш берувчи ўзгарганлигини англатмайди, яъни корхона раҳбари алмашганда ҳам иш берувчи корхона сифатида ўша-ўша, ўз ўрнида турибди.

Демак, корхонага янги раҳбар келганда меҳнат шартномасига умуман дахл қилинмаслиги ва тегилмаслиги керак ҳамда бу вазиятда шартнома янгитдан қайта тузилмайди.

Негаки, бунда меҳнат шартномасидаги тарафлар ўзгаргани йўқ. Яъни ходим ҳам ўша, иш берувчи ҳам ўша.

Меҳнат шартномасини янги санадан қайтадан тузиб, аввалги шартнома мавжудлигидан кўз юмиш, албатта тўғри эмас.

Бундан ташқари, Меҳнат кодексининг 76-моддасига асосан, иш берувчининг муддатли меҳнат шартномаси тузиш ҳуқуқи чекланган.

Муддатли шартномалар:

бажарилажак ишнинг хусусияти, уни бажариш шартлари ёки ходимнинг манфаатларини ҳисобга олган тарзда, номуайян муддатга мўлжалланган меҳнат шартномаларини тузиш мумкин бўлмаган ҳолларда;

корхона раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер билан, корхонада бош бухгалтер лавозими бўлмаган тақдирда эса, бош бухгалтер вазифасини бажарувчи ходим билан;

қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда тузилиши мумкин.

❗️Сиз эса, тушунишимча, юқоридаги тоифа ходимлар қаторига кирмайсиз ва шу сабабдан ҳам Сиз билан янгитдан – 2 йилга муддатли меҳнат шартномаси тузилишини қонунга зид деб ҳисоблаймиз.

Каналга уланиш 👉@yuristkadr
ХОРИЖЛИК МУТАХАССИСНИ ЁЛЛАДИК, УНГА ИШ ҲАҚИ ТЎЛАШДА, СОЛИҚ ҚАНЧА УШЛАНАДИ?

САВОЛ.
Ассалому-алайкум. Биз яқинда корхонамизга Хитойдан янги ускуналар олиб кирдик, уни ишга тушириш ва ишлатиш хитойлик мутахассисни ёлладик. У билан шартнома тузиб 1 ой давомида ишладик, энди бу мутахассисга иш ҳақи тўлашимиз керак, шунда даромад солиғи қандай бўлади?

ЖАВОБ.

❗️Эътибор беринг, амалдаги Солиқ кодексининг 30-моддасига асосан:

агар жисмоний шахс тегишли солиқ даврида Ўзбекистон Республикасида жами бир юз саксон уч кундан кам бўлиб, бироқ ушбу туриш муддати унинг бошқа бирор-бир давлатда турган муддатидан кўпроқ бўлса ҳам, у Ўзбекистон Республикасининг солиқ резиденти деб эътироф этилади.

Адашмасам, Сиз айтган хитойлик мутахассис мамлакатимизда яқинда иш бошлаган ва шу сабабдан ҳам уни солиқ резиденти деб айта олмаймиз.

▪️Мана шу 30-модданинг охирги қисмида айтилганки:

“Ўзбекистон Республикасининг солиқ резидентлари бўлмаган жисмоний шахслар Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари деб эътироф этилади”.

Демак, айни вазиятда сизлар ёллаган хорижлик мутахассис солиқ масаласида норезидент ҳисобланади, буни тушуниб олдик, тўғрими?

Энди қаранг, норезидент жисмоний шахслар учун даромад солиғи миқдори айнан юқоридаги Солиқ кодексининг 382-моддасида аниқ белгилаб қўйилган.

Мазкур 382-моддага кўра, норезидент бўлган жисмоний шахсларнинг меҳнат шартномалари (контрактлари) ва фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятдаги шартномалар бўйича олинган даромадларига 20 фоизлик ставка асосида солиқ ҳисобланади.

Каналга уланиш 👉@yuristkadr
МЕҲНАТ БЎЛИМИ ЯНГИ БИТИРУВЧИНИ ИШГА ОЛАСИЗ ДЕЯПТИ, БИРОҚ БИЗДА БЎШ ИШ ЎРНИ ЙЎҚ.

САВОЛ.
Мен давлат МТТ рахбариман менга меҳнат бўлими томонидан туман хокими квотаси учун деб янги битирувчи, кўп болали ва ногиронларига штат ажратиб ишга оласан дейишяпти. Яқинда ишдан бўшаган ходим ўрнига янги битирувчи олдим, штатларим тўлган. Қолган икки квота учун бошқаларни ставкасини қисқартириб ишга олишим тўғрими? Бу қонунда борми? Қандай йўл тутади?

ЖАВОБ.

Қаранг, қонунчилигимизга кўра, меҳнат органлари томонидан корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга ишга юборилган шахсларни ишга қабул қилишни асоссиз рад қилиш ёки иш ўринларининг белгиланган энг кам сони ҳисобидан иш ўринларига ишга жойлаштиришни асоссиз равишда рад этиш ҳақиқатдан ҳам қонунбузарлик ҳисобланади.

Лекин, Сиз раҳбарлик қилаётган муассасада вакант, яъни бўш иш ўрни мавжуд эмаску, шундайми?

Қаранг, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 50-моддаси иккинчи қисмига кўра, бу ҳолатда ҳаракат (ёки ҳаракатсизлик) мансабдор (масалан, Сиз) агар бўш иш ўринлари (вакант лавозимлар) мавжуд бўлгани ҳолда асоссиз равишда рад этса, айнан мана шу ҳуқуқбузарлик ҳисобланиши тушунилмоқда.

📃Шундан келиб чиқиб, агар МТТда бўш иш ўрни бўлмаса, меҳнат органларига расмий хат бериб, бўш иш ўрни мавжуд эмаслиги сабабли юборилган номзодларни ишга қабул қилолмаслигингизни тушунтиришингиз керак.

❗️Бу вазиятда, бошқа ходимларнинг иш ставкаларини камайтириш имконсиз ва нотўғри, негаки, бу ставкалар ва бу иш хажмлари уларнинг меҳнат шартномалари билан белгиланган ва уларнинг розилигисиз ўзгартириш мумкин бўлмаган меҳнат ҳуқуқларидир.

Каналга уланиш 👉@yuristkadr
ИШ ЎРИНЛАРИНИ ЯРАТМАГАН ДЕБ МАКТАБ ДИРЕКТОРИГА МАЪМУРИЙ ЖАРИМА ҚЎЛЛАШ ҚАНЧАЛИК ТЎҒРИ?

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 50-моддаси 1-қисмига кўра маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг давлат қўшимча кафолатларни таъминлайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини яратишга доир қарорларини бажармаслик:

мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Туман ва шаҳарлардаги умумтаълим муассасалари директорлари ва мактабгача таълим мудирлари (директорлари) ҳам ана шу ҳуқуқбузарлик билан тез-тез жаримага тортилиб турадилар. Хўш, бу тўғрими? Бугун шу масалани мактаб директорлари мисолида ўрганишга ҳаракат қилдик.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 декабрдаги 965-сон қарори билан тасдиқланган “Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 6-бандига биноан:

муҳтожларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ходимларнинг рўйхатдаги ўртача сони 20 нафар кишидан ортиқни ташкил этадиган ташкилотлар учун назарда тутилади;

иш ўринларининг белгиланадиган энг кам сонининг жами сони туманлар (шаҳарлар) ҳокимларининг қарорларига мувофиқ ташкилотнинг рўйхатдаги ходимлари ўртача сонининг 10 фоизидан ортиқни (шу жумладан, ногиронлар учун камида 3 фоизни) ташкил этиши мумкин эмас.

Тасаввур қилайлик, бир мактабда ходимларнинг ўртача сони 60 нафарни ташкил қилади, ҳоким қарори чиқди ва унга асосан ана шу мактабга ҳам иш ўринларининг энг кам сонини яратиш вазифаси юклатилди. Орадан маълум бир вақт ўтди, ушбу мактабда ҳоким қарорида кўрсатилган талаблар бажарилмади ва қўшимча иш ўринлари яратилмади, натижада меҳнат инспекторлари ушбу мактаб директорига нисбатан МЖтКнинг 50-моддасига асосан БҲМнинг 10 баробари миқдорида жарима қўллади.

Мазкур ҳолатда мактаб директорига нисбатан маъмурий жарима қўллаш учун мактаб директори айнан ўз ваколатига кирган вазифани бажармаган бўлиши керак. Чунки ҳуқуқбузарлик мажбуриятларни бажармаганлик натижасида келиб чиқади. Энди савол, давлат мактабларининг штат жадвалларга ўзгартириш киритиш ёки бу мактабларда қўшимча иш ўрнини яратиш мактаб директорининг ваколатига кирадими, мустақил ҳолатда унинг қўлидан келадими, бу иш? Албатта йўқ.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 мартдаги 140-сон қарори билан тасдиқланган “Умумий ўрта таълим тўғрисида”ги Низомнинг 74-бандига асосан,
“давлат умумтаълим муассасалари штатидаги ходимлар сони умумтаълим муассасаларининг намунавий штатларига мувофиқ белгиланади” дейилган. Шунингдек, ушбу бандда, давлат умумтаълим муассасаларининг намунавий штатлари Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланиши ҳам кўрсатиб ўтилган.

Кўряпсизми, айнан шунинг учун ҳам, бу масалада, умумтаълим мактаблари раҳбарларига нисбатан МЖтКнинг 50-моддаси 1-қисмига мувофиқ маъмурий жарима белгиланиши қонун бўйича ҳам, мантиқ бўйича ҳам ҳуқуқий асосга эга эмас.

📃 Бу вазиятда, мактаб директорининг вазифаси ва ваколати туман ҳокими қарори ижросидан келиб чиқиб, қўшимча иш ўринлари яратиш масаласида туман ХТБ билан биргаликда, ҳудудий бошқармаларига амалий ёрдам сўраб мурожаат қилиш доирасида бўлади.

Каналга уланиш 👉@yuristkadr
ДАСТЛАБКИ СИНОВДАН ЎТА ОЛМАГАН ХОДИМ БИЛАН МЕҲНАТ ШАРТНОМАСИНИ БЕКОР ҚИЛИШ

Ҳаммамиз биламиз, ходимларни ишга қабул қилишда 3 ойдан кўп бўлмаган муддатга дастлабки синов муддати белгиланиши мумкин
(МК 85-модда).

Дастлабки синов даври ходим учун ҳам, иш берувчи учун ҳам ўзаро муносабатларни давом этишига ишонч ҳосил қилиб олиш учун белгиланадиган расмий-ҳуқуқий жараёндир.

Меҳнат кодексининг 84-моддаси мазмунига кўра, меҳнат шартномаси қуйидаги мақсадда дастлабки синов шарти билан тузилиши мумкин:

биринчидан
, иш берувчи томонидан ходимнинг топширилаётган ишга лаёқатлилигини текшириб кўриш учун;

иккинчидан, ходим шартлашилган ишни давом эттиришнинг мақсадга мувофиқлиги ҳақида бир қарорга келиши учун.

Савол туғилади, агар ходим дастлабки синов муддати давомида иш берувчининг синовидан ўта олмаса, нима бўлади? Меҳнат шартномаси бекор қилиниши мумкинми, агар мумкин бўлса қандай асосга кўра бекор қилинади?

Қаранг, Меҳнат кодексининг 87-моддаси 1-қисмига кўра, дастлабки синов муддати тугагунига қадар ҳар бир тараф иккинчи тарафни уч кун олдин ёзма равишда огоҳлантириб, меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақлидир. Бундай ҳолда иш берувчи меҳнат шартномасини синов натижаси қониқарсиз бўлгандагина бекор қилиши мумкин.

Демак, ходим белгиланган синов муддати давомида қониқарсиз натижа кўрсатаётган бўлса, иш берувчи токи синов муддати тугагунига қадар, бу ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақлидир.

Бунда энг асосий омил, синов натижаси қониқарсиз эканлиги, яъни ходимнинг топширилган ишни бажара олмаслигини асословчи фактлар расмий ҳужжат билан тасдиқланиши керак ҳамда ходим камида 3 кун олдин ёзма равишда огоҳлантирилиши керак.

Меҳнат шартномасини дастлабки синов натижаси муносабати билан МКнинг 87-моддаси асосида бекор қилиш, шартномани бекор қилишнинг қолган бошқа асослари (МКнинг 89, 97, 99, 100, 105, 106-моддалари)дан алоҳида жарёндир. Булар ҳаммаси, бир-биридан алоҳида-алоҳида асослар эканлигини утунмаслик керак.

Айнан шунинг учун ҳам, бу жараёнга масалан, МКнинг 100-моддаси, яъни меҳнат шартномасини иш берувчи ташаббусига кўра бекор қилиш жараёнидаги қўшимча мураккаб талаблар (касаба уюшмаси розилигини олиш, ҳомиладор ва боласи 3 ёшга тўлмаган аёларни бўшатиб бўлмаслиги, ходимни аввал бўш бўлган бошқа ишга ўтказиш кабилар) тадбиқ этилмайди.

Юқорида айтилганидек, синовдан ўта олмаган ходим бўйича:

синов натижасининг қониқарсиз бўлганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар (далолатнома ёки йиғилиш баённомаси, ёхуд тегишли масъул шахснинг билдиришномаси кабилар);

ходимга 3 кун олдин бериладиган огоҳлантириш хати;

ҳамда меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқ расмийлаштирилади, бўлди.

📃Ишда фойдаланиш учун намуналар берилмоқда.👇

Каналга уланиш 👉@yuristkadr