Соғлиқни сақлаш вазирлиги | Вакцина – ягона чора!
131K subscribers
6.88K photos
2.69K videos
47 files
10.6K links
Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий телеграм канали — t.iss.one/ssvuz

Вазирликнинг Матбуот ва ПР хизмати томонидан юритилади.

Расмий сайт: ssv.uz
Cаҳифаларимиз:
facebook.com/ssvuz
twitter.com/ssv_uz

Манзил: Тошкент ш. Навоий кўчаси, 4.
Тел: 1003
Download Telegram
❗️COVID-19: Дунёда касалланишлар ошди

Кеча жаҳон бўйича 854 мингдан зиёд кишида коронавирус инфекцияси аниқланди. Бу 20 июнь санасига нисбатан қарийб 110 мингта кўп кўрсаткичдир.

Энг юқори кунлик ҳолатлар қуйидаги мамлакатларда қайд этилди:

🇺🇸 АҚШ — 210 минг,

🇩🇪 Германия — 119 минг,

🇧🇷 Бразилия — 64 минг,

🇮🇹 Италия — 63 минг,

🇹🇼 Тайван — 56 минг,

🇪🇸 Испания — 50 минг,

🇦🇺 Австралия — 33 минг,

🇵🇹 Португалия — 18 минг,

🇬🇧 Буюк Британия — 16 минг,

🇯🇵 Япония — 15 минг.

@ssvuz|@ssvmatbuotkotibi |Facebook | Instagram
Media is too big
VIEW IN TELEGRAM
Cайёр тиббий қабул. Юзлаб тақдирларни ўзгартирган кун! Йиллар давомида оғир хасталикдан азият чекиб, дард билан олишган қоракўзлар шукронаси...

Инсон қадри учун қайғураётган давлатга, ҳар қандай вазиятда ҳам фуқароларини ёлғизлатиб қўймаётган шу юртга миннатдорлик ҳисси жўш урган қалблар...

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан Хоразм вилоятида ўтказилаётган соғломлаштириш акцияси давомида оғир, сурункали ёки туғма касалликлардан азият чекаётган минглаб юртдошларимиз давлатимизнинг амалий кўмагини ҳис этишмоқда.

Янгибозор туманида ўтказилган навбатдаги сайёр тиббий қабул давомида ҳам юзлаб беморларнинг муаммоли масалалари жойида ҳал этилиб, уларнинг саломатлигини тиклаш чоралари кўрилди.

Юқоридаги видеолавҳада ушбу жараён тафсилотлари ҳақида сўз юритилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати
.

@ssvuz|@ssvmatbuotkotibi |Facebook | Instagram
Трансплантация: донорликка доир қандай чекловлар бор?

“Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида бунга доир тегишли моддалар мавжуд.

Хусусан, 14-моддага мувофиқ:

❗️Инсон аъзоларини ва (ёки) тўқималарини олишга, агар улар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган, трансплантация қилиш учун инсон аъзолари ва тўқималари донорлигига қарши кўрсатма мавжуд бўлган касалликлар рўйхатига кирувчи хасталиги бўлган ёки илгари шундай касалликка чалинган тирик донорга ёки инсон мурдасига тегишли бўлса, йўл қўйилмайди.

Қуйидагиларга нисбатан инсон аъзоларини ва (ёки) тўқималарини олишга йўл қўйилмайди:

🔹ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга (бундан суяк илигини трансплантация қилиш ҳоллари мустасно);

🔸белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб топилган шахсларга, шунингдек, руҳий ҳолатнинг бузилишларига (руҳий касалликларга) чалинган шахсларга;

🔹қамоқда ёки озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахсларга;

🔸I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга;

🔹ҳомиладор аёлларга;

🔸шахси аниқланмаган шахсларга;

🔹муайян яшаш жойи бўлмаган шахсларга;

🔸“Меҳрибонлик”, “Саховат” ва “Мурувват” уйларида яшовчи шахсларга;

🔹аъзоси ва (ёки) тўқималари илгари трансплантация учун олинган шахсларга.

Ўзбекистон Республикаси фуқароси чет давлат фуқароси бўлган реципиент учун донор бўлиши мумкин эмас.

‼️Қонуннинг 15-моддасига кўра, инсон аъзоларини ва (ёки) тўқималарини трансплантация қилишда жисмоний ҳамда юридик шахсларга инсон аъзоларининг ва (ёки) тўқималарининг олди-сотдиси, шунингдек, трансплантация қилинадиган инсон аъзоларини ва (ёки) тўқималарини Ўзбекистон Республикасидан ташқарига олиб чиқиш тақиқланади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

@ssvuz|@ssvmatbuotkotibi |Facebook | Instagram
❗️Коронавирус: кеча юртимизда беморлар сони яна 100 нафарга яқинлашди

🔺2022 йил 22 июнь
ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 239993 (+98) нафарни ташкил этмоқда.

🔴Янги касалланиш ҳолатларининг:
📌4 нафари Қорақалпоғистон Республикасида,
📌4 нафари Андижон вилоятида,
📌7 нафари Бухоро вилоятида,
📌2 нафари Жиззах вилоятида,
📌6 нафари Қашқадарё вилоятида,
📌2 нафари Навоий вилоятида,
📌3 нафари Наманган вилоятида,
📌5 нафари Самарқанд вилоятида,
📌1 нафари Сурхондарё вилоятида,
📌2 нафари Фарғона вилоятида,
📌5 нафари Хоразм вилоятида,
📌8 нафари Тошкент вилоятида,
📌49 нафари Тошкент шаҳрида коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.

♻️Кеча кун давомида
🔹Жиззах вилоятида 1 нафар,
🔹Фарғона вилоятида 1 нафар,
🔹Тошкент вилоятида 1 нафар,
🔹Тошкент шаҳрида 17 нафар бемор тузалиб, касалликдан соғайганлар жами 237811 (+20) нафарга етди ва соғайиш кўрсаткичи 99 фоизни ташкил этмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

@ssvuz|@ssvmatbuotkotibi |Facebook | Instagram
Media is too big
VIEW IN TELEGRAM
Оғир хасталиклардан азият чеккан юртдошларимиз яқин-яқингача жигар, буйрак трансплантацияси, юрак соҳасидаги нозик операциялар учун илғор хорижий мамлакатларга даво истаб боришга мажбур эди.

Бугун эса деярли барча мураккаб жарроҳлик амалиётлари Ўзбекистоннинг ўзида ўтказилмоқда. Яна ҳам қувонарли жиҳати, трансплантация операцияларини вилоят ва ҳатто туман даражасида бажариш йўлга қўйиляпти.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Хоразм вилоятида ўтказилаётган соғломлаштириш доирасида бир гуруҳ беморларда давлат ҳисобидан буйрак кўчириб ўтказиш операциялари муваффақиятли ўтказилди.

“O‘zbekiston 24” телеканали орқали намойиш этилган юоридаги видеолавҳада шундай ноёб жарроҳлик амалиётлари ва уларнинг натижалари ҳақида сўз юритилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

@ssvuz|@ssvmatbuotkotibi |Facebook | Instagram
Трансплантация: донор ҳамда реципиентнинг қандай ҳуқуқ ва мажбуриятлари бор?

“Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддасида тирик донорнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳам белгилаб берилган.

Тирик донор:

ўзидан аъзосини ва (ёки) тўқимасини олиш амалга ошириладиган тиббиёт муассасасидан инсон аъзосини ва (ёки) тўқимасини олиш бўйича бўлажак жарроҳлик амалиёти ёки муолажа муносабати билан ўз соғлиғи учун юзага келиши мумкин бўлган асоратлар ҳақида тўлиқ ахборот олиш;

жарроҳлик амалиёти ёки муолажа ўтказилишини у бошлангунига қадар рад этиб, унинг сабабини асосламаслик;

ўзидан аъзоси ва (ёки) тўқималари олинганлиги билан боғлиқ бўлган, юзага келган асоратлар туфайли давлат соғлиқни сақлаш тизимининг тиббиёт муассасаларида Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қонунчиликка мувофиқ даволаниш ва кузатувда бўлиш ҳуқуқига эга.

Тирик донор:

❗️ўз бошидан ўтказган ёхуд ўзида мавжуд бўлган касалликлар тўғрисидаги маълумотларни ўзидан аъзосини ва (ёки) тўқимасини олиш амалга ошириладиган тиббиёт муассасасига маълум қилиши;

❗️шифокорларнинг тиббий тавсияларига риоя этиши шарт.

Қонуннинг 18-моддасига мувофиқ, Реципиент:

📌 ўзига инсон аъзосини ва (ёки) тўқимасини трансплантация қилиш бўйича бўлажак жарроҳлик амалиёти ёки муолажа муносабати билан ўз соғлиғи учун юзага келиши мумкин бўлган асоратлар ҳақида аъзонинг ва (ёки) тўқиманинг трансплантацияси амалга ошириладиган тиббиёт муассасасидан тўлиқ ахборот олиш;

📌 жарроҳлик амалиёти ёки муолажа ўтказилишини у бошлангунига қадар рад этиб, унинг сабабини асосламаслик;

📌 Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган тартибда давлат соғлиқни сақлаш тизимининг тиббиёт муассасаларида реабилитациядан ўтиш ва кузатувда бўлиш;

📌 ўзига инсон аъзолари ва (ёки) тўқималари трансплантация қилиниши билан боғлиқ бўлган, юзага келган асоратлар туфайли Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан кўрсатиладиган зарур тиббий ёрдамни қонунчиликка мувофиқ олиш ҳуқуқига эга.

Реципиент:

❗️ўз бошидан ўтказган ёхуд ўзида мавжуд бўлган касалликлар тўғрисидаги маълумотларни аъзонинг ва (ёки) тўқиманинг трансплантацияси амалга ошириладиган тиббиёт муассасасига маълум қилиши;

❗️шифокорларнинг тиббий тавсияларига риоя этиши шарт.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

@ssvuz|@ssvmatbuotkotibi |Facebook | Instagram
❗️Тадқиқот хулосаси: Коронавируснинг давомли асоратлари эмланганларда кам кузатилади

Буюк Британия олимлари “омикрон” штамми бўйича тадқиқот ўтказди. Маълум бўлишича, касалланишдан камида олти ой аввал коронавирусга қарши тўлиқ босқичда эмланган одамларда хасталик енгил кечади ва асоратлар тезроқ бартараф бўлади.

Бунинг учун 100 минг нафарга яқин киши сўровномада иштирок этди. Тўпланган маълумотлар таҳлили шуни кўрсатадики, “дельта” штамми асоратлари “омикрон”га нисбатан 2,4 баравар узоқроқ давом этиши мумкин.

Масалан, “омикрон” тўлқини авж олган 2021 йил 20 декабрдан шу йил 9 мартгача бўлган даврда сўровнома қатнашчиларидан 56 мингдан зиёдида коронавирус аниқланган.

Ундан аввалроқ, яъни “дельта” кенг тарқалган давр — ўтган йилнинг 1 июнидан 27 ноябригача бўлган оралиқда эса 41 минг 361 киши ушбу мутациядан азият чеккан.

Мутахассислар касалликнинг ўткир босқичида тўрт ҳафтадан кўпроқ вақт ўтиб, чарчоқ, бош оғриғи, юрак фаолияти бузилиши билан боғлиқ аломатлар кузатилган беморларни узоқ давом этадиган коронавирусни бошдан кечирганлар тоифасига қўшишди.

Тадқиқот натижалари фақат катталар ва эмланган одамларга тегишли. Вакцина олмаган қатлам ва болаларга доир маълумотлар эса ҳозирча етарли эмас!

Ўрганишлар натижасига кўра, “омикрон”га чалинганларнинг 4,5 фоизида хасталик асоратлари узоқ давом этган бўлса, “дельта”да бу кўрсаткич 10,8 фоизга тенг.

❗️Экспертлар фикрича, бу тадқиқот жамоатчилик томонидан нотўғри талқин қилинмаслиги керак. Чунки “омикрон”нинг қарийб 5 фоиз ҳолатда давомли асоратларни келтириб чиқариши ҳам аслида хавотирлидир.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi |Facebook | Instagram
Сув ҳавзаларида чўмилиш қоидалари: нималарни билишимиз шарт?

Ёзнинг жазирама кунлари бошланди. Олдимизда эса — саратон чилласи. Бундай паллаларда кўпчилик соя-салқиндан паноҳ изласа, баъзилар чўмилиш ҳавзаларида вақт ўтказишни хуш кўради. Айниқса, ёзги таътилга чиққан болажонлар учун бу — энг мароқли машғулот.

Аммо чўмилиш қоидаларига амал қилмаганлар учун сув ҳавзалари роҳат эмас, офат манбаига айланиши ҳам мумкин.

Олий тоифали шифокор Раъно Носирова билан суҳбатимиз шу мавзуда бўлди.

— Чўмилиш инсонни чиниқтиради, — дейди мутахассис. — Чунки сув қон айланиш тизимини яхшилайди, оксидланиш жараёнини фаоллаштиради, асаб ва мушаклар тонусини оширади.

Тана ва оёқ мускуллари мустаҳкамлиги эса елка камарининг бир меъёрда ривожланишига ҳамда нафас олиш тизими яхшиланишига ижобий таъсир кўрсатади.

Қолаверса, сузиш машқлари иммунитетни оширади. Аммо бунинг учун хавфсизлик, саломатлик ва шахсий гигиена қоидаларига қатъий амал қилиш шарт.

Аввало, рухсат этилмаган сув ҳавзаларида чўмилиш ҳаёт учун хавфли. Махсус ёзувли белгилар ўрнатилган, туби номаълум ёки тезоқар ҳавзаларда сузиш, уларга сакраш ҳам жуда хатарли.

Аввало, қуёшли ҳавода, шамол турмаган пайтда ва атмосфера ҳарорати +20-25, сув илиқлиги эса +17-19 даражадан кам бўлмаган шароитда чўмилиш тавсия этилади.

Мабодо сузишни билмай, чўкаётган бўлсангиз, юзингизни тепага қаратиб сувда ётинг. Қулочингизни ёйиб, иложи борича чуқур ва секин нафас олинг. Тик турган ҳолатда оёқларингиз билан велосипед педалини айлантиргандай ҳаракат қилинг. Агар толиқсангиз, сув юзасига чалқанча ётиб олинг.

Ўз навбатида, чўкаётган одамга биринчи ёрдам кўрсатиш ҳам — инсонийлик бурчимиз. Бундай вазиятда уни тинчлантириб, елкангиздан маҳкам ушлашга унданг. Агар чўкаётган одам ўз ҳаракатларини назорат қила олмаётган бўлса, танасидан кўтариб қирғоққа чиқаринг.

Бехуш бўлса, қирғоққа олиб чиқишда унинг боши сув юзасида бўлишига алоҳида аҳамият бериш керак. Шундан сўнг жабрланувчининг, аввало, ўпкасини сув ёки лойқадан тозалаш лозим.

Бунинг учун унинг тиззаларини букиб, ётқизинг ва қусишга мажбур қилинг. Сўнг жабрланувчини елка билан ётқизинг ва оғиз ҳамда бурнини тозаланг. Зарур бўлганда, реанимация тадбирларига киришинг, жабрланувчини иссиқроқ ўраб тезда шифохонага юборинг.

Бундан ташқари, чўмилиш ҳавзалардаги ифлосланган сув ўткир ичак инфекцияси, гепатит, ичбуруғ, ичтерлама каби хавфли касалликларни келтириб чиқаришини ҳам унутмаслик даркор.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi |Facebook | Instagram
❗️Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш тармоғи маймун чечаги эпидемиясини пандемия деб эълон қилди

Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш тармоғи (WHN)нинг сўнгги маълумотларига кўра, айни пайтда маймун чечаги 58 та мамлакатда тарқалиб улгурган ва инфекциядан азият чеккан беморлар сони 3417 нафарга етди.

Шу боис мазкур ташкилот хасталик глобал офатга айланишининг олдини олиш учун зудлик билан тегишли профилактик чоралар кўришга чақирувчи декларацияни эълон қилди.

Унда қайд этилишича, касалликнинг тарқалиш суръати ҳам, кўлами ҳам ошмоқда. Агар ўз вақтида зарур тадбирлар амалга оширилмаса, келгусида бу хавфли дард миллионлаб инсонлар ўлими ва ногиронлигига сабаб бўлиши мумкин.

Демак, бу борада дунё мамлакатлари ўзаро саъй-ҳаракатларини бирлаштирадиган пайт келди. Ўз навбатида, ЖССТ ҳам бу борада шошилинч чора-тадбирларни белгилаши шарт.

Бу эса маймун чечаги эпидемиясини пандемия деб эълон қилиш учун асос бўлди.

Биз шошилинч чоралар кўриш орқали касалликни жиловлашимиз мумкин. Бунинг учун инфекция симптомлари ва асоратлари, эҳтиёт чоралари ҳақида аҳолини кенгроқ хабардор қилишимиз зарур” дейишмоқда экспертлар.

❗️Шундан келиб чиқиб, бугун Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш тармоғи (WHN) маймун чечаги эпидемиясини пандемия деб эълон қилди.

@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi |Facebook | Instagram
⚡️Муносабат

Ижтимоий тармоқларда Ғузор туманида 4 ёшли бола "номаълум" касалликдан вафот этганлиги, айни пайтда унинг 6 ёшли оила аъзоси ҳам оғир аҳволда жонлантириш бўлимида ётганлиги, шифокорлар уларга ташхис қўя олишмаганлиги ҳақида хабарлар тарқалди.

Мазкур ҳолатни ўрганиш ва вазиятга аниқлик киритиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан малакали профессор-шифокорлардан иборат маxсус тиббий бригада тузилиб, зудлик билан Ғузор туманига юборилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу ҳолатни ўз назоратига олган. Ўрганиш натижалари ҳақида батафсил маълумот берилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi |Facebook | Instagram
❗️Коронавирус: кеча юртимизда яна 94 нафар кишида касалланиш қайд этилди

🔺2022 йил 23 июнь
ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 240087 (+94) нафарни ташкил этмоқда.

🔴Янги касалланиш ҳолатларининг:
📌4 нафари Қорақалпоғистон Республикасида,
📌4 нафари Андижон вилоятида,
📌6 нафари Бухоро вилоятида,
📌3 нафари Жиззах вилоятида,
📌8 нафари Қашқадарё вилоятида,
📌4 нафари Навоий вилоятида,
📌4 нафари Наманган вилоятида,
📌8 нафари Самарқанд вилоятида,
📌2 нафари Сирдарё вилоятида,
📌5 нафари Сурхондарё вилоятида,
📌5 нафари Тошкент вилоятида,
📌41 нафари Тошкент шаҳрида коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.

♻️Кеча кун давомида
🔹Қашқадарё вилоятида 2 нафар,
🔹Самарқанд вилоятида 5 нафар,
🔹Фарғона вилоятида 1 нафар,
🔹Хоразм вилоятида 1 нафар,
🔹Тошкент шаҳрида 18 нафар бемор тузалиб, касалликдан соғайганлар жами 237838 (+27) нафарга етди ва соғайиш кўрсаткичи 99 фоизни ташкил этмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

@ssvuz|@ssvmatbuotkotibi |Facebook | Instagram
Трансплантация: Ягона давлат реестри ташкил этилади

“Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 19-моддасига кўра:

инсон аъзоларидан ва (ёки) тўқималаридан фойдаланиш устидан назоратни амалга ошириш, шунингдек, трансплантацияга муҳтож бўлган шахсларга тезкорлик билан тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида донорларнинг, реципиентларнинг, шунингдек, инсон аъзоларининг ва (ёки) тўқималарининг ягона давлат реестри ташкил этилади.

❗️Ягона давлат реестри инсон аъзоларининг ва (ёки) тўқималарининг трансплантациясини амалга оширувчи тиббиёт муассасаларининг ахбороти асосида шакллантириладиган автоматлаштирилган ахборот тизимидир.

Ягона давлат реестрида:

📌 аъзоларнинг ва (ёки) тўқималарнинг потенциал реципиентлари;

📌 ўзига нисбатан аъзолар (аъзонинг бир қисми) ва (ёки) тўқималарнинг трансплантацияси бажарилган реципиентлар;

📌 ўзидан аъзолар ва (ёки) тўқималар олинишига нотариал тартибда тасдиқланган ёзма розилик берган тирик донорлар;

📌 ўзининг биологик ўлими юз бериши факти аниқланганидан кейин ўз танасидан (танасининг қолдиқларидан) аъзолар ва (ёки) тўқималар олинишига тириклик чоғида нотариал тартибда тасдиқланган ёзма розилик берган шахслар;

📌 ўзидан трансплантация учун аъзолар ва (ёки) тўқималар олинган донорлар тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган бўлиши керак.

Донорларнинг, реципиентларнинг, шунингдек, инсон аъзоларининг ва (ёки) тўқималарининг ягона давлат реестрини шакллантириш ҳамда юритиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

‼️Ягона давлат реестрида сақланадиган маълумотлар шифокор сиридир.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

@ssvuz|@ssvmatbuotkotibi |Facebook | Instagram
ССВ: Ўзбек шифокорлари малака ошириш учун Туркияга жўнаб кетди

Ўзбекистон ва Туркия Соғлиқни сақлаш вазирликлари ўртасида имзоланган ўзаро ҳамкорлик бўйича меморандумга кўра, дастлабки 25 нафар ўзбек шифокори Туркияга малака ошириш учун юборилди.

Юртимизнинг 6 та вилоятидан саралаб олинган ушбу тиббиёт ходимлари Анқара шаҳридаги нуфузли клиникаларда бир ой давомида тажриба оширади.

Ушбу ўқув курслари йил давомида 3 маротаба ўтказилиши режалаштирилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Иқтидорли ва малакали тиббиёт мутахассисларини қўллаб-қувватлаш ҳамда тиббиёт муассасаларига жалб қилиш жамғармаси ҳисобидан амалга оширилаётган мазкур малака ошириш курсларига жалб этилган мутахассисларнинг 5 нафари тиббиётда бошқарув менежменти бўйича Туркия тажрибасини ўрганади. 10 нафар шифокор ва 10 нафар ҳамшира эса даволаш жараёнлари билан танишиб, миллий тиббиётимизга татбиқ қилиниши мумкин бўлган илғор усулларни ўзлаштириши кўзда тутилган.

— Ушбу мутахассислар юртимиз ҳудудларидаги оғир шароитли ва оқсаётган тиббиёт муассасаларидан бошқарув ходими, шифокор ва ҳамширалардан иборат бригада шаклида танлаб олинди, — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош бошқарма бошлиғи Умидулла Рисқиев. — Мисол учун, Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари, бирлашмада фаолият олиб бораётган шифокор ва ҳамшира битта бригада сифатида шакллантирилган бўлса, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларидан катталар ва болалар кўп тармоқли тиббиёт муассасаларидаги мутахассислар шу тартибда саралаб олинди.

Таъкидлаш лозимки, малака ошириш курсларига жўнаб кетган мутахассисларнинг аксарияти ўз ҳудудларида зарур хирургик йўналишларда иш олиб борувчи тиббиёт ходимлари ҳисобланади.

Улар орасида юз жарроҳлари, нейрохирург, уролог, акушер-гинеколог каби қатор мутахассислар бор. Шифокорларнинг турк ёки инглиз тилида сўзлаша олиши, креатив фикрлаши, ёш ва билимга чанқоқлик каби сифатлари танлов жараёнида инобатга олинди.

Ушбу курслардан кўзланган асосий мақсад Туркиянинг ривожланган клиникаларида ўз йўналиши бўйича малака оширган мутахассислар олган янги билимларини ўз ҳудудига татбиқ қилиш, мамлакатимизнинг чекка ҳудудларида янги ва замонавий даво усулларининг кириб боришига замин яратишдан иборатдир.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

@ssvuz|@ssvmatbuotkotibi |Facebook | Instagram
Ўзбек травматолог-ортопедлари Япониядан нималарни ўрганиб қайтди?

Дунёда тиббиёт соҳасида қайси мамлакатлар пешқадам? Яқинда бу борада сўнгги рейтинг натижалари эълон қилинди. Унга кўра, Япония рўйхатнинг тўртинчи поғонасидан жой олган.

Чунки “кунчиқар юрт” соғлиқни сақлаш тизими инновацион технологияларни қўллаш борасида анча илғор. Бу ерда мураккаб ва ноёб операцияларни амалга оширишда ҳатто “робот жарроҳ”лар меҳнатидан фойдаланиш ҳам одатий ҳолга айланмоқда.

Ўн уч нафар ўзбек травматолог-ортопеди япон ҳамкасбларининг бу йўналишдаги ютуқларини пухта ўзлаштириб, юртимиз тиббиётига кенг татбиқ этиш мақсадида мазкур мамлакатда бўлиб қайтди.

Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази директори Мурод Ирисметов билан сафар таассуротлари ҳақида суҳбатлашдик
.

— Япон ҳамкасбларимизнинг травматология ва ортопедия соҳасидаги муолажа усуллари биздаги мавжуд методикалар билан деярли бир хил, — дейди шифокор. — Асосий фарқли жиҳатлардан бири, бу ерда касалликларни анча эрта босқичда аниқлаш тизими самарали йўлга қўйилган экан.

Масалан, некроз хасталигининг олдини олиш учун бемор сон суяги бўйинчасини коррекцияловчи махсус муолажа бажарилиши биз учун янгилик бўлди. Бу ўша зарарланган соҳадаги артериялар оғир асоратлар келиб чиқмасидан аввал ишлаб кетишига хизмат қилади.

Бундан ташқари, Японияда жорий этилган тиббий суғурта тизимидан ўрганадиган жиҳатларимиз кўп. Бу механизмга мувофиқ, аҳолини болалигидан бошлаб ҳар йили мажбурий тиббий кўрик ўтказиш амалиёти йўлга қўйилган.

Мингдан ортиқ тиббий суғурта компаниялари мавжуд ва улар тўлиқ хусусий сектор ихтиёрига берилган. Маҳаллий ҳокимият эса бу тизимнинг самарадорлиги устидан назорат ўрнатган.

Шунингдек, бу механизм беморлар шахсий масъулиятини оширишга ҳам хизмат қиляпти. Масалан, фуқаро белгиланган йиллик мажбурий тиббий кўрикдан сабабсиз ўтмаса, унга биринчи гал огоҳлантириш берилади.

Бу ҳолат яна такрорланса, бемор тиббий кўрик сарф-харажатларини ўз ёнидан қоплашга мажбур. Ҳатто ушбу жараёндан бўйин товлаганларга суд орқали товон пули белгиланиши амалиёти ҳам мавжуд.

Яна бир эътиборга молик ҳолат: "кунчиқар юрт"да касалликлар реабилитацияси тизимига ҳавас қилса арзийди. Бу жараёнда электрон технологиялар деярли қўлланилмайди. Фақат уқалаш, даволовчи машқлар, яъни кинезотерапия орқали беморларни оёққа турғазишга эришилади.

Бу ўзига хос амалиётни юртимизда татбиқ этиш бўйича япон ҳамкасбларимиз билан келишувга эришдик. Улар шу ой охирида тиббиёт марказимизга ташриф буюриб, мазкур муолажа усулини ўзимизда татбиқ этишга кўмаклашадиган бўлди.

Ўз навбатида, марказимиз имкониятлари тақдимоти япон шифокорлари томонидан юқори баҳоланди. Бинобарин, муассасамизда COVID-19 касаллигидан сўнг сон суяги бошчасида ривожланаётган аваскуляр ассептик некрози билан мурожаат қилган мингдан зиёд беморларнинг реестри яратилгани, олиб борилаётган текширув ҳамда даволаш усуллари уларда катта қизиқиш уйғотди. Бу беморларда ортопедия йўналишида кузатилган асоратлар бўйича тадқиқот олиб боришда қўл келиши таъкидланди.

Сафар давомида “Kashiwa Tanaka Hospital”, “Kashiwa Rehabilitation Hospital”, “Tokyo Bay Advanced Medicine Makuhari Clinic”, “Nippon Medical School Hospital” клиникалари, "AOI Tokyo Bay Sentaniry" халқаро шифохонаси каби қатор тиббиёт муассасаларида бўлиб, сон суяги бошчасининг ассептик остеонекрозини даволаш усуллари, елка ва тизза бўғими атраскопияси амалиёти билан танишдик, маъруза қилиб, фикр алмашдик.

Шунингдек, Япония соғлиқни сақлаш тизими мутасаддилари, етакчи клиникалари вакиллари билан ҳам учрашувлар ўтказдик. Натижада Ўзбекистонда ушбу мамлакат олимлари билан бирга илмий ишлар олиб бориш юзасидан келишувга эришилди.

Умуман, биз хорижий тажриба билан танишиш асносида давлатимиз раҳбари томонидан тиббиётнинг бирламчи бўғини, касалликлар профилактикасига алоҳида эътибор қаратилаётгани, маблағларни марказга эмас, балки аниқ беморларга ажратиш тизими йўлга қўйилаётгани оқилона йўл эканлигига яна бир бор ишонч ҳосил қилдик.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

@ssvuz|@ssvmatbuotkotibi |Facebook | Instagram
❗️Инсон аъзоларини трансплантация қилишга мажбурлаганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланди

Президентимиз томонидан имзоланган Қонун (ЎРҚ–780-сон, 23.06.2022 й.) билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Жиноят кодексига киритилган ўзгартишга кўра, инсонни ундан аъзоларини ва (ёки) тўқималарини трансплантация учун олишга розилик беришга мажбурлаганлик учун жавобгарлик белгиланди ва бу қилмиш оғирлаштирувчи ҳолатларда 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

📌 Инсон аъзоларининг ва (ёки) тўқималарининг олди-сотдиси билан шуғулланганлик, шунингдек уларни Ўзбекистондан ташқарига олиб чиқиб кетганлик учун ҳам жиноий жавобгарлик белгиланди.

❗️ Мазкур жиноятлар билан боғлиқ дастлабки тергов ички ишлар органлари томонидан олиб борилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

@ssvuz|@ssvmatbuotkotibi |Facebook | Instagram
❗️Касалланишлар яна ортмоқда: кеча юртимизда коронавирус аниқланган беморлар сони 120 нафарга яқинлашди

🔺2022 йил 24 июнь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 240206 (+119) нафарни ташкил этмоқда.

🔴Янги касалланиш ҳолатларининг:
📌3 нафари Қорақалпоғистон Республикасида,
📌3 нафари Андижон вилоятида,
📌4 нафари Бухоро вилоятида,
📌3 нафари Жиззах вилоятида,
📌9 нафари Қашқадарё вилоятида,
📌6 нафари Навоий вилоятида,
📌4 нафари Наманган вилоятида,
📌3 нафари Самарқанд вилоятида,
📌1 нафари Сирдарё вилоятида,
📌9 нафари Сурхондарё вилоятида,
📌6 нафари Фарғона вилоятида,
📌2 нафари Хоразм вилоятида,
📌12 нафари Тошкент вилоятида,
📌54 нафари Тошкент шаҳрида коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.

♻️Кеча кун давомида
🔹Тошкент вилоятида 3 нафар,
🔹Тошкент шаҳрида 16 нафар бемор тузалиб, касалликдан соғайганлар жами 237857 (+19) нафарга етди ва соғайиш кўрсаткичи 99 фоизни ташкил этмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.


@ssvuz|@ssvmatbuotkotibi |Facebook | Instagram
❗️Урология маркази: Беш ойда 1800 дан зиёд юқори технологик операциялар ўтказилди

Юртимиз тиббиётидаги ижобий ўзгаришлар Республика ихтисослаштирилган урология илмий-амалий тиббиёт маркази фаолияти мисолида ҳам яққол намоён бўлмоқда.

Ҳозир бу муассаса замонавий диагностика ва даволаш асбоб-ускуналари билан таъминланган. Салоҳияти жиҳатидан Марказий Осиёда етакчи ўринда туради.

Бу ерда юқори малакага эга мутахассислар фаолият юритмоқда. Жорий йилда марказнинг 8 нафар ходими АҚШ, Австрия, Туркия, Италия давлатларида малака ошириб қайтди.

Муассасамизда жорий йилнинг 5 ойи давомида 3 минг 409 та операция амалга оширилди, — дейди марказ директори Шуҳрат Мухтаров.Шундан 1808 таси юқори технологик жарроҳлик амалиётларидир.

Қолаверса, июнь ойи бошидан буён муассасамизнинг етакчи ходимлари мамлакатимизнинг барча ҳудудларида маҳаллий мутахассислар билан биргаликда 100 дан ортиқ мураккаб амалиётларни бажарди. Шунинг ҳисобига кўплаб беморларни пойтахтга олиб келишнинг ҳожати бўлмади.

Муассасада буйрак ва пешоб йўллари тошларини диагностика қилиш ва даволашнинг энг илғор усуллари жорий қилинган.

Булар оддий операциялардан тортиб барча турдаги эндоурологик амалиётлар, ретроперитонеоскопик ва лапароскопик муолажалар ҳамда пешоб йўлидаги тошларни масофадан туриб парчалаш технологияларигача қамраб олади.

Шунингдек, бу ерда урологик хасталикларни даволашда каминвазив амалиётлардан фойдаланииляпти. Ҳозир марказда амалга оширилаётган бундай амалиётлар дунёнинг етакчи клиникаларидаги кўрсаткичлар даражасига тенг.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

@ssvuz|@ssvmatbuotkotibi |Facebook | Instagram
_Xalq so'zi_ gazetasi-133-2022-06-25.pdf
1.1 MB
Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонун лойиҳаси матни эълон қилинди

“Халқ сўзи” газетасининг 25 июнь сони.

@ssvuz|@ssvmatbuotkotibi | Facebook | Instagram
ССВ: Жорий йил Зангиота юқумли касалликлар шифохонасида 150 нафарга яқин чақалоқ дунёга келди

Коронавирус штаммлари кўпайиб бораётган бугунги кунда касаллик ҳомиладор аёллар ва ёш болаларни ҳам четлаб ўтмаяпти. Айниқса, сўнгги вақтларда улар орасида бу хасталикка чалинаётганлар кўпчиликни ташкил этмоқда.

Хўш, юртимизда эпедимиологик вазият қандай? Хусусан, айни пайтда Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонасида қанча бемор бола ва ҳомиладор аёл даволанмоқда? ССВ Матбуот хизматининг ушбу саволларига муассаса директори Анвар ҲУСАНОВ жавоб берди.

— Биламизки, коронавирус ўта юқумли хасталик бўлиб, бошқаларга қараганда ҳомиладор аёллар уни юқтиришга анча мойил, — дейди шифокор. — Сабаби бўлажак оналарда ҳомиладорлик туфайли иммунитет пасайиб кетади. Қолаверса, ушбу инфекция болаларни ҳам тез-тез зарарлайди.

Хусусан, ҳозирги кунда шифохонамизда даволанаётган беморларнинг 155 нафарини болалар ҳамда 23 нафарини чақалоқлар ташкил этади. Жонлантириш бўлимида 4 нафар бола шифокор ва ҳамширалар назорати остида даво муолажаларини олмоқда.

Шунингдек, муассасада 170 нафар ҳомиладор аёл даволаняпти. Эътиборлиси, жорий йил бошидан буён шифохонамизда 147 нафар чақалоқ дунёга келди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили ушбу муассасада 442 нафар чақалоқ дунёга келган эди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

@ssvuz|@ssvmatbuotkotibi |Facebook | Instagram
❗️“Номаълум” касалликка чалиниб, вафот этгани айтилган бемор болалар ва уларнинг яқин қариндошлари ҳолати бўйича муносабат

Ғузор туманида “номаълум” касалликка чалиниб, вафот этгани айтилган икки нафар бола ва уларнинг яқинлари ҳолатини ўрганиш бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан юборилган малакали мутахассислардан иборат тиббий гуруҳ иш олиб бормоқда. Уларнинг дастлабки хулосалари бўйича қуйидагиларни маълум қиламиз.

2019 йилда туғилган А.Н. (ўғил бола) 2022 йил 20 июнь куни соат 9:40 ларда Ғузор туман тиббиёт бирлашмаси болалар реанимацияси бўлимига ўлимолди ҳолатида олиб келинган. Болага “Юқори нафас йўллари яллиғланиши. Гипертермик ва талваса синдроми. Асорати: токсик энцефалопатия. Бош мия шиши. Ўткир юрак ва нафас етишмовчилиги. ДВС синдроми. Карахтлик 2-даражаси” ташхиси қўйилган. Кўрсатилган реанимацион муолажаларга қарамасдан, шифохонага олиб келинганидан 1 соату 10 дақиқа ўтиб, болада биологик ўлим қайд этилган.

Шу йилнинг 22 июнь куни соат 23:05 ларда Ғузор туман тиббиёт бирлашмасига 2016 йилда туғилган А.Г. (қиз бола) ҳам ўта оғир аҳволда ётқизилган. У 20 июнь куни вафот этган А.Н.нинг яқин қариндоши бўлган. Бу беморга “Юқори нафас йўллари яллиғланиши. Вирусли интенциал синдром. Токсико инфекцион шок. ДВС синдроми. Гемолитик уремик синдром. Ўткир буйрак етишмовчилиги. Анурия босқичи. Токсик энцефалопатия. Мия шиши. Ўткир юрак ва нафас етишмовчилиги” ташхиси қўйилган. Беморни даволаш учун болалар реаниматологи, болалар невропатологи, гематолог, нефролог, токсиколог ва инфекционист мутахассислар жалб қилинган. Бироқ кўрилган даво чораларига қарамасдан, бемор 2022 йил 24 июнь соат 04:00 лар атрофида вафот этган.

Вафот этган А.Н. ва А.Г. бир дарвозадан кириладиган икки ҳовлида яшаган. Болалар бирга ўйнаган, баъзан бирга овқатланган. Улар билан контактда бўлган 9 киши профилактика мақсадида изоляцияга олиниб, эҳтиёт чораси сифатида ўта хавфли инфекцион касалликларга лаборатор таҳлиллар ўтказилган.

Натижада, айни пайтда 2018 йилда туғилган А.А.да геморрагик иситма гумон қилинмоқда. Шу боис унинг қон таҳлилларини якуний текшириш ва хулоса бериш учун Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт марказининг Вирусология илмий-тадқиқот институти лабораториясига юборилган. Бу жараён эса маълум вақт талаб қилади.

Маълумот учун, геморрагик иситма, асосан, майда кемирувчилардан, ҳашарот(кана)лардан одамга турли йўллар билан юқади.

Эҳтиёт чораси сифатида зарур эпидемиологик тадбирлар бошланган. Беморлар яшаган хонадонда профилактик дезинфекциялаш ишлари ўтказилган. Уйдаги ичимлик сақланадиган ҳовуздан лаборатор текширув учун намуна олинган.

Шу ўринда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларидан турли асоссиз ва текширилмаган хабарлар тарқатмасликни, одамларнинг оғир кунидан фойдаланиб, шов-шув кўтармасликни, энг муҳими, ушбу ҳолатдан мамлакатда сунъий эпидемиологик хавф яратиш мақсадида фойдаланмасликни сўрайди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

@ssvuz|@ssvmatbuotkotibi |Facebook | Instagram