Surxonmuslim.uz
4.91K subscribers
8.78K photos
2.69K videos
27 files
8.22K links
© O'zbekiston musulmonlari idorasi Surxondaryo viloyat vakilligi Matbuot xizmati

Web-sayt: www.surxonmuslim.uz
Download Telegram
#СИЙРАТ

РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ ИЛМЛАРИ МУКАММАЛЛИГИ

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
«(Аллоҳ таоло) ғaйбни билувчидир. Аммо Ўз ғaйбидaн бирoр кимсaни xaбaрдoр қилмaс. Фaқaт Ўзи рoзи бўлгaн (тaнлaгaн) пaйғaмбaрнигинa (ўзининг бaъзи ғaйбидaн oгoҳ этaр)» (Жин сураси, 26–27-оятлар).
Пайғамбар алайҳиссалом ғайб илмига доир жуда кўп маълумотларни билганлар. Қуйида ана шу маълумотларнинг баъзисини кўриб чиқамиз.
1. Пайғамбар алайҳиссаломнинг барча махлуқотлар яралишидан бошлаб то жаннат аҳли жаннатга, дўзах аҳли дўзахга ҳукм қилингунига қадар бўладиган ишларни билишлари.
Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг орамизда бир жойда туриб, махлуқотларнинг энг аввалидан то жаннат аҳли жаннатга, жаҳаннам аҳли жаҳаннамга ҳукм қилингунларига қадар бўладиган ишларнинг хабарини бердилар. Бу хабарларни ёдида сақлаб қолган сақлаб қолди, унутганлар унутди» (Имом Бухорий ривояти).
Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам орамизда бир жойда туриб, қиёматга қадар бўладиган бирон нарсани қолдирмай, зикр қилдилар. Уни билганлар билди, билмаганлар билмай қолаверди». Ҳузайфа розияллоҳу анҳу сўзини давом эттириб, шундай дейди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хабар берган маълумотлардан унутиб қўйганларимга ҳаётда дуч келиб қолсам, уларни худди бир киши анчадан бери кўрмаган танишини кўриб, таниб қолгани каби эслардим» (Икки шайх ривоят қилган).

2. Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзларидан кейин то қиёматгача юз берадиган ишлар ҳақида хабар беришлари.
Амр ибн Ахтоб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга бомдод намозини ўқиб бердилар, сўнг минбарга чиқиб, то пешин намозигача хутба қилдилар. Кейин тушиб, намоз ўқидилар. Сўнгра яна минбарга чиқиб, то аср намози вақти киргунига қадар хутба қилдилар. Кейин тушиб, намоз ўқидилар. Сўнгра яна минбарга чиқиб, то шом намозигача хутба қилдилар. Ана шу хутбалари давомида у зот бизларга қиёматгача бўладиган ишлар ҳақида хабар берган эдилар. Мазкур хабарларни орамизда зеҳни энг ўткир одамгина тўлиғича эслаб қолди» (Имом Муслим ривояти).
Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Аллоҳга қасамки, саҳобалар ё унутдилар, ё ўзларини унутганга солдилар. Мен буни билолмадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёмат кунига қадар юз берадиган фитналар ва уларга бошчилик қиладиган шахслар ҳамда уларнинг камида уч юздан ортиқ эргашувчилари бўлиши ҳақида маълумот бериб, фитнабошиларининг исмлари, оталарининг исми ва ҳатто қабилаларининг номларигача бирма-бир айтиб бердилар» (Имом Абу Довуд ривояти).

3. Пайғамбар алайҳиссаломнинг қиёматнинг каттаю кичик аломатлари, охират, барзах ҳолати, (Барзах – бу дунё билан нариги дунёнинг ўртаси, инсон вафот этган лаҳзадан қиёматгача бўлган вақт, яъни қабрдаги ҳаётдир) жаннат ва жаҳаннамдагиларнинг аҳволини билишлари.
У зотнинг бу борадаги билимларига доир маълумотларнинг барчаси ҳадис китобларида зикр қилинган. Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур ҳодисалар ҳақида Аллоҳ таолонинг илоҳий файзи ила хабар берганлар. Меърож воқеаси ҳақидаги ҳадисларда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам еттинчи осмонгача кўтарилганлари, уларнинг ҳар бирига бирма-бир кирганлари, у жойларда бир қанча нарсаларни кўрганлари ва бошқа пайғамбарлар билан учрашганлари зикр қилинган.

«ИККИ ОЛАМ САРВАРИ». САЙЙИД МУҲАММАД ҲАСАНИЙ
#СИЙРАТ

РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ ИЛМЛАРИ МУКАММАЛЛИГИ

4
. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ таоло томонидан Арш оламидан хабардор қилинганлари.
Ҳадисларда келишича, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Арш ҳақида сўзлаб, унинг соялари, устунлари ва хазиналари борлигини айтганлар. Яна Аршни кўтариб турувчи фаришталар, уларнинг қуввати ва улуғликлари тўғрисида ҳам маълумот берганлар. «Муснад» китобида келган ҳадисда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: ­ «...Мен жаҳаннамнинг қўриқчилари ва Аршнинг кўтарувчилари қанчалигини биламан».

5. Пайғамбар алайҳиссаломнинг жаннат ва жаҳаннамни билишлари.
Жаннат ва жаҳаннам ул зот соллаллоҳу алайҳи васалламга бир қанча муносабат ва ҳолатлар тақозосига кўра кўрсатилган. Меърож воқеаси ҳақидаги ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сўнгра мен жаннатга киритилдим. Қарасам, у ерда дурдан ясалган гумбазлар бор экан. Тупроқлари хушбўй ҳидли мушки анбардан экан», деганлар.
Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жаннатга яқинлаштириб, жаҳаннамдан узоқлаштирадиган амаллар борки, улар ҳақида сизларга (тўлиқ) баён қилиб бердим», дедилар.

6. Пайғамбар алайҳиссаломнинг Маҳшар олами (Маҳшар олами – қиёмат куни, инсонлар қайта тирилганда ҳисоб-китоб учун тўпланадиган жой), у ердаги инсонларнинг аҳволи, арз олами (Арз олами – қиёмат куни инсонларнинг дунё ҳаётида қилган амаллари ўзларига кўрсатиладиган ҳолат), ҳавз олами (Ҳавз олами – бу оламда қиёмат куни Пайғамбар алайҳиссалом ҳавзи кавсарларидан ўз умматларига сув ичирадилар), бандаларнинг номаи аъмоллари ўзларига қай тарзда кўрсатилиши, ҳисоб-китоб қилиниши, мезон, сирот кўприги ҳақидаги маълумотларни билишлари.
Пайғамбар алайҳиссалом мазкур ҳолатлар ҳақида худди уларни кўриб тургандек, батафсил маълумотлар берганлар.

7. Осмон ва ердаги барча нарса ҳақида билишлари.
Пайғамбар алайҳиссалом шундай ҳикоя қиладилар: «Бир куни кечаси туриб, насиб қилинганча намоз ўқидим. Намозимда мени мудроқ босди, ҳатто оғирлашиб кетдим. Ўша ҳолатимда Роббим менга: «Эй Муҳаммад, фаришталар нима тўғрисида баҳслашяптилар?», деди. Мен: «Билмайман», дедим».
Ҳадиснинг давомида Пайғамбар алайҳиссаломнинг шу сўзларидан кейин Аллоҳ таоло у зотга барча нарсанинг илмини ўргатганлиги зикр қилинади. Мазкур ҳолат ҳақида у зотнинг ўзлари шундай деганлар: «Менга барча нарса аён бўлди, мен уларни тўлиқ билиб олдим» (Имом Термизий, имом Аҳмад ва бошқалар ривояти). Бошқа бир ривоятда Пайғамбар алайҳиссалом: «Мен осмонлар ва ердаги барча нарсаларни билдим», деганлар. Имом Табароний раҳматуллоҳи алайҳининг ривоятида эса: «Роббим менга барча нарсани ўргатди», деганлар. Имом Табаронийнинг бошқа бир ривоятида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: «Шундан кейин Аллоҳ таоло мендан нима ҳақида сўраса, уни биладиган бўлдим. Роббим менга: «Эй Муҳаммад, фаришталар нима ҳақида баҳслашяпти?» деди. Мен: «Каффоротлар ва даражалар ҳақида», дедим».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ғайбиёт оламидан ташқари, ҳайвонот олами, уларнинг турлари, яшаш тарзи ҳақида батафсил маълумотга эга бўлганлар.
Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик чоғларида бизга осмонда учадиган қушлар ҳақида (ҳам) айтиб берганлар» (Имом Табароний ривояти).
Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу дунёни тарк этишларидан олдин осмонда қанот қоқиб учадиган қушлар ҳақида хабар бериб, у ҳақдаги илмни ҳам ўргатдилар».
Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга қушлар олами ҳақида кенг маълумот берганлар. Шундан ҳам билиш мумкинки, Пайғамбар алайҳиссаломнинг барча олам турлари ҳақида илмлари кенг бўлган. Яна шуни яхши билишимиз лозимки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уммондек беқиёс илмларининг қанчалигини фақатгина ана шу илмларни ато қилган Зот – Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайди.

«ИККИ ОЛАМ САРВАРИ». САЙЙИД МУҲАММАД ҲАСАНИЙ

📚@surxonmuslimuz | Диний-маърифий канал
#СИЙРАТ

РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ – ЮКСАК БАЛОҒАТ ВА ФАСОҲАТ СОҲИБИ

Али розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссаломнинг фасоҳатларини: «Мен араблардан қандайдир ажойиб, нодир сўз эшитган бўлсам, фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганман. Мен Расулуллоҳнинг «Маата ҳатфа анфиҳи» (Ҳеч бир ташқи таъсирсиз вафот этган кишига нисбатан қўлланиладиган бу ибора араб тилида юксак фасоҳат намунасидир) деганларини эшитганман. Бундай сўзни илгари бирор арабдан эшитмаган эдим», деб тавсифлайдилар».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг каломлари шу даражада равшан ва очиқ-ойдин эдики, унда бирор-бир ортиқчалик ҳам, камчилик ҳам бўлмасди, ҳатто ёнларидаги киши гапларини ёдлаб оладиган даражада тушунарли гапирардилар.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сизларга ўхшаб шошилиб гапирмасдилар, балки шундай очиқ-ойдин ва дона-дона қилиб гапирардиларки, у зот билан бирга ўтирган киши гапларини бемалол ёдлаб оларди».
Яна Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай гапирардиларки, сўзларининг ҳарфларини санамоқчи бўлган киши санашга улгурарди».
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор гапни гапирсалар, (агар эҳтиёж бўлса) уни уч марта такрорлардилар».

Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни «Сиздан фасоҳатлироқ кишини кўрмадик» деб мақтаганларида, ул зот: «Аллоҳ таоло мени лаҳҳонлардан (Нотўғри, ғализ гапирувчи, грамматик қоидаларга риоя қилмайдиган киши) қилмади, Аллоҳ таоло мен учун энг яхши калом бўлмиш китоби – Қуръони Каримни танлади», деб жавоб берганлар («Жомиъус-сағир» китобида ҳадис ривояти имом Дайламийга нисбат берилган).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фасоҳат билан сўзлашни мақтардилар. Жумлаларнинг маъносини бузиб, қўпол гапиришдан қайтарардилар. Шунинг учун Аббос розияллоҳу анҳу: «Гўзаллик нима?» деб сўраганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тил», деб жавоб берганлар ( Имом Ҳоким ривояти).
Бошқа бир ривоятда Аббос розияллоҳу анҳу: «Кишидаги гўзаллик нима?» деб сўраганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тилининг фасоҳатлилиги», деб жавоб бериб, «Равон гапирадиган кишига Аллоҳ таоло раҳматини ёғдирсин!» деб дуо қилдилар__(Аскарий ривояти. Мазкур икки ривоятдан биринчисида Аббос розияллоҳу анҳу умумий қилиб сўрадилар, кейингисида эса хос қилиб сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг иккала саволга ҳам жавоблари тил ҳақида бўлди).__

«ИККИ ОЛАМ САРВАРИ». САЙЙИД МУҲАММАД ҲАСАНИЙ

📚@surxonmuslimuz | Диний-маърифий канал
#СИЙРАТ

РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ – ЮКСАК БАЛОҒАТ ВА ФАСОҲАТ СОҲИБИ

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фасоҳатлари шу даражада эдики, ҳар бир қавмга ўша қавмнинг тилига хос фасоҳат билан хитоб қилар, ўша қавмнинг шевасида гаплашар ҳамда уларнинг тилларига оид балоғат масалалари бўйича баҳслаша олар эдилар. Бу ҳолатни кузатган саҳобалар кўпинча у зотдан бошқа шевада айтган гапларини шарҳлаб, изоҳлаб беришларини сўрашарди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қурайш, Ансор, Ҳижоз ва Нажд халқи билан қилган суҳбатлари Хазрамавт ва Яман подшоҳлари билан бўладиган суҳбатларига сира ўхшамас эди (яъни ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам подшоҳлар билан бўлган суҳбатларида ўша подшоҳларнинг тили, фасоҳати ва балоғатида гаплашардилар. Улар билан гаплашишда қўллайдиган сўзлари Қурайш ва ансорларга нисбатан ишлатадиган сўзларидан фарқ қиларди. Шу ўринда сўзлашув услублари фарқли эканини билдириш мақсадида араб тилидаги сўзларни ўзбек ёзувида ифодалаб, ёнида изоҳини келтириб ўтдик).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳамадонга шундай мактуб ёзган эдилар: «Албатта, сизлар Ҳамадоннинг фараъи (ернинг тепаликлари), вуҳоти (пастликлари), азози (бирор киши эгалик қилмайдиган бепоён қаттиқ ерлари) га эгалик қиласизлар. Ўша жойларнинг алофи (подалар ўтлайдиган ўтлар) да подаларингиз ўтлайди ҳамда афолари (бирор киши эгалик қилмайдиган, кимсасиз жойлари) да подаларингизни боқасиз. Модомики (Ҳамадон халқи) аҳду паймон ва омонатларини (закотларини) топширар эканлар, Ҳамадоннинг дафъилари (туя, қўйлари) ва суромлари (хурмо дарахтлари ёки хурмо мевалари) гина бизга тегишлидир. Садақанинг салб (тишлари тўкилган қари туялар), ноб (қари туяларнинг урғочиси), форидуд дожин (қари сигир), кабшул ҳаворийи (қўйларнинг катта ёшли қўчқор) уларникидир. Зиммаларида садақанинг солиғи (ёши олтига тўлган қўй ва сигир) ва фориҳи (беш ёшли туя ва отни бизларга юбориш вазифаси) бор».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Наҳд аҳлига ҳам шунга ўхшаш мактуб ёзганлар: «Аллоҳим, уларнинг маҳди (қаймоғи) га, мазқи (қоришма сути) га баракот бер. Подачиларини дусур (унумдор, серҳосил ерлар) га юбор, подачининг самади (оз миқдордаги суви) ни мўл-кўл қилиб бер ҳамда моллари ва фарзандларига барака ёғдир. Ким намозни адо қилса, у (комил) мўмин бўлади, ким закотни берса, ғофил бўлмайди, ким «Лаа илааҳа иллаллоҳ» деб гувоҳлик берса, мусулмон бўлади. Эй Наҳд уруғи, сизлар учун вадоиъуш-ширк (урушдан кейинги ўзаро келишилган аҳду паймонлар) ва вазоиъул мулк (мулк солиқлари) лозимдир. Намоз борасида дангасалик қилманглар, закотни ман қилманглар ҳамда ҳаётда ҳақ йўлдан оғманглар».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам наҳдликларга фарз топшириқ борасида ҳам қуйидагича мактуб ёзганлар: «Фориз (қари сигир), фариш (ёш сигир), зул инонир-рукуб (миниладиган туя), филвуз-зобис (миниш қийин бўлган тойчоқ) сизларгадир. Модомики ичингизда римоқ (нифоқ, мунофиқлик) сақлаб юрмасангиз (яъни қалбларингиз ҳаққа бўйсунишдан бош тортмас экан), рибоқ (арқон) емас экансиз (ўртамиздаги келишувни бузмас экансиз), сизларнинг сарҳларингиз (кундузи яйловда ўтлаб юрадиган подаларингиз) ман қилинмайди (ўтлашдан тўсиб қўйилмайди), толҳингиз (мевасиз дарахтларингиз) кесилмайди, шунингдек, даррингиз (сут берувчи чорваларингиз) ҳам яйловдан тўсилмайди. Ким (бизнинг айтганларимизга) амал қилса, келишувни бажарган бўлади. Ким келишувдан бош тортса, унинг зиммасига (закотдан ташқари жазо ўлароқ олинадиган) зиёда нарса юкланади».

«ИККИ ОЛАМ САРВАРИ». САЙЙИД МУҲАММАД ҲАСАНИЙ

📚@surxonmuslimuz | Диний-маърифий канал
#СИЙРАТ

РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ ЮКСАК БАЛОҒАТ ВА ФАСОҲАТ СОҲИБИ

Қуйида биз ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ана шу бўстондан терилган мевалар янглиғ пурмаъно сўзлари ва гўзал насиҳатларидан баъзиларини сиз азизларга ҳавола қиламиз:

• «Амаллар ниятга боғлиқдир» (Икки шайх ривояти).

• «Амал қилувчининг амалидан фақатгина ният қилгани бўлади. Мўминнинг нияти амалидан яхшироқдир» (Имом Табароний ривояти).

• «Уруш хийладир» ( Икки шайх ривояти).

• «Жиноятчи фақат ўз зарарига жиноят қилган бўлади» ( Имом Аҳмад ва Ибн Можа ривоятлари).

• «Ҳақиқий жасоратли ва кучли киши – одамлар устидан ғолиб бўлган киши эмас, балки ўз нафси устидан ғолиб бўлган кишидир» ( Ибн Ҳиббон ривояти).

• «Кураги ерга тегмаган паҳлавон эмас. Ҳақиқий паҳлавон ғазаб келган вақтда уни енга олган кишидир» ( Икки шайх ривояти).

• «Эшитилган хабар кўрганчалик эмасдир» ( Имом Аҳмад ва бошқалар ривояти).

• «Мажлислар (да айтилган гап-сўзлар) омонатдир» ( Уқайлий ривояти).

• «Бало тилга боғлиқдир» ( Ибн Абу Шайба ва бошқалар ривояти).

• «Ёмонликни тарк қилиш ҳам садақадир».

• «Бахилликдан ҳам ёмонроқ иллат бўлиши мумкинми?» ( Имом Бухорий ривояти)

• «Ҳаёнинг турган-битгани яхшиликдир» ( Муттафақун алайҳ).

• «Ёлғон қасам ичиш юртни саҳро ҳолатига олиб келади» ( Фирдавснинг «Муснад»ида ривоят қилинган).

• «Қавмнинг саййиди (бошлиғи) уларнинг хизматчисидир» ( Абу Абдурроҳман ас-Суламий ривояти).

«ИККИ ОЛАМ САРВАРИ». САЙЙИД МУҲАММАД ҲАСАНИЙ

📚@surxonmuslimuz | Диний-маърифий канал
#СИЙРАТ

РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ – ЮКСАК БАЛОҒАТ ВА ФАСОҲАТ СОҲИБИ

Қуйида биз ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ана шу бўстондан терилган мевалар янглиғ пурмаъно сўзлари ва гўзал насиҳатларидан баъзиларини сиз азизларга ҳавола қиламиз:

- «Истихора қилган ноумид бўлмайди, маслаҳат қилган надомат чекмайди, иқтисод қилган фақир бўлмайди» (Имом Табароний ривояти).

- «Инфоқда (сарф-ҳаражатда) иқтисод қилиш ҳаётнинг ярмидир, инсонларга дўстона муносабатда бўлиш ақлнинг ярмидир, гўзал савол бериш илмнинг ярмидир» (Имом Байҳақий ва бошқалар ривояти).

- «Аллоҳ розилиги йўлида қилинган чора-тадбир каби ақлли тадбир йўқ. Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсалардан тийилишдек тақво йўқ» (Имом Байҳақий ривояти).

- «Ҳақиқий мусулмон – бошқа мусулмонлар тили ва қўлидан омонда бўлган кишидир. Ҳақиқий муҳожир – Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан ҳижрат қилган (яъни ўша нарсаларни тарк қилган) кишидир» (Муттафақун алайҳ).

- «Омонатдорлиги йўқ кишининг иймони йўқ, аҳду паймони йўқ кишининг дини йўқ» (Имом Аҳмад ва бошқалар ривояти).

- «Қадрдон дўстларга гўзал муомалада бўлиш иймондандир» (Имом Ҳоким «Мустадрак»ида ривоят қилганлар).

- «Кишининг чиройи тилининг фасоҳатидадир» (Қодоъий ривояти).

- «Иккита еб тўймас очкўз бор. Бири – толиби илм, яна бири – дунёни талаб қилувчи» (Имом Табароний ва бошқалар ривояти).

- «Нодонликдан ортиқ фақирлик йўқ. Ақлдан азизроқ бойлик йўқ, ужб (ўзига-ўзи қойил қолиш) дан тубанроқ йўқ» (Имом Ибн Можа ривояти).

- «Гуноҳ унутилмас, яхшилик ўчмас, Дайён Зот ўлмас. Қандай хоҳласанг, шундай бўл» (Фирдавс «Муснад»идаги имом Дайламийнинг ривояти).

«ИККИ ОЛАМ САРВАРИ». САЙЙИД МУҲАММАД ҲАСАНИЙ
#СИЙРАТ

РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ ҚУРИЛИШ ВА БОЗОР ИШЛАРИГА МУНОСАБАТЛАРИ

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иморат қуриш ва иншоотлар барпо қилишда саҳобаларни муайян қоидага асосланишга буюрганлар. Шунинг учун ул зотдан уй қураётганда қўшнининг ҳаққи тўғрисида сўралганда: «Иморатингни унинг иморатидан юқори кўтариб юбормагинки, шамол йўлини тўсиб қўясан, қозонинг (да пишириладиган ва қовуриладиган овқатларнинг) ҳиди билан ҳам озор берма. Мабодо озор берадиган бўлсанг, унга ҳам овқатдан чиқар», деганлар. Бошқа бир ривоятда: «...қўшнига келадиган шамолни фақат ўзи рухсат берсагина тўсиб қўйса бўлади», деганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қурилишларда бевосита қатнашиб, ишини пухта бажараётган саҳобаларни мақтаб, уларнинг маҳоратига муносиб баҳо берардилар. Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қайс ибн Толқ Ҳанафийнинг бир масжид қурилишида саҳобалар билан бирга астойдил лой қораётганини кўриб қолдилар. Кейин лой қоришни Қайсга топширдилар-да: «Лойни унинг яқинига қўйинглар, у бу ишни бошқалардан яхшироқ билади», дедилар. Қайс ибн Толқнинг ўзи бу воқеани шундай хотирлайди: «Мен Мадинага – Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келганимда у зот саҳобалар билан масжид қурилишида ишлаётган эканлар. Лой қоришни яхши билганим учун дарҳол белкуракни қўлимга олиб, лой тайёрлай бошладим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга қараб: «Бу Ҳанафий лой қоришга уста экан», деб мақтадилар». Бошқа бир ривоятда шундай дейилган: «У лой қоришга устароғингиз экан».

«ИККИ ОЛАМ САРВАРИ». САЙЙИД МУҲАММАД ҲАСАНИЙ
#СИЙРАТ

ПАЙҒАМБАР АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ХУТБА ҚИЛИШДАГИ ОДОБЛАРИ

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам панду насиҳатлар тингловчиларга тушунарли бўлиши учун сўзларни дона-дона ва равон айтишга эътибор берганлар. У зот хутбаларини баланд жойда, юқори овозда ва тик турган ҳолда қилардилар. Шунинг учун Мадинадаги масжидларига алоҳида минбар ясатилган. У зот муборак сўзлари қалбларнинг туб-тубидан жой олиши учун ҳаммага тушунарли лафзлар, гўзал иборалар ва ҳикматли сўзлар билан хутба қилганлар. Долзарб масалаларни янада таъкидлаш, уларга эътиборни тортиш ва энг муҳими, маъруза тингловчилар ёдида яхши сақланиб қолиши учун баъзи жумлаларни уч маротаба такрор айтардилар. Баъзан хутбаларида қофияли сўзлардан фойдаланган бўлсалар-да, аксарият ҳолларда қофиясиз, оддий сўзларни ишлатганлар. Чунки доимий қофияли сўзлаш кишидан ортиқча машаққат талаб қилади. Бунинг натижасида маънолардаги равшанлик ва ойдинлик ҳам йўқолади.

Набий алайҳиссалом фасоҳатли сўзлаш билан бирга, одамларга малол келмаслиги учун хутбани чўзиб ҳам юбормасдилар. Чунки хутбанинг қисқа ва лўнда бўлиши тингловчини зериктириб қўймайди ҳамда етказилаётган маълумотлар зеҳнларда яхши ўрнашиб қолишига сабаб бўлади. Пайғамбар алайҳиссалом буни саҳобаларга ҳам уқтириб: «Кишининг намози узун, хутбаси қисқа бўлиши унинг заковатига далолат қилади», деб марҳамат қилганлар.
Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг хутбалари қисқа ва лўнда бўлишига қарамай, ҳикмат ва гўзал панду насиҳатларга бойлиги билан бошқа оддий нотиқларнинг хутбаларидан ажралиб турган. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам хутбаларини Аллоҳ таолога ҳамду сано ва шаҳодат калимасини айтиш билан бошлардилар. Ундан сўнг: «Аммо баъд...» дея бирор ҳикмат ё ваъз-насиҳатга ўтардилар. Баъзан хутбанинг маъносини тасдиқлаш мақсадида унга мувофиқ ҳолда қўллари билан ишора қилардилар. Бир хутбаларида: «Мен билан қиёмат мана шундай бўлган ҳолатда юборилдим», дея икки бармоқлари – кўрсаткич ва ўрта бармоқларини бир-бирига бирлаштириб кўрсатганлар.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом баъзан хутба қилишдан олдин қавмни бир марта кўздан кечирардилар. Бу орқали қавмнинг нимани билишга эҳтиёжи борлигини билиб олардилар. Сўнг хутбаларида айнан ана шу масалаларга ҳам тўхталиб ўтардилар. Айни вазиятда риоя қилинмаётган бирор яхши иш бўлса, уни қилишга буюрар, мабодо қилинмаслиги лозим бўлган бирор хато иш бўлса, ундан қайтарар эдилар.

«ИККИ ОЛАМ САРВАРИ». САЙЙИД МУҲАММАД ҲАСАНИЙ (
#СИЙРАТ

ПАЙҒАМБАР АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ДАЪВАТ УСЛУБЛАРИДАГИ ҲИКМАТЛАР

Пайғамбар алайҳиссалом панд-насиҳатни ҳар доим ҳам қилавермас, балки саҳобаларнинг насиҳат эшитишга муҳтож пайтини топиб, ўша вақтда ваъз-насиҳат қилардилар.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам зерикиб қолишимизни истамаганлари учун маълум вақтлардагина панд-насиҳат қилардилар» (Имом Бухорий ривояти).
Шунингдек, Пайғамбар алайҳиссалом подшоҳларга мактуб ёзишда ҳам сўзларини мухтасар қилишни маъқул кўрганлар. Мактубларни етказувчи элчиларга даъват қилиш, ҳужжат-далилни келтириш ва шак-шубҳаларни бартараф этиш йўлларини ўргатганлар. Нажрон аҳлига Амр ибн Ос орқали юборган мактубларида шундай деганлар: «Аммо баъд. Мен сизларни бандаларга ибодат қилишдан ёлғиз Аллоҳ таолога ибодат қилишга, бандаларни бошлиқ қилишдан ёлғиз Аллоҳ таолони бошлиқ қилиб олишга чақираман. Агар бош тортсангиз, жизя тўлайсиз, жизя беришдан ҳам юз ўгирсангиз, у ҳолда мен сизларга қарши уруш эълон қиламан».

Пайғамбар алайҳиссалом савол сўровчиларга гўзал услубда, умумий шаклда жавоб берардилар. Гоҳида берилган саволга «Ҳа» ёки «Йўқ» дейиш билан кифояланардилар.
Маҳориблик бир киши Исломни қабул қилгач, илгари жоҳилият даврида қилиб юрган гуноҳларини эслаб, қийналиб юрар эди. У қабиладошлари билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келганида ўзини қийнаб келаётган ташвишини айтиб, «Гуноҳларимни кечиришини Аллоҳ таолодан сўранг», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ислом (мусулмон бўлиш) олдинги куфр амалларни ўчиради», дедилар. Маҳориблик киши бу гапдан ниҳоятда хурсанд бўлиб кетди.

У зотнинг рисолатни етказишдаги доно услубларидан яна бири даъват асносида ажойиб ўхшатишлар ва гўзал зарбулмасаллар келтириб ўтишларидир. Бундай мисол келтириш тушунилиши қийин бўлган нарсаларнинг осон фаҳмланишига ёрдам беради. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг келтирган зарбулмасалларига Нуъмон ибн Бишр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисни мисол келтирсак бўлади.
Пайғамбар алайҳиссалом мусулмонларни бирдам бўлишга чақириб: «Мўминлар ўзаро дўстлашиш, бир-бирига меҳр-шафқатли ва ҳамдард бўлишда бамисоли бир танадекдир. Агар тананинг бир аъзоси касал бўлса, бошқа аъзолари ҳам бедор бўлади, иситмада ҳамдард бўлади», деганлар (Имом Бухорий ривояти).

«ИККИ ОЛАМ САРВАРИ». САЙЙИД МУҲАММАД ҲАСАНИЙ
#СИЙРАТ

ПАЙҒАМБАР АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ДАЪВАТ УСЛУБЛАРИДАГИ ҲИКМАТЛАР

Пайғамбар алайҳиссалом инсонларга уларнинг ақли етадиган даражадаги гапларни айтар, саҳобаларни ҳам шунга тарғиб қилардилар. Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу ҳам бу хусусда шундай деганлар: «Инсонларга улар тушунадиган сўзлар билан гапиринглар. Ахир сизлар Аллоҳ ва Расулининг ёлғонга чиқарилишини истамайсизлар-ку?»
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи дунёвий ишларда саҳобаларнинг таклифига ҳам қулоқ солардилар. Бир куни айрим подшоҳларни Исломга даъват қилиш мақсадида мактуб жўнатмоқчи бўлиб турганларида саҳобалар: «Улар муҳри йўқ мактубни ўқишмайди», дейишди. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам муҳр қўйиш учун «Муҳаммадур Расулуллоҳ» ёзуви нақшланган кумуш узук ясаттирдилар.
Айрим ҳолларда қилинмаса зарари бўлмайдиган ишларни фитнадан сақланиш мақсадида қилмай қўяверардилар. Бунга Каъбани бузиб, уни Иброҳим алайҳиссалом кўтарган пойдеворгача етказиб қўйиш масаласини мисол қилсак бўлади. Ул зот Исломни эндигина қабул қилган қавм нотўғри тушунмасин деб бу ишни қилмай қўяверганлар. Бу ҳақда Оиша онамиз розияллоҳу анҳога: «Қавмингиз Исломга эндигина кирган бўлмаганида, Байтуллоҳни қайтадан қуришни буюрардим. Кейин ундан чиқарилган нарсалар(қисмлари)ни қайта киргизиб (тиклаб), Иброҳим алайҳиссаломнинг пойдеворигача етказиб қўйган бўлардим», деганлар.

«ИККИ ОЛАМ САРВАРИ». САЙЙИД МУҲАММАД ҲАСАНИЙ
#СИЙРАТ

АЛЛОҲ ТАОЛО ПАЙҒАМБАР АЛАЙҲИССАЛОМНИ ЎЗ ҲИФЗУ ҲИМОЯСИГА ОЛГАН

Аллоҳ cубҳанаҳу ва таоло Набийси Муҳаммад алайҳиссаломни мушриклар ва бошқа душманлар етказиши мумкин бўлган азиятлардан Ўз ҳимоясига олган эди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бир неча оятларда шундай марҳамат қилади:

«Aллoҳ сизни oдaмлaр (зaрaри) дaн сaқлaгaй» (Моида сураси, 67-оят);

«(Эй Муҳaммaд,) Роббингизнинг ҳукмигa сaбр қилинг! Зoтaн, сиз кўз ўнгимиздa (ҳимoямиздa) дирсиз!» (Тур сураси, 48-оят);

«Aлбaттa, Биз сизни мaсxaрa қилувчилaр (ни жaзoлaш) учун кифoя қилурмиз» (Ҳижр сураси, 95-оят);

«Кoфир бўлгaнлaрнинг сизни aсир oлиш ё ўлдириш ёки (юртдaн) чиқaриб юбoриш учун мaкр қилгaнлaрини эслaнг! Улaр мaкр қилaдилaр, Aллoҳ ҳaм «мaкр» қилaди. Aллoҳ «мaкр» қилувчилaрнинг яxшисидир» (Анфол сураси, 30-оят);

«Aллoҳ Ўз бaндaси (ни aсрaш) учун етaрли eмaсми?!» (Зумар сураси, 36-оят).

Муфассирларимиз ушбу охирги оятни «Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳиссаломни мушрик душманлардан асрашга кифоя қилувчи эмасми?!» деб тафсир қилишган.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Aллoҳ сизни oдaмлaр (зaрaри)дaн сaқлaгaй» ояти нозил бўлгунига қадар саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни қўриқлаб юришарди. Мазкур оят нозил бўлганидан кейин Пайғамбар алайҳиссалом чодирдан бошларини чиқариб (Бу оят нозил бўлгунга қадар саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг чодирларини қўриқлашарди. Бу оят нозил бўлганида ул зот алайҳиссалом чодир ичида эдилар.) саҳобаларга: «Эй инсонлар, кетаверинглар, Роббим азза ва жалланинг Ўзи мени сақлайди», деганлар.

«ИККИ ОЛАМ САРВАРИ». САЙЙИД МУҲАММАД ҲАСАНИЙ
#СИЙРАТ

АЛЛОҲ ТАОЛО ПАЙҒАМБАР АЛАЙҲИССАЛОМНИ ЎЗ ҲИФЗУ ҲИМОЯСИГА ОЛГАН

Қуйида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг душманлар зараридан ҳимоя қилинганлари ҳақидаги бир нечта воқеани келтириб ўтамиз.

1. Бир куни Пайғамбар алайҳиссалом саҳобалари билан бирга сафарга чиқдилар. Дам олиш учун бир жойда тўхтадилар. Саҳобалар бир дарахт тагидан Пайғамбар алайҳиссалом қайлула қилишлари учун қулай жой ҳозирладилар. Ул зотни безовта қилмаслик учун ўзлари дарахт ёнидан узоқлашдилар. Шу пайт душманлардан бир киши Пайғамбар алайҳиссалом ётган жойга яқинлашди. Қиличини қинидан чиқарди-да, ҳавога кўтара туриб: «Ким сени мендан ҳимоя қила олади?» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хотиржамлик билан: «Аллоҳ азза ва жалла ҳимоя қилади», деб жавоб бердилар. Бундай жавобни эшитган аъробийнинг (Аъробий деб саҳрода яшайдиган арабларга айтилади) қўли қалтираб, қиличи ерга тушиб кетди. Ўзини йўқотиб қўйганидан бошини дарахтга уриб олган эди, боши ёрилиб, қон ҳам оқди. Шунда Моида сурасининг 67-ояти нозил бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қилич кўтарган киши Ғаврос ибн Ҳорис деган киши эди. Пайғамбар алайҳиссалом уни афв этдилар. Ғаврос иймон келтириб, Исломни қабул қилди ва қавмининг олдига бориб, уларни ҳам ҳақ йўлга бошлади.

2. Бадр куни ҳам худди шунга ўхшаш воқеа содир бўлди. Пайғамбар алайҳиссалом қазои ҳожат учун саҳобалардан четроққа ўтдилар. Шунда бир мунофиқ ёмон ниятда ортларидан эргашди. Кейин у билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўрталарида худди юқоридагидек воқеа содир бўлди.

3. Зу амр деган жойда бўлиб ўтган Ғатафон ғазотида ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Дуъсур ибн Ҳорис ўртасида худди шундай воқеа юз берди. Дуъсур ибн Ҳорис бу воқеадан ҳайратланиб, мусулмон бўлди. Уни бу ишга қайраган қавмининг олдига қайтиб борганида улар: «Айтиб юрганларинг нима бўлди? Имконинг бўла туриб, қўлингдан ҳеч нарса келмабди-ку?» деб уни изза қилишди. Шунда Дуъсур (Дуъсур қавмининг саййиди, энг шижоатлиси эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дам олиб ётганларида устиларига келиб ўлдирмоқчи бўлади): «Муҳаммад узун бўйли, хушрўй, салобатли киши экан. Уни кўриб, ҳайбатидан ҳеч нарса қила олмай қолдим. Кейин у мени кўксимдан итариб юборган эди, орқамга йиқилиб тушдим. Бу ҳолатдан ҳайратландим ва унинг ҳақ Пайғамбар эканига ишондим», деб жавоб берди. Бу хусусда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

«Эй иймoн кeлтиргaнлaр! Aллoҳнинг сизлaргa (бeргaн) нeъмaтини эслaнгиз: бир қaвм (кишилaри) сизлaргa қўл кўтaриш (ҳужум қилиш) ни ният қилгaнидa У Зот уларнинг қўлини сизлaрдaн қaйтaргaн эди. Aллoҳдaн қўрқингиз! Мўминлaр фaқaт Aллoҳгa тaвaккул қилсинлaр!» (Моида сураси, 11-оят)

«ИККИ ОЛАМ САРВАРИ». САЙЙИД МУҲАММАД ҲАСАНИЙ
#ВИДЕО
#масофавий_таълим
#Сийрат

Тошкент ислом институти “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиси Абдулазим домла Зиёуддиннинг “Сийрат фани”дан видео дарслари билан қуйидаги ҳаволалар орқали танишишингиз мумкин:

🔸Сийрат фанига кириш. 1-дарс
🔹Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат иймондандир. 2-дарс
🔸Сийрат илми манбалари, адабиётлари ва уламолари. 3-дарс
🔹Сийратни тадқиқ ва таҳқиқ қилиб ўрганиш аҳамияти. 4-дарс
🔸Пайғамбаримизнинг наслу насаблари. 5-дарс
🔹Пайғамбаримизнинг таваллудлари. 6-дарс
🔸Пайғамбаримизнинг болалик даврлари. 7-дарс
🔹Пайғамбаримизнинг йигитлик даврлари. 8-дарс
🔸Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Хадича онамизга уйланишлари ва Каъбанинг қайта қурилиши. 9-дарс
🔹Пайғамбарлик арафасида. 10-дарс
🔸Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга илк ваҳийни нозил бўлиши. 11-дарс
🔹Нубувватдан рисолат сари. 12-дарс
🔸Макка даврининг 1-босқичи. 13-дарс
🔹Макка даврининг 2-босқичи. Ислом динига ошкора даъват. 14-дарс
🔸Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши ташвиқот. 15-дарс
🔹Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши қўлланган янги услублар. 16-дарс


🔗Каналга аъзо бўлиш:https://t.iss.one/joinchat/AAAAAEfty0zeadQebCEeRw
Forwarded from Muslim.uz
#СИЙРАТ ОШИҚЛАРИ УЧУН АЖОЙИБ ЛОЙИҲА:
ОНЛАЙН
СИЙРАТИ НАБАВИЯ СУҲБАТЛАРИ

🔸Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам сийратларига маҳбуб кишиларнинг талабларига биноан Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтининг катта устози, Ислом тарихи ва сийрат илмлари бўйича тажрибали олим – Абдул Азим Зиёуддин ўғлининг онлайн сийрати набавия суҳбатларини янги шакл, мультимедия воситалари ва инновацион услубларда тақдим этилади.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва салам сийратлари мўмин-мусулмонларнинг имон-ихлосларига чинакам озуқа бўлади. Агар мусулмон кишининг имони комил бўлса, Расулуллоҳга бўлган муҳаббати ҳам зиёда бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни яхши кўриш тоат ва қурбатдир. Дарҳақиқат, динимизда Муҳаммад алайҳиссаломга муҳаббатли бўлиш вожиб амал саналади.

Анас ибн Моликдан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирорталарингиз мени фарзандидан, ота-онасидан ва одамларнинг барчасидан кўра, кўпроқ яхши кўрмагунча ҳақиқий мўмин бўлолмайди”, деганлар.

Шундай экан ушбу янги лойиҳа Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам сийратларини мухлис халқимизга имкон қадар чуқурроқ етказишда муносиб ҳисса қўшади, деган умиддамиз.

🕒 2020 йил 22 сентябрь, сешанба куни соат 15:00 дан бошлаб, онлайн сийрати набавия суҳбатларининг илк сонини қуйидаги ижтимоий тармоқларимиз орқали тўғридан-тўғри кузатинг ва бевосита иштирокчисига айланинг!

Youtube: MuslimTV
Интернет телеканали: ITV.UZ
Facebook: MuslimUz

🔸Мавзу юзасидан савол ва фикр-мулоҳазаларингизни @OnlineSiyratBot орқали жўнатинг.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar
Forwarded from Muslim.uz
БУГУН 19:30 ДА ОНЛАЙН СИЙРАТ ОҚШОМИГА МАРҲАБО!

Бугун, 5 ноябрь, пайшанба куни соат 19:30 да файзли уламолар, зийнат қорилар ва хушовоз нашидхонлар иштирокидаги “Қалбимиз ва ҳаётимиз Сиз ила, ё Расулаллоҳ!” номли онлайн сийрат суҳбатлари тақдим этилади.

Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалам сийратлари мўмин-мусулмонларнинг имон-ихлосига чинакам озуқа. Агар кишининг имони комил бўлса, Расули Акрамга бўлган муҳаббат ҳам зиёда бўлади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирорталарингиз мени фарзандидан, ота-онасидан ва одамларнинг барчасидан кўра, кўпроқ яхши кўрмагунча ҳақиқий мўмин бўлолмайди”, деганлар. Демак, имон комил бўлиши учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ота-онамиздан ҳам, болаларимиздан ҳам, жамики одамлардан, ҳатто ўзимиздан ҳам кўпроқ яхши кўришимиз лозим. Бунинг учун эса У зотни яхши танишимиз, ҳаётларини билишимиз, энг муҳими, суннатларини ҳаётга татбиқ этишимиз даркор. Онлайн сийрат тараннуми тадбири мана шу эзгу ишга оз бўлсада ҳисса қўшади, деган умиддамиз.

Қуйидаги ижтимоий тармоқларимиз орқали онлайн сийрат суҳбатлари, гўзал қироатлар ва ажойиб нашидаларни тўғридан-тўғри кузатинг ва бевосита иштирокчисига айланинг!

Youtube: MuslimTV
Facebook: MuslimUz

🔸Мавзу юзасидан савол ва фикр-мулоҳазаларингизни @OnlineSiyratBot орқали жўнатинг.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
#сийрат #суҳбат #онлайн #Расулаллоҳ
@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar
Forwarded from Muslim.uz
“СЕНИ ЭНДИ ТАНИДИМ”

Бир мўмин тушида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрди. Расулуллоҳ унга ҳеч эътибор бермадилар. Шунда у одам изтиробга тушиб: “Ё Аллоҳнинг Расули! Мендан хафамисиз?” деб сўради.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Йўқ”, дедилар. “Унда нега менга қарамаяпсиз?” деб сўради ҳалиги одам. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Чунки сени танимайман!” деб жавоб бердилар. “Нега танимайсиз? Мен сизнинг умматингизман. Ҳолбуки, олимларнинг айтишича, сиз ҳар бир умматингизни она ўз фарзандини танигандан ҳам яхшироқ танир экансиз”, деди одам.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уламолар тўғри айтган. Лекин мен сенда менинг ахлоқимдан бирон аломат кўрмаяпман ва сенинг менга ҳеч салавоту саломинг келмади. Менинг умматимдан бирини танишим ахлоқимнинг унда қай даражада борлигига боғлиқ”, дедилар.

Одам уйғонганда тушини ўйлади ва шу онданоқ Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал хулқларини ўз ҳаётига татбиқ этишга киришди. Бир муддат ўтгач, такроран Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни тушида кўрди. Пайғамбаримиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Энди танидим”, дедилар.

Севикли Пайғамбаримиз Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш, у зотни чин дилдан севиш, таълимотларига амал қилиб, дунё ва охират саодатини топиш йўлида ҳаракат қилишимиз, қиёмат кунида шафоатларидан умидвор бўлишимиз лозим. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Айтинг (эй, Муҳаммад!): “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир» (Оли Имрон сураси, 31-оят) деб таъкидлайди.

Демак, Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни чин дилдан севиш, у зотга ҳақиқий уммат бўлишга ҳаракат қилиш Аллоҳ таоло муҳаббатига, гуноҳларни мағфират қилинишига олиб келар экан. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини инсонларга таълим бериб, уларнинг ёйилишига хизмат қилиш, у Зотга бўлган муҳаббат ва эҳтиромнинг юксак намунаси ҳисобланади.

АЛЛОҲУММА СОЛЛИ ВА САЛЛИМ ЪАЛА МУҲАММАДИН ВА ЪАЛА ОЛИ МУҲАММАД.

#СИЙРАТ_ВА_ИСЛОМ_ТАРИХИ
@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни қандай қилиб тушда кўрса бўлади?

Тўлиқ видео кўриш
👉https://youtu.be/fD1n_I8H2s8

Устоз Абдул Азим домла ЗИЁУДДИН

#Сийрат
@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar