Yoshlar kundaligi | Rasmiy
110K subscribers
12K photos
6.97K videos
51 files
16.2K links
Муаммо борми, шу ерга ёзинг👉: @yoshlar_kundaligi_bot

Тижорий ҳамкорлик учун: @Marketolog_YK

Видео ва овозли хабарлар юбориш учун👉:
@Yoshlar_aloqada_bot

Расмий веб сайт: yokun.uz
Download Telegram
#Челленж #Ёшлар_ва_журналистика #Ёшлар_куни_олдидан

ЖУРНАЛИСТЛАРНИ ОАВ ВА ЁШЛАР МАВЗУСИ БЎЙИЧА ЧЕЛЛЕНЖГА ЧОРЛАЙМАН!

Бугун касб байрами. Шу муносабат билан журналист дўстлар ва устозларга қизиқарли челленжга таклиф қиламан. Челленж мазмуни қуйидагича.

‼️Челленж шарти: Сиз чиқиш қилмоқчи бўлган, режалаштириб қўйган-у, ҳали тайёрланмаган материал бўйича қисқагина ёзасиз. Нима учун айнан шу мавзуда чиқиш қилмоқчи бўлаётганингизни, ёшлар учун қандай манфаатлар борлигини асослайсиз.

Челленжда энг оригинал чиқиш қилган ижодкорлар "Ёшлар кундалиги" томонидан телевизор билан мукофотланади. Челленж бугун 20:00 да якунланади.

〰️〰️〰️〰️〰️〰️〰️〰️〰️
#Челленжга

Мен журналист Беҳзод Қобулов айни пайтда Тошкент вилояти олий таълим муассасаларида фаолият олиб бораётган ёш олимлар, уларнинг илмий ишлари мазмуни, умуман, вилоятдаги илмий муҳит ҳақида таҳлилий материал тайёрлашни режалаштирганман ва тайёргарлик кўраяпман.

Мавзуни тизимли равишда ўрганиб, видео ва матн форматда туркум материаллар тайёрлаб, "Тошкент вилояти ёш олимлари" номли илмий-оммабоп рисола, ихчам маълумотнома чоп эттирмоқчиман.

Мақсадим, Тошкент вилоятининг ёшлари ўзлари тақлид қилиши, эргашиши, ибрат олиши лозим бўлган ҳақиқий олтинбошларни танисин, кўрсин, ҳурмат қилсин. Алоҳида таъкидлашни истардимки, ёшларнинг қаҳрамонлари кимлар эканлиги билан бугун ҳеч ким қизиқмаяпти. Бу – нозик мавзу.

Ёшларнинг идеали, болалик қаҳрамони айнан ким бўлиши ҳар бир журналистга чақириқ аслида. Биз миллатимизнинг асл фарзандлари ҳақида кўпроқ маълумотлар берсак ва буни ёшларбоп форматда тармоқларга жойлаб борсак, бу фронтдаги манзара ўзгаради, деган умиддаман.

Челленжда навбатни ҳамкасбим, Nishon24.uz сайтининг Бош муҳаррири Абдулазиз Мусаевга бераман.

Каналга уланиш:
https://t.iss.one/+tcc8Accr_k80OGNi
#Челленжга

Мен, журналист Абдулазиз Мусаев ҳозир Тошкент вилоятидаги профессионал таълим муассасалари фаолияти, тизимдаги мавжуд муаммолар, мазкур таълим даргоҳларида ёшларга қай даражада билим берилаётгани, меҳнат бозорида талаб юқори бўлаётган касбларга тайёрлаш ишларига қай даражада эътибор қаратилаётгани ҳақида таҳлилий материал тайёрламоқчиман.

Бу мавзу биринчи навбатда мен учун қизиқ. Маълумотларга кўра, Профессионал таълим муассасаларида 22 та билим соҳалари мавжуд бўлиб, уларда 178 та касб ва мутахассисликлар тайёрланади. Хўш битирувчилар ўзи эгаллаган билим ва тажриба билан меҳнат бозори эҳтиёжини қондира оляптими? Шу каби кўплаб саволларга мақоламда жавоб топишга ҳаракат қиламан. Бу жараёнда ёшлар, соҳа мутахассисларининг фикрлари ўрганилади.

Мақсадим, Тошкент вилоятининг ёшлари жамиятда ўз ўрини топсин. Улар ўз касби орқали оиласи ва мамлакатимизга фойда келтирсин. Ҳозир ёшлар тез бой бўлиш, юқори даромад олиш пайидан бўлиб, асосий вақтини турли тотализатор ва интернет ўйинларига сарфлаяпти. Уларнинг тўғри йўлга қайтариш ва бошқаларнинг даромад олиш манбайига айланмаслиги муҳим аҳамиятга эга.

Айнан шу каби муаммоларга беэътибор бўлмасак, янги ташаббусларни оммалаштиришга ҳисса қўшсак мақсадга мувофиқ бўлади.

Челленжда навбатни ангренлик ёш ижодкор Отабек Бакировга бераман.

Каналга уланиш:
https://t.iss.one/+tcc8Accr_k80OGNi
#Челленжга

Менким, мухбир Отабек Бакиров шу кунларда Тошкент вилояти ёш ижодкорлари ҳақида материал тайёрламоқчиман. Аслида Тошкент вилояти ўзбек адабиёти учун ўнлаб сермаҳсул ижодкорларни берган. Бугунги кунда ёзганлари севиб ўқилаётган Хайридин Султонов, Маҳмуд Тоир, Шарифа Салимовалар шулар жумласидан. Олтин конидан олтин чиқади, деганларидек ҳозир ҳам ҳудудимизнинг истеъдодли ёшлари адабий жараёнларда фаол қатнашяпти.

Хусусан, ишни истеъдодли ёш журналист, фаол жамоатчи Отабек Исроилов ижодини таҳлил қилишдан бошламоқчиман. От тепкисини от кўтаради. 22 ёш бўлса ҳам юртимизда унинг мақоласи чиқмаган газета ва журнал қолмади ҳисоб. “Тошкент ҳақиқати”ни очсанг янги китоб ҳақида, “Ҳуррият”ни очсанг ёшлар орасида долзарб муаммо баёни, “Ёш куч” журналини очсанг иқтидорли ёшлар ҳақида салмоқли лавҳа чиқиб туради. Ўзи ҳам Ўрта Чирчиқ тумани ва Нурафшон шаҳрининг нашри бўлган “Машъал” газетасида ишлайди. Ҳаммасига улгуради. Сихни ҳам, кабобни ҳам куйдирмайди.

Яхши ният ‒ ёр тумор дейишади. Ажаб эмас, яқин орада дўстимизнинг китоби нашр этилса. Фақат шоирларнинг китоби чиқаверадими, ахир?

Ўйлайманки, бу каби ёш ижодкорлар ҳақидаги мақолаларимиз бошқа дўстларимизга ҳам ўрнак бўлади. Ўз гражданлик позицияси ва айтадиган сўзига эга ёшлар сафи янада ортади.

Челленжда навбатни ҳамкасбим, "Олмалиқ ҳаёти" газетаси бош муҳаррири Дилфуза Рўзиевага бераман.

Каналга уланиш:
https://t.iss.one/+tcc8Accr_k80OGNi
#Челленжга

Мен журналист Дилфуза Рўзиева шу кунларда Олмалиқ шаҳридаги фаол ёшларни бирлаштириб, улар орқали муаммоси бор ёшлар ҳақида туркум материаллар тайёрламоқчиман.

Ёшлар - катта куч. Уларнинг кучини тўғри йўналтириш, янгидан-янги ғояларини қўллаб-қувватлаш менга доим завқ бағишлайди. Қатъиятли, келажакка ишончи баланд, эзгу мақсадлари йўлида ҳаракатдан тўхтамайдиган ёшлар бу – бизнинг орзуларимизни рўёбга чиқарувчи инсонлардир.

Чунки ёшлар сиёсати бўйича олиб борилаётган чора-тадбирларнинг моҳияти, самарадорлиги хусусида катталардан кўра, ёшларнинг ўзи тенгдоши ҳақида кўпроқ маълумотга эга ва самарали натижа беради.

Газетамизда ёшлар билан биргаликда турли лойиҳалар, туркум видеолавҳа, аудио ва мақолалар тайёрламоқчиман.

Челленжда навбатни журналист Элёр Ўтбосовга бераман.

Каналга уланиш:
https://t.iss.one/+tcc8Accr_k80OGNi
#Челленжга

Мен, Оҳангарон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари Элёр Ўтбосов умумтаълим мактабларидаги таълим сифати билан боғлиқ муаммолар хусусида журналистик материал тайёрламоқчиман.

Бунда асосий эътибор мактабни тамомлаётган битирувчиларнинг деярли барчасини оммавий равишда репетиторларга қатнаётгани, мактабда берилаётган таълим билан ОТМларга кириш даражаси пастлигига қаратилади.

Шунингдек, мен тайёрлайдиган материалда ушбу масалаларни ижобий ҳал этиш юзасидан таклифлар берилади.

Шуни алоҳида айтиб ўтиш лозимки, айнан шу муаммо борасида ота-она ва мактаб ўртасида анчагина англашилмовчиликлар мавжуд. Хусусан, битирувчини ОТМга кириш масаласида мактаб масъулиятни ота-онага юклаш ҳолатлари кўп кузатилади. Лекин ўқувчи репетиторга қатнаб, пул тўлаб илм олади, ўқишга киргач, масъулиятни ота-онага юклаган мактаб маъмурияти эса ҳисобот бераётганда, "фалонча ўқувчимиз ОТМга кириб, фоиз кўрсаткичимиз юқори", деб ота-онанинг саъй-ҳаракатини "ўзиники" қилиб кўрсатади.

Мақолада ана шундай аччиқ ҳақиқатлар ҳақида ҳам сўз боради.

Челленжда навбатни "Машъал" газетаси мухбири Отабек Исроиловга бераман.

Каналга уланиш:
https://t.iss.one/+tcc8Accr_k80OGNi
#Челленжга

Каминаи камтарин, Отабек Одилжон ўғли Исроилов, ўқитувчилар оиласи вакилиман. Онам – ўқитувчи, бобом – муаллим бўлган, аммаларимнинг қўлида, эҳ-ҳе-е, неча авлод савод чиқармади, дейсиз. Шу важдан ҳам устозлик мақомини маромида оқлаётган улуғ зотларга ҳурматим, ихлосим чексиз.

Ўрта Чирчиқ туманидаги 14-мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Камола Мардиқулова – чинакамига фидойи муаллим. Агарки, у фидойи бўлмаганида, мактаб миқёсида ҳар йили “Энг яхши китобхон” танловини ўтказиб, ғолибга ўз ҳисобидан замонавий телевизор ҳадя қилмаган бўларди. Тағин бир марта эмас, уч марта. Камола Мардиқулова катта бизнесмен эмас, аммо ишбилармон педагог. У бу танловни анънавий равишда ўтказиб келяпти. Адабиёт ўқитувчисининг ишбилармонлиги шундаки, у янги авлодда китобхонлик маданиятининг ўсиши учун сармоя сарфлаяпти.

Хўш, Тошкент вилоятида Камола опадек ёш педагоглар оз деб ўйлайсизми? Асло! Чинакамига фидойи устозлар бисёр. Фақат улар ўзларини кўз-кўз қилишдан тийиладилар. Шунинг баробарида замонамизнинг том маънодаги қаҳрамонларига ҳам айланадилар. Аслини олганда, фақат билим берган эмас, ўқувчиларига тарбия берган, китоб ўқита олган ўқитувчи бор иззату икромга лойиқ.

Пойтахт вилоятидаги мингдан зиёд мактабларнинг ҳар бирида ўқувчиларига болаларидай меҳр берган жоннисор устозларнинг янги педагогик технологиялари ва ишланмаларини тарғиб қилиш, уларнинг фаолиятини кенг ёритиш орқали жамиятда ўқитувчи обрўсини оширган ва ўқитувчилик касбининг нуфузини янада кўтарган бўламиз. Зора, янги авлод вакиллари ҳоким, прокурор ё тадбиркор эмас, ўқитувчи бўлишни қайта орзу қилсалар. Устозни отадан улуғ зот деб билсалар...

Замондош муаллимлар ҳақидаги бадиий публицистик мақолалар бир муқова остида жам бўлса, нур устига нур бўлгай.

Каналга уланиш:
https://t.iss.one/+tcc8Accr_k80OGNi