Orif Tolib
11.2K subscribers
1.13K photos
104 videos
8 files
1.94K links
Soʻz. Tahrir. Savodxonlik.

Reklama boʻyicha:
👉 https://is.gd/elonlar

Boshqa sahifalarimiz:
👉 https://taplink.cc/oriftolib

Muallif haqida:
👉 https://oriftolib.uz/?p=575

Ijodiy ishlardan oʻgʻrincha foydalanilishiga rozi emasmiz.
Download Telegram
Эски жўва: жўва нима дегани?

Носиржон Охуновнинг “Жой номлари таъбири” китобида Эски жўвага шундай таъриф берилади:

“Тошкент шаҳридаги маҳаллалардан бирининг номи.

Тарих фанлари доктори А. Муҳаммаджоновнинг ёзишича, жўва аслида жуъба, яъни бозор сўзидан олинган. Эски жўва қадимда шу жойда бозор бўлганидан далолат беради.

Дарқақиқат, Эски жўва бозори Тошкент шаҳрида энг гавжум, энг катта бозор ҳисобланган. 1800 йилги Эски жўва бозори ҳақида маълумот ёзиб қолдирган рус тадқиқотчиси А. Добромислов бу ерда 3000 та дўкон бўлганини, расталар молнинг хилига қараб ёнма-ён жойлашгани ва тўсиқлар билан ажратиб қўйилганини, бозор атрофида 16 та карвонсарой мавжудлигини қайд этган”.

Бироқ “Ўрта Осиё жой номлари тарихидан” асарида жўва сўзи бошқа маънода изоҳланган:

“Эски жўва эса хон аркининг чеккасида бўлиб, эскирган ҳарбий аслаҳалар омбори – жўвахона эди”. Эскирган совут, қалқон, қилич, найза кабилар жўба, талаффузда жўва деб юритилган. Мана шу вариант ҳақиқатга яқин. Чунки бу маълумотни миллий энциклопедияда жевачи сўзига берилган изоҳ ҳам тасдиқлайди. Жевачи, жибачи совутдор; совутли аскар; темир қурол эгаси; қурол-аслаҳа сақланадиган махсус омбор – жевахона бошқарувчиси; ҳарбий юриш вақтида подшоҳ ва хоннинг совут ва оғир қурол-аслаҳаларини олиб юрадиган кичик мансабдор – жибачигири каби маъноларни англатади. Тошкентдаги қадимги жевахона ўрни Эскижўва деб аталади. Жўва жева сўзининг бузиб талаффуз этилишидир.

Миллий энциклопедияда ёзилишича, шаҳардаги ўзаро тўқнашувларга аҳоли ҳам жалб этилган. Фақат Эски жўва бозори бетараф жой ҳисобланиб, нотинчлик вақтида ҳам савдо-сотиқ давом этган.

“Ўзбек тили топонимларининг ўқув изоҳли луғати”га кўра эса Эски жўва Эски Жўйбор номининг ўзгарган шаклидир.

Айтганча, хамир ёядиган, ўрта қисми йўғон ошхона жиҳози ҳам жўва дейилади. Лекин унинг Эски жўва топонимига алоқаси бор-йўқлиги ҳақида маълумот тополмадим. Бозор яқинида ҳозир ҳам ҳунармандчилик растаси бор ва у ерда кўплаб уй-рўзғор буюмлари қатори жўва ҳам сотилади.

@oriftolib
“Амударё”нинг маъноси нима? “Жайхун”нинг-чи?

Ўрта Осиёдаги энг йирик дарё – Амударё қадимги юнон тарихчиси Ҳеродот (милоддан аввалги V аср) асарларида Аракс деб, кейинроқ (милоддан аввалги I аср – милоднинг I асрида) ўтган юнон тарихчилари асарларида Окс (ёки Оксос) деб аталган. Олимлар ана шу Окс (баъзан Акес) Амударёнинг қадимий туркий номи – Ўкуз, яъни “дарё” сўзининг ўзгинаси деб ҳисоблайди.

Авесто ва бошқа тарихий манбааларда Амударёнинг Аранг, Раха, Ранха, Аранха деган қадимий номлари ҳам учрайди. Араблар уни Жайхун “жўшқин (дарё)” деб аташган. Жайхун Тавротда тилга олинган Жихон дарёсига нисбат бериб аталган, деган фикр ҳам бор.

Рус олими В. В. Бартолд араблар Жайхун билан Сайхун (Сирдарё) номларини Шимолий Суриядаги Жайхон ва Сайхон дарёлари номлари билан аташган бўлса керак, дейди. Ўрта аср тарихчиси Гардизий: “Жайхун ҳар қандай катта дарёни билдирадиган турдош от” деган эди...

Амударёнинг қадимий эроний номи Вахш (Вахшоб) бўлган.

Дарёнинг йирик ирмоқларидан бири ҳозир ҳам Вахш деб аталади.

Абу Райҳон Беруний Вахш хоразмликларда сув париси – малак номи, деб ёзган. Профессор Ҳ. Ҳасанов маълумотларига қараганда, Покистонда Амударёни ҳозир ҳам Вакшу-нада деб аташар экан.

Амударёнинг ҳозирги номи Ўрта асрларда мавжуд бўлган Омул (Омуй, Омуйя) шаҳри (ҳозирги Чоржўй) номидан олинган дейишади. Шаҳар дарёдан ном олган бўлиши ҳам мумкин. Академик В. В. Бартолд “Бу сўз арийлардан ҳам олдинги амард халқи номидан келиб чиққан бўлса керак” деган фаразни олдинга суради.

Маҳмуд Кошғарийда ҳар қандай сокин, барқарор, турғун нарсанинг амул дейилишини айтиб ўтиш мумкин.

Тарихий манбаларда Амударёнинг Термиз дарёси, Калиф дарёси, Аранг, Раха, Аранга, Урганч дарёси, Хоразм дарёси каби номлари учрайди.

Суюн Қораевнинг “Топонимика” қўлланмаси асосида тайёрланди.

📌 Демак:

Жайхун
Жайҳун

@oriftolib
👍2
Олимпиада ва Олимпия

Бу катта спорт мусобақаси номи ўзбек тилида икки хил вариантда ишлатилади: Олимпиада ўйинлари, Олимпия ўйинлари. Иккаласи ҳам тўғри. Изоҳли луғатда иккала шакл тўғрилиги кўрсатиб ўтилган:

Олимпиада ёки Олимпия ўйинлари

1️⃣ Юнонистонда умумхалқ байрами ва мусобақалари: икки ғилдиракли аравада тез юриш, бешкураш, муштлашиш мусобақалари, санъат танлови.

2️⃣ Юнонистоннинг Олимпиада ўйинларини эслатувчи жаҳон спорт мусобақалари.

❗️ Эътибор беринг:

👉 Олимпиада сўзи ўқувчилар, талабаларнинг бирор фан ёки санъат соҳаси бўйича мусобақаси, билимларини синаш бўйича танловга нисбатан ҳам ишлатилади. Бундай мусобақага нисбатан Олимпия сўзини ишлатиб бўлмайди.

👉 Олимпиада сўзи мустақил равишда қўлланиши мумкин. У якка ҳолда спорт мусобақаларини ҳам, фан беллашувларини ҳам ифодалай олади:

Токиода Олимпиада давом этяпти.

Лекин Олимпия сўзини мусобақа маъносида якка қўллаб бўлмайди:

Токиода Олимпия давом этяпти.

Олимпия сўзи спортга оид маъно англатганда доим қўшимча сўзлар билан келади: Олимпия ўйинлари, Олимпия хартияси, Халқаро олимпия қўмитаси, Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси, миллий олимпия ҳаракати, олимпия спорт тури, олимпия музейи, Республика олимпия захиралари коллежи, олимпия музейи каби.

📌 Демак:

Олимпиада ўйинлари, Олимпия ўйинлари, олимпия ғоялари, олимпия музейи

олимпиада ўйинлари, олимпия ўйинлари, Олимпия ғоялари, Олимпия музейи

👉 Тўлиқ ўқиш

@oriftolib
👍1
Хартия нима?

Олимпиада ҳақидаги мақолада келган хартия сўзининг маъносига қизиққанлар кўп бўлди.

Хартия ижтимоий-сиёсий аҳамият ва мазмунга эга бўлган айрим ҳужжат ва декларацияларнинг номи. Масалан:

Англия ҳурриятпарварларининг улуғ хартияси.

Ўрта асрларда ва ундан кейинги даврларда оммавий-ҳуқуқий ва сиёсий тусдаги ҳужжатни англаган. Бу сўзнинг эски қўлёзма, ҳужжат, қўлёзма қоғози деган маънолари ҳам бор.

Халқаро ҳуқуқда одатда декларация сўзининг синоними сифатида қўлланади. У мажбурий кучга эга бўлмайди, халқаро актнинг умумий қоидалари ва мақсадини ифодалайди.

Хартия сўзи лотинча charta сўзидан, унинг илдизи юнонча chartiaга бориб тақалади. Chartia эса chartēs сўзининг кичрайтириш-эркалаш шакли бўлиб, папирус қоғози, варақ деган маънони англатади. Харита, карта, қарта ва картон сўзлари ҳам шу лотинча charta сўзидан ҳосил бўлган.

Олимпия хартияси олимпия ҳаракатининг асосий принциплари, қоидаларини акс эттирувчи ҳужжат. У Олимпия ўйинларини ташкиллаштириш ва олимпия ҳаракатини бошқариш учун қоида ва кўрсатмалар тўпламидан иборат. Сўнгги таҳрири 2020 йил 17 июл куни Халқаро олимпия қўмитасининг 136-сессиясида қабул қилинган.

@oriftolib
👍1
Эмландим

Moderna эмдорисининг биринчи дозасини олдим. Аллоҳ хайрли қилсин. Ҳозирча ҳаммаси жойида.

Туманимиздаги поликлиникада навбат катта экан деб ишхонага яқин поликлиникага борсам, у ерда ҳам тумонат одам. Ярим соат-қирқ дақиқаларда галим келди.

Эмдорилар ҳақида ҳар хил миш-мишлар юрибди. Яқин орада американча талаффузда гапирворсам, ҳайрон қолмайсизлар 😄.

Вакцина деган сўзга чидаса бўлади, ҳар ҳолда тиббий атама. Лекин телефонимга Minzdravдан келган хабар калка таржима экан, таҳрирталаб:

“Hurmatli _______________, COVID-19ga qarshi vaksinaning 1-dozasini 2021-08-03 10:52:00da qabul qildingiz. Vaksina 2-dozasini 2021-08-31 10:52:00da qabul qilishingizni so'raymiz. (Nojo'ya holat sezsangiz, hududiy oilaviy poliklinikaga murojaat qiling)”

Minzdrav давлат тилини ҳурмат қилгиси келиб қолса, номини SSV деб ёзиши мумкин. Мабодо.

Дори эшигимда навбат кутиб турган одам эмас, уни қабул қилмайман. Олишим мумкин. Ўзбекчани тузукроқ биладиган бирортасига кўрсатиб олишмабди.

Хабарнинг таҳрирланган кўриниши:

“Hurmatli _______________, COVID-19 ga qarshi vaksinaning 1-dozasini 2021-08-03 10:52:00 da oldingiz. Vaksinaning 2-dozasini 2021-08-31 10:52:00 da olishingizni soʻraymiz (Nojoʻya taʼsirini sezsangiz, hududiy oilaviy poliklinikaga murojaat qiling)”.

📌 Дарвоқе:

Доза юнонча dosis – бўлак, улуш сўзидан олинган бўлиб, тиббиётда бемор бир бор ёки бир кеча-кундузда олиши учун белгиланган дори-дармон миқдорини англатади.

Балки, луғатлар, эски манбалардан чиқиб қолар. Бу сўзни ифодаловчи ўзбекча муқобилни ҳозирча тополмадим. Билсангиз, изоҳларда ёзинг.

@oriftolib
👍2
Шама қиласизми ё шаъма?

Шама деганда нима хаёлга келади? Тўғри, чой эсга келади. Чой баргларининг дамлаб ичилгандаги ҳолати шама дейилади. Чой ичиб битирилгач, чойнак остида қолган қисм шама бўлади.

Бу сўзнинг омоними ҳам бор. Уни кўпинча шаъма тарзида янглиш айтамиз ва ёзамиз.

Бирор нарсага ишора тарзидаги сўз ёки гап, замирида бирор маъно бўладиган гап ҳам шама дейилади:

Йигит шамани тушунди. Юзига сезилар-сезилмас қизил югурди.
М. Исмоилий, Одамийлик қиссаси.

Шама қилиш ибораси шама тарзидаги, тагмазмунли гап айтишни англатади.

Йўлдош аввалига бепарвогина тинглади. Кейин диққат қилса, Мурзин нимагадир шама қиляпти.
Шуҳрат, Шинелли йиллар.

📌 Демак:

Чойнинг шамаси. Нимага шама қилаётганини тушунди

Чойнинг шаъмаси. Нимага шаъма қилаётганини тушунди

@oriftolib
👍2
#Дарё

“Чин-Мочин”, “тўрт муча”, “жуфтакни ростлади” – биз билган сўзларнинг биз билмаган маъноси

Айрим сўз ва ибораларни бот-бот эшитамиз, ўзимиз ҳам қўллаймиз, лекин уларнинг асл маъно-мазмуни қандай эканига кўп ҳам аҳамият бермаймиз.

“Тилимизни биламизми?” рукнининг бу галги сонида ана шундай сўзлардан баъзилари ҳақида маълумот бердим.

Чин-Мочин. Чин – Хитой. Мочин қаер?
Тўрт мучага нималар киради?
“Жуфтакни ростлади”: жуфтак нима?
Дарранда – йиртқич ҳайвон

Қизиққанлар сайтда мақоланинг тўлиқ варианти билан танишиб чиқиши мумкин:

👉 https://daryo.uz/2021/08/04/tilimizni-bilamizmi-chin-mochin-tort-mucha-juftakni-rostladi-biz-bilgan-sozlarning-biz-bilmagan-manosi/

@oriftolib
Аслида: вергул керакми ёки йўқ?

Имлоси жуда чалкаштирадиган сўзлардан бири ана шу аслида сўзи бўлади. Изоҳли луғатда берилган мисолларда ҳам бир ўринда вергул ишлатилган, бошқа жойда эса йўқ 😬.

Хўш, ўзи вергул керакми ёки йўқ?

Буни аниқлаш учун олдин сўзнинг маънолари билан танишиб чиқамиз. Аслида уч хил маънони ифодалайди:

1️⃣ Ҳақиқат эътибори билан; асли.

Молларни биз сотаётганимиз билан дўкон аслида бошқа кишиники.

2️⃣ Одатга кўра, табиатан; асли.

Отахон аслида телевизорни кам кўради.

3️⃣ Модал сўз вазифасида келади. Бунда фикрнинг тўғрилигини билдиради.

Аслида, бу масалага чуқур ёндашиш керак эди...

📌 Демак, муаллиф ўз гапига муносабат билдиргандагина аслида сўзи билан вергул ишлатиш керак. Модал сўз сўзловчининг ўз фикрига муносабатини англатганда кириш сўз ҳисобланади. Кириш сўз гап бошида ўзидан кейин, гап ичида икки томондан, гап охирида ўзидан олдин вергул талаб қилади:

Бу масалага, аслида, чуқур ёндашиш керак эди...
Бу масалага чуқур ёндашиш керак эди, аслида...

Қолган ўринларда вергул ишлатмаслик зарур.

Аслида сўзи кириш сўз бўлиб келганда уни аслини олганда бирикмаси билан алмашириш мумкин. Юқорида биринчи ва иккинчи шарҳда келтирилган мисолларда ҳам аслида сўзини шу маънода ишлатмоқчи бўлсангиз, вергул қўйишингиз мумкин. Бу вергул ишқибозлари учун, албатта 😏. Мен вергул ишлатмаслик тарафдориман.

Аслида сўзи ҳақиқат эътибори билан, одатга кўра, табиатан, асли маъноларини ифодаласа, шу сўзларни унинг ўрнига қўйиб кўрганда маъно йўқолмаса, вергул ишлатманг.

@oriftolib
👍7🔥3😢1
Чин-Мочин. Чин – Хитой. Мочин қаер?

Бадиий адабиётларда, айниқса, эртакларда Чин-Мочин, Чину Мочин каби ибораларга кўзимиз тушади. Баъзан ўзимиз ҳам сўзлашувда ишлатамиз. Чин Хитой экани кўпчиликка маълум. Бу юрт номи инглизчада ҳам China дейилади. Хўш, Мочин қаер?

Мочин ҳиндча Моҳо – катта ва Чин сўзларидан, Катта Чин деган маънони англатади.

Миллий энциклопедияга кўра, Мочин қадимда Хитойнинг шимоли ва шимоли-ғарбида яшаган халқлар номидан келиб чиққан жой номи.

Мочиннинг ўрни ижтимоий-сиёсий вазият ва халқларнинг кўчиши натижасида ўзгариб турган. Маҳмуд Кошғарий “Девону луғотит турк”да Юқори Чинда истиқомат қилган табғачлар кейинги даврда мочин деб аталганлигини айтади. “Мочинликлар ва чинликларнинг алоҳида тиллари бор бўлса ҳам, шаҳарликлар туркчани яхши биладилар, биз билан ёзишмалари туркчадир”, деб ёзади улуғ тилшунос.

Абдурасул Абдухолиқ ўғли “Чин ва Мочин” китобида Махмуд Кошғарий ўз дунё харитасида Мочин деб чизган жой Корея ярим ороли бўлиши керак деган фикрни илгари суради ва у ҳозирги Манжурия ҳудудига тўғри келишини айтади.

Чин ва Мочин сўзлари қадимда туркий халқлар яшаган ҳудудларга нисбатан ишлатилган. Кейинчалик улар англатадиган маъно ўзгарган.

@oriftolib
👍1
Ноль ёки нуль?

Изоҳли луғатда фақат ноль сўзи берилган. 2013 йили “Академнашр” нашриётида чиққан имло луғати эса нуль сўзини ҳам вариантдош сифатида киритган. Бу русчага тақлиддан бошқа нарса эмас. 1976 йили, совет даврида чиққан луғатда ҳам нуль сўзи йўқ.

Ўзбекчада 0 сони нуль тарзида ифодаланмайди. Нул ўзаги қатнашган нуллификация сўзи эса илмий адабиётларда қўлланади, холос. Ҳатто рус тилида ҳам нуль сўзи истеъмолдан чиқиб кетяпти экан. Фақат турғун иборалар, шу ўзакдан ясалган айрим сўзлардагина ишлатиляпти холос. Русчада бор-ку деб ўзбекчага ҳам нуль сўзини олиб кириш мутлақо ўринсиз ва эҳтиёжсиз иш.

Ноль сўзи ҳеч, ҳеч қандай маъносидаги лотинча nullus сўзидан. Ўзбек тилида икки хил мазмунда ишлатилади:

1️⃣ Муайян бирлик ёки миқдорнинг йўқлигини ифодаловчи “0” белгисининг номи.

2️⃣ Иссиқлик ва совуқлик температуралари ўртасидаги шартли чегара.

Хуллас, 0 сонини сўз билан ифодалаганда ноль сўзини ишлатиш керак.

Мен кирилчада ноль ва бошқа сўзларда келадиган ь – юмшатиш белгиси мутлақо ортиқча деб ҳисоблайман. Насиб қилса, бу ҳақида алоҳида ёзаман.

@oriftolib
“Учрашув ўтказди” ва “учрашди”: фарқи нимада?

Бугун ОАВ учрашув ўтказди деган жумлани жуда кўп ишлатяпти. Шуни қисқа қилиб учрашди деса бўлмайдими? Бўлади. Лекин бунда ташкиллаганлик, ташаббусга эгалик маъноси бўртиб акс этмайди. Баъзан учрашув ўтказди унча мос келмаслиги мумкин. Умумий мазмунга қараш керак.

Масалан:

Тошкентда Марказий Осиё давлатлари бош вазирлари учрашди.

Тошкентда Марказий Осиё давлатлари бош вазирлари учрашув ўтказди. 🤔

Иккинчи жумла таҳрир нуқтаи назаридан у қадар тўғри эмас. Чунки учрашувни бош вазирлар ташкиллаштирмаган. Уни Ўзбекистон ҳукумати ташкиллаштирган. Бош вазирлар эса тайёр ташкиллаштирилган маросимда қатнашган. Лекин бу учрашув барча бош вазирларнинг умумий ташаббуси билан ўтказилган бўлса, айнан учрашув ўтказди иборасидан фойдаланган яхши.

Президент матбуот котиби журналистлар билан учрашди.

Учрашувни матбуот котиби ташкиллагани маъноси бўртиб акс этмаяпти.

Президент матбуот котиби журналистлар билан учрашув ўтказди.

Учрашувни матбуот котиби ташкиллагани, у ташаббускор бўлгани яққолроқ ифодаланяпти.

Гап мажҳул нисбатда бўлса-чи? Мажҳул нисбат ўз номига хос, у мазмунни ҳам мажҳуллаштиради. Бунда ташкиллаштириш маъноси йўқолади:

Тошкентда Марказий Осиё давлатлари бош вазирлари учрашуви ўтказилди.

Президент матбуот котиби ва журналистлар учрашуви ўтказилди.

Юқоридаги ҳар икки жумла хато эмас. Лекин мен феълни иложи борича аниқ нисбатда қўллаш тарафдориман. Аниқликка нима етсин!

@oriftolib
👍1
Қай бири тўғри?
Anonymous Quiz
50%
Пайраҳа | Payraha
50%
Пайраха | Payraxa
Данаги олиб қуритилган ўрик – ...
Anonymous Quiz
65%
Туршак | Turshak
35%
Баргак | Bargak
🤣1
“Нафси ҳакалак отди”: ҳакалак нима?

Бу ибора тилда кўп қўлланади. Ибора таркибидаги ҳакалак сўзининг туб маъносига кўп ҳам эътибор бермаймиз. Бу сўз ўзбек тилида икки хил маънода ишлатилади:

1️⃣ Бир оёғи йўқ.

Чап оёғингизни кесишармиш. Икки оёқ билан сиздан кўрганим шу бўлса, энди ҳакалак бўлганда нима қилардингиз...
С. Кароматов, Бир томчи қон.

2️⃣ Болалар ўйини. Ерга чизилган катаклар бўйлаб бир оёқлаб сакраб ўйналадиган болалар ўйини.

Ҳакалак ўйнамоқ.

❗️ Мана шу ўйин номини эсда сақлаб қолинг. Кўпчилик уни русчалаб классики деб қўя қолади. Аслида ўзбекчада бу ўйиннинг бир нечта номлари бор.

Ўзбекча-русча луғат ҳакалак сўзини русча жёлудь, яъни чўчқаёнғоқ маъносида ҳам изоҳлаган.

Ҳакалак отмоқ ибораси бир оёқлаб ирғиб-ирғиб юришни билдиради.

Нафси ҳакалак отмоқ ибораси эса икки хил маънога эга:

1️⃣ Иштаҳаси жуда очилиб, ейиш, ичишдан ўзини тўхтатолмаслик.

2️⃣ Ўзиники қилиш, ўзлаштиришда иштаҳаси карнай бўлмоқ.

Ушбу иборанинг нафси ҳайкалак отмоқ, нафси ҳаккалак отмоқ вариантлари ҳам бор. Лекин бир нарсани эътиборга олиш керак. Матн тузаётганда вариантдош сўзларнинг жонли тилда энг кўп ишлатиладигани, ҳамма биладиганини қўллайвериш керак. Ёзишдан мақсад – билимдонликни кўрсатиш эмас, фикрни ўқувчига етказиб бериш. Китобхонга ётроқ сўзни қўллаш матнни ҳам, мазмунни ҳам ўқувчи онги ва қалбидан бир қадар узоқлаштиради. Албатта, махсус илмий-тадқиқий, хос матнлар бундан мустасно.

📌 Демак:

Нафси ҳакалак отмоқ, нафси ҳайкалак отмоқ, нафси ҳаккалак отмоқ

@oriftolib
👍1
Қай бири тўғри?
Anonymous Quiz
36%
Унниқмоқ | Unniqmoq
64%
Униқмоқ | Uniqmoq
🤣1