FATVO.UZ | Расмий канал
139K subscribers
1.08K photos
2.04K videos
4.39K links
Ўзбекистон мусулмонлари идораси қошидаги Фатво марказининг расмий телеграм канали

©Каналдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.

Колл марказ рақами: 781503344

Lotincha 👉 @fatvouzlotin

https://taplink.cc/diniysavollar
Download Telegram
ИНСОН ТАНАСИДАГИ ОРТИҚЧА ЁҒЛАРНИ ОЛИБ ТАШЛАШ ЖОИЗМИ?
#ҳалол_ҳаром #тиббиёт

590-CАВОЛ: Охирги йилларда "липосакция" жарроҳлик амалиётининг ўтказилиши кўп кузатилмоқда. Динимизда инсон танасидаги ортиқча ёғларни жарроҳлик амалиёти орқали олиб ташланиши ҳақида нима дейилади?

ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Динимиз кўрсатмаларига амал қилиб яшаш ортиқча вазн муаммосига олиб келмайди. Чунки Ислом инсонни меъёрида ва соғлом овқатланиш (рўза тутиш, парҳез) ҳамда жисмоний хатти-ҳаракатларни кўпайтиришга тарғиб қилади. Имом Термизий ва бошқа муҳаддислар Миқдод ибн Маъдийкарибдан ривоят қилган ҳадисда

المقداد بن معدي كرب - رضي الله عنه - قال: سمعتُ رسول الله - صلى الله عليه وسلم - يقول: ما ملأ آدمي وعاء شرًّا من بطن، بحسب ابن آدم أكلات يقمن صلبه، فإن كان لا محالة فثلث لطعامه، وثلث لشرابه، وثلث لنفسه.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Одам боласига тўлдириш учун қорнидан кўра ёмон идиш йўқ. Инсонга қаддини кўтарадиган луқмалар кифоя. Агар иложи бўлмаса, қориннинг учдан бири таоми, учдан бири ичимлиги ва учдан бири нафаси учундир”.

Бироқ ортиқча вазнга мойиллик ёки танага эътиборсизлик туфайли инсонда семириш юзага келса ва у саломатликка хавф сола бошлаган пайтда бугунги кунда тиббиётда вужудга келган янги турдаги липосакция деб номланган жарроҳлик амалиёти орқали гавдани коррекция қилишга рухсат берилади. Бу амалиётда оздириш ва диета билан ҳаракат қилганда кетмаган жойлардан ортиқча ёғлар олиб ташланади ва зарар кетказилади. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

قال النبي صلى الله عليه وآله: تداووا فإن الله عز وجل لم ينزل داءً إلا وأنزل له شفاءً

яъни: "Даволанинглар, Аллоҳ таоло бирон дард берган бўлса, албатта унинг давосини ҳам берган", деганлар.

Лекин динимиз кўрсатмаларига амал қилмай яшаб, пала-партиш овқатланиш ёки камҳаракатлик билан инсон ўзига-ўзи ортиқча вазнни йиғиб олиб, бундай муолажаларга мурожаат қилишгача етиб бориши Аллоҳ таоло инсонларга омонат сифатида берган тана аъзоларининг шукрини адо қилиш бўлмайди.

Инсон эҳтиётсизлик туфайли ушбу турдаги амалиётга киришадиган бўлса, дастлаб у Аллоҳга тавба қилиб, амалиётдан кейин суннатга мувофиқ тартибли ҳаёт кечириши талаб этилади.

Эслатиб ўтиш лозимки, танадаги ортиқча вазн хавфсиз бўлишига қарамай шунчаки гавданинг ташқи кўринишини янада мукаммал кўринишга келтириш учун бундай амалиётга қадам қўйиш Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзига биноан ҳаром қилинган амалиётлар сирасига киради.

وَلَآَمُرَنَّهُمْ فَلَيُغَيِّرُنَّ خَلْقَ اللَّهِ وَمَنْ يَتَّخِذِ الشَّيْطَانَ وَلِيًّا مِنْ دُونِ اللَّهِ فَقَدْ خَسِرَ خُسْرَانًا مُبِينًا

"(Шайтон айтди:) “Уларга буюраман – Аллоҳнинг яратганларини ўзгартирадилар”. Кимки Аллоҳни қўйиб, шайтонни дўст тутса (унинг айтганларини бажарса), демак, у аниқ зиён қилибди” (Нисо сураси, 119-оят).

Шунингдек, мазкур турдаги амалиётларнинг зарари семизликдан етадиган зарарга тенг ёки ундан кўп бўлган ҳолатларда ҳам қилиш мумкин эмас.

Кўпроқ аёлларда учраб турадиган яна бир муаммо ҳомиладорликдан кейинги асоратлар ёки бошқа сабабларга кўра қоринни “фартук”ка ўхшаб осилиб қолишини йўқотиш учун қилинадиган абдоминопластика деб аталувчи жарроҳлик амалиётининг ҳукми ҳам ҳудди мана шу шартлар билан жоиз бўлади, яъни шартларнинг ҳаммаси ёки улардан бири топилмаганда ҳаром бўлади. Бунда осилиб қолиб, инсонга машаққат етказаётан қоринни кесиб олиб ташланади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати
. @diniysavollar

Савол йўллаш
📲 @SavollarMuslimUzBot

▫️ Каналга уланиш▫️
ҚАНДЛИ ДИАБЕТНИ ТЕЗКОР ЎЛЧАЙДИГАН МАХСУС МОСЛАМА ҲАҚИДА
#тиббиёт

1015-CАВОЛ: Баъзи қандли диабет билан оғриган беморлар қондаги қанд миқдорини билиш учун махсус мосламани қўлларига ёпиштириб оладилар. Ушбу мосламанинг шакли юпқа нарса бўлиб, қондаги қанд миқдорини тез ўлчаш имконини беради. Шу мосламани қўлга ёпиштириб олинган ҳолда таҳорат ва ғуслнинг ҳукми қандай бўлади?.

💬 ЖАВОБ:
Шариатнинг умумий қоидасига кўра, таҳорат аъзолари (юз, қўл, бош ва оёқ)га сувни етказиш фарз амал саналади. Aллоҳ таоло айтади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِذَا قُمْتُمْ إِلَى الصَّلَاةِ فَاغْسِلُوا وُجُوهَكُمْ وَأَيْدِيَكُمْ إِلَى الْمَرَافِقِ وَامْسَحُوا بِرُءُوسِكُمْ وَأَرْجُلَكُمْ إِلَى الْكَعْبَيْنِ
“Эй, имон келтирганлар! Намоз (ўқиш)га турар экансиз, албатта, юзларингизни, қўлларингизни тирсакларигача ювингиз, бошларингизга масҳ тортингиз ва оёқларингизни тўпиқларигача (ювингиз)!”
(Моида сураси, 6-оят).

Агар жароҳат устига бирор нарса боғланса ёки синган жойга тахтакач қўйилса, унинг устидан масҳ тортиш мумкин бўлади. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, боши ёрилган бир киши эҳтилом бўлиб қолиб, ғусл қилади, жароҳатидан сув кириб, вафот этади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бунинг хабари етганда, У Зот: “Жароҳатига бирор латтани сиқиб (ёки боғлаб) олиб, таяммум қилиши, жароҳат устига масҳ тортиб, қолган аъзоларини ювиши кифоя эди”, дейдилар (Имом Абу Довуд ривояти).

Беморнинг қонидаги қанд миқдорини ўлчайдиган, қўлга ёпиштириб олинадиган, терига ўхшаш жиҳознинг ҳукмига келсак, агар беморнинг ҳолати – қонидаги қанд миқдори кескин пасайиб, тўсатдан ҳушидан кетишга олиб келадиган, бемор ҳаётига хавф туғдирадиган ўткир кўринишда бўлса, мазкур мослама жабира ҳукмида бўлади. Ундан фойдаланиш зарурат бобидан ҳисобланади. Зеро, жонни сақлаш бешта заруратдан бири бўлиб, уни муҳофазаси шаръан вожиб саналади. Уламолар:
"مَا لَا يَتِمُّ الوَاجِبُ إلَّا بِهِ فَهُوَ وَاجِبٌ"
“Вожиб амал нима нарса билан мукаммал бўлса, ўша нарса ҳам вожибдир”,
дея таъкидлаганлар. Қондаги қанд миқдоридан тезкор хабардор бўлиб туриш – беморга тўғри ташхис қўйиш ва даволаш имконини беради. Шунинг учун ғусл ёки таҳорат пайтида жиҳоз устидан масҳ тортиш жоиз бўлади.
Қондаги қанд миқдорини кўтарилиб-тушишини даволашда тезкор ташхис лозим бўлмаган ҳолатларда мазкур мосламани терига ёпиштириб олиб, унинг устига масҳ тортишда шаръий узр йўқ. Шунинг учун таҳорат ёки ғусл пайтида уни олиб ташлаш керак бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

YouTube | Instagram | Facebook | Telegram