Тарих чорраҳасида – Тошкент вилояти Маданий мерос бошқармаси
200 subscribers
2.36K photos
739 videos
911 links
Тошкент вилояти Маданий мерос бошқармасининг лойиҳаси

Биз билан боғланиш учун: @Madaniymeros_Bot
Download Telegram
#қишлоқларимиз_тарихидан

‼️Маълумки, юртимизда 10 га яқин Қорахтой қишлоғи мавжуд. Шулардан бири вилоятимизнинг Оҳангарон туманида жойлашган.

🔰Ўнг томондан Оҳангарон дарёси, сўл томондан Чотқол тизмаларига туташ қишлоқда "Гулмомо" тепалиги бор. Мазкур тепаликда кўпкари ва сайиллар ўтказилади.

Унинг ҳар бир манзилида тарих яширинган. Ушбу қишлоқ ўзининг мард, танти, меҳнаткаш халқи билан ҳамиша эътироф этиб келинади. Профессор Исомиддин Ёрматов келтирган манбада шундай дейилади: Хитой ва Монголия давлати ўртасида қорахитой деган жангари халқ истиқомат қилган. Ана шу давлат ўзининг халқини боқиш учун Оҳангарон тумани ҳудудларига келади. У вақтда пул муомаласи бўлмагани боис қимматбаҳо тошлар – олтин, кумуш, руда, мис кабиларни қазиб олиб, рўзғор тебратишган. Кейинчалик қорахитойликлар ҳозирги қишлоқдан қўним топган. Улар қора танли хитойлар бўлган.

📜 Шунингдек, жой номланиши бўйича бошқа талқинлар ҳам бор. Масалан қорахитой ўзбек уруғларидан бири дейилса, яна бир ривоятда Қоратой исмли йигит Гулмомо исмли қизга кўнгил қўйиб, шу яқин тепаликларда айланиб юради. Қоратой исми оғиздан оғизга ўтиб, Қорахтой номи келиб чиққан ,деган тахминлар бор. Бироқ туб аҳолининг айримлари бунга эътироз билдиради.

💭 Қишлоқнинг марказий кўчасида жойлашган машҳур Қозихона тахминан 1890 йилларда Абду Мавлонов исмли шахс томонидан бунёд этилганлиги айтилади. У кишининг номи қорахтойликларга Абдуқозибува номи билан маълум-у машҳурдир. Қозихона атрофидаги барча ерлар у кишига тегишли бўлган. Бу ерда Оҳангарон воҳасида содир этилган жиноятларга халқ олдида ошкора равишда жазо тайинланган. Шу ердаги тегирмон, боғлар, ер майдонларига жиноятчилар олиб борилиб ишлатилган. Бу ҳақида YouTube каналида батафсил маълумот олишингиз мумкин.

🔘Уч асрлик тарихий воқеликка гувоҳ Қозихонадан мустақиллик даврига қадар турли идора вакиллари фойдаланган.

🐏🐄Аҳоли азалдан деҳқончилик ва чорвачилик билан машғул бўлган. Балки биларсиз, Қорахтой гуручи оқар сувда етиштирилади. Ҳатто у машҳур Хоразм "девзира"си билан беллаша олади. Шунингдек, маҳаллий аҳоли узумчилик ва анорчиликда фарғоналиклардан, бодринг етиштиришда олтиариқликлардан қолишмайди.

🔍 Профессор Анорбой Турғунов, тарих фанлари доктори Эркин Абдиев, фан номзоди Фарҳод Мўминов, фалсафа фанлари доктори Толиб Умрзоқов, фан номзоди Раҳматилла Омонов, ўткир қалам соҳиблари Мўмин Қаюмов, Ҳамид Сулаймонов, Тожи Хушназаров, Озод Хушназаров, Абдушукур Наврўзов ва Зарифа Эралиева каби яна қатор зиёли инсонлар етишиб чиққан.

🔺 Мустақиллик йилларидан кейин қишлоқ "Ўзбекистон", “Унгут”, “Қорахтой”, “Тут”, “Ялпоқтепа”, “Ёнариқ” маҳаллаларига бўлинди. Ўша вақтда қишлоқда 14 минг аҳоли истиқомат қилган.

👨‍👩‍👧‍👦Айни пайтда қишлоқ маркази саналган “Қорахтой” маҳалласида 2 минг 800 нафар аҳоли яшайди.

🔍Қишлоқ ер майдони 162 гектар
бўлиб, аҳолининг 1 минг 450 нафарини 0–30 ёшгача бўлганлар ташкил этади.

@tarix_chorrahasida
July 2, 2022
​​#Қишлоқларимиз_тарихидан #Паркент

ЗАРЛИ ШАҲАРЧА ҲАҚИДА БИЛАСИЗМИ?

📌"Заркент қишлоғи Паркент тумани марказидан 12 чақирим нарида Чотқол тоғ тизмаларининг ғарбий томонида жойлашган. Денгиз сатҳидан 1100-1400 метр юқорида жойлашган бу азим қишлоқда асосан тожик миллатига мансуб аҳоли яшайди. Узумлари билан машҳур қишлоқ тарихига назар соламиз.

🔘Археологик маълумотларга қараганда, бу ерда турар жойлар 2800-3000 йил аввал пайдо бўлган.

🗻Заркентда тарихий обидалар, маданий мерос объектлари кўп. Жумладан қишлоқдаги тарихий тепа – Заркенттепада 1963 йилда Чотқол экспедицияси томонидан ўрганиш ишлари ўтказилганда унинг бир қисмида қаср мавжуд бўлгани аниқланган. У ердаги сопол топилмалари VI-VII асрларга тааллуқлилиги ҳақида фактлар мавжуд.

📁 Шарқшунос олим Бартольд Заркенттепа ҳақидаги араб ва форс муаллифлари томонидан ёзилган асарларни ўрганаётганда “заранг кент” ( зар, олтин шаҳар) атамаларига дуч келади.

⚡️Қадимда Заркентда душман ҳужумидан ҳимоя қиладиган қўрғон бўлган. Сомонийлар даврида ўз аҳамиятини йўқотган бу қўрғон XII-XIII асрларда қайта тикланган.

💰1974 йилда ҳудудда олиб борилган қазишма ишларида XVI асрда зарб этилган мис тангалар топилган. Шундан ҳам қишлоқ узоқ ўтмишга эга эканини кўриш мумкин.

🍇Заркентликлар асосан узумчилик, боғдорчилик ва чорвачилик билан шуғулланади.

🔍Тоғли минтақаларда мўл-кўл боғдорчилик маҳсулотлври етиштириш борасида ўзига хос мактаб яратган, уста боғбон, “Ўзбекистон Қаҳрамони” Тожибой Ризаев, академик Тожибой Бўриев, фалсафа фанлари доктори Абдусодиқ Ирисов, тиббиёт фанлари докторлари Абдураҳмон Пўлатов, Зариф Аширов, Ўзбекистон энциклопедиясини ёзишда ҳисса қўшган Султон Холназаров, ”Дўстлик" ордени соҳиби Бакир Йўлдошев айнан шу ҳудуднинг фарзандлари ҳисобланишади.

👨‍👩‍👦‍👦Заркент қишлоғида 13 000 нафар аҳоли истиқомат қилади. Қишлоқ фуқаролар йиғини 2017 йилда "Тожибой Ризаев", "Янгиобод”, ”Истиқлол”, "Қўрғон” "Давлатобод" маҳаллаларига ажралган.

🏢Қишлоқ ҳудудида 4 та мактаб, 2 та болалар боғчаси, 1 та стадион, маданият уйи, савдо шохобчалари, бир нечта ошхоналар фаолият кўрсатмоқда.

📌Собиқ Заркент ҚФЙнинг марказида ҳозирги кунда "Истиқлол" маҳалласи жойлашган.

Айни пайтда:
🔹Маҳалла раиси – Суҳроб Исматов
🔹Ҳоким ёрдамчиси –Жаҳонгир Султонов
🔹Ёшлар етакчиси – Руҳиддин Ризаев
🔹Хотин-қизлар фаоли – Муяссар Ҳолматова

@tarix_chorrahasida
July 14, 2022
#Қишлоқларимиз_тарихидан

ТОМОРҚАЧИЛИКДА ИБРАТ "МАЛЛАБОЙ"

👨‍👩‍👧‍👦Маллабой қишлоғи Бекобод тумани марказидан 7-8 чақирим олисда жойлашган. Бу ерда 3092 нафар аҳоли истиқомат қилади, 860 нафари 16-30 ёшдагилар.

📌Ўтган асрнинг 30-йилларида водийлик Маллабой исмли киши оиласи билан қамишзор, чўл бўлиб ётган бу қишлоққа келиб, деҳқончилик қилади. Қўриқ ерлар ўзлаштирилаётган у пайтларда катта майдонларда атиги 3-4 оила деҳқончилик қилган.

🔺Уддабурон Маллабой ердан унумли фойдаланишни биладиган асл деҳқон бўлгани учун қўл остидагилар билан қийинчиликларни енгиб ўтиб, йилдан-йилга мўл ҳосил ола бошлайди. Шу тариқа одамлар кўчиб келиб, аҳоли яшаш пункти пайдо бўлади. Қишлоққа унинг асосчиси номи берилади. Маълумотларга кўра, ҳозирда машҳур Маллабойнинг авлодлари тумандаги "Жумабозор" МФЙда истиқомат қилишади.

Айни дамда маҳалланинг ер майдони 744 гектарни ташкил этади.

📁"Маллабой" қишлоқ фуқаролар йиғини тугатилгунга қадар "Гулистон" ҚФЙ таркибида бўлган. 2016 йилда Маллабой расман маҳалла фуқаролар йиғини сифатида ташкил этилган.

🏢Қишлоқда 1 та мактаб, 3 та мактабгача таълим ташкилоти ва оилавий поликлиника филиали фаолият юритади.

🍅🍆Ушбу маҳалла томорқачиликда нафақат Тошкент вилояти, балки бутун Республикага ибрат бўлиб, хонадонларнинг барчаси томорқа ер майдонларидан самарали фойдаланади. Ҳудуддаги 535 та хонадоннинг 502 тасида иссиқхона мавжуд. Иссиқхоналарда бир йилда 3 маротаба ҳосил олинади.

💵Ҳосил ўртача 6,6 тоннани ташкил этиб, йилига 33 миллиард сўм даромад дегани. Шунда битта хонадон йилига ўртача 60-70 миллион сўм соф даромад олади.

‼️Маълумот учун: Ўтган 6 ойда маллабойликлар Россия ва Тожикистонга 1900 т помидор, бодринг ва бақлажон экспорт қилишган.

🔰Маҳаллада ҳуқуқбузарлик, жиноятчилик,
ажримлар кузатилмайди. Сабаби, етти ёшдан етмиш ёшгача барча томорқада банд.


Айни пайтда:

🔹Маҳалла раиси – Абдуллажон Сирожиддинов
🔹Ҳоким ёрдамчиси – Жавлон Мусаев
🔹Ёшлар етакчиси – Фирдавс Дадабоев
🔹Хотин-қизлар фаоли – Қундузхон Олимова

@tarix_chorrahasida
July 19, 2022
#Қишлоқларимиз_тарихидан #Паркент

КУМУШ ЙЎҚ, КУМУШКОН БОР...

🕌Туризм – мамлакатни дунёга танитувчи, иқтисодиёт учун юқори даромад келтирувчи ва аҳоли бандлигини таъминловчи соҳалардан бири. Тошкент вилояти географик жойлашув ўрни ва сўлим табиатига кўра туризм ривожига қулай ҳудуд ҳисобланади.

Паркент тумани марказидан 16 км узоқликда жойлашган, вилоят туризми ривожида муносиб улушга эга Кумушкон қишлоғи ана шундай гўзал гўшалардан бири ҳисобланади. Айтишларича, бир неча асрлар илгари хитойликлар бу ҳудудга кумуш илинжида келишган. Ва албатта излаган конларини топишган ҳам. Хитойликлар барча кумушни ташиб кетишганми, йўқми, буёғи ҳеч кимга маълум эмас.

📂1940 йилда кон масаласи яна кун тартибига чиқади, яна изланишлар бошланиб кетади. Орадан 7 йил ўтиб бу ерда кон очилди, Фақат у кумуш эмас, қўрғошин кони эди. 1957 йилда номаълум сабабларга кўра, фаолияти тўхтатилди.

🔰Қишлоқ дастлаб Чанги Ҳисорак, сўнгра Ҳисорак қишлоқ фуқаролар йиғини тасарруфида бўлган. 2002 йилда маҳалла фуқаролар йиғини мақомига эга бўлди.

⚪️Кумушкондаги “Масжид Али” зиёратгоҳи халқ орасида алоҳида меҳр билан тилга олинадиган Ҳазрат Али номи билан боғлиқ кўркам қадамжо бўлиб, вилоятнинг энг ажойиб диққатга сазовор жойларидан ҳисобланади. Зиёратгоҳдаги улкан чинор ва шифобахш булоқ суви зиёратчилар томонидан эъзозланади. Айтишларича, еростидаги маъданларнинг булоқ сувларига ижобий таъсири натижасида инсон саломатлигига ниҳоятда фойдали.

🔺Қишлоқда 7 та кўча мавжуд. 3 500 нафар аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг 1617 нафари 0-30 ёшдагилар. Ҳудуд майдони – 97 гектар.

🌴Кумушкон тоза ҳавоси, мафтункор табиати билан сайёҳларни ўзига жалб қилади. Шу сабаб Ҳукумат қарори билан туризм қишлоғига айлантирилган. Жуда қисқа вақтда бу ерда 62 та меҳмон уйи рўйхатга олинди. Маҳаллий аҳолининг сўзларига кўра, мавсумда (апрелнинг 15-санасидан сентябрнинг охиригача) 30 млн. сўмдан ортиқ даромад қилиш мумкин.

Айни дамда:

🔹Маҳалла раиси – Абдураҳмон Бурҳонов

🔹Ҳоким ёрдамчиси – Музаффар Ражаббоев

🔹Ёшлар етакчиси – Мурод Азимбоев

🔹Хотин-қизлар фаоли – Мадина Аҳмедова

@tarix_chorrahasida
September 20, 2022
#Қишлоқларимиз_тарихидан

Нефритлар қишлоғи қайда?

🗻Пском қишлоғи Бўстонлиқ туманидан 100 чақирим узоқликда жойлашган бўлиб, гўзал табиати, баланд тоғлари, тоза ҳавоси ва меҳнаткаш одамлари билан бошқа ҳудудлардан ажралиб туради. Мазкур ҳудудда қадимги қўрғонлар, тепаликлар ва қадамжолар мавжуд.

💧“Пском” сўзи Пском дарёси номидан келиб чиққани маълум. “Пском” сўзидаги “ком” илдизининг маъноси ҳинд-европа тилларидаги “ком”, “кан”, “кон” сўзларидан келиб чиққан бўлиб, “канал-ариқ”, “қазиш”, “чуқурлаш” маъноларини билдиради.

⭕️ Шунингдек, аввал қишлоқ номи Биском, Бистком бўлган, деган фикрлар бор. Улар бўйича, “бист” сўзи форс-тожик тилида “йигирма”, “ком” – дарё (сой) маъноларини билдирган. Яъни 20 та ирмоқдан иборат бўлган дарё. Улар қуйидагича аталади: Наволисой, Ахсарсой, Испайсой, Оромзода, Каптар кумушсой, Тепарсой, Бодаксой, Урунгачсой, Қурмулсой, Обиҳалвосой, Пскомсой, Қорақизсой, Қавдонсой, Ихночсой, Тайоқтошсой, Толиқсой, Қорабоғсой, Майдонтол, Ойгайинг ва Чиралма.

♻️“Турон” академияси доценти, тарих фани ўқитувчиси Турдивой Эсанбоевнинг таъкидлашича, қишлоқ аҳолисининг ичида “Пском” сўзининг иккинчи маъноси “Пастком”, яъни Пастдарё деган номи ҳам мавжуд экан. Бу тахмин ҳам ҳақиқатдан узоқ эмас, чунки дарё қишлоқ ва қадимги “Шоҳжувор” қўрғонидан 100-150 метр пастроқда оқади.

🔸Мискон атамасида ҳам жон бор. Чунки ХХ асрнинг 40-йилларида Пскомсой ҳудудида геологлар томонидан қазишма ишлари олиб борилган ва турли хил маъданлар топилган. Кондаги маъданлар захираси чекланган миқдорда бўлганлиги сабабли ишлар тўхтатилган. Кам миқдорда бўлсада миснинг борлиги аниқланган. Манбаларда ушбу конлар бу ерда X-XII асрларда ҳунармандчилик гуркираб ривожланишига хизмат қилгани айтилади.

🔺1906 йилда тарихчи-археолог олим И.М.Мушкетов ҳудудда ўтказган тадқиқотларида Пском қишлоғи, Пском дарёси ва “Шоҳжувор” харобалари тўғрисида маълумотлар қолдирган. Ҳофизи Танишнинг “Абдулланома” асарида (1579 й.) Фарак (Чирчиқ) дарёсининг ҳар иккала ирмоғи: Биском ва Жигил (Чотқол) оралиғида Абдуллахон қўшинининг душман билан бўлиб ўтган оғир жанги тўғрисида ҳам маълумотлар учрайди.

📌Пском, Чотқол, Угам дарёлари қўшилишиб, Чирчиқ дарёсини ҳосил қилади. Юқоридаги фикрларга кўра, Пском қишлоғининг Бистком сўзидан келиб чиққани ҳақиқатга яқинроқ.

🔍Пском 2016 йилда “Дадабоев” қишлоқ фуқаролар йиғини таркибидан ажралиб чиқиб, маҳалла фуқаролар йиғини мақомига эга бўлган. Айни вақтда маҳалланинг “Пском”, “Қўриқсой”, ”Чакак” кўчалари мавжуд. Асосан тожик миллатига мансуб аҳоли яшайди.

📍Меҳмондўстлик, самимийлик бу ерлик аҳолига хос ва мос хислат. Бу одамлар табиатни яхши билишади, уни севишади, унинг қонун-қоидалари билан ҳисоблашишади.

🍀Аҳоли сони – 914 нафар. Шундан 480 нафари 0-30 ёшдагилар. Қишлоқнинг умумий ер майдони 1300 гектар бўлиб, хонадонлар 17 гектарда жойлашган. Ҳудудда 45-сонли умумтаълим мактаби мавжуд. Жорий йилда мактабни 14 нафар ўқувчи тамомлаган. Пском оилавий шифокорлик пункти, 3 та меҳмон уйи фаолият юритади. Қишлоқ болалари мактабгача таълим ташкилотига муҳтож.

🔰Пскомлик аҳолининг 80 фоизи асаларичилик билан машғул. Тоза ва табиий тоғ асали бошқа давлатларга экспорт ҳам қилинади.

⚪️ Шунингдек, ҳудудда чорвачилик, боғдорчилик ва деҳқончилик яхши ривожланган. Бу ерда машҳур Нефрит кўли, Бўдак кўли ва Бурчмулла давлат ўрмон хўжалиги жойлашган. Нефрит кўли денгиз сатҳидан 1227 метр баландликда жойлашган, бу ноёб табиий сув ҳавзасини Урунғоч кўли, деб аташади ҳам. “Урунғоч” сўзи уйғурчадан “ёрқин нефрит”, дея таржима қилинади. Кичик Урунғоч кўлидаги сувнинг ҳарорати 7-8 даражадан ошмайди ва унда ҳеч қандай жонзот яшамайди. Узунлиги уч юз эллик метр, эни етмиш саккиз метр, чуқурлиги ўн метр атрофида.

Айни пайтда:

🔹Маҳалла раиси – Фаррух Файзиев
🔹Ҳоким ёрдамчиси – Шодмон Ҳакимов
🔹Ёшлар етакчиси – Бахтиёр Саидмавлонов
🔹Хотин-қизлар фаоли –Шаҳло Фузулова

@tarix_chorrahasida
September 21, 2022
#Қишлоқларимиз_тарихидан #Бекобод

ТАҚАЧИДАГИ МАҚБАРАНИ БОБУР ҚУРДИРГАНМИ?

Бекобод туманида жойлашган Тақачи қишлоғи Сирдарё соҳили бўйида жойлашган бўлиб,авваллари аҳоли асосан темирчилик билан шуғулланган.

Қадимда бу ҳудуддан йирик савдо йўли ўтган. Бу йўл Фарғона водийси, Хўжанд, Ўратепа, қадимги Чоч (Тошкент)ни бир-бири билан боғлаган. Савдо карвонлари кечувдан ўтиб, айнан шу ерда дам олганлар ва отларини тақаларини шу қишлоқдаги темирчи усталарга таъмирлатганлар. Шу сабабли бу қишлоқ тақачилар қишлоғи деб номланган.

Қишлоқда қадимий "Қизилмозор" қабристони ва қизил рангли ғиштлардан барпо қилинган мақбара мавжуд. Маҳаллий тилда "Қизилгумбаз" деб аталади. Афсоналарга кўра, бу мақбара буюк шоҳ ва саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур томонидан бир кечада бунёд этилган. Заҳириддин Муҳаммад Бобур Қобулга чиқиб кетишида кечувдан ўтгач, шу ерда дам олиш вақтида сипоҳларидан биридан айрилади. Унинг қабри қаровсиз қолмаслиги учун ушбу мақбарани бунёд этган, деган тахминлар мавжуд. Бобурнома китобида ҳам шунга яқин сўзлар келтириб ўтилган.

Қишлоқдан бир неча зиёли инсонлар етишиб чиққан. Фан номзоди Қурвонжон Абдураззақова, фан номзоди, доцент Рўзимат Ҳамроқулов, профессор, физика фанлари доктори, академик Абдужаббор Абдураззоқов, машҳур шифокор бир қатор, орден ва медаллар соҳибаси Меҳринисо Абдураззоқовалар шулар жумласидан.

Қишлоқ ёшлари орасидаям иқтидорлилари сероб. Мирзоҳид Юсуфалиев Италиядаги Sapienza университетининг Европа иттифоқи ҳуқуқи факультетига грант асосида магистрлик ўқишга қабул қилинган, Ифтихор Абдужалилов сузиш бўйича Ўзбекистон чемпиони, Диёрбек Тўхлибоев Karate WT президенти кубоги кумуш медали соҳиби, Ўзбекистон чемпиони, жаҳон чемпионати иштирокчиси.

Аҳолининг асосий даромади деҳқончилик ва чорвачиликдан. Ҳозирда бу ерда аҳоли сони 3780 нафар, 0-30-ёшлилар 1739 нафарни ташкил этади. Қишлоқ ер майдони - 1082 гектар.

Айни дамда:
🔹Маҳалла раиси - Фурқат Мамаюсупов
🔹Ҳоким ёрдамчиси - Ғайбулла Абдураззақов
🔹Ёшлар етакчиси - Дилшод Усманов
🔹Хотин-қизлар фаоли - Лутфинисо Нурматова

Каналга уланиш:
https://t.iss.one/+tcc8Accr_k80OGNi
October 15, 2022
​​#Қишлоқларимиз_тарихидан #Пискент

Жадидларни улғайтирган Мўминобод

"Мўминобод" маҳалласи Пискент тумани марказида жойлашган бўлиб, энг қадимий маҳаллалардан бири саналади. Тарихий манбаларда келтирилишича, 200 йил аввал бу ерда “Пискент ариғи” қазилган бўлиб, ўзбек миллатига мансуб муқим аҳоли истиқомат қилган.

Маҳалланинг номланиши айрим манбаларда қуйидагича келтирилади. Қадимги ўзбек халқининг урф-одатлари, миллийлиги, мўминларга хос сифатлари сақланиб қолгани боис ушбу жой мўминлар обод қилган маъносида Мўминобод деб номланган.

📚Ўтган асрнинг машҳур шоири, жадид Абдулла Алавий, Музаяна Алавия шу маҳаллада таваллуд топган. Айни пайтда маҳаллада унинг жияни Машҳура Васлиева истиқомат қилади.

Маҳалла аҳлининг асосий қисмини зиёлилар ташкил этади. Айни вақтда 52 нафар ўқитувчилар ўқувчиларга таҳсил бермоқда.

☝️Айтишларича, Пискент сўзаналари хорижда маълум ва машҳур. Ҳозиргача мўминободлик тикувчи онахонлар ёшларга миллий кашталарни тикиш сирларини ўргатиб келмоқда.

Ушбу ҳудуддан жудаям кўп маърифатпарвар инсонлар, жумладан жадид ва шоир Абдулла Алавий, фольклоршунос олима ,шоира Музаяна Алавия, шоир Мулла Бўри Шермуҳаммад ўғли Дилафгор, фан доктори,профессор Насриддин Шоматов, навоийшунос олим Акром Малик, тарих фанлари доктори Абдунаби Сиддиқов, физика фанлари доктори, доцент Адҳам Маматқулов, журналист Тоҳир Шомуродов, шарқ табобатининг моҳир мутахассисларидан бири Мажид Рўзиқулов каби машҳур намояндалар етишиб чиққан.

🤩 Бу ерлик ёшлар жудаям истеъдодли. Таэквандо бўйича ЕвроОсиё чемпионатида 3-ўринни қўлга киритган Нодирахон Саидмуҳаммадова, Украинада ўтказилган Ёшлар фестивалининг каштачилик йўналишида 2-ўринни эгаллаган Мунисхон Хайриллахонова шулар жумласидан.

Маҳаллада XVII асрга оид “Ҳасти Бузруг” зиёратгоҳи халқ орасида алоҳида тилга олинадиган Занги бува (Зангиота) авлодларига дахлдор бўлиб, у ерда мақбара минораси мавжуд . Мазкур минора 2012 йилги ер силкиниши натижасида таъмирлашга муҳтож ҳолга келиб қолган.

Аҳолининг асосий даромади кўкат ва кўчатчиликни ташкил этади. Маҳаллада 14 та кўча мавжуд. 2784 нафар аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг 712 нафари 16-30 ёшдагилар. Ҳудуд майдони – 19.2 гектар.

Айни дамда:

🔹Маҳалла раиси – Дилором Ҳакимова
🔹Ҳоким ёрдамчиси – Ёрқин Воҳидов
🔹Ёшлар етакчиси – Баҳром Ҳасанов
🔹Хотин-қизлар фаоли – Латофат Усмонова


@tarix_chorrahasida
October 27, 2022
​​#Қишлоқларимиз_тарихидан #Қибрай

ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИДАГИ ЭНГ КЎҲНА ҚИШЛОҚ ҲАҚИДА БИЛАСИЗМИ?

Ўнқўрғон қишлоғи Қибрай туманидаги энг қадимий қишлоқлардан бири бўлиб, тарихга муҳрланган.

У ўтган замонларда тўкин-сочин боғлари, ичишлик чучук сувлари билан шуҳрат қозонган. Қишлоқнинг пайдо бўлиши 1870 йилга тўғри келади.

Асосий ўтроқ халқ Тошкент шаҳрининг ҳозирги “Лабзак”, “Тахтапул”, “Себзор” ҳудудларидан деҳқончилик қилиш учун кўчиб келган.

“Янги Ўнқўрғон” маҳалла фаоли (маслаҳатчиси) Акром Кенжаевнинг маълумотларига кўра, “Ўнқўрғон” деб номланиши географик жиҳатдан тепаликлар 10 та қўрғон билан ўралган. Ҳозиргача аҳоли орасида Маҳамаджон бой тепалиги, Азимбой қири, Комил нонвой сойи атамалари мавжуд.

“Ўнқўрғон қишлоғининг тарихи” китоби муаллифи Абдукарим Пўлат ўғлининг ёзишича, 1930 йилдаги коллективлаштириш даврида “Ўнқўрғон” қишлоғида “Ғайрат” ва “Равшан” колхозлари ташкил этилади. Бу икки колхоз 1935 йилга келиб Киров колхози номи билан аталган.

Шунингдек, қишлоқдаги аҳоли сонининг ортиб бориши натижасида 2001 йили “Ўнқўрғон” ва “Янги ўнқўрғорон” маҳаллаларига, 2014 йили “Янгийўл”, “Янги Ўнқўрғон”, ”Ўнқўрғон”, “ Обод”, ”Гулистон”, ”Парвоз” маҳаллаларига бўлинади.
Айни пайтда мазкур 6 та маҳаллада жами 18 мингдан зиёд аҳоли яшайди.


Ҳудуддаги “Янгийўл” маҳалласида “Бувраота” зиёратгоҳи жойлашган.
Мазкур ном билан аталувчи қабристонда 1968 йилда олиб борилган археологик қазишмаларда сопол парчалар, кундалик рўзғорда фойдаланиладиган идиш ва буюмлар синиқлари эрамизнинг Х асрига, кейинчалик V-VIII асрларга тегишли экани маълум бўлган.

Қишлоқдан етишиб чиққан машҳур шахслар: Меҳнат қаҳрамони Йўлдош Муслимов, “Шуҳрат” ордени соҳиби Икром Кенжаев, Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Раҳмат Азизхўжаев, профессор Орифхўжа Азизхўжаев, биология фанлар номзоди Абдусаттор Ниёзов, қишлоқ хўжалиги номзоди Пайзуллахўжа Абдуллаев, педагогика фанлар академиги Раҳмонберди Нуримов, филология фанлар номзоди Неъматулла Саъдуллаев, профессор Зафар Нуримов, доцент Шавкат Файзиев.

Қишлоқнинг марказий 2 маҳалласига тўхталиб ўтамиз:

Янги ўнқўрғонликларнинг асосий даромади деҳқончилик ва чорвачиликдан. 3039 нафар аҳоли яшайди. Уларнинг 0-30-ёшлилар 1453 нафарни ташкил этади. Қишлоқ ер майдони - 78 гектар.

Айни дамда:

🔹Маҳалла раиси – Бобомурод Қўшоқов

🔹Ҳоким ёрдамчиси – Иззатилла Аъзамов

🔹Ёшлар етакчиси – Рустам Абдусаматов

🔹Хотин-қизлар фаоли – Дилфуза Мақсудова


“Ўнқўрғон” маҳалласидаги аҳоли даромади деҳқончилик ва чорвачиликдан. Ҳозирда бу ерда аҳоли сони 4005 нафар, 0-30-ёшлилар 1771 нафарни ташкил этади. Қишлоқ ер майдони – 82 гектар.

Айни дамда:

🔹Маҳалла раиси – Бахтиёр Юсупалиев,

🔹Ҳоким ёрдамчиси – Шавкат Расулов,

🔹Ёшлар етакчиси – Жавоҳир Аловиддинхўжаев,

🔹Хотин-қизлар фаоли – Шаҳноза Абдусаматова.

@tarix_chorrahasida
October 28, 2022
#Қишлоқларимиз_тарихидан

🔺🔺​​ВИЛОЯТДАГИ САНДИҚЧИ МАҲАЛЛАНИ БИЛАСИЗМИ?

‼️Ўзбекистонда "Қиргузар" номли маҳалла кўп. Шулардан бири вилоятимизнинг Зангиота туманида жойлашган.

Қадимда ҳали аҳоли истиқомат қилмаган бир пайтда бу ерда катта-катта тепаликлар, қирлар бўлган дейишади. Шу боис бу ерни Қиргузар деб аташган. Кейинчалик аҳоли гавжумлаша бошлагач, Пушкин номи берилади.

🔘Тарих фанлари доктори Инобат Иброҳимова келтирган маълумотларда шундай дейилади: Қадимда Пушкин деб аталган "Қиргузар" маҳалласи 1980 йилда Назарбек қишлоғида содир бўлган қаттиқ ер силкиниши оқибатида бир неча хонадонлар авария ҳолатига келиб қолган ва ўша йили Шароф Рашидов Назарбек посёлка советининг собиқ раиси Ҳожия она Юсупованинг хонадонида бўлиб, бу ерда кўркам "Навбаҳор" маҳалласини ташкил этишини айтади.

📁"Навбаҳор" номи берилгандан сўнг бу ерда катта ишлар амалга оширилади, болалар боғчаси, мактаб, қишлоқ врачлик пункти, савдо дўконлари қурилади, бироқ маҳалла ҳудудида қир-адирлар, тепаликлар қолиб кетади. Ҳар йили апрель, май ойларида тепаликларда лолақизғалдоқлар қийғос гуллайди ва ажойиб манзара кишининг кўзини қувнатади. Маҳаллий аҳолининг ташаббуси билан 3 йил олдин маҳаллага яна "Қиргузар" номи берилади.

🔘Қиргузарликлар азалдан ҳунармандчилик ва қандолатчилик билан машғул бўлган. Балки биларсиз, "Сладки дар" машҳур ширинликлари асосчиси Даврон Каримов шу маҳаллада туғилиб ўсган. Тумандаги энг йирик ишлаб чиқариш корхонаси ҳам айнан шу маҳаллада!

🔺Шунингдек, маҳалла аҳли ҳунармандчиликнинг сандиқчилик йўналишида жуда машҳур, Тошкент шаҳридаги "Чорсу" бозорини миллий сандиқлар билан таъминлаб туришади.

🔍 Тарих фанлари доктори Инобат Иброҳимова, фан номзоди Раъно Ғаниева айнан шу ерда вояга етган.

🔺 Мустақиллик йилларидан кейин "Қиргузар"даги кўчаларга аҳолининг ҳақиқатпарварлиги, садоқатлилиги ва ҳамжиҳатлилиги инобатга олиниб, "Ҳақиқат", "Садоқат", "Ҳамжиҳат", "Ҳуррият" ва шунга ўхшаш ўхшатишлар билан ном берилган.

👨‍👩‍👧‍👦Айни пайтда “Қиргузар” маҳалласида 2980 нафар аҳоли яшайди. Уларнинг 1270 нафарини 0-30 ёшгача бўлганлар ташкил этади.

🔍Қишлоқ ер майдони - 28,88 гекта
р.

Ҳозирда:

🔹 Маҳалла раиси – Дилмурод Иброҳимов

🔹 Ҳоким ёрдамчиси – Асия Кудайбергенова

🔹 Ёшлар етакчиси – Зафар Муртозев

🔹 Хотин-қизлар фаоли – Наима Султонова


@tarix_chorrahasida
October 31, 2022
#Қишлоқларимиз_тарихидан

Бир асрга тенгдош "Бойовул"

Вилоятимизда турли номлар билан аталаётган қишлоғу овуллар тарихига қизиқиб кўрганмисиз? 

Масалан Ўрта Чирчиқ туманидаги Бойовул қишлоғи XIX асрнинг илк йилларида ташкил этилган бўлиб, аввал бу манзилда ҳеч ким  яшамаган.  Қишлоқ кексаларининг айтишича, илк бор  Раҳматилла исмли  бой  келиб ерларни ўзлаштирган. У кишининг беҳисоб мол-мулкини  кўрганлар бу ер бойнинг овули дея аташган. Шу-шу Бойовул деб номланади.  Афсуски, у бой босмачилар томонидан ўлдирилиб, бойликлари талон-тарож қилинган дейилади. Ҳозиргача бойнинг авлодлари шу қишлоқда яшайди.

Мазкур қишлоқ турли йилларда ҳар хил номдаги колхозга айлантирилган. Хусусан, 1940-42 йилларда "Қизил Юлдуз", 1960-69 йилларгача Максим Горький,  1969-1992 йилларда Акмал Икромов, 1994-2000 йиллардан сўнг "Уйшун" қишлоқ фуқаролар йиғини таркибида бўлган. Унга  Нуриддин Турғунов, Анорали Марасулов, Муҳаммад Умиров, Абдукарим Тошматов, Ёдгор Сайитбоевлар раислик қилган.

2009 йилга келиб қишлоқ фуқаролар йиғини тугатилади. "Бойовул" маҳалласида "Бойовул", "Уйшун-1", " Уйшун-2" кўчалари ташкил этилади. Уйшун сўзи эса уюшмаган аҳоли маъносини англатади.

Қишлоқдан кўплаб машҳур инсонлар етишиб чиққан.   Бир қатор  орден ва медаль соҳиблари Нормат Тошенов,Тожибой Ибрагимов, Ҳолтурсин Пўлатов,  Фозил  Маматқулов, Ҳотам Шодиев, Зиёаҳмад Мўминов, шифокор Низом Бегманов, Абдукарим Тошматовлар ҳаёти ва фаолияти ёшларга ўрнак бўлмоқда.

Аҳолининг асосий даромади деҳқончилик ва чорвачиликдан. Аҳоли сони - 3282 нафар, 0-30 ёшлилар - 2161 нафар.  Ҳудуд майдони - 425 гектар.

Айни дамда:
🔹Маҳалла раиси –  Мақсуд Турғунбоев
🔹Ҳоким ёрдамчиси – Хушнуд Норқулов
🔹Ёшлар етакчиси – Муҳайё Турдибоева
🔹Хотин-қизлар фаоли – Нигора Пардаева

@tarix_chorrahasida
January 30, 2023
#Қишлоқларимиз_тарихидан

Зар топилмаган Зарбулоқ

Юртимизнинг турли ҳудудларида Зарбулоқ номи билан аталувчи қишлоқ ва маҳаллалар кўплаб топилади. Хусусан, Ангрен шаҳрида ҳам ана шу номдаги қишлоқ мавжуд.

Зарбулоқ қишлоғи Чотқол тоғ тизмалари бағрида жойлашган. Ҳудуднинг юқори қисмида доимо сариқ ва қизил тусда товланиб турадиган иккита булоқ қайнаб туради. Қишда иссиқ, ёзда муздек суви билан танилган учун зарбулоқ дейилади.

Қишлоқнинг тўрт асрга тенг ўтмиши шу кунгача ота-боболар томонидан оғиздан-оғизга ўтиб келмоқда. Мазкур маълумотларни жамлашда педагог Дўсан Тошбоевнинг ҳиссаси катта. Айни вақтда меҳнат фахрийси Қурбонқул Юсупов ушбу ишни давом эттирмоқда. Унинг таъкидлашича, Зарбулоқ қишлоғи  Дукентсой, Сойлиқлар номи билан ҳам аталган. Дукентсой дейилишига сабаб, ҳудуддан оқиб ўтувчи сойнинг икки томонида аҳоли яшаган. 

1930 йилда Ўрта Чирчиқ тумани ҳудудига тегишли мазкур қишлоқда Инқилоб,  Фрунзе, Октябрь номлари билан колхозлар ташкил этилган.  Шунингдек, Зарбулоқ қишлоғи 1940 йилда Оҳангарон туманига, 1960 йилдан Ангрен шаҳар ҳудуди таркибига қўшилгач, 1967 йилдан то мустақиллик даврига қадар Усмон Юсупов номи билан аталган.  2011 йилдан эса "Зарбулоқ" маҳалласи ташкил этилган.

Дарвоқеа, 1961 йилда аҳоли томонидан бу ерлардан ўтган асрларга дахлдор омоч, чироқ, четар (дўмбра), дон ва сув сақлайдиган кўза каби бир қатор рўзғор буюмлари топилган. Қишлоқда ЮНЕСКО рўйхатидан жой олган 18 асрга дахлдор Қоробишбой жоме масжиди бор. Ундан ҳозиргача фойдаланиб келинмоқда.

"Шуҳрат" медали соҳиби, иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Убай Назаров, фан номзоди Муҳаммаджон Мирзабоев,   Оҳангарон туманининг собиқ ҳокими Маҳмуд Мирзабоевлар шу ерда туғилиб ўсган.

Ҳудудда мактаб, ёшлар учун  спорт ўйингоҳи йўқ. Шунингдек, қишлоқ инфратузилмаси 60 йилдирки, янгиланмаган.

Аҳоли даромади - боғдорчилик,чорвачилик, асаларичиликдан.

Ҳозирда "Зарбулоқ"да 1626 нафар аҳоли истиқомат қилади, уларнинг 688 нафари, 0-30  ёшгача бўлганлар ташкил этади. Ҳудуд майдони - 316,64 гектар.

Айни пайтда:

🔹Маҳалла раиси – Авазбек Абдуҳалиқов
🔹Ҳоким ёрдамчиси – Алишер Юсупов
🔹Ёшлар етакчиси – Соҳибжон Тангиров
🔹Хотин-қизлар фаоли –Шаҳло Юсупова.

@tarix_chorrahasida
February 15, 2023
​​#Қишлоқларимиз_тарихидан

Тарихнинг қадим Бурчмуллоси

🏔 Бўстонлиқ тумани ўзининг бетакрор табиати, соф ҳавоси билан ҳамиша одамларни жалб этиб келган. Туманда қатор машҳур қишлоқлар бор. Улардан бири Бурчмулло қишлоғидир.

📜 Қадим тарихга эга ҳудуд Чотқол ва Кўксув дарёлари қўшиладиган бурчакда жойлашган. Бу ерда эрамизнинг VII асридаёқ маълум ва машҳур бўлган Ардланкент қадимий шаҳри жойлашган бўлиб, X-XI асрларда обдон гуллаб-яшнаган. Шарқлик географлар ўз йилномаларида ва хариталарида белгилашган бу кўҳна шаҳар ўтроқ ва кўчманчи аҳолининг кучли қалъаси ва мол айрбошлаш пункти бўлган. Бу ерда кумуш қазиб олиниб, ишлов берилган. Кулолчилик буюмлари ишлаб чиқариш кенг ривожланган.

📍 Палтавсойнинг ўнг соҳилида, унинг Чотқол дарёсига қуйилиш жойида бошқа ноёб қадимий шаҳар харобалари бор. Қадимий Обираҳмат ёдгорлиги ҳам айнан шу ерда. У юмшоқ шаклдаги кўҳна ғор бўлиб, илк бор Чоч – Илоқ экспедицияси (Бўстонлиқ археологик отряди) томонидан очилган. Бу ерда 30 га яқин маданий қатлам кавлаб очилган. Улар юқори палеолит даврига таалуқли. X-XII асрлардаёқ бу ерда Обираҳмат металл қуйиш пункти ишлаган.

🏗 Қазиш ишлари жараёнида топилган металл эритиш печи, таркибида магнезит кўп бўлган шағал, эритилган темир қотишмаси ва X-XII асрга тегишли сопол ва шиша буюмлар шундан далолат беради. Ҳозир бу ердаги қишлоқ Обираҳмат номи билан аталади. Бошқача айтганда, бу суви роҳатбахш замин.

🕌 Шунингдек, қишлоқдан унчалик узоқ бўлмаган масофада, Чорвоқ сув омбори соҳилида қадамжолардан бири – Қадамжобува жойлашган.
Афсонага кўра, Одам алайҳиссаломнинг олтинчи набиралари ҳазрати Идрис алайҳиссалом бу ерларга келиб қолганида қаттиқ чарчоқ ҳис этади. Чанқоғини қондирмоқчи бўлади, аммо сув топа олмайди. Набий Аллоҳга дуо билан илтижо қилади ва ўша заҳоти ҳазрати Идрис (а.с.)нинг бешта бармоқларидан бешта булоқ отилиб чиққан экан.

📌 Ўшандан бери Қадамжобувада йилнинг ҳар бир фаслида ўша бешта булоқлардан ер остидан сув отилиб чиқади. Улардан чиқаётган сув зиёратчиларнинг турли дардларидан халос этишидан ташқари, ҳар қандай истак ва орзуларини рўёбга чиқариши тўғрисида ривоятлар бор, бунинг учун орзу истагингизни ният қилиб, булоқ сувидан ичишингиз ва шу сув билан юз-қўлларингизни ювсангиз бўлди.
Муқаддас саналган бу қадамжога ҳар куни республиканинг турли бурчакларидан юзлаб одамлар зиёратга келади.

🗓 Бурчмулло қишлоғи аввал Бўстонлиқ қишлоқ фуқаролар йиғини таркибига кирган. 2001 йилга келиб "Бурчмулло" маҳалласи ташкил этилган. Мазкур ҳудудда ўзбек, қорақалпоқ, рус, қирғиз, қозоқ, корейс, тожик миллатига мансуб фуқаролар яшайди.

🎓 Қишлоқдан машҳур инсонлар етишиб чиққан. Улардан академиклар Ортиғали Ҳакимов, Тўхтамурод Набиев, Абдували Имомалиев, профессорлар Аҳмаджон Майсупов, Зубайда Файзиева, фан номзодлари Ортиқали Ўринбоев, Раъно Ворисова, Малик Кабиров, Дилшод Алмжанов, Шопўлат Бабаджанов, Жўра Йўлдашов, Эргаш Икрамов, прокурор Бегали Зоировлар туғилиб ўсган.

🔰Ҳудудда 1 та мактаб, 1 та МТМ, 1 та ОП, 1 та ҳарбий санатория, 26 та савдо дўкони, 1 та асаларичилик, 1 та Бурчмулла ўрмон хўжалиги корхонаси, 52 та уй меҳмонхоналар фаолият юритади.

💰Аҳолининг асосий даромади чорвачилик, асаларичилик,боғдорчилик, туризимдан.

🔍Қишлоқ ер майдони - 68 127 гектар. Аҳоли сони - 4179 нафар. 0-30 ёшгача бўлганлар - 1940 нафар.

Ҳозирда:

🔹 Маҳалла раиси – Файзулло Назиров

🔹 Ҳоким ёрдамчиси – Майрам Йўлдашова

🔹 Ёшлар етакчиси – Зарнигор Луқмонова

🔹 Хотин-қизлар фаоли – Бахтинисо Тошметова

@tarix_chorrahasida
March 14, 2023
#Қишлоқларимиз_тарихидан

Бузруклар қишлоғини эшитганмисиз?

📍Бекобод туманида ўнлаб қадимий қишлоқлар бор. Ҳар бирининг ўз тарихи, турмуш-тарзи мавжуд. Тумандан бир неча чақирим нарида Ҳамза қишлоғи жойлашган. Ривоятларга кўра, Х аср бошларида Саид Неъматулло Мағрибий исмли бу одам Мағрибдан, яъни Ғарбий Африкадан келган. У олим киши бўлиб, маҳаллий халққа араб ёзувини ўргатишга жалб этилганди.

🌱Аммо тақдир тақозоси билан у деҳқончиликка ҳам қўл уриб, ерга ишлов бериш ва экин-тикин билан шуғуллана бошлайди. Одамларни унинг бошқа бир хислати – у эккан дарахтлар сувсиз ҳам тутиб, барқ уриб ўсиши кўпроқ ҳайратга солади.

❗️Бир куни унинг ёнига маҳаллий бир одам келиб, ундан бу маҳоратини ўргатишни илтимос қилади. Саид Неъматулло шундай жавоб берди: “Мен сенга маҳорат эмас, ихлос, яъни агар инсон астойдил Аллоҳга ишонса, ерни, тупроқни қалбдан севса, меҳр-муҳаббатнинг кучига ишонса, кўп нарсаларга қодир бўлишини ўргатаман".

🎋У ўша одамга қамиш таёқчасини узатиб, бир учидан ушлашни буюради, ўзи иккинчи учидан тутади. Улар шу зайлда ортга ўгирилмай, олға қараб юришади.

😀Охири у одам чидолмай, ортга ўгирилганда, Мағрибий томондан ўз оёқлари остига қамиш таёқчаси бўйлаб сув оқаётганини кўрди-ю, сеҳрлангандек туриб қолади. Сув биринчи деҳқоннинг оёқлари остида тўпланиб, кейин кўл ҳосил бўлади. Одамлар унга Қоронкўл деб ном беришади. Кейинчалик бу жой у инъом этган буюк неъмат сув учун Саид Неъматулло Мағрибий шарафига Бузрукбобо деб аталади. Шу кунларда ҳам Саид Неъматуллонинг кийик терисига ёзилган Насабномаси (шажара китоби) ва ҳассаси сақланган.

Бузрукбобо боқий қўним топган қишлоқ рамзий маънода Деҳқонобод дея аталган. Кейинчалик бу қишлоқ Ҳамза номи билан аталган.

👨‍🦳Нуронийларнинг айтишича, неча асрлар олдин туб аҳоли ҳозирги Жиззах вилоятининг Зомин туманидан кўчиб келган.

🚜1928 йилдан то 1935 йилгача Андижон ва Фарғона вилояти фуқаролари деҳқончилик билан шуғулланиш учун кўчириб келтирилган.

😀Мазкур ҳудудда 1936 йилда Будённый, 1960 йилдан "Машъал"номли колхоз ташкил этилган.1984 йилдан эса Ҳамза оилавий пудрат хўжалиги, 1998 йилдан Деҳқонобод ширкат хўжалиги деб юритилган ҳамда "Жумабозор" ҚФЙ ташкил этилган. 2004 йил унинг таркиби Ҳамза, "Қушчи", "Ўзбекобод", "Бунёдкор", "Оқтепа" маҳаллаларига ажралади.

🔰Бугунги кунда қишлоқ марказида "Ҳамза" маҳалла фуқаролар йиғини фаолият юритади.

❗️Ушбу ҳудудда ўз даврининг миришкор пахтакор ва пиллакорлари етишиб чиққан. Улардан Абубашар Усмонов, Адолат Рўзматова меҳнат қаҳрамонлари Ҳайдарали Ҳамрақулов, Акбарали Мамадалиев, номдор бригадир Боймат Каримов, иқтисодчи Алижон Ҳожимирзаев, фан номзодлари Абдусалом Аҳмедов, Бахтиёр Эгамқулов ва туман маориф бўлими мудири Райимқул Худайбердиев шу қишлоқдан.

💰Аҳолининг даромади - чорвачилик ва деҳқончиликдан.

🏢Ҳозирда ҳудудда 1 та ҚОП, 1 та умумтаълим мактаби, 2 та хусусий МТМ, 6 та хусусий дўкон ва маиший хизмат кўрсатиш шахобчалари мавжуд.

❗️Аҳоли сони - 3781 нафар, 0-30 ёшлилар - 1220 нафарни ташкил этади. Қишлоқ ер майдони – 85 гектар.

Айни дамда:
🔹Маҳалла раиси –Юсубали Усмонов
🔹Ҳоким ёрдамчиси – Абдуваҳоб Худайбердиев
🔹Ёшлар етакчиси – Ҳусанбой Анорқулов
🔹Хотин-қизлар фаоли – Дилшода Эргашалиева

@tarix_chorrahasida
Please open Telegram to view this post
VIEW IN TELEGRAM
March 16, 2023