Orif Tolib
11.3K subscribers
1.13K photos
104 videos
8 files
1.94K links
Soʻz. Tahrir. Savodxonlik.

Reklama boʻyicha:
👉 https://is.gd/elonlar

Boshqa sahifalarimiz:
👉 https://taplink.cc/oriftolib

Muallif haqida:
👉 https://oriftolib.uz/?p=575

Ijodiy ishlardan oʻgʻrincha foydalanilishiga rozi emasmiz.
Download Telegram
#Табассум

Бир киши машҳур турк шоири Меҳмет Акиф Эрсойни мазах қилмоқчи бўлибди:

– Афандим, сиз мол дўхтирлигини битирган эдингиз-а?!

Шоир жавоб берибди:

– Ҳа, бир еринг оғрияптими?!

“Ҳикматли латифалар ва нишонга урилган сўзлар” китобидан

@oriftolib
👍5
Қай бири тўғри?
Anonymous Quiz
51%
Толқон | Tolqon
49%
Талқон | Talqon
👍3
Сариёғ

Мол сутидан ажратиб олинган ёғ.

Сигир сутидан широбча, қаймоқ, сариёғ тайёрланади.
К. Маҳмудов, Ўзбек тансиқ таомлари.

Ма, болам, кулча билан сариёғ.
О. Ёқубов, Эр бошига иш тушса.

Сариёғ сўзи шевада маска 😳 ҳам дейилар экан:

Гулнор, сув келтир! Маскани айрондан ўзим ажратаман... – деди хотин.
С. Айний, Дохунда.

📖 “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” асосида тайёрланди.

@oriftolib
👍3
Лотин ёзуви ва муаммолар

Kun.uz нашрида таниқли луғатшунос олим Равшан Жомонов билан суҳбат берилибди. Домланинг баъзи гапларини анчадан бери кенгроқ, мисоллар билан ёзмоқчи бўлиб юргандим. Тилга олинган баъзи мавзуларга эса олдин эътибор қаратган эдим.

Олимнинг кўп фикрларига қўшиламан.

Домла имло масалаларини муҳокама қилишда барча зиёлилар: журналистлар, муҳаррирлар, ўқитувчилар, турли соҳа ва фан мутахассислари, блогерлар қатнашиши кераклигини айтибди. Ҳақиқатан, шундай. Муҳими асосли фикр айтиш ва ҳақни қабул қилиш.

“Биз одатда кирилл ёзувида ёзганда муаммо йўқлиги шундаки, рус тилидаги вариантни тўла-тўкис кўчириб оламиз. Масалан, “январь” сўзи охирида “ь” юмшатиш белгиси қўйилади, ваҳоланки у ўзбек тилида фонологик (маъно фарқлаш) вазифа бажармайди. Бу белги қўйилишидан қатъи назар биз “январ” сўзини соф ўзбекона талаффуз этамиз. Ўзбек лотин алифбосида эса бу сўз “yanvar” тарзида ёзилади“, дейди олим.

Ь, ц, щ ҳарфлари ҳақида мен ҳам батафсилроқ ёзаман, насиб қилса.

Лекин домланинг баъзи қарашларини ёқламайман. Жумладан, sh, ch, ng, oʻ, gʻ ҳарфларини сақлаб қолиш, амалдаги лотин алифбоси кунимиз талабларига тўла жавоб бериши ҳақидаги фикрларига қарши етарлича далил бор. Бу гапларни айтиш осон, айниқса, лотин ёзувини ўзинг амалда ишлатмасанг. Кирил ёзувидан лотинга ўтган ва унда ёзишни бошлаган одам қўшма ҳарфлар қанчалик ўнғайсизлик ва қийинчиликлар пайдо қилишини жуда осон ҳис қилади.

Я ҳарфи ҳарфи ҳақидаги аксар фикрларга ҳам қўшиламан. Лекин сентябр, октябр сўзини sentabr, oktabr деб ёзишга мажбурлаш ҳам жуда ўзини оқлайдиган ҳолат эмас. Бир пайтлар халқимиз бу сўзларни sentabr, oktabr деб талаффуз қилган. Бугун эса sentyabr, oktyabr деб талаффуз қиляпти. Имло талаффузга яқинроқ бўлгани яхши.

Финляндия деб ёзиш масаласида эса олимнинг фикрларига тўла қўшиламан. Finland сўзини биз русчадан Финляндия шаклида олиб қўя қоламиз, бу эса жиддий хато.

👉 Суҳбат матни билан бу ерда, видеоси билан мана бу ерда танишишингиз мумкин.

@oriftolib
Ахир: вергул керак эмас

Кўп тарқалган хатолардан бири ахир сўзи билан вергул ишлатишдир. Ахир равиш ва юклама бўлиб келиши мумкин. Ҳар икки ҳолатда ҳам вергул ишлатилмайди:

1️⃣ Равиш бўлиб келганда охири, пировардида, ниҳоят маъноларини англатади. Сўзнинг ахийри, ахири кўринишлари ҳам бор. Кўпроқ ахийри шакли ишлатилади:

Ахир бўлмади. Ахир кўнди.

Ахийри октябрь ойи ҳам тугади.
М. Исмоилий, Фарғона т. о.

2️⃣ Юклама бўлиб келганда маънони кучайтириш ва таъкидлашга хизмат қилади:

Ахир ёшимиз кетяпти, умр баҳоримиз ўтиб, кузимиз яқинлашиб келяпти, Ҳаётхон!
М. Исмоилий, Фарғона т. о.

📌 Демак,

Ахийри рози бўлди. Ахир зотингга тортасан.
Ахийри, рози бўлди. Ахир, зотингга тортасан.

Ахир бу оддий нарса-ку! Тушунинг ахир!
Ахир, бу оддий нарса-ку! Тушунинг, ахир!

@oriftolib
👍1
Тузатиш

Хато ҳаммадан ўтади. Жумладан, хато топадиганлар ҳам хато қилади 🙃.

Кеча ахир сўзини равишдош деб ёзворибман, аслида равиш бўлади. Бўлмаса, мақолача тайёр бўлгач, 3-4 марта ўқигандим. Инсончилик 🤷🏻‍♂️‍. Бир обуначимиз хабар берди, тузатиб қўйдим.

Саҳифани эътиборли ва билимли обуначилар кузатаётганидан хурсандман.

@oriftolib
👍4
Толқон

1️⃣ Қовурилган дон, қуритилган нон ва шу кабилардан туйиб тайёрланган емиш.

Нон толқон. Буғдой толқон.

Ниёз бобомнинг кампири Хумор хола дастурхон ёзди, бир ҳовучдан жийда, ўрикқоқи, толқон қўйди.

“Ёшлик”.

2️⃣ Умуман, туйилган ҳар қандай нарса; порошок.

Носвой толқон.

Оғзига толқон солмоқ (ёки толқон ютмоқ) – товуш чиқармай, индамай, ҳеч нарса демай турмоқ.

Нега жим ўтирибсизлар? Оғизларингизга толқон солиб олдиларингизми?
И. Раҳим, Чин муҳаббат.

📖 “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”дан

@oriftolib
👍3
Наҳот(ки): вергул керак эмас

Наҳот ва наҳотки сўзлари билан ҳам вергул кўпинча янглиш ишлатилади. Аслида бу икки сўз вергул талаб қилмайди.

Наҳот(ки) сўроқ, таажжуб, шубҳа маъноларини билдиради:

Наҳот ўғлимга ўшандоқ қаттиқликни раво кўрсам!
А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари.

Наҳотки етукликнинг тимсоли йўқ бус-бутун?
А. Орипов, Юртим шамоли.

📌 Демак,

Наҳот шуни тушунмасанг? Наҳотки айтмаган бўлса?
Наҳот, шуни тушунмасанг? Наҳотки, айтмаган бўлса?

@oriftolib
👍1
Камина

Камина
сўзи форс тилидан ўтган, аслиятда кичик, эътиборсиз, ҳақир маъноларини билдиради. Эски ўзбек тилида ҳозиргига нисбатан кўп ишлатилган. Умуман, олдинлари ўзаро муомалада менлик даражаси пастроқ бўлган, шекилли, одамлар ўзларини ҳақир санаб, камтар ифодалардан фойдаланган. Камина сўзи ҳам мен дейишга истиҳола сабабли айтилган. Эски тилимизда содиқ хизматкор, қул маъносида ҳам ишлатилган.

Камина маъно жиҳатидан учинчи шахсни билдиради, лекин асосан биринчи шахсдаги феъллар билан қўлланади. Лекин учинчи шахс бирликдаги феъл билан ишлатилиши ҳам хато эмас. Бу сўз худди мен олмоши каби келишик ва шакл қўшимчаларини ҳам олиши мумкин. Қаратқич келишигини олганда камина билан боғланган отга учинчи шахс бирликдаги эгалик қўшимчаси қўшилади.

📌 Демак,

Камина мисол айтдим. Камина кино кўрдим.
Камина мисол айтди. Камина кино кўрди.

Каминанинг китоби. Бу китоб каминаники.
Каминанинг китобим. Бу китобим каминаники.

👉 Тўлиқ ўқиш

@oriftolib
👍3
Taqsir kim?

Taqsir
soʻzi ham boshida kamina soʻzi kabi kamtarlik maʼnosini bildirgan. Keyinchalik maʼnosi va qoʻllanish yoʻsini oʻzgarib ketgan.

Taqsir arabchadan olingan, asliyatda qisqartirish, kamaytirish; kamchilik; sustkashlik, beparvolik maʼnolarini anglatadi. Taqsir va qusur soʻzlarining oʻzagi bir.

Eski tilimizda odamlar oʻzi haqida faqir, qulingiz, taqsiringiz kabi soʻzlarni ishlatgan. Taqsiringiz degani qusurli, aybli, gunohli suhbatdoshingiz, yaʼni men deganidir.

Keyinchalik bu soʻzning maʼnosi teskarisiga oʻzgarib ketgan. Kuzatishlarimga koʻra, XIX asr oxirlaridan boshlab taqsir murojaatda hurmatni bildiruvchi soʻzga aylangan:

Gapingiz nuqul haqiqat, taqsir, – dedi Olchinbek.
K. Yashin, Hamza.

Shahidbek mulla Abdurahmonni soʻzga tortdi:
– Nima lavozimatdalar, taqsirim?
A. Qodiriy, Mehrobdan chayon.

Nahot shunday boʻlsa, taqsir?

@oriftolib
👍8
Таҳрир ва имлони ўрганувчилар учун

Бир ғалати одатим бор (эди): турли канал ва гуруҳларга иложи борича аъзо бўлмайман. Ҳатто ўта керакли бўлса ҳам. Иш масаласидаги маслаҳат гуруҳлари бундан мустасно, албатта. Ўқилмаган янги хабар ҳақидаги эслатма асабимни қитиқлайди ва ўша канал ёки гуруҳга кириб хабарни кўриб қўйишим керак. Ўқимасам ҳам, шунчаки ўқилмаган хабарлар борлиги ҳақидаги белгини йўқотиш учун шундай қиламан. Биламан, ғалати одат 😄. Лекин 🤷🏻‍♂️‍.

Шу одатни озроқ ўзгартиришга қарор қилдим. Ҳеч бўлмаса, саҳифамга яқин каналларга аъзо бўлай дедим. Таҳрир ва имлога қизиқадиганларга тавсия этаман. Агар олдинроқ аъзо бўлган бўлсангиз, нур устига нур:

📌 Демак,

@xatoliklar
@kitaabun
@tahrir_uz

@oriftolib
Davlat_tilida_ish_yuritish_2020.pdf
8 MB
Давлат тилида иш юритиш

Давлат ташкилотларида хат-ҳужжатлар давлат тилида ёзилиши кенгайгани сари ўзбек тилини яхшироқ билишга эҳтиёж ортади. Бу борада шу йўналишдаги китоблар катта фойда беради.
2020 йили чоп этилган “Давлат тилида иш юритиш” амалий қўлланмаси расмий хатларни, фармойиш ва буйруқларни, ариза, таржимаи ҳол, билдириш, тилхат, ҳисобот каби маълумот-ахборот ҳужжатларини, турли хизмат ёзишмаларини қандай ёзиш кераклиги ҳақида йўлланмалар беради.

Китобдаги баъзи жузъий хатолар кейинги нашрларда тузатилади деган умиддаман.

Ҳар қандай ходимнинг иши тушадиган энг муҳим ҳужжатлар ҳақида, насиб қилса, мен ҳам кичик тушунтиришлар бераман.

Электрон китоб Давлат тилини ривожлантириш департаменти сайтидан олинди.

@oriftolib
👍8
#Сўраган_эдингиз

Қўштирноқнинг қайси шаклини ишлатиш керак?

Обуначилардан бири қўштирноқнинг қайси туридан фойдаланиш кераклиги ҳақида сўраган эди. Шу ҳақда анча-мунча нарса ёзиб қўйгандим. Бу орада @xatoliklar канали шу ҳақда мақола эълон қилиб қолди. Баъзи ўринлари такрор бўлса-да, мен ҳам ёзганларимни эълон қиляпман. Увол бўлмасин 🙃.

Ўзбекчада қайси қўштирноқ туридан фойдаланган маъқул?

Ҳозир энг кенг тарқалгани – “...” шакли. Менимча, мана шуни ишлатган афзал. Нега?

1️⃣ Компютердаги матн муҳаррирларида ўзбек тили клавиатурасида айни шу белги чиқади. Замонга ҳамнафас бўлган яхши. Телефонлардаги клавиатуралар, жумладан, андроид смартфонлардаги Gboard ва Яндекс клавиатураларида ҳам шу вариант асосий қўштирноқ белгиси қилиб олинган.

2️⃣ Шакли чиройли ва ихчам.

❗️ Аслида она тили дарсликларига кўра, „ ... “ шаклидан фойдаланиш керак. Бироқ ўзбекча матнларда қўштирноқ шу дарсликлардагина бу тарзда ишлатилади, холос. Балки, яна бирорта китобда ишлатилгандир. Лекин мен кўрмаганман.

Рус имло тартибига кўра, „ … “ белгисидан қўлда ёзилганда фойдаланилади, босмада « … » белгиси ишлатилади. Бизда ҳам „“ белгисини ёзма шакл учун ишлатса бўлади. Қолган ҳолатларда “” вариантидан фойдаланавериш керак.

Истаганлар русча клавиатурада чиқадиган «» белгиларини бемалол ишлатиши мумкин. Ўзбекча кирил ва лотин клавиатураларида “” чиққани учун мен шуни маъқул кўраман. Хуллас, бу борада “чанқоғингга ишон” шиори амалда.

@oriftolib
👍4
Бош ҳарф билан ёзилмайди

Расмий ҳужжатларда, ёзишмаларда энг кўп кўзга ташланадиган хатолардан бири қонун, қарор, фармон, фармойиш, буйруқ каби сўзларни бош ҳарф билан ёзиш. Ҳатто “Ўзбек тилининг асосий имло қоидаларини тасдиқлаш ҳақида”ги қарорда ҳам қонун сўзи гап ичида катта ҳарф билан ёзилган. Умуман, lex.uz даги расмий ҳужжатларга назар ташласангиз, юқоридаги сўзлар бир ўринда бош ҳарф, бошқа бир ўринда кичик ҳарф ёзилганига гувоҳ бўласиз.

Хўш, нега кичик ҳарф билан ёзилиши керак?

1️⃣ Имло қоидаларига кўра, бу сўзлар бош ҳарф билан ёзилиши белгиланмаган.

2️⃣ Тўғри, қарор ёки фармонларни Президент ёки давлатнинг олий ташкилотлари раҳбарлари тасдиқлайди. Бироқ ҳужжатнинг ўзи олий ташкилот ёки мансабни англатмайди.

Қачон бош ҳарф билан ёзиш мумкин?

1️⃣ Саналган сўзларни жумла ичида бош ҳарф билан ёзишни бир ҳолатдагина мантиқий асосласа бўлади. Қарор мисолида кўриб чиқайлик. Ўша қарорнинг ичидагина, олдидаги сарлавҳа-изоҳни ташлаб, айни шу қарорни назарда тутганда бош ҳарф билан ёзиш мантиқли.

2️⃣ Конституция давлатнинг асосий қонуни бўлгани учун, гарчи имло қоидаларида алоҳида тартиб кўрсатилмаган бўлса-да, бош ҳарф билан ёзилиши керак. Олий бош қонун назарда тутилмаган ҳолатларда эса конституция сўзи кичик ҳарф билан ёзилади.

🔎 Давлат тилини ривожлантириш департаменти ва Адлия вазирлиги бу масалага эътибор қаратиб, узил-кесил хулоса берса, яхши бўларди. Тил ва имло бўйича ишлайдиган университет ва институтлар, мутахассисларнинг ҳам фикри жуда муҳим.

Қонунчилик базасидаги имлони ҳам бирхиллаштириш керак. Балки, имло қоидаларининг янги таҳририга аниқ бир қоида ҳам киритилар.

📌 Демак,

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси
Юридик ва ҳақиқий (фактик) конституция тушунчалари бор.
Ўзбекистон Республикасининг ... даги 1-I-сон қонуни
Президентнинг “... тўғрисида”ги фармони
Вазирлар Маҳкамасининг “... тўғрисида”ги қарори
Халқ таълими вазирининг “... тўғрисида”ги буйруғи
Шаҳар ҳокимининг “... тўғрисида”ги фармойиши

👉 Тўлиқ ўқиш

@oriftolib
👍2🔥2
“Қўшганинг билан қўша қари”

Қисқалик, лўндалик – яхши. Лекин сўз ёки бирикмани ўйламай қисқартириш мазмуннинг ўзгариб кетишига, баъзида жиддий бузилишига сабаб бўлади.

Сарлавҳада берилган гапнинг мазмунини ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Маъноси жуда хунук, тўғрими?

Жумланинг тўлиқроқ варианти – “Аллоҳ қўшгани билан қўша қари”. Бундан ҳам тўлиғи ва тўғриси – “Аллоҳ тақдирингни қўшгани билан қўша қари”.

Бу дуо-алқаш айниқса ёши катталар тилида кўп учрайди. Ёши улуғ, нуроний кишилар боласи, невараси тенгиларга қўшилиш ҳақида, агар жуда зарур бўлмаса, гапирмайди. Бу ерда гап тақдир қўшилиши, умр йўли бирлашиши ҳақида.

Ўйнаб гапирсанг ҳам ўйлаб гапир деган мақолнинг ҳикмати шу жумла мисолида яққол кўринади.

👉 Тўлиқ ўқиш

@oriftolib
👍5
Чех халқ мақолларидан

Чехлар – славян оиласига мансуб халқ. Чехиянинг асосий аҳолиси. АҚШ, Канада, Германия, Исроил, Аргентина, Буюк Британия, Австрия ва бошқа мамлакатларда ҳам яшайди. Чех тилида сўзлашади. Умумий адади – 10 миллиондан ортиқ.

🔹 Пивохўр тарвузга ўхшайди – қорни катталашади, банди қурийди.
🔹 Тежалган пул ишлаб топилганидан кам эмас.
🔹 Ҳақиқат кўзга киради, қулоқни йиртади.
🔹 “Ҳеч нарса қилмайди”ни юзга кўпайтирсанг, ҳўкизни ўлдириши мумкин.
🔹 Шошиб уйлансанг, шошмасдан афсусланасан.
🔹 Энг тўғри соат – ошқозон.

@oriftolib
👍1
Ҳозир ва ҳозирда

Эҳтиёж бўлмаса, кераксиз сўз ва қўшимчалардан воз кечиш зарур.

Ҳозирда сўзидаги -да қўшимчаси ана шунақа устидан чизиладиган қўшимчалардан. Чунки усиз ҳам маъно бемалол ифодаланаверади.

Ҳозирда шакли асосан газета тилида ва расмий маълумотларда кўп учрайди. Бадиий матнларда ишлатилмайди ҳисоб.

📌 Демак,

Ҳозирда беморнинг аҳволи қониқарли. 🤔
Ҳозир беморнинг аҳволи қониқарли.

Ҳозирда мактабда тўгараклар иш бошлаган. 🤔
Ҳозир мактабда тўгараклар иш бошлаган.

@oriftolib
👍3