FATVO.UZ | Расмий канал
139K subscribers
1.1K photos
2.05K videos
4.43K links
Ўзбекистон мусулмонлари идораси қошидаги Фатво марказининг расмий телеграм канали

©Каналдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.

Колл марказ рақами: 781503344

Lotincha 👉 @fatvouzlotin

https://taplink.cc/diniysavollar
Download Telegram
АЁЛИМНИ ТАЛОҚ ҚИЛСАММИКИН?
#талоқ

698-CАВОЛ: Узоқ йиллардан буён аёлим иккимиз фарзанд кутамиз. Aммо ҳалигача натижа йўқ. Дуоларда бардавоммиз, ибодатимизни ҳам тўхтатмадик. Лекин… ота-онам ажримни талаб қилишяпти. Мен эса талоқ сабаб осмон ларзага келишини ўйлаб қўрқяпман. Бу вазиятда динимиз менга қандай йўл кўрсатади?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Фарзанд неъматлар ичида энг суюклисидир. Бу неъматни Аллоҳ хоҳлаган бандасига беради. Қуръони каримда шундай дейилган: “Осмонлар ва ер Аллоҳнинг мулкидир. У Ўзи хоҳлаган нарсани яратади. Ўзи хоҳлаган кишига қизларни ҳадя этади, Ўзи хоҳлаган кишига ўғилларни ҳадя этади. Ё уларни эгизак ўғиллар ва қизлар қилади, Ўзи хоҳлаган кишини туғмас (бепушт) қилиб қўяди. Албатта У Билувчи ва Қодир Зотдир” (Шўро сураси, 49-50-оятлар).

Шундай экан, нима бўлган тақдирда ҳам, мўмин банда Аллоҳнинг иродасига итоат этади. Шу билан бирга, Аллоҳга дуо қилиб солиҳ фарзанд сўрайди. Яна керакли муолажалар олиб, сабабларни ҳам юзага келтиради. Аллоҳ фарзанд берса шукр, бермаса сабр қилади. Шундай вазиятда инсон сабрсизлик қилса, гуноҳкор бўлади. Агар сабрли бўлиб, Аллоҳ таолонинг имтиҳонига бардош кўрсатса, гуноҳлари кечирилиб, савобга эришади, даргоҳи илоҳийда мартабаси ошиб, Аллоҳ таоло хушхабар берганидек, ажру савобга эга бўлади: "…Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир" (Бақара сураси, 249-оят).

Талоқ айтса, Арш ларзага келиши ҳақидаги ривоятларнинг ҳаммаси тўқима экани муҳаддис уламолар томонидан таъкидланган. Зеро, шариатда талоқ ўз ўрнида ечим сифатида шариатга жорий этилган. Лекин Сиз аёлингиз билан ажрашишга шошилманг. Чунки фарзанд бериш Аллоҳнинг қўлида. Эр-хотин кўп йил бирга яшаб, фарзанд кўрмаганлиги талоқ беришга асос бўлмайди. Балки сабр қилиб, Аллоҳ таолодан умид қилинг. Керакли муолажалар олиб, сабабларни ҳам юзага келтиринг. ИншаАллоҳ, ҳаммаси яхши бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати. @diniysavollar

Савол йўллаш
📲 @SavollarMuslimUzBot