FATVO.UZ | Расмий канал
160K subscribers
1.55K photos
2.3K videos
4.95K links
Ўзбекистон мусулмонлари идораси қошидаги Фатво марказининг расмий телеграм канали

©Каналдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.

Колл марказ рақами: 781503344

Lotincha 👉 @fatvouzlotin

https://taplink.cc/diniysavollar
Download Telegram
МАСЖИДЛАР АЛЛОҲНИНГ УЙИМИ?
#Масжид #Байтуллоҳ

1103-CАВОЛ: Масжидлар - Аллоҳнинг уйи дея айтилади. Лекин Аллоҳ бизнинг тассаввуримиздан ҳам кўра буюк зотдир. Шундай экан У зотга нисбатан бундай "уй, макон" каби ибораларини ишлатсак хатога йўл қўйган бўлмаймизми?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда келган ибораларни ишлатиш хато бўлмайди. Масалан, Аллоҳ таоло Ҳаж сураси 26-оятида: “Менинг уйимни тавоф қилувчилар учун покла”, деб Каъбани "уйим" деган бўлса, бошқа оятда эса: “Аллоҳнинг масжидларида унинг исми зикр қилинишидан тўсган кишидан ҳам золимроқ кимса борми?!” (Бақара сураси, 114-оят), деб масжидларни ўзига нисбат берган.
Фақат уларнинг мазмун моҳиятини тўғри англасак кифоя.
Ҳақиқатан ҳам Аллоҳ таоло ҳамма нарсанинг яратувчиси, ҳамма нарса унга муҳтож, у ҳеч нарсага муҳтож эмас. Жумладан, Аллоҳ таоло уйга ҳам муҳтож эмас.

Энди Байтуллоҳ-Аллоҳнинг уйи, деган иборага келсак, ундан Каъбаи мушаррафани тушунилади. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди:
جَعَلَ اللَّهُ الْكَعْبَةَ الْبَيْتَ الْحَرَامَ قِيَاماً لِلنَّاسِ
“Каъба, яъни Байтул Ҳаромни Аллоҳ одамлар учун (муҳим) мақом қилиб қўйди”
(Моида сураси, 97-оят).
Каъбани Аллоҳнинг уйи, деб нисбат берилишига сабаб у жой Аллоҳ таолони улуғланадиган макондир. У ерга одамлар турли ерлардан Аллоҳ таоло фарз қилган ҳаж ибодатини қилишга шошиладилар. Яна бу нарса Каъбани шарафлаш, улуғлаш ва унинг қадрини одамларга билдириш учундир. Буни Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломнинг тиллари билан билдирган:
(رَبَّنَا إِنِّي أَسْكَنْتُ مِنْ ذُرِّيَّتِي بِوَادٍ غَيْرِ ذِي زَرْعٍ عِنْدَ بَيْتِكَ الْمُحَرَّم)،
“Эй, Раббимиз! Мен зурриётимдан (бир қисмини – ўғлим Исмоил ва унинг онаси Ҳожарни) Сенинг ҳурматли Байтинг ҳузуридаги экин ўсмайдиган бир водийга жойлаштирдим”
(Иброҳим сураси, 37-оят).
Демак, Аллоҳ таоло яратганлари ичидан бирор нарсани ўзига нисбат берса, бу улуғлаш, ҳурматлаш ва шарафлаш учун бўлади. Жумладан, Каъба ва масжидларни ўзига тегишли эканини таъкидлаши ҳам шу қабилдандир.
Асло Каъба ёки масжидлар Аллоҳ таоло турадиган уй-жой, деб тушунмаймиз. Чунки макон ва замоннинг яратувчиси Аллоҳдир (субҳанаҳу таоло). Улар ўз яратувчисини қамраб ололмайди. Макон ва замон яратилган нарсаларни қамраб олади, холос. Тавфиқ Аллоҳдан.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

YouTube | Instagram | Facebook | Telegram