Surxonmuslim.uz
1.4K subscribers
8.99K photos
2.78K videos
27 files
8.37K links
© O'zbekiston musulmonlari idorasi Surxondaryo viloyat vakilligi Matbuot xizmati

Web-sayt: www.surxonmuslim.uz
Download Telegram
#мақола
ФИРҚАБОЗЛИК-ЗАЛОЛАТ.

Маълумки, ислом дини ўз  номи билан тинчлик, бирдамлик,  ҳамжиҳатлик динидир. Адоват, ихтилоф ва тарафкашликнинг ҳар қандай кўриниши  динимизга бегонадир. Шундай экан, Аллоҳ  таоло  ўз  бандаларини  бирликка ва  ҳамкорликка  чақириб, ўрталарида   низо  чиқариб  фирқаларга бўлинишларидан  қайтаради. Бу ҳақда  Аллоҳ таоло ўзининг ояти муборакасида Яъни: "Ҳаммаларингиз Аллоҳнинг арқони  Қуръонни маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг" деб марҳамат қилди. Оли  Имрон 103.
Аввалда ўтган дин кишилари фирқаларга бўлиниб, ўзаро ихтилоф ва адоватлар чиқарганлари учун ҳам, Аллоҳ бизларни ўшаларга ўхшаб қолмаслигимизга амр  қилиб, Ўзининг оятида шундай марҳамат қилади. Яъни: Хужжатлар  келгандан  кейин  ҳам  бўлиниб,  ўзаро  ихтилофга  берилган  кимсаларга  ўхшамангиз! Ана ўшаларга улкан  азоб  бордир.  деб мархамат қилди. Оли Имрон 105.
   Пайғамбаримиз  Расулуллоҳ  с.а.в ҳам  кўплаб   хадисларида  биз  умматларини  биродар  бўлиб  яшашга буюрганлар. Видолашув  ҳажида қилган  хутбаларида   мусулмонларни  бир - бирлари  билан дўсту  биродар  бўлиб  яшашга  ундаб, ўзаро адоват  қилмасликка,  бир-бирларига  қарши  қурол  кўтармасликка  васият  қилганлар. Агар  бизлар  ўзларимизни  Муҳаммад  с.в.а.нинг  чин  умматлари  деб  билсак, Жаноб  Пайғамбаримиз с.а.в.нинг  сўзларидан  четга  чиқмаслигимиз  лозим. Шояд , шунда У зотнинг шафоатларидан насибадор  бўлсак .  Маълумки, ҳозирги  кунда  диёримизга  кириб  келган  Ҳизбут-таҳир ва шу каби баъзи бузғунчи  оқимлар таъсирига  тушиб қолган   кишилар  билиб  ёки билмасдан  мусулмонлар  ўртасида  ихтилоф  чиқаришга  сабаб   бўлмоқдалар. Шуниси  ачинарлики   бу   тоифа  кишиларнинг  кўтариб  чиқаётган  масалалари  мусулмонлар ўртасини  бузишга  арзимайдиган  ишлардир.Суннат  ёки мустаҳаб амалларни қиламан деб, фарз ёки  вожиб амални тарк қилиш  гуноҳдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда. Яъни: Айтинг Эй, аҳли китоблар  Динингизда  ҳаддан ошмангиз  ва олдиндан адашган ва кўпларни адаштирган  ҳамда тўғри йўлдан  чалғиганларнинг  ҳавойи нафсларига  эргашмангиз деб марҳамат қилди. Ушбу оятда яҳудийлар  Исо а.с.ни отасиз  туғилгани учун валади зино, яъни ҳаромдан бўлган бола  деб, насронийлар эса "Исо худонинг ўғли " деб ҳаддан ошганлари баён қилинмоқда. Дарҳақиқат, инсон ўз ақлига суяниб дин кўрсатмаларида ўзининг ҳаво-ю нафсига мувофиқ иш тутадиган бўлса, сўзсиз адашиб тўғри йўлдан чиқиб кетади Юқоридаги оят ва ҳадисдан кўринадики, Ислом  дини ўрта ва мўътадил диндир. Унда на чуқур кетиш ва на сусткашлик қилиш тўғри эмас. Ҳизбут-таҳрир ва бошқа оқимларнинг таълимотида  ҳаётнинг ижтимоий ва моддий жиҳатларига  асосий эътибор қаратилиб, маънавий, ахлоқий  ва руҳий жиҳатларига нисбатан эътиборнинг суст эканлигини кўриш мумкин.
    Расулуллоҳ с.а.в  биз мусулмонларга  ҳаётда адашмаслик учун  нима иш қилишимиз лозимлигини ўргатганлар:  Яъни: "Мен сизларга иккита нарсани қолдирдим. Модомики, сизлар шу иккисини маҳкам тутар экансизлар, ҳеч қачон адашмайсизлар. Улар, Аллоҳнинг китоби ва Пайғамбарининг суннатидир." деб марҳамат қилдилар.
Аллоҳ таоло барчаларимизнинг  қалбларимизни бирлаштириб, Ўзининг тўғри йўлидан юришга муваффақ айласин. Адашган кишиларга тавфиқу ҳидоят насиб қилсин!

Музробот тумани "Дўстмухаммад бобо" жомеъ масжиди имом ноиби Акбар домла Шукуров

https://t.iss.one/surxonmuslimuz
November 17, 2022
🟢#МАҚОЛА

ЯХШИ ДЎСТ - ДАРДИНГИЗНИНГ ЭНГ ЯХШИ МАЛҲАМИДИР

"Кишининг ўз биродаридан уч кечадан ортиқ аразлаб юрмоғи ҳалол эмас. Иккаласи  дуч келганида, бири у ёққа, иккинчиси бу ёққа юз ўгириб кетмасин. Уларнинг яхшироғи аввал салом берганидир".
Нақл қилишларича, донишманд ҳузурига бир киши келиб, дўстидан шикоят қилибди. Дўсти билан алоқасини узиб, ундан қасд олишни ният қилганини айтибди. Донишманд унга:
- Сенга насиҳат қилсам, унга амал қиласанми ё ғазаб отига минганингча қолаверасанми? - деди.
- Йўқ, насиҳатингизга амал қиламан!
- Дўстинг билан иноқлигингизда хурсандчилигингиз кўп бўлганми ёки унинг хатолари туфайли ғам-ташвишингиз кўп бўлганми?
- Қувончли куним кўп бўлган.
- У сенга яхшилик кўп қилдими ё ёмонлик?
- Яхшиликлари кўпроқ бўлган.
- У ҳолда, ана шу яхши кунларинг ҳурмати уни кечириб юбор. Ўрталарингда дўстлик ҳурмати учун ўч олишн бас қил. Агар иккингиз душманликни давом эттирсангиз, сен хоҳламаган ишлар содир бўлади.
Азизим, шуни унутмангки, киши учун иймондан кейинги энг яхши неъмат яхши дўстдир. Агар тоат-ибодатда ёрдам берадиган дўстингиз бўлса, унинг қўлини маҳкам тутинг. Зеро, дўст бўлиш осон, дўстликни сақлаш қийин. Дўстларимиз биз учун аҳлимиз ва фарзандимиздан ҳам яқинроқ бўлади. Чунки аҳлимиз бизни дунё сабабли ёдга оладилар. Дўстларимиз эса охират сабабли ёдга олишади. Дўстнинг сифатларидан бири - унинг ўзидан ҳам дўстларини устун қўйишидир.
Кишининг иймондан сўнг биринчи қиладиган иши содиқ дўст топишдир. У сизга бойлигингиз учун эмас, иймонингиз учун дўст бўлсин. Дўстлик риштаси туфайли фақат икки инсон бирлашмайди, балки кишилар орасидаги ишонч, ахлоқ ва донолик сингари улуғ фазилатлар мустаҳкамланиб боради. Чунки бугунги кунда ишониш мумкин бўлган кишини топиш машаққатга айланиб бормоқда. Дўстига "Сенинг еганинг - менинг тўйганим!" - дейдиган мардлар саноқли қоляптимикан? Бир дастурхон атрофида ўтириб, бир-бирининг қўлидаги нонни тортиб олаётган нафс бандалари ҳайвондан нимаси билан фарқ қилади?! Ўзида борини дўсти билан баҳам кўриш ҳам нафсини жиловлай олишдир, аслида. Гўзал ахлоқни дўстига ўргатиш, Аллоҳга ибодат қилишда ўрнак бўлиш, шубҳасиз, сизни солиҳ амаллар сари етаклайди. Яхши дўст адашмаслигингизни, савоб амалларингиз кўп бўлишини истайди. Яхши дўст яхши кунингизда доим ҳам ёнингизда турмаслиги мумкин. Аммо бошингизга кулфат тушганида у ёнингиздан асло кетмайди.Сизни ёлғизлатиб қўймайди. Ёлғизлик фақат Аллоҳга хос! Бандаси дардни ёлғиз ўзи кўтара олмайди. Шунинг учун одам тафтини одам олади, дейишади. Яхши дўст сиз учун ўзини қанча фидо қилса ҳам, миннат қилмайди. "Роббим рози бўлсин! Менга шу етади", дейди. Қилган яхшилигини пешонангизга тақ этиб уриб, миннат қилувчилардан Аллоҳ асрасин!


Ҳабибуллоҳ Саидов
Термиз шаҳар" Ҳаким-Термизий" жомеъ масжиди имом-ноиби


https://t.iss.one/surxonmuslimuz
November 17, 2022
#мақола
Инсонларни орасини ислоҳ қилиш улкан савобдир
Ораларида жанжал келиб чиққан икки мусулмон ўртасини ислоҳ қилиш улкан савобли ишдир. Қуръони Каримда бу ҳақида шундай дейилган:
“ Албатта, мўминлар биродардирлар, икки биродарингизнинг ўртасини ислоҳ қилинг ва Аллохга тақво қилинг, шоядки раҳм қилинсангиз ” ( Ҳужурот сураси, 10-оят) .
Икки мусулмон орасини ислоҳ қилиш ва уларнинг алоқалари тикланишига уриниш нақадар яхши амал экани Қуръони Каримнинг кўрсатмаларидан маълум бўлмоқда
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам : “ Қуёш чиққан ҳар бир кунда одамларнинг ҳар бир бўғини учун садақа лозим. Икки киши ўртасида адолат қилиш садақадир. Бир кишига улови борасида ёрдам бериб, уни миндириб қўйиши ёки юкини ортиб бериши ҳам садақадир. Ширин сўз ҳам садақадир. Намоз сари босган ҳар бир қадам ҳам садақадир. Йўлдан озорни олиб ташлаш ҳам садақадир ” дедилар”. Имом Буҳорий ривояти.
Одамлар ўртасида ғазаб ва адоват тарқатиш шайтоний ишдир. Ҳадислардан маълум бўлишича, иблис инсонларни бир-бирига душман қилишдан хурсанд бўлганчалик бирор ишдан хурсанд бўлмас экан. Шунингдек, ҳадисларда шайтон эр-хотин ўртасига тафриқа солишни ўзининг энг катта ишларидан деб билади. Бунинг акси ўлароқ, эр-хотин орасидаги совуқчиликни кетказиш ҳамда уларнинг ўрталарини ислоҳ қилишга ҳаракат қилиш бениҳоя ажру савобли ишдир.
Бу сўзларни айниқса катта оилада биргаликда истиқомат қиладиган кишилар ёдда тутишлари лозим. Бизнинг жамиятда қайнона, келин ва овсинлар ўртасида турли келишмовчиликлар бўлиб туради. Шундай ҳолатларда исломнинг мазкур таълимотини ёдда тутиб, унга амал қилсалар, дунёю охиратда икки баробар мукофотга эга бўладилар.
Қизириқ тумани “ Чилгазота ” жомеъ масжиди имом-хатиби: Абдуназаров Абдухалил
https://t.iss.one/surxonmuslimuz
November 21, 2022
November 21, 2022
#Мақола #Раддия #Бузғунчилик

ТЕРРОР - ИСЛОМ АҚИДАСИГА ЗИД

Террор сўзи луғатда қўрқитиш деган маънони англатади. Барча бандалар
Аллоҳдангина қўрқишлари лозим. Қуръони каримнинг “Бақара” сураси 40-оятида:
  وَإِيَّايَ فَارْهَبُونِ
Фақат мендангина қўрқингиз, - дея марҳамат қилинади. Аммо шаръий бир сабабсиз қўрқитиш қатъиян ҳаромдир. Негаки, ислом тинчлик динидир. У адоват ва ҳужумни биринчи бошламайди. Зарурат бўлмаган ҳолатда ўзини хатарга қўйишдан кўра, муаммони тинч йўл билан ҳал қилишни афзал билади. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб дейди:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا ادْخُلُوا فِي السِّلْمِ كَافَّةً وَلَا تَتَّبِعُوا خُطُوَاتِ الشَّيْطَانِ إِنَّهُ لَكُمْ عَدُوٌّ مُبِينٌ
Эй, мўминлар, тинчликка батамом кирингиз, шайтон йўлларига эргашмангиз. Зеро, у (шайтон) сизларга очиқ душмандир (“Бақара” сураси, 208-оят).
Қўлларига қурол олиб террорчилик қилиб, инсонларни қўрқитиш ҳақида Пайғамбар алайҳиссалом шундай дейдилар: Биронтангиз, зинҳор ўз биродарига қурол билан ишора қилмасин (ўқталмасин), чунки, у билмайдики, шайтон унинг қўлини бузиши мумкинлигини (яъни унинг қалбига васваса солиб, мусулмонга қарата оттириши мумкин). Оқибатда эса у одам дўзах чоҳига қулайди. Одамларнинг тинчлигини турли баҳоналар билан бузиб, қўрқувга солиш инсоний биродарлик тамойилига зид келувчи таъқиқланган ишлардан эканини билиш учун ушбу келтириб ўтилган далиллар кифоя қилади.
Ислом дини таълимоти, қонун-қоида ва амалларидан бешта бош мақсад кўзда тутилган:
1. Инсон ҳаѐтини муҳофаза қилиш;
2. Инсон ақлини муҳофаза қилиш;
3. Инсон динини муҳофаза қилиш;
4. Инсон наслини муҳофаза қилиш;
5. Инсон мол-мулкини муҳофаза қилиш.
Террор эса айнан ушбу мақсадларнинг барчасига қарши қаратилган фаолиятдан иборатдир.

Узун тумани "Домла Маҳмуд" жомеъ масжиди имом-хатиби Сирожиддин Самадов
https://t.iss.one/surxonmuslimuz
November 22, 2022
November 23, 2022
November 23, 2022
November 23, 2022
November 24, 2022
November 24, 2022