Surxonmuslim.uz
4.62K subscribers
8.88K photos
2.72K videos
27 files
8.28K links
© O'zbekiston musulmonlari idorasi Surxondaryo viloyat vakilligi Matbuot xizmati

Web-sayt: www.surxonmuslim.uz
Download Telegram
ПЛАСТИК ЖАРРОҲЛИКНИНГ ҲУКМИ
#ҳалол_ҳаром

264-CАВОЛ: Мен пластик жарроҳман. Инсонларни вақт ўтиб қариши натижасида пайдо бўлган нуқсонларини ва туғма орттирилган жароҳатлар ва бошқа таъсирлардан сўнг келиб чиққан нуқсонларини жарроҳлик йўли билан ўзгартирамиз. Бу билан беморларни жамиятга қайтишига ва ўзида кўрган камчиликларни йўқотишга ёрдам берамиз. Илтимос, жавоб берсангиз, диний томондан бунга қандай қаралади?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Пластик жарроҳликнинг жоиз ва ножоиз турлари бор:
🔹Жоиз турига туғма ёки ҳаёт давомида орттирилган нуқсонларни кетказиш ва даволаш киради.
🔹Ножоиз турига мўътадил, соғлом аъзони янаям чиройли қилиш мақсадида катта ё кичик қилиш ёки бошқа шаклга киритиш киради. Пластик жарроҳликнинг ножоиз тури шариъатимизда катта гуноҳ бўлиб, Аллоҳ таоло яратган хилқатни ўзгартириш ҳисобланади. Бу ишни қилган ҳам, қилдирган ҳам Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам томондан ланатлангандир.
Зарурат юзасидан қилинадиган пластик жарроҳликка таъна аъзосини ўз вазифасига қайтариш, моддий ёки маънавий зарар бўлса, ортиқча бармоқни олиб ташлаш ёки ёпишиб қолган бармоқларни ажратиш, қийшиқ бурунни тўғрилаш, соч экиш ва шунга ўхшаш амалиётлар киради. Бундай нуқсонлар куйиш, касаллик ва бошқа сабаблар билан пайдо бўлган бўлса ҳам, уни пластик жарроҳлик йўли билан даволаш жоиз. Чунки даволаниш ҳанафий ва моликий мазҳабида мубоҳ иш бўлса, шофеъий ва баъзи ҳанбалийлар наздида мустаҳабдир (“Фатҳу бабил иная” китоби ва “Кувайт фиқҳ энциклопедия”си). Шу каби зарарли ортиқча вазнни камайтиришнинг жарроҳликдан бошқа йўли қолмаса, инсонга безарар бўлиш шарти билан пластик жарроҳлик жоиз бўлади. Аъзоларнинг асли ҳолига келтириш эса Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзига тўғри келади:
لَقَدْ خَلَقْنَا الْإِنْسَانَ فِي أَحْسَنِ تَقْوِيمٍ
яъни: “Ҳақиқатан, Биз инсонни хушбичим ва хушсурат (шаклда) яратдик” (Тин сураси, 4-оят).
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Аржафа ибн Асъад разияллоҳу анҳунинг урушда бурни кесилиб кетганида кумушдан, кумуш мос келмагач тиллодан бурун қилиб олишга рухсат берганлар (Имом Термизий ривоятлари).
Жоиз бўлган жарроҳликда ҳам, бошқа аъзоларга зарар етмаслиги ёки кутилган фойдадан каттароқ зарар келмаслиги керак. Бу амалиётлар беморнинг рухсати билан ўз соҳасининг моҳир кишилари томонидан амалга оширилади.
Соғлом аъзоларни ҳою-ҳавасга берилиб, ўзгаларга тақлид қилиб юз шакли ёки рангини ўзгартириш, бурун, лаб ёки кўкракни катта ёки кичик қилиш каби ишлар шаръан жоиз эмас. Зеро шайтон инсонларга Аллоҳ таоло яратган нарсаларни ўзгартиришга буюради, Қуръони каримда шундай дейилади:
وَلَآَمُرَنَّهُمْ فَلَيُغَيِّرُنَّ خَلْقَ اللَّهِ وَمَنْ يَتَّخِذِ الشَّيْطَانَ وَلِيًّا مِنْ دُونِ اللَّهِ فَقَدْ خَسِرَ خُسْرَانًا مُبِينًا
яъни: "(Шайтон айтди:) “Уларга буюраман – Аллоҳнинг яратганларини ўзгартирадилар”. Кимки Аллоҳни қўйиб, шайтонни дўст тутса (унинг айтганларини бажарса), демак, у аниқ зиён қилибди” (Нисо сураси, 119-оят).
Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан бу мавзуда шундай ривоят қилинади:
يلعن المتنمصات والمتفلجات والموشمات اللاتي يغيرن خلق الله. (رواه الامام احمد)
яъни: “Пайғамбаримиз алайҳиссалом қош тердирувчи, тишларини орасини очувчи, баданига игна билан расм чиздирувчи; Аллоҳнинг яратганини ўзгартирувчи аёлларни лаънатлаганларини эшитдим” (Имом Аҳмад ривоятлари). Шуни таъкидлаш керакки, бу ҳадисда зикр қилинган ношаръий ишларни эркаклар ҳам қилиши мумкин эмас. Касаллик бўлмасдан, одатий ҳолатда юзга ажин тушишини пластик жарроҳлик ёки укол билан кетказиш жоиз эмас.
Қизлик пардаси зўравонлик ёки бахтсиз ҳодиса сабабли йиртилса, уни тикиш жоиз бўлади. Лекин зинокорлигини ёпиш учун бўлса, жоиз эмас (“Косметик жарроҳлик ва унинг ҳукми” мавзусида Халқаро ислом фиқҳи академияси қарори).
Диққат қилинса, юқорида косметик жарроҳлик ҳақида гап кетди. Жарроҳликка алоқаси бўлмаган косметика алоҳида бир мавзу бўлиб бу ҳақида қуйида батафсил ўқишингиз мумкин: https://t.iss.one/diniysavollar/136. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar
Савол йўллаш
🌐 https://savollar.muslim.uz
📲 @SavollarMuslimUzBot
САЙТДА РЕКЛАМА ЭЪЛОН ҚИЛИБ ПУЛ ТОПИШИМ ҲАЛОЛМИ?
#ҳалол-ҳаром

283-CАВОЛ: Мен интернетда российский сериал сайтим бор. Сайтда реклама орқали пул топаман. Ичкилик фахш рекламаларини қўймайман. Магазинлар, кийимлар, озиқ-овқат рекламаларини қўяман. Даромадим шу орқали. Шу орқали даромад топишим шариатимизга тўғри келадими?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Агар сайтда фаҳш суратлар, видеолар, Аллоҳ ҳаром қилган ичкиликлар, тамаки маҳсулотлари ва инсон ҳаётига хавф соладиган нарсалар реклама қилинмаса, сайт орқали реклама бериб, пул топиш жоиз. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

وَتَعَاوَنُوا عَلَى الْبِرِّ وَالتَّقْوَى وَلَا تَعَاوَنُوا عَلَى الْإِثْمِ وَالْعُدْوَانِ وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ شَدِيدُ الْعِقَابِ

яъни: «Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилинглар, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилманглар! Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир» (Моида сураси, 2-оят).

Шуни ҳам эслатиб ўтиш лозимки, Шариатимизнинг ушбу ҳукми нафақат рекламалар эълон қилишингиз, балки, сайт юритишдаги фаолиятингизга ҳам тааллуқлидир. Аллоҳ янада билувчи.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати.
"БЕВА АЁЛ БИЛАН ЗИНО ҚИЛСА БЎЛАВЕРАДИ"МИ?
#ҳалол_ҳаром

417-CАВОЛ: Зино гуноҳи кабиралардан эканлигига ҳеч шубҳамиз йўқ, лекин халқимиз ичида бева қолган аёл билан зино қилсанг савоб бўлади, деган тушунча билан юрганлар ҳам бор. Бундай тушунча нотўғрилигини қандай тушунтириш мумкин?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Бева аёл билан зино қилса бўлаверади, деган тушунча ҳеч қандай асосга эга эмас. Аксинча, Одам алайҳиссаломдан бошланган илоҳий шариатларнинг бирортасида зино ҳалол бўлмаган. Зеро Аллоҳ таоло Қуръони каримда: "Зинога яқинлашмангиз! Чунки у фаҳш ва ёмон йўлдир!" — деган (Исро сураси 32-оят).

Бир йигит Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, зино қилишга изн сўради. Одамлар унга жаҳл қилиб, жеркий бошлашди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом унга яқин келишни буюриб: "Мана шундай ишни бошқа бир киши онанг билан қилишини хоҳлайсанми?" деб сўрадилар. Йигит: "Аллоҳ мени сизга фидо қилсин, ҳаргиз!" деб жавоб берди. Пайғамбаримиз алайҳиссаллом: "Бошқа инсонлар ҳам оналари билан бундай бўлишини хоҳламайдилар. Ундай бўлса, қизинг билан шундай иш бўлишини хоҳлайсанми?" деб сўрадилар. Йигит: "Қасамки, ҳаргиз ундай эмас, ё Аллоҳнинг Расули!" деди. Пайғамбаримиз алайҳиссаллом: "Бошқа инсонлар ҳам қизлари билан бундай бўлишини хоҳламайдилар. Ундай бўлса синглинг билан шундай бўлишини хоҳлайсанми? Амманг билан-чи? Холанг билан-чи?" деб сўрадилар. Йигит ҳар сафар: "Ҳаргиз..., ҳаргиз..., ҳаргиз!" деб жавоб берар эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак қўллари билан йигитни ушлаб, дуо қилдилар: "Эй, Аллоҳ! Унинг гуноҳларини кечир, қалбини покла ва фаржини сақла!" Шундан сўнг ўша йигитдан гуноҳ қилишга бўлган истак йўқолди (Имом Аҳмад Абу Умома разияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Бегона эркак ва аёлнинг жинсий муносабатлари савоб бўлиши учун ягона йўл бор, у ҳам бўлса, никоҳдир. Ҳадиси шарифларда бева ва етимларга ёрдам берувчилар Аллоҳ йўлида жанг қилиб юрганларга тенглаштирилади, лекин бу улар билан зино қилиш дегани эмас. Балки, имкони бўлса, никоҳига олиб ёрдам бериш, буни имкони бўлмаса, уларга беғараз моддий ёрдам бериб туришдир.

Энг хатарли жиҳати шундаки, мусулмон кишининг Аллоҳ ҳаром деган нарсани билиб-билмай, ҳазил-ҳузул билан ҳалол дейишидир. Бу Аллоҳ таолонинг Шариатига қарши чиқиш ва куфрдир, Аллоҳ барчамизни бундай ғафлатдан сақласин. Тавфиқ Аллоҳдан.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати.
ЖИНС ЎЗГАРТИРИШНИНГ ҲАРОМЛИГИ ҲАҚИДА
#ҳалол_ҳаром

528-CАВОЛ: Инсон эркакдан аёлга ёки аксинча, аёлдан эркакка жинсини ўзгартиришга Ислом дини қандай муносабат билдиради?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ҳеч бир киши ким бўлишидан қатъий назар ўз жинсини эркакдан аёлликка ёхуд аёлдан эркакликка ўзгартиришга, Аллоҳ яратган хилқатини ўзгартиришга ҳаққи йўқдир. Балки, ҳар бир инсон Аллоҳ таоло ўзини яратган хилқатга рози бўлиши лозимдир. Ҳозирги кунда баъзи фитрати бузуқ кимсалар томонидан турли важларни баҳона қилиб, ўз жинсларини ўзгартиришга уринишлари – Ислом шариатида қатъийян ҳаром қилинган жирканч бир ишдир. Қолаверса, у нафақат ушбу одат авж олаётган миллат ва халқнинг, балки, инсониятнинг шаънига исноддир.
Пайғамбаримиз даврларида баъзи аёллар Аллоҳ йўлида жиҳод қилишни истаб, эркак киши бўлишларини орзу қиладилар. Шунда Аллоҳ таоло ушбу ҳолатдан огоҳлантириб, қуйидаги оятни нозил қилади: “Аллоҳ бирингизни бирингиздан бирор неъмат билан ортиқ қилиб қўйган бўлса, сизлар уни орзу қилманг! Эркаклар ҳам ўз касбларидан улуш олурлар, аёллар ҳам ўз касбларидан улуш олурлар. Аллоҳнинг фазлидан сўрангиз. Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсани билувчидир” (Нисо сураси, 32-оят).
Ушбу ояти карима орқали баъзи аёлларнинг Аллоҳ йўлида жидду-жаҳд қилиш умидида ўзларини эркак бўлишларини орзу қилишдан қайтарилмоқда. Ваҳоланки, бу ўша пайтдаги бир орзунинг ўзи халос эди. Агар ушбу орзу нафсу ҳаво йўлида ҳаракатга айланса ёки амалда ушбу ишга қўл урилса, бундан батариқа авло қайтарилгани келиб чиқади.
Ислом уламолари бир оғиздан: “Эркаклик ва аёллик аъзолари тўлиқ бўлган шахсларни бир жинсдан иккинчи жинсга айлантириш мутлақо мумкин эмас. Бундай ишни қилишга уринишнинг ўзи уқубатга лойиқ жиноятдир”, дейдилар. Чунки бу, Аллоҳ яратган нарсани ўзгартиришга уринишдир. Шайтон инсонларга Аллоҳ таоло яратган нарсаларни ўзгартиришга буюради. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бу ҳақда шундай дейди:
لَعَنَهُ اللَّهُ وَقَالَ لَأَتَّخِذَنَّ مِنْ عِبَادِكَ نَصِيبًا مَفْرُوضًا وَلَأُضِلَّنَّهُمْ وَلَأُمَنِّيَنَّهُمْ وَلَآَمُرَنَّهُمْ فَلَيُبَتِّكُنَّ آَذَانَ الْأَنْعَامِ وَلَآَمُرَنَّهُمْ فَلَيُغَيِّرُنَّ خَلْقَ اللَّهِ وَمَنْ يَتَّخِذِ الشَّيْطَانَ وَلِيًّا مِنْ دُونِ اللَّهِ فَقَدْ خَسِرَ خُسْرَانًا مُبِينًا
“Аллоҳ уни (шайтонни) лаънатлади. (У) деди: «Албатта, бандаларингдан белгиланган (маълум) улушимни олурман, уларни адаштираман, уларни ҳою ҳавасга чўктираман. Уларга буюраман – ҳайвонларнинг қулоқларини кесадилар. Уларга буюраман – Аллоҳнинг яратганларини ўзгартирадилар». Кимки Аллоҳни қўйиб, шайтонни дўст тутса (унинг айтганларини бажарса), демак, у аниқ зиён қилибди” (Нисо сураси, 118-119 оятлар).
Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
يلعن المتنمصات والمتفلجات والموشمات اللاتي يغيرن خلق الله. (رواه الامام احمد)
яъни: “Пайғамбаримиз алайҳиссалом қош тердирувчи, тишларини орасини очувчи, баданига игна билан расм чиздирувчи; Аллоҳнинг яратганини ўзгартирувчи аёлларни лаънатлаганлар” (Имом Аҳмад ривоятлари).
Лаънат бу – Аллоҳнинг раҳматидан маҳрум бўлишдир. Аллоҳ таоло лаънатлаган кимсани фаришталар ҳам лаънатлайдилар. Аллоҳ лаънатлаган бандага икки дунёда ҳам “қалбининг тозалиги” ёрдам бера олмайди.
Агар бирор шахсда аёллик ва эркаклик аломатлари жамланиб қолган бўлса, бунинг ҳукми ўзгачадир. Бунда унинг ғолиб тарафига қаралади. Яъни, кимда эркаклик ғолиб бўлса, уни тиббий йўл ила даволаб эркаклигига етган шубҳани йўқотиш жоиз бўлади. Кимда аёллик ғолиб бўлса, уни тиббий йўл ила даволаб аёллигига етган шубҳани йўқотиш жоиз бўлади. Бу нарса беморлик деб эътиборга олинади ва жарроҳлик йўли билан бўладими ёки гормонлар билан бўладими даволанишга рухсат берилади.
Лекин ҳеч қандай жисмоний касалликка учрамаган ҳолда жинс ўзгартириш бузуқлик ва ерда фасодни тарқатиш ҳисобланади ва бундайларга Аллоҳ таолонинг лаънати бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати.
КЎПКАРИГА ПУЛ ТИКИШ ҚИМОРМИ?
#ҳалол_ҳаром

604-CАВОЛ: Ҳар-хил от ўйинларига жумладан кўпкари ўйинига пул тикса ва ютса ҳалол бўладими?

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Фуқаҳоларимиз "Мағлубларнинг молидан ғолибга берилиши шарт қилинган ҳар қандай ўйин — қимордир" деб айтганлар ("Таърифоту Журжоний" китоби). Шундан келиб чиқиб, от ўйинлари ва кўпкари каби ўйинларда ўйин иштирокчилардан муайян сумма йиғиб олиб, ғолибга берилса — бу қимор ҳисобланади. Шунингдек, мухлислар ичида ўзаро келишиб, отларга пул тикилса ва ғолиб отга тикканлар қолганларнинг пулини оладиган бўлса — бу ҳам қимор саналади. Қимор эса шариатимизда ҳаромдир. Бунга Аллоҳ таолонинг ушбу ояти асос бўлади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ إِنَّمَا الْخَمْرُ وَالْمَيْسِرُ وَالأَنصَابُ وَالأَزْلاَمُ رِجْسٌ مِّنْ عَمَلِ الشَّيْطَانِ فَاجْتَنِبُوهُ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ

"Эй иймон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз" (Моида сураси 90).

Лекин ҳеч ким пул тикмасдан, балки, бир киши ёки бир неча киши ғолиб учун муайян мукофот эълон қилиб, уни ғолибга берилса, қимор ҳисобланмайди. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати.

🔗
Улашинг: @diniysavollar
ЧЕРКОВНИ ТАЪМИРЛАСАК БЎЛАДИМИ?
#ҳалол_ҳаром

649-CАВОЛ: Россия давлатидаман. Рус черковини таъмирласак бўладими, христианларнинг том, эшик ва хоказоларини? Алҳамдулиллоҳ мусулмонман.

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

لَا يَنْهَاكُمُ اللَّهُ عَنِ الَّذِينَ لَمْ يُقَاتِلُوكُمْ فِي الدِّينِ وَلَمْ يُخْرِجُوكُمْ مِنْ دِيَارِكُمْ أَنْ تَبَرُّوهُمْ وَتُقْسِطُوا إِلَيْهِمْ إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ الْمُقْسِطِينَ

яъни: "Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севар" (Мумтаҳина сураси 8-оят).

Ушбу ояти каримадан маълум бўладики, мусулмонларга душманчилиги бўлмаган ва уларга азияти етмаган кофирларга яхшилик қилиш ва адолатли муносабатда бўлиш жоиз. Уламолар кофирларга яхшилик қилиш уларнинг куфрига ёки гуноҳ ишида ёрдам бўлмаслиги шарти билан жоиз бўлишини айтиб ўтганлар. Масалан, насронийлар учун черков қуриб бериш, ўзларини динларини тарғиб қилишлари учун китоб ва журналларини чиқариш ва тарқатишда ёрдам бериш жоиз бўлмайди. Чунки бунда куфрни ривожига ҳисса қўшиш бор. Мусулмон киши бундай ишларни қилмаслиги лозим. Балки, уларга яхшилик қилишдан мурод муҳтож бўлиб қолганида инсонийлик нуқтаи назардан хайрия қилиш, шахсий манфаатларини қондиришда ёрдам бериш тушунилиши лозим. Бунда мусулмон киши ажр олиши умид қилинади. Шунингдек, кофирларнинг жамият учун манфаатли бўлган, ортидан мусулмонларга зарар етмайдиган ғояларида ҳам кўмаклашиш мумкин. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

...وَتَعَاوَنُوا عَلَى الْبِرِّ وَالتَّقْوَى وَلَا تَعَاوَنُوا عَلَى الْإِثْمِ وَالْعُدْوَانِ وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ شَدِيدُ الْعِقَابِ

яъни: “...Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир”, дея марҳамат қилган (Моида сураси, 2-оят).

Демак, сиз черков қурилиши ва таъмиридан қочишингиз, лекин уйларининг эшик-ром, том ва ҳоказоларини қилиб бериш каби ишларида қатнашишингиз мумкин. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати
.

👉surxonmuslim.uz
КАГОР ИЧИМЛИГИ ҲАРОММИ?
#ҳалол_ҳаром

781-CАВОЛ: Камқонлигигим сабабли кўзим тиниб, бошим айланади. Доктор Кагор ичимлигини тавсия килди. Қанчадир миқдорда спирти ҳам бор экан. Шу ичимликни соғлигим учун ичиб турсам бўладими?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Аслида "Кагор" деб Франциянинг Кагор шаҳрида етиштирилган қизил рангли узум навларига айтилган. Кейинчалик ушбу узум навидан тайёрланган вино турига ҳам шу ном берилган. Сиз сўраган ўша "дори" ҳам шариатда ҳаром қилинган винонинг бир туридир. Чунки у маст қилувчи ва бўшаштирувчи ичимликлардан саналади. Аллоҳ таоло “Моида” сурасида шундай деган:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ إِنَّمَا الْخَمْرُ وَالْمَيْسِرُ وَالأَنصَابُ وَالأَزْلاَمُ رِجْسٌ مِّنْ عَمَلِ الشَّيْطَانِ فَاجْتَنِبُوهُ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ۝

"Эй иймон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очар) чўплар ифлос(ишлардан)дир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, зафар топсангиз" (90-оят).

Шунинг учун Сиз камқонликка қарши шариатимизда ҳалол бўлган бошқа дори турини истеъмол қилишингиз айни муддао бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати
. @diniysavollar

Савол йўллаш
📲 @SavollarMuslimUzBot

YouTube | Instagram | Facebook | Tiktok
ҲАРОМДАН ПУЛ ТОПГАН КИШИ БИЛАН ШЕРИК БЎЛИШ МУМКИНМИ?
#ҳалол_ҳаром #савдо

783-САВОЛ: Қимор ўйнайдиган одам билан савдода шерикман. Унинг гуноҳи менга ҳам гуноҳ бўлиб ёзиладими?

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Саволингизнинг жавоби бироз тафсилотга эга. Агар тижоратдаги шеригингизнинг топган барча моли қимор ёки судхўрлик каби ҳаромдан топилгани аниқ бўлса, у билан иқтисодий муомалотларда шерикчилик қилмаслигингиз керак бўлади.

Агар шеригингизнинг ҳаромдан ҳам, ҳалолдан ҳам топган пули бўлсаю, даромадининг кўп қисми ҳалол томонидан бўлса, у билан шерикчилик қилишга кўпчилик уламолар рухсат беришган. Лекин у билан муомала қилиш ҳаром бўлмасада, макруҳ бўлиши таъкидланган. Ҳанафий мазҳабимиз уламоларидан Аллома Ҳамавий айтадилар:

معاملة من أكثر ماله حرام ولم يتحقق المأخوذ من ماله عين الحرام فلا تحرم مبايعته؛ لإمكان الحلال وعدم التحريم، ولكن يكره خوفًا من الوقوع في الحرام، كذا في "فتح القدير"

яъни: “Топган молининг аксари ҳаром бўлган, молидан олинган қисми айнан ҳаромдан экани маълум бўлмаган киши билан муомала қилиш ҳаром бўлмайди. Чунки унинг (сарфлаган моли) ҳаромдан эмас, ҳалолдан бўлиши эҳтимоли бор. Лекин ҳаромга тушиб қолиш хавфи борлиги учун макруҳ бўлади. “Фатҳул-Қодир”да ҳам шундай” (“Ғомзу уюнил басоир” китоби, 1-жуз, 192-бет)

Агар шеригингизнинг ҳалол ва ҳаром маблағи аралаш бўлиб, қайси томони устун экани маълум бўлмаса, бунда ҳам у билан шерикчиликни давом эттиришингиз жоиз бўлмайди. Чунки бунда шубҳа бор. Агар қаттиқ ҳожат бўлмаса, ундан сақланишингиз тавсия этилади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадиси шарифларидан бирида:

إِنَّ الْحَلَالَ بَيِّنٌ، وَإِنَّ الْحَرَامَ بَيِّنٌ، وَبَيْنَهُمَا مُشْتَبِهَاتٌ لَا يَعْلَمُهُنَّ كَثِيرٌ مِنَ النَّاسِ، فَمَنِ اتَّقَى الشُّبُهَاتِ اسْتَبْرَأَ لِدِينِهِ، وَعِرْضِهِ، وَمَنْ وَقَعَ فِي الشُّبُهَاتِ وَقَعَ فِي الْحَرَامِ، كَالرَّاعِي يَرْعَى حَوْلَ الْحِمَى، يُوشِكُ أَنْ يَرْتَعَ فِيهِ

“Албатта, ҳалол очиқ-ойдиндир. Албатта, ҳаром очиқ-ойдиндир. Ва икковлари орасида шубҳали нарсалар бордир. У (шубҳали) нарсаларни одамларнинг кўплари билмаслар. Бас, ким шубҳалардан сақланса, дини ва обрўси учун покланган бўлади. Ким шубҳаларга тушса, ҳаромга тушади. Бу худди қўриқхона атрофида (ҳайвон) боққан чўпонга ўхшайди. Ундан ўтлаб қўйиши турган гап” деганлар. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати
. @diniysavollar

Савол йўллаш
📲 @SavollarMuslimUzBot

Telegram | Instagram | Facebook | Tiktok
ТАРМОҚЛИ МАРКЕТИНГДАН ДАРОМАД ТОПСАМ БЎЛАДИМИ?
#қисқа_савол_жавоблар

CАВОЛ: Яқинда интернет тармоғида даромадли иш таклифини кўриб қолдим. Унга кўра сайёҳлик агентлиги клуби ўзларида сайёҳ сифатида рўйхатдан ўтишни, бу компанияни реклама қилиб яна бошқа сайёҳларни жалб қилишни, бунинг эвазига ойлик маош тўлашни ва бепул саёҳатга боришни таклиф этишмоқда. Қанча кўп одам жалб қилса, шунча кўп маош тўланар экан. Айтишларича, бу "тармоқли маркетинг" дейилар экан. Саволим шуки, бу тарзда даромад олишнинг шариатимизга зид жиҳатлари йўқми? Шу тарзда саёҳат қилсам ва даромад топсам гуноҳкор бўлиб қолмайманми?

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Фақат реклама учун ҳақ тўлайдиган бўлса, ундан даромад олишинигиз мумкин. Аммо шу компанияга одам қўшиш ва у одам ҳам шу хизматдан фойдаланиши ва у ҳам одам қўшиши шарт деган шартлар бўлса, бу тармоқли маркетинг бўлиб, бу шаръан нотўғри ишдир. Бу ҳақида аввал батафсил баён қилганмиз. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати.

🔗 Улашинг: @diniysavollar
ҚУЁН ГЎШТИ ҲАЛОЛМИ?
#ҳалол_ҳаром

840-CАВОЛ: Қуён гўштини ейиш мумкинми?

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Қуён динимизда гўшти ҳалол қилинган ҳайвонлар сирасига киради. Чунки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам уни танаввул қилганлари манбаларда келтирилган.
عن أنس بن مالك ـ رضى الله عنه ـ قَال: أَنْفَجْنَا ـ أي أَثَرْنا وَنَفَّرْنَا ـ أرنبًا بمرِّ الظهران فسعى القوم عليها فلغبوا ـ تعبوا وعجزوا ـ فأدركْتها فأخذْتها وأتيت بها أبا طلحة، فذبحها وبعث إلى النبي ـ صلى الله عليه وسلم ـ بِوَرِكِهَا وفخْذها فَقَبِلَهُ. (رواه الإمام البخاري).
Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: “Биз бир қуённинг изига тушдик. Одамлар тута олмасдан, чарчашиб, кетиб қолишди. Мен пойлаб ўтириб, уни тутиб олиб, отам Абу Талҳанинг олдига олиб келдим. Отам уни сўйиб, бир сонини Пайғамбар алайҳиссаломга мендан бериб юбордилар. У зот уни қабул қилиб олдилар", — деганлар (Имом Бухорий ривоятлари).
Шунинг учун ҳам Имом Абу Ҳанифа, Молик, Шофеъий ва Аҳмад раҳимаҳумулоҳлар каби Аҳли сунна мазҳаббошиларининг барчалари қуён гўштини ейишни ҳалол, дейишган. Шунингдек, фиқҳий манбаларимиздан "Мухтасар ал-Виқоя” китобида:
وَ حَلَّ الْأَرْنَبُ مَعَ الذَّكَاةِ
“Қуён “бисмиллоҳ” айтиб сўйиш билан ҳалол бўлади”, дейилган.
Лекин шунга қарамай кейинги пайтларда Аҳли сунна уламолари деярли иттифоқ қилишган ушбу масала ҳақида кўплаб саволлар туғиляпти. Ҳақиқатан ҳам тўрт мазҳаббоши имомлардан бошқа айрим уламолар қуён гўштини макруҳ дейишган ва улар ўз сўзларига қуйидаги ҳадисни далил қилиб келтиришган:
عن خزيمة بن جزء ـ رضي الله عنه ـ قال: قلت: يا رسول الله ما تقول في الأرنب؟ قال ـ صلى الله عليه وسلم ـ لا آكله ولا أُحَرِّمه” قال: فقلت: ولم يا رسول الله؟ قال ” إني أحسب أنها تَدْمِى” أي تَحيض
Хузайма ибн Жаз разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Мен, ё Расулаллоҳ, қуён борасида нима дейсиз?" дедим. Шунда У Зот: "Мен емайман ҳам ҳаром қилмайман ҳам", дедилар. Шунда мен: "Нима учун, ё Расулаллоҳ?" дедим. У Зот: "Уни қон кўради, деб ҳисоблайман", дедилар. Яъни, ҳайз кўради".
Бу ҳадисга бир неча томондан жавоб бериш мумкин. Биринчидан, ушбу ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом фақат ўзлари истеъмол қила олмасликларини баён қилмоқдалар ва уни умматларига тақиқламаяптилар. Иккинчидан, бу ерда емайман, деган бўлсалар, бошқа ўринда уларни ҳадя қилиб берилган пиширилган қуён гўштини қабул қилганликлари келтирилади. Яна бир ҳадисда эса ейишга буюрганлари келган:
عن محمد بن صفوان أنه صاد أرنبين فذبحهما بمَرْوَتَيْن ـ حَجَرَيْن لهما حدٌّ ـ وأتي النبي ـ صلى الله عليه وسلم ـ فأمره بأكْلهما. (رواه أحمد والنسائي)
Муҳаммад ибн Сафвон разияллоҳу анҳу иккита қуённи овлаб, ўткир тиғли тош билан сўйдилар ва Пайғамбар алайҳиссаломга келтирдилар. Ва у Зот ейишга буюрдилар. (Имом Аҳмад ва Насоийлар ривоятлари).
Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, қуён Аллоҳ таоло биз бандаларга ҳалол қилган кўплаб ҳайвонлар қаторига кирар экан. Бу борадаги маълумотларни тўлиқ ва атрофлича ўрганмасдан туриб, ҳукм бериш, Аллоҳ ва Расули номидан илмсиз гапиришга кириб қолади. Қолаверса, ҳалолни ҳаром дейиш ёки ҳаромни ҳалол дейиш нақадар оғир гуноҳ эканлиги ҳар биримизга аён. Шунинг учун ҳам шариат ҳукмларини баён қилишда доимо эҳтиёт бўлиш керак. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати.
@diniysavollar

Савол йўллаш
📲 @SavollarMuslimUzBot

Telegram | Instagram | Facebook | Tiktok
ТУРЛИ МАҲСУЛОТЛАРНИ СОТИБ ОЛИШ УЧУН ҚЎЙИЛГАН БОНУС ЁКИ СОВРИНЛАРНИ ОЛИШ ЖОИЗМИ?
#ҳалол_ҳаром

920-CАВОЛ: Бугунги кунда жуда кўп маҳсулот ишлаб чиқарувчилар ёки сотувчилар томонидан маълум маҳсулотни сотиб олган инсон учун турли бонус ёки совринлар қўшиб берилмоқда, масалан маҳсулот ичидан турли ютуқлар чиқмоқда. Бу диний жиҳатдан қанчалик тўғри, қиморга ўхшаб қолмаяптими?

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Бу ишлаб чиқарувчи ёки сотувчининг ихтиёридаги нарса. У харидор учун сотилган нарсаларга қўшимча нарса қўшиб бериши жоиз. Лекин ушбу ҳолатда учта шарт топилиши керак. Бу уч шарт топилмаса бу иш қиморга ўхшаб қолади.

1. Ишлаб чиқарувчи ёки сотувчи шу соврин ёки бонус қўйилгани учун маҳсулотнинг нархини ошириб қўймаслиги керак. Масалан, маълум ичимликни сотиб олганларга соврин ваъда қилинмоқда. У ичимлик аслида 5 минг сўм туради, лекин соврин қўйилгани учун 6 минг сўмга сотиляпти. Бу жоиз эмас. Сабаби бу моҳиятан қиморга айланиб қолмоқда. Чунки харидор 5 минглик нарсага 6 минг яъни минг сўм ортиқча пул беряпти. Натижада минг сўмдан ортиқча йиғилган пул кимгадир соврин бўлиб қайтяпти. Бу ўртага минг сўмдан пул ташлаб, кейин кимдир ютиб оладиган қиморнинг айни ҳолатидир. Аммо ичимлик ўз нархи яъни 5 мингга сотилса харидорлар маҳсулотни ўзининг нархига сотиб олган ва сотувчи тамонидан қўйилган қўшимча совринни совға сифатида олган бўлади.

2. Маҳсулотлар учун бонус тақдим қилиш сифатсиз ёки сохта маҳсулотни ўтказиш учун алдов йўли билан амалга оширилмаслиги керак.

3. Бундай маҳсулотларни сотиб олаётган кишининг мақсади ўша маҳсулотни истеъмол қилиш ёки ундан фойдаланиш бўлиши керак. Фақат мукофотни кўзлаб сотиб олса жоиз эмас.

Маълум нарсани сотиб олган харидорлар ўртасида қуръа орқали бериладиган совринларнинг ҳукми ҳам юқоридаги шартлар асосида жоиз ҳисобланади.

Иккита нарса сотиб олсангиз учинчиси бепул, деб сотилган ҳолатда эса сотувчи учта нарсани иккитани пулига сотаётган бўлади. Гарчи бу ўринда учинчиси бепул, дейилаётган бўлсада, аслида иккита нарсани пулига учтани сотаман, деган бўлади.

Олдиндан эълон қилмасдан қўшиб бериш, масалан тарозуда оғирроқ қилиб бериш ёки донасини кўпайтириб бериш жоиздир. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

♻️ Дўстларингизга ҳам улашинг!!!
👉
https://t.iss.one/surxonmuslimuz
МАҲСУЛОТНИНГ ҲАЛОЛЛИГИНИ СОТУВЧИДАН СЎРАШ МАСАЛАСИ
#ҳалол_ҳаром

978-CАВОЛ: Мен Москва шаҳрида ишлайман. Гўшт олиш учун бир нечта жойларга бориб учрашдим, суриштирдим, бисмиллаҳи Аллоҳу акбар, деб сўясизларми, деб сўрадим. Сотувчи айтдики, бу ерда гўшт сотадиганларни деярли ҳаммаларига тайёр сўйилган гўшт келади. Олиб келган болалар ҳалоллигига гарантия деб айтган дейишди, шу ҳолатда қандай йўл тутиш жоиз?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Бу масала киши яшаётган шаҳар ва замонга боғлиқ бўлади. Бу ҳақда “Ал-Фатовол-ҳиндия” китобида бундай дейилган:

رَجُلٌ اشْتَرَى مِنْ التَّاجِرِ شَيْئًا هَلْ يَلْزَمُهُ السُّؤَالُ أَنَّهُ حَلَالٌ أَمْ حَرَامٌ قَالُوا يُنْظَرُ إنْ كَانَ فِي بَلَدٍ وَزَمَانٍ كَانَ الْغَالِبُ فِيهِ هُوَ الْحَلَالَ فِي أَسْوَاقِهِمْ لَيْسَ عَلَى الْمُشْتَرِي أَنْ يَسْأَلَ أَنَّهُ حَلَالٌ أَمْ حَرَامٌ وَيُبْنَى الْحُكْمُ عَلَى الظَّاهِرِ ، وَإِنْ كَانَ الْغَالِبُ هُوَ الْحَرَامَ أَوْ كَانَ الْبَائِعُ رَجُلًا يَبِيعُ الْحَلَالَ وَالْحَرَامَ يَحْتَاطُ وَيَسْأَلُ أَنَّهُ حَلَالٌ أَمْ حَرَامٌ .

Яъни: “Киши сотувчидан бирор нарса сотиб олса, ундан бу нарса ҳалолми ё ҳаромми, деб сўраши лозим бўладими? Фақиҳлар айтадилар: “Қаралади, агар ўша пайтдаги шаҳар бозорларида ҳалол маҳсулотлар кўп бўлса, харидор ҳалолми ё ҳаромми, деб сўраши шарт эмас. Ҳукм маълум бўлиб турган ҳолат устига қурилади (яъни, бозордаги маҳсулотлар ҳалол ҳисобланади). Агар бозорларда ҳаромлик устун бўлса ёки сотувчи ҳаромни ҳам, ҳалолни ҳам сотаверадиган киши бўлса, эҳтиёт бўлади ва маҳсулотнинг ҳалол ёки ҳаромлигини сўрайди” (“Ал-Фатовол-ҳиндия” китоби).

Демак, сиз яшаётган шаҳарда ҳалол гўшт маҳсулотлари кўп бўлса, унинг ҳалоллигини сотувчидан сўраш шарт эмас. Лекин ҳаром гўшт маҳсулотлари кўп бўлса, ёки сотувчи ҳалол-ҳаромни фарқламасдан сотаверадиган бўлса, ундан гўштнинг ҳалол ёки ҳаромлигини сўраш керак. Гўштни мусулмондан сотиб олгани ёки мусулмон сўйган ҳайвоннинг гўшти эканига гувоҳлик берса, кейин еса бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

https://t.iss.one/surxonmuslimuz