Олий Маъҳад | Расмий
14.1K subscribers
24K photos
3.45K videos
22 files
15.6K links
©Тошкент ислом институти расмий канали

📩 @oliymahad_bot
ℹ️ @oliymahad_info_bot
📬 [email protected]
🌐 oliymahad.uz
📞 712274237
📍Тошкент, Зарқайнар-18, 47

👉 youtube.com/@oliymahad
👉 facebook.com/oliymahad
👉 instagram.com/oliymahad
👉 taplink.cc/oliymahad
Download Telegram
#Шеърият

Устоз

Бизга таълим ила тарбия бериб,
Маърифат йўлинда чекдингиз заҳмат.
Фарзандингиз каби ғамхўрлик қилиб¸
Омад тиладингиз, мингдан минг раҳмат.

То тирик эканмиз, унутмагаймиз,
Ҳар бир сўзингизга тутгаймиз қулоқ.
Биз руҳан боғланиб, ўрганиб қолдик,
Қанийди, бўлмаса айрилиқ-фироқ.

Муаллимга бўлган ҳурмат туйғусин,
Ёш авлод онгига сингдирмоғи шарт.
"Устоз" деган сўзни зарҳал ҳарф билан,
Ҳар ким қалб тўрига сиғдирмоғи шарт.

Эркин ҚУДРАТОВ,
Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

Каналга уланиш:
https://t.iss.one/joinchat/AAAAAFDiVOdQbzUqVwPS5Q
#Шеърият

Китобни сев

Азиз инсон, одам эрсанг, Китобни сев,
Китоб ичра ҳидоятни, хитобни сев,
“Иқраъ” дебон нидо келди Ҳиро узра,
Бўлсанг агар чин одами – Китобни сев.

Китоб ўқиб, лаззат топди алломалар,
Ҳикмат топиб, ҳурмат топди алломалар,
Шундан Ҳаққа қурбат топди алломалар,
Азиз инсон, дил ҳамдами – Китобни сев.

Китоб зиён бермас, сени кўп шод қилур,
Гуноҳлардан тийиб, кўнглинг обод қилур,
Китоб фақат яхшиликка иршод қилур,
Ўқиганнинг қолмас ғами – Китобни сев.

“Бешикдан то лаҳадгача” – қутлуғ сўздир,
Пайғамбарлар амрини тут, илм ўстир,
Аҳмад айтур: Китоб сенга асл дўстдир,
Мўминларнинг чин ҳамдами – Китобни сев.

Аҳмаджон Бобомурод

Каналга уланиш:
https://t.iss.one/joinchat/AAAAAFDiVOdQbzUqVwPS5Q
​​#Шеърият

Қуръон ўқи

Ногоҳ қалблар ғам-ташвишдан оғринганда,
Йиғлаб-йиғлаб кўзлар ёшга тўларкан-да.
Меҳр қўмсаб, бир ширин сўз соғинганда,
Қуръон ўқи..!

Қуръон асли яралгандир ёруғ нурдан,
Ҳар бир ҳарфи маржон эрур мисли дурдан.
Тотмоқ бўлсанг халовату ҳам сурурдан,
Қуръон ўқи..!

Хабар берар жаннатдаги гўзал ҳурдан,
Эслатади чалингувчи икки сурдан.
Сақланаман десанг маъсияту “кир”дан,
Қуръон ўқи..!

Имон завқи, меҳр шавқи шунда эрур,
У бизларга яхшиликдан сўзлаб берур.
Бахтнинг ўзи сени энди излаб келур,
Қуръон ўқи..!

Осмоним тинч, юртим обод бўлсин десанг,
Юзим нурга, сўзим дурга тўлсин десанг.
Ақлим доим тўғри йўлда юрсин десанг,
Қуръон ўқи..!

Сўзим охир айтай сенга бир каломим,
Кеча-кундуз ўқи доим Қуръон карим.
Охиратинг обод бўлар биродарим!
Қуръон ўқи..!

2-курс талабаси
Моҳирахон Орифжонова

👉Каналга уланиш:
@Islaminstitutuz
#Шеърият

Ўткинчи дунё

Яъқуб пайғамбарга шум хабар етди:
«Юсуф ўғлингизни бўри еб кетди».
Аждодлар ҳаётни фоний деб кетди,
Дунёда ҳеч кимса боқий қолмаган.

Оламни забт этган Искандар қани?
Тиллога бурканган амирлар қани?
Кулбага зор бўлган қаландар қани?
Дунёда ҳеч кимса боқий қолмаган.

Ажал доми шаксиз бирма-бир ютгай,
Паймона тўлганни Азроил тутгай.
Яхши ҳам, ёмон ҳам, замон ҳам ўтгай,
Дунёда ҳеч кимса боқий қолмаган.

Ўлимдан қочолмас кўкда учган ҳам,
Самода пар бўлиб юлдуз қучган ҳам.
Куну тун мангулик майин ичган ҳам,
Дунёда ҳеч кимса боқий қолмаган.

Гуноҳга муккадан шўнғиган ёмон,
Қалбини ит тирнар, ранг-рўйи сомон.
Тонг-ла Ҳақ бўйнидан тутгай бегумон,
Дунёда ҳеч кимса боқий қолмаган.

Кимлардир юрмоқда йўлини топмай,
Гарчи қилич берсанг, нафсини чопмай.
Бир гапим бор, эшит, қулоғинг ёпмай:
«Дунёда ҳеч кимса боқий қолмаган!»

Эркин ҚУДРАТОВ,
Махсус сиртқи бўлим 1-курс талабаси,
Мир Араб ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси

👉@islaminstitutuz
#Шеърият

Ё МУҲАММАД МУСТАФО!

Таврот, Инжил, Қуръонда,
Башир, Назир, Аҳмадо.
Кўзимизнинг қувончи –
Ё Муҳаммад Мустафо.

Мадҳингиз таърифига,
Тил ожизлик қилмоқда.
Боғланиб қолай десак,
Дил ожизлик қилмоқда.

Ота-она, фарзанддан
Яхши кўрганмиз сизни.
Рўзи маҳшар бўлганда,
Шафоат этинг бизни.

Ҳавзи Кавсар ёнида
Қанийди, бирга бўлсак.
Сиз туфайли, Ҳабибим,
Илоҳий нурга тўлсак.

Икки дунё сарафроз
Охир замон уммати.
Муҳаббатдан нурафшон
Ҳатто қабр зулмати.

Пул сирот узра келсак,
Қўлимиздан тутсангиз.
Бирма-бир баримизни
Тўлиқ олиб ўтсангиз.

Тарози ўрнатилгач,
Бош бўлсангиз ўзингиз.
Ўликка жон бергандек,
Қувватлидир сўзингиз.

Дуо қилиб сўраймиз,
Аллоҳдан танҳо тилак.
Жаннатда бирга бўлсак,
Бизга бошқа не керак?

Эркин ҚУДРАТОВ,
Махсус сиртқи бўлим талабаси
#Шеърият

Бўлур...

Кимга тушса ишқ савдоси юрак-бағри қумғон бўлур,
Маъшуқликда бонг урмаса, ошиқлиги ёлғон бўлур.

Тушди ишқим, бузди тинчим, бу илоҳий қудратли куч,
Мажнунни ҳам телба қилган севги танда султон бўлур.

Дил дардини хониш қилиб, тоғу тошни сел айлаган,
Бугун борлар эртага йўқ, ҳаёт шундай карвон бўлур.

Маҳшар куни руҳлар қўпиб, яхши-ёмон ажралганда,
Тутган рўза, берган закот жаннат томон сарбон бўлур.

Саҳарларда йиғласанг қон, тавба айлаб, тингла Қуръон,
Етимларга берган эҳсон дўзах аро қалқон бўлур.

Ташла энди мағрурлигинг, сақла тилни, сақла қалбни,
Нафс домига тушиб қолсанг, гулдек умринг хазон бўлур.

Ҳақиқатга итоат эт, манманликни улоқтир, от,
Ҳар лаҳзада қўллагувчи раҳнамо Зот – Яздон бўлур.

Эркин ҚУДРАТОВ,
Махсус сиртқи бўлим талабаси
#Шеърият

Ғафлат

Биз ғофил бандалар сўраймиз дуо,
Лек билмаймиз, қабул этгайми Худо?
Анинг буйруқларин қилмасак тамом,
Бу қутлуғ жонимиз бўлгунча адо.

Гуноҳлар кўпайди ҳар бир қадамда,
Тавбага таянмоқ йўқдир одамда.
Тилхат олгандайин яшар бепарво,
Наҳотки қолмоқчи мангу оламда?

Бўлмасмиди иймон қалъасин қурсанг,
Ҳаққа бўйин эгиб, даврингни сурсанг.
Биродар, унутма Аллоҳ зикрини,
Ким бўлур ёрдамчинг маҳшарда турсанг?

Эркин ҚУДРАТОВ,
Махсус сиртқи бўлим талабаси,
Мир Араб ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси

@islaminstitutuz
#Шеърият

Кечир гуноҳим...

Сени деб чиқса гар, розиман бу жон,
Мен учун ҳар амринг – илоҳий фармон.

Гуноҳим бисёрдир, ўсмоқда ҳамон,
Бўйлашса етгайдир ердан то осмон.

Муҳаббат дарёсин сипқорган замон,
Ашкимдан хижолат қолгайдир уммон.

Ё Рабб, Ўзинг қўлла, ранг-рўйим сомон,
Жон чиқар вақтинда олмасин шайтон.

Умидим ҳар лаҳза Ислом ва иймон,
Асло тарк этмасин қалбимни виждон.

Сени кўрмоқ дармон, кўрмаслик армон,
Аросат йўлинда қолмайин ҳайрон.

Гуноҳга ботганман, ожиз-нотавон,
Бир назар солмасанг, қалбим зимистон.

Малакдин аълодир ҳазрати Инсон,
Амалсиз қалб – зиндон, гувоҳдир Қуръон.

Ғафлатли вужудда жўш урар исён,
Нафсга қул бўлганнинг охири туғён.

Ҳижрон саҳросинда тополмай имкон,
Дийдоринг қўмсаган кўзларим гирён.

Ғафурсан, Раҳимсан, Азизсан, Ҳаннон,
Аҳадсан, Сомадсан, Қодирсан, Маннон.

Йўқни бор, борни йўқ қилгувчи Субҳон,
Ҳаётда, неки бор, билгувчи Яздон.

Эркин ҚУДРАТОВ,
Махсус сиртқи бўлим талабаси,
Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мударриси
#Шеърият

Шукр ким, ҳама неъматни саропо айладинг,
Ҳам бериб иймон завқин, кўп таманно айладинг.
Ҳабибинг ҳузнидин, Кавсар ато айлаб анга,
Ҳадя умматга ояти Инно аътайно айладинг.

Неъматинг зоҳир эрур, кеча-кундуз бошима,
Сийратидин маърифат, пайдо бўлубдур қошима.
Башийрав ванназийр деб ҳақ васфин айлади,
Кош Шафиъ бўлса, дарё қилай кўз ёшима.

Забийҳайн наслидин, оламларга раҳматдур,
Бутлон маҳв этиб Моҳий, шайтонларга заҳматдур.
Ҳилму хулқидин, имон топиб габру тарсолар,
Муборак ҳар сўзи бешак, кароматдин аломатдур.

Раҳматаллил оламийндур, бу кўзларим муштоқ,
Саййиди авлоди одам аввалийну охирийн муштоқ.
Кечалар умматим деб, кўп гиря айларди,
Кўзин ёши оби ҳаётимдур маний руҳу таним муҳтож.

Фироқингдин бу юраклар ҳардам кабоб бўлгай,
Висоли равза энгдин кўзим дам-дам пуроб бўлгай.
Ўшал кун мен сари бир жилвайи раҳмат айласанг,
Дар қатори ити ашоби каҳф бўлгум ҳисоб бўлгай.

Гуноҳ сувин отиб ҳарён фаввора айларман,
Ҳидоят пийри деб нафси амморамни сайларман.
Муборак гул юзин кўрай деб рўзи маҳшарда,
Бу исён кўзи бирла қандоқ наззора айларман.

Илоҳий ҳабибинг ҳурматидин айлагил ҳолимни хуш,
Ичургил жоми ишқидин қатрадин бир нўш.
Рўзи маҳшарда шафоатдин насиб айлаб,
Гул юзин шоҳид бўлай ҳам атридин беҳуш.

Тошкент ислом институти 1-курс талабаси Нодирбек Одинаев

@islaminstitutuz
#Шеърият

Бошлангиз ҳар ишни номи бирла ким,
Ҳақ таоло оти Раҳмонир Роҳийм.
Ҳар ҳуруфин ҳифзида ажру азийм
Ҳақ каломидур бу Қуръони Карим!

Бўлди нозил бу илоҳий мўъжиза
Ким, Расулуллоҳдин мерос биза
Чин фароғатдир икки дунёмиза
Ҳақ каломидур бу Қуръони Карим!

Неча юз йилдир ўқиб лолдир башар
Қолгуси вақти қиёматга қадар.
Ким азиз айлар уни топгай зафар
Ҳақ каломидур бу Қуръони Карим!

Йўлчи юлдуз айлади, мўъминга шам
Ҳам шифо, раҳматни унда қилди жам
Ҳурматидин соҳиби ҳам муҳтарам
Ҳақ каломидур бу Қуръони Карим!

У кифоя,ким ҳидоят истаса
ҳам нажот бирла саодат истаса,
Ҳар мусулмон борки, жаннат истаса -
Бор каломуллоҳи Қуръони Карим!

Бўлди ибрат ҳар нажот изларга ул
Ҳам дарожот бўлди, нур кўзларга ул
Мағфират ҳам офият сўзларга ул
Ҳақ каломидур бу Қуръони Карим!

Парда бўлгай у, разолатдин тўсар,
Куфру исён ҳам залолатдин тўсар
Бошга келган барча офатдин тўсар
Ҳақ каломидур бу Қуръони Карим!

Эй Худоё бизга ҳиммат айлагин!
Ҳам ўзингга дўсту улфат айлагин!
Барчамизни аҳли жаннат айлагин!
Ҳақ каломидур бу Қуръони Карим!

Обидхон ҲАМИДОВ
Манба: azon.uz

@islaminstitutuz
#Шеърият

Ишқнинг уммонида чўмилгин, эй дил...
(Румийнинг “Ичингдаги ичингдадир” асарини ўқиб)

2.Авлиё
Аллоҳнинг мардлари босганда оёқ –
Қувончдан юз минглаб гул тутар тупроқ,
У – тунда кўзларга нур берар чироқ,
Пирнинг этагидан тутгин, Мустафо.

Сўзлари Хизрнинг обидир, сен ич,
Дунё деб аталган пардадан воз кеч,
Ҳикматнинг завқини туйганмисан ҳеч,
Каромат бўлишин кутгин, Мустафо.

У сенинг нафсингни кўрсатар кўзгу,
Оловдан яралган сендаги туйғу,
Нафаси сув эрур, ўчиргайдир у,
Ҳатто заҳар тутса, ютгин, Мустафо.

Огоҳ бўл, авлиё мисли Исрофил,
Ўлик дилга ҳаёт берар муттасил,
Ғафлатдан уйғотар бўлсанг гар ғофил,
Қай томон бошласа кетгин, Мустафо.

Чиркин хаёлларинг хор бўлса не тонг,
Борлар йўқ, йўқлар-чи бор бўлса не тонг,
Етаклаб боргани Ёр бўлса не тонг,
Пир-ла маъволарга етгин, Мустафо.

“Ижтимоий фанлар” кафедраси ўқитувчиси
Хўжагелди Алимов

👉https://islaminstitut.uz

👉https://t.iss.one/joinchat/AAAAAFDiVOfdo7YDKdutXA
#ШЕЪРИЯТ

ОСОН ТУТМАНГ

Тунлар бедор излар нур зиё,
Игна билан чоҳ қазиб гўё,
Ўттиз бола, ўттиз ҳил дунё,
Осон тутманг ўқитувчига.

Тараққиёт йўлида мамнун,
Эл юрт учун ишлар туну кун,
Масьул улар келажак учун,
Осон тутманг ўқитувчига.

Мактаб -улуғ қўрғоним деса,
Илмим -юксак парвозим деса,
Қувнанг бола устозим деса,
Осон тутманг ўқитувчига.

Ўқиб ўрган дейди у такрор,
Меҳри дарё, қалби улуғвор,
Ғийбат қилманг ортидан бекор,
Осон тутманг ўқитувчига.

Оляптику ойлигин дея,
Кўз остидан қараманг қия,
Шовқунларда шовуллар мия,
Осон тутманг ўқитувчига.

"Бизлар учун тарбия -ҳаёт,
Ё ҳалокат, ёки бир нажот''
Авлонийдан қолган бу баёт,
Осон тутманг ўқитувчига.

Ўтар дунё, ўтади умр,
Топсин ахир ҳаловат, ҳузур,
Айтдим қўйдим минг бора узр,
Осон тутманг ўқитувчига.

Муаллиф: Хуршид Карим

·Каналга аъзо бўлинг:
👉 https://t.iss.one/joinchat/AAAAAFDiVOfdo7YDKdutXA