G‘allaorol Muslim
224 subscribers
1.04K photos
708 videos
121 files
1.14K links
Jizzax viloyati
G'allaorol tumani
Nurulislom jome masjidi rasmiy kanali

@Nurulislomaloqabot
masjid ma'muriyati rasmiy aloqa boti
https://t.iss.one/Nurulislommasjid
https://t.iss.one/masjidnurulislom
https://youtube.com/channel/UC
Download Telegram
#савол_жавоблар

НАМОЗНИНГ ВОЖИБЛАРИ

CАВОЛ:
Намознинг вожиблари ҳақида маълумот берсангиз?

ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Намознинг бир нечта вожиблари бўлиб, қуйида улардан баъзиларини баён қиламиз:

1. Такбири таҳримада намозга айнан "Аллоҳу акбар" лафзи билан кириш;
2. Фарз намозларининг аввалги икки ракатига қироатни тайин қилмоқ;
3. "Фотиҳа" сурасидан сўнг зам (қўшимча) сура ўқиш. Зам сурага Қуръондан бир узун (мисоли "Оят-ул-Курсий" ) ёки уч қисқа оят (мисоли "Сураи Кавсар") ўқиса бўлади;
4. Фотиҳа ва зам сурани Витр ва нафл намозларининг барча ракатларида ўқиш;
5. Саждада пешона билан бирга бурунни ҳам ерга теккизиш;
6. Таъдили аркон ёки тумония, яъни рукуъ ва саждада бир тасбеҳ ("Субҳаналлоҳ" дейишга кетадиган вақт) миқдорича ором олиш;
7. Қаъдаи аввал. Иккидан ортиқ ракатли намозларда иккинчи ракатдан сўнг "Ташаҳҳуд" ("Аттахиййату...") ни ўқиш миқдорича ўтириш;
8. Ҳар қаъдада "Ташаҳҳуд" ўқиш;
9. Витр намозининг учинчи ракатида қироатдан сўнг "Дуои қунут" ни ўқиш;
10. Икки Ийд намозларида айтиладиган такбири зоидалар, яъни қўшимча такбирларни (биринчи ракатда "Сано"дан сўнг 3 марта ва иккинчи ракатда қироатдан сўнг рукуъга кетишдан олдин 3 марта "Аллоҳу акбар" деб) айтиш;
11. Икки Ийд намозларида иккинчи ракатда такбири зоидаларни айтгандан сўнг рукуъга бориш учун айтиладиган такбирни айтиш;
12. Намозда сажда ояти ўқилса дарҳол тиловат саждасини қилиш. Агар сажда ояти ўқилгандан кейин дарҳол рукуъ қилинса, шу рукуъ тиловат саждаси ўрнига ўтади;
13. Муқтадийнинг имомни қайси ҳолатда топса, ўша ҳолда дарҳол ният қилиб, намозга киришиб имомга эргашиши;
14. Имомнинг жаҳрий намозлар (Бомдод, Шом, Хуфтон, Жума ва Таровиҳ)ни жаҳрий тарзда яъни ёнидаги шериги эшитадиган даражада овозини чиқариб ўқиши. Ёлғиз ўқувчи киши Бомдод, Шом ва Хуфтон намозларини хоҳласа жаҳрий, хоҳласа махфий (яъни, овоз чиқармасдан) ўқиши мумкин;
15. Имомнинг махфий намозлар бўлмиш Пешин, Аср, Витр ва жаноза намозларини мухфий ўқимоқлиги. Ёлғиз ўқувчи бу намозларни, суннат ва нафл намозларни ҳам махфий ўқийди;
16. “Ас-Салом” лафзи билан намоздан чиқиш;
Агар Хуфтон намозининг аввалги икки ракатида зам сурани ўқимаган бўлса, зам сурани “Фотиҳа” сураси билан кейинги икки ракатда овоз чиқариб ўқийди. Агар аввалги икки ракатда “Фотиҳа”ни ўқимаса, кейинги икки ракатда “Фотиҳа”ни икки марта ўқимайди. (Манба: “Нурул ийзоҳ” ва “Фатҳу бабил иноя”) Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати
#САВОЛ_ЖАВОБЛАР

“СИЗЛАРДАН ҲАР БИРИНГИЗ ЖАҲАННАМГА ТУШУВЧИДИРСИЗ” ОЯТИНИ ҚАНДАЙ ТУШУНАМИЗ?

CАВОЛ: Қуръони каримнинг Марям сурасида: “Сизлардан ҳар бирингиз унга (жаҳаннамга) тушувчидирсиз. (Бу) Раббингиз (иродасига биноан) вожиб бўлган ҳукмдир”, деган оятни Шайх Абдулазиз Мансурнинг Қуръони карим маънолар таржимасида ўқиб қолдим. Ушбу оятдан мўмин-мусулмонлар ҳам дўзахга тушадими? Шу ҳақда батафсил тушунтириб берсангиз.

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Романир Роҳим. Аллоҳ таоло Марям сурасининг 70-72-оятларида шундай марҳамат қилади:

وَإِنْ مِنْكُمْ إِلَّا وَارِدُهَا كَانَ عَلَى رَبِّكَ حَتْمًا مَقْضِيًّا ثُمَّ نُنَجِّي الَّذِينَ اتَّقَوْا وَنَذَرُ الظَّالِمِينَ فِيهَا جِثِيًّا

“Сизлардан ҳар бирингиз унга (жаҳаннамга) тушувчидирсиз. (Бу) Раббингиз (иродасига биноан) вожиб бўлган ҳукмдир. Сўнгра тақводор бўлганларни (ундан) қутқарурмиз ва золим кимсаларни тиз чўккан ҳолларида (жаҳаннамда) қолдирурмиз”.


Ушбу ояти каримадаги: “Сизлардан ҳар бирингиз унга (жаҳаннамга) тушувчидирсиз”, жумласини муфассирлар томонидан турлича тафсир қилинган бўлиб, қуйида уларнинг энг машҳурларини келтириб ўтамиз:

1. Мўминларнинг жаҳаннам устидаги кўприкдан ўтишлари назарда тутилган.

Машҳур саҳоба Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу оятни шундай тафсир қилганлар. Тобеинлардан Ҳасан Басрий ва Қатода ҳамда муфассирлар шайхи Ибн Жарир Табарий, Аллома Шавконий каби бир жамоа уламолар ушбу тафсирни ихтиёр қилишган. Муфассирлар бунга Сирот кўпригидан ўтиш ҳақидаги барча ҳадисларни далил қилганлар.

2. Барча халойиқ дўзахга кириши, мўминлар иймони сабабли у ерда азоб-уқубатсиз чиқарилишлари назарда тутилган.

Машҳур саҳоба Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу оятни шундай тафсир қилганлар. Имом Бағавий, Жалолиддин Суютий, Исмоил Ҳаққий, Муҳаммад Амийн Шинқитий ва бошқа кўплаб муфассирлар ушбу тафсирни устун кўришган. Жобир Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу ушбу оят тафсири ҳақида Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ривоят қилган қуйидаги ҳадис буни қўллайди:

لا يبقى بر ولا فاجر إلا دخلها، فتكون على المؤمن بردًا وسلامًا، كما كانت على إبراهيم، حتى إن للنار ضجيجًا من بردهم، ثم ينجي الله الذين اتقوا، ويذر الظالمين فيها جثيًّا


“Яхши бўлсин ва ёмон бўлсин бирорта одам дўзахга кирмай қолмайди. Худди (гулҳан) Иброҳим (алайҳиссалом)га саломат бир макон бўлгани каби дўзах ҳам мўминга салқин ва саломат жой бўлади. Ҳатто мўминларнинг салқинидан дўзахнинг қичқириғи бўлади. Сўнгра Аллоҳ тақводор бўлганларни дўзахдан қутқаради ва золим кимсаларни тиз чўккан ҳолларида жаҳаннамда қолдиради”
(Имом Аҳмад ривояти)

3. Мўминларнинг дўзахга кирмасдан унинг олдида – маҳшаргоҳда тўпланиб туришлари назарда тутилган.

Машҳур тобеин Убайд ибн Умайр ибн Қатода шундай тафсир қилганлар. Ушбу тафсирни араб тилидаги услуб ҳам қўллайди. Масалан арабларда تَرِدُ الْمَاءَ (таридул мааъа) деганда “сувнинг олдига келиб, ўша сувдан ичмаслик”ка айтилади. Бундан оятда келган “وَرَدَ” сўзи ҳам дўзах олдига келиб, унга кирмаслиги тушунилади.

Ушбу ояти каримани бундан бошқа тафсир қилганлар ҳам бор, лекин энг машҳур ва мўътабарлари шулар.

Мазкур тафсирлардан қайси бири тўғри бўлишидан қатъий назар, мўминлар Қиёмат куни дўзахни ўз кўзлари билан кўришлари ва ундан Аллоҳ нажот бериши келиб чиқади. Бунинг ҳикмати шуки, мўмин киши иймоннинг нақадар буюк неъмат эканини ҳис қилади. Ўша иймон унинг қўлидан етаклаб, жаннатга соғ-саломат олиб киради. Шунинг учун Аллоҳ таоло бизга ушбу масалани эслатиб, Қуръонда шундай деган:

فَمَنْ زُحْزِحَ عَنِ النَّارِ وَأُدْخِلَ الْجَنَّةَ فَقَدْ فَازَ

“Бас, (ўша куни) ким дўзахдан узоқлаштирилиб, жаннатга киритилса, демак, у (катта) ютуққа эга бўлибди” (Оли Имрон сураси, 185-оят).

Аммо кофир кимса эса, унга аввал жаҳаннам кўрсатилади. Дўзахга киришидан олдинги ушбу кўриш кофир учун ҳасрат, надомат ва қўрқув бўлади. Чунки, у бироздан кейин ўша дўзахга киришини, ундан қутулолмаслигини билади. Тавфиқ Аллоҳдан.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
#САВОЛ_ЖАВОБЛАР

Кийим ҳақида

САВОЛ: Ассалому алайкум! Жамоат билан ўқиладиган намозларда киймини орқасида ёзув бўлса намоз ўқиса бўладими? Орқасидаги одамларни таҳорати бузуладими?

ЖАВОБ: Ва алайкум ассалом! Бу билан таҳорати бузилмайди. Агар жониворларнинг сурати бўлса орқадагининг намози макруҳ бўлади. Валлоҳу аълам!

«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати
#САВОЛ_ЖАВОБЛАР

​​
ЎТИРИБ НАМОЗ ЎҚИЙДИГАН БЕМОР ҚЎЛИНИ ҚАНДАЙ БОҒЛАЙДИ

CАВОЛ: Ўтириб намоз ўқийдиган бемор қўлини киндик остига боғлайдими ёки ўтиргани учун тизза устига қўядими?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Беморлиги туфайли ўтириб намоз ўқийдиган шахс гарчи ўтириб ўқиса-да, тик турган ҳукмида бўлади. Шу сабабли бундай ҳолатдаги эркак қўлини киндик остига, аёл киши кўксига қўйган ҳолда намоз ўқийди. “Мухтасарул виқоя” китобида бундай дейилган:

وَيَضَعُ يَمِينَهُ عَلَى شِمَالِهِ تَحْتَ سُرَّتِهِ، وَالْمَرْأَةُ تَضَعُ عَلَى صَدْرِهَا فِي كُلِّ قِيَامٍ فِيهِ ذِكْرٌ مَسْنُونٌ،

“Сўнг, ўнг қўлини чап қўли устига қўйиб, киндиги остига қўяди. Аёл киши кўксига қўяди. Бу ишни суннат зикри бор ҳар бир қиёмда қилинади”. Мазкур иборанинг шарҳида Мулла Али Қори раҳимаҳуллоҳ намозда тик туриш ҳақиқий ва ҳукмий бўлади. Ўтириб намоз ўқийдиганлар ҳукмий қиём (тик туриш)да бўлади. Шу сабабли қўлини киндик остига қўяди, деган.

“Мажмаъул анҳур” китобида юқоридаги каби ибора қуйидагича шарҳланган:
المراد من القيام ما هو الأعم لأن القاعد يفعل كذلك

“Қиём (намозда тик туриш) умумий маънодадир. Чунки ўтириб намоз ўқийдиган шахс ҳам қўлини боғлайди”.

Мазкур иборалардан маълум бўладики, бемор кишилар қўлини тиззага қўймайди, балки боғлайди. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
#САВОЛ_ЖАВОБЛАР

БУ КЕЛИШУВ ЖОИЗМИ?


CАВОЛ: Бир киши менга “Сизга пул бераман. Сиз шу пулга деҳқончилик қилинг. Ҳосил пишиб, сотилгандан кейин мен тиккан пулимни ажратиб оламан, қолганини 50/50 қилиб бўлишамиз”, деб таклиф берди. Шундай ҳолатда келишиб ишласам бўладими?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Сизларнинг бу келишувингиз “Музораба” шартномаси бўлиб, бунинг баёни фиқҳ китобларида қуйидагича келтирилади:

هي عقد شركة فى الربح بمال من رجل وعمل من الآخر

“Музораба бир кишидан мол ва бошқасидан иш ўлароқ фойдада шерикчилик битимидир" ("Ихтисорур ривоя" китоби).

Музорабада пул бир томондан хизмат иккинчи томондан бўлади. Сармоя эгаси ишчи билан келишиб, пулни унга беради. Тушган фойда келишувга асосан муайян нисбатларда тақсимланади. Масалан: “Фойданинг ярми меники, ярми сеники ёки учдан бири меники, учдан иккиси сеники ва ҳоказо.

Агар иш зарар билан чиқса, пул тиккан пулига, меҳнат қилган меҳнатига куяди. Меҳнат қилувчи томонидан нуқсонга йўл қўйиш ёки хиёнат бўлмаса, зарарни у тўламайди. Акс ҳолда у зарарни тўлаб беради.

Музорабада пул берувчи: “Сенга қанча пул берган бўлсам, нима бўлган тақдирда ҳам шу пулимни тўлиқ қайтарасан ёки ҳар ой фалон сўм фойда бериб турасан”, деса музораба бузилади.

Сиз айтган шаклдаги келишув, агар бошқа шартлар қўшилмаган бўлса, жоиз ҳисобланади.

Шерикчиликнинг ҳар қандай кўринишида томонлар ўзаро келишган битимининг ҳамма тафсилотини гувоҳлар иштирокида ёзиб имзолаб қўйишлари тавсия қилинади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
#САВОЛ_ЖАВОБЛАР

ИККИ САЖДА ОРАЛИҒИДА ЎҚИЛАДИГАН ДУО

CАВОЛ: Намозда икки сажда оралиғида “Аллоҳум-мағфирли”, деса бўладими?

ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шу дуони ўқиганлари кўплаб ҳадисларда келган. Уламоларимиз: “Бу дуони нафл ва таҳажжуд намозларидаги икки сажда оралиғида айтган маъқул”, деганлар. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
#САВОЛ_ЖАВОБЛАР

ЗАКОТНИ МУДДАТИДАН ҚАНЧА ОЛДИН БЕРИШ МУМКИН

CАВОЛ: Закотни олдин бериб қўйиш мумкин, дейилади. Мен ҳозир закотга қодир эмасман. Лекин озроқ пулим бор. Шуни келажакда бой бўлиб қолсам, шундаги закотимдан деб берсам бўладими?

ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Сиз айтган ҳолатда берилган пул закотдан ўтмайди. Закотни олдиндан бериш деган гап нисобга етган маблағи бор, лекин бир йил тўлмаган шахсга айтилган. Закот нисобига эга шахс бир неча йиллар учун закотини бериб қўйиши мумкин. Аммо қўлидаги маблағи нисобга етмаган одамларнинг олдиндан закотдан деб камбағалларга пул бериши закотдан ўтмайди, балки нафл садақа бўлиб ўтади. “Раддул муҳтор” китобида бу ҳақда бундай дейилган:

"ولو عجل ذو نصاب زكاته لسنين أو لنصب صح؛ لوجود السبب قوله: ولو عجل ذو نصاب قيد بكونه ذا نصاب؛ لأنه لو ملك أقل منه فعجل خمسة عن مائتين، ثم تم الحول على مائتين لايجوز".

“Нисоб эгаси закотини бир неча йиллар ёки бир неча нисоб учун олдиндан берса, закот беришга сабаб(нисобга етган мол) топилгани учун бу иш жоиздир. Иборада нисоб эгаси деб қайдлаб айтилганининг сабаби шуки, агар инсон нисобдан кам миқдордаги маблағга эга бўлиб, икки юз дирҳам учун деб беш дирҳам закот берса, шундан кейин икки юз дирҳамга эга бўлиб, бир йил тўлса, жоиз бўлмайди (яъни берган пули закотдан ўтмайди)”. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.