Prof. Sherzod
5.02K subscribers
254 photos
22 videos
209 links
Оддий инглиз университетида дарс бераман. Олий таълим, саёҳат, адабиёт, Япония, Англия, университетлар, футбол ва ҳоказо мавзуларда кундалик ёзувлар. PhD (Cantab).
Download Telegram
Инглиз тили тестларининг обрўсизланиши ҳақида

Чарос Низомиддинованинг блогидан Ўзбекистонда IELTS натижалари қайта текширилаётгани ҳақида ўқиб, ҳайрон қолдим, дея олмайман. Охирги ўн йилда бу имтиҳон Ватанимизда ҳаддан ташқари оммавийлашганидан, унинг натижасига жуда кўп нарса боғлиқлигидан, шунга ўхшаш ҳийла-найранглар ўйлаб топилишини кутиш мумкин эди.

IELTS'нинг оммавийлашишига, аслида, яна бир халқаро инглиз тили тести—TOEFL—обрўсига жиддий путур етиши ҳам ҳисса қўшган. Бундан ўн йилча олдин, Бибиси суриштируви Лондонда сохта TOEFL тестлари ўтказилаётганини топганди. Тест натижалари нафақат университетга кириш, балки Британия визасини олишда ҳужжат сифатида кўрсатилгани учун, минглаб одамларнинг визалари бекор қилинганди. Шундан кейин IELTS мавқеи дунё бўйлаб анча кўтарилгани аниқ эсимда.

Албатта, IELTS фақат шу сабаб машҳурлашгани йўқ—бу имтиҳон ҳамиша обрўли бўлган. TOEFL истеъмолдан чиқиб кетишига яна бир сабаб—ҳамма саволлар вариантли тест (multiple choice) шаклида бўлгани учун, тилни яхши билмасдан ҳам баланд баҳо оладиганлар кўпайгани эди. Унинг устига, ўша йилларда TOEFL'да оғзаки имтиҳон йўқ эди.

Шунга қарамай, бизнинг ўқувчилик йилларимизда одамлар кўпроқ TOEFL'га тайёрланади, шу жумладан ўзим ҳам. Инглиз тилининг грамматикасини илк бор абитуриентлик йилларимда айнан шу имтиҳон қўлланмасидан ўрганганим эсимда (қўлланмани Буюк ипак йўли бекатидаги ер ости йўлидан ўша пайт учун яхшигина пулга сотиб олганим эсимда). Кейинчалик, Британия университетларида ўқишни хоҳлаганим учун, IELTS'га ўтиб, 2005 йилда илк бор топширган, ундан кейин бироз муддат IELTS ўргатганман ҳам.

Уни йиллар давомида ўрганиш ва ўргатиш жараёнида тушуниб етганим ҳақиқат—тил имтиҳони барометр, яъни сизнинг тил билиш даражангизни ўлчаб берадиган воситадир. IELTS‘дан баланд балл олди, дегани, чет элдаги университетда яхши ўқиб кетади, дегани эмас. Қоида бор экан, уни албатта бузиб кўришга уринадиган азаматлар ҳамиша топилишини ҳисобга олсак, ана шундай ҳийлаларга энг яхши дош бера оладиган имтиҳоннинг обрўсини тушуниш мумкин.

Йиллар давомида IELTS TOEFL' га қиёсан яхшироқ барометр бўлиб хизмат қилди. Унинг тўрт бўлими тил билимини ҳар томонлама текшириб, қоидани бузиш йўли билан баланд балл олишнинг олдини олиб келди. Аммо унинг ҳам "йўлини топишибдими," демак бунда нафақат ҳийлакор уддабуронлар айбдор. Балки адашаётгандирман ё масалани тўлиқ тушунмаётгандирман, аммо жавоблар тўлиғича сиздирилаётгани рост бўлса, бу ишларни ким бажаряпти?

"IELTS кетиб қолади" деган қўрқувлар ўринли, аммо IELTS'ни идора қилувчи ташкилотлар назорат қилиши керак эмасми? Обрў қанча баланд бўлса, сўров ҳам шунга яраша бўлади.

IELTS натижаларини сотиб олиб, имтиҳонга кириб чиқаётган уддабуронларга айтадиган гапим эса:

Ҳозирда баланд IELTS бали билан бировни ҳайрон қолдириш қийин. Ана, 9 бал олганлар нечта. Фақат бал учун ўқийдиган, балини кўз-кўз қиладиганлар юқорида айтган гапимни эсдан чиқаришади—IELTS шунчаки тарози, барометр. Йўқ билимни бор қилиб кўрсатиб, четдаги яхши университетда ўқиб бўлмайди. Яхши университетда яхши ўқиш учун IELTS биринчи қадам бўлиши мумкин, агар у ҳаққоний ва ҳалол олинган бўлса. Сохта натижа билан борган инсон биринчи семинардаёқ ҳунари озлиги билиниб қолади.

Янаям, адашаётгандирман. Имтиҳонни жавоб сотиб олиш билан топшириб, ўқишни ҳам СИ ёрдамида битираман, деб ўйлашар? Балки бунинг уддасидан ҳам чиқишар? Балки "Шунча ўқиб, нимаям бўлардинг?" қабилида фикрлайдиган инсонлар охири ютиб чиқар?

Сиз нима деб ўйлайсиз?

#ОлийТаълим #ИнглизТили

@profsherzod
24🤔14🔥5😨2
Университет ранкингларини жиддий қабул қилиш вақти келдими?

Бир-икки йил олдин университет ранкинглари ҳақида фикримни сўрашганида, "Ортиқча диққатга арзимайди," деб жавоб берган бўлардим. Сабабиуниверситетлар, менинг назаримда, жамиятга ўлчаш қийин бўлган ҳисса қўшишади. Уларнинг ўрнини бир йилда неча миллионлик грант ютгани ёки неча миллионлик контракт тўловларини қабул қилгани билан эмас, жамият учун билимлар яраладиган, сақланадиган ва тарқатиладиган жой бўлгани ўлчаш лозим, деб ўйлайман.

Қисқаси, рейтинг жадваллари ўлчаш қийин бўлган нарсани ўлчашга уриниб, қадрини тушириб юборади. Улар баъзи соҳаларни (масалан, аниқ фанлар, ёки "пул келтирадиган" бизнес каби йўналишларни) бошқаларидан устун қўйиб, қолганларининг четда қолишига ҳам сабаб бўлади.

Аммо ҳозирга келиб халқаро университет ранкинг жадваллари шу қадар муҳимлашдики, уларни диққатсиз қолдириб бўлмайди. Биз университет ходимлари уларга жиддий қарамаслигимиз мумкиндир, аммо бошқалар ундай қилмайди.

Хўш, нима ўзгарди? Содда қилиб айтганда, икки нарса—1) ранкинглар такомиллашди, уларнинг услублари яхшиланди ва сони ортди, ва 2) бу ривожланиш давлат ва жамият томонидан жиддий қабул қилиниб, одамларнинг университетлар ҳақидаги фикри айнан шу жадвалларга қараб белгиланадиган бўлиб бормоқда.

Мисол учун, учта ранкингни олайлик: QS, Times Higher Education (THE), ARWU/Shanghai. Бундан йигирма йил олдин булардан биргина THE жиддий қабул қилинарди, десам муболаға бўлмайди. Аммо ҳозирда учаласи ҳам муҳим, THE'ни эса учаласидан биринчиси дея олиш қийин. Учаласи ҳам университетларнинг тадқиқот салоҳиятини ўлчайдияъни, университетлар ходимлари ёзадиган китобу мақолаларнинг "сифати" ранкингдаги ўринни ишлаб чиқишда ҳисобга олинади. ARWU/Shanghai жадвални кўпроқ рақам ва кўрсаткичларга асосланиб тузса, QS ва THE'да ҳамон репутация муҳим ўрин эгаллайди.

Жамият томонидан буларнинг кенг қабул қилиниши оқибатида, ранкинглар университетлар ҳаётига жиддий таъсир қилмоқда. Оддий мисол: кўп давлатлар ўз фуқароларига стипендия ажратаётганда, бу ранкингларга асосланадистипендиялар кўпинча QS 300 (яъни, QS ранкинги бўйича биринчи 300 та университет), баъзи ҳолларда эса QS 100 университетларидан жой эгаллаган талабаларгагина берилади. Натижада, биринчи юзталик ё учюзталикка киролмаган университетлар талабаданва маблағдан қуруқ қолади.

Университетлар ҳақида тушунчага эга бўлмаган инсонлар учун бу жадваллар жуда фойдали бўлиши мумкин. Масалан, йиллаб йиққан пулига боласини четга ўқишга юборишни ўйлаётган, аммо ўзи четга чиқмаган ва университетлардан йироқ бўлган ота-она учун. Ранкинглар ҳатто ҳукумат вакиллари учун фойдали мезонларни яратадиуниверситетларнинг нафақат анъанавий мезонлар (дарс ўтиш сифати, тадқиқотлар цитата қилиниши вҳк), балки ҳозирги замонда рақобатбардош бўлиш учун муҳим бўлган янги мезонларга (масалан, "халқаролашув") қай даражада тайёрлигини кўрсатади.

Шуларга қарамай, мен ўз фикримда қоламан—ранкинглар ўйлаганимиздек муҳим эмас, уларгагина қараб университет танлаш керак эмас. Университетни "яхши" қиладиган нарсаларнинг кўпини қўл билан ушлаб, кўз билан кўриб бўлмайди. Университет дегани ресторан ё меҳмонхона эмас, унинг қийматини "мижозларга хизмат" қилишига қараб аниқлаш нотўғри.

Унинг устига, ранкинглар университетлар орасида носоғлом рақобат, ўзига хос халқаро "калмар ўйинини" яратиб, баъзи университетлар ё соҳаларнигина илгари суриб, қолганларининг четлашиб қолишига олиб келади. Ҳамма нарсани пулга чақадиган неолиберал истеъмолчи иқтисодиёт университетларни ҳам дам олишда ётган меҳмонхона, ё ўтган куни кечқурунги овқатни еган ресторан савиясига тушириб ташлаши мумкин.

Аммо буларменинг фикрларим. Мен университетда ишлайман, ўзимнинг манфаатларим ҳам университетга боғлиқ. Менинг фикрим ягона рост фикр эмас, албатта. Университетларнинг мавқеи ва ўрни, бошқа мавзулар каби, мунозара қилиниши лозим.

Сиз нима деб ўйлайсиз? Ранкингу рейтинглардан қанчалик хабардорсиз? Уларга қанчалик ишонасиз? Балки уларга таяниб, ўзингиз ё оила аъзоларингиз учун университет танлагандирсиз?

#ОлийТаълим #Университетлар

@profsherzod
18👍16
Очиқ эшиклар куни

Ҳозирда факултетимизда қабул учун масъулман, яъни қабул тадбирларини (масалан, очиқ эшиклар кунлари) ташкил қиламан, уларда қатнашадиган ҳамкасбларга керакли маълумот бераман вҳк. Кеча 6 соат давомида оёқда тик туриб, янги қабул мавсумининг биринчи Очиқ эшиклар кунини ўтказдик.

2026 йил сентябр ойида ўқишга қабул қилиш мавсуми кеча бошланди, десак бўлади. Бир йилдан кўпроқ вақт ичида янги талабаларни факултетимизга жалб қилиш ишларини олиб борамиз. Кеча бизни кўришга келган ёшларнинг баъзилари бир йилдан кейин бизга талаба бўлади.

Очиқ эшиклар кунида бўлажак талабаларни кўп қизиқ нарсалар кутади. Университетга келгач, уларни талабалар орасидан ёлланган ёрдамчилар турли биноларига етаклаб боради. Ҳар бир факултет ўзининг меҳмонларига икки презентация намойиш қилади, ундан кейин домлалар ва талабалар билан учрашиш имконияти бўлади.

Қизиғи, кўпинча ҳамма саволни ота-оналар беради, бўлажак талабаларнинг кўпи эса бир четда ё уялиб, ё эснаб туради 😊 Аммо улар орасида ҳам шу ёшданоқ нимага қизиқиши ва келажакда нима иш қилишини биладиганлар ёшлар талайгина.

Британиялик талабалар университетларга умумий UCAS платформасидан ҳужжат топширишади. Бунда улар бештагача университетни белгилашлари мумкин. Июл-ноябр оралиғида кўпчилик абитуриентлар бу университетларда ташкил қилинадиган Очиқ эшиклар кунларига боради. У ерда факултет ё йўналишлар ҳақида тақдимотлар эшитишдан ташқари, ўқув бинолари, ётоқхоналар, спорт заллари ва ҳоказо шароитлар билан танишишади. Талабалар билан гаплашишади, университет жойлашган шаҳарни айланишади.

Январ ойи охирида университетлар талабаларга жой таклифи (offer) юборишади. Шулар орасидан абитуриент битта асосий (биринчи танлов) ва битта заҳира (insurance choice дейилади) танлаши лозим. Шундан кейин август ўртасида бўладиган "натижалар кунини" (бизнингча "мандат" деса бўлади) кутадибу кунда имтиҳон натижалари чиқади, абитуриентлар эса ўзлари олган баҳо танлаган асосий университетига етар-етмаслигини билиб олишади. Мабодо етмай қолса, заҳирага киришлари мумкин.

Август ойида клиринг (Clearing) деган жараён бўлади, бунда асосий ё заҳирадан жой ололмаган талабаларга бошқа университетлар ўзларидаги бўш ўринларни таклиф қилади. Жуда қизиқарли ва асабларни таранг қиладиган жараён бўлади. Бундай "таклифсиз" талабаларнинг 85%и натижалар кунининг ўзида, натижалар эълон қилинганининг биринчи 4 соатида ўзларига жой топади.

Британия университетларига қабул ҳақида ана шундай қисқача ҳикоя. Бу жараён ҳақида ҳали ёзиб бораман 😊

#Университетлар #ОлийТаълим #МенБилганАнглия

@profsherzod
👍22🔥185🤓21😢1