Subhuz расмий, диний- маърифий канал
563 subscribers
6.7K photos
4.39K videos
8 files
11.9K links
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Андижон вилоят вакиллиги

Андижон шаҳар "Имоми Аъзам" жоме масжиди имом хатиби Исомиддин домла Шамсиддиновнинг расмий, диний, маърифий канали.

YOUTUBE каналимиз 🎥 https://www.youtube.com/channel/UCSSXB_sxNVfEQv7tlh-JTgg
Download Telegram
​​#ПАЙҒАМБАРЛИК_МЎЪЖИЗАЛАРИ
ИМОН МЎЪЖИЗАЛАРНИ СОДИР ҚИЛУР

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу мусулмон бўлишидан аввал Зиннира Румий унинг мулкида эди. Унга бераҳмлик қилиб кўп урар, охири аёлнинг кўзлари кўр бўлиб қолди. Қурайш халқи унинг бу ҳолатини кўриб ўзларича: “Бунинг кўзларини Лот ва Уззо кўр қилди”, дейишар эди. Зиннира эса: “Йўқ! Аллоҳга қасамки, ундоқ эмас! Лот ва Уззо одамлар уларга ибодат қилаётганларини ҳам билишмайди­ку! Аммо менинг Раббим кўзларим нурини қайтариб беришга қодир”, дер эди.
Ҳақиқатан, Аллоҳ таоло унинг дуоларини ижобат қилди ва кўзларининг нурини қайтариб берди. Қурайш халқи эса энди: “Бу Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сеҳри”, дейишди. Шунда Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Зиннирани Умар ибн Хаттобдан сотиб олди.
Қурайшликлар энди: “Агар яхшилик бўлса, Зиннира биздан ўтиб кетмагай!” Аллоҳ таоло Ўз Каломи билан уларнинг сўзларини рад қилди:

وَقَالَ الَّذِينَ كَفَرُوا لِلَّذِينَ آمَنُوا لَوْ كَانَ خَيْرًا مَّا سَبَقُونَا إِلَيْهِ

«Кофир бўлганлар имон келтирганлар ҳақида: “Агар (бу Қуръон) яхши бўлганида (анави ялангоёқлар) унга бизлардан илгари бормаган бўлур эдилар”, – дедилар» (Аҳқоф сураси, 11-оят).


Каналга уланиш учун линк устига босинг👇👇👇

🌐 t.iss.one/subh_uz
ҚАЙСИ ПАЙҒАМБАРНИНГ БОБОСИ, ОТАСИ ВА ЎҒЛИ ПАЙҒАМБАР БЎЛГАН?
#ақида #нубувват
#пайғамбарлик

1086-CАВОЛ: Ҳурматли Фатво маркази ҳайъати, қайси пайғамбарнинг ҳам ўзи, ҳам отаси, ҳам бобоси ва ҳам ўғли пайғамбар бўлган?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Яъқуб алайҳиссаломнинг ўзи, отаси-Исҳоқ алайҳиссалом, бобоси-Иброҳим алайҳиссалом ва ўғли-Юсуф алайҳиссалом пайғамбар бўлганлар (уларга Аллоҳнинг саломи бўлсин). Яъни тўрт авлод пайғамбар бўлган.

Бошқача айтганда Юсуф алайҳиссаломнинг отаси, бобоси ва бобосининг отаси пайғамбар бўлган. Юсуф алайҳиссаломнинг насаблари ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар.

عَنْ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنَّهُ قَالَ الْكَرِيمُ ابْنُ الْكَرِيمِ ابْنِ الْكَرِيمِ ابْنِ الْكَرِيمِ يُوسُفُ بْنُ يَعْقُوبَ بْنِ إِسْحَاقَ بْنِ إِبْرَاهِيمَ عَلَيْهِمْ السَّلَام

Ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳиссалом айтганлар: "Ўзи олийжаноб, отаси олийжаноб, бобоси олийжаноб ва бобосининг отаси олийжаноб. Бу Юсуф ибн Яъқуб ибн Исҳоқ ибн Иброҳимдир" (Имом Бухорий ривоятлари).

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

🌐https://t.iss.one/subh_uz
ҚИБЛАНИНГ ЎЗГАРИШИДАГИ ҲИКМАТ
#Қибла #Каъба
#Пайғамбарлик #Байтул_мақдис
#Қибланинг_бурилиши

1089-CАВОЛ: Нега пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом бошидан Каъбатуллоҳга қараб намоз ўқимаганлар?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Маълумки, Пайғамбаримиз алайҳиссалом Меърожга чиққанларида намоз фарз бўлди. Шундан кейин мусулмонлар Каъбаи Муаззамага қараб намоз ўқиб юрган эдилар. Пайғамбаримиз ҳижрат қилиб Мадинаи Мунавварага келганларидан сўнг Байтул Мақдисга қараб намоз ўқиш бошланди. Бунга қуйидаги омиллар сабаб бўлган. Маълумки, араблар Байтуллоҳ уларнинг ватанида жойлашганлиги, Иброҳим алайҳиссаломнинг даврларидан бери атрофдан одамлар шу Байтуллоҳни ҳаж қилишга келишлари билан мақтанишар эди. Уни ақийда асосида эмас, балки таассуб, тарафкашлик асосида ҳурматлашадиган бўлиб кетган эдилар. Агар маълум вақт уларни ушбу ҳолатдан узиб турилмаса, ана шу тарафкашликларидан келиб чиқиб, Пайғамбаримизнинг Каъбага қараб намоз ўқиганликлари учун эргашамиз, дейишар эди. Бундай нотўғри тафаккур ва тарафкашликлардан қутилиб, жоҳилият нопокликларидан пок бўлган ҳолда, фақат соф ақидадан келиб чиқиб Байтуллоҳни эъзозлаш учун қибла вақтинча Байтул Мақдисга бурилди. Шу билан холис мусулмонлар миллатчилик ва тарафкашлик асосида Пайғамбаримизга эргашганлардан ажраб, уларнинг қалблари, тафаккурлари, тасаввурлари нолойиқ нарсалардан покланди. Улар Исломга бирор қизиққан нарсаси туфайли эмас, балки Аллоҳ учун кирдилар. Аллоҳ таоло маълум муддат қиблани Каъбадан Байтул Мақдисга кўчирганининг бир ҳикмати шудир. Шу ҳолда ўн олти ой ёки ўн етти ой Байтул Мақдисга қараб намоз ўқилди. Сўнгра қуйидаги оят нозил бўлиб, қибла Каъбаи Муаззамага қаратилди: «Гоҳо юзингнинг осмонга тез-тез бурилганини кўрурмиз. Бас, албатта, сени ўзинг рози бўлган қиблага қаратурмиз. Юзингни Масжидул Ҳаром томон бур. Қаерда бўлсангиз ҳам, юзингизни у томон бурингиз. Албатта, китоб берилганлар уни Роббиларидан бўлган ҳақ эканини билурлар. Ва Аллоҳ уларнинг қилаётган амалларидан ғофил эмасдир».

Пайғамбаримиз алайҳис-салом Каъбаи Муаззаманинг қибла қилиб берилишини кутиб юрганлар. Каъбага нисбатан чексиз муҳаббат, бунинг устига аҳли китобларнинг таъналари ва бошқа омиллар таъсирида у кишининг осмонга тез-тез қараб туришларини Аллоҳ таоло кўриб турар эди. Албатта, Аллоҳ таоло бу ишни кўриб-билиб турганидан вақти-соати келганда Каъбанинг қибла бўлганини эълон этди.

Ер юзининг турли бурчакларида истиқомат этувчи мусулмон умматни ягона қибла жамлайди. Ватанлари, турган жойлари, ранглари, тиллари, шакллари, жинслари, ёшлари, ижтимоий ҳолатлари турли-туман бўлишига қарамай, намоз пайтида ягона қиблага юзланадилар. Бир қиблага қараш уларнинг бир тану бир жон эканликларининг, мақсадлари, тутган йўллари бирлигининг, Роббилари, китоблари ва Пайғамбарлари бир эканлигининг рамзидир. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

🌐https://t.iss.one/subh_uz