Ziyo Ashraf
304 subscribers
119 photos
9 links
Зиё Ашраф (Алишер Султонхўжаев) саҳифаси
Download Telegram
Таровеҳ бу "тарвийҳ(а)" сўзининг кўплиги бўлиб, унда роҳатлантириш, дам олдириш маъноси мавжуд. Ҳар тўрт ракъатда бироз тин олингани учун ҳам шундай номланган бўлса-да, тарвийҳ сўзи бу билан чекланмайди. Таровеҳ намозининг ракъатларида ҳам намозхонларга малол бўладиган даражада узун қироат қилмаслик мақсадга мувофиқ. Шунинг учун фақиҳ уламоларимиз айтадиларки, имом таровеҳда намозхонларни намоздан совутадиган даражада узун қироат қилмасин, балки, ҳар ракъатда ўн оятдан қироат қилиши афзалдир. Шунда Қуръони карим бир ойда бир марта хатм қилинган бўлиб, суннат ҳосил бўлади. Шундан келиб чиқадики, имом ўз ортидаги намозхонлар ҳолини риоя қилиши мустаҳабдир.

@ziyo_ashraf
Муфлис ким эканини биласизларми?..

Жаъданинг мавлоси Абу Яҳёдан ривоят қилинади: Мен Абу Ҳурайрадан қуйидаги ҳадисни эшитганман: Бир куни Расулуллоҳ алайҳиссаломга: “Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, фалончи аёл кечалари (таҳажжуд) намозини ўқийди, кундузлари (нафл) рўзалар тутади, лекин тилида заҳар бор. Ўша (тили) билан қўшниларига озор беради. У тили аччиқ аёл”, дейишди. Шунда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У аёлда яхшилик йўқ, у дўзахдадир”, дедилар. Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан яна сўрашди: “Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, фалончи аёл эса фарз намозларининг ўзини ўқийди, рамазон рўзасининг ўзини тутади (яъни ортиқча, нафл ибодатлар қилмайди). Одамларга пишлоқ ва сузмалар эҳсон қилади. Унинг шундан бошқа айтарлик амали йўқ. Лекин у ҳеч кимга азият бермайди. Шунда Набий алайҳиссалом: “Ана шу аёл жаннатдадир”, дедилар.

Ушбу ҳадиси шариф бошқа кўплаб ҳадиси шарифлар қаторида ўзгаларга озор бериш ўта ёмон иш экани ва кечалари қоим, кундузлари соим бўлиш ҳам дилозор инсонга ёрдам беролмаслигига далолат қилади. Агар мазкур озорланаётганлар кишининг ўз қўшнилари, яқинлари бўлса унинг гуноҳи янада ортади. Ўзгаларга ва айниқса қўни-қўшниларига азия берувчи кимсада яхшилик, хайр йўқ, гарчи у айрим зоҳирий ибодатларда фаол бўлса ҳам. Чунки, дин бу олийжаноблик, гўзал хулқдир. Бадхулқ ва золим инсон намозу рўзага қанча полвон бўлмасин оқибати аянчли бўлади. Шунингдек, ушбу ҳадисдан амалда ўртамиёна бўлса ҳам ўзгаларга озор бермаслик намозу рўзада жуда тиришқоқ бўлиб лекин дилозор бўлишдан афзалроқ экани тушунилади.

Қиёмат кунида банкротга учрайдиган инсон ким бўлишини биласизларми?.. Айнан шундай дилозорлар бўлишади. Улар намоз, рўза ва закотдан иборат шу қадар катта амаллар билан келадиларки, лекин ўша тоғдек амалларидан зум ўтмай ҳеч нарса қолмайди. Чунки, уни сўккан, буни айблаган, наригининг молини еган яна кимнингдир қони тўккан бўлади.

Динда алданиш мана шундай бўлади. Айрим, балки, кўпчилик одамлар намозу рўзаю закотларни бериб, хайрия ишларда фаол бўлиб қолсалар ўзларини сирот кўпригидан ўтгандек омонда ҳис қиладилар ва дин фақат мана шу амаллардан иборат деб ўйлайдилар. Кимнидир сўкиш, дилига озор бериш, маънавий зарар бериш, кимгадир зарар етказиш, молини ейиш каби ишларни умуман гуноҳ деб кўрмайдилар ва ўзларини асло сарҳисоб қилмайдилар. Чунки, намоз ўқияпман, рўза тутяпман, ҳаж ва умраларни қиляпман, закот беряпман, демак мен дўзахдан нажот топаман деб ўйлайдилар. Ва мана шу нуқтада алданадилар. Чунки, бу ишлар диннинг бир қисми холос. Агар инсон ўзини тўғриламаса, хулқини гўзаллаштиришга ҳаракат қилмаса, дилозор ва бадхулқ бўлса юқоридаги амаллари тоғдек бўлса ҳам Қиёмат кунида саробга айланади.

Аслида эса намозу рўзалар инсонни тақво ва гўзал хулқ касб этишга бошлаши керак эди. Улардан мақсад ҳам шу эди. Аллоҳ таоло намозни фаҳш ва мункар ишлардан қайтаради, деган. Бу дегани "қайтариши лозим" дегани бўлади. Рўзани эса "шояд тақводор бўлсангиз" деб фарз қилганини айтади. Қачонки, намозу рўзалар инсоннинг хулқини ўзгартирмаса, қалбини иллатлардан покламаса демак унга ёндашувда хатога йўл қўйилаётган бўлади.

Абу Ҳурайра (разияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинишича, бир куни Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) асҳобларига хитоб қилиб шундай дедилар: "муфлис ким эканини биласизларми?". Саҳобийлар "муфлис бизнинг наздимизда (қўлида) на бир дирҳами (пули), на бир матоси (моли) қолган инсондир" дедилар. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи вас аллам) шундай дедилар: "Менинг умматимдан бўлган муфлис шундай инсонки, Қиёмат куни намоз, рўза ва закот (каби буюк амаллар) билан келади лекин, шу билан бирга буни сўккан (тили билан озор берган), бунга туҳмат тоши отган, бунинг молини еган, унинг қонини тўккан ва яна бирини урган ҳолда келади. Бунга савобларидан олиб берилади, унга олиб берилади... Бордию зиммасидаги зулмлар узилмасдан аввал савоблари тугаб қолса, анавилар (у томонидан зулмга учраганлар)нинг гуноҳлари олиниб унинг елкасига ортилади, сўнгра дўзахга улоқтирилади". Ҳадиси шарифни имом Муслим ривоят қилган.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг гўзал одатларидан бири шу эдики, ўз асҳоблари билан ўтириб, гоҳо савол-жавоб тарзида ҳам уларга яхшилкини таълим берардилар. Бу сафар У зот муфлис деб улар кимни тушунишлари ҳақида сўрадилар. Араб тилида "афласа" (муфлис бўлди, ифлос этди) феъли қачонки, савдогар тижоратида зиёнга учраб, сармояси қўлдан кетиб, зарарга кирганда ишлатилади. Қарзларини узишга пули ҳам, сотиб пул қилишга молу матоси ҳам қолмаса бундай инсонни араблар муфлис бўлди дейдилар. Буни замонавий тилда банкрот бўлиш дейилади.

Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) асҳобдан охират муфлиси ҳақида сўрагандилар, улар эса дунё муфлисидан сўз этдилар. Ҳолбуки, бу дунёда зарарга кириб қолиш узоқ давом этмайди. Нари борса ўлим билан тугайди. Аммо, охират муфлисининг ифлоси узоқ давом этади ва жуда ҳам аянчли бўлади.

Охират муфлиси ўз кўнглида жаннатга биринчилардан кираман деб ўйлаб, маҳшар майдонида банкротга учрашини билмаган ва кутмаган ҳолда намозу рўзаб закоту ҳам ва умралардан иборат катта-катта ибодатлар билан келади. Аммо, у билан бирга Қиёмат майдонига унинг зулмлари ҳам келган бўлади, унинг эса хабари йўқ. Чунки, у ўзини сарҳисоб қилмаган, ўзининг нақадар зулмкор ва дилозорлигига эътибор қилмаган. Чунки, бу унинг табиати ва сажиясига айланиб қолган эди. Шу боис, Охиратда бир онда муфлис бўлиб қолишини асло ўйламасди. Бироқ, у эсидан чиқарган, хотиржам ухлаган, моғор босган виждони зарра қийналмасдан содир этган зулмлари уни қиёмат майдонигача таъқиб қилиб келганидан хабари йўқ.

Хуллас, илоҳий адолат қарор топадиган буюк Кунда унинг барча савобли амаллари у озор етказган, урган, сўккан, ўлдирган, туҳмат тоши отган инсонларга тақсимлаб берилади. Бу орада савоби қолмаса, уларнинг гуноҳлари бунинг елкасига ортилади, сўнгра эса дўзахга улоқтирилади.

Ҳа, азизлар ҳақиқий муфлис, ҳақиқий банкрот бўлган кимса бу охиратда банкрот бўлган инсон экан.

Муфлислик сабаблари

Ҳадиси шариф маъноларини диққат билан тафаккур қилган инсон қиёматдаги банкротлик, муфлислик сабабларининг бари битта нарсага бориб тақалишини кўради, гарчи кўринишлари турлича бўлса ҳам. У ҳам бўлса ўзгаларга турли шаклларда зулм ва озор бериш, моддий ва маънавий ҳақларга тажовуз қилиш, қул ҳаққини поймол қилиш.

Бандани ҳалокатга элтадиган ушбу нарсаларга бепарво бўлишга, уларни менсимасликка нима сабаб бўлади?..

Ўз амалига алданиб қолиш, намоз ўқияпман, рўза тутяпман, ҳаж ва умра қиляпман, ичмаяпман, чекмаяпман демак мен яхши одамман, жаннатга тушаман, дея ўз нафсини сарҳисоб қилмаслик, ўзини тергамаслик, қалбнинг руҳий тарбияга муҳтожлиги. Аллоҳ кечиради, дея Унинг афвига суяниб қолиш. Аллоҳ таолонинг макридан ўзни омонда деб билиш ва хотиржам бўлиб қолиш. Жоҳиллиги ва билимсизлиги туфайли Динни фақат маросимий ибодатлардан иборат деб ҳисоблаш.

Аллоҳ таоло барчамизни қиёмат муфлисларидан бўлиб қолишдан асрасин, ўз нафсини сарҳисоб қиладиган, кибрдан йироқ, Аллоҳнинг макри ва синовидан хотиржам бўлиб қолмаган ҳушёр ва солиҳ бандаларидан қилсин!..
Шундай неъматлар ва қувончлар борки, уларга фақат баъзи оғриқлар ва мусибатлар орқалигина эришиш мумкин.

Бошимизга келган мусибатлар иллоки, қайсидир гуноҳларимиз ва хатоларимиз учун, аввалдан ато этилган неъматлар шукрини адо этмаганимиз учун келади ва уларга бадал бўлади. Шу билан бирга бу мусибатлар ва синовларни сабр ва савоб умидида қарши олсак улар нафақат аввалги тақсиротларимизга бадал бўлади балки, ўзидан кейин келадиган қувонч ва эзгуликларга ҳам васила бўлади.

Аллоҳ таоло бандасига баъзан кичик муаммо ва ташвишлар юборади токи, каттароғидан сақлаш учун. Шундай экан, буюк фалокатларга бадал бўлиб келган кичик ташвишлар билан қаршилашганингда севин, эй инсон. Зеро, улар сени улкан таҳликалардан қутқариш учун келган.

Лекин, мўмин кишига етадиган мусибатнинг ҳар қандайи уни гуноҳлардан поклаб, оқибатини хайрли бўлишига сабаб бўлади. Ягона шарти шуки, ўша мусибат келганда иймонни йўқотиб қўймаслик, ношукрлик ва ғазаб чоҳига қулаб кетмаслик.

Яна шуни ҳам эсдан чиқармаслик лозимки, муўминлар иймонларининг салобати ва қувватига кўра синов ва мусибатларга дучор бўладилар. Энг кўп балоланганлар булар пайғамбарлар, сўнгра уларга эргашган солиҳ инсонлар бўладилар.

Баъзан мўмин кишига шундай мусибатлар келадики, у бу ишлар ортида Аллоҳ таолонинг яширин "қўли" борлигини сезади. Аллоҳ таоло ҳатто мусибат ва таҳликалар ичида ҳам уни асраётгани, Ўзига яқинлаштираётганини ҳис қилади ориф инсон. Шу нуқтада мусибатлар неъматларга айланиб қолади, улар ортиқ инсонга қувонч манбаи бўлиб хизмат қилади.

Мўмин ҳеч қайси ҳолатда мутлақ зиёнда бўлмайди. Ҳадиси шарифда келганидек, унга яхшилик ва қувонч етса шукр қилади ва бу унга яхши бўлади. Бордию ёмонлик ва зарар етса сабр қилади ва бу ҳам унга яхшилик бўлади.

Ориф инсон мусибатларни ҳам Аллоҳ таоло томонидан юборилган бир меҳмон сифатида кўради ва уларни икром этади. Мусибатларни икром қилиш уларни сабр билан қарши олиш, жиззаки бўлмаслик, Аллоҳ таолодан енгиллик ва савоб умидида бўлиш билан амалга ошади.

Қачонки, мўминга буюк бир бало келган экан, бунинг икки сабаби бўлади: унинг ўтмишдаги буюк хатолари ва улкан гуноҳлари, ношукрлик ва тақсиротларига бадал бўлиб келди бу бало ва унга сабр қилса аввалги гуноҳларидан покланиб, Аллоҳ таолонинг раҳматига қовушади. Иккинчи сабаб, ўтмишда қилган ҳеч қандай улкан ёмонлиги, буюк гуноҳи бўлмасада, Аллоҳ таоло унинг даражасини оширмоқчи, шу чоққача қилган амаллари орқали етиша олмайдиган буюк бир даражага юксалтирмоқчи. Агар мўмин шу ҳолатда сабр ва ризо билан безаниб, бу мусибатлар Аллоҳ таолонинг унга юборган илоҳий туҳфаси деб билса бу мусибатлар сўнгида унинг даражаси фавқулодда юксалиб, Аллоҳ таолонинг мисли кўрилмаган икромига мушарраф бўлади. Зеро, айтилганидек, мукофотнинг буюклиги балонинг буюклигига қараб бўлади.

Анас ибн Молик (разияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай дедилар: "мукофотнинг буюклиги балонинг улканлигидан келиб чиқади. Аллоҳ таоло бир қавмни яхши кўрса, уларни балолар билан синайди. Ким (Аллоҳнинг синовига) рози бўлса, унга ҳам (Аллоҳ таоло томонидан) розилик бўлади. Ким ғазаб қилса, унга ҳам ғазаб насиб бўлади" (Термизий ривояти).

Демак, бошига келган мусибат қаршисида ризо ва сабр тўнини кийган инсонга Аллоҳ таолонинг розилиги насиб бўлади, ғазабланиб, Аллоҳнинг тақдирига норозилик қилганга эса Аллоҳнинг ғазаби насиб бўлади. Аллоҳ шу ҳолатга тушишдан, Унинг ғазабига маъруз қолишдан барчамизни асрасин.
Рамазон рўзаси руҳларимизга озуқа бўлиб келади. Унда баданимизни маълум вақт оч тутамиз, аммо руҳимизни озиқлантирамиз. Рўзадан мақсад ҳам шу, руҳан юксалиш, тақводорлардан бўлишга интилиш. Рўза кунлари мўминлар Аллоҳ таолонинг ибодати, зикри ва шукрига кўпроқ эътибор қаратадилар, Қуръони каримга ошно бўладилар. Тарвовеҳларда қоим бўлиб, қалблари ва руҳларининг озуқасини оладилар. Рамазон ойи руҳимиз озуқаси бўлган илоҳий булоқлардан тўйиб-тўйиб сипқорадиган гўзал ва бебаҳо фурсат. Унда руҳингизни яйратинг, озуқа беринг, илоҳий булоқлардан қондиринг, токи, йил давомида тақвою тоатда тетик бўлсин руҳингиз.
Албатта, тирикчиликнинг айби йўқ, муҳими қилаётган ишингиз ҳалол бўлсин ва ҳалолликка риоя қилинг. Аммо, баъзи ишлар борки, улар билан шуғулланаётганлар яхшироғига лойиқ деган фикр келади. Ўрда анҳори бўйида сайр қилиб юрибман, ёш-ёш билагида кучи бор, тоғни урса толқон қиладиган йигитлар ўтган-кетганга "шар берайми, шар?" дея учар шар сотиб юришибди. Бир томондан ачинарли ҳолат. Эҳтимол, бошқа иш топиш қийин бўлаётгандир, эҳтимол бошқа ишлар учун малака ва ҳужжат етишмаётгандир. Балки, бунга ота-она сабабчидир, ўқишга қизиқтирилмагандир. Хуллас, кўп нарса сабаб бўлиши мумкин. Аммо, бу ишларни бу инсонларга раво кўрмаган бўлардим. Улар бундан афзалига лойиқ ва қодир эканларига ишонаман. Агар, фарзандларимизни ўқитмасак, озгина харажат ва сабрдан қочсак, фақат бугунни ўйлаб, уларни ўқитиш ёки ҳунар ўргатиш ва бу йўлда сабр қилиш ўрнига, ишла, пул топ, деяверсак, келажак авлод қийналишда, ўзгаларга қарамликда давом этаверади.
Қадр кечаси

"Қадр" улуғлаш маъносини англатади. Яъни бу кеча ўзига хос фазилатларни ўз ичига олгани учун қадри баланд, улуғ кечадир. Шунингдек, бу тунни ибодат ва зикр билан иҳё қилган кимса қадрли, улуғ инсон бўлишига ишорадир.

Қадр сўзининг яна бир маъноси "торайтириш" дегани. Бундай номланишига сабаб, мазкур кеча ҳақидаги маълумотнинг яширилиши ва тайин қилинмаслигидир.

Халил ибн Аҳмад Фароҳидий (раҳимаҳуллоҳ) айтади: "Бу кечанинг қадр (торайтириш) кечаси деб номланишига сабаб шуки, у кечада малоикаларнинг Ерга азбаройи кўп нозил бўлганидан Ерда жой камайиб, торайиб қолишлигидир".

Қадр сўзининг торайтириш маъноси Қуръони Каримда ҳам келган: "وأما إذا ما ابتلاه فقدر عليه رزقه " ("энди қачон (Парвардигори) уни имтиҳон қилиб, ризқини танг қилиб қўйса...") (Фажр сураси:16-оят). мазкур оятдаги "فقدر عليه رزقه" (фақодаро алайҳи ризқоҳу) сўзи "ризқини тор қилди" маъносини англатади.

Яна айтадиларки, "қадр" "қадар" (ўлчов) маъносида. Зеро, бу кечада йил давомида содир бўладиган ишлар белгиланади, тақдирлар битилади, туғиладиганлару, ўладиганлар, нажот топадиганлару ҳалокатга юз тутадиганлар, бахтиёр инсонлару бахтсиз кимсалар, ҳосилдорлигу қурғоқчиликлар, офияту балолар ҳамма-ҳаммаси ёзиб, белгиланади.

Бандаларнинг тақдирларини ёзиш деганда мазкур нарсаларнинг лавҳи маҳфуздан бошқа бир нарсага кўчириб ёзилиши ёхуд фаришталарга билдирилиши ирода қилинади.

Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумо айтадилар: “Қуръони карим тўлалигича Рамазон ойида Қадр кечасида Лавҳул-маҳфуздан нозил қилиниб, дунё осмонидаги Байтул-иззага қўйилди. Сўнгра Жаброил (а.с.) Муҳаммад (сав)га оятларни нозил бўлиш сабаблари тақозосига кўра яъни, турли ҳолатларга мувофиқ равишда бўлак-бўлак қилиб олиб келди”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб дедилар: "تحروا ليلة القدر في الوتر من العشر الأواخر " яъни: "Қадр кечасини (рамазоннинг) охирги ўн кунлигининг тоқ (кеча)ларида излангиз!" (Бухорий ривояти).

Охирги ўн кунликнинг тоқлари деганда 21, 23, 25, 27 ва 29 кечалар назарда тутилади. Яъни, 20 дан 21 га, 22 дан 23 га, 24дан 25 га, 26 дан 27га, 28 дан 29 га ўтар кечалар лайлату-л-қадр умид қилинадиган кечалар ҳисобланади.

Лайлату-л-қадрнинг охирги ўн кунликда кутилиши, яна ҳам таъкидлиси охирги етти кун қолганда кутилиши ва мазкур етти кун ичидан эса 27 кечасида умид қилиниши машҳурдир. Ҳатто айрим ҳадиси шарифларда 27 - кеча эканлиги очиқ-ойдин айтилган ҳам.

Абдуллоҳ ибн Умар ва Муовия разияллоҳу анҳумлардан ривоят қилинган ҳадис шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилганлар: "ليلة القدر ليلة سبع وعشرين" яъни: "Қадр кечаси йигирма еттинчи кечадир" (Абу Довуд ва Имом Аҳмад ривоятлари).

Қадр кечасининг белгилари

Қадр кечасининг айрим аломатлари борлиги ҳадиси шарифларда зикр қилинган. Жумладан ўша кеча ниҳоясига етиб тонг отганда қуёш нурсиз бўлиб чиқиши, яъни қуёшнинг нури кўзни олмайдиган, заиф ҳолда қуёшни тўла кўриш имконини берадиган шаклда бўлиши, қуёш қизғиш тусда кўриниши, ўша кеча ҳаво очиқ, ёқимли, ҳатто ойдин ва ёруғ бўлиши, иссиқ ҳам, совуқ ҳам бўлмаслиги, у кечада юлдуз (метеорит) учмаслиги каби аломатлари саҳиҳ ҳадисларда ворид бўлган.

Бошқа ривоятларда лайлату-л-қадрнинг қўшимча белгилари ҳам зикр этилган. Жумладан, мазкур кечада дарахтларнинг эгилиб туриши, тонгида енгил ёмғир шивалаши каби.

Кимки, лайлату-л-қадрга эришса, аломатларини билса, у инсон дарҳол ўзига ва барча мўмин-мусулмонлар ҳаққига дуойи хайр қилмоғи лозимдир. Зеро, ҳаммага ҳам унинг аломатлари кўринавермаслиги мумкин.

Лайлату-л-қадр умид қилинган кечаларда киши ибодатга бел боғлаши, ихлос билан Яратганга илтижолар қилиши мақсадга мувофиқ.

Абу Ҳурайра (разияллоҳу анҳу) ривоят қиладилар. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):

" مَنْ قَامَ لَيْلَةَ الْقَدْرِ إِيمَانًا وَاحْتِسَابًا غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ " (رواه مسلم و البخارى و الترمذى)

яъни: “Ким Лайлатул Қадр кечасини унга иймони борлиги учун ва Аллоҳдан савоб умидида бедор ўтказса, унинг шу кечагача қилган гуноҳлари мағфират қилинур” – дедилар (Имом Муслим, имом Бухорий ва имом Термизий ривоятлари).
Қадр кечаси умид қилинадиган тунда ўқиладиган дуо

Оиша онамиз (разияллоҳу анҳо) Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан Қадр тунида нима дуо ўқиш ҳақида сўраганларида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги дуони ўқишни буюрганлар:

أللهم إنك عفو كريم تحب العفو فاعف عني
(Аллоҳумма иннака Афуввун, Кариймун, туҳиббул-ъафва фаъфу ъанний)

маъноси: “Эй Аллоҳ, Сен афу қилувчи (кечиримли), Карамли, олийжаноб зотсан, менинг гуноҳимни кечир!”.

Демак, Қадр кечаси бўлишини умид қилган ҳолда ибодатлар билан бедор ўтказиладиган кечаларда мазкур дуони кўп-кўп ўқиш суннатга мувофиқ ҳамда манфаатли бўлар экан.
Сўнги кечанинг аҳамияти

Рамазоннинг охирги тунини алоҳида ҳимммат билан иҳё этиш, унда ўзгача иштиёқ билан Парвардигорга юзланиш ғоят фазилатли ва савоблидир. Бу эса 29 кеча билан ўттизинчи кечани қадрлаш билан амалга ошади. Аслида Рамазон жуфт ойлар сирасидан бўлиб, одатда ўттиз кунлик келади. Лекин, биринчи куннинг ҳилолини кузатиш деярли амримаҳол бўлгани учун кўпинча воқелик ҳукми билан 29 кунлик бўлиб қолиши ҳам мумкин. Бу ҳолатда ўттизинчи кечани кутиб, аввалги кечаларда ибодатга киришмаган одам сўнги кеча фазилатини бой бериб қўяди.

Машҳур муаррих ва муҳаддис Абу Нуайм Асбаҳоний (Исфаҳоний) Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилиб келтирган ҳадиси шарифда айтилишича, рўзадорларга ойнинг охирги кечасида мағфират ато этилади. Саҳобалар: "ё Расулаллоҳ, бу Қадр туними, (шуни айтмоқдамисиз)?", деб сўрашганда Набий алайҳиссалом: "йўқ (бу қадр туни эмас, бошқа бир фазилатли тун), ишчи ўз иши ниҳоясига етганда ажрини тўлиқ ундиради-ку (бу ўшандай тун)?!", дедилар. Ушбу ҳадисни Суютий "ал-хасоис ал-кубро"да Асбаҳонийдан нақл қилиб келтирган.

Яна бир ривоятга кўра, Аллоҳ таоло бу ойнинг аввалидан охиригача бўлган муддатда нечта инсонни жаҳаннамдан озод қилган бўлса, рамазоннинг сўнги кечасининг ўзида яна шунча одамни озод этар экан.
Бандаларим ичида шукр қилувчилари оздир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир неча оятида инсонни "кафур" яъни неъматларни эътироф этмайдиган, ношукр, деб атаган.

Куфрнинг асл маъноси ҳам шу, шукрнинг зидди. Шукр бу неъматларни эътироф йўлига кўра зоҳир қилиш бўлса, куфр уларни яшириш, тан олмаслик ва инкор қилишдир.

Дарҳақиқат, инсон ўзидаги умрбод шукр ҳисси билан яшашни тақозо қилувчи кўплаб неъматларни кўрмайди. Нигоҳини мудом ўзидан бойроқ, ўзидан чиройлироқ, ўзидан соғломроқ кишиларга қаратиб, ўз қалбини маҳзунликка тўлдиради. Ҳолбуки, аввалги неъматларнинг шукри адо этилмаган ёки ярим ямалоқ тарзда адо этилган, аввалги соғломлик даврида саломатлигининг қадрига етиб, бунинг учун бахтиёрлик ва шукроналик ҳиссини туймаган эди.

Нафс ўзгаларга боқар экан, ўз эътиборини уларга насиб бўлган неъматларга қаратади. Улар дучор бўлган мусибатлар ва ғам-ташвишларни кўрмайди. Қачонки, навбат ўзига келганда эса доим йўқотишлар ва қайғуларни кўради.

Бундай инсонга орзу қилган нарсалари бериб қўйилса ҳам шукрини адо этиши қийин. Чунки, ўз кўзида кичикроқ бўлиб кўринган аммо аслида буюк бўлган неъматларни кўрмасдан келди, уларга шукр қилмади. Бундай инсон орзусидаги неъматлар ато этилганда ҳам уларни кичик кўради ва янада каттароғини орзулайди.

Шукр қилувчи банда бўлиш бу ҳар кимнинг ҳам қўлидан келмайдиган буюк ишлардандир.

Шукр бу фақат тилда "Аллоҳга шукр!" ёки "алҳамду лиллаҳ!" дейиш билан амалга ошмайди. Тил шукри бу Аллоҳга У берган неъматлари учун ҳамд айтиш, уни ўзгалар ҳузурида ибрат маъносида зикр қилишдир. Амал шукри эса У берган неъматлари баробарида солиҳ, эзгу амаллар қилиш, Унга тоат ва ибодатда бўлиш, У берган неъматларни Унга гуноҳ ва маъсият бўлган ишларга сарф қилмаслик, У ато этган моддий ва маънавий неъматларни эзгуликка сафарбар қилиб, Аллоҳ унга эҳсон қилгани каби у ҳам Унинг бандаларига эҳсон ва мурувват кўргузишидир.

Ибнул Қоййим айтади: "шукр бу - Аллоҳнинг неъмати банданинг тилида мақтов ва эътироф шаклида зоҳир бўлиши, қалбида эса шуҳуд ва муҳаббат тарзида намоён бўлиши, тана аъзоларида эса Унга итоат ва бўйсуниш ўлароқ кўринишидир" ("Мадорижу-с-соликин": 2/244).

Демак, шукр тилда, қалбда ва амалда бўлар экан. Тил шукри мунъим (неъмат берувчи)ни мақтаб, Унга сано айтиб, Унинг неъматларини эътироф этиш билан амалга ошади. Қалб шукри эса Аллоҳнинг буюклиги, азамати, фазлу марҳамати, лутфу иноятининг чеки йўқлиги ва Ўзининг карами ва саховати ила бандасига ато этган неъматларни қалб кўзи ила кўриб, бу ҳақда тафаккур юритиб, ўзидаги неъматларни уларнинг мунъими бўлган Зотга боғлаб, Унга қалбан миннатдорлик ва муҳаббат ҳисларини туймоқдир.

Шукрнинг ушбу икки босқичи босиб ўтилгач ўз-ўзидан учинчи босқич бўлмиш амал шукри келади. Бу марҳалага етиб келган инсон Мунъим томонидан ўзига ато этилган неъматларни У рози бўладиган эзгу ишларга сарф этади, Аллоҳ таоло унга эҳсон қилгани каби у ҳам ўзи каби бандаларга эҳсон қилади, асло-асло Қорун каби ман қилувчи бўлиб қолмайди. Балки, Аллоҳ таолонинг гўзал исму сифатларидан ўз насибасини олган ҳолда Аллоҳ унга карам кўрсатгани каби у ҳам олийжаноб бўлишга интилади. Шу тариқа, у шокир ва шакур мақомига эришади.

Бу эса шукрнинг учта босқичидан сўнг эришиладиган буюк мартаба бўлиб, Аллоҳ таоло бу сифат билан Ўз пайғамбарларини васфлаган. Масалан, Нуҳ алайҳиссаломни "إِنَّهُ كَانَ عَبْدًا شَكُورًا" "Албатта, у шакур (кўп шукр қилувчи) банда эди" (Исро сураси: 3-оят) дея мақтов ила зикр қилган.

Шунингдек, бошқа ояти каримада Аллоҳ таоло Ўз бандалари ичида шукр қилувчилари озлигини эслатар экан, бу сифатнинг нечоғли улуғлиги ва ҳаммага ҳам насиб бўлмайдиган, ҳамма ҳам ета олмайдиган нодир ва ноёб бир мақом эканига ишора қилади: "وَقَلِيلٌ مِنْ عِبَادِيَ الشَّكُورُ" "бандаларим ичра шукр қилувчи бўлганлари эса оздир" (Сабаъ сураси: 13-оят).

Инсон ушбу ояти карима устида бироз тафаккур юритса, ўзи учун олам-олам маънолар эшигини очиши муқаррар.
Бу сўзлар ила Аллоҳ таоло нафақат воқеликдан хабар бермоқда балки, олийжаноб, ўзини ҳурмат қилувчи ва ҳақиқий мард бўлган бандаларини Ўзининг азалий тақдирида оз ва нодир бўлишларини ёзиб қўйган шукр қилувчи зотлар сафидан ўрин олишга ташвиқ этмоқда. Фаросат эгалари, Аллоҳни муроқаба қилувчи, Уни яхши кўрувчи, қалбларининг энг тўридан Унга энг ардоқли жой ажратган бандалари бундай оятлар ўз ичига олган теран маъноларни англашлари ва унинг ўзларига хитоб эканининг фарқига боришлари шубҳасиз.

Шунингдек, Раббимизнинг мазкур сўзлари шукр қилувчилардан бўлиш оғир иш экани, етишиш қийин бўлган мартаба экани ҳамда Аллоҳ наздида шаъни улуғ иш эканига ҳам далолат қилади.

Агар ундай бўлмаганда эди, Аллоҳ таоло "бандаларим орасида шакур бўлганлари оздир" демаган бўларди. Агар бундай бўлмаганда эди, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дуода Аллоҳдан Ўзига шукр қилишга ёрдам беришини сўрашни васият қилмаган бўлардилар.

Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўз асҳоблари ичида Муоз ибн Жабал (разияллоҳу анҳу)ни ўзгача яхши кўрардилар, у кишига ўзгача таважжуҳ қилардилар. Уни баъзан ўз уловларига миндириб олардилар. Шунингдек, у кишидан Қуръонни ўрганишга ҳам тарғиб қилардилар.

Муоз ибн Жабал Пайғамбаримизга муқарраб бўлган саҳобийлардан эди. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Муозни яхши кўришларини қасам ичиб айтганлар.

Имом Бухорий "ал-Адаб ал-муфрад"да, Абу Довуд "Сунан"да Муоз ибн Жабал (разияллоҳу анҳу)дан ривоят қилиб келтиришича, бир куни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Муоз ибн Жабалнинг қўлидан тутиб "эй Муоз! Аллоҳга қасамки, мен Сени яхши кўраман. Эй Муоз, мен сенга шуни васият қиламанки, ҳар намоз сўнгида "Аллоҳумма аъинний ала зикрика ва шукрика ва ҳусни ибадатика", дейишни тарк этма!", дедилар".

Яъни, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мазкур саҳобийга ҳар намоздан сўнг юқоридаги тартибда дуо қилишни васият қилдилар. Дуонинг мазмуни эса қуйидагича: "эй Аллоҳ, Сени зикр қилишга, Сенга шукр қилишга ва Сенга гўзал равишда ибодат қилишга ёрдам бер!".
Гуноҳларимиз шу қадар кўпки, бошимизга келаётган турфа хил кўнгилсизликлар қайси бири туфайли келаётганини ҳам билмаймиз.

Машҳур тобеинлардан бўлган Муҳаммад ибн Сирин тижорат мақсадида катта миқдорда қарз олиб, қирқ минг динорлик ёғ сотиб олади. Улар жуда кўп мешларга солинган эди. Бирини очса, унинг ичидан сичқон ўлиги чиқади. Шунда Ибн Сирийн ходимига барча ёғни тўкиб юборишни буюради. Ходими эса фақат сичқон чиққан мешни тўкиб, қолганини сотишни ёки ёғни эгасига қайтаришни маслаҳат беради. Қайсидир маънода ақлли маслаҳат эди бу.

Бироқ, Ибн Сирин бунга кўнмади. "Ёғ мешларга солинишидан аввал ҳаммаси битта катта идишда сақланган, сўнгра мешларга солинган. Агар сичқон ўша катта идишга аввалроқ тушган бўлса, ёғнинг тамоми нопок бўлган бўлади. Шундай экан, бошқа мешлардаги ёғларни ҳам одамларга сотолмаймиз", деди. "Бордию уни эгасига қайтарсак, у одам уни бошқаларга сотади ва яна мусулмонларга зарар бўлади".

Шу тариқа, Ибн Сирин мазкур ёғнинг барчасини тўкиб ташлади. Лекин, тижорат ҳам қилолмагани учун қарзга ботиб қолиб, уларни тўлашга ожизлик қилди.

Қарз эгаси эса унинг устидан волийга шикоят қилиб, уни қаматтириб қўйди. Зотан, қадимдан мусулмон юртларда шундай тажриба бор эди, қарздор қарзини тўлай олмаса, у то тўлагунча зиндонбанд қилинарди. Ўзи зиндонда бўлса, қандай тўлайди, дерсиз. Бундан мақсад айнан ўзи тўлаши эмас, балки, унинг яқинлари, қариндошлари ҳаракатга тушиб, кўпчиликлашиб тўлашларидир. Ёхуд ўзида моли бўла туриб, гўё ўзини банкрот бўлгандек кўрсатаётган бўлса, қамаб қўйилгач, мазкур яширган молини бериб бўлса ҳам озодликка чиқишга уринади. Шу боис, қарзини тўлай олмаганлар ёки тўламаётганлар зиндонбанд қилинган ва бу ижобий натижа берган доим.

Ибн Сирин зуҳду тақвода, ҳусни хулқда чўққида бўлган улуғ тобеинлардан эди. У зотнинг тушларни таъбир қилишдаги фавқулодда қобилияти алоҳида мавзу.

Зиндон назоратчиси унинг гўзал хулқи ва тақвосини, кечаю кундуз қилаётган ибодатларини кўриб, уни яхши кўриб қолди ва бир куни уни чақириб "оқшом тушгач уйингга бориб оиланг бағрида бўл, кундузи қайтиб келаверасан ва ҳар куни шундай қилсанг бўлади, деди. Бироқ, Ибн Сирин буни рад этди. "Бу ишни қилмайман чунки, қарз эгаси билса бунга рози бўлмайди. Менинг зиммамда унинг ҳаққи бор ва шу боис ҳам бу ерда ўтирибман. Қолаверса, сенинг бу ишинг султонга хиёнат ҳисобланади. Мен бу ишда сенга ёрдамчи бўлиб қолишни истамайман", деди ва кечаю кундуз зиндонда қолишда давом этди.

Улуғ саҳобий Анас ибн Молик (разияллоҳу анҳу) вафотидан аввал ўз жасадини Муҳаммад Ибн Сирин ювиб, кафанлаб, унга жаноза ўқишини васият қилган эди. Ва у вафот этганда Ибн Сирин ҳануз зиндонда эди. Халқ Ибн Сиринни мазкур васиятни адо этиш учун озод этишини сўраб, волийга мурожаат қилишди. Волий уни мазкур васиятни амалга ошириш учун зиндондан чиқишга рухсат берди. Лекин, Ибн Сирин яна зиндонни тарк этишни рад этди. Ва қарз эгасидан ҳам бу иш учун рухсат олиб берсангиз чиқаман, деди, "чунки, унинг зиммамдаги ҳаққи туфайли бу ердаман. Агар у рози бўлмаса чиқа олмайман".

Одамлар бориб, қарз эгасини топиб, вазиятни тушунтирдилар ва у Ибн Сириннинг вақтинча зиндондан чиқишига рози бўлди.

Ибн Сирин Анас ибн Моликнинг васиятини адо этгач яна зиндонга қайтди.

У кейинчалик ўз бошига тушган мусибат сабабини бундай изоҳлайди: "бир куни бир одамга эй йўқсил(!), дегандим (йиллар ўтиб) худди шу нарса билан жазоландим (яъни ўзим ҳам йўқсилликка дучор бўлдим)".

Абу Сулаймон Дороний ушбу воқеа зикр қилинганда шундай деган эди: "уларнинг гуноҳлари кам эди шу боис, қай тарафдан балоланаётганларини билганлар. Бизнинг эса гуноҳларимиз кўпайиб кетганлигидан қай бири учун мусибатга дучор бўлаётганимизни ҳам билмаймиз" (Заҳабий, "сияру аъломин нубало").

Ҳақиқатан ҳам шундай эмасми?.. Дилозорлик, ўзгаларни менсимаслик, такаббурлик, ўзгалар ҳақидан ҳазар қилмаслик ва бошқа турдаги турли-туман гуноҳларимиз кўпайиб кетганлигидан устимизга келаётган нохушликлар уларнинг қайси бири туфайли келаётганини ҳам билмаймиз.
Бу воқеада яширинган нозик ибрат у кишининг қачонлардир бир инсонга "эй муфлис (йўқсил)!" деганлари учун муфлисликка йўлиққанлари эмас, балки, бошларига тушган ҳолатнинг айнан қайси гуноҳлари учун содир бўлганини аниқ билишларидир.

Мутакаббир инсон эса ҳеч қачон ўзини айбдор ҳис қилмайди, ўз хатосини нафақат ўзгалар балки, ўзи учун ҳам тан олмайди. Шу ҳолатга тушишдан Аллоҳ асрасин.
Баъзи амаллар борки, улар мусибатлар олдида бамисоли бир тўғон, балолар ёмғиридан сақловчи соябон, кутилмаганда зарба берадиган чақинлардан ҳимоя қилувчи яшинқайтаргич вазифасини бажаради.

Уларга эътиборсизлик қилиб, ташлаб қўйганимизда бало ва мусибатлар булутлари бошимиз узра тўпланиб қолади ва биз улар қаршисида ҳимоясиз қоламиз.

Шундай амаллардан бири силаи раҳм ҳисобланади. "Раҳм" бу луғатда она қорнини англатади. Бу сўз билан кишига отаси ва онаси тарафдан яқинлари ва қариндош-уруғлари назарда тутилади. Зеро, улар туғилиш ила бир-бирига боғланган инсонлардир. "Сила" эса арабча васл (уламоқ) сўзидан олинган бўлиб, жамлаш, бирлаштириш маъносини англатади.

"Силаи раҳм" истилоҳи эса қариндошлар билан алоқа қилиш, уларга эҳсон ва яхшиликлар қилиш, зиёрат қилиб туриш маъносига далолат қилади.

Имом Нававий айтади: "силаи раҳм бу восил (яхшилик қилаётган қариндош) ёки мавсул (ўзига яхшилик қилинаётган қариндош)нинг ҳолига кўра қариндошларга эҳсон қилмоқдир. Бу эҳсон гоҳо мол (пул) билан, гоҳида хизмат билан, бошқа вақт зиёрат ва салом бериш билан ҳам амалга ошади".

Бадруддин Айний: "силаи раҳм бу қариндошларни яхшиликларга шерик қилмоқдир", дейди.

Қариндошларга эҳсон маъносини ифода қилиш учун "сила" алоқа ва боғ (ип, ришта) маъносини берувчи сўз ишлатилишида ҳам ўзига хос ҳикмат яширинган. Зеро, қариндошларга яхшилик қилиб, уларнинг ҳолидан хабар олиш, зиёрат қилиб, оғирларини енгиллатиш ила хизматларини қилувчи инсон гўё ораларида туғилиш ва қон ришталари мавжуд бўлган инсонларни бир-бирига боғлаб, уларнинг ажралиб кетишларининг олдини олаётган бўлади.

Анас разияллоҳу анҳудан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлари ривоят қилинади:
"مَن أَحَبَّ أن يُبْسَطَ له في رزقِه ، وأن يُنْسَأَ له في أَثَرِهِ ، فَلْيَصِلْ رَحِمَه"

яъни: "ким ризқи кенг бўлиб, умри узун бўлишини истаса, қариндошларига яхшилик (силаи раҳм) қилсин" (Бухорий ривояти).

Қариндош-уруғчилик алоқаларини тиклаб, уларнинг ҳолидан хабар олувчи, уларга турли-хил яхшиликлар қилувчи инсонларнинг ризқи кенг бўлиши воқеликда кўп гувоҳи бўлганимиз ҳолатлардан биридир.

Силаи раҳм қилувчи инсонга бериладиган яна бир фазилат унинг умрига барака берилиши экан. Ҳадиси шарифда бу маъно "асари, изи кечиктирилиши яъни узайтирилиши" деган сўз билан ифода қилинган. Уни "ажали кечиктирилиши" деб тушунишимиз ҳам мумкин. Шунингдек, бундай инсон гарчи зоҳиран узоқ умр кўрмасада, умри давомида вақти, хайрли ишларига барака берилиб, вафот этгандан сўнг ҳам унинг асари, бу дунёда ўзидан кейин қолдирган изи узоқ вақт яшашишига ҳам далолат қилади.

Бирру-л-волидайн (ота-онага яхшилик қилиш) ва силаи раҳм (қариндошларга яхшилик қилиш) Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда бот-бот такрорланган, таъкидланган ва буюрилган ишлардандир.

Агар қайсидир инсоннинг ризқи тор қилиб қўйилган бўлса, ўзини яхшилаб сарҳисоб қилсин. Эҳтимол, ўз ота-онаси (ёки аёл киши бўлса бирга яшаётгани қайнона ва қайнотаси)нинг ҳақларини чиройли суратда адо қилмаётгандир, уларни хорлаб, соғлик-саломатликлари ва ейиш-ичишларига қарамай эътиборсиз ташлаб қўйгандир.

Албатта, ҳар бир ризқи тор қилиб қўйилган инсон илло-ки, силаи раҳм қилмайдиган, ота-онасини ташлаб қўйган инсон бўлиши шарт эмас, бунинг сабаблари кўп. Баъзилари дунёвий сабаблар билан вужудга келади. Баъзилари бошқа ибодатларга, бошқа фарзларга бефарқликлан келиб чиқади. Аммо, ризқ торлигининг кўплаб сабаблари ичида силаи раҳм қилмаслик ҳам бор.

Араблар "жазо амалнинг жинсидан бўлади" деганларидек бахил инсон, ҳатто ўз ота-онаси ва жигарларига ҳам бахиллик қиладиган хайри йўқ инсонга Аллоҳ ҳам айни ўзининг амали жинсидан бўлган муомала билан юзланади. У ўз хайрини ўзгалардан тутиб қолиб, мумсиклик қилгани каби Аллоҳ ҳам Ўз хайротларини ундан тутиб қолади.

@ziyo_ashraf
Аянчли воқеа

Бехзод Халилов исмли фейсбук дўстимиз ёзяпти:

Кеча 17 ёшли бола қимор ўйнаб, ўзини осиб, кутилмаган бир хат қолдириб кетди‼️

1 май куни маҳалламизда яшовчи Жавлон исмли йигит ўзини осиб қўйди. 2008 йилда туғилган бу боланинг қолдирган хати ҳаммани шокка солиб қўйди. Хатни ўқиб, унинг отаси ҳам ўзини осиб қўйди. Боланинг онаси хатни очиб ўқиганида унда шундай сўзлар ёзилган экан:

«Она… кечиринг, сизни азобга солдим. Дада, кечиринг сиз истагандек ўғил бўлолмадим. Дада нега мени ўзимни ҳаётимда яшашга қўймадиз? Нега доим кимларгадур ўхшашимни истадиз. Сиз доим пул ҳақида ўйлайсиз, мени яхши кўрмайсиз! Мен пул топиш учун қимор ўйнадим. Сиз доимо менга ўрнак қилиб келадиган Мурод аканинг ўғлига ўхшаб, телефон орқали кўп пул топмоқчи эдим. Афсуски, бор пулимизни йўқотдим. Буни билиб қолсангиз, яна миннат қиласиз, яна устимдан куласиз, яна палончига ўхшасанг бўлмайдими, дейсиз. Мен бундай яшашни истамайман.
Дадамга Мурод аканинг ўғлидек ўғил керак бўлса, менга унинг отасидек мақтайдиган, қўллаб-қувватлайдиган ота керак эди.
Менинг ўлимим тасодиф эмас… бу сизнинг «нега қўшнининг ўғлидек бўлмайсан?» деган гапларингиз оқибати. Хайр.»

Онаси ёлғиз ўғлидан қолган бу хатни очиб ўқиганда, йиғидан сув бўлиб кетди. Отаси оқариб кетди, қўллари титраб, овоз чиқара олмади. У хонадан чиқиб кетди. Ҳамма унинг ортидан қўрқиб чиқиб қараса, у маҳалла четидаги дарахтга ўзини осиб қўйган эди. Қўлида кичик қоғоз бор эди:

«Жавлон, кечир мени… сен ҳақ эдинг.»

Хадисларда келадики: «Аллоҳ сизларга фарзандларингиз орасида адолатли бўлишингизни буюради.»
(Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти)

Бу ҳадислардан шундай хулоса чиқара оламизки, фарзандни бировнинг боласига таққослаб, уларни бир-биридан афзал ёки кам деб ҳисоблаш ёмон, чунки ҳар бир фарзанднинг ўз хусусиятлари, истаклари ва эҳтиёжлари бор. Ота-она уларга бирдек муҳаббат ва эҳтиром кўрсатиши керак.

---------------------------------------------

Афсуслар бўлсинки, ўз фарзандига зарар етказадиган жоҳил ота-оналар орамизда кўп. Улар учун болага нимадир бериш, ривожлантириш, ўқитиш ва бу йўлда машаққат чекиш деган олий тушунчалар бегона.

Болага ҳеч нарса бермай туриб, унга ҳеч қандай оналик қилмай, меҳр бермай ёки оталик қилмай, ундан пул топиб келишини талаб қиладиган ақлсиз инсонлар бор.

Бундай жоҳиллар боладан пул топишини ниқтайвергач, охири бола ҳаром йўлларга бош уришга мажбур бўлади. Кейин, фожиа юз беради.

Замонни, шароитни ва ҳеч нарсани ҳисобга олмай, болага ўқиш ва ишларида ёрдамлашмай фақат пул топиб келишини талаб қилган билан иш битмайди. Бундай аҳмоқона тутум фарзандга фақат зарар келтиради.

Ҳурматли ота-оналар, фақат бугун билан яшаманг. Болангизни ўқитинг, ривожлантиринг. Унга бераётган овқатингизни миннат қилманг. Ҳар куни тўполон қилиб, унга босим ўтказманг. У хоҳлаб, Сиздан илтимос қилиб, уйингизга келмади. Уни Аллоҳ таолодан сўраб олдингиз.

Шундай экан, фарзандингизни яхши кўринг, унга меҳр беринг, ривожлантиринг, ёрдам беринг. Ва бироз сабр қилинг, вақт беринг. Вақти келади, ишлари ривожланиб, унинг ўзи қилган яхшиликларингизни ортиғи билан қайтаради.
БАҚИРОҚ ОНА

Қаршида домдаги қўшним жуда асабий ва бақироқ; бақирганда қўшни девор менинг фарзандларим ҳам қўрқиб кетар даражада. Деярли ҳар куни. Балки, руҳий ҳолати мавжуд.

Ёнидаги яна бир қўшни фарзандларини аёвсиз дўппослайди. Аслида бундай оила фарзандларига ҳуқуқий ҳимоя керак. Фарзандларга ачинаман.

Америкада болалар шундай кўринишдаги ота-оналарини судга бериши, мана, қандай келиб чиққан.

Фарзандларини ҳар куни уриб-сўкадиган, эри-хотиннинг боши кунда-кунора урушдан чиқмайдиган ота-оналар келажакда фарзандларидан меҳр кутмасин. Ҳаш-паш 10-15 йилнинг қорасида сиз қарийсиз, улар кучга тўлади.

Онанинг фақатгина “Мен сени туғиб қўйганман!” мазмунида ҳақ талаб қилиши мантиқийдир , аммо, аёвсиз сўкиш, камситиш ва уришларда катта бўлган фарзанд ота-онасига меҳрибон бўлиши қийин. Бу шунчаки табиийликдан келиб чиқадиган воқелик.

Хулласи, нима эксанг, келажакда шуни ўрасан. Меҳр эксанг, меҳр, ғазаб эксанг, ғазаб. Бу оддий қонуният.

Кучим бор экан деб ҳаётнинг бор аламини ожиз фарзандингиздан олаверманг; 10-15 йил ўтади-кетади.

Umidjon Ahunjanov фейсбук саҳифасидан олинди.
Ўзганинг ҳақидан ҳазар қилиш деган гап бор, халқимизда. "Ҳазар қилиш" ўта эҳтиёт бўлиш, ниҳоятда ўзни нари қилишни англатади ва бу сўз шунчаки, ўзганинг ҳақини ўзлаштирмаслик маъносидан кучлироқ ва балоғатлироқ маънони ифодалайди. Бундай сўзни айтувчи инсон ўз ҳақи бўлмаган нарсани олишдан жирканади, буни асло ўзига раво кўрмайди, ҳаром луқмадан нафратланади. Бундай инсон ҳеч бир шаклда ўзгалар ҳақига тажовуз қилмайди.

Лекин, бировнинг ҳақидан ҳазар қилиш тугул уни бемалол, заррача виждони қийналмай ейдиган, ўғирлайдиган, ўзлаштириб оладиган пасткаш одамлар бор. Аллоҳ таоло шундайларга инсоф берсин.

@ziyo_ashraf
Қуръон ўқиш буюк фазилатга эга. Бунда инсон ухровий ажру савоблар қўлга киритади, қалби юмшайди, Аллоҳ билан иртиботи мустаҳкамланади. Аллоҳ таоло баъси суралар ва айрим оятларни бошқаларидан зиёда фазилат билан хослаган. Хусусан, муайян вақтларда ўқилса уларнинг фазилати янада ортадиган қилиб қўйган.

Шундай суралардан бири Каҳф сурасидир. Унинг фазилати ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар ворид бўлган. Айниқса, бу сурани жума куни ўқиш алоҳида фазилатга эга.

Абу Саид Худрий (разияллоҳу анҳу)дан Ҳофиз Найсубурий (Ҳоким) Мустадракда ривоят қилган ва саҳиҳ санаган ҳадисда шундай дейилади:

"من قرأ سورة الكهف في يوم الجمعة، أضاء له من النور ما بين الجمعتين"

Маъноси: "ким жума куни Каҳф сурасини ўқиса, унга икки жума орасида зиё бериб турадиган нур ҳосил бўлади".

Ушбу ҳадиси шариф улуғ маъноларни ўз ичига олган. Жума куни Каҳф сурасини ўқиш кишига шундай бир нурни жалб қиладики, у кейинги жума келгунга қадар унинг йўлини ёритиб туради, қалбига сукунат ва хотиржамлик бахш этади, гуноҳ маъсиятлардан тийилишига ёрдам беради. Аллоҳ унинг қалбига бир нур, шуъла ато этади, токи, унинг-ла қалби мунаввар бўлиб, кейинги жума келгунга қадар турли қоронғу йўлларга кириб кетмасин, шайтоний ишлардан узоқ бўлсин, ғафлат домида тоатлардан маҳрум бўлмасин.

Демак, бу нур маънавий бир нурдир. Шунингдек, Аллоҳ таоло унинг бу ишидан фақат фаришталар кўра оладиган ҳиссий нур яратиши ҳам мумкин.

Шундай экан, қалб нурингизни заифлаштириб қўйманг. Иймон нури шундай нарсаки, унга тоатларимиз билан қувват бериб туриш мақсадга мувофиқ. Тонги ва кечки зикрлар, вақтида хушу ва хузу билан ўқиладиган намозлар, Қуръони карим тиловатлари қалбимизни ёриштириб, унга сайқал беради, руҳимизга хотиржамлик ва сакинат бағишлайди. Қарабсизки, секин-аста Аллоҳ билан алоқангиз мустаҳкамланиб, Унга қурбат ҳосил қила бошлайсиз.

Бир устозим айтган эдилар, инсон бир онда тақводор бўлиб, Аллоҳга яқин бўлиб қолмайди. Бу йиллар давомида нафсни тарбиялаш, ўзини ислоҳ қилиш, тоатларга кўникма ҳосил қилиш орқали амалга ошириб борилади ва бу ишлар Аллоҳнинг тавфиқи ва ёрдамисиз асло ҳосил бўлмайди. Шунинг учун мудом Аллоҳдан тақво ва ҳидоят сўрашни лозим тутиш даркор. Ҳидоятда бўлган ҳолингизда ҳам ҳидоят ва истиқомат сўрашдан тўхтамаслик лозим.

Яна у киши айтардиларки, аввал оддий одамлар сингари, авом намозидек намоз ўқиймиз, кейин намозда ўқиётган оятларимизнинг мағзини чақиб, тадаббур билан ўқишга одатланамиз ва солиҳлар намозидек намоз ўқиймиз, ундан кейин валий зотлар намозидек намоз ўқишга ўтамиз ва шу тариқа ўзимизни ва ибодатларимизни ислоҳ қилиб бориб, пайғамбарлар каби намоз ўқишга ўтамиз. Мана шунда киши намозга бошлар экан бу дунёдан буткул узилади, ортиқ Раббиси ҳузурида турганини англайди ва қалби билан бирга бутун тана аъзолари хушу ва хузу нималигини ҳис қилади. Бундай инсон Аллоҳни кўриб тургандек ибодат қила бошлайди ва бу исломнинг энг юқори эҳсон мартабасидир. Намозлар, ибодатлар шу тарзда пастдан тепага юксалиб бориши керак. Ана шунда инсон тоат ҳаловатини топади.

Айтингчи, шу даражага етган инсон бировни ғийбат қиладими, туҳмат қиладими, қалбига озор берадими, кимдандир нафратланиб, қалбини иллатга тўлдирадими, кимгадир адоват қилиб юрадими, молпараст ва шуҳратпараст бўладими?!.. Асло бўлмайди. Чунки, у аълони аднога алмаштирмайди, бунинг ҳамоқат эканини билади.

Агар ўз ҳолимизга бироз шу тарафдан ҳам назар солсак бизни анча камтарлаштириб, бошимизни бироз қуйи солишга ундайдиган минглаб сабабларни кўрамиз. Минглаб ислоҳ қилишга муҳтож бўлган камчиликларимиз бор. Лекин, ҳеч ўзимизга юзланмаймизки, уларни кўрсак!.. Қалбимизга боқмаймизки, унда бижирлаб ётган риё, ужуб, кибр каби иллатларни пайқасак!..

@ziyo_ashraf