#мутолаа_завқи

Янги қитъа кашфиётчиси Христофор Колумбга ҳасад қиладиганлар кўп эди. Ҳасад бор жойда албатта ғийбат бўлади. Денгизчи бир гал қовоқхонага кирса, бир тўда аламзадалар яна Колумбнинг томорқасига тош отишаётган экан:

Денгиздан сузиб ўтиб, қуруқликка бориш нима деган гап? Буни биз ҳам қила оламиз!

Христофор улар ўтирган стол яқинига боради ва қовоқхона эгасидан бир дона пишмаган тухум сўраб олади.

– Жаноблар, сизлар уддабурон ва доносизлар. Бунга шубҳа йўқ. Қани, мана шу тухумни тик турғазиб беринглар-чи!

Ғийбатчилар гуруҳи ҳар қанча уринмасин, бу ишни уддалай олмайди.

– Бўпти, ўзинг қил-чи! – дейишади ниҳоят.

Колумб тухумни олади-да, “тирс” этказиб столга уради. Тухумнинг уч қисми бироз пачоқ бўлади ва у тик туриб қолади. Фавқулодда ҳолатни кутаётган ғийбатчилар бирданига гувраб юборади:

– Э-э, шуям ишми? Буни биз ҳам қила оламиз!

– Тўғри, – деб жавоб беради машҳур денгизчи. – Фақат Колумбдан кейин.

🔖https://t.iss.one/haqiqatonline