Orif Tolib
11.3K subscribers
1.13K photos
104 videos
8 files
1.94K links
Soʻz. Tahrir. Savodxonlik.

Reklama boʻyicha:
👉 https://is.gd/elonlar

Boshqa sahifalarimiz:
👉 https://taplink.cc/oriftolib

Muallif haqida:
👉 https://oriftolib.uz/?p=575

Ijodiy ishlardan oʻgʻrincha foydalanilishiga rozi emasmiz.
Download Telegram
Иксми ёки экс?

Математикадаги x белгисини экс тарзида талаффуз этиш учраб туради. Талаффуздаги хато баъзан ёзувга ҳам кўчиб ўтиши мумкин. Белги номининг тўғриси – икс.

Икс сўзи ўзбек тилида икки хил маънони англатади:

1️⃣ Лотин алифбосида охиридан учинчи ҳарф – x нинг номи.

2️⃣ Математикада: шу ҳарф билан ифодаланган номаълум миқдор.

Икс сўзи математикадан бошқа фанларда ҳам ишлатилади. Масалан, физикада рентген нурлари икс-нурлар деб ҳам аталади.

Икс сўзининг қизиқ тарихи бор.

Номаълум миқдорни ҳарф билан ифодалашни араб математик олимлари фанга олиб кирган. Улар буни арабча шай (شيء) – ҳеч нарса сўзининг бош ҳарфи – шин (ش) билан ифодалаганлар.

Араб тилидаги асарларни ўз тилига ўгирган испан олимлари шин ҳарфини ёзувда ифодалашда қийналганлар. Чунки испанчада ш бўлмаган. Шу сабабли унинг ўрнига юнонча хи ҳарфини олганлар. Кейинчалик бу асарлар испанчадан Европанинг бошқа тилларига таржима қилингач, юнонча хи лотинча x га алмаштирилган. Лотинча x ҳарфи икс деб номланади. Айнан шу белги ва ном фанда оммалашган.

Ҳарф инглиз тилида экс деб аталади. Лекин ўзбекчада математика ва бошқа фанларда лотинча ҳарф номи – икс қўлланади. Амалдаги ўзбек лотин алифбосида эса бу ҳарф ха деб номланган.

X белгиси рим рақами сифатида 10 сонини англатади.

@oriftolib
👍1
Қай бири тўғри?
Anonymous Quiz
76%
Тузилиш | Tuzilish
24%
Тузулиш | Tuzulish
👍1🤣1
Bir birikma tahriri: “ertalabki nonushta”

“Takror aytilganda rangsizdir kalom”, deydi shoir. Qaytariqlar soʻzning ohorini toʻkadi, mazmunni kuchsizlantiradi. Bir oʻzakli yoki bir mazmunli soʻzlarni ketma-ket qoʻllash fanda tavtologiya deyiladi. Tahrirda bu holat matnning jiddiy qusuri sanaladi. Uni albatta toʻgʻrilash kerak.

Yaqinda bir kitob tahririda ertalabki nonushta degan birikmaga koʻzim tushdi. Bu yerda soʻzlar bir oʻzakdan hosil boʻlmagan, mazmuni ham alohida olganda boshqa-boshqa. Lekin u yaxlit holda baribir xato sanaladi. Nega?

Chunki nonushta faqat ertalab qilinadi. Uni ertalabki soʻzi bilan sifatlash ortiqcha.

Nonushta soʻzini izohli lugʻat ertalabki non-choy, xoʻrak deb sharhlagan:

Sidiqjon ertalab nonushtadan keyin joʻnamoqchi boʻlgan edi.
A. Qahhor, “Qoʻshchinor chiroqlari”.

Bu jumlada ertalab soʻzi toʻgʻri qoʻllangan. U joʻnash vaqtini yanada aniq koʻrsatish uchun ishlatilyapti, nonushtani sifatlayotgani yoʻq. Sodiqjon ertalab ketmoqchi, lekin nonushtadan keyin.

Nonushta qilmoq iborasi ertalabki xoʻrakni yemoq maʼnosini anglatadi.

📌 Demak:

Ertalab nonushtadan soʻng joʻnadi. Nonushtadan soʻng joʻnadi. Nonushtani vaqtida qiling!

Ertalabki nonushtadan soʻng joʻnadi. Ertalabki nonushtani vaqtida qiling.

Shunga oʻxshash iboralardan yana bilasizmi? Izohlarda qoldiring.

@oriftolib
“Патир” сўзининг маъноси

Патир
ўзбекчада кўпинча ёғ аралаштирилган, оширилмаган хамирдан чекичлаб тайёрланадиган юпқароқ нонни англатади. Унинг келиб чиқиши асли арабча.

Ўзбек тилининг этимологик луғатига кўра, бу сўз арабча фатир(ун) шаклига эга. Ўзбек тилига сўзлашув тилидаги талаффузи асосида ф ундоши п ундошига, чўзиқ и унлисини эса қисқа и унлисига алмаштириб қабул қилинган.

Тожик тилига аслига яқин – фатир шаклида олинган.

Бу сўз асли нонушта қилди маъносини англатувчи фатара феълидан ясалган аслий сифат бўлиб, оширилмаган хамирдан тайёрланган нон маъносини англатади.

@oriftolib
“Киройи куёвинг шундоқ бўлса”: киройи нима?

“Ўткан кунлар” романи қаҳрамони Мирзакарим қутидор тошкентлик савдогар йигит Отабек ҳақида айни шу мақтовни айтади: “киройи куёвинг шундоқ бўлса...”

Хўш, киройи нима дегани?

Бу сўз арабча киро сўзи ва форсий -йи қўшимчасидан ҳосил бўлган, форсчада арзирли, лойиқ, сазовор бўладиган деган маъноларни англатади. Ўзбекчада икки хил маънода қўлланади:

1️⃣ Айтишга арзийдиган, гапирса, мақтаса бўладиган.

Қишлоқда дув-дув гап. Киройи куёвинг бўлса, Комилжондақа бўлсин.
Уйғун, Ҳаёт қўшиғи.

2️⃣ Ўтакетган, жуда, ғоят.

Энди орада чақир тиканак бўлишим – киройи номардлик!
Ойбек, Олтин водийдан шабадалар.

Демак, Мирзакарим қутидор киройи сўзини биринчи маъносида қўллаган.

@oriftolib
Ўқлоғи, ўқлоқ, ўқлов

Ўқлоғи сўзи ошхамир ёйиш учун ишлатиладиган узун силлиқ таёқчани англатади:

Мен бу боққа фақат бир кинначи сифатида кирган эдимки, бузоқ йўқотган эгачим ўқлоғи кўтариб қаршилади.
А. Қодирий, Кичик асарлар.

Бу сўзнинг ўқлоқ ва ўқлов шакллари ҳам бор:

..Овози хасталанган, ориқлаб, қўл томирлари ўқлоқдай ирғиган эди.
Ҳ. Назир, Сув гадоси – оқпадар

-Ойим қўлидаги хамир ёйиб ўтирган ўқлов билан бошимга астагина урди, – деди Шум бола.
Ғ. Ғулом, Шум бола.

📌 Демак:

Ўқлоғи, ўқлоқ, ўқлов

@oriftolib
Ўз тилингизни ҳурматланг!

Имловий хатоларни баъзида табиийдек қабул қиламиз. Айримлар кирилда ёзганда ў, қ, ғ, ҳ ҳарфларини ишлатмайди ва буни оддий ҳол ҳисоблайди. Клавиатура бўлмаса, ўрнатиб олиш керак. Замонавий операцион тизимларда ўзбек кирил ёки лотин алифбоси муаммо эмас.

Техник камчиликни осон тўғрилаш мумкин, лекин саводни яхшилаш вақт ва ҳафсала талаб қилади. Расмдаги матнда анчагина имло хатолари бор.

Айтганча, ўзбекчада сизлаб мурожаат қилган яхши. Бу ўзбекча муомала маданиятининг бир қисми.

Қуйида расмдаги матннинг тўғриланган кўриниши бериляпти. Мабодо бошқа шифохоналарда ҳам шунақа эслатма ёзиш керак бўлса, фойдаланишар:

Коронавирус юқтиришдан ўзингиз ва оила аъзоларингизни асранг!
🔹 Тиббий ниқоб тақиб юришни унутманг. У сизни инфекциядан ҳимоялайди.
🔹 Ижтимоий масофага амал қилинг.
🔹 Муолажага (ёки мутахассис қабулига) навбат билан киришга одатланинг.

* Расм обуначилардан.

@oriftolib
Ф. И. О. ми ёки ФИО?

#Сўраган_эдингиз

Кўпинча турли маълумотнома ва жадвалларда фамилияси, исми, отаисми сўзлари қисқартириб берилади. Уни қай шаклда ёзиш тўғри?

Бу борада аниқ қоида йўқ. Лекин мантиқий жавоб топиш мумкин.

Ўзбек тилининг асосий имло қоидаларида кўрсатилишича, А. Ж. Жабборов, А. Д. Абдувалиев кабиларда исмнинг ва отаисмнинг биринчи ҳарфига тенг қисқартмалар фамилиядан ажратиб кўчирилмайди. Шунингдек, в. б. (ва бошқалар), ш. к. (шу кабилар) сингари ҳарфий қисқартмалар ҳам олдинги сўздан ажратиб кўчирилмайди.

Ф. И. О. қисқартмаси ТТА, АЭС, ХДП, АҚШ, БМТ каби сўзларга ўхшаш қисқартма сўз эмас, ҳарфий қисқартма. Чунки у алоҳида сўз саналмайди. Қисқартма сўзлар эса янги сўз саналади ва матнда мустақил қўллана олади. Ф. И. О. моҳиятан в. б., ш. к. қисқартмалари билан бир хил. Демак, уни ҳам нуқта билан ёзиш тўғри бўлади.

Имло қоидаларида берилган мисолда в. б. ва ш. к. қисқартиришларида нуқтадан кейин бўш жой ташланмабди. Аслида бўш жой бўлиши керак. Чунки матн ичида қўлланган тиниш белгилари одатда ўзидан кейин битта бўш жой талаб қилади.

Ф. И. О. ҳарфий қисқартмасини в. б. ва ш. к. сингари кичик ҳарфларда ҳам ёзиш мумкин: ф. и. о. Аммо бош ҳарф билан ёзган афзал. Чунки бу қисқартмалар бош ҳарф билан ёзилувчи сўзларга ишора қилади, исм, фамилия ва отаисми ҳар доим бош ҳарф билан ёзилади.

Қисқартиришни нуқтасиз ФИО шаклида ёзиш ҳам мумкин. Лекин Ф. И. О. қоидага мосроқ.

@oriftolib
👍3
Покистондаги шаҳар – ...
Anonymous Quiz
60%
Карачи | Karachi
27%
Қарачи | Qarachi
13%
Қорачи | Qorachi
Қатар пойтахти – ...
Anonymous Quiz
38%
Доха | Doxa
52%
Доҳа | Doha
10%
Дўҳа | Doʻha
Фахрий унвонлар номи қандай ёзилади?

Унвонлар номини ёзишда хатоликлар учраб туради. Кичкинагина қоидаси бор. Шуни билиб олсангиз, янглишмайсиз.

Фахрий унвонлар номи қўштирноққа олинади. Бироқ унвон эгаси назарда тутилган бўлса, қўштирноқ керак эмас:

Эркин Воҳидов 1999 йили “Ўзбекистон Қаҳрамони” фахрий унвони билан тақдирланган.

Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов 1997 йили “Буюк хизматлари учун” ордени билан мукофотланган.

📌 Эслатма: давлатнинг олий даражали мукофоти номи таркибидаги ҳар бир сўз бош ҳарф билан бошланади: “Ўзбекистон Қаҳрамони” (унвон), “Олтин Юлдуз” (медаль). Бошқа мукофотлар, фахрий унвонлар, нишонлар номидаги биринчи сўзгина бош ҳарф билан бошланади: “Соғлом авлод учун” (орден), “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби” (фахрий унвон), “Матбаа аълочиси” (нишон) каби.

Китоблар, газета-журналлар ва сайтларда шахс номи, ундан сўнг эса унинг фахрий унвони келтирилганда ҳам қўштирноқ керак эмас:

Эркин Аъзам,
Ўзбекистон халқ ёзувчиси

Лекин бу ҳолатда ҳам фахрий унвон номи бевосита шахсни билдирмаса, қўштирноқда берилади:

Эркин Аъзам,
“Ўзбекистон халқ ёзувчиси” фахрий унвони соҳиби

❗️ Одатда нашрлар муаллифлар номини бундай кўринишда бермайди.

Аслида аксарият фахрий унвонларининг расмий номида республика сўзи ҳам қатнашган. Лекин амалиётда, жумладан, катта мақомга эга миллий энциклопедияда ҳам унвонлар номи республика сўзисиз ишлатилаверади:

Ўзбекистон Республикаси халқ шоири – Ўзбекистон халқ шоири
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Бунга мантиқий асос топса бўлади: Ўзбекистон ва Ўзбекистон Республикаси номлари бир маънони англатади.

Шахсни ифодалаш хусусияти бўлмаган орден ва медаллар номи ҳамиша қўштирноқда берилади:

“Соғлом авлод учун” ордени, “Соғлом авлод учун” ордени соҳиби
“Шуҳрат” медали, “Шуҳрат” медали соҳиби

@oriftolib
Пайраҳа

Пайраҳа
сўзи ўзбек тилида икки хил маънода қўлланади:

1️⃣ Ёғоч-тахта чопилганда, рандаланганда ҳосил бўладиган чиқинди.

Назар ота пайраҳаларга кўмилиб, пойтеша чопаётган уста Шоқосим билан гаплашиб турган экан.
С. Аҳмад, Қадрдон далалар.

2️⃣ Юпқа кесилган (нон, яхна гўшт, пишлоқ ва ш.к.); япроқ.

Бир пайраҳа қази.

Бу сўзнинг параҳа шакли ҳам бор. У луғатларга кирган ва сўзни бу шаклда ишлатиш ҳам хато эмас.

Яна бир пайраҳа сўзи бор, юқорида изоҳланган сўзнинг омоними. У жонли тилда фаол ишлатилмайди. Асосан тожик тили таъсиридаги шеваларда қўлланади. Изоҳли луғатга кўра, форс тилидан кирган бу сўз лойгарчиликда, қорда одамлар юравериб ҳосил қилган йўл ва сўқмоқни англатади:

Шундай пайтларда МТС ҳовлиси ҳам қиш либосини кияр, устахона ёки цехдан бошқа бир жойга бормоқчи бўлсангиз, девор тагидан... “пайраҳа” йўлкадан юришга тўғри келарди.
С. Маҳкамов, Дала тонги.

📌 Демак:

Пайраҳа, параҳа
Пайраха, параха

@oriftolib
Туршак ва баргак: фарқи нимада?

Туршак – данаги билан қуритилган ўрик.

Зебихон патнисда нон, туршак олиб чиқиб, улар [меҳмонлар] олдига қўйди.
С. Аҳмад, Уфқ.

Туршак суви туршакни сувда қайнатиб тайёрланадиган ичимликни билдиради.

Ўрнидан турди-да, косадаги туршак сувидан икки-уч қошиқ ичди.
Газетадан.

Баргак эса данаги олинган ҳолда қуритилган ўрикни англатади. Асли форсча бу сўзнинг ўзбекчаси – ўрикқоқи.

Айтгандай, Қурбон акани биринчи марта томга баргак ёяётганимда кўрганман,деди Меҳри опа.
А. Эшонов, Дутор.

@oriftolib
“Унниқмоқ” нима дегани?

Шу сўз кўп хато ёзилади ва янглиш маънода қўлланади. Ҳатто кўзга кўринган адибларнинг асарларида ҳам бунга гувоҳ бўлиш мумкин.

Унниқмоқ сўзи бўғиқ қора тусга киришни англатади:

Уни ўйлайвериб, ориқлаб, унниқиб кетдим... – деди Аҳмаджон.
А. Мухтор, Давр менинг тақдиримда.

Асқар полвон қорайиб унниққан эди.
Ойбек, Қуёш қораймас.

Солининг фиғони осмонга чиқди. Бир-икки соат ичида унинг қора юзи баттар унниқиб кетди.
Ё. Шукуров, Уч савол.

Кўпинча бу сўз униқмоқ шаклида ва ранги оқармоқ, ранги хиралашмоқ маъносида ишлатилади. Лекин бу – хато. Чунки униқмоқ сўзи на изоҳли луғатга, на имло луғатларига кирган. Бу – унниқмоқ сўзини ёзиш ва қўллашдаги адашиш, холос.

@oriftolib
👍1