Toshkent viloyati hokimligi
14.4K subscribers
38.4K photos
5.29K videos
48 files
21.3K links
Download Telegram
Forwarded from Huquqiy axborot
#Қонунчиликдаги_янгиликлар

“Геодезия ва картография фаолияти тўғрисида”ги Қонун (ЎРҚ–626, 02.07.2020 й.) Президент томонидан имзоланди.

📌 Қонун билан геодезия ва картография фаолияти соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ҳамда тегишли давлат органларининг соҳадаги ваколатлари белгиланди.

🏢 Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси геодезия ва картография фаолияти соҳасидаги махсус ваколатли орган ҳисобланади.

Қонунга мувофиқ, геодезия ва картографияга оид ишлар умумдавлат ҳамда махсус (тармоққа оид) турларга ажратилади.

➡️ Шунингдек, Қонун билан соҳага оид ишларни бажаришга доир асосий талаблар белгиланди.

Геодезия ва картография фаолияти ёки соҳага оид ишларнинг айрим турларини лицензиялаш Ҳукумат томонидан белгиланади.

🧾 Лицензия юридик шахсларга амал қилиш муддати чекланмаган ҳолда берилади.

🔍 Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган, умумдавлат аҳамиятига молик бўлган ишларни бажариш натижасида олинган материаллар экспертиза қилинади.

🇺🇿 Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан яратилган геодезия ва картография фаолияти маҳсулоти, шу жумладан давлат картография-геодезия фонди материаллари (маълумотлари) Ўзбекистон мулкидир.

❗️Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач кучга киради.

Каналга уланиш👇👇👇
https://t.iss.one/huquqiyaxborot
Forwarded from Huquqiy axborot
#Қонунчиликдаги_янгиликлар

⚡️ 2020-2024 йилларда товар ва молия бозорларида рақобатни ривожлантириш стратегияси тасдиқланди

“Рақобат муҳитини янада ривожлантириш ва иқтисодиётдаги давлат иштирокини қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ–6019-сон, 06.07.2020 й.) қабул қилинди.

🔰 Фармонга мувофиқ, 2020 йил 1 октябрдан бошлаб давлат иштирокидаги хўжалик юритувчи субъектларнинг, шунингдек уларнинг аффилланган шахсларининг ва хўжалик фаолиятини амалга ошириш ваколатлари берилган давлат муассасаларининг (мудофаа қобилияти ва миллий хавфсизлик мақсадларида бундан мустасно) таъсис этилишига қуйидаги ҳолларда йўл қўйилмайди:

👉 битта товар бозорида бешта ва ундан ортиқ хусусий тадбиркор фаолият юритиб келаётган соҳаларда;

👉 давлат органлари томонидан ўзларига лицензиялаш, рўйхатга олиш, аккредитациядан ўтказиш ва рухсат бериш ваколати берилган соҳаларда.

☑️ Фармон билан Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳамда Монополияга қарши курашиш қўмитасининг хулосалари асосида қабул қилинадиган норматив ҳуқуқий ҳужжатлар белгиланди.

📋 Шунингдек, 2020-2024 йилларда товар ва молия бозорларида рақобатни ривожлантириш стратегияси тасдиқланди.

❗️Фармонга кўра, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ўз фаолиятида Олий Мажлис Сенати ва Президентга ҳисобдордир.

🧾 2020 йил 1 ноябрга қадар “Рақобат тўғрисида”ги ва “Табиий монополиялар тўғрисида”ги қонунларни бирлаштирган ҳолда ягона қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Каналга уланиш👇👇👇
https://t.iss.one/huquqiyaxborot
Forwarded from Huquqiy axborot
#Қонунчиликдаги_янгиликлар

Ҳукуматнинг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди (429-сон, 07.07.2020 й.).

Ҳужжат билан Президентнинг 2019 йил 9 декабрдаги ПҚ–4546-сон қарорига кўра давлат органлари томонидан талаб қилиш ва маҳалла томонидан бериш тақиқланган 28 турдаги ҳужжатлар билан боғлиқ Ҳукумат қарорларига ўзгартиришлар киритилди.

➡️ Шунингдек, қарор билан ҳокимликларнинг лицензиялаш ва рухсат беришга оид бир қанча ваколатлари бошқа давлат органларига ўтказилди.

Хусусан:

• Чет тилларни ўрганиш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш фаолиятини лицензиялаш – Халқ таълими вазирлиги ва вилоят халқ таълими бошқармаларига;

• Дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилишни лицензиялаш – Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг ҳудудий бўлинмаларига;

• Риэлторлик фаолиятини лицензиялаш – Давлат активларини бошқариш агентлигининг ҳудудий бошқармаларига;

• Алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилишга рухсат этувчи махсус гувоҳномалар бериш – туман (шаҳар) солиқ инспекцияларига.

🔰 Айрим идоралараро коллегиал органлар тугатилди ёки ваколатлари бошқа давлат органига ўтказилди.

Жумладан,
• қишлоқ аҳоли пунктларини ичимлик суви ва табиий газ билан таъминлаш дастурини амалга ошириш бўйича Республика комиссияси тугатилди;
• хорижий тилларни ўрганишни янада ривожлантириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш ваколатлари – Олий ва ўрта махсус таълим ҳамда Халқ таълими вазирликларига;
• Ўзбекистон миллий автомагистрали бўйлаб йўл инфратузилмаси ва сервиси объектларининг жойлаштирилишини кўриб чиқиш ва келишиш Комиссияси ваколатлари – Транспорт вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазирлигига;
• маҳаллий ноозиқ-овқат истеъмол товарлари кўргазмалари ва ярмаркаларини ўтказиш бўйича ташкилий қўмитанинг ваколатлари – Иқтисодиёт ва саноат вазирлигига ўтказилди.

Каналга уланиш👇👇👇
https://t.iss.one/huquqiyaxborot
Forwarded from Huquqiy axborot
#Қонунчиликдаги_янгиликлар

Президентнинг айрим ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилди (ПФ–6021-сон, 08.07.2020 й.).

♻️ Киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, жисмоний ва юридик шахсларнинг экспорт-импорт ҳамда бошқа валюта операциялари бўйича хорижий валютадаги маблағлари ҳаракати устидан назорат қилувчи органлар қаторига Ҳисоб палатаси ҳам киритилди. Ўз навбатида, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ушбу органлар қаторидан чиқарилди.

💰Шунингдек, хорижий олим, ўқитувчи ва мутахассисларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш уларнинг хоҳишига кўра миллий валютада ёки хориждаги ҳисобварақларига ўтказган ҳолда чет эл валютасида амалга оширилади.

Илгари уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш меҳнат шартномасида белгиланган миқдорда эркин конвертация қилинадиган валютада амалга оширилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 сентябрдаги ПФ–5177-сон Фармонига жисмоний шахслар чет эл валютасини тижорат банклари орқали эркин сотиши ва сотиб олиши ҳамда сотиб олинган маблағларни ҳеч қандай чекловларсиз тасарруф этиши мумкинлиги ҳақидаги норма киритилди.

Илгари Ўзбекистоннинг резиденти бўлган жисмоний шахслар чет эл валютасини тижорат банкларининг конверсион бўлимларида сотиб олинган маблағларни халқаро тўлов карталарига ўтказиши орқали сотиб олиши ва чет элда ҳеч қандай чекловларсиз ишлатиши мумкин эди.

☑️ Фармон билан киритилган ўзгартиришлар мувофиқ, қатор вазирлик ва идораларга малакали хорижий мутахассисларни ишга қабул қилиш ва уларга иш ҳақини миллий валютада ёки хорижий ҳисобварақларига ўтказган ҳолда чет эл валютасида амалга ошириш ҳуқуқи берилди.

Каналга уланиш👇👇👇
https://t.iss.one/huquqiyaxborot
Forwarded from Huquqiy axborot
#Қонунчиликдаги_янгиликлар

⚡️ Сув кодекси ишлаб чиқилади

“Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепциясини тасдиқлаш тўғрисида” Президент Фармони қабул қилинди (ПФ–6024-сон, 10.07.2020 й.).

📋 Фармон билан Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепцияси тасдиқланди.

☑️ Сув омборлари, сел-сув омборлари ва бошқа сув хўжалиги объектларининг хавфсизлигини ҳамда ишончли ишлашини таъминлаш Концепциянинг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланди.

🔰 Фармонга кўра, 2030 йилга қадар қуйидаги кўрсаткичларга эришиш назарда тутилган:

📈 суғориш тизимларининг фойдали иш коэффициентини 0,63 дан 0,73 гача ошириш;

📊 сув таъминоти паст даражада бўлган суғориладиган ер майдонларини 560 минг гектардан 190 минг гектаргача камайтириш;

📉 шўрланган суғориладиган ер майдонларини 226 минг гектарга камайтириш;

♻️ Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги насос станцияларининг йиллик электр энергияси истеъмолини 25 фоизга камайтириш;

👨‍💻 барча ирригация тизими объектларига “Smart Water” (“Ақлли сув”) сув ўлчаш ва назорат қилиш қурилмалари ўрнатилиб, сув ҳисобини юритишда рақамли технологияларни жорий этиш;

🖥 100 та йирик сув хўжалиги объектларида сувни бошқариш жараёнларини автоматлаштириш;

📌 қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда сувни тежайдиган технологиялар билан қамраб олинган ерларнинг умумий майдонини 2 миллион гектаргача, шу жумладан, томчилаб суғориш технологиясини 600 минг гектаргача етказиш;

☑️ сув хўжалигида давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида 50 та лойиҳани амалга ошириш.

🏢 Фармонда назарда тутилган вазифаларнинг тўлиқ ва ўз муддатида бажарилишини таъминлаш мақсадида Сув хўжалиги тизимида масъул бошқарма ташкил этилади.

Кластерларга ўз балансидаги қишлоқ хўжалиги экин ерларида жойлашган сув хўжалиги объектларини бошқариш йўналишидаги Сув хўжалиги вазирлигининг функцияларини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ўтказиш тўғридан-тўғри музокаралар орқали амалга оширилади.

📝 Шунингдек, Фармон билан концепцияда белгиланган вазифаларни 2020-2022 йилларда амалга ошириш бўйича “Йўл харита”си тасдиқланди.

📔 Унга мувофиқ, сув ресурсларини бошқариш, сувдан самарали фойдаланиш ва сувни истеъмол қилиш бўйича самарали механизмларни жорий этиш мақсадида Сув кодекси ишлаб чиқилади.

Каналга уланиш👇👇👇
https://t.iss.one/huquqiyaxborot
Forwarded from Huquqiy axborot
#Қонунчиликдаги_янгиликлар

“Орол артемия саноат” ДУК ташкил этилди

“Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ тумани ҳокимлиги ҳузурида “Орол артемия саноат” давлат унитар корхонаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Ҳукумат қарори (438-сон, 11.07.2020 й) қабул қилинди.

Қарор билан Мўйноқ тумани ҳокимлиги ҳузурида “Орол артемия саноат” ДУК ташкил этилди.

“Орол артемия саноат” ДУКнинг асосий вазифаларидан бири артемия цистасини овлаш ва қайта ишлашни комплекс ривожлантириш дастурларини амалга ошириш, ушбу соҳада илмий-техник, технологик, инвестиция ва экспорт фаолиятини амалга ошириш ҳисобланади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши “Орол артемия саноат” ДУКнинг муассиси ҳисобланади.

Шунингдек, қарор билан “Орол артемия саноат” ДУКнинг бошқарув ходимлари умумий чекланган сони 11 нафардан иборат бўлган тузилмаси тасдиқланди.

Эслатиб ўтамиз, артемия цисталари ноёб жонзод ҳисобланиб, улардан олинган маҳсулотлар асосан аквамаданият саноатида, агросаноат комплексида, фармацевтика, медицина ва косметологияда кенг қўлланилади.

Каналга уланиш👇👇👇
https://t.iss.one/huquqiyaxborot
Forwarded from Huquqiy axborot
#Қонунчиликдаги_янгиликлар

❗️Ўқитувчиларнинг фаолиятига аралашганлик учун жавобгарлик белгиланди

“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” Қонун (ЎРҚ-629-сон, 21.07.2020 й.) Президент томонидан имзоланди.

📝 Қонун билан қатор қонунлар ва кодексларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Хусусан, “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодекс 197⁵ - модда билан тўлдирилди.

❗️Унга кўра, таълим муассасалари педагог ходимининг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ёки таълим муассасаси педагог ходимининг хизмат вазифаларини бажаришга тўсқинлик қилиш жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланди.

🔰 Бундай ҳуқуқбузарлик учун:

🔸 фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМнинг) 5 бараваридан 7 бараваригача (1 млн 115 минг сўмдан 1 млн 561 минг сўмгача);

🔸 мансабдор шахсларга эса БҲМнинг 7 бараваридан 10 бараваригача миқдорида (1 млн 561 минг сўмдан 2 млн 230 минг сўмгача) жарима қўлланилади.

🔰 Шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилса:

🔻 фуқароларга БҲМнинг 7 бараваридан 10 бараваригача (1 млн 561 минг сўмдан 2 млн 230 минг сўмгача);

🔻 мансабдор шахсларга эса БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорида (2 млн 230 минг сўмдан 3 млн 345 минг сўмгача) жарима қўлланиши мумкин.

☑️ Ушбу ҳуқуқбузарлик содир этилганда таълим муассасасининг педагог ходими маъмурий баённома тузмасдан ўз аризасида ҳуқуқбузарнинг шахси, ҳуқуқбузарлик содир этилган жой, вақт ва унинг моҳияти тўғрисидаги маълумотларни ҳамда бошқа зарур бўлган маълумотларни кўрсатган ҳолда судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Каналга уланиш👇👇👇
https://t.iss.one/huquqiyaxborot
Forwarded from Huquqiy axborot
#Қонунчиликдаги_янгиликлар

❗️Коронавирусга таҳлил натижалари ҳақида 3 кунда телефон орқали хабар берилади

“Коронавирус пандемиясини юмшатиш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва саломатлигини сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент Фармони қабул қилинди.

🔰 Фармонга мувофиқ, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва саломатлигини сақлаш бўйича қуйидаги кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар амалга оширилиши белгиланди:

📋 ҳар бир оилавий поликлиникалар ва кўп тармоқли марказий поликлиникаларда мобил гуруҳлар ташкил қилинади ҳамда улар учун соддалаштирилган йўриқнома ишлаб чиқилади;

🔬лаборатория текшируви амалиётига хусусий секторни жалб қилган ҳолда экспресс-тест ва иммунофермент таҳлили усуллари киритилади;

аҳоли томонидан мурожаат қилинганда ҳамда уларда касаллик белгилари аниқланганда тезкорлик билан коронавирус инфекциясига таҳлил олиш ва таҳлил натижаларини 3 кунлик муддатда уларни шахсий телефон рақамлари орқали хабардор қилиш чоралари кўрилади;

ℹ️ тиббиёт муассасалари ўртасидаги ахборот алмашиш тизими соддалаштирилади – ҳисоботлар тури, даврийлиги ва бошқа қоғозбозликлар билан боғлиқ жараёнлар электрон тизимга ўтказилади.

Каналга уланиш👇👇👇
https://t.iss.one/huquqiyaxborot
Forwarded from Huquqiy axborot
#Қонунчиликдаги_янгиликлар

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ташкил этилди

🏢 Фармон билан Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати, унинг ҳудудий бошқармалари ва туман (шаҳар) бўлимлари ташкил этилди.

📌 Шу муносабат билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари тугатилди.

💰 Санитария-эпидемиология хизматининг тиббиёт, санитария-эпидемиологик ва бошқа ходимларига коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларига жалб этилган даврда уларнинг ойлик лавозим маошига 6 фоиз миқдорида ҳар кунлик қўшимча тўловлар тўланади.

🔰 2021 йил 1 январдан бошлаб Санитария-эпидемиология хизмати ходимларининг амалдаги ойлик иш ҳақларига қўшимча равишда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига ёки хорижий давлатларнинг унга тенглаштирилган бошқа илмий даражаларига эга бўлганда лавозим маошига – 30 фоиз, фан доктори (DSc) илмий даражаларига эга бўлганда – 60 фоиз ҳар ойлик устамалар белгиланади.

➡️ Санитария-эпидемиология хизмати Давлат бюджетидан тизимга ажратилган маблағлар, уларнинг сарфланиш йўналишлари, самарадорлик натижалари юзасидан маълумотларни ҳар ой якуни бўйича жамоатчиликка эълон қилади ва ўзининг расмий
веб-сайтида жойлаштириб боради.

🏦 Фармон билан шунингдек, Санитария-эпидемиология хизматининг бюджетдан ташқари Махсус жамғармаси ташкил этилди.

Каналга уланиш👇👇👇
https://t.iss.one/huquqiyaxborot
Forwarded from Huquqiy axborot
#Қонунчиликдаги_янгиликлар

⚡️ Тез ёрдам ходимлари қўшимча рағбатлантирилади

“Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кураш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва саломатлигини сақлашга жалб қилинган тез тиббий ёрдам ходимларини қўшимча моддий рағбатлантириш тўғрисида” Ҳукумат қарори (458-сон, 30.07.2020 й.) қабул қилинди.

📋 Қарорга мувофиқ, коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кураш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва саломатлигини сақлашга жалб қилинган тез тиббий ёрдам ходимлари қуйидаги миқдорда бир марталик моддий рағбатлантирилади:

🔸 врачларга – 5 млн сўм;
🔸 ўрта тиббиёт ходимлари (фельдшерлар ва санитарлар)га 4 млн сўм;
🔸 ҳайдовчиларга – 3 млн сўм.

❗️Ушбу тўловлар 2020 йил 1 июнгача ишга қабул қилинган ходимларга нисбатан тадбиқ қилинади.

Каналга уланиш👇👇👇
https://t.iss.one/huquqiyaxborot
Forwarded from Huquqiy axborot
#Қонунчиликдаги_янгиликлар

Профессионал таълимни ташкил этиш ва амалга ошириш тартиби белгиланди

"Ўзбекистон Республикасида узлуксиз бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим тизимини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида" Ҳукумат қарори (466-сон, 07.08.2020 й.) қабул қилинди.

📌 Қарор билан тасдиқланган низомга кўра, профессионал таълим меҳнат бозоридаги кадрларга бўлган реал эҳтиёж, иш берувчиларнинг таклифлари ҳамда "Ҳаёт давомида таълим олиш" принципи асосида таълим олишга мўлжалланган.

🏢 Профессионал таълим тизимида кадрлар тайёрлаш касб-ҳунар мактаблари, коллежлар ва техникумларда амалга оширилади.

☑️ Ушбу таълим муассасаларини ташкил этиш ва тугатиш Ҳукумат томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.

Нодавлат профессионал таълим муассасалари белгиланган тартибда жисмоний ва нодавлат юридик шахслар томонидан ташкил этилади.

Давлат органлари ва хўжалик бирлашмалари профессионал таълим муассасаларининг муассиси бўлиши мумкин.

🏫 Коллежлар ва техникумларда кундузги, сиртқи ва кечги таълим шакллари жорий этилади.

👨‍🎓Профессионал таълим муассасаларида қоидага кўра, гуруҳларда камида 12 нафар ва кўпи билан 30 нафар ўқувчи бўлади.

📋 Таълим дастурларини муваффақиятли битирганларга давлат намунасидаги диплом берилади.

💼 Диплом олинган билим, кўникма ва малакаларни меҳнат фаолиятида қўллаш ҳуқуқини беради.

Каналга уланиш👇👇👇
https://t.iss.one/huquqiyaxborot
Forwarded from Huquqiy axborot
#Қонунчиликдаги_янгиликлар

Ўзбекистон меҳнат, миграция ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича халқаро шартномага қўшилади

"Халқаро шартномага қўшилиш тўғрисида"ги Президент қарори қабул қилинди (ПҚ-4806-сон, 12.08.2020 й.).

📋 Қарор билан Ўзбекистон Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчи-давлатларининг меҳнат, миграция ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича Маслаҳат кенгашини ташкил этиш тўғрисидаги Битимга ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги Баённомага (Минск, 2016 йил 28 октябрь) қўшилди.

🏢 Шу муносабат билан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги мазкур халқаро шартнома амалга оширилиши учун масъул бўлган ваколатли орган этиб белгиланди.

⚠️ Эслатиб ўтамиз, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчи-давлатларининг меҳнат, миграция ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича Маслаҳат кенгашини ташкил этиш тўғрисидаги Битим 1992 йил 13 ноябрда Москва шаҳрида тузилган.

Каналга уланиш👇👇👇
https://t.iss.one/huquqiyaxborot
Forwarded from Huquqiy axborot
#Қонунчиликдаги_янгиликлар

Олимпия захиралари мактаб-интернатлари негизида олимпия захиралари коллежлари ташкил этилади

“Олимпия захиралари коллежлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ҳукумат қарори (480-сон, 12.08.2020 й.) қабул қилинди.

🏢 Қарорга мувофиқ, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тизимидаги ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатлари негизида олимпия захиралари коллежлари ташкил этилади.

Ушбу коллежлар фаолияти 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб йўлга қўйилади.

♻️ Қарорга кўра, мазкур коллежларда таълим жараёни икки босқичда: умумий ўрта таълим (VII-XI синфлар) ҳамда ўрта профессионал таълим (XI синфдан кейинги бир йиллик таълим) босқичларида амалга оширилади.

⚽️ Шунингдек, ушбу коллежларда 2020/2021 ўқув йилидан футбол бўлимлари ташкил этилади ва уларда футбол бўйича мутахассислар (спортчилардан ташқари) тайёрланади.

📋 Қарор билан Олимпия захиралари коллежига ўқувчиларни қабул қилиш, аттестациядан ўтказиш ва уларнинг ўқишини кўчириш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди.

🏫 Низомга кўра, ўқувчилар коллежга 7-синфдан танлов асосида қабул қилинади.

☑️ Танлов касбий (ижодий) имтиҳонлар асосида икки босқичда: умумий ва махсус жисмоний тайёргарлик даражасини аниқлаш мақсадида амалга оширилади.

💼 Коллеж битирувчиларига ўрта профессионал таълим босқичини тамомлаганлик тўғрисида бериладиган диплом келгусида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини беради.

Каналга уланиш👇👇👇
https://t.iss.one/huquqiyaxborot
Forwarded from Huquqiy axborot
#Қонунчиликдаги_янгиликлар

ҚҚС суммаси ўрнини қоплаш тартиби белгиланди

“Қўшилган қиймат солиғи ҳамда чет эл юридик шахслари билан боғлиқ солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Ҳукумат қарори (489-сон, 14.08.2020 й.) қабул қилинди.

📋 Қарор билан Қўшилган қиймат солиғи суммаси ўрнини қоплаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

📌 Низом ҚҚСнинг салбий фарқ суммасини қоплаш, шунингдек, бошқа солиқлар бўйича қарздорлик ҳисобига қоплашни тартибга солади.

👤 Низомга кўра, аризалар солиқ тўловчи ҳисобга олинган жойдаги солиқ органларига шахсий кабинет орқали берилади.

➡️ Солиқ органи ҳужжатлар тўлиқ бўлмаса, 5 кунда ҳужжатларни солиқ тўловчига қайтаради.

🔎 Ҳужжатлар тўлиқ бўлганида солиқ органи 50 кунгача муддатда аризада қайд қилинган, ҚҚСнинг асосланганлиги юзасидан камерал назорат ўтказади.

🏢 Назорат натижаларига кўра, солиқ органи ҚҚСни тўлиқ ёки қисман қайтариш тўғрисида қарор қабул қилади ва унинг нусхаси солиқ тўловчига юборилади.

Солиқ тўловчи қарор нусхасини олганидан бошлаб 3 кунда тафовут аниқланган давр учун солиқ ҳисоботини беради.

☑️ Қопланиши лозим бўлган солиқ суммаси солиқ органи томонидан мустақил равишда солиқ тўловчининг бошқа солиқлардан бўлган қарзларига йўналтирилиши мумкин.

Каналга уланиш👇👇👇
https://t.iss.one/huquqiyaxborot
Forwarded from Huquqiy axborot
#Қонунчиликдаги_янгиликлар

Тугатилаётган фермер хўжалигининг ерга қилган харажати қопланади

Ҳукумат қарори (501-сон, 24.08.2020 й.) билан Тугатилаётган ёки мақбуллаштирилаётган фермер хўжалиги ёки қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи бошқа субъектларга ажратилган ер майдонида сарфланган харажатлар қийматини ҳисоблаш ва қоплаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низом билан ер майдонига сарфланган қайси турдаги харажатлар қоплаб берилиши белгиланди.

💰 Жумладан, кўчатлар, манзарали дарахтлар, уларни парваришлаш, ҳудудни ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш мақсадида бажарилган агротехник тадбирлар учун қилинган харажатлар қоплаб берилади.

➡️ Қишлоқ хўжалиги ташкилоти ихтиёрийлик асосида тугатилаётганда ёки мақбуллаштирилаётганда ерга сарфланган харажатларни аниқлаш учун фермерлар баҳоловчи ташкилотга мурожаат қилади.

🏢 Тугатиш ёки мақбуллаштириш ҳокимлик томонидан амалга оширилса, туман ҳокимлиги баҳоловчига мурожаат қилади.

🧾 Баҳоловчи ташкилот сарфланган харажатларни аниқлаш учун тегишли мутахассисларни шартнома асосида жалб этиши мумкин.

🔍 Баҳолаш қишлоқ хўжалиги ташкилоти ташаббуси асосида амалга оширилганда, баҳолаш натижалари туман ҳокимлигига ҳисобот кўринишида тақдим қилинади агар, ҳокимлик ҳисоботдан норози бўлса ҳисоботнинг ишончлилиги юзасидан экспертиза ўтказилади.

📩 Ҳисобот бўйича эътироз бўлмаса ер майдони танловга қўйилади ва талабгорлар қопланиши лозим бўлган харажатлар тўғрисида хабардор қилинади.

📌 Талабгор танлов ғолиби
деб эълон қилинган кундан бошлаб 10 кун ичида харажатларни тўлиқ тўлаши лозим.

📄 Агар харажатларни қопламаса, ҳокимлик кейинги календарь кундан кечикмай ғолибдан кейин энг юқори балл тўплаган талабгорга харажатларни қоплаш тўғрисида таклиф юборади.

Ушбу талабгор 10 иш кунида харажатларни тўласа, у танлов ғолиби деб ҳисобланади ва унга ушбу ер расмийлаштирилади.

♻️ Агар харажатлар тўланмаса, танлов ўтказилмаган деб ҳисобланади ва ер майдони кейинги танловга такроран қўйилади.

Каналга уланиш👇👇👇
https://t.iss.one/huquqiyaxborot
Forwarded from Huquqiy axborot
#Қонунчиликдаги_янгиликлар

Тошкент вилоятида ТАТУ филиали ташкил этилади

“Ахборот технологиялари соҳасида таълим тизимини янада такомиллаштириш, илмий тадқиқотларни ривожлантириш ва уларни IT-индустрия билан интеграция қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–4851-сон, 06.10.2020 й.) қабул қилинди.

🖥 Қарорга мувофиқ, республика туман (шаҳар)ларида мавжуд умумтаълим мактаблари негизида информатика ва ахборот технологияларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаблар босқичма-босқич ташкил этилади.

🏫 Шунга кўра, жорий йилда мазкур йўналишда 14 та таянч мактаб, 2021-2023 йилларда эса республика бўйича жами 205 та ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилиши белгиланган.

2020/2021 ўқув йилдан:

📘 мактабларда “Информатика ва ахборот технологиялари” фани “Бир миллион дастурчи” лойиҳасига оид ўқув дастурлари билан интеграция қилинади;

💴 мазкур лойиҳа доирасида ўқув курсларини муваффақиятли якунлаган мактабларнинг 100 нафар энг яхши “Информатика ва ахборот технологиялари” фани ўқитувчиларини ҳар йили БҲМнинг 20 баравари миқдорида бир марталик мукофотлаш тизими жорий қилинади.

🔘 2021 йил 1 мартга қадар ушбу фан ўқитувчиларини сертификатлаш миллий тизими жорий қилинади.
🔘 2021 йил 1 сентябрдан рақамли кўникмаларни эгаллаш даражаси бўйича тегишли сертификатга эга бўлган ихтисослаштирилган мактабларнинг ушбу фан ўқитувчиларига БҲМнинг 50 фоизи миқдорида ҳар ойлик устама ҳақ тўланади.
🔘 2021/2022 ўқув йилидан Тошкент вилоятида Тошкент ахборот технологиялари университети филиали ташкил этилади.

Каналга уланиш👇👇👇
https://t.iss.one/huquqiyaxborot
Forwarded from Huquqiy axborot
#Қонунчиликдаги_янгиликлар

❗️Айрим вилоятларда давлат театрлари ташкил этилади

“Республикада айрим давлат театрлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ҳукумат қарори (754-сон, 30.11.2020 й.) қабул қилинди.

🔰 Қарорга кўра:

👉 Наманган ва Сирдарё вилоятларида – қўғирчоқ театрлари;
👉 Навоий ва Тошкент вилоятларида – қўғирчоқ театрлари ва мусиқали драма театрлари фаолияти ташкил этилади.

🎭 Қўғирчоқ театрлари ва мусиқали драма театрлари фаолияти самарадорлигини ошириш, уларнинг ижодий фаолиятини ривожлантириш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида “дўстлар клублари” фаолияти йўлга қўйилади.

🔰 Шунингдек, 2021/2022 ўқув йилидан:
• Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида “Қўғирчоқ ясаш технологияси” ихтисослиги бўйича таълим йўналишини очиш;
• қўғирчоқ театри режиссёрлиги, актёрлиги ва драматургия йўналиши бўйича махсус сиртқи бўлимларни ташкил қилиш;
• Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида “Қўғирчоқ театри рассоми” ихтисослиги бўйича таълим йўналишини очиш чоралари кўрилади.

Каналга уланиш👇👇👇
https://t.iss.one/huquqiyaxborot
Forwarded from Huquqiy axborot
#Қонунчиликдаги_янгиликлар

Аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш тизими жорий этилади

“Аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш тизимини жорий этишнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5148-сон, 16.06.2021 й.) қабул қилинди.

🗓 Қарорга кўра, 2021 йил 1 августдан Аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш тизими жорий этилади.

☑️ Баҳолаш тизими бўйича спорт синовлари махсус ва ихтиёрий равишда аҳолининг етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган қатлами ва ундан катталарнинг жисмоний тайёргарлигини аниқлайди.

🏃🏻‍♂️Спорт синовлари 15 турдаги машқлардан иборат бўлади.

➡️ Иштирокчиларга 11 та ёш тоифаси бўйича эгаллаган ўрни ва даражасига қараб спорт разрядлари ва унвонлари берилади.

🏅Спорт синовларини муваффақиятли топширган шахслар учун “Жисмоний тайёргарлик даражаси” кўкрак нишони таъсис этилади.

🔰 Шунингдек, улар ёш кўрсаткичларидан келиб чиқиб 1 йил мобайнида қуйидаги имтиёзлардан фойдаланади:

сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмат тўловининг 50 фоизини чегирма билан тўлайди ва муддатли ҳарбий хизматга биринчилар қаторида устунлик билан юборилади;

махсус талабларни бажарган ғолибларга (I ўрин) “Темурбеклар мактаби”га тест синовларисиз танловдан ташқари ўқишга киради;

бепул тарзда давлат туман (шаҳар) кўп тармоқли тиббиёт муассасасида бир марталик чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтади;

махсус талабларни бажарган ғолибларга (I ўрин) умумий фойдаланишдаги давлат йўловчи ташиш шаҳар транспортида бепул ҳамда ҳудудлараро ҳаракатланишда 50 фоиз чегирмали тўлов билан имтиёзли юриш ҳуқуқи берилади (такси, шу жумладан йўналишли такси мустасно);

фарзандлари яшаётган жойдаги мактаб, боғча, шунингдек, ёзги соғломлаштириш оромгоҳларига навбатсиз жойлаштирилади;

барча давлат органлари ва ташкилотларининг ходимларига иш жойи ҳисобидан дам олиш масканлари ва санаторийларга бепул йўлланмалар тақдим этилади;

республика миқёсида ишга ёки ўқишга қабул қилинишида жисмоний тайёргарлик талаб этиладиган имтиҳон (ОТМ спорт йўналишларидан ташқари), синов, амалий машғулотларда устунлик (имтиҳонда максимал балл ёки амалий машғулотлардан озод қилиниши) берилади.

🖥 2021 йил 1 августгача спорт синовларининг платформаси (www.jtdss.uz) ва ягона электрон базаси фаолияти йўлга қўйилади.

Каналга уланиш👇👇👇
https://t.iss.one/huquqiyaxborot
Forwarded from Huquqiy axborot
#Қонунчиликдаги_янгиликлар

Хонадонларда пилла етиштирувчиларга субсидия ажратилади

“Республикада мавжуд яйловлардан унумли фойдаланиш, ипак ва жунни қайта ишлашни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5178, 08.07.2021 й.) қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, 2022 йил 1 январдан 2025 йил 1 январгача:

👉 ҳар йили етиштириладиган пилла (ҳўл пилла) ҳосилининг 1 кг учун 5 минг сўм миқдорида хонадонларда пилла етиштирувчиларга республика бюджети ҳисобидан субсидия ажратилади;

👉 тутзорларни суғориш учун фойдаланилган сув ҳажмига сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 50 фоиз миқдорда қўлланилади.

➡️ Шунингдек, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш давлат дастурлари доирасида ажратилган маблағлар жун йўналишидаги қўйларни, шунингдек, қўлда жун йигириш, ипак матолари, гилам ва кигиз тўқиш ускуналарини сотиб олишга ҳам йўналтирилади.

Қарорга кўра, қуйидаги ҳудудлар жун йўналишидаги майда шохли молларни етиштиришга ихтисослаштирилади:

▫️Қашқадарё вилоятининг Ғузор ва Деҳқонобод туманлари;
▫️Самарқанд вилоятининг Қўшработ тумани;
▫️Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон ва Бойсун туманлари.

💰Шунингдек, қоракўлчиликни янада ривожлантириш мақсадида 200 миллиард сўм маблағ ажратилади.

1️⃣ Мазкур маблағларнинг 50 миллиард сўми 1-босқич сифатида жун йўналишидаги майда шохли молларни етиштиришга ихтисослаштирилган туманлардаги тадбиркорлар томонидан лойиҳаларни амалга ошириш учун кредит ажратишга йўналтирилади.

2️⃣-босқичда – 2022 йил 1 апрелга қадар Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан 50 миллион АҚШ доллари эквивалентидаги маблағлар тижорат банклари орқали кредит ажратишга йўналтирилади.

Бундан ташқари, Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси деб, Республика “Қоракўлчилик” уюшмаси “Яйлов хўжалигини ривожлантириш” уюшмаси деб қайта номланди.

Каналга уланиш👇👇👇
https://t.iss.one/huquqiyaxborot
Forwarded from Huquqiy axborot
#Қонунчиликдаги_янгиликлар

⚡️ “Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг давлат ОТМларида ўқиётган фарзандларига биринчи ўқув йили учун тўлов-контракти тўлаб берилади

“Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармони (ПФ–6260-сон, 13.07.2021 й.) қабул қилинди

💰 Фармонга кўра, 2021 йил август ойида “Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг 18 ёшгача бўлган ҳар бир фарзанди учун 500 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади.

➡️ “Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг давлат ОТМларида таълим олаётган фарзандларига 2021/2022 ўқув йилида биринчи ўқув йили учун тўлов-контрактнинг тўлиқ суммаси қоплаб берилади.

🏦 “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари”га киритилган оилалар фарзандлари ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга янги турмуш қураётганида ўз хонадонида қўшимча уй-жой қуриши учун 33 миллион сўмгача гаровсиз кредит ажратилади.

🏚 Ипотека дастури доирасида бошланғич бадал ва фоиз тўловлари бўйича қўшимча 2 мингта ёш оилага уй-жой сотиб олиши учун субсидия ажратилади.

🎓 2021 йил 1 сентябрдан республикадаги ОТМда тўлов-контракт асосида ўқиётган талабалар учун Марказий банкнинг асосий фоиз ставкаси миқдорида ва ўқиш муддати тугагандан кейин еттинчи ойдан бошлаб 7 йил муддатда қайтариш шартлари асосида таълим кредитлари берилади.

☑️ Давлат органлари ва ташкилотларида ишлаётган нуфузли халқаро рейтинг ташкилотларининг юқори 500 талик рўйхатига киритилган хорижий ОТМларини тамомлаган ёки уларда илмий даража (PhD ва унга тенглаштирилган бошқа илмий даража) олган ёш мутахассисларнинг лавозим маошига қўшимча устамалар тўлаб бориш тартиби жорий этилади.

Ойлик устамалар 2021 йил 1 октябрдан бошлаб Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, иш берувчи ва ёш мутахассис билан 3 йилгача бўлган муддатга тузилган шартнома асосида ёш мутахассиснинг лавозим маошига қўшимча равишда ҳар ой тўлаб борилади.

Каналга уланиш👇👇👇
https://t.iss.one/huquqiyaxborot