Бугун Тўрткўл туманида “Боғёп” канали бўйидаги «Ёдгорлик хиёбони»да меҳнат фахрийлари, мудофаа ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари вакиллари, ўқувчи-ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида 9 май – “Хотира ва қадрлаш куни” ва Иккинчи жаҳон урушининг 78 йиллигига бағишланган тантанали байрам тадбири ўтказилди. Тадбирда Иккинчи жаҳон урушида Ватан ҳимояси йўлида ҳалок бўлган аскарлар эсдалигига гулчамбарлар ва гулдасталар қўйилиб хотирасига ҳурмат бажо келтирилди.
Тантанали байрам тадбирида туман ҳокими Р.Шамуратов барча юртдошларимизни қизғин табриклади. Бугунги тинч юртимиз, мусаффо осмонимиз учун жанг қилган ватандошларимизнинг қаҳрамонликларини ҳамиша фахр ила эслашимизни билдирди.
Шундан сўнг сўзга чиққан нуронийлар, ёшлар вакиллари бугунги осуда ҳаётимиз учун жонини фидо қилган ватандошларимиз ҳамиша қалбимизда эканлигини таъкидлашди. Байрам тадбирида туман маданият бўлими ходимлари ҳам ўз концерт дастурларини ҳавола қилишди.
Шундан кейин туман ҳокими Р.Шамуратов, сектор раҳбарлари, мудофаа ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари вакиллари, ташкилот раҳбарларидан иборат масъуллар, фаоллар ва ёшлар «Мотамсаро она» ёдгорлиги пойига гулчамбарлар ва гулдасталар қўйдилар