Homidjon Ishmatbekov
2.67K subscribers
13 photos
369 videos
2 files
1.84K links
Ушбу телеграмм каналда сиз диний илмий-оммабоп маълумотларга эга бўлиб борасиз. Аллоҳ таоло барчамизга билганларимизга амал қилмоқликни насиб айласин.
Download Telegram
Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳ

Жума айёмингиз муборак бўлсин.

Тилингизни сукутга одатлантирманг, Аллоҳни зикр қилинг, Унга истиғфор ва тасбиҳ айтинг.
Тилингизни зикрга одатлантиринг. Агар тил зикрга одатланса, ҳечам жим турмайди.
Ибнулқайюм раҳимаҳуллоҳ айтадилар: банда қиёмат кунида тоғлардек гуноҳлар билан келади. Тили эса, Аллоҳни кўп зикр қилгани учун ўша гуноҳларни қулатиб юборади.

Аллоҳим бизларни мудом зикр қилувчилардан қилсин.

Аллоҳумма солли ва саллим ва барик ала саййидина Муҳаммад.

https://t.iss.one/tuhur
Фаришталар ҳам ҳаё қиладиган зот

Оиша разияллоҳу анҳо айтадилар: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам уйимда ётган эдилар, оёқларининг болдиригача очиқ эди. Абу Бакр Сиддиқ киришга изн сўрадилар. Расулуллоҳ изн бердилар ва ўша ҳолатларида суҳбат қурдилар. Сўнгра Умар ибн Хаттоб киришга изн сўрадилар. Расулуллоҳ ўша ҳолатларида у кишига ҳам киришга изн бердилар ва суҳбатлашдилар. Кейин Усмон ибн Аффон киришга изн сўрадилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўринларидан туриб ўтирдилар ва кийимларини тартибга келтирдилар. Шундан кейин Усмонга киришга изн бердилар ва суҳбатлашдилар.
Улар кетганларидан кейин Оиша разияллоҳу анҳо сўрадилар: Абу Бакр кирганида ўрнингиздан туриб ўтирмадингиз, этагингизни ёпмадингиз. Умар кирганида ҳам ҳудди шундай бепарво ўтирдингиз. Аммо, Усмон келганида туриб ўтирдингиз, кийимларингизни тўғрилаб, этагингизни ёпдингиз?
Шунда Расулуллоҳ: Фаришталар ҳаё қиладиган кишидан мен ҳаё қилмайманми, дедилар (Имом Муслим ривояти).

https://t.iss.one/tuhur
Қурол ҳарчанд кучли бўлсада, аскарнинг қалбидаги кучдек бўлолмайди. Китобнинг саҳифаларида битилган тарбия муаллимнинг руҳидаги тарбиядек бўлолмайди. Қонун матни ҳар қанча адолатли бўлсада, қозининг виждонидаги адолатдек бўлолмайди.

Юсуф Қаразовий раҳимаҳуллоҳ

https://t.iss.one/tuhur
Инсон билан Қуръон ўртасидаги хаёлий суҳбат

Инсон: аламли изтироб чекяпман, йиғлаяпман, гуноҳкорман...
Қуръон:
لَا تَقْنَطُوا مِن رَّحْمَةِ ٱللَّهِ
"Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг!" (Зумар сураси, 53-оят).

Инсон: тоқатим етмайди.
Қуръон:
لَا يُكَلِّفُ ٱللَّهُ نَفْسًا إِلَّا وُسْعَهَا
"Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмас" (Бақара сураси, 286-оят).

Инсон: қўрқяпман.
Қуръон:
وَٱصْبِرْ لِحُكْمِ رَبِّكَ فَإِنَّكَ بِأَعْيُنِنَا
"Бас, Роббинг ҳукмига сабр қил. Албатта, сен кўз ўнгимиздасан" (Тур сураси, 48-оят).

https://t.iss.one/tuhur
Одам боласига ҳар кеча кундуз учта мусибат етади, аммо уларнинг биротасидан ҳам хулоса қилмайди:

Биринчи мусибат: Ҳар куни умридан бир куни камаяди. Лекин, умрининг қисқараётганига аҳамият бермайди. Агар ҳар куни молидан бир қисми камайганида, унга беэътибор бўлмас эди. Афсуски, умрнинг ўрнини тўлдириб бўлмайди, молни эса ўрни тўлади.

Иккинчи мусибат: Ҳар куни Аллоҳнинг ризқидан ейди. Агар ризқи ҳалол бўлса, унга ҳисоб беради. Агар ҳаром бўлса, жазоланади. Булар ҳақида ўйламайди.

Учинчи мусибат: Ҳар куни охиратга бир қадар яқинлашиб, дунёдан бир қадар узоқлашади. Шундай бўлсада, охирати ҳақида ўткинчи дунёсига қайғурганчалик қайғурмайди.

https://t.iss.one/tuhur
Имом Шофеъийдан: Аллоҳнинг ваҳдониятига қандай далил бор?-деб сўрадилар.
Имом Шофеъий: тут барги, - деб жавоб бердилар. Тут баргини қурт еса, ипак чиқаради. Асалари ундан асал чиқаради, қўй эса мусаффо сут чиқаради, оху еса мушки анбар чиқаради. Бир моддадан ҳилма ҳил нарсани яратган Зотдан ўзга илоҳ йўқ эканлигига шунинг ўзи етарли далил эмасми?

https://t.iss.one/tuhur
Қуръон сизнинг шахсиятингизни буткул ўзгартиради

Агар Қуръонга етарлича вақт ажратсангиз албатта, унинг таъсирини сезмай иложингиз йўқ.
Ёмон одатларингиз ўзгармай қолиши амри маҳол.
Қуръоннинг баракасини ўзингизда ҳам, хулқингизда ҳам албатта кўрасиз.
Турли синов ва мусибатларга нисбатан сабрли бўлиш ва тақдирга рози бўлиш сизнинг одатингизга айланади.
Гўё сизда ҳеч қандай ташвиш ёки муаммо йўқдек, қалбингизни хотиржамлик ва осойишталик эгаллайди.

https://t.iss.one/tuhur
Бу фатвони қабул қилмаймиз

Иорданияда бўлиб ўтган илмий конференцияларнинг бирида иштирок этгани борганимда, одамлар Носириддин Албоний чиқарган бир фатво ҳақида мунозара қилиб турган эканлар. У киши Фаластин аҳолисини ўз юртларини ташлаб, ўзга юртларга ҳижрат қилиб чиқишларини вожиб деб фатво берган экан. Бунинг сабаби, улар ўз юртларида босқинчи Исроил давлати томонидан кўплаб азиятларга учрамоқдалар, жисмоний, руҳий ва диний тазйиқлар остида яшамоқдалар, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Маккани Кофирларга ташлаб чиқиб кетганлар, деган важни келтирган экан.
Тўғриси, мен ушбу фатвони эшитганимда қаттиқ сиқилдим, Ислом динининг келажагидан ташвишга тушдим. Албоний суннат бўйича мутахассис бўлсада, ўзини сиёсий-фиқҳий майдонга уриб хато қилибди.
Мендан ушбу фатво ҳақида сўрашганида шундай жавоб берган эдим: Фаластин аҳолисини ўз юртларини ташлаб ҳижрат қилишга даъват этиш Исроил давлати учун айни муддао, улар учун суюнчи хабар ҳисобланади. Фаластин аҳолисини Макка аҳлига ўхшатиш ноўрин ўхшатиш ҳисобланади. Ҳеч ким бундай ўхшатиш қилиши жоиз эмас.
Албонийни фатвосига келсак, у на ақлан ва на шаръан мақбул бўлмаган, айни пайтда хатарли фатводир. Бундай гап жоҳилликдан ўзга нарса эмас. Ҳайронман, қаердан бундай фатво берди.
Мана шундан келиб чиқиб айтаманки, илмнинг муайян бир соҳасида мутахассис бўлган киши, илмнинг бошқа соҳасида етарлича малака ва иқтидорга эга бўлмаслиги мумкин. Ана шундай кишилар ўзларининг мутахассислиги бўлмаган соҳада фатво беришдан эҳтиёт бўлишлари лозим. Суннат соҳасида мутахассис бўлган кишини олайлик, ровийлар ҳақида мукаммал илмга эга бўлиш бир нарса, аммо умматнинг воқеъий аҳволи ҳақида, уни муолажа қилиш борасида илм ва тажрибага эга бўлиш бошқа бир нарса. Биргина матнни тушуниш ёки биргина вазиятни таъвил қилиш – бошқа шаръий далилларни ўрганмай туриб, воқеъликни билмай туриб – ҳеч бир кимсага Аллоҳнинг дини борасида илмсиз фатво чиқариш ҳуқуқини бермайди.

Шайх Муҳаммад Ғаззолий - Мақолалар

https://t.iss.one/tuhur
Жаъфар Содиқ раҳимаҳуллоҳ Суфён Саврий раҳимаҳуллоҳга деди:

Қачон сенга ёқимли нарса келса “Алҳамду лиллаҳ”ни кўп айтгин.
Қачон сенга ёқимсиз нарса келса “Ла ҳавла вала қуввата илла биллаҳ”ни кўп айтгин.
Қачон ризқинг келиши кечикса “Астағфируллоҳ”ни кўп айтгин.

(Ҳулятул авлиё)

https://t.iss.one/tuhur
Мусо алайҳиссалом Раббисига деди: Эй роббим, Одамни қўлинг билан яратдинг, руҳингдан жон ато этдинг, фаришталарингни унга сажда қилдирдинг, жаннатингга киргиздинг, тавбасини қабул қилдинг. Энди айтчи, Одам шунча неъматингни шукрини қандай қилиб адо эта олди?
Аллоҳ таоло деди: Эй Мусо, Одамнинг “алҳамду лиллаҳи роббил аламин” дейишининг ўзи кифоя қилди.
Мусо деди: Эй роббим, банда рукуда туриб эй роббим деса, сен унга нима деб жавоб қайтарасан?
Аллоҳ таоло деди: Эй бандам лаббай, дейман.
Мусо: Сажда ҳолида эй раббим, десачи?
Аллоҳ таоло: Эй бандам лаббай, дейман.
Мусо: агар банда осийлик қила туриб эй раббим, десачи?
Аллоҳ таоло: Лаббай, лаббай, лаббай, дейман.
Мусо Тавротни қўлга олиб: эй раббим, мен Тавротда кўрдимки, шундай уммат бор экан, овқати қорнига тушганидан кейин уларни гуноҳларини кечириб юборар экансан, Чунки, улар таомни бисмиллоҳ билан бошлаб, алҳамду лиллаҳ билан тугатар экан. Ўша умматни менга уммат қилиб бергин, деди.
Аллоҳ таоло: Эй Мусо, у Муҳаммаднинг уммати, деди.
Мусо: Эй Раббим, мен Тавротда кўрдимки, шундай уммат бор экан. Агар бирор гуноҳни қилишни ният қилса, аммо Сендан қўрқиб ўша гуноҳни қилмай тарк этса, унга битта савоб ёзар экансан. Ўша умматни менга уммат қилиб бергин, деди.
Аллоҳ таоло: Эй Мусо, у Муҳаммаднинг уммати, деди.
Мусо: Эй раббим, Тавротда яна шундай ёзув бор эканки, бир уммат бор бўлиб, агар бир яхшиликни ирода қилса ва у яхшиликни амалга ошира олмаса ҳам унга битта савоб, агар амалга ошира олса ўнтадан етти юз бараваргача савоб ёзар экансан. Ўша умматни менга уммат қилиб бергин, деди.
Аллоҳ таоло: Эй Мусо, у Муҳаммаднинг уммати, деди.
Мусо: Эй Раббим, ундай бўлса мени ҳам Муҳаммадга уммат қилгин, деди.

https://t.iss.one/tuhur
Силаи раҳм одат эмас, у - ибодат


Аҳли оилага, ака-ука, опа-сингил, амаки, амакивачча, тоға, тоғавачча каби қариндошларга хокисорлик қилиш хўрлик саналмайди, уларга нисбатан муроса қилиш мунофиқлик саналмас, уларнинг раъйига юриш синиш дейилмас.

Силаи раҳм оддий бир яхшилик, ҳатто суннат ҳам эмас, балки вожиб, балки фарздир. Унга бепарво бўлиш оғир гуноҳдир.

Ким силаи раҳм қилса дунёсини обод қилибди, ризқи ва умрига барака кирибди.

Ким силаи раҳм қилса Аллоҳга боғланибди, ким силаи раҳмни узса Аллоҳдан узилибди.

Саъид ибн Мусаййиб раҳимаҳуллоҳга Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Талҳа ўлди, дейишди.
У: қандай ўлди?-деб сўради.
Унга: уйини ичида том босиб қолди, дейишди.
У: бўлиши мумкин эмас, Аллоҳ таоло ундай кишига бундай ўлимни раво кўрмайди, деди.

Уйни кавлаб қарасалар Иброҳим ибн Муҳаммад ўлмаган, ҳатто бирор жароҳат ҳам етмаган экан.

Саъид ибн Мусаййибдан: у ўлмаганлигини қаердан билдингиз?-деб сўрашди.
У: чунки у силаи раҳм қилар эди. Силаи раҳм қилган киши ёмон ўлим топмайди, деди.

https://t.iss.one/tuhur
Дунё кўзингизга тор бўлиб кетганда ушбу воқеани эсланг

Етти фарзанднинг отаси эди. Уч ўғил, тўрт қиз. Катта ўғил икки ёшдан ўтар ўтмас вафот этди. Иккинчи ўғил бир ярим ёшида вафот этди. Учинчи ўғил ҳам эмизикли вақтида, ўн етти ойлигида вафот этди. Катта қизи турмушга чиқди ва лекин 28 ёшида бандаликни бажо келтирди. Иккинчи қизи ҳам турмушга чиқиб, 21 ёшида у ҳам вафот этди. Учинчи қизи 27 ёшида вафот этди. Ўғиллари Қосим, Абдуллоҳ, Иброҳим, қизлари Зайнаб, Руқайя, Умму Кулсум ҳаммаларини ўз қўллари билан ерга қўйдилар. Фақатгина, кенжа қизлари Фотимагина ўзларидан кейин олти ойгина яшади.

Бошингизга бирор ташвиш ёки ғам тушса, юқоридаги воқеани эсланг. Воқеа эгасини танигандирсиз?

https://t.iss.one/tuhur
Аъмо оламни кўришни орзу қилади.
Кар овозларни эшитишни истайди.
Шол бир неча қадам бўлсада юришни орзу қилади.
Соқов сўз сўзлашни орзу қилади.
Сиз кўрасиз, эшитасиз, юрасиз, гапирасиз.
Бас, шундай экан Аллоҳга ҳамд айтинг.

https://t.iss.one/tuhur
Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу

Жума айёмингиз муборак бўлсин

Абу Лубаба ибн Абдулмунзир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбар алайҳиссалом дедилар: "Албатта, жума куни кунларнинг саййиди ва Аллоҳнинг наздида энг буюкидир. У Аллоҳнинг наздида Қурбонлик ва Фитр кунидан ҳам буюкроқдир. У кунда бешта хислат бор: У кунда Аллоҳ таоло Одамни яратган, у кунда Аллоҳ таоло Одамни ерга туширган, у кунда Аллоҳ таоло Одамни фавот эттирган, у кунда бир вақт борки, у вақтда банда Аллоҳдан нимани сўраса албатта беради, модомики ҳаром нарсани сўрамаса бас, у кунда қиёмат қоим бўлади, ҳар бир муқарраб фаришта, осмону ер, шамоллару тоғлар ва денгизлар жума кунидан шафқат тилаб турадилар" (Ибн Можа ривояти).

Аллоҳумма солли ва саллим ва барик ала саййидина Муҳаммад.

https://t.iss.one/tuhur
Учта амал бор, унинг ажри Аллоҳнинг зиммасида

1.  Одамларни авф этиш:
Ушбу амалнинг ажри қанча эканлиги атилмаган. Аллоҳ таоло айтади: “Бас, кимки афв этиб (ўртани) тузатса, бас, унинг мукофоти Аллоҳнинг зиммасидадир”  (Шўро сураси, 40-оят).

2.  Сабр:
Ушбунинг ҳам ажри қанча эканлиги айтилмаган: Аллоҳ таоло айтади: “Албатта, сабр қилувчиларга (охиратда) мукофотлари беҳисоб берилур”  (Зумар сураси, 10-оят).

3.  Рўза:
Рўзанинг ҳам ажри қанча эканлиги айтилмаган: Аллоҳ таоло айтади: “Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўзани мен учун тутади ва унинг ажрини Ўзим бераман” (Ҳадиси қудсий).

Қиёмат кунида ушбу учта амални қилган кишилар чақириладилар ва уларга ажрлари берилади.

https://t.iss.one/tuhur
Имом Молик ва ўлим фариштаси

Бир куни Имом Молик тушида ўлим фариштасини кўрди. Имом Молик ўлим фариштасидан: эй ўлим фариштаси, мен яна қанча яшайман, қанча умрим қолди?-деб сўради.
Ўлим фариштаси Имом Моликнинг бешта бармоғига ишора қилди. Имом Молик: бу нима беш йилми, беш ойми ёки беш кунми?-деб сўради. Аммо ўлим фариштаси жавоб бермади.
Имом Молик ўша вақтда тушларнинг таъбирини айтиш билан машҳур бўлган Ибн Сирийннинг олдига бориб кўрган туши ва ўлим фариштасининг жумбоқли жавобини айтди. Шунда Ибн Сирийн: ўлим фариштаси сизнинг бешта бармоғингизга ишора қилиб, Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайдиган бешта нарсага ишора қилган. У ҳам бўлса Қуръони каримда баён этилган қуйидаги ишлар:
إِنَّ اللَّهَ عِنْدَهُ عِلْمُ السَّاعَةِ وَيُنَزِّلُ الْغَيْثَ وَيَعْلَمُ مَا فِي الْأَرْحَامِ وَمَا تَدْرِي نَفْسٌ مَاذَا تَكْسِبُ غَدًا وَمَا تَدْرِي نَفْسٌ بِأَيِّ أَرْضٍ تَمُوتُ إِنَّ اللَّهَ عَلِيمٌ خَبِيرٌ
Дарҳақиқат, Аллоҳнинг ҳузуридагина қиёмат (қачон бўлиши тўғрисида) билим бордир. У (хоҳлаганича) ёмғир ёғдирур ва бачадонлардаги нарса (ҳомила)ни билур. Бирор жон эртага нима иш қилишини билмас. Бирор жон қаерда ўлишини ҳам билмас. Албатта, Аллоҳ (ҳамма нарсани) билувчи ва хабардор зотдир. (Луқмон сураси, 34-оят).

https://t.iss.one/tuhur
Агар масжидга боришни тарк этсангиз, сиздан бошқа одам боради.
Агар Қуръонни эсдан чиқарсангиз, уни бошқа биров ёдлайди.
Агар Раббингиздан узоқлашсангиз, бошқаси Унга яқинлашади.
Охир оқибат зиён кўргувчи фақат ўзингиз бўлиб қоласиз.
وَاللَّهُ الْغَنِيُّ وَأَنتُمُ الْفُقَرَاءُ ۚ وَإِن تَتَوَلَّوْا يَسْتَبْدِلْ قَوْمًا غَيْرَكُمْ ثُمَّ لَا يَكُونُوا أَمْثَالَكُم
“Аллоҳ беҳожат зот, сизлар Унга муҳтождирсиз. Агар сизлар Аллоҳга итоат этишдан бош тортсангиз, У ўрнингизга сизлардан бошқа бир қавмни алмаштириб қўяр, сўнгра улар сизларга ўхшаган бўлмаслар, (балки Аллоҳга итоат қилурлар)” (Муҳаммад сураси, 38-оят).

Доктор Мустафо Маҳмуд

https://t.iss.one/tuhur
Жон таслим қилиш азоби

Исрофил алайҳиссалом биринчи марта сурни чалганда Ер қаттиқ силкинади ва ер юзи теп-текис бўлади, ундаги ҳамма нарса ўлади. Етти осмон аҳли, барча фаришталар ҳам ўладилар. Фақат Жаброил, Микоил, Исрофил ва ўлим фариштасигина қоладилар.
Аллоҳ таоло ўлим фариштасидан ўзи билсада: эй ўлим фариштаси, кимлар тирик қолди?-деб сўрайди. Ўлим фариштаси: эй ҳожам, Ўзинг биласанку, Жаброил, Микоил, Исрофил ва мен ожиз банданг қолдик, дейди.
Шунда Аллоҳ таоло: бор Жаброилнинг жонини ол, дейди. Ўлим фариштаси Жаброилни олдига келса, у руку, сажда қилаётган экан. Унга: эй Жаброил, Одам болаларининг ҳаммаси ўлди. Осмону ер аҳолиси, қушу ҳайвонлар, ҳашароту фаришталар барчасининг жони олинди. Сен булардан ғафлатдамисан? Раббим менга энди сени жонингни олишимни буюрди, дейди. Шунда Жаброил алайҳиссалом йиғлайдилар ва Раббиларига илтижо қилиб, эй Раббим менга ўлимни осон қил, дейди.
(Эй Аллоҳим, муқарраб фаришталардан бири бўлмиш Жаброилдек зот Аллоҳдан ўлим талвасасини осон қилишини сўраб зорланяптилар. Ваҳолангки, у зот бирор марта Аллоҳга осийлик қилмаганлар. Бизчи, биз деярли ҳар лаҳзада бир хато қиламиз. Шундай бўлсада, ўлимни бир лаҳза ҳам эсимизга олмаймиз, жон таслим қилишнинг нақадар машаққат эканлигини ўйлаб кўрмаймиз).

Ўлим фариштаси Жаброил алайҳиссаломни бир сиқадию, ўша онда Жаброил алайҳиссалом жонсиз йиқиладилар.

Аллоҳ таоло: эй ўлим фариштаси, энди бориб Микоилни жонини ол, дейди. Ўлим фариштаси Микоил алайҳиссаломнинг олдига боради. Қараса, Микоил алайҳиссалом булутларга ёмғирларни миндириш ҳаракатида эканлар. Ўлим фариштаси Микоилга: эй бечора, сени устингда нима ирода қилинганидан ғафлатдамисан? Одам болаларининг ҳаммаси ўлиб бўлди, уларнинг ризқи насибаси тугади. Ҳайвоноту, паррандаю даррандалар ҳам энди йўқ. Раббим менга энди сени ҳам жонингни олишимга буюрди, дейди. Шунда Микоил алайҳиссалом ҳам йиғлайдилар ва Аллоҳга зорланиб ўлим талвасасини осон қилишини сўрайдилар. Ўлим фариштаси Микоил алайҳиссаломни ҳам бир қучадию, жонларини олади.
Шундан кейин Аллоҳ таоло: эй ўлим фариштаси, энди бориб Исрофилнинг жонини ол, дейди. Ўлим фариштаси Исрофил алайҳиссаломнинг олдига борадилар ва: эй бечора, борлиқдаги ҳамма жонзотларнинг жони қабз қилинди. Энди Раббим менга сени жонигни қабз этишимга буюрди, дейди. Исрофил алайҳиссалом: бандалари устидан ғолиб бўлган зот покдир, боқийлик фақат ўзигагина хос бўлган зот покдур, деб тасбиҳ айтадилар ва: эй Аллоҳим менга жон таслим қилиш машаққатини осон қилгин, дейдилар. Ўлим фариштаси Исрофил алайҳиссаломни ҳам жонларини олади.

Шундан сўнг Аллоҳ таоло ўлим фариштасидан: энди ким қолди?-деб сўрайди. Ўлим фариштаси, эй хожам, Ўзинг билгувчисан, мендан бошқа жони олинмаган ҳеч ким қолмади, дейди. Шунда Аллоҳ таоло: буюклигимга қасамки, бошқа бандаларимга тоттирганим каби сенга ҳам ўлимнинг мазасини тоттираман. Бор, жаннат билан дўзахнинг ўртасига борда, ўша ерда ўз жонингни ол, дейди.

Ўлим фариштаси жаннат билан дўзахнинг ўртасига келиб ўз жонини олар экан, ўлим талвасасининг аччиқлигидан бир наъра тортиб чинқирадики, агар бутун халойиқ тирик бўлганида ўлим фариштасининг жон беришдаги чинқириғи овозидан қўрқиб барчалари жон таслим қилган бўлар эдилар.

Шундан сўнг Аллоҳ таоло дунёга боқади ва: эй дунё, қани анҳорларинг, қани боғу-роғларинг, қани дунёни обод қилган кимсаларинг?! Подшоҳлар қани, шаҳзодалар қани, дунёни титратган зўрлар қани?! Мен берган ризқни еб, неъматимга бурканиб, мендан бошқага топинганлар қани?! Бугунги куннинг подшоҳи ким, бугунги кун мул эгаси ким?-дейди.
Ҳеч ким жавоб бермайди. Шунда Аллоҳнинг Ўзи жавоб бериб: бугуннинг подшоҳи яккаю ёлғиз Қаҳҳор зот Аллоҳнинг ўзидир, дейди.
لِمَنِ الْمُلْكُ الْيَوْمَ لِلَّهِ الْوَاحِدِ الْقَهَّارِ
“Бугун подшоҳлик кимникидир?” (деб сўраб Ўзи айтур:) “Воҳид (ягона) ва Қаҳҳор (ғолиб) Аллоҳникидир” (Ғофир сураси, 16-оят).

https://t.iss.one/tuhur