Subhuz расмий, диний- маърифий канал
580 subscribers
5.87K photos
3.63K videos
7 files
10.3K links
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Андижон вилоят вакиллиги

Андижон шаҳар "Имоми Аъзам" жоме масжиди имом хатиби Исомиддин домла Шамсиддиновнинг расмий, диний, маърифий канали.

YOUTUBE каналимиз 🎥 https://www.youtube.com/channel/UCSSXB_sxNVfEQv7tlh-JTgg
Download Telegram
#Фарзанд тарбияси

Ўғил-қизларининг зеҳни ўсишини, ақл-идрокли, фикрловчи бўлиб улғайишини истаган ота-оналар уларга кичиклигидан турли ибратли ҳикояларни, улуғларимизнинг ҳаёт йўллари ва фазилатлари ҳақидаги ривоятларни, рамзий маънодаги яхшиликка, чиройли ахлоқ ва одобга чорловчи эртакларни сўзлаб беришса, улар маънавиятини юксалтиришда катта тарбиявий иш қилган бўлишади. Қуйида мисрлик олим Абдуллоҳ Абдул Мутиънинг «Исломда тарбия» китобидан бир неча шингил эртакларни келтириб ўтишни лозим кўрдик.
Хўроз ва тулки. Ҳикоя қилишларича, бир хушовоз хўроз бўлган экан. Одатда у сайр қилар, қишлоқдаги кичкина уйча олдида қанотларини ёйганича офтобда тобланар экан. Туннинг маълум пайтларида вақти-вақти билан қичқириб қўяр экан.
Бир куни унинг ёнидан айёр тулки ўтиб қолибди ва унга: «Бугун жуда чиройли бўлиб кетибсан, хўрозвой, патларинг топ-тоза, тожинг ялтираб турибди, сеникидан ёқимлироқ овозни ҳеч қачон эшитмаганман, лекин сенинг овозинг қачонлардир эшитганим отанг товушидан бутунлай бошқача экан», дебди. (Бу тулки ўйлаб топган ҳийла эди). Шунда хўроз тулкига: «Э йўқ, менинг овозим ҳам отамники каби жозибадор», дебди. У шундай дегач, қанотларини қаттиқ қоқиб, кўзларини юмиб қичқиришга ҳозирланганида, тулки уни шартта тутиб олибди.
Қўлга тушган хўроз қандай қилиб тулки чангалидан қутулиш йўлини ўйлай бошлабди. Тулки унинг бўйнидан тишлаб турганида, хўроз бундай дебди: «Бу хўроз фақат менга тегишли, уни ҳеч ким билан баҳам кўрмайман», деб баланд овозда ҳаммага эълон қилиб чиқ!» Тулки жағини очиши билан хўроз ерга тушибди ва кўз очиб-юмгунча дарахтга учиб чиқиб, тулкидан қутулибди. Тулки қилиб қўйган ишидан афсусланибди ва: «Сукут қилиши керак бўлган пайтда гапирган оғизни Аллоҳ кечирсин!» дебди. Шунда хўроз: «Очиқ бўлиши керак пайтда юмилган кўзни ҳам Аллоҳ кечирсин», дебди.
(Давоми бор...)

Яқинларингиз билан баҳам кӯринг

🌐 t.iss.one/subh_uz
#Фарзанд тарбияси

Қуён ва тошбақа

Жуда қадим замонларда бир-бирларига қўшни бўлиб қуён ва тошбақа яшашган экан. Бир куни тошбақа қуёнга бундай дебди: «Мени доим секин юришда айблайсан, сен эса чопағонсан. Бугун мен сени пойга ўйнашга чақираман». Қуён эса мағрурланиб: «Хо-хо-хо, мендай чопқир қуён аранг-аранг ўрмалаб юрадиган тошбақа билан пойга ўйнарканми? Бу ҳақиқатан кулгили гап!» дебди.
Бироқ қуён тошбақани бир шарманда қилиш учун олдиндаги тепаликкача унинг билан пойга чопишга рози бўлибди. Улар мусобақани бошлашибди.
Қуён ўзининг чопқирлигини яхши билганидан, мусобақада ғолиб бўлишига қаттиқ ишонганидан, талтайиб-керилиб пойгага киришибди. Шунинг учун йўл-йўлакай ўйноқлаб, беда ва сабзи учраса, улардан еб, анча вақтини йўқотибди. Тошбақа эса жиддийлигини сақлаб, белгиланган маррага етмагунича йўлида собитқадамлик билан давом этаверибди. Қуён тошбақанинг қаерда келаётганини кўриш учун атрофига алангласа, у аллақачон тепаликка етиб борган экан. Энди қуён тошбақага етиб олишга кечикканини англабди.
Шундай қилиб, тошбақа ўзининг сабр-матонати ва тиришқоқлиги туфайли пойгада ютиб чиқибди. Қуён бўлса, чопағонлиги ва эпчиллигига ишониб мағрурлангани, вақтида ҳаракат қилмагани учун ютқазиб қўйибди.
(Давоми бор...)
Яқинларингизга ҳам улашинг

🌐 t.iss.one/subh_uz
#фарзанд тарбияси

Сичқон ва ёғ. Сичқон ошхонага кириб, қопқоқсиз шиша идиш тўла ёғ топиб олди. У думини шиша ичига солиб-чиқариб, ялади. Тўйгунича бу ишини бир неча марта такрорлади. Кейинги кечаларда ҳам бу одати билан қорнини тўйдириб юрди. Ниҳоят, бир куни идишдаги ёғ камайиб тагига тушиб қолганидан, унга сичқоннинг думи етмади. Шунда у оғзини тўлдириб сув олиб келди ва идиш тўлиб, ундаги ёғ тепага кўтарилгунича (чунки ёғ сувдан енгил) сув қуяверди. Шу йўл билан у идишдаги ҳамма ёғни ялаб, унда сувнинг ўзини қолдирди.
Бундай ибратли эртак, ривоятлар болаларнинг ақлини ўстиради, яхшиликка, эзгуликка чақиради, ёмонликлардан узоқда бўлишга ундайди, улар фикри ва онгини ривожлантиради. Болалар бирор ёмон қилиқ қилишса, енгил танбеҳ, тушунтириш воситасида бунинг ёмонлигини билдириш лозим.
Бола кичиклигида унинг тарбиясини ўз ҳолига ташлаб қўйган, онги, зеҳни, ақли, одобини шакллантириш билан шуғулланишга вақт тополмаган ёки бунга ҳафсала қилмаган ота-она фарзанди улғайгач, аччиқ надомат ҳосилини теради.

Яқинларингизга ҳам улашинг

🌐 t.iss.one/subh_uz
#Фарзанд тарбияси

Имом Бухорийнинг онаси

Фарзандларини еру кўкка ишонмай юрган Фотимани Аллоҳнинг яна бир имтиҳони кутиб турар эди. Бир куни янги йўлга кирган дилбанди Муҳаммад атак-чечак қилаётиб, йиқилди. Шунда ерда ётган бир шохча унинг икки кўзига заха етказди.   Орадан уч-тўрт кун ўтгач она фарзандининг кўрмаётганини сезиб қолди. Фотима дунёсини унутди, тилидан Аллоҳ зикри тушмай қолди. У шу топда ўғлининг кўра олиши эвазига иймонидан бошқа ҳамма нарсасини беришга тайёр эди. Катта ўғли ҳамроҳлигида Бухоронинг машҳур ҳозиқ табибиникига жўнашди.
Фотима табиб ҳузуридан бўшашиб, оёқ-қўли жонсиз ҳолатда қайтди. Қартайган, кўзлари қисиқ, титроқ қўлли табиб ўғлини обдон синчилаб кўриб, даволашга ожиз эканини айтди. Ортидан "Умид ёлғиз Аллоҳдан!" деб таскин ҳам берди.
Шу соатдан бошлаб Фотимага ҳаётнинг қизиғи қолмади. Неча кунки, тунлари бедор, кундузлари рўзадор. Бетўхтов намоз ўқийди. Жойнамози кўз ёшларидан сиқиб олингудай ҳўлланиб кетади. Аллоҳга илтижо билан ёлборади, дилбандининг касалига шифо сўрайди.
Ана шундай кунларнинг бирида Фотима туш кўрди. Ҳасса тутган барваста, чиройли юз, кўркам соқолли бир шайх тушига кирди. Кейин билса, Иброҳим халилуллоҳ эканлар. У киши Фотима қаршисига келиб, унга хурсанд ҳолда: "Эй аёл, Аллоҳга кўп ёлбориб йиғлаганинг, тинмай дуолар қилганинг бесамар кетмади, меҳрибон Аллоҳ ўғлингнинг кўзларини қайтариб берди!", деди.
Уйқудан юраги ҳаприқиб уйғонди. Шошилинч таҳорат олдию ўғли ётган хонага чопди. Кириб қараса, кўзи яна ҳаммаёқни кўра бошлаган ўғли ўринда жилмайиб ётарди. Аёл тақвоси мукофотига берилган бу яхшиликдан беҳад севинди. Аллоҳга ҳисобсиз шукрлар айтди, мақтовлар йўллади.
Онаси бу қадар суюб-ардоқлаб улғайтирган Муҳаммад кейинчалик ҳадис илмининг султони, улуғ муҳаддис бўлиб етишган Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий (Имом Бухорий) эди.

Аҳмад МУҲАММАД тайёрлади

Яқинларингизга ҳам улашинг

🌐 t.iss.one/subh_uz
#Фарзанд тарбияси

Олимларнинг оналари фарзандига қандай тарбия беришган?


Муҳаммад Ротиб Набулсий айтадилар: Бир куни ёшлик чоғимда онам менга: “Ҳалол сўзини икки лабинг очиқ ҳолда айта оласан-ми?”, деди. Ҳалол калимасини икки лабимни бир-бирига ёпиштирмаган ҳолда айтдим. Онам маъқуллаб, мени ўпиб қўйди. Сўнгра онам: “Ҳаром сўзини ҳам икки лабинг очиқ ҳолда айта оласан-ми?”, деди. Айтишга бир неча маротаба ҳаракат қилдим, лекин айта олмадим. Ҳафа бўлган ҳолда онамга: “Онажон, ҳаром сўзини айтишга кўп ҳаракат қилишимга қарамай, охирида икки лабим бир-бирига тегиб, ёпилиб қоляпти”, дедим. Онам кулиб: “Ўғлим, бу – ҳалол билан ҳаром орасидаги фарқдир. Ҳаром – бахтсизлик, ҳалол – бахт-саодатдир. Унутмагин, жон болам! Агар гуноҳ иш қилсанг, онангни лаблари ёпилиб, юзида маҳзунлик бўлади. Агар яхши амал қилсанг, онангни лаблари табассум ила очилиб, хурсанд бўлади. Онангни доим табассум ҳолида кўришни хоҳласанг, доимо ўзингга ҳалол ва яхши (амалларни) лозим тутгин!”, деди.
Катта бўлдим ва онамнинг “ажойиб табассуми” ни йўқотмасликка ҳаракат қилдим. Онам вафот этган вақтда, видолашиш учун олдига кириб, охирги марта пешонасидан ўпдим, онамни икки лаби очиқ, табассум ҳолида кўриб, ўзимга-ўзим: “Онажон, то сизга йўлиққунимча ҳалолда бўлишга ваъда бераман”, деб айтдим.
Болаларингизга бу “айб”, деб эмас, балки, “бу ҳалол” – Аллоҳ бундан рози бўлади, “бу ҳаром” – Аллоҳ бундан ғазаб қилади, деб таълим беринг! Токи одамлардан қўрқадиган авлод бўлиб эмас, балки Аллоҳ кузатиб туради деб, махфийда ҳам, ошкорада ҳам Аллоҳдан қўркадиган фарзанд бўлиб улғайсин.

Яқинларингизга ҳам улашинг

🌐 t.iss.one/subh_uz
#Фарзанд тарбияси

Муҳаммад Ҳасан Валади Деду Шинқитий ҳафизаҳуллоҳ айтади:
"Кутубхонамдаги китобларнинг кўпи қўлёзма. Уни бувим ўз қўллари билан ёзганлар. Мақсадлари фарзанд ва набираларини китоб сотиб олиш ва уни лавҳга ёзиш машаққатидан озод қилиш бўлган. Бу китобларнинг баъзиси 7 мужалладдан иборат. Улар ҳали ҳам турибди". 
Унинг гапларини эшитиб ажабланасан. Ўтган асрда Мавритания диёрининг Шинқит шаҳрида ўқийдиган, ёзадиган, тушунтирадиган, фарзандларига арабий ва шаръий билимларни ўргатадиган оналар бўлганидан ажабланасан. Биз ўзимизни ривожланган, илмий жиҳатдан улардан олдинда деб ўйлаймиз. Ҳа, бизда технология ривожланган, ғарблашишда улардан олдиндамиз. Аммо илмда, динда улардан анча ортдамиз.
Бизда аёлларнинг фарзандларига таълим беришдаги ўрни йўқолган.
Шайх Деду айтади:
"Ёшлигимдаги барча устозларим аёллар бўлишган. Онам, онамнинг аммалари, ўзимнинг аммам. Бошланғич диний билимларимни мурабийя оналардан олганман. Сўнгра 7 ёшимда қуръонни ёд олганимдан сўнг қуръони каримнинг имом Варш ривоятини отамдан санади билан олганман". 
Шайх Деду айтади:
"Тахминан 6 ёшларда эдим. Онам араб тили грамматик таҳлилидан савол бердилар. Мен хато таҳлил қилдим. Опаларим устимдан кулишган эди. Ўшанда уларнинг масхарасидан йиғлаганим ҳали ҳам ёдимда".
Шайх Деду бугунги кунда энг кўп матн ёд олган буюк олимлардан саналади.
Бугун оналаримизга бу ишлар бегона бўлиб қолди.  
Аҳмад ибн Ҳанбал роҳимаҳуллоҳнинг имом бўлишларига оналари сабаб бўлган.  
Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳнинг имом бўлишларига оналари сабаб бўлган.  
Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳнинг имом бўлишларига оналари сабаб бўлган.
Шайх Аҳмад Зарруқ рохимаҳуллоҳнинг имом бўлишига бувилари сабаб бўлган.  

Яқинларингизга ҳам улашинг

🌐 t.iss.one/subh_uz
#Фарзанд тарбияси

ФАРЗАНД ТАРБИЯСИ – УЛУҒЛАР ЙЎЛИДИР
Қадимдан солиҳ инсонлар фарзанд тарбиясига катта эътибор қаратишган. Чунки миллатнинг тараққиёти ёки заволи ёшларнинг тарбиясига боғлиқ. 
Икки олам сарвари Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ёш авлодга таълим тарбия беришда ҳам бутун умматга намуна бўлдилар. У Зот ёш болаларга катта аҳамият берар, уларни жеркимас, ғазабланмас эдилар, уларнинг хатоларини койимасдан тўғирлаб қўяр, агар тўғри иш қилишса, ҳақларига дуо қилар эдилар. 
Умму Холид (розияллоҳу анҳу) айтадилар: “Кунларнинг бирида отам билан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг олдиларига бордик, ўша пайтларда мен кичкина қизалоқ эдим, эгнимда сариқ рангли кўйлак бор эди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мени кўриб “Гўзал, чиройли”, дедилар. Сўнгра мен, (кийимларимни кир қилиб) у зотнинг орқаларидаги пайғамбарлик муҳрларини ўйнай бошладим. Шунда Отам мени қаттиқ койидилар. Росулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эса бу ҳолатни кўриб менга “Кийиб-кийиб эскиртир, яна кийиб-кийиб эскиртир”, дедилар. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ушбу дуоларидан сўнг Умму Холид (розияллоҳу анҳу) узоқ умр кўрдилар. 
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) гоҳо ёш болалар билан ўйнаб, уларни эркалатиб кулдирар ва юзларидан ўпар эдилар. Яъло ибн Мурро (розияллоҳу анҳу) ривоят қиладилар: Яъло (розияллоҳу анҳу) айтадилар: “Биз бир зиёфатга чақирилганимиз сабаб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан у ерга кетаётган эдик. Бирдан Ҳусайнни йўлда ўйнаётганини кўриб қолдик. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ҳусайнни ушламоқчи бўлиб икки қулочларини очиб у томон тезладилар. Шунда Ҳусайн у ёқдан бу ёққа қоча бошлади. Росулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эса унинг кулишларига шерик бўлдилар ва уни тутиб олиб, бир қўлларини унинг жағига, иккинчи қўлларини эса унинг бошига қўйдилар, сўнг уни маҳкам қучоқлаб олиб бизнинг олдимизга олиб келдилар”. 
Бундан ташқари, У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) болаларга таълим ва тарбияни ҳам гўзал ҳолатда берганлар. Умар ибн Абу Салама айтадилар: “Ёшлигимда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг қарамоғида у зотнинг хизматларини қилиб юрар эдим. Кунларнинг бирида у зот билан овқатланиб ўтирар эдик. Менинг қўлим тавоқнинг у ёғидан бу ёғига бориб келар эди. Шунда Расулуллоҳ менга қараб: “Эй бола, Бисмиллаҳни айт ва ўнг қўлинг билан ўз олдингдан овқат егин”, дедилар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти). 
Шак-шубҳа йўқки, инсонга берилган неъматлар ичида фарзанд энг улуғларидан биридир. Шундай экан, фарзанд тарбиясга эътиборсиз бўлиш – Аллоҳ берган неъматга ношукрлик қилишдир. Фарзандига ёшлигидан илму маърифат бериб, имон-эътиқодли қилиб тарбия қилган инсоннинг фарзандлари ота-онасига дунё ва охиратда яхшилик олиб келади. Бунинг акси бўлса, уларга ҳасрат ва надомат бўлади. 
Фарзанднинг гўзал хулқли бўлиб тарбия топишини фақатгина онага боғлаб қўйиш тўғри эмас. Бу борада отанинг ҳам ўрни беқиёс. Агар ота солиҳ бўлса, фарзандлар ҳам унинг кетидан эргашади ва ҳаётда доим отанинг яхшилиги фарзандларга куч-қувват бўлади. Агар ота дунёдан ўтса ҳам, уларга манфаати тўхтамайди. 

Яқинларингизга ҳам улашинг

🌐 t.iss.one/subh_uz
#Фарзанд тарбияси

Аллоҳ таоло Ўз Расулининг инсоният учун ўрнак эканини таъкидлаб, шундай дейди:
«Дарҳақиқат, сизлар учун – Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар ҳамда Аллоҳни кўп зикр қиладиганлар учун – Аллоҳнинг Расулида гўзал ўрнак бордир» (Аҳзоб сураси, 21-оят).
Оятда аввал «сизлар учун» дейилганда бутун инсоният назарда тутилган. «Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар ҳамда Аллоҳни кўп зикр қиладиганлар» деган таъкид билан эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак оладиганлар сифатланмоқда.
Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бутун инсоният учун, хусусан мўмин­­ мусулмонлар учун энг олий ўрнакдирлар. Аммо у зотга бутун умр давомида, мукаммал ўрнак олиш учун бу туйғу инсонга ёшликдан, унинг онги энди шаклланаётган пайтдан сингдирилиши керак. Шунинг учун фарзанд тарбиясида сийратни ўрганиш улкан аҳамият касб этади.
Расулимиз алайҳиссалом солиҳ фарзанд, баркамол авлод тарбиялашнинг энг муҳим омилларини ўзларнинг ҳаётий, шахсий намуналарида кўрсатиб берганлар. Фарзанд тарбиясида сийратни ўрганишнинг энг асосий нуқтаси мана шудир.
Жумладан, у зот алайҳиссалом солиҳ, баркамол фарзанд тарбияламоқчи бўлган одам аввало унга муносиб она, муносиб ота танлаши кераклигини айтганлар. Куёвларга: «Диндорини ол, барака топгур!» деганлар. Қизларнинг оталарига эса: «Қизингизни дини ва хулқи сизни рози қилган одамга беринг», деб тавсия қилганлар.
Муносиб жуфти ҳалол танлагач, Аллоҳдан солиҳ фарзанд сўраб, уни шайтоннинг шарридан сақлашни сўраб дуо қилишни буюрганлар.
Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васаллам хотимул анбиё эдилар, у зот келтирган дин самовий динларнинг сўнгиси ва мукаммали эди. Шу боис ул зотнинг ҳаётлари бошқа анбиёлардан фарқли равишда, ҳар жиҳатдан тўкис ва тугал бўлди. Баъзи пайғамбар алайҳимуссаломлар оила қурмаган, фарзанд кўрмаган эди. Шунинг учун уларнинг ҳаётида бу мавзуда намуна йўқ эди. Набий солллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари эса башарият ҳаётининг барча нуқталарини қамраб олган эди. Жумладан, у зот оила қурганлар, фарзанд кўрганлар, уларни тарбиялаганлар, қиз узатганлар, набираларини парвариш қилганлар. Айниқса, у зотнинг набираларига муносабатлари ҳам барчага ўрнак эди.
Ана шу илоҳий ҳикмат туфайли Ислом умматига фарзанд туғилганда яхши ниятлар билан гўзал исм қўйиш, ақийқа қилиш, қулоғига азон айтиш, ҳаққига дуо қилиш каби суннатлар жорий бўлди. Буларнинг барчасини айнан сийратдан ўрганамиз.
Имом Бухорий Умму Холид бинт Холид ибн Саъид розияллоҳу анҳодан ривоят қилади:
«Ҳабашистон юртдан келганимда ёш қизча эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга нақш солинган кўйлак кийдирдилар, унинг нақшларни қўллари билан силаб, «Санааҳ! Санааҳ!», яъни «Гўзал! Гўзал!» дедилар».
У зот ёш саҳобаларни ҳам ўз фарзандларидек тарбиялашда, уларга гўзал муомала қилишда бутун умматга намуна бўлдилар. Уларнинг тарбияси бевосита Набий солллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўлларида ва назоратларида бўлди. Сийратдан ана ўша лавҳаларни ўрганиш бизга фарзанд тарбиясида жуда катта билим беради. Ёш Абу Умайрга: «Эй Абу Умайр, нима бўлди нуғайр?» деган сўзларидан уламоларимиз қирқдан ортиқ ҳукм олган эканлар.
Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васаллам фарзандларни нафақат руҳий, маънавий, балки жисмоний баркамоллигига ҳам алоҳида эътибор берганлар. Бир ҳадисда: «Фарзандларингизга сузишни, минишни ва отишни ўргатинглар», деб буюрганлар. Бу ишларни қўллаб-қувватлаганлар, бошқаларни ҳам тарғиб қилганлар.

Яқинларингизга ҳам улашинг

🌐 t.iss.one/subh_uz
#Фарзанд тарбияси

ФАРЗАНД ТАРБИЯЛАШДАГИ ХАТОЛАР

Ота-онанинг болага: “Лапашанг", “Аҳмоқ", "Одобсиз” каби ёқимсиз сўзлар билан мурожаат қилиши энг катта хатодир. Аслида камчилик фарзанднинг ўзида эмас, ишида;
– уриб-сўкиб тарбиялаш. Фарзанд нотўғри иш қилганида танбеҳ бериш, уриш-сўкишдан кўра яхши кўрган нарсаларидан маҳрум қилиш, гапирмаслик ёки қовоқ уйиш самарали бўлади;
– нотўғри рағбатлантириш. Ота-она болалаларининг яхши ишларини мукофотлашда ширинлик ёки пул бериш билан бирга савоб бўлишини, эвазига жаннатга эришишини ҳам уқтирсин;
– болаларни бир-бирига қарама-қарши ўстириш. Бир оилада туғилиб ўсган болаларнинг ҳам шахсияти турлича бўлади. Уларни зеҳни, қобилияти паст-баландига қараб йўналтириш лозим. Акс ҳолда бир-бирига солиштириш билан оралари бузилиши мумкин;
– ёмон дуо қилиш. Фарзанди жаҳлини чиқарса, айрим оналар дарров қaрғaшга тушади. Бунинг оқибати жуда ёмон;
– ваъда бериб бажармаслик. Ота-она ваъдасида турмаса, ишончини йўқотади.
Масалан, “Кел, урмайман”, дейди. Аммо келганида уради. “Бундай қилсанг, уни олиб бераман”, дейди, лекин сўзида турмайди. фарзандини ёмон ҳолатларга гувоҳ қилиши. Шаънини юксалтириш, ботирликка ўргатиш ўрнига таҳқирлайдиган манзараларни кўрсатиш бола қалбини синдиради;
– ёқтирмаган нарсасини совға қилиш;
— ёлғон гапириш. Одатларнинг энг ёмони ёлғон сўзлашдир. Бола ўрнак оладиган кишилар ёлғон гапириб турса, уям шунга одатланади.

"Бахтли ҳаёт сари" китобидан.


Кўнгил яқинлар ила баҳам кўринг👇
🍃🍃🍃🍃🍃🌷🍃🍃🍃🍃🍃
Каналга уланиш учун линк устига босинг👇👇👇

🌐 t.iss.one/subh_uz