O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasi
4.59K subscribers
25.7K photos
3.14K videos
354 files
7.4K links
Adabiyot yashasa, millat yashaydi.

Фикр ва мулоҳазаларингизни, адабиёт ҳақидаги мақолаларингизни шу манзилга йўлланг:
@yozuvchilarbot
Download Telegram
​​#9_may_Xotira_va_qadrlash_kuni

ВАТАН ТИЗЗАСИГА КЎМИЛГАН БОБОМ

II жаҳон урушида
7 йил қон кечиб қайтган
бобом Бегали Мисир Якка ўғли
ва унинг урушдан қайтмаган
ярим милён дўстига бағишланади

Аскар оқсаб жангга кирар
Ярим аср наридан.
Гўё Темур тутиб ханжар,
Чиқиб келар қабрдан.

Ёлғиз аскар – менинг бобом
Фашистларга урар дўқ.
Елкасин ўқ тешиб ўтган,
Тиззасида турар ўқ.

Ёлғиз аскар – ёлғиз бўри,
Тиззасидан сизар қон.
Ватанини кўрмай туриб,
Ёт элларда бермас жон.

Уйга қайтар менинг бобом,
Йиғлар кўзи қуп-қуруқ.
Елкасин ўқ тешиб ўтган,
Тиззасида турар ўқ.

Энди бобом соғ оёқ-ла
Заминни босолмайди.
Ўнг қўлининг тепки буккан
Бармоғин ёзолмайди.

У билади – дўсти қанча,
Ёки аниқ билмайди.
У билади – ярим милён
Дўсти қайтиб келмайди.

Ёзилмаган бармоғидай
Ёзолмайди кўнглини.
Яшагандай ярим милён
Дўстларининг умрини.

Гоҳо узун тун-кечалар
Толганида хаёлга.
Бобомизни бизлар аста
Кўмар эдик саволга.

Айтар эди: эр кишига
Ярашмайди эзмалик.
Тиззамдаги ўқ урушдан
Менга қолган эсдалик.

Юз йил яшаб на олтинга,
На кумушга боққанди.
Уруш унинг тиззасига
Қонли нишон таққанди.

Бир кун уни йиғлаб-йиғлаб,
Тутиб аза кўмдик биз.
Қабргамас уни Ватан
Тиззасига кўмдик биз!

Бобогинам, энди ҳеч ким
Сен каби қон тўкмайди.
Энди мингта Гитлер келсин,
Ватаним тиз чўкмайди!

2019

©Насрулло ЭРГАШ

👉 @nasrullo_ergash