FATVO.UZ | Расмий канал
139K subscribers
1.1K photos
2.05K videos
4.42K links
Ўзбекистон мусулмонлари идораси қошидаги Фатво марказининг расмий телеграм канали

©Каналдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.

Колл марказ рақами: 781503344

Lotincha 👉 @fatvouzlotin

https://taplink.cc/diniysavollar
Download Telegram
ҲАЙИТ НАМОЗИГА КЕЧИКИБ КЕЛГАН КИШИ
#Ҳайит_намози #намоз

952-CАВОЛ: Ҳайит намозига кечикиб келган киши намозни қандай ўқийди?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Бу ҳолат бир неча кўринишларда бўлиши мумкин. Масалан:

1. Имом биринчи ракъатдаги такбири завоид (қўшимча такбирлар)ларни айтиб бўлиб, қироатга киришган бўлиши мумкин. Бунда муқтадий (имомга эргашувчи) такбири таҳримани айтиб қўлни боғлагач, тезда такбирларни айтиб сўнг имомнинг қироатини тинглайди.

2. Агар имомни руку ҳолатда топса ва такбири таҳримадан сўнг қиём ҳолатида туриб такбирларни айтиб, имом билан рукуга етишга гумони ғолиб келса, такбирларни тик туриб айтади. Агар унгача имом рукудан бошини кўтариш эҳтимоли кўп деб ўйласа, такбири таҳримадан сўнг рукуга кетиб, рукуда қўлларини кўтармасдан такбирларни айтади. Кейин рукунинг тасбеҳларини айтади. Агар тасбеҳларни айтишга имкон бўлмаса такбирлар билан кифояланади. Рукуда такбирларни ҳам айтиш имкони бўлмай имом рукудан бош кўтарса муқтадий ҳам унга эргашади ва такбирлар ўз ўзидан авф қилинади.

3. Ёки имом биринчи ракатнинг рукусидан турганда ёхуд иккинчи ракатга киришганда етиб келган бўлса, бунда биринчи ракат ўтиб кетган ҳисобланади. Шунинг учун муқтадий келган жойидан яъни иккинчи ракатдан имомга эргашиб намозини ўқийди.Имом салом бергач, туриб қолган бир ракатни ўқиб олади.

Қолган бир ракатни ўқиш тартиби:

Биринчи сано (Субҳанакаллоҳумма...) дуоси, иккинчи таъаввуз (Аъузу биллаҳи...), учинчи басмала (бисмиллаҳи...), тўртинчи Фотиҳа сурасини ўқиш ва зам сурани ўқийди. Сўнг рукуга кетишдан олдин такбироту завоидни айтиб (худди иккинчи ракатдагидек) руку қилади. Такбирларни (худди биринчи ракатдагидек) санодан кейин айтса ҳам бўлади.

Агар муқтадий имом иккинчи ракатнинг рукусига кетганда келиб қўшилса, унда иккинчи суратдагидек иш тутади. Яъни қиём ҳолатида такбирларни айтиб, имом билан рукуга етишга гумони ғолиб келса, такбирларни тик туриб айтади. Агар унгача имом рукудан бошини кўтариш эҳтимоли кўп деб ўйласа, такбири таҳримадан сўнг рукуга кетиб, рукуда қўлларини кўтармасдан такбирларни айтади, кейин рукунинг тасбеҳларини айтади. Агар тасбеҳларни айтишга имкон бўлмаса такбирлар билан кифояланади. Рукуда такбирларни ҳам айтиш имкони бўлмай имом рукудан бош кўтарса муқтадий ҳам унга эргашади ва такбирлар ўз ўзидан авф этилади.

Агар муқтадий имомга иккинчи ракатнинг рукусидан бошини кўтарганда ёки қаъдаи охирда келиб қўшилса, имомга иқтидо қилади ва саломдан кейин туриб биринчи ракатда такбирларни санодан кейин ва иккинчи ракатда қироатдан кейин айтиб ҳайит намозини адо қилади. (“Ҳайит намозини ўқиш тартиби ва бир нечта зарурий масалалар” рисоласидан) Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

Telegram | Instagram | Facebook | Tiktok