Surxonmuslim.uz
4.73K subscribers
8.86K photos
2.7K videos
27 files
8.25K links
© O'zbekiston musulmonlari idorasi Surxondaryo viloyat vakilligi Matbuot xizmati

Web-sayt: www.surxonmuslim.uz
Download Telegram
ҲОЖАТ НАМОЗИ ҚАНДАЙ ЎҚИЛАДИ?
#намоз #нафл_намозлар

549-CАВОЛ: Ҳожат намозини ўқилиш тартиби қандай. Шу ҳақда батафсил маълумот берсангиз.

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ҳожат намози нафл намозлардан бўлиб, уни икки ёки тўрт ракъат ўқиш мумкин. Ҳожат намозининг ўқилиш тартиби қуйидаги ҳадисда баён қилинган.
عن فائد بن عبد الرحمن بن عبد الله بن ابى اوفى قال : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم (من كانت له إلى الله حاجة أو إلى احد من بنى آدم فليتوضأ وليحسن الوضوء ثم ليصل ركعتين ثم ليثن على الله وليصل على النبي صلى الله عليه وسلم ثم ليقل : لا إله إلا الله الحليم الكريم ، سبحان الله رب العرش العظيم الحمد لله رب العالمين ، اسالك موجبات رحمتك وعزائم مغفرتك والغنيمة من كل بر ، والسلامة من كل اثم ، لا تدع لى ذنبا إلا غفرته ولا هما إلا فرجته ، ولا حاجة هي لك رضا إلا قضيتها يا ارحم الراحمين) (رواه الامام الترمذي)
Фоид ибн Абдурроҳман ибн Абдуллоҳ ибн Аби Авфа разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб шундай дедилар: “Кимнинг Аллоҳга ва Одам болаларидан бирортасига ҳожати бўлса, яхшилаб таҳорат қилиб, сўнгра икки ракъат намоз ўқисин. Кейин Аллоҳга сано, Набий саллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтсин. Кейин: “Лаа илаҳа иллаллоҳул Ҳалимул Карийм, субҳааналлоҳи Роббил аршил азийм. Алҳамду лиллаҳи Роббил ъааламин. Ас-алука мужибаати роҳматик, ва азааими мағфиротик, вал ғониймата мин кулли бирр, вас-салаамата мин кулли исм. Лаа тадаъ лий занбан илла ғофартаҳ, ва лаа ҳамман илла фаррожтаҳ, ва лаа ҳаажатан ҳия лака ризон илла қозойтаҳ, йаа арҳамар-роҳимийн!” десин” (Имом Термизий ривояти).
Дуонинг маъноси: “Ҳалиму Карим Аллоҳдан ўзга (ибодатга сазовор) маъбуд йўқ. Улуғ Аршнинг Робби Аллоҳ покдир. Оламларнинг Робби Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Мен Сендан раҳматингни вожиб қилувчи, мағфиратингни тақозо қилувчи нарсаларни сўрайман, барча яхшиликлардан насиба, барча ёмонликлардан саломат бўлишни сўрайман. Менинг ҳеч бир гуноҳимни қўймай мағфират қилгин, ҳеч бир ғамимни қўймай кушойиш қилгин, Ўзинг рози бўлган ҳеч бир ҳожатимни қўймай албатта раво қилгин, эй раҳмлиларнинг раҳмлиси!”
Демак, ҳадисдан маълум бўлмоқдаки, киши икки ракъат намозни ўқиб тугатгач, Аллоҳ таолога ҳамд, Пайғамбаримиз алайҳиссаломга саловат айтиб сўнг ҳадисда келган дуони (арабий дуони ёдлаши афзал) ўқиб, ундан сўнг ҳожатларини сўраши мумкин. “Ҳожат намози”нинг ракъатлари борасида “Фатово Ҳиндия”, “Роддул Муҳтор” китобларида икки ракъат ёки тўрт ракъат эканлиги айтилган.
Шунингдек, “Роддул Муҳтор” китобида қуйидагича келтирилган: “Машойихларимиз айтадилар: “Биз Ҳожат намозини ўқиб Аллоҳ таолодан нимаики сўраган бўлсак, барчаси раво бўлди”. Машҳур саҳоба Абу Дардо разияллоҳу анҳу шундай деганлар:
اني سمعت رسول الله صلي الله عليه و سلم يقول: من توضا فاسبغ الوضوء ثم صلي ركعتين يتمهما اعطاه الله ما سال معجلا او مؤخرا (مسند الامام احمد)
Абу Дардо разияллоҳу анҳу айтадилар: “Мен, Набий саллоллоҳу алайҳи васалламни мана бундай деганларини эшитганман: “Кимки таҳорат олиб уни мукаммал қилса, сўнгра икки ракъат намозни хушуъ ва хузуъ билан ўқиса, Аллоҳ таоло сўраган нарсаларини тезда ёки бир оз вақтдан кейин беради” (Имом Аҳмад ривоят қилганлар).
Бу ҳадислардан банда ҳар бир ишда Аллоҳга юзланиши, У Зотдангина ҳожатларини сўраши лозимлиги тушунилмоқда. Инсонлар кўпинча бошларига мусибат тушганда Аллоҳни эсдан чиқариб, ўзи каби ожиз бандаларга мурожаат қиладилар. Ҳолбуки, ўша банда ҳам Аллоҳ қалбига солсагина унинг ҳожатини чиқариши мумкин халос. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати
. @diniysavollar

Савол йўллаш
📲 @SavollarMuslimUzBot