Subhuz расмий, диний- маърифий канал
582 subscribers
5.87K photos
3.62K videos
7 files
10.3K links
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Андижон вилоят вакиллиги

Андижон шаҳар "Имоми Аъзам" жоме масжиди имом хатиби Исомиддин домла Шамсиддиновнинг расмий, диний, маърифий канали.

YOUTUBE каналимиз 🎥 https://www.youtube.com/channel/UCSSXB_sxNVfEQv7tlh-JTgg
Download Telegram
#Шайтон ҳақида

Шайтони лаъин мўмин кишини шундай боши берк кўчаларга етаклар экан, бундан сақланишда қўрғон бўлувчи нарсаларни ҳам билиб олиш мақсадга мувофиқдир.

Каъбул Ахбор (розияллоҳу анҳу) бундай дейди: “Мўминларга шайтондан ҳимояланиш учун учта қўрғон бор: масжид; Аллоҳни зикр қилиш; Қуръон ўқиш”.

Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтади: «Расулуллоҳ (сол­лаллоҳу алайҳи васаллам) бир куни масжиддан чиқдилар. Қа­расалар, эшик олдида шайтон турибди. Шунда у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сени масжид олдига нима олиб келди, эй малъ­ун?!” дедилар. У: “Эй Муҳаммад! Мени Аллоҳ юборди”, деди. “Ни­ма учун?” деб сўраганларида, “Сиз хоҳлаган масала ҳақида мендан сўрамоғингиз учун”, деб жавоб берди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алай­ҳи ва саллам) шайтондан биринчи сўраганлари намоз ҳақида бўлди:

– Эй Иблис! Нима учун умматимни жамоат билан намоз ўқишдан қайтарасан?

– Агар умматингиз намозга келса, мен иситмалай бошлай­ман. Бу иситма улар тарқалгунича мендан аримайди.

– Нима учун умматимни Қуръон қироатидан қайтарасан?

– Улар қироат қилаётган вақтларида мен қўрғошиндек эриб тугайман.

– Нима учун умматимни ҳаждан қайтарасан?

– Улар ҳажга борса, бўйним ва қўл-оёқларимга занжир соли­нади. Агар улар садақа берса, бошимга арра қўйилиб, ўтин арра­лангандек арраланаман”».

(Давоми бор...)
Яқинларингизга ҳам улашинг

🌐 t.iss.one/subh_uz
#шайтон ҳақида

Ҳикоя қилинишича, қадим замонда Иблис (алайҳилаъна) одам­ларга кўринар экан. Шунда бир киши унга: “Эй Абу Мурра! Ни­ма қилсам, сендек бўламан?” дебди. У: “Сенга вой бўлсин! Бирор кимса мендан буни талаб қилмаган эди, сен нима учун буни сўраб қолдинг?” дебди. “Мен сени яхши кўраман”, дебди ҳалиги киши. Шунда шайтон: “Агар менга ўхшашни хоҳласанг, намозга бепарво бўл ва ёлғондан ҳам, ростдан ҳам қасам ичавер”, дебди. Кейин у кимса: “Аллоҳга қасам, энди ҳеч намозни тарк қилмайман ва қасам ҳам ичмайман”, дебди. Иблис айтибди: “Сендан ўзга бирор кимса ҳийла билан мендан насиҳат олмаган эди. Энди бирор кимсага насиҳат қилмайман”.

Донишмандлар айтган экан: “Ким орифлардан бўлишни ва шайтондан қутулишни истаса, тўрт нарсани билиб олиши лозим: Иблис ва у хоҳлаган нарсани; нафс ва унинг хоҳишини; ҳавойи хоҳиш ва у истаган нарсани; дунё ва унинг хоҳишини. Иблис дининг кетишини ва ўзи билан бирга абадий дўзахда қолишинг­ни хоҳлайди. Нафс эса, гуноҳларни ва ибодатни тарк этишингни истайди. Ҳавойи хоҳиш шаҳватларни ва ижтиҳод таркини истай­ди. Дунё эса дунё ишларини охират амалларидан афзал кўришингни хоҳлайди. Ким бу нарсаларни билиб олса, орифлардан бўлади. Ким шайтонга итоат қилса, шайтон каби дўзахда абадий қолади. Ким нафсга итоат қилса, маълум муддат азобланади. Ким ҳавои хоҳишга эргашса, ҳисоби қаттиқ бўлади. Ким дунёга итоат қилса, дунёю охиратда ҳасратда қолади”.

Жунайд Бағдодий айтади: “Банда билан Аллоҳ ўртасида тўрт денгиз бор, уларни кечиб ўтмагунча Аллоҳ розилигига етишиб бўлмайди. Бири – дунё, унинг кемаси зуҳддир; иккинчиси – халқ, унинг кемаси узлатдир; учинчиси – иблис, унинг кемаси душманлигини билиб, ундан сақланишдир; тўртинчиси – нафсдир, унинг кемаси тилаганини бермасликдир”.

Давоми бор...

Яқинларингизга ҳам улашинг

🌐 t.iss.one/subh_uz
#шайтон ҳақида

Шайтон инсонга душманлиги туфайли уни Аллоҳ йўлида эҳ­сон-садақалар қилишдан қайтаради ва шунинг билан бирга уни ёмонлик, фаҳш ва гуноҳ ишларга пул, бойлик сарфлашга буюради.

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтади: “Бу оятда икки нарса Аллоҳдан ва икки нарса шайтондандир” (“Тафсири Қуртубий”, 2-­жилд, 214-б.). Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Шайтон одам боласига ҳамроҳлик қилади ва фаришта ҳам одам боласига ҳамроҳлик қилади. Шайтоннинг ҳамроҳлиги ёмонликка ундаш ва ҳақиқатни инкор этишдир. Фариштанинг ҳамроҳлиги яхшилик­ка ундаш ва ҳақиқатни тасдиқлашдир. Ким бунга йўлиқса, уни Аллоҳдан деб билсин ва ким бошқасини кўрса, шайтондан паноҳ тиласин”, дедилар ва Бақара сураси 268-оятни ўқидилар» (Имом Термизий), (“Тафсири Қуртубий”, 2-жилд, 214-б.).

Наққош айтади: “Оятдан маълум бўлади, фақирлик бойлик­дан афзалдир. Чунки шайтон инсонни эҳсон қилсанг, камбағал бўлиб қоласан, деб (бойларни) қўрқитади” (“Тафсири Қуртубий”, 2-жилд, 215-б.). Ибн Атийя айтади: “Оятда фақир бўлиб қолишга қатъий ҳужжат йўқ, балки фақирликка қарши кучли далил бор” (“Тафсири Қуртубий”, 2-жилд, 215-б.).

Яқинларингизга ҳам улашинг

🌐 t.iss.one/subh_uz
#шайтон ҳақида

Ривоят қилинишича, Тавротда бундай дейилган: “Бандам, ме­нинг ризқимдан инфоқ қил, сенга кенгчиликни инъом этаман, чунки Мен сахийларнинг сахийиман”. Бу сўзнинг тасдиғи Қуръони каримда ҳам зикр қилинган:

«Айтинг: “Албатта, Раббим бандаларидан Ўзи хоҳлагани­га ризқни кенг қилур ва (Ўзи хоҳлаганига ризқни) танг қилур. Бирор нарсани (муҳтожларга холис) эҳсон қилсангиз, бас, (Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур. У ризқлантирувчиларнинг яхшисидир”» (Сабаъ, 39), (“Тафсири Қуртубий”, 2-жилд, 215-б.).

Инсон ким дўсту, ким душман эканини аниқ билиб олиши лозим. Ояти каримада:

«Албатта, шайтон сизларга душмандир, бас, уни душман тутинг! У ўз фирқасини (ўзига эргашганларни) дўзах аҳли бў­лишга даъват қилур» (Фотир, 6), дейилган.

Яқинларингизга ҳам улашинг

🌐 t.iss.one/subh_uz
#шайтон ҳақида

Икрима (розияллоҳу анҳу) айтади: «Бир киши одамларнинг бир дарахтга қараб ибодат қилаётганини кўриб қолди ва қаттиқ ға­забланди. Дарахтни чопиб ташлаш учун қўлида болта билан йўлга тушди. Шунда унга шайтон одам суратида йўлиқиб: “Қаерга кетяпсан?” деди. У: “Одамлар сиғинаётган дарахт олдига. Аллоҳга қасам, уни кесиб ташлайман”, деди. Шайтони лаъин: “Дарахт би­лан нима ишинг бор. Уни ўз ҳолича қолдир”, деди. Ҳалиги киши кўнмагач, иккаласи олиша кетди. Киши шайтонни уч марта йи­қитди. Шайтон енгилгач: “Уйингга қайтсанг, сенга ҳар куни тўрт дирҳамдан бериб тураман”, деди. Киши рози бўлиб, қайтиб кетди. У бир неча кун давомида кўрпаси остидан тўрт дирҳамдан пул топди. Сўнгра пул кўринмай қолди. Шунда яна болтани олиб, эшагига минди ва дарахтга қараб йўл олди. Шайтон унга олдинги суратида кўриниб: “Қаерга кетяпсан?”, деди. “Анави дарахтни чопиб ташлаш учун кетяпман”, деди аввалгидек. Шайтон: “Бу се­нинг қўлингдан келмайди”, деди. Яна иккалови уришди. Бу сафар шайтон уни уч марта йиқитди. Киши ажабланиб: “Қандай қилиб сен мени йиқитдинг, ахир олдин сени осонликча йиқитган эдим-ку?!” деди. Унга жавобан шайтон: “Сен аввал Аллоҳ учун чиққан эдинг, агар барча ёрдамчиларим йиғилганида ҳам сени енга олиш­масди. Аммо бу гал кўрпачанг остидан топа олмаганинг дирҳамлар учун чиқдинг. Шу сабабли сени осонгина йиқитдим. Бас, сен бу йўлингдан қайт. Агар қайтмасанг, каллангни оламан”, деди. Киши уйига қайтиб кетди».

Муҳаммад ибн Дурий айтади: “Шайтон (яъни, Иблис) беш нар­са сабабли бахтсиз бўлди: гуноҳларига иқрор бўлмагани сабаб­ли; надомат қилмагани сабабли; нафсига маломат қилмагани сабаб­ли; тавбага қасд этмагани сабабли; Аллоҳ таоло раҳматидан ноумид бўлгани сабабли”.

Аллоҳ таоло барчамизни шайтоннинг ёмонлигидан асрасин, омин!

Яқинларингизга ҳам улашинг

🌐 t.iss.one/subh_uz
#шайтон ҳақида

Шайтоннинг адовати

Аллоҳ таоло айтади:
«Эй имон келтирганлар! Шайтоннинг изидан эргашманг! Ким шайтоннинг изидан эргашса, бас, албатта, (шайтон) бузуқлик ва ёвузликка буюрур. Агар сизларга Аллоҳнинг фазли ва раҳмати бўлмаганда эди, сизлардан бирор киши (туҳматдан) пок бўлмас эди. Лекин Аллоҳ ўзи хоҳлаган кишини поклар. Аллоҳ эшитувчи ва билувчидир» (Нур, 21).

Шақиқ ибн Балхийдан ривоят қилинади: «Иброҳим ибн Адҳам Басра бозорларида юрганида у кишининг атрофида одамлар тўп­ланиб: “Эй Иброҳим! Аллоҳ таоло: “Менга дуо қилинглар, сизларга ижобат қиламан”, деган. Аммо биз анча вақтдан бери дуо қиламиз-у Аллоҳ дуоларимизни ижобат қилмаяпти”, дейишди. Шунда Иброҳим ибн Адҳам қуйидагича жавоб берди: “Эй Басра аҳли! Қалбларингиз ўн нарса сабабли ўлган, энди қандай қи­либ Аллоҳ дуоларингизни ижобат этсин?! Биринчиси, Аллоҳни та­нийсизлар-у, ҳақини адо қилмайсизлар. Иккинчиси, Қуръони каримни ўқийсизлар, лекин унга амал қилмайсизлар. Учинчиси, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни яхши кўришни даъ­во қиласизлар-у, у кишининг суннатларини тарк этасизлар. Тўртинчиси, шайтонга душманликни даъво қиласизлар, аммо унга итоатдасизлар. Бешинчиси, жаннатга киришни хоҳлайсизлар, ле­кин бунинг учун амал қилмайсизлар. Олтинчиси, дўзахдан нажот топишни даъво қиласизлар-у, ўзларингизни унга отасиз­лар. Еттинчиси, “Албатта ўлим ҳақ” дейсизлар, бироқ унга ҳозир­лик кўрмайсизлар. Саккизинчиси, биродарларингиз айблари билан шуғулланиб, ўзларингизнинг айбларингизни кўрмайсизлар. Тўққизинчиси, Парвардигорингиз неъматларини еб, Унга шукр қил­майсизлар. Ўнинчиси, марҳумларни дафн қиласизлар-у, ўлим­лардан ибрат олмайсизлар”».

Яқинларингизга ҳам улашинг

🌐 t.iss.one/subh_uz
#шайтон ҳақида

Хабарларда келишича, намоз вақти бўлганида лаънати иблис лашкарларига одамлар олдига бориб, уларни намоздан чалғитишга буюради. Шайтонлар намоз ўқишни хоҳлаб турган одамлар олдига келиб, уларни васваса қилади, ҳатто намоз вақти ўтиб кетганини сезмай қолишади. Агар бунга қодир бўлмаса, намозда руку, сажда, қироат ва тасбеҳларни тўкис қилишга халақит беради. Агар буни уддалай олмаса, уларнинг қалбини дунёвий ишлар билан машғул қилиб қўяди. Буларнинг барчасига қодир бўлмагач, хасталаниб, умидсизланган ҳолда қайтиб кетади. Иблис эса бу шайтоннинг қўл-оёғини боғлатиб, денгизга улоқтирғизади. Борди-ю бу ишлардан бирортасини эпласа, уни иззат-икром қилади.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қиладилар: “Одам боласи учун шайтондан бир вакил, фариштадан бир вакил бўлиб, шайтоннинг вакили ёмонлик ва ёлғонга, фариштанинг вакили эса яхшилик ва ростликка чақиради. Ким буни сезса, Аллоҳ тарафидан эканини билсин ва Унга ҳамд айтсин. Ким аввалгисини сезса, тошбўрон қилинган шайтондан паноҳ тиласин”. Фаришта ҳам, шайтон ҳам инсон қалбини тўлқинлантиради. Фақат фариш­таники илҳом, шайтонники васваса дейилади.

Абу Лайс Самарқандий айтади: “Билгил, сенинг тўртта душ­ма­нинг бўлиб, уларнинг ҳар бири билан курашишга муҳтожсан. Би­ринчиси дунёдир. Зеро, Аллоҳ: “Дунё ҳаёти сизларни алдаб қўй­масин” (Луқмон, 33), деган. Иккинчиси нафсинг, у душман­ларнинг энг ёмонидир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Душманларингнинг энг ёмони ўз нафсингдир”, деганлар. Сўнгра жинлардан бўлган шайтондир, Аллоҳдан унинг ёмонлигидан па­ноҳ беришини сўра. Зеро, Қуръони каримда: “Албатта, у (шайтон) сизлар учун очиқ–ойдин душмандир” (Ёсин, 60), дейилган. Тўр­тинчиси, одамлардан бўлган шайтонлардир, улардан эҳтиёт бўл. Чунки у жинлардан бўлган шайтондан ҳам қўрқинчлироқдир. Жинлардан бўлган шайтонлар фақат васваса билан адаштирса, одамлардан бўлган шайтонлар юзма-юз туриб адаштиради”.

Яқинларингизга ҳам улашинг

🌐 t.iss.one/subh_uz
#шайтон ҳақида

Ҳотамул Асом айтди: «Ҳар куни эрталаб мендан шайтон бун­дай деб сўрайди: “Нима киясан? Нима ейсан? Қаерда турасан?” Мен унга бундай жавоб бераман: “Ўлимни ейман. Кафанни кияман. Қабр­да тураман”».

Али (каррамаллоҳу важҳаҳу) айтди: “Олти хислатга эга ки­ши­да жаннатдан маҳрум бўлиш ва дўзахга кириб қолиш хавфи бўл­майди:

Аллоҳни таниб, унга итоат қилса.
Шайтонни таниб, унга осий бўлса.
Охиратни таниб, уни изласа.
Дунёни таниб, уни тарк этса.
Ҳақни таниб, унга эргашса.
Ноҳақни таниб, ундан четлашса”.
Ваҳб ибн Мунаббиҳ айтади: “Аллоҳ таоло шайтонга Расулул­лоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдиларига бориб, у кишининг саволларига жавоб беришни буюрди. Шайтон ҳассали чол кўри­нишида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келди. Шунда у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сен кимсан?” деб сўрадилар. “Шайтонман”, деди у. Пайғамбар (соллаллоҳу алай­ҳи ва саллам): “Нима учун келдинг?” деб сўрадилар. “Аллоҳ мени са­волларингизга жавоб бериш учун юборди”, деб жавоб қилди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй иблис, умматимдан сенинг нечта душманинг бор?” деб сўрадилар. Шайтон қуйидагича жавоб берди: “Ўн бешта. Сиз уларнинг энг биринчисисиз. Сўнг одил бошлиқ, камтар бой, ростгўй савдогар, намозларини хушу би­лан ўқийдиган олим, насиҳат қилувчи мўмин, раҳмдил мўмин, тавбасида собит турувчи, ҳаромдан тақво қилувчи, доимий таҳо­ратда бўлувчи мўмин, кўп садақа қилувчи, хулқи чиройли мўмин, одамларга фойдаси тегувчи, Қуръонни ёдлаб, уни қироат қилувчи киши ва одамлар ухлаётганида кечалари туриб, намоз ўқувчи”.

Яқинларингизга ҳам улашинг

🌐 t.iss.one/subh_uz
#шайтон ҳақида

Шайтондан паноҳланиш

Аллоҳ таоло бандаларига шайтондан паноҳланиб юриш учун иккита алоҳида сура нозил қилди. Тафсир китобларида бу иккисига “муъаввизатайн”, яъни, “паноҳ тиланадиган икки сура” номи берилган.

«(Эй Муҳаммад!) Айтинг: “Паноҳ тилаб илтижо қилурман тонг Парвардигорига, яратган нарсалари ёвузлигидан, зул­мат­га чўмган тун ёвузлигидан, тугунчаларга дам солувчи аёл­лар ёвузлигидан ҳамда ҳасадчининг ҳасади ёвузлиги­дан”» (Фалақ, 1–5).

Фалақ сўзи “ёриш, бўлиш ва парчалаш” маъноларини анг­ла­тади. Бу ҳар бир ёриб чиқувчи нарсани: у хоҳ уруғ ёки дон ёки ер­ни ёриб ўсувчи наботот, хоҳ тоғдан отилиб чиқувчи булоқ, хоҳ она қорнини ёриб чиқувчи бола бўлсин – барчасини ўз ичига олади. Бу ерда зулматни ёриб чиқувчи тонг тушунилади.

Бу сура махлуқотларнинг ёмонлигидан, хусусан, кечанинг зулматидан, сеҳргарлардан, чақимчилардан ва ҳасадчилардан па­ноҳ тилашни қамраган. Мана шу нарса инсонларда нафсий ка­сал­ликлар мавжудлиги сабабли баъзилари баъзиларидан ҳи­моя­ланиши йўлидаги улкан фойда ва етук дарсдир. Бундан таш­қари, махлуқотлар ёмонликларидан ва кечаси зулмат бўлган­даги ёмонликлардан, хусусан, ғор ва коваклардаги қўрқинчли махлу­қотлардан ҳимояланишни ўзида мужассам қилган.

«(Эй Муҳаммад!) Айтинг: “Паноҳ тилаб илтижо қилур­ман одамлар Парвардигорига,одамлар Подшоҳига, одамлар Илоҳига (инсон Аллоҳни эслаганда) чекиниб, (эсламаганда) вас­васа қилувчи (шайтон) ёвузлигиданки, (у) одамларнинг дил­ла­рига васваса солур. (Ўзи) жинлар ва одамлар жинси­дандир”»
(Нос сураси 1–6-оятлар).


Яқинларингизга ҳам улашинг

🌐 t.iss.one/subh_uz
#шайтон ҳақида

Ривоят қилинишича, яҳудийлардан Лабид ибн Аъсом исмли мунофиқ ўзини мусулмон кўрсатиб, Пайғамбар (соллаллоҳу алай­ҳи ва саллам) ҳузурларига келиб-кетиб юрар ва баъзи ҳожатла­ри­ни адо этишда хизмат қилиб турар экан. Бир гуруҳ яҳудийлар уни қўлга олиб, Расулуллоҳ (алайҳиссалом)нинг тўкилган сочлари ва тароғидан синиб тушган тишларини қўлга туширади ва шу нар­саларга сеҳр-жоду қилиб эски бир қудуққа ташлайди. Шундан ке­йин Расулуллоҳ (алайҳиссалом) олти ой касал бўладилар. Бир ку­ни икки фаришта келиб, бири тиззалари рўпарасига, иккинчиси бош томонларига ўтириб бир-бири билан савол-жавоб қилади. Бири:

– Унга нима бўлибди? – деса, иккинчиси:

– Сеҳрланибди, – дер эди.

– Ким сеҳрлабди?

– Лабид ибн Аъсом исмли бир яҳудий.

– Сеҳрни нимага ўқибди?

– Тўкилган сочлари ва тароқ тишларига.

– Сеҳр ўқилган нарсалар қаерда?

– Зарвон номли қудуқда.

Шундан кейин одам юбориб кўрсалар, ҳақиқатан, ўша қудуқда соч толалари, тароқ тишлари ва нина суқилган яна ўн иккита тугун бор экан. Шу пайт Аллоҳ таоло мазкур икки сурани нозил қилди. Жаброил (алайҳиссалом) сураларни ҳар сафар ўқиганида, битта­дан тугун ечилар эди. Шундай қилиб, ўн икки марта ўқиганида, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дарддан бутунлай тузалиб кетганлар (“Мадорикуттанзил ва ҳақоиқуттаъвил”).
(Давоми бор...)

Яқинларингизга ҳам улашинг

🌐 t.iss.one/subh_uz