O'zbekiston Respublikasi Markaziy banki
35.4K subscribers
7.62K photos
582 videos
3 files
8.85K links
Murojaat uchun / Для обращения
[email protected], 71 200-00-44
Aloqa uchun / Для связи
@CBUz_bot
Website: cbu.uz
Facebook: fb.com/centralbankuzbekistan/
Instagram: instagram.com/centralbankuzbekistan/


© Press-service of the Central Bank of Uzbekistan
Download Telegram
“Микромолиялаш тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгаришлар нималардан иборат?

Микромолиялаштиришни янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида 2020 йил 17 март куни Президент томонидан “Микромолиялаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги Қонун имзоланди.

Қонунга мувофиқ, “Микромолиялаш тўғрисида”ги Қонуннинг
4, 5 ва 6-моддаларига тегишли ўзгартиришлар киритилди.

Хусусан, қонуннинг:

🔹4-моддасида, микрокредит қарз олувчига тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун 300 миллион сўм миқдоридан ошмайдиган мутлақ қийматда берилиши;

🔹5-моддасида, микроқарз банклар ва микрокредит ташкилотлари томонидан жисмоний шахс бўлган қарз олувчига 50 миллион сўмдан ошмайдиган мутлақ қийматда берилиши;

🔹6-моддасида, микролизинг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун 600 миллион сўмдан ошмайдиган мутлақ қийматда берилиши белгиланди.

Мазкур қонун республикада аҳолининг ва тадбиркорлик субъектларининг микромолиявий хизматларга бўлган эҳтиёжини қондириш, шунингдек, тўлов қобилиятини ошириш ва уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ҳамда кўрсатилаётган микромолиявий хизматлар ҳажмининг ошишига ёрдам беради.

#cавол_жавоб
Карантин даврида пластик картанинг муддати тугаб қолса, уни банкка бормасдан узайтириш имконияти борми?

Мижозларнинг банк картаси 💳 йўқотилганда ёки банк картасининг амал килиш муддати тугаётганда янгисига алмаштириш ёхуд янги банк карталарини очиш борасида тижорат банклари томонидан ушбу масалалардаги мурожаатларни масофадан туриб (онлайн) қабул қилиш имконияти яратилган.

Бунда иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар лойиҳаси доирасидаги банк карталари бўйича корхона ёки ташкилотларнинг бош ҳисобчиси ёки корхонанинг ишончли вакили тегишли маълумотлар билан хизмат кўрсатувчи банк филиалига 🏦 мурожаат қилади.

Аҳолининг шахсий банк карталари бўйича эса, мижоз ахборот коммуникация тизимлари орқали💻 тегишли банкка мурожаат этади.

Тижорат банклари тўловларни амалга ошириш учун мижознинг банк картасини мобиль телефон рақамига 📲 бириктиради.

Картани эмиссия қилган (чиқарган) банк мижозларга етказиб бериш учун почта ёки инкассация хизмати ёхуд бошқа имкониятлардан фойдаланиши мумкин.

#cавол_жавоб

Web | TG | FB | Inst | Ln | TW | Vk
Банкларнинг мобиль иловаларига уланиш ва фойдаланиш тартиби қандай?

Ҳозирда деярли барча тижорат банклари томонидан банк мобиль иловалари яратилган. Бир неча тўлов ташкилотларининг ҳам мобиль иловалари фаол ишламоқда. Бу аҳолига банкка ташриф буюрмаган ҳолда қулай, тезкор ва ишончли тўлов хизматларидан фойдаланиш имконини бермоқда.

Тижорат банклари ҳамда тўлов ташкилотларининг мобиль илова хизматларидан фойдаланишнинг афзалликлари қуйидагилар:

🔹уйдан чиқмасдан тўловларни амалга ошириш;

🔹инфекция эҳтимоли мавжуд бўлган нақд пул маблағларисиз харидни амалга ошириш;

🔹даромад ва харажатларни кузатиб бориш;

🔹вақт ва транспорт харажатларини тежаш ва хавфсизликни ошириш.

Мобиль иловалардан фойдаланиш учун, аввало, ихтиёрий банкдан ўз номига расмийлаштирилган банк картасини олиш тақозо этилади (агар банк картаси мавжуд бўлмаса). Ҳозирда тижорат банклари томонидан икки турдаги (HUMO ва UZCARD) банк карталари эмиссия қилинмоқда.

Жисмоний шахслар томонидан банк картасини олиш ва мобиль илова орқали тўловларни амалга ошириш учун қуйидаги амалларни бажариш лозим:

🔹банк картасини (биринчи марта) олиш учун ўзи танлаган банкка паспорт билан мурожаат қилиш (онлайн тарзда тижорат банкларининг расмий веб-сайтлари орқали ҳам буюртма бериш имконияти мавжуд);

🔹картани пул маблағлари билан тўлдириш (“cash-in” функцияли банкомат ёки банк филиалларига ташриф буюриш орқали);

🔹банкка ташриф буюриб ёхуд банкомат ва инфокиосклар орқали банк картасини ўз мобиль телефон рақамига боғлаш (бириктириш) орқали смс-хабарнома ёки телеграм-хабарнома хизматини фаоллаштириш;

🔹тижорат банклари ёки тўлов ташкилотлари мобиль иловаларини Android операцион тизимли мобиль телефон учун “Google Play market” интернет иловасидан ёки iOS операцион тизимли мобиль телефон учун “Аpрstore” интернет иловасидан юклаб олиш;

🔹мазкур мобиль иловаларда рўйхатдан ўтиш, яъни олинган банк карта рақами ва амал қилиш муддати киритилгандан сўнг мобиль телефонга келган махфий кодни киритиш орқали идентификациядан ўтиш;

🔹хавфсизликни таъминлаш мақсадида мобиль иловага кириш учун махсус махфий кодни ўрнатиш.

Мобиль иловалар орқали нафақат коммунал ва мобиль алоқа хизматлари, балки давлат хизматлари учун тўловлар, нотариус хизматлари, йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималар, солиқ тўловлари, интернет хизматлари, таълим ва хайрия учун пул маблағларини ўтказиш, шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотлари ва турли таомларни етказиб бериш хизматлари учун ҳам тўловларни амалга ошириш имконияти мавжуд.

#cавол_жавоб

Web | TG | FB | Inst | Ln | TW | Vk
Карантин даврида пенсионер яшаш манзилида бўлмаса ёки вақтинча рўйхатда турган жойда яшаса, унга пенсия маблағлари қандай етказилади?

Пенсия тўлови учун қайднома (ведомость)лар пенсия олувчининг яшаш манзили бўйича Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан махсус дастур орқали Халқ банкининг тегишли филиалларига жўнатилади.

📝Ушбу қайдномаларга асосан пенсия маблағлари мазкур филиалга молиялаштирилади ва филиал ходимлари томонидан уларни олувчиларига шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар асосида қайдномага имзо қўйдирган ҳолда нақд шаклда тўлаб берилади.

Карантин даврида Халқ банки томонидан пенсия тўловлари пенсионерларнинг яшаш манзилига етказилмоқда.

Фуқаро пенсияни тарқатиш жараёнида яшаш манзилида бўлмаса ва вақтинча бошқа ҳудудда истиқомат қилаётган бўлса, маблағлар Пенсия жамғармасига қайтарилади ҳамда тўланмай қолган ушбу маблағлар кейинги ойда қўшиб тўлаб берилади.

Шунингдек, фуқаро вақтинча истиқомат қилиб турган манзилида вақтинча рўйхатда турган бўлса, ушбу ҳудуддаги Пенсия жамғармасининг бўлимига пенсия тўловларини у вақтинча яшаб турган ҳудуд бўйича тўлов қайдномасига (манзилларини аниқ кўрсатган ҳолда) киритиш ва молиялаштиришни сўраб, мурожаат қилиши мумкин.

Шу ўринда пенсия пулларини нақд шаклда олаётган пенсионерларга Халқ банкининг шахсий пенсия-овердрафт карталарини очиш ва келгусида пенсия маблағларини банк карталарига 💳 ўтказиш тавсия этилади. Бу орқали улар бир қатор қулайликларга эга бўладилар:

🔹биринчидан, пенсионер қаерда бўлишидан қатъи назар пенсия маблағлари ойнинг дастлабки кунларида пенсия-овердрафт картасига тушади;

🔹иккинчидан, кейинги пенсия тўловигача пули тугаб қолган тақдирда, пенсионер ойлик пенсиясининг 50 фоизигача фоизсиз овердрафт кредити олиши мумкин;

🔹учинчидан, картадаги маблағларга йиллик 8 фоиз миқдорида даромад ҳисобланиши билан бир қаторда, уларни Халқ банкининг банкоматлари орқали фоизсиз нақдлаштириш имконияти яратилган.

#cавол_жавоб

Web | TG | FB | Inst | Ln | TW | Vk
Ҳозирда нақд пулни ушлаш жудаям хавфли. Банкоматларда “cash in”, яъни картани нақд пул билан тўлдириш имконияти мавжудми?

Бугунги кунда банклар томонидан республика миқёсида жами 5 мингдан ортиқ банкоматлар жойларга ўрнатилиб, улардан 948 таси “cash in/out” функцияли банкоматлар ҳисобланади (уларнинг 548 донаси “Uzcard” тизими ва 400 донаси “HUMO” тизими банкоматлари). Мазкур банкоматлар орқали мижозлар нақд пул маблағларини банк карталарига кирим қилиш имкониятига эга.

#cавол_жавоб

Web | TG | FB | Inst | Ln | TW | Vk
Коронавирус пандемияси аҳоли турмушининг оғирлашишига, нархларнинг қимматлашишига олиб келмайдими? Умуман, Ўзбекистонда бу эпидемиядан кейинги иқтисодий ҳолат, пул-кредит сиёсатидаги ўзгаришлар қандай прогноз қилинмоқда?

Бутун жаҳонда рўй бераётгани каби Ўзбекистонда ҳам коронавирус пандемияси билан боғлиқ чекловлар иқтисодий фаоликка салбий таъсир кўрсатмоқда. Бу ўз ўрнида, келгусида аҳолининг даромадларига ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. Пандемия таъсирида шаклланган жорий иқтисодий ҳолат бутун дунёда, жумладан, бизда ҳам жорий йилда аҳоли даромадларининг юқори даражада ошмаслигини кўрсатмоқда.

Пандемиянинг нархларга таъсири бўйича карантиннинг дастлабки кунлари аҳолининг хавотирлари кескин ошиши натижасида асосий озиқ-овқат ҳамда гигиена воситаларига кескин талаб ошиши кузатилди ва бу ҳолат айрим савдо нуқталаридаги нархларга вақтинчалик ўз таъсирини кўрсатди.

Шу билан бирга, қуйидаги омилларга таяниб ҳозирги кунда карантин даврида нархларнинг қимматлашишига олиб келувчи жиддий асослар мавжуд эмаслигини билдирамиз, хусусан:

🔹 аҳолининг доимий даромадлари қисқариши натижасида истеъмол товарларининг асосий қисмига бўлган ялпи талаб кескин пасайиши;

🔹келгуси ойдан бошлаб қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг янги ҳосили катта ҳажмда бозорларга чиқиши;

🔹тегишли Президент Фармони билан бир қатор асосий халқ истеъмолидаги товарлари ва уларнинг хомашёлари импортига 2020 йил 31 декабрига қадар божхона божи ва акциз солиғининг бекор қилиниши;

🔹Ҳукуматнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалга ошираётган чора-тадбирлари.

Шунингдек, 2020 йилдан бошлаб Марказий банкнинг асосий ставкаси 1 фоиз бандга пасайтирилиб, 15 фоиз даражасида белгиланди. Бу биринчи навбатда, иқтисодий фаоллик пасайиши шароитида инфляция бўйича прогнозларни пасайиш томонга кўриб чиқилганлиги билан боғлиқ.

Ўзбекистонда пандемия шароитидаги иқтисодий ва молиявий ҳолат, пул-кредит ва фискал сиёсатидаги амалга оширилаётган чоралар бўйича батафсил маълумотларни Марказий банкнинг тегишли пресс-релизи ҳамда жорий йил 15 апрель куни бўлиб ўтган брифинг видеосидан олишингиз мумкин.

#cавол_жавоб

Web | TG | FB | Inst | Ln | TW | Vk
Доллар сотиб олишда чеклов борми? Айтишларича, одамлар банкка келиб доллар учун навбатда туришмоқда. Афтидан, қўлида жамғармаси борлар сўмнинг қадрсизланиши, доллар курси ошиб кетишидан хавотирда. Улар орасида валюта олди-сотдисида чекловлар бўлишидан ҳадиксираётганлар ҳам бор.

Бугунги кунда жисмоний шахслар томонидан тижорат банкларидан чет эл валютасини сотиб олиш ёки сотиш бўйича ҳеч қандай чекловлар ёки тўсиқлар ўрнатилмаган. Шунингдек, келгусида ҳам жисмоний шахсларга тижорат банклари томонидан чет эл валютасини сотиш ва сотиб олиш бўйича ҳеч қандай чекловлар ўрнатилмайди.

🔹Миллий валюта курси валюта бозорида шаклланадиган талаб ва таклифнинг жорий даражаси асосида ўзгаради. Курснинг қадри ошиши ёки пасайиши иқтисодиётда ва ташқи шароитларда рўй берадиган фундаментал омиллар билан боғлиқ бўлади.

🔹Бугунги кунда миллий валютадаги муддатли депозитлар бўйича банклар томонидан таклиф этилаётган фоиз ставкалари ўртача 20-21 фоиз атрофида шаклланган. АҚШ доллари курсининг йил бошидан 5-6 фоизга ошганлигини инобатга олиб ҳисоблаганда ҳам миллий валютадаги депозитларнинг иқтисодий жиҳатдан афзаллигини кўриш мумкин.

🔹Шу нуқтаи назардан, инфляциянинг келгусида пасайиб бориши шароитида миллий валютадаги депозитлар жозибадорлиги ва улар бўйича ижобий реал фоиз ставкалари сақланиб қолади.

#cавол_жавоб

Web | TG | FB | Inst | Ln | TW | Vk
Марказий банк қайта молиялаш ставкасининг пасайиши коронавирус пандемияси билан боғлиқми? Агар шундай бўлса, қандай боғлиқлик сабаблари бор? Пандемия оқибатларини камайтириш бўйича Марказий банк томонидан қандай чоралар режалаштирилган?

Марказий банк асосий ставкасининг пасайтирилиши, биринчи навбатда, инфляция прогнозининг пасайиш томонга кўриб чиқилиб, 11-12,5 фоизгача туширилиши билан боғлиқ. Инфляция прогнозининг пасайтирилиши иқтисодий фаолликнинг секинлашиши шароитида инфляцияга талаб омиллари томонидан босимнинг пасайиши билан изоҳланади.

🔹Марказий банк асосий ставкасининг қайта кўриб чиқилиши сабаблари ҳамда пандемия оқибатларини камайтириш бўйича пул-кредит сиёсати чораларига оид батафсил маълумотларни Марказий банкнинг тегишли пресс-релизи ҳамда жорий йил 15 апрель куни бўлиб ўтган брифинг видеосидан олишингиз мумкин.

🔹Пандемия шароитида Марказий банк томонидан банк тизими барқарорлиги йўлида зарур даражадаги ликвидлик билан таъминлаш чоралари кўрилади. Хусусан:

🔹пул-кредит сиёсати инструментларидан самарали фойдаланиш орқали ойлик 1 трлн. сўмгача бўлган ликвидлик Репо ва Своп операциялари орқали тақдим этилади;

🔹мажбурий резервлар нормативларини енгиллаштириш орқали тижорат банкларига 2,6 трлн. сўмгача бўлган маблағлар тижорат банкларининг вакиллик ҳисобварақларига йўналтирилади.

#cавол_жавоб

Web | TG | FB | Inst | Ln | TW | Vk
Пенсионерлар учун банкоматлардан пул ечишда комиссия тўловини нафақат Халқ банки, балки бошқа банкларда ҳам олиб ташлаш мумкинми? Кўпчилик пенсионерлар айнан шунинг учун ҳам пластик картага ўтишни истамаяпти?

Ўзбекистон Республикасининг "Банклар ва банк фаолияти тўғрисида"ги Қонунининг 62-моддасига кўра, банк операцияларига оид воситачилик ҳақи миқдори банк томонидан мустақил белгиланади.

Қайд этиш жоизки, Республика махсус комиссияси тавсияларидан келиб чиқиб, мамлакатда пенсия тўловларини устувор равишда банк карталари орқали тўлаш тизимига ўтказилиши муносабати билан:

🔹Халқ банки ходимлари томонидан навбатдаги пенсия тўловларини тарқатиш жараёнида карта эгасининг хоҳишига кўра, картадаги маблағлар тўлов терминаллари орқали нақдлаштириб берилиши мумкин;

🔹ҳозирги кунда 1000 дан ортиқ Халқ банкининг банкоматлари орқали пенсионерларнинг банк карталаридан нақд пул олишда ҳеч қандай воситачилик ҳақи ундирилмайди;

🔹Халқ банки томонидан босқичма-босқич барча маҳалла фуқаролар йиғинлари бинолари олдида банкоматларни жойлаштириш ишлари тизимли равишда ташкил этилади.

Бундан ташқари, Халқ банки банкоматларидан маблағларни нақдлаштиришни бепул амалга ошириш мумкин бўлса-да, саломатлик нуқтаи назаридан, айниқса, бугунги карантин шароитида тўловларни банк карталари орқали амалга ошириш тавсия этилади.

Шу ўринда, нақд пулсиз тўловларни амалга ошириш учун республиканинг барча ҳудудларида тегишли тўлов инфратузилмаси мавжудлигини қайд этамиз.

#cавол_жавоб

Web | TG | FB | Inst | Ln | TW | Vk
Ҳозирда Тошкент шаҳрида яшайман. "Ҳамкорбанк"нинг Навоий вилояти филиалида омонатим бор. Мурожаатимга асосан, 2 ойлик фоизларни банкнинг пластик картасига тушириб беришди. Аммо ҳар ойда фоизларни доимий картага ўтказилиши учун банкка шахсан бориб ариза беришим керак. Тошкент шаҳридаги "Ҳамкорбанк”нинг энг яқин филиалига бориб аризани қолдириш ва кейинчалик банкнинг Навоий вилояти филиалига жўнатиш мумкин-ми?

Ҳозирги карантин шароитида Марказий банк томонидан банк хизматлари истеъмолчиларига масофавий хизматларни кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда ва бу борада тижорат банклари томонидан қатор қулайликлар тақдим этилмоқда.

🔹Хусусан, "Ҳамкорбанк"нинг расмий веб-сайти
(hamkorbank.uz) ва/ёки телеграм-бот (@consulthamkorbankbot) канали орқали банк мижозларининг мурожаатларини электрон шаклда қабул қилиш имконияти яратилган.

🔹Бундан ташқари, мурожаатда қайд этилган ҳолатда банк мижози Навоий вилояти филиалидаги омонати фоизини ўзининг банк картасига ўтказиб борилиши юзасидан аризасини Тошкент шаҳрида ўзига яқин бўлган банк филиалига борган ҳолда қолдириши (банк бўлинмалари дислокацияси банкнинг веб-сайтида мавжудлигини) ҳамда мижознинг аризаси хизмат кўрсатиладиган филиалга етказиб берилиши мумкинлигини билдирамиз.

#cавол_жавоб

Web | TG | FB | Inst | Ln | TW | Vk
🔹Хабарингиз бор, жорий йил 15 апрель куни Марказий банкда онлайн брифинг ўтказилди. Брифинг арафасида Марказий банкнинг алоқа каналлари орқали оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бир нечта саволлар келиб тушди. Айнан ушбу саволларга тайёрланган жавоблар билан Марказий банк веб-сайтида танишишингиз мумкин.

——————————

🔹15 апреля т.г. в Центральном банке состоялся онлайн-брифинг. Накануне брифинга от представителей СМИ, блогеров, пользователей социальных через коммуникационные каналы Центрального банка поступил ряд вопросов. C ответами на данные вопросы Вы можете ознакомиться на официальном веб-сайте Центрального банка Республики Узбекистан.

#cавол_жавоб
#вопрос_ответ

Web | TG | FB | Inst | Ln | TW | Vk
Чекка ҳудудда яшовчилар хориждан пул ўтказмаларини олиш учун Халқ банкига бориши керак экан. Оқибатда, Халқ банкида навбатлар кўпайиб кетяпти. Эшитишимизча, Марказий банк бошқа банкларга ҳам бу вазифани юклаган. Шу ҳақида маълумот берсангиз?

Ҳозирда барча тижорат банкларининг ҳудудлардаги банк биноларида халқаро пул ўтказмалари билан боғлиқ амалиётлар банк иш кунлари давомида белгиланган тартибда амалга ошириб келинмоқда. Аҳолига халқаро пул ўтказмалари бўйича хизматларни фақатгина Халқ банкига юклатилгани тўғрисидаги хабарлар асоссиздир. Шунга кўра, аҳоли ўзи яшаётган ҳудуддаги исталган тижорат банкига халқаро пул ўтказмаларидан юборилган маблағларни олиш учун мурожаат қилиши мумкин.

🔹Бундан ташқари, тижорат банкларида ҳозирги кунда халқаро пул ўтказмалари орқали жўнатилган чет эл валютасини тўғридан-тўғри банк карталарига ўтказиб бериш имконияти яратилган. Жумладан, бунга мисол сифатида "Туронбанк", Халқ банки, "Агробанк", "Ипотека-банк", "Ҳамкорбанк" ва "Ипак йўли банки"ни келтириш мумкин.

🔹Мамлакатимизда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишга қаратилган карантин шароитида тижорат банклари томонидан устувор равишда масофадан туриб хизматларни кўрсатиш билан бир қаторда мижозларга тегишли банк хизматларини ташкил этиш мақсадида халқаро пул ўтказмалари ва бошқа чакана банк хизматларини амалга ошириш бўйича етарли банк инфратузилмаси мавжуд бўлмаган чекка ва олис ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳолига хизматлар кўрсатиш бўйича барча тижорат банкларига Марказий банк томонидан аниқ кўрсатмалар берилган.

#cавол_жавоб

Web | TG | FB | Inst | Ln | TW | Vk
Карантин туфайли вақтинча уйдаман. Лекин рўзғор тебратиш учун маблағим етарли эмас. Карантин вақтида молиявий томондан қийналмаслик учун банк картаси орқали уйдан туриб онлайн тарзда микроқарз олишим мумкинми?

Коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш ва банк мижозларига қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида тижорат банклари томонидан масофавий банк хизматларини такомиллаштиришга ҳар доимгидан ҳам кўпроқ эътибор қаратилмоқда.

🔹Ҳурматли мижозлар, банклар мобиль иловаларида онлайн равишда (уйда ўтирган ҳолда) коммунал ва солиқ тўловлари, пул ўтказмалари, омонат операциялари каби муҳим банк хизматларини амалга ошириш имконияти мавжуд.

🔹Онлайн тарзда кредит олишга тўхталсак, агар мижозларда кредитга эҳтиёж пайдо бўлган тақдирда, улар тегишли банклар мобиль иловалари орқали онлайн микроқарзлар ва кредит карталари каби банк хизматларидан фойдаланиши мумкин.

🔹Ҳозирги кунда (доимий иш ҳақига эга бўлган) жисмоний шахслар тижорат банкларининг мобиль илова дастурларидан фойдаланган ҳолда банк карталари орқали онлайн микроқарз олиш имкониятига эга. Ушбу хизмат турлари 11 та тижорат банки томонидан тақдим этилмоқда.

🔹Мазкур хизмат турлари ва уларнинг шартлари билан банкларнинг расмий веб-сайтлари, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ҳамда мобиль иловалари орқали ахборот олиш мумкин.

Тез орада бошқа тижорат банклари ҳам ушбу хизмат турларини жорий этади.

#cавол_жавоб

Web | TG | FB | Inst | Ln | TW | Vk
Талабаман, ўқишим учун контрактнинг иккинчи қисмини тўлашим керак. Лекин карантин туфайли банкка бориш имконим йўқ, унга қўшимча равишда пулим нақд кўринишда. Шундай вазиятда контракт тўловини қандай амалга ошириш мумкин?

Бугунги кунда барча фуқаролар, шу жумладан, талабалар контракт тўловларини қуйидаги усулларда амалга ошириш имкониятига эга эканликларини маълум қиламиз:

🔹Биринчидан, яшаш манзилига яқин бўлган банк муассасаларига ташриф буюрган ҳолда, чакана клиринг тизими орқали нақд ёки нақдсиз шаклда бюджет ташкилотлари (хусусан, олий таълим муассасалари) учун очилган шахсий ғазна ҳисобварағи ва бошқа реквизитларни тақдим этиш орқали тўловни амалга ошириш мумкин.

🔹Иккинчидан, банкларнинг мобиль иловаларидан фойдаланиб, банк картаси орқали бюджет тўловлари сифатида тегишли суммани ўтказиш имконияти мавжуд.

Ҳозирги пандемия шароитида банклар мижозларнинг аризаларини масофадан туриб, яъни веб-сайтлари орқали қабул қилишмоқда ва зарур идентификациядан ўтказган ҳолда банк карталарини етказиб беришмоқда.

Шундан сўнг, банк картасини cash-in функцияси мавжуд банкоматлар орқали нақд пул билан тўлдириб, кейинчалик банк картасини мобиль иловага бириктириш натижасида контракт тўловларини амалга ошириш мумкин. Cash-in функцияси мавжуд банкоматларнинг дислокацияси ҳақидаги маълумот Марказий банкнинг расмий веб-сайтида жойлаштирилган.

🔹Бундан ташқари, талаба уйига яқин ҳудудда жойлашган тижорат банки филиалининг “Call markazi”га мурожаат қилиши ва ушбу мурожаат асосида банк ходимлари унинг уйига келиб, барча санитария талабларига қатъий риоя этган ҳолда, контракт пулини олий ўқув юрти ҳисоб рақамига ўтказиб бериш имконияти ҳам яратилган.

#cавол_жавоб

Web | TG | FB | Inst | Ln | TW | Vk
Банк картасини яроқсиз ҳолга келмаслиги учун қандай қилиб тўғри дезинфекциялаш мумкин? Картани тозалашда нималарга эътибор қаратиш кераклиги ҳақида маълумот берсангиз.

Банк картасидан ҳар сафар фойдалангандан сўнг уни дизенфекция қилиш жуда муҳим. Лекин ўткир кимёвий воситалар, масалан, ацетон, қурилишда ишлатиладиган турли воситалар ёки 96 фоизли спирт кабилар билан банк картасини тозаламаган маъқул.

🔹Сабаби, бундай воситалар банк картаси устидаги рақами, амал қилиш муддати ва карта сақловчисининг фамилия, исми-шарифи билан боғлиқ реквизитларини ўчириб юбориши мумкин. Бундай воситалардан фодаланиш банк карта микро чипининг куйишига ва натижада банк картасини яроқсиз ҳолга олиб келиши мумкин.

🔹Шу боис, банк картасига шикаст етказмаслик учун дорихоналарда сотиладиган оддий антисептик воситалар ёрдамида дезинфекциялаш тавсия этилади.

#cавол_жавоб

Web | TG | FB | Inst | Ln | TW | Vk
“Интернет-банкинг” хизматидан фойдаланардим. Компьютерим бузилиб, барча дастурлар ўчиб кетди. Қайта ўрнатиш учун банк томонидан алоҳида сертификат зарур бўладими?

Маълумки, “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Қонуннинг 61-моддасига мувофиқ, банклар ва уларнинг мижозлари ўртасидаги муносабатлар шартномалар асосида амалга оширилиши белгиланган.

🔹Мазкур саволда келтирилган ҳолатда, аввало, “Интернет-банкинг” хизматидан фойдаланишга доир мижознинг банк билан тузилган ўзаро шартномаси шартларига эътибор қаратиш лозим. “Интернет-банкинг” тизимлари учун ҳар бир банк мустақил равишда турли хавфсизлик тизимлари ечимларини қўллайди ва ўзининг мижозларига электрон имзоларни шартнома асосида тақдим этади.

🔹Ҳозирги глобал пандемия шароитида банклар мижозлар учун барча сўровларни мавжуд масофавий алоқа каналлари (хусусан, веб-сайт) орқали юбориш имкониятини яратишга эътибор қаратмоқда. Шу жиҳатдан, масалани тезкор равишда ҳал қилиш учун хизмат кўрсатувчи банк филиали ёки унинг Бош офиси “Саll markazi”ga қўнғироқ қилиш сўралади.

#cавол_жавоб

Web | TG | FB | Inst | Ln | TW | Vk
Пенсионерларга банк картаси очиб берилаётгани яхши. Лекин улар пул тушганлигини, харажатларини билиб бориши учун банк карталарини ўз мобиль телефон рақамига улаб, СМС-хабарнома хизматини ёқишлари керак. Ушбу хизматни улаш учун пенсионер яна банкка ёки терминал автоматига бориши талаб этилади. Бу эса карантин вақтида сарсонгарчиликка олиб келади.

Маълумки, Республика махсус комиссияси тавсияларига кўра, пенсия тўловларини устувор равишда банк карталари орқали тўланишига босқичма-босқич ўтиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бунда карантин талаблари, пенсионерларнинг имкониятларини ҳисобга олишга эътибор қаратилмоқда.

Энди бевосита саволда кўтарилган масала юзасидан қуйидагиларни маълум қилмоқчимиз:

🔹Карантинга қадар банк картасига эга бўлган пенсионер маблағ келиб тушганлигини билиш учун СМС-хабарнома хизматини Uzcard карталари учун энг яқин жойлашган банкомат ёки инфокиоск қурилмаларида, Humo карталари учун эса банк муассасасига борган ҳолда фаоллаштирар эди.

🔹Карантин даврида эса Халқ банкининг масъул ходимлари томонидан банк карталари уларнинг эгаларига яшаш манзиллари бўйича етказиб берилган вақтда СМС-хабарнома хизмати ҳам фаоллаштириб берилади. Бунда фақат фуқародан ўша ернинг ўзида ариза ёзиб бериш талаб этилади. Эслатиб ўтмоқчиман, банк ходимлари ушбу хизматларни барча санитар қоидаларига тўлиқ риоя этган ҳолда амалга оширишлари қатъий назоратга олинган.

🔹Бундан ташқари, пенсионерлар ҳисобига Халқ банки бўлинмалари орқали маблағлар (банк карталарига ёки нақд шаклда) ўтказилганлиги ҳақида Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ахборот тизими орқали пенсионерларнинг мобиль телефонларига юбориш хизматидан фойдаланиш имконияти ҳам мавжуд.

🔹Шу ўринда пенсионерларга эслатиб ўтмоқчимиз: банк карталаридан фойдаланишда хавфсизлик чораларига амал қилинг! Зарурият бўлмаганда тегишли реквизитлар, яъни картангиз билан боғлиқ маълумотларни бегона шахсларга маълум қилманг!

#cавол_жавоб

Web | TG | FB | Inst | Ln | TW | Vk
Онам 2020 йил 24 февралда Чилонзор туманидан рўйхатдан чиққан эди. Шундан сўнг 24 февралдан 4 мартга қадар касалхонада даволангани сабабли 7 мартга келибгина Сергели туманига рўйхатга қўйилди. У январь ойидаги пенсиясини олишга улгурмаган. Энди онам қандай қилиб пенсиясини олиши мумкин?

Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 сентябрдаги 252-сон қарори билан тасдиқланган “Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги низомнинг:

🔹170-бандига асосан, Пенсия олувчи шахс Ўзбекистон Республикаси доирасида доимий яшаш учун бошқа туман (шаҳар)га кўчган тақдирда, пенсия ҳужжатлар йиғмажилди почта орқали пенсионернинг янги яшаш жойи жойлашган ердаги Пенсия жамғармаси бўлимига юборилади ёхуд пенсионернинг қўлига берилиши;

🔹Пенсия олувчи шахс бир туман (шаҳар) ҳудудида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ҳудуди доирасида бошқа туман (шаҳар)га доимий яшаш учун кўчиб кетганда пенсия аввалги яшаш жойи бўйича шахс рўйхатдан чиқарилган ойнинг охиригача тўланиши;

🔹Ушбу ҳолатда пенсияни тўлаш пенсия ҳужжатлар йиғмажилди олингандан кейин пенсия олувчи шахснинг янги яшаш жойи бўйича Пенсия жамғармаси бўлими томонидан давом эттирилиши, бунда пенсияни тўлаш унинг олдинги яшаш жойи бўйича пенсияни тўлаш тўхтатилган вақтдан бошлаб, бироқ у ҳисобга қўйиш мақсадида мурожаат этганидан олдинги ўн икки ойдан ошмаган давр учун давом эттирилиши;

🔹172-бандга асосан, кетма-кет уч ойдан ортиқ вақт мобайнида пенсия олинмаганда Пенсия тайинлаш тўхтатилиши, пенсияни тўлаш пенсионер ёки унинг васийси Пенсия жамғармаси бўлимига келгандан сўнг ва у ариза тақдим этгандан, шунингдек, шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатгандан сўнг тикланиши белгиланган.

🔹Шу сабабли, яшаш манзилингиз ўзгарганлиги муносабати билан дастлаб, Пенсия жамғармасининг Чилонзор бўлимига мурожаат қилган ҳолда пенсия тўловини Пенсия жамғармасининг Сергели бўлимига ўтказишингиз зарур.

🔹Сўнгра, Пенсия жамғармасининг Сергели бўлимига ариза билан мурожаат қилган ҳолда олдинги ойлар учун олмаган пенсияни келгуси ой учун тайёрланадиган тўлов қайдномасига киритиш лозим бўлади.

🔹Пенсия тайинлаш ва ҳисоблаш масалалари бевосита Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан кўриб чиқилади.
Халқ банки сайёр кассалари орқали фақатгина Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан тақдим этилган тўлов қайдномаларига асосан пенсия тўловлари фуқароларга етказиб берилади.

#cавол_жавоб

Web | TG | FB | Inst | Ln | TW | Vk