FATVO.UZ | Расмий канал
138K subscribers
1.07K photos
2.03K videos
4.38K links
Ўзбекистон мусулмонлари идораси қошидаги Фатво марказининг расмий телеграм канали

©Каналдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.

Колл марказ рақами: 781503344

Lotincha 👉 @fatvouzlotin

https://taplink.cc/diniysavollar
Download Telegram
САЛАМ САВДОСИДА БУҒДОЙГА ПУЛ БЕРИБ, ЎРНИГА СОМОН ОЛСА БЎЛАДИМИ?
#салам #савдо #буғдой

1226-CАВОЛ: Биз қишлоқда яшаймиз. Буғдой олишга олдиндан пул бериб қўямиз. Бу бизга буғдой пишган вақтдагидан арзонга тушади. Аммо баъзан буғдой эккан одамнинг буғдойи яхши бўлмай, ўрнига сомон ёки ер бераман дейди. Шундай ҳолатларда буғдой ўрнига сомон ёки ер олса бўладими?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Сиз айтган келишув салам савдоси дейилади. Бунинг бир қанча шартлари бор. (Салам савдоси ҳақида қуйида ўқинг: https://t.iss.one/diniysavollar/398).
Сиз сўраган саволга келсак, бундай келишув жоиз эмас. Агар буғдой эккан деҳқон келишилган буғдойни бера олмаса, бозордан келишилган сифатдаги буғдойни олиб беради. Айнан ўзи эккан буғдой бўлиши шарт эмас. Шунинг учун ҳам фиқҳий китобларимизда салам савдосидаги маҳсулот икки томон келишаётган ва топширилаётган вақтда мавжуд бўлиши шарт дейилган. Агар деҳқон бозордан ҳам топиб бера олмаса, буюртмачи буғдой топилишини кутади ёки берган пулини қайтиб олади. Бошқа маҳсулот ёки келишилган маҳсулотнинг ўша кундаги қийматини олмайди. Масалан, буюртмачи деҳқонга бир тонна буғдойга килосига 1000 сўмдан келишиб, бир миллион пул берди. Муддат келган вақтда иккинчи томон келишилган буғдойни топиб бера олмади. Унинг ўрнига ер ёки сомон бера олмайди. Ёки шу кунга келиб, буғдойнинг нархи 1200 сўм бўлган бўлса, бир миллион икки юз минг пул олмайди. Бу хато ҳисобланади.

Бу каби саволларга фиқҳий китобларимизда жавоблар берилган. Жумладан, Бурҳониддин Марғиноний раҳимаҳуллоҳ шундай деган:
وَلَوْ انْقَطَعَ بَعْدَ الْمَحِلِّ فَرَبُّ السَّلَمِ بِالْخِيَارِ ، إنْ شَاءَ فَسَخَ السَّلَمَ ، وَإِنْ شَاءَ انْتَظَرَ وُجُودَهُ
“Маҳсулотни топшириш муддати келган вақтда маҳсулот топилмай қолса, маблағ эгаси, ихтиёрли бўлади. Хоҳласа, салам битимини бекор қилади (яъни берган маблағини қайтиб олади). Хоҳласа, маҳсулот топилишини кутиб туради”
. (“Ҳидоя” китоби).

Демак, буғдой учун пул берган томон унинг ўрнига ер ёки сомон олиши мумкин эмас. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

YouTube | Instagram | Facebook |Ummalife

🔗 Улашинг: @diniysavollar
​​ДЕҲҚОН БЎЛМАГАН КИШИНИНГ САЛАМ САВДОСИНИ ҚИЛИШИ
#савдо

1297-CАВОЛ: Мен шоли, буғдой экиш каби деҳқончилик ишлари билан шуғулланмайман. Тижорат соҳасида иш юритаман. Шу ҳолатда одамлардан кейинчалик уларга буғдой, шоли етказиб бериш шарти билан шу каби маҳсулотларга пул олсам бўладими? Пул керак бўлган вақтда бир танишим шундай қилишни маслаҳат берди.

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Деҳқончилик маҳсулотларини кейинчалик етказиб бериш шарти билан савдо қилувчи шахс деҳқон бўлиши шарт эмас.
Маҳсулотни маълум муддатдан кейин етказиб бериш шарти билан савдо қилишни салам савдоси дейилади. Салам савдонинг бир қанча шартлари бор(https://t.iss.one/diniysavollar/398). Мана шуларга риоя қилган ҳолатда пул олсангиз бўлади. Бу шартларнинг ичида пул олаётган кишининг ўзида мазкур маҳсулот бўлиши керак деган шарт йўқ, балки маҳсулот икки томон келишган вақтдан бошлаб, топшириладиган кунгача одамларда ёки бозорларда мавжуд бўлиши лозим. Чунки тўлаш муддати келганда сотувчи уни топиб бера олиши керак. Бу ҳақида фиқҳий манбаларимизда шундай дейилади:
وَلَا يَجُوزُ السَّلَمُ حَتَّى يَكُون الْمُسْلَمُ فِيهِ مَوْجُودًا مِنْ حِينِ الْعَقْدِ إلَى حِينِ الْمَحِلِّ
“Салам савдоси, сотиб олинаётган маҳсулот келишув вақтидан бошлаб, топшириш вақтигача бўлган муддат давомида мавжуд бўлсагина жоиз бўлади” (“Жавҳаратун наййира” китоби). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

YouTube | Instagram | Facebook |Ummalife

🔗 Улашинг: @diniysavollar
​​ХАРИДОР МАҲСУЛОТНИ ТАТИБ КЎРИШИ ЖОИЗМИ?
#савдо

1336-CАВОЛ: Бозорда сотилаётган маҳсулотларни харидорлар еб кўриши мумкинми?

💬ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Харидор сотиб олмоқчи бўлган мева ёки бирор егуликдан сотувчининг рухсати билан мазасини татиб кўриши дуруст. Агар сотувчи бунга рухсат бермаса ёки бундан сотувчи зарар кўрадиган бўлса, изн сўрамасдан ундан истеъмол қилиб бўлмайди.
Бундаги асл қоида шуки, бозорда сотилаётган нарса сотувчининг мулкидир. Шундай экан, бировнинг рухсатисиз, унинг мулкидан олиш (ейиш) жоиз бўлмайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда ўзганинг мулкини ноҳақ ейишдан қайтарган:
"يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا لَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ إِلَّا أَنْ تَكُونَ تِجَارَةً عَنْ تَرَاضٍ مِنْكُمْ
“Эй, мўминлaр! Мoл-мулклaрингизни ўртaдa нoҳaқ (йўллaр) билaн емaнгизлaр! Ўзaрo рoзилик aсoсидaги тижoрaт бундaн мустaснo...” (Нисо сураси, 29-оят).
Аммо бозорларда сотувчилар харидорлар еб кўришлари учун олма ёки нок каби меваларни кесиб-бўлаклаб қўйган бўлади. Бу нарса бозорларда урфга кирган ва ундан олиб еган кишидан ҳеч ким норози бўлмайди. Бунда ўша маҳсулотдан сотиб олмоқчи бўлган киши эгасининг рухсатисиз татиб кўриши мумкин. Агар ўша мева ёки маҳсулотлардан олиш мақсади бўлмаса, ундан рухсатсиз татиб кўрмаслиги керак бўлади. Уламоларимиз ишлаб чиққан фиқҳий қоидалардан бирида:
الْعَادَةُ مُحَكَّمَةٌ
“Одат – ҳакам қилингандир”, дейилган (“Ал-Ашбоҳ ван-назоир” китоби).
Яъни, шаръий далилларга зид келмайдиган урф-одат ҳалол-ҳаром, ҳақ-ҳуқуқ масалаларида ҳакам бўлади ва шу урфга кўра амал қилиш дуруст бўлади.
Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, бу каби масалаларда жорий урфга ҳам қаралади: агар урфда сотувчининг розилигисиз маҳсулот таъмини татиб кўриш жорий бўлган ва одатда сотувчи бундан зарар кўрмайдиган бўлса, ундан татиб кўриш дуруст. Акс ҳолда жоиз эмас. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

YouTube | Instagram | Facebook |Ummalife

🔗 Улашинг: @diniysavollar
ИЖАРАГА ОЛИНГАН МАШИНАНИНГ ХАРАЖАТЛАРИ КИМНИНГ ЗИММАСИДА?
#савдо #ижара

1337-CАВОЛ: Машинани ижарага берганда, машинанинг таъмирлаш харажатлари кимнинг зиммасида бўлади.

💬ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Машинани ижарага берганда унинг асосий қисмлари: кузов ва моторнинг таъмири ижарага берувчининг зиммасида, кунлик ёки даврий харажатлари: ёнилғи қуйиш, мотор мойи, балон ва аккумулятор алмаштириш кабилар ижарага олувчи зиммасида бўлади. Яна бу харажатлар ўзаро келишув ва ҳар бир жойнинг ўз урфига кўра ҳам бўлиши дуруст.
Бу мавзуда Алоуддин Косоний раҳимаҳуллоҳ шундай деганлар:
وَتَطْيِينُ الدَّارِ ، وَإِصْلَاحُ مِيزَابِهَا ، وَمَا وَهَى مِنْ بِنَائِهَا عَلَى رَبِّ الدَّارِ دُونَ الْمُسْتَأْجِرِ ، لِأَنَّ الدَّارَ مِلْكُهُ وَإِصْلَاحُ الْمِلْكِ عَلَى الْمَالِكِ
“Уйни суваш, тарнов (сув чиқиб кетиш йўллари) ва бинодан ҳисобланган нарсаларни тўғрилаш уйнинг эгаси зиммасидадир. Чунки уй унинг мулки, мулкни ислоҳ қилиш мулк эгасининг вазифасидир...” (“Бадоиъус-саноиъ” китоби)
وَإِذَا تَكَارَى دَابَّةً فَالْإِكَافُ عَلَى صَاحِبِ الدَّابَّةِ ، فَأَمَّا الْحِبَالُ وَالْجُوَالِقُ فَعَلَى مَا تَعَارَفَهُ أَهْلُ الصَّنْعَةِ ، وَكَذَلِكَ اللِّجَامُ وَأَمَّا السَّرْجُ فَعَلَى رَبِّ الدَّابَّةِ إلَّا أَنْ تَكُونَ سُنَّةُ الْبَلَدِ بِخِلَافِ ذَلِكَ فَيَكُونُ عَلَى سُنَّتِهِمْ
“Бир уловни ижарага олса, унга эгар қўйиб бериш уловнинг эгаси зиммасидадир. Ип ва мешлар, худди шундай юган (жилов) ҳам шу соҳа аҳли урфига кўра бўлади. Аммо эгар уловнинг эгаси зиммасидадир. Лекин ўша шаҳарнинг урф-одати бунга тескари бўлса, уларнинг урф-одати бўйича бўлади” (“Бадоиъус-саноиъ” китоби).
Демак, асл қоидага кўра машинани ижарага берганда унинг асосий қисмларининг таъмири машина эгасига, кунлик ва даврий харажатлар ижарага олувчига бўлади. Лекин ижарага олувчи ва берувчи ўзаро келишув асосида бу харажатлар кимнинг зиммасида бўлишини шартномада белгилаб олса ва бу келишувлари улар яшаб турган шаҳарнинг (шариатга зид келмайдиган) урф-одатларига ҳам мувофиқ бўлса, бу келишув ҳам жоиз ҳисобланади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

YouTube | Instagram | Facebook |Ummalife

🔗 Улашинг: @diniysavollar
САВДОДАН КЕЙИН СОТУВЧИНИНГ ҚЎЛИДА ЎЛИБ ҚОЛГАН ҲАЙВОН МАСАЛАСИ
#савдо

1340-CАВОЛ: Иккита қўйни савдолашиб, нархини келишилгач, қўрада туриб турсин, деб бир-икки кунга қолдириб кетилган. Эртаси куни биттаси ўлиб қолган. Ўлган қўйни зарари кимни зиммасига тушади?

💬ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Сотиб олинган ҳайвонни ўша қўранинг ўзида қолдирилса ва кейин у ҳайвон ўлиб қолса, бу зарар сотувчига бўлади. Чунки бу ерда харидор томонидан ҳайвонни қабз қилиш (қўлга олиш) юзага чиқмаган. Бу ҳақда “Фатовои Оламгирийя” китобида шундай дейилади:
اشْتَرَى دَابَّةً مَرِيضَةً فِي إصْطَبْلِ الْبَائِعِ فَقَالَ الْمُشْتَرِي تَكُونُ هُنَا اللَّيْلَةَ فَإِنْ مَاتَتْ مَاتَتْ لِي فَهَلَكَتْ هَلَكَتْ مِنْ مَالِ الْبَائِعِ لَا مِنْ مَالِ الْمُشْتَرِي كَذَا فِي فَتَاوَى قَاضِي خَانْ
“Сотувчининг қўрасидан бир ҳайвон сотиб олган харидор: “Бир кеча шу ерда туриб турсин, ўлса менинг зиммамда”, деса ва ўша ҳайвон ўлиб қолса, харидорнинг эмас, сотувчининг моли ҳисобидан ўлган бўлади (“Қозихон”да шундай келган)”.
Демак бу масалада харидор томонидан қабз (тўлиқ қўлга олиш) топилмагани учун, гарчи харидор: "Ўлса, менинг зараримга", деса ҳам сотувчининг мулкида ўлмоқда. Табиийки бу ҳолатда харидор ўлган ҳайвоннинг пулини тўламайди. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

YouTube | Instagram | Facebook |Ummalife

🔗 Улашинг: @diniysavollar
​​ЧУВАЛЧАНГ ВА БИОГОМУС САВДОСИ
#савдо #ҳалол_ҳаром

1349-CАВОЛ: 1) Чувалчанг
савдоси жоизми? 2) Чувалчангдан чиқадиган ахлат-биогомус савдоси-чи?

💬ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ҳозирги кунда чувалчанг ва ундан олинадиган биогомуснинг ер ва унинг унумдорлигига фойдали бўлаётгани ҳеч кимга сир эмас. Шариат рухсат берган шаклдаги маҳсулотларнинг фойдали томони бўлса, бундай нарсаларнинг савдоси жоиз бўлади. Масалан, ҳайвонларнинг тезаги нажосат саналади. Шаръий қоидага кўра нажосатнинг савдоси жоиз бўлмайди. Лекин фойда берадиган нарса бўлгани учун уламолар унинг савдосини жоиз дейишган. Бу мавзуда фиқҳ китобларида шундай дейилган:
أَنَّ جَوَازَ الْبَيْعِ يَدُورُ مَعَ حِلِّ الِانْتِفَاعِ ، وَأَنَّهُ يَجُوزُ بَيْعُ الْعَلَقِ لِلْحَاجَةِ مَعَ أَنَّهُ مِنْ الْهَوَامِّ ، وَبَيْعُهَا بَاطِلٌ .
“Бир нарсанинг савдосининг жоизлиги ўша нарсадан фойдаланиш ҳалоллигига қараб белгиланади. Зулуклар гарчи ҳашорот ва унинг савдосини ботил эканига қарамай унга эҳтиёж борлиги учун унинг савдоси жоиз бўлади”. (“Раддул муҳтор” китоби).
يصح بيع الحشرات والهوام كالحيات والعقارب اذا كان ينتفع بها ، والضابط فی ذلك ان كل ما فيه منفعة تحل شرعاً فان بيعه يجوز
“Илон ва чаён каби ҳашоротлардан фойдаланиш имкони бўлса, уларнинг савдоси жоиз бўлади. Бу борадаги қоида шуки, шаръан ҳалол манфаати бор нарсаларнинг савдоси жоиздир” (“Ал-фиқҳу алал мазоҳибил арбаъа” китоби). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

YouTube | Instagram | Facebook |Ummalife

🔗 Улашинг: @diniysavollar
БУ КЕЛИШУВ ЖОИЗМИ?
#савдо

1357-CАВОЛ: Бир киши менга “Сизга пул бераман. Сиз шу пулга деҳқончилик қилинг. Ҳосил пишиб, сотилгандан кейин мен тиккан пулимни ажратиб оламан, қолганини 50/50 қилиб бўлишамиз”, деб таклиф берди. Шундай ҳолатда келишиб ишласам бўладими?

💬ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Сизларнинг бу келишувингиз “Музораба” шартномаси бўлиб, бунинг баёни фиқҳ китобларида қуйидагича келтирилади:
هي عقد شركة فى الربح بمال من رجل وعمل من الآخر
“Музораба бир кишидан мол ва бошқасидан иш ўлароқ фойдада шерикчилик битимидир" ("Ихтисорур ривоя" китоби).
Музорабада пул бир томондан хизмат иккинчи томондан бўлади. Сармоя эгаси ишчи билан келишиб, пулни унга беради. Тушган фойда келишувга асосан муайян нисбатларда тақсимланади. Масалан: “Фойданинг ярми меники, ярми сеники ёки учдан бири меники, учдан иккиси сеники ва ҳоказо.
Агар иш зарар билан чиқса, пул тиккан пулига, меҳнат қилган меҳнатига куяди. Меҳнат қилувчи томонидан нуқсонга йўл қўйиш ёки хиёнат бўлмаса, зарарни у тўламайди. Акс ҳолда у зарарни тўлаб беради.
Музорабада пул берувчи: “Сенга қанча пул берган бўлсам, нима бўлган тақдирда ҳам шу пулимни тўлиқ қайтарасан ёки ҳар ой фалон сўм фойда бериб турасан”, деса музораба бузилади.
Сиз айтган шаклдаги келишув, агар бошқа шартлар қўшилмаган бўлса, жоиз ҳисобланади.
Шерикчиликнинг ҳар қандай кўринишида томонлар ўзаро келишган битимининг ҳамма тафсилотини гувоҳлар иштирокида ёзиб имзолаб қўйишлари тавсия қилинади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

YouTube | Instagram | Facebook |Ummalife

🔗 Улашинг: @diniysavollar
САВДОДАГИ ҲОЛАТ
#савдо

1383-CАВОЛ: Мен телефон савдоси билан шуғулланаман. Бўлиб тўлашга ҳам сотаман. Айрим харидорлар насияга телефон сотиб олиб, пулини бир ёки икки ой тўлагандан кейин телефонни олиб келиб, берган пулимга розиман, телефонингизни қайтариб олинг, қолганини тўлашга имкониятим йўқ, дейди. Шу ҳолатда ундан олган пулимни қайтиб бермай, телефонни олиб қолсам бўладими?

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Шариатимизда тузилган савдони бузиш иқола дейилади. Бу иш икки томоннинг розилиги билан бўлади ҳамда сотилган маҳсулот сотувчига, тўланган пул харидорга қайтади.
وَصَحَّتْ الإقالة بِمِثْلِ الثَّمَنِ الأوّلِ
“Иқола биринчи (берилган) маблағ миқдори билан тўғри бўлади” (“Фатҳи бобил иноя” китоби). Яъни икки томон неча пулга келишган бўлса, ана шу пул миқдорида бекор бўлади. Сотувчи бундан ортиқ ёки кам олиши мумкин эмас.
Савдо бекор бўлиб, харидорга тўлаган пули, сотувчига товар қайтарилгандан кейин, ҳеч қандай мажбурлашсиз харидор ўзи рози бўлиб бирор маблағ бериб кетса, бу дуруст. Чунки мол эгаси уни хоҳлагандек тасарруф қила олади. Лекин сотувчи бу ҳадяни босим ўтказиб ё қаттиқ туриб сўраб олмаслиги лозим.
Сиз бу ҳолатда ана шундай харидорларга: “Мен телефонни сизга сотганман. Пулини тўлай олмаётган бўлсангиз, сотиб, келишилган муддатда пулимни тўланг”, денг ёки “Мен сизнинг вакилингиз сифатида сотиб бераман, камини берасиз, кўп бўлса, сизга қайтараман”, деган таклиф айтинг. Шунда сиз зарар кўрмайсиз, харидор ҳам қарзидан қутилади.
Юқоридаги гаплар харидор маҳсулотга ҳеч қандай айб етказмасдан қайтариб келган ҳолатга тегишли.
Агар харидор маҳсулотни савдогарлар наздида нархни туширадиган айб билан қайтариб келса, етказилган айб миқдорини холис савдогарларга баҳолатилади. Агар савдогарлар: "Айб етиши туфайли бу телефоннинг нархи фалон сўм пастлаган", деб баҳолаб берса, сотувчи иқола пайтида ўша миқдорни ушлаб қолади ва қолган пулни харидорга қайтариб беради. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

YouTube | Instagram | Facebook |Ummalife

🔗 Улашинг: @diniysavollar
​​МУЗОРАБАДАГИ ХАРАЖАТЛАР ҚАЙСИ МАБЛАҒДАН ҚОПЛАНАДИ?
#савдо

1413-CАВОЛ: Бир киши пул тикиб, бошқаси шу пулга тижорат қилиш кўпайган. Харажатлар учун сармоя пулидан сарфланадими ёки иш юритувчи ўзининг ёнидан сарфлайдими?

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Тижорат билан боғлиқ ҳар қандай харажатлар сармоядан олинади. Харажатдаги асосий нарса бу борада тижоратчилар орасида жорий бўлган урфга қараб белгиланади.
Дўконнинг ижара ҳақи, ишчи ёлласа, унинг ҳақи, электр тўлови, юк олиб келиш учун техника ёлласа, унинг ҳақи каби тижоратни ривожлантириш учун сарф-харажатлар музораба молидан олинади. Лекин шахсий мақсадларда фойдаланса, бу иш юритувчининг ўзидан кетади.
Масалан, ўзи ишламай бошқа ишчини ёллаб, ўзи шахсий ишлари билан юрса, мазкур ишчининг пулини ўртадаги пулдан эмас, ёнидан тўлайди. Чунки бу ҳолатда зиммасидаги ишни бажармаяпти.
Тижорат учун сафарга чиқса, у ердаги еб-ичиш, турар жой харажати ҳам сармоядан кетади. Фақат мазкур ҳаражатлар маъруф тарзда, яъни савдогарлар савдо учун борганда қилинган миқдорда харажат қилади. Саёҳат, дам олиш учун қилинадиган харажатлар қилинмайди.
Шунингдек, тижоратни ривожлантириш учун қилинадиган харажатлар учун ҳам ўртадаги сармоядан ишлатилади. Масалан, манфаатли ҳамкорлар билан алоқани мустаҳкамлаш учун зиёфат қилиб бериш каби ишлар.
Ўз шаҳрида еб-ичиш, кийим-кечак, турар-жой, машинанинг бензини каби шахсий мақсадлар учун бу маблағдан ишлатмайди. Олган бўлса, тўлаб беради. Бу ҳақда “Ҳидоя” ва унинг шарҳи “Иноя” китобида қуйидагилар айтилган:
وإذا عمل المضارب في المصر فليست نفقته في المال وإن سافر فطعامه وشرابه وكسوته وركوبه فيه ... لِأَنَّ خُرُوجَهُ إذْ ذَاكَ لَهَا وَالنَّفَقَةُ مَا تُصْرَفُ إلَى الْحَاجَةِ الرَّاتِبَةِ كَالطَّعَامِ وَالشَّرَابِ وَكِسْوَتِهِ وَرُكُوبِهِ شِرَاءً أَوْ كِرَاءً كُلُّ ذَلِكَ بِالْمَعْرُوفِ . وَأُلْحِقَ بِذَلِكَ مَا كَانَ مِنْ مُعَدَّاتٍ تُكْثِرُ تَثْمِيرَ الْمَالِ كَغَسْلِ الثِّيَابِ وَأُجْرَةِ الْحَمَّامِ وَالْخَادِمِ وَالْحَلَّاقِ وَعَلَفِ الدَّابَّةِ وَالدُّهْنِ فِي مَوْضِعٍ يَحْتَاجُ فِيهِ إلَيْهِ كَالْحِجَازِ ، فَإِنَّ الشَّخْصَ إذَا كَانَ طَوِيلَ الشَّعْرِ وَسِخَ الثِّيَابِ مَاشِيًا فِي حَوَائِجِهِ يُعَدُّ مِنْ الصَّعَالِيكِ وَيَقِلُّ مُعَامِلُوهُ فَصَارَ مَا بِهِ تَكْثُرُ الرَّغَبَاتُ فِي الْمُعَامَلَةِ مَعَهُ مِنْ جُمْلَةِ النَّفَقَةِ ،
Музориб шаҳарда иш юритса, унинг сарф-харажатлари сармоя молидан бўлмайди. Агар тижорат учун сафарга чиқса, еб-ичиши, кийими, улови каби харажатлар сармоя молидан бўлади. Чунки иш юритувчи (музориб) тижорат учун сафарга чиқмоқда. Нафақа таом, ичимлик, кийим, сотиб ёки ижарага олинадиган улов каби доимий эҳтиёжларга сарфланадиган маблағдир. Буларнинг барчаси маъруф (тижоратчилар одатда қилган) тарзда ишлатилади. Сармоя сарф этиладиган харажатларга тижоратнинг ривожланишига ҳисса қўшадиган кийимини ювиш, ҳаммом, хизматчи, сартарош, уловининг озуқаси каби нарсалар ҳам қўшилади. Чунки сочи узун, кийими кир-чир, пиёда юрадиган киши камбағал саналиб, у билан ҳамкорлик қилувчилар кам бўлади. Демак, ҳамкорларни ўзига жалб қиладиган сарф-харажатлар ҳам нафақага киради”. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

YouTube | Instagram | Facebook |Ummalife

🔗 Улашинг: @diniysavollar
​​СУПЕРМАРКЕТЛАРДАГИ САВДО
#савдо

1414-CАВОЛ: Ҳозирги кунда кўплаб супермаркетларда сотувдаги маҳсулот остига унинг нархи ҳам ёзиб қўйилган. Харидорлар улардан керагини олиб, охирида кассага келиб тўлов қилади. Шу ҳолатда олинган маҳсулотни кассага келишдан олдин ичиб ёки ейишнинг зарари йўқми? Чунки ҳали сотувчи билан олди-сотди бўлмаган бўлади-ку.

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Тагида нархлари ёзиб қўйилган маҳсулотни олишнинг ўзи ҳам савдо бўлаверади. Буни “Таотий” (олиш-бериш) савдоси дейилади. Яъни нархи ёзиб қўйилган ёки аввалдан маълум бўлган маҳсулотни ҳеч нима демасдан нархини тўлаб олиб кетиш ҳам савдонинг бир туридир. Бу савдода “сотдим” ва “сотиб олдим” дейиш шарт бўлмайди. Сотувчи томоннинг маҳсулот остига нархни ёзиб қўйиши “Бу маҳсулотни шу нархга сотамиз”, дегани, харидор пештахтадан ўша маҳсулотни сотиб олиш мақсадида қўлга олиши “Шуни сотиб олдим”, дегани бўлади. Яъни мижоз кўрсатилган нархга рози бўлиб нарсани олиши сотиб олишга ўтаверади.
“Ҳидоя” китобида бундай дейилади:
وَلِهَذَا يَنْعَقِدُ بِالتَّعَاطِي فِي النَّفِيسِ وَالْخَسِيسِ هُوَ الصَّحِيحُ لِتَحَقُّقِ الْمُرَاضَاةِ
“Қимматбаҳо ва арзон маҳсулотларда икки томоннинг розилиги топилгани учун “таотий” билан қилинган савдо боғланаверади”.
Сиз айтган ҳолатда харидор маҳсулотни қўлга олиши, уни ейиши ёки ичиши шу нархга рози бўлганидан дарак беради. Фақат уни еб ёки ичиб қўйгандан кейин “буни сотиб олмайман”, деб ортга қайта олмайди. Пулини тўлайди. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

YouTube | Instagram | Facebook |Ummalife

🔗 Улашинг: @diniysavollar
​​БЎҒОЗ ДЕБ СОТИЛГАН ҲАЙВОН АЙТИЛГАНДЕК ЧИҚМАСА
#савдо

1419-CАВОЛ: Ҳайвон савдосида бўғоз деб сотилган ҳайвон бўғоз чиқмай қолган ҳолати кўп кузатилади. Шу ҳолатда харидор қайтариб олиб келса, сотган одам қайтиб олиши керакми?

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Бундай ҳолатда харидор ихтиёрли ҳисобланади. Агар қайтиб бераман, деса, сотувчи қайтариб олади. Чунки ҳайвон савдода айтилгандек чиқмаган.
“Мабсути Сарахсий”да бу ҳақда қуйидагилар айтилган:
ولو اشترى ... على أن هذا الحيوان حامل فوجدها غير حامل، جاز البيع وله الخيار
“Харидор ҳайвонни бўғоз деб сотиб олгандан кейин у бўғоз бўлиб чиқмаса, савдо дуруст бўлади. Лекин харидор савдони бузиш ва ҳайвонни қайтариб бериш ихтиёрига эга”. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

YouTube | Instagram | Facebook |Ummalife

🔗 Улашинг: @diniysavollar
​​НАСИЯГА СОТГАН НАРСАСИНИ АРЗОНРОҚҚА ҚАЙТА СОТИБ ОЛИШНИНГ ҲУКМИ
#савдо

1468-CАВОЛ: Бир одам машинасини 1 йилда бўлиб тўлашга 17 мингга сотди. Харидор маълум муддатдан кейин ўша машинани бозорга олиб чиқиб, 12 мингга сота олмабди. Кейин ўша машинани биринчи сотган одам ўзи қайта савдо қилиб, нақдга 12 мингга сотиб олибди. Шу савдо шаръан тўғри бўлганми? Агар тўғри бўлмаган бўлса, булар қандай йўл тутишлари керак?

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Бундай савдо дуруст эмас. Чунки бундай ҳолатда харидор ҳеч нарсага эга бўлмасдан қарздор бўлиб қолмоқда. Бу ҳақда Аллома Ҳаскафий шундай деганлар:
(و) فسد (شراء ما باع بنفسه أو بوكيله ) من الذي اشتراه ( بالأقل ) من قدر الثمن الأول ( قبل نقد ) كل (الثمن) الأول. صورته: باع شيئا بعشرة ولم يقبض الثمن ثم شراه بخمسة لم يجز
“Киши ўзи ёки вакили сотган нарсанинг пулини тўлиқ олмасдан аввал харидордан аввалги нархдан арзонга сотиб олиши – шаръан фосид савдодир (яъни, жоиз эмас). Бундай савдонинг кўриниши: Сотувчи 10 га бир нарса сотди ва пулини қўлига олмади. Кейин уни 5 га ўзи қайтиб сотиб олса, жоиз эмас” (“Дуррул-мухтор” китоби).
Демак, сотувчи сотган нарсасини ҳамма пулини олишидан аввал уни арзонроққа сотиб олиши жоиз эмас ва бундай савдони бузиш лозим бўлади. Лекин, сотувчи насияга сотган нарсасини аввалги нархда ёки ундан кўпроқ нархга сотиб олиши жоиз.
Шуни ҳам қўшимча қилиш жоизки, мазкур савдо кўринишида агар маҳсулот харидорнинг мулкидан чиқиб, яна янги мулк бўлиб қайтиб келса: масалан, учинчи шахсга сотса ва савдони бекор қилиб қайтариб олса, ёки учинчи шахс ўша маҳсулотни сотиб олгандан кейин унга совға қилса, ана ўшанда аввалги сотувчи аввалги нархидан озроғига қайта сотиб олиши мумкин бўлади. Бу ҳақда Аллома Ибн Нужайм шундай дейдилар:
ولو خرج المبيع عن ملك المشتري ثم عاد إليه فإن عاد إليه بحكم ملك جديد كالإقالة قبل القبض أو بعده أو بالشراء أو الهبة أو بالميراث فشراء البائع منه بالأقل جائز،
яъни: “Агар товар харидорнинг мулкидан чиқиб, янги мулк ҳукмида ўзига яна қайтиб келса, масалан савдони бекор қилиш билан қайтса (бунда қабздан олдин ёки кейин бўлишнинг аҳамияти йўқ) ёки кимгадир сотиб, яна қайтиб сотиб олса, ёки кимдандир совға сифатида қабул қилиб олса ёхуд мерос орқали қайтиб келса, харидордан ўша маҳсулотнинг биринчи эгаси аввалги нархидан озига сотиб олиши жоиз бўлади” (“Ал-Баҳрур-роиқ” китоби).
Хулоса қилиб айтганда, саволда сўралган масалада иккинчи савдони бузиш лозим бўлади. Бунинг ечими сифатида ўша машинани бозорда аввалги эгасидан бошқа одамга сотиб, ундан тушган пулни биринчи савдодан юзага келган муддатли қарзни тўлаш ва қолган суммани келишилган муддатда бўлиб тўлаш мумкин. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

YouTube | Instagram | Facebook |Ummalife

🔗 Улашинг: @diniysavollar
ҚАБРДАГИ САВОЛ-ЖАВОБ ҚАЙСИ ТИЛДА БЎЛАДИ?
#савдо

1469-CАВОЛ: Қабрда
савол-жавоб қайси тилда бўлади? Баъзилар араб тили дейишди. Шунга кўра вафот этган киши араб тилини тушунмасачи?

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Қабрда бўладиган савол-жавоблар бизга нисбатан ғайб бўлиб, савол-жавоблар муайян тилда бўлиши ҳақида бирор оят ва ҳадисда очиқ айтилмаган. Шунинг учун бу борада баҳс-мунозаралардан тилни тийишимиз мақсадга мувофиқ бўлади. Бу билан машғул бўлиш кишининг дини ва дунёси учун ҳеч қандай фойда келтирмайди. Албатта, ҳар бир қавмга ўзининг тилидан пайғамбар юборган Ҳаким зот бўлмиш – Аллоҳ таоло қабрда ҳам бандани ноқулай ҳолга солиб қўймайди.
Биз билишимиз лозим бўлаган нарса – қабрда киши айрим саволлар билан имтиҳон қилиниши ва саволлар берилиши ҳақ ва ростдир. Зеро, бу борада кўплаб ҳадислар нақл қилинган. Жумладан, Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда айтилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон маййитнинг дафнидан фориғ бўлсалар қабр устига келиб:
استغفروا لأخيكم ، و سَلوا له التثبيتَ ، فإنَّه الآنَ يُسألُ
“Биродарингиз учун истиғфор айтинг. Унга сабот сўранг. Чунки ҳозир у сўралади”, дер эдилар (Имом Абу Довуд ва Имом Баззор ривоят қилишган).
Аммо ушбу савол-жавоб айнан қайси тилда бўлиши маълум эмас. Шуниси аниқки, у ердаги саволлар банда тушунадиган ва англайдиган ҳолатда бўлади. Шунинг учун ҳам Аллома Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ:
وَيُحْتَمَلُ مَعَ ذَلِكَ أَنْ يَكُونَ خِطَابُ كُلِّ أَحَدٍ بِلِسَانِهِ
“Ҳар кимга ўзининг тилида хитоб қилиниши эҳтимоли бор” деганлар (“Ал-имтаъ бил-арбаин ал-мутабайинатис-самоъ” китоби).
Тавфиқ Аллоҳдан.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

YouTube | Instagram | Facebook |Ummalife

🔗 Улашинг: @diniysavollar
​​БИР ЖИНСДАГИ ҲАЙВОНЛАРНИ ЎЗАРО АЙРИБОШЛАШ
#савдо

1483-CАВОЛ: Қўйни қўйга ёки эчкини эчкига айрибошлашда бир тараф қўшимча маблағ олса жоизми?

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ҳа, нақд савдода бир жинсдаги икки ҳайвонни ўзаро айрибошлаш ва бирининг устига қўшимча маблағ олиш дуруст. Аммо бир жинсдаги ҳайвонларни айрибошлашда насия савдо дуруст эмас. Уларнинг савдоси фақат нақд кўринишда бўлади ("Дурарул ҳукком" китоби). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

YouTube | Instagram | Facebook |Ummalife

🔗 Улашинг: @diniysavollar
​​ЎЗИНИКИ БЎЛМАГАН НАРСАНИ СОТИШ
#савдо

1491-CАВОЛ. Мен бозорда бир дўконни ижарага олиб, улгурчи тарқатувчилардан ҳар-бир маҳсулотдан биттадан олиб келиб, растага қўяман. Қачон сотилса, ўрнига яна олиб келаман. Яқинда эшитиб қолдим. Бу ишим жоиз эмас экан. Чунки ўзимники бўлмаган нарсани сотишга кирар экан. Шу тўғрими? Мен қандай йўл тутсам тўғри иш қилган бўламан?

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Агар маҳсулотларни сотиб олиб, сотсангиз, жоиз бўлади. Лекин уларни сотиб олмаган бўлсангиз бу ишингиз дуруст эмас. Чунки сиз ўзингизники бўлмаган нарсани сотган бўласиз. Шунингдек, бир маҳсулотни “Қачон, сотилса, пулини бераман” деган шарт билан олса ҳам савдо дуруст бўлмайди.
Агар маҳсулотни сотиб олмоқчи бўлмасангиз, маҳсулот эгасининг вакили сифатида сотиб, бу ишингиз учун хизмат ҳақи олишингиз ҳам жоиз. Лекин бу ҳолатда қанчага сотилса, ҳаммасини мол эгасига бериш лозим бўлади ("Ал-Баҳрур-роиқ" китоби). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

YouTube | Instagram | Facebook |Ummalife

🔗 Улашинг: @diniysavollar