O'zLiDeP | УзЛиДеП | UzLiDeP
7.93K subscribers
29.3K photos
3.14K videos
47 files
14.9K links
O'zLiDePнинг расмий саҳифаларига уланинг
https://taplink.cc/uzlidep
Download Telegram
​​🔴 #LIVE

«Биз чет давлатлар учун мутахассислар тайёрлаб беришни мақсад қилмаганмиз» - Шавкат Мирзиёев

Албатта, биз ёшларимизга олий таълим беришни кенгайтириш мақсадида яна янги олий ўқув масканларини ташкил қиламиз. Лекин, уларни битирган фарзандларимиз эртага қаердан иш топади, деган ҳаётий савол ҳаммамизни ўйлантириши керак. Бугунги шиддатли замонда, глобал миқёсда рақобат кучайиб бораётган мураккаб вазиятда юксак интеллектуал салоҳиятга эга кадрларга ҳамма жойда эҳтиёж бор.

Агар биз ёшларимизга муносиб даромадли, қулай шароитли иш топиб бера олмасак, улар четдан бўладиган таклифлар ҳақида ўйлайди. Албатта, ҳозир ҳамма эркин, хоҳлаган мамлакатида ишлаши мумкин. Лекин мен шу юртнинг нон-тузини еб, шу ерда камол топган ҳар бир мутахассис аввало шу юрт манфаати учун хизмат қилишини хоҳлардим. Чунки, биз чет давлатлар учун мутахассислар тайёрлаб беришни мақсад қилмаганмиз.

Биз янги Ўзбекистонни, Учинчи Ренессансни хорижда эмас, жонажон ватанимизда бунёд этмоқчимиз. Бунинг учун ҳар томонлама кучли мутахассисларимизга, иқтидорли ўғил-қизларимизга уларнинг эҳтиёж ва қизиқишларига мос иш топиб беришимиз, ўз навбатида, улар ўзларининг бор билим ва салоҳиятини мамлакатимиз равнақи учун сарфлаши зарур. Шундагина, биз ташкил қилаётган янги институтлар, университет ва академиялар ўзини оқлайди.

#uzlidep #Mirziyoyev #saylov2021 #insonqadriuchun

Сайт | Facebook | Instagram | TikTok | Twitter | YouTube
​​🔴 #LIVE

Шавкат Мирзиёев: “Тошкент яшаш учун қулай шаҳар”га айланиши бўйича барча шароитлар яратилади

2026 йилга бориб пойтахт аҳолиси 3,2 миллион нафардан ортиши кутилмоқда. Яна ярим миллиондан зиёд одам кунига шаҳарга келиб кетади. Бу, ўз навбатида, шаҳар инфратузилмаси, таълим, тиббиёт, жамоат транспорти, уй-жой коммунал ва бошқа барча соҳаларга юкламанинг анча ошишига олиб келади. Шуларни инобатга олиб, келгуси беш йилда Тошкент шаҳрини ривожлантириш бўйича таклифлар тайёрланди. Энг аввало, келгуси беш йилда “Тошкент яшаш учун қулай шаҳар”га айланиши бўйича барча шароитлар яратилади.

Хабарингиз бор, шаҳар ҳудуди жорий йилда 8 минг гектарга кенгайтирилди. Пойтахтнинг архитектураси ва қиёфасини сақлаб қолиш мақсадида, ушбу ҳудудда “Янги Тошкент” концепцияси амалга оширилади ва босқичма-босқич шаҳар шарқий йўналишга қараб кенгайтирилади.

Жумладан, Бектемир туманида 20 минг хонадонли замонавий массив барпо этилиб, боғча, мактаб, тиббиёт муассасаси ва дам олиш марказлари қурилади. Янгиҳаёт туманида инфратузилмага яқин ҳудудда, йирик массив шаклида 200 та кўп қаватли уйлар қурилиб, 10 мингдан ортиқ оиланинг турмуш шароити яхшиланади.

Умуман, Тошкент шаҳрига қўшилган ҳудудларни яшаш учун ҳар томонлама қулай қилиш мақсадида, алоҳида дастур қабул қилиниб, бу ерда истиқомат қилаётган 100 мингдан зиёд аҳолининг яшаш шароити яхшиланади. Шунингдек, ушбу ҳудудларда янги корхоналар, саноат зоналари, аҳоли дам олиш масканлари, иқтисодий ва ижтимоий объектлар қурилади.

Шу билан бирга, шаҳар ҳудудидаги авария ҳолатига келган, 60-70 йил аввал қурилган кўп қаватли уйлар ўрнига, замонавий турар-жойларни барпо этиш бўйича “реновация дастури” амалга оширилади. Бунда, ушбу уйларда яшайдиган аҳолини рози қилиб, уларга янги уйлардан мақбул таклифлар берилиши шарт.

Мисол учун, Янгиҳаёт туманининг “Спутник” мавзесидаги яшашга яроқсиз ҳолга келиб қолган 400 дан зиёд 2 қаватли ёғоч уйлар ўрнида янги кўп қаватли уйлар қурилиб, 4,5 минг оила янги замонавий хонадонлар билан таъминланади.

Тошкент шаҳрида мавжуд кўп қаватли уй-жойлар орасидаги бўш ерларда ҳар қандай қурилишлар қилишга чек қўйилади. Кўп қаватли уй-жойларга туташ ҳудудлар фақатгина ушбу уй мулкдорларига доимий фойдаланиш учун бириктирилади. Умуман, келгуси беш йилда пойтахт аҳолиси учун 100 минг хонадонли кўп қаватли, энергия тежамкор уйлар қурилади.

Энди шаҳарни шарқ томонга қараб кенгайтирамиз ва қурилишларни ҳам асосан шу томонда, ҳозирги Тошкентдан ташқарида олиб борамиз. Шаҳар ичида фақат яшил ҳудудлар барпо қиламиз. Эски уйларни таъмирлаб бўлмайди, ҳаммани рози қилиб, уйларни бузамиз. Кимдир жойида қолмоқчи бўлса, уни қолдирамиз. Лекин ўйлайманки, вақти келиб ҳамма рози бўлади. Бу даргоҳдан ҳеч ким норози бўлиб чиқиб кетиши мумкин эмас.

#uzlidep #Mirziyoyev #saylov2021 #insonqadriuchun

Сайт | Facebook | Instagram | TikTok | Twitter | YouTube
​​🔴 #LIVE

Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳар сайловчилари билан учрашув давомида Ислом цивилизацияси марказининг аҳамияти ҳақида гапирди

Азалдан Тошкент шаҳри – миллий давлатчилигимизнинг юксак тараққий этган марказларидан бири бўлган, десак айни ҳақиқат бўлади. Қарийб уч минг йиллик Шоштепа, 2200 йиллик тарихга эга Мингўрик ёдгорликларидан топилган ноёб экспонатлар ҳам шундан далолат беради.

Абу Райҳон Беруний, Маҳмуд Кошғарий сингари улуғ мутафаккирлар асарларида Шош, яъни, Тошкент эли мард, жасур, ўз юрти ҳимоясига ҳамиша тайёр, қўли очиқ ва сахий инсонлар сифатида таърифланган.

Бу заминда таваллуд топган, Шоший, Тошкандий тахаллуслари билан фаолият кўрсатиб, бебаҳо асарлар яратган юзлаб улуғ зотлар дунёвий ва диний илмлар бўйича ўз замонасининг тенгсиз олимлари ҳисобланган.

Сузук ота мақбараси каби муҳташам мажмуалар бунёд этаётганимиз, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини қураётганимиздан барчангиз яхши хабардорсиз.

Мен бежиз бу жойдан пулни аямаяпман. Ислом цивилизацияси марказига кириб чиққан одам ўзгариб чиқиши керак. Масалан, Беруний тарихини ўрганмоқчи бўлган инсон буюк олим тилидан сўзланган овозни эшитади.

Ғалаба боғини ҳам бежизга барпо қилмадик. Бу ҳам бизнинг тарихимиз, қанча қанча юртдошларимиз жанг майдонларидан қолиб кетишди, фронт ортида меҳнат қилишди. Буни унутиб бўлмайди.

#uzlidep #Mirziyoyev #saylov2021 #insonqadriuchun

Сайт | Facebook | Instagram | TikTok | Twitter | YouTube
​​🔴 #LIVE

Шавкат Мирзиёев: Тошкентда ҳавода чанг миқдори белгиланган меъёрлардан 2 баробар кўп

Қурилиш майдонларида чангни бостирувчи замонавий усуллар ва технологиялар кенг жорий қилиниши шарт ва зарур бўлади. Энди шаҳарда “яшил ҳудуд”ларни кўпайтириш, устувор вазифаларимиздан бири бўлиб қолади. Келгуси йилда ҳар бир туманда сайилгоҳ ҳамда шаҳар бўйича 25 та “яшил ҳудуд” ва аллеялар ташкил этилади.

Шаҳар ҳудудидан оқиб ўтувчи 28 та каналнинг 111 километр қирғоқлари мустаҳкамланади ва сайилгоҳлар ташкил этилади. Шунингдек, пойтахтнинг 60 километр канал бўйлари, 250 километр пиёда йўлаклари атрофига манзарали дарахтлар экилади. Тошкент катта ҳалқа йўлининг атрофида манзарали дарахтлар экилиб, ихотазорлар ташкил этиш орқали “яшил белбоғ” яратилади ҳамда пиёда ва велойўлаклар ташкил этилади.

Чирчиқ дарёсининг шаҳардан ўтувчи 16 километр қисмини ободонлаштириш ҳисобига 306 гектар майдонда рекреацион зона, пиёда йўлаклари, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларини қамраб олган “Дарё бўйи” мажмуаси барпо этилади. Натижада шаҳардаги “яшил майдонлар” улуши ҳозирги 16 фоиздан 30 фоизга етказилади.

#uzlidep #Mirziyoyev #saylov2021 #insonqadriuchun

Сайт | Facebook | Instagram | TikTok | Twitter | YouTube
​​🔴 #LIVE

Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги тирбандликлар муаммоси қандай ҳал этилишини айтди

Тошкент шаҳар аҳолиси ва уларнинг даромадлари ошгани ҳисобига сўнгги йилларда шахсий автотранспортлар 2-3 баробар кўпайиб, кунига шаҳар кўчаларида 700-800 мингдан зиёд транспорт ҳаракатланмоқда.

Бу тирбандликларни келтириб чиқариш билан бирга, экология, пиёда ва йўловчилар хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Лекин, пойтахтнинг жамоат транспорти ва йўл инфратузилмаси бу муаммоларга ҳали муносиб жавоб қайтара олмаяпти. Шаҳарда ерости ва ерусти пиёда ўтиш йўлаклари, автотураргоҳлар етишмайди.

Шунингдек, пойтахтда 500 дан зиёд катта чорраҳалар мавжуд бўлиб, уларнинг 200 тасида транспорт воситаларини ўтказиш даражаси паст. Жамоат транспортидан бор-йўғи 33 фоиз йўловчи фойдаланмоқда. Масалан, бугунги кунда 80 та йўналишдаги автобусларнинг интервали тиғиз пайтларда 30 минутгача кечиккани аҳоли норозилигига сабаб бўлмоқда. Шу боис, келгуси беш йилда шаҳарда ўзаро узвий боғланган барча транспорт турларини ривожлантириш дастури қабул қилинади.

Бунда: ерусти транспорти ва метро йўналишлари кесишувида 16 та йирик автостанциялар; Чилонзор, Юнусобод ва Яшнобод туманларидаги шаҳарга олиб кирувчи 6 та метро бекати атрофида автотураргоҳлар; марказий кўчаларда 40 минг автомобиллар учун 80 та кўп қаватли автотураргоҳлар; тирбандлик юқори бўлган кўчаларда 21 та йўл ўтказгичлар қурилади; ерусти ҳалқа метрополитени йўлининг 7 та бекатдан иборат 13 километр узунликдаги “Қўйлиқ-Қипчоқ” участкаси қурилиши якунига етказилади.

Шунингдек, йўл ҳаракатини “ақлли тартибга солиш” тизими жорий этилиб, бунга шаҳарнинг 500 та йирик чорраҳаси уланади, 200 га яқин мунтазам автобус йўналишлари ташкил этилади, жамоат транспорти паркини янгилаш учун 400 та замонавий автобус, 700 та электробус олиб келинади, 90 та янги замонавий метро поездлари олиб келиниб, йўловчилар ташиш қуввати 2 баробарга оширилади.

Автобуслар қатновини субсидиялаш тизими ҳам қайта кўриб чиқилади. Энди ташувчиларга субсидиялар йўловчи сонига эмас, балки йўналиш ва қатновлар сонига қараб берилади. Шунингдек, кундан-кунга ҳаётимизга кириб келаётган янги технологияларни инобатга олиб, электромобиллардан фойдаланиш ҳамда уларга хизмат кўрсатиш мақсадида 50 та қувватлаш станцияси ва бошқа инфратузилмалар яратилади.

Бундан ташқари, 1,8 минг километр автомобиль йўли ва ички кўчаларни таъмирлашга 3 триллион 200 миллиард сўм маблағлар йўналтирилади.

#uzlidep #Mirziyoyev #saylov2021 #insonqadriuchun

Сайт | Facebook | Instagram | TikTok | Twitter | YouTube
​​🔴 #LIVE

Тошкент шаҳридаги ҳар бир маҳаллага 10 миллиард сўмдан ажратилади - Шавкат Мирзиёев

Жорий йилда пойтахт аҳолиси билан учрашганимда маҳаллаларни обод қилиш бўйича олдимга кўплаб муаммоларни кўтариб чиқишди. Буларни ҳал қилиш учун ҳар бир маҳаллага 2 миллиард сўм берилгани, маблағлар жамоатчилик таклифлари ва уларнинг бевосита назорати остида сарфланаётгани ўз самарасини берди.

Ушбу тажрибани тизимли давом эттириб, ажратилаётган маблағларни янада кўпайтирамиз. Бунинг учун 575 та маҳаллани ривожлантириш бўйича шаҳар ҳокимлиги қошида алоҳида жамғарма ташкил этилади ҳамда ҳар бир маҳаллага 10 миллиард сўмдан ажратилади. Бу шаҳар бўйича қарийб 600 миллион доллар маблағ деганидир.

Бунда, ушбу маблағларнинг 5 миллиард сўми аҳоли таклифлари асосида, очиқ ва шаффоф “Фуқаролар бюджети” тизимидан фойдаланиб, энг долзарб бўлган ижтимоий ва коммунал лойиҳаларга сарфланади. Яна 5 миллиард сўми эса маҳаллада бандликни таъминлаш, кичик ва оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади. Ушбу маблағдан самарали фойдаланишга янги иш бошлайдиган ҳоким ёрдамчилари масъул бўлади.

Умуман олганда, Тошкент шаҳар ҳокимлигида Пойтахт иқтисодиёти ва урбанизация масалалари билан тизимли шуғулланадиган илмий марказ очилади. Ушбу марказ аҳоли орасида доимий сўровлар ўтказиб, мавжуд муаммоларнинг илмий ечимларини ишлаб чиқади.

#uzlidep #Mirziyoyev #saylov2021 #insonqadriuchun

Сайт | Facebook | Instagram | TikTok | Twitter | YouTube
​​🔴 #LIVE

«Мен бежиз Жанубий Кореяга кўп тўхталмайман, уларнинг бирорта табиий бойлиги йўқ» – Шавкат Мирзиёев инсон потенциалига тўхталди

Мен Жанубий Корея ислоҳотларини кўп ўрганганман, ўрганаман. Бежиз бу давлат ҳақида кўп тўхталмайман. Уларнинг бирорта табиий бойлиги йўқ, лекин 60 йил ичида уруш кўрган қашшоқ давлатдан энг ривожланган давлатлар қаторига қўшилди. Биз ҳам мустақил бўлганимизга 30 йил бўлди-ку.

Жанубий Корея етакчилари бир вақтлар уйма-уй юришган, “Ҳой фалончи, нега сенинг фарзандинг уч кундан бери мактабга бормаяпти?” деган аниқ савол қўяди. Фарзандларининг таълимига жиддий эътибор беришади. Мен ҳам маҳалладан ана шундай ташаббуслар кутяпман. Маҳалла ҳар бир жараёнда иштирок этиши керак.

Мана, Кореяда хизмат турларининг ўзи 1000 тадан ортиқ, бизда эса Тошкент шаҳрида энди 70 тага етказдик. 1000 та қаёқда-ю, 70 та қаёқда? Ҳаммамиз бир нарсани билиб олайлик – Тошкент шаҳрида ҳали муаммоларимиз кўп. Ҳаммамиз белимизни маҳкам боғлаб ишлашимиз керак.

Мен маҳаллага шунчаки пул ажратмайман, 600 млн доллар катта маблағ. Қаттиқ назорат бўлади, жамоатчилик кузатиб туради. Президент юрган йўллар ҳар бир маҳаллаларда бўлиши керак. Наманган гуллар шаҳри дейилади, нега Тошкент гуллар шаҳри бўлмаслиги керак.

#uzlidep #Mirziyoyev #saylov2021 #insonqadriuchun

Сайт | Facebook | Instagram | TikTok | Twitter | YouTube
​​🔴 #LIVE

Тошкент халқаро молиявий маркази барпо этилади

“Тошкент – бизнес учун улкан имкониятлар шаҳри” дастурини амалга ошириш орқали келгуси беш йил ичида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 200 триллион сўмга етказилиб, қарийб 2 баробарга ўсиши таъминланади.

Келажакда Тошкент шаҳрини илғор инновацион ва инвестицион ҳудудга айлантирамиз. Шаҳарда жойлашган оғир саноат корхоналари пойтахт ташқарисига босқичма-босқич кўчирилади. Шаҳарда эса юқори технологияли инновацион тармоқлар – электроника ва электротехника, Ай-Ти инжиниринг, биотехнология корхоналари жойлашади.

“Ўзэкспомарказ” ҳудудида Тошкент халқаро молиявий маркази барпо этилади ва унда фаолият юритадиган халқаро банклар, молиявий институтлар, юридик, консалтинг ва инвестицион компанияларга қулай шароитлар яратилади. Ушбу марказ нафақат Ўзбекистон, балки минтақамиз учун Инвестициялар хабига айланади.

Шаҳар учун алоҳида Илғор лойиҳалар ва инжиниринг маркази очилади. Шунингдек, кадрлар захирасини яратиш мақсадида, “таълим – илм – тадқиқот” тамойили асосида ҳар бир олийгоҳ ўқув дастурлари “яшил” ва “рақамли” иқтисодиётга йўналтириш учун трансформация қилинади. Ушбу тизимнинг ўзаги Янги Ўзбекистон университети бўлади.

Ҳар бир туманда Инновация ва технология маркази ҳамда “лойиҳа гуруҳлари” ташкил этилиб, уларда давлат-хусусий шериклик асосида алоҳида технопарк ва Ай-Ти мактаби фаолият юритади. Истиқболли лойиҳаларга Тўғридан тўғри инвестициялар жамғармаси 30 фоиз улуш билан киради ва бунга 200 миллион доллар ажратилади.

Янги ташкил этиладиган Ўзбекистон тараққиёт банки томонидан Тошкент шаҳри тадбиркорларига қулай шартларда узоқ муддатли кредитлар ажратиш учун 1 миллиард доллар ресурслар тижорат банклари орқали эмас, балки тўғридан тўғри йўналтирилади. Пойтахтга инвестиция ва илғор технологиялар, энг нуфузли халқаро компанияларни кенг жалб қилиш учун келгуси йили “Тошкент халқаро инвестиция форуми” ўтказилади. Бу орқали қўшимча 10 миллиард доллар инвестицияларни жалб қилиш имкониятини яратамиз.

Умуман, Тошкент шаҳрида кейинги беш йилда 14 миллиард долларлик 2 мингга яқин инвестиция лойиҳалари амалга оширилиб, 250 мингта янги иш ўринлари ташкил этилади. Тошкент шаҳри атрофида “саноат белбоғи” ташкил қилиниб, Бектемир, Сергели, Яшнобод ва Янгиҳаёт туманлари юқори даромад келтирувчи саноат тармоқларига мослаштирилади.

#uzlidep #Mirziyoyev #saylov2021 #insonqadriuchun

Сайт | Facebook | Instagram | TikTok | Twitter | YouTube
🔴 #LIVE

Фарзандини хусусий боғча ва мактабларга берганларга солиқ имтиёзи берилади

Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги сайловчилар билан учрашувда таълим сифати ҳақида тўхталиб ўтди.

«Айрим шаҳар мактабларида битта синфда 45-50 тагача болажонларимиз ўқиётганидан яхши хабардорман.
Давлат боғчасига фарзандини бераман деб, ойлаб, ҳатто йиллаб навбат кутаётган оилалар ҳам бор.

Шу боис, фарзандларини хусусий боғча ва мактабга берган ота-оналар, енгилликлар беришимизни кутаяпти.

Энди, хусусий мактаб ва боғчалар учун, ойлик 3 миллион сўмгача тўловдан даромад солиғи олинмайди. Бу – ҳар бир фарзанд тўловидан ойига 400 минг сўмгача маблағ рўзғорда қолади, дегани», — деди Шавкат Мирзиёев.

#uzlidep #Mirziyoyev #saylov2021 #insonqadriuchun

Сайт | Facebook | Instagram | TikTok | Twitter | YouTube
​​🔴 #LIVE

Тошкент шаҳрида интернет тезлигини 5 баробарга ошириш режалаштирилган

Келгуси беш йилда шаҳарда интернет тезлигини 5 баробарга, рақамли хизматлар ҳажмини 3 баробарга ошириш режалаштирилган.

Шу мақсадда, “Рақамли Тошкент” ва “Ақлли шаҳар” дастурлари амалга оширилиб, улар доирасида: шаҳарда қуриладиган ҳар бир кўп қаватли уй-жой, таълим, тиббиёт, маданият ва бошқа объектлар юқори тезликдаги интернет тармоғи билан жиҳозланиши шарт бўлади; мавжуд 2 мингта тиббиёт ташкилотлари, боғча, мактаб, олийгоҳ ва маҳалла идоралари юқори тезликдаги интернет тармоғига уланади; барча метро станциялари, автобус бекатлари ва бошқа жамоат жойлари симсиз интернет тармоғи билан таъминланади; давлат хизматлари ва пенсия тизими тўлиқ рақамлаштирилади; шаҳар аҳолиси учун ягона тиббий карта, тиббий суғурта ва электрон рецепт ахборот тизимлари ишга туширилади.

Шунингдек, барча туманларда “Хавфсиз шаҳар” тизими жорий этилади. Бунда, сунъий интеллект қурилмаларидан кенг фойдаланган ҳолда, аҳоли гавжум жойлар, дам олиш масканлари, вокзал ва аэропортлар ҳамда чорраҳаларда шахсни идентификация қилиш имконияти яратилади.

Бундан ташқари, Мирзо Улуғбек туманида “АйТи парк” фойдаланишга топширилиб, рақамли маҳсулотлар ҳажми 100 миллион долларга етказилади. Бунда замонавий молиявий технологиялар, телемедицина, электрон тижорат, транспорт ва логистикада масофавий бошқарув, онлайн таълим каби рақамли хизматлар кенг жорий этилади. Бу орқали ахборот технологиялари соҳасида 21 мингта янги иш ўринлари яратилади.

#uzlidep #Mirziyoyev #saylov2021 #insonqadriuchun

Сайт | Facebook | Instagram | TikTok | Twitter | YouTube