AZAMAT KAMOLOV
980 subscribers
8.39K photos
1.23K videos
54 files
3.76K links
Download Telegram
#тонгги_мутолаа

ОНАЛАР ЎЛДИРМАЙДИЛАР

Ҳикоя

Дўстим Мўминга бағишлайман

Мўмин эсингдами?...
Бу ҳикоямни Сенга бағишлаяпман, ошнажон!
Февраль. Изғирин...
Жанг олдидан бўладиган қўрқув ва сукунат.
Жўнжикасан, титрайсан. Совуқ камлик қилгандай ўлим ваҳимаси-чи; ҳатто томирингда қонинг тўниб қолган...
Бироқ... отишма бошлангач ҳаво ҳам қизиб кетади. Борлиқни порох, қон ва тер ҳиди қоришиқ ачқимти бўй тутади.
Пушта бўйлаб ўсган токларни таг-томири билан қўпориб, ғарқ пишган узумларни мажақлаб келаётган танк ариққа тушиб тумшуғи бир пасайиб кўтарилди-да, таққа тўхтади. Занжири отилиб кетди. “Занжир узилганини душман сезмаслиги керак”, ўйлади командир. Чор тарафдан ўқ ва снаряд учаяпти...
Оператор-отувчи танк башнясига ўрнатилган пулемётдан теваракка ўқ отиб турди. Кўз қўрқдига шундай қилди. Ёв яқин келмайди.
— От. Ановинга от! — қичқирди механик.
Боғ адоғидан эгнида оппоқ яктак-иштон, бошида афғони қалпоқ кийган кимса қўлида гранатомёт кўтариб кулба томон югуриб қолди. У жон уҳмида чопиб, кўримсиз кулба ичига кириб олишга улгурди.
Танк гумбурлади; кулбанинг бир томони тир-тўзғиб, борлиқ чанг-тўзон ва тутун ичида қолди. Кулбанинг ярмини снаряд олиб кетди.
— Яна отайми?
— Етади. Кетадиган жойига кетди.
Ташқарида жанг авжида.
Командир, отувчи, ўқловчи, механик — бутун экипаж ичкаридан чиқмай ўтиришибди. Аҳён-аҳёнда отувчи башнядаги пулемётни ишлатиб қўяди.
Ўқ овозлари тинди.
Кун оғди.
Улар оч эдилар.
Ташқарига чиқиш учун қуръа ташладилар.
Ташқарига чиқиш ўзбек жангчи — ўқловчининг чекига тушди.
— Бор, кулбага кир... Ҳеч бўлмаса гугурт топиб келарсан... Чекишнинг ҳам хумори тутяпти, — деди командир.
— Сув эсингдан чиқмасин, — механик ютиниб қўйди.
Жангчи люкдан базўр бўйлади, худди бошини ўқ юлиб кетадигандай. Ўзини токзорга отди. Жўяк ичига думалаб тушди. Ҳансираган кўйи жиққа тер босган бармоқлари билан автомат қўндоғини чунонам қисдики, қўли оғриқдан зирқираб кетди. Ариқ ичида бирпас кулбани кузатиб ётди. “Ҳеч ким йўқдир? Ҳалиги, чопиб кирган “дух”чи? Танк снарядидан омон қолмаган... Ўлган. Ўлиб кетган...”, — деган хаёл билан кулба томон эмгаклади. Ҳовлига етгач, ўрнидан туриб, ўқ тезлигида кулба ичига учиб кирди. У эшигини тепиб кирган хона айвон эди. Айвон шифтидаги болорга осилган қалин симга илдирилган челак ёнига келди. Челакда сув ярим эди. Жангчи тик турган кўйи челакни қийшайтирганча ютоқиб сув ича бошлади. Ичи ёниб кетган экан. Қўрқувдан дағ-дағ титрарди. Бироқ челакдан ҳам бошини тортиб ололмасди.
Чанқоғи босилди. Заҳ ҳиди урган тор айвонда нима қиларини билмай серрайиб турди. Шу маҳал... шу маҳал ичкари хонада нимадир тарақлагандай бўлди. Эшик шарақлаб очилди, остонада ўзига — нақд кўксига қурол ўқталиб турган аёлни кўрди. Бутун аъзойи бадани жимирлаб, соч толалари ўрнида бошига минглаб игна санчилди, оёқ-қўли бўшашиб, ичидан нимадир узилиб тушгандай иҳраб юборди. Лаҳзада аёлнинг даҳшат қотиб қолган кулранг юзи, зўриққандан косаси отилиб кетай деб турган нафрат ва қаҳр тўла чақчайган кўзларини кўрди. Қурол тутиб турган қўлларигина эмас, бутун танаси қалтираб-қақшаган аёл унга Азройилдан элчи бўлиб турарди. Жангчи қўлини ўз қуролига олиб боришга ҳам улгурмай тахта бўлиб тураверди. Аёлнинг кўрсаткич бармоғи қўлидаги автомат тепкисига тегиб турганини, қилт этган ҳаракат туфайли бадани илма-тешик бўлишни англади. Кўзлар тўқнашди. Сукут, титроқли сукут...
— Сув... Сув, — деди аскар овози титраб, — Об... об...
Аёл челакка кўз қирини солди. Жангчининг хаёлига келган гап шу бўлди:
— Она... Она... отманг. Сиз менинг... онамга ўхшайсиз, — деди чўк тушиб. Аскарнинг тим қора кўзларидан юзига гўёки сўнгги ёш томчилари шовиллаб оқа бошлади.
Қурол тутган аёл ожиз ва нотавон, қора кўз, қора қош ўғлоннинг эзғинди аҳволига бирпас оғриқли алфозда термулиб турди. Сўнг бош ирғаб ўрнингдан тур ишорасини қилди. Аскар ўрнидан турди. Аёл қўлидаги автомат милини “челакни ол”, маъносида ҳаволатди. Аскар симдан челакни олди. Аёл “энди жўнаб қол”, деган каби бош ирғади.
#тонгги_мутолаа

Дунёни қизғанма мендан, азизим,
Қалбингни ёқмасин шубҳа ва сўроқ.
Мен ўзга манзилга тикканман кўзим,
У сенинг кулбангдан жуда ҳам йироқ...

А. ОРИПОВ

👉@azamatkamal81👈