Muslim.uz
92.3K subscribers
18.3K photos
5.13K videos
114 files
16.8K links
O'zbekiston musulmonlari idorasi
muslim.uz portali.

🔹Murojaat uchun:
@MuslimUzAdmin2Bot

🔹Diniy savollar uchun:
@SavollarMuslimUzBot | https://savollar.muslim.uz/

🔹Batafsil:
https://telegra.ph/MUSLIMUZ-06-19
Download Telegram
#Саҳобалар_номи_билан_аталган_жойлар
ҲАЗРАТИ АЛИ ИБН АБУ ТОЛИБ

Мамлакатимизда “Шоҳимардон”, “Шери Худо”, “Ҳайдар”, “Муртазо” номлари билан шарафланган Ҳазрат Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳуга нисбат берилган жойлар учрайди. Шулардан биттаси Фарғона вилоятидаги Шоҳимардондадир. Яна бир шу номдаги зиёратгоҳ Навоий вилояти Нурота туманидаги Ғозғон, Жиззах вилоятидаги Туркман қишлоғида ҳам бор.

“Шоҳимардон” форсча «мардлар шоҳи» деган маънони беради. Бу ном Ҳазрат Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг мардлиги ва шижоати шарафига берилган.

Ўлкамизда Ҳазрат Али номи билан аталган жойлар ҳақида тарихий манба йўқ. Оғзаки ҳикоятларгина учрайди. Ғозғондаги мақбара соф мармардан тикланган. 1904-1908 йиллари Бухоро амири Саид Олимхоннинг онаси Муҳаррамбону тубдан таъмирлатиб, ёнига масжид ҳам қурдирган.

Аслида Ҳазрат Али каррамаллоҳу важҳаҳу милодий 661 йилнинг 19 январида вафот этган. Қабри Куфа яқинида бўлган, кейинчалик Нажафга кўчирилган.

@muslimuzportal | Muslim.uz
#Саҳобалар_номи_билан_аталган_жойлар
АБДУРРАҲМОН ИБН АВФ

Абдурраҳмон ибн Авфнинг асли исми Абдуамр бўлиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу исмни “Абдурраҳмон”га алмаштирганлар.

Самарқанд шаҳрида, Каттақўрғон туманида, Навоий вилоятининг Нурота туманидаги Катта Эж қишлоғида бу зотга нисбат берилган жойлар бор.

Аслида унинг қабри Мадинадаги «Жаннатул Бақиъ» қабристонида.

Абу Тоҳирхожанинг «Самария» китобида: «Абдурраҳмон ибн Авф деб шуҳрат қозонган шайх мозори Самарқандда, арк дарвозасига туташ жойда», ҳазрат шайх Нуриддин Басир ва ҳазрат Али Паздавий қабри яқинида экани қайд этилади. Айни ўринда муаллиф «Тарихи Мадина» китобида келтирилган «Абдурраҳмон ибн Авф мозори Мадинада» деган маълумотни ҳам эслатиб ўтади.

Абдурраҳмон ибн Авф жаннат башорати берилган ўн саҳобанинг тўққизинчисидир. Абу Бакр Сиддиқдан розияллоҳу анҳудан икки кун кейин Ислом динини қабул қилган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг севимли ва содиқ саҳобийларидан бўлган. Тарих китобларида Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳунинг машҳур олим бўлгани, ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу унинг илмига кўп суянгани айтилади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Абдурраҳмон ибн Авф осмонда ҳам, ерда ҳам аминдир», деб марҳамат қилганлар.

@muslimuzportal | Muslim.uz
#Саҳобалар_номи_билан_аталган_жойлар
БУРАЙДА ИБН ХАСИЙБ

Бурайда розияллоҳу анҳу улуғ саҳобалардан бўлиб, Аслам ибн Ақсо қабиласининг шайхидир. Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга яқин кишилардан эди. У зот алайҳиссалом билан бирга кўплаб муҳорабаларда қатнашган.

Мадина ва Басрада яшагани маълум. Кейинчалик ҳадис таълими устози сифатида Марвга (Туркманистон) келган.

Тасаввуфшунос олим Садриддин Салим гувоҳлик беришича, Бухорода у зот номи билан боғлиқ қадамжо бор. Асл қабри Марвда.

Бурайда розияллоҳу анҳу ҳақида Имом Бухорийнинг «Ал-жоми ас-саҳиҳ» тўпламида, Нажмиддин Насафийнинг «Ал-қанд фий зикри уламои Самарқанд», Ислом энциклопедияси ва Садриддин Салим Бухорийнинг «Икки юз етмиш етти пир» китобида маълумотлар бор.

@muslimuzportal | Muslim.uz
#Саҳобалар_номи_билан_аталган_жойлар

Саъд ибн абу Ваққос

Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманидаги Авлиё, Навоий вилоятининг Кармана туманидаги Уйрот, Нурота туманидаги Синтоб, Қизилтепа туманидаги Зарметан қишлоқларида, шунингдек, Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида ҳам Саъд ибн Молик ибн Абу Ваққосга нисбат берилган мақбаралар бор. Зарметандагиси «Саъди Ваққос», Синтоб ва Уйротдагилари «Сабр» ва «Хожа Сабр» деб аталади.

Саналган зиёратгоҳлар маҳаллий аҳоли ўртасида машҳур. Энг ободи ва сўлими Ғаллаоролда.

Саъд ибн Молик отасининг куняси Абу Ваққос номи билан танилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва аллам у кишининг тоғасидир.

Бу зот жаннат башорати берилган ўн саҳобийдан бири ва энг кейин вафот этгани. Илк муҳожирларданлиги, араблардан биринчи бўлиб Аллоҳ йўлида курашга киргани, Бадр, Уҳуд майдонларидаги ғайрати, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга қўриқчилик қилгани, дуоси қабул зот деб шарафлангани, Куфа ва Басра шаҳарларининг қурилиши асосчиси экани Ислом оламидаги нуфузидан ёрқин далолатлардир. Асл қабри Мадина шаҳридаги Жаннатул Бақиъ қабристонида.

@muslimuzportal | Muslim.uz
#Саҳобалар_номи_билан_аталган_жойлар

АБУ УБАЙДА ИБН ЖАРРОҲ

Навоий вилоятининг Нурота шаҳри ва Хатирчи туманидан ўтувчи Шовот анҳори соҳилида ва Қарши шаҳрида Хожа Жарроҳ бобога нисбат берилувчи қабрлар бор. Халқ орасида у киши ҳақидаги турли ҳикоялар машҳур.

Айрим оғзаки баёнларда «Убайд», «Убайдулло» сифатида талқин этилади. «Жарроҳ» сифатини тиббий жарроҳ деб тушуниш хатодир.

Абу Убайда ибн Жарроҳ саҳобийлардан. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уни «амин» (ўта ишончли) деб улуғлаганлар.

Тўлиқ исми шарифи Омир ибн Абдуллоҳ ибн Жарроҳ. Бу зотга ҳам жаннат башорати берилган.

Омир ибн Абдуллоҳ ўн еттинчи ҳижрий сананинг охири Шомда волий бўлади. Иттифоқо, бу ерда оғир вабо тарқалади. Халифа Умар розияллоҳу анҳу бу ҳолдан хабардор бўлиб, мактуб йўллаб Ўрдунда турган волийни хавфсиз жойга чақиртиради, аммо у киши халқни ташлаб кетиб, ўзини қутқармайди. Пайғамбаримизнинг соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вабо ҳақидаги ҳадисларига биноан ўша жойда қолиб, вафот этади. Қабри Ўрдунда. Мовароуннаҳрга сафарлари ҳақида маълумот йўқ. Хатирчи, Қарши ва Нуротадаги қабрлар рамзийдир.

@muslimuzportal | Muslim.uz
#Саҳобалар_номи_билан_аталган_жойлар

АБУ САИД ХУДРИЙ

Навоий вилоятининг Хатирчи туманидаги Хўжақул Эшон қишлоғида Худрий розияллоҳу анҳуга нисбат бериладиган зиёратгоҳ бор. Қабр ва қадимий ҳужранинг ўрни сақланган. Мозор устига туғ кўтарилган. Валий зот сифатида эҳтиром этилади. Маҳаллий халқ «Кўпин ота» деб ҳам атайди. Аслида Куфий бўлса керак.

1967 йили шу қишлоқлик мулло Мўмин бобонинг ташаббуси билан Тошкентдан, диний идорадан борган Исмоил махдум домла тошдаги ёзувларни ўқиб, Муҳаммад Худрийга мансуб эканини ва ҳадис олими бўлганини аниқлайди.

Ҳақиқатда, Худрий машҳур ровий бўлиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан 1170 та ҳадис ривоят қилган. Лекин манбаларда «Абу Саид» деб ёзилган ва «Муҳаммад» деб эътироф этилмаган.

Аниқлик киритувчи манба топилмагани сабабидан Муҳаммад Худрий ва Абу Саид Худрий бир шахс бўлса керак, деб тахмин қилинади.

@muslimuzportal | Muslim.uz
#Саҳобалар_номи_билан_аталган_жойлар

ҲАСАН ИБН АЛИ

Навоий вилоятининг Нурота туманидаги Деҳибаланд қишлоғининг шимоли-шарқий қисмида ҳазрат Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳуга нисбат берилган мақбара бор. Таъмирлаш вақтида топилган тош лавҳда унинг XIX асрда қурилгани ёзилган. Аслида, Имом Ҳасаннинг қабри Мадинада, Бақиъ қабристонида, оналари Фотимаи Заҳро ёнида.

Бу зот ҳалимлиги, сахийлиги, тинчликпарварлиги ва кенгфеъллиги билан машҳур бўлган.

Отаси ҳазрат Али каррамаллоҳу важҳаҳудан кейин давлатни олти ойча бошқарган.

@muslimuzportal | Muslim.uz
https://telegram.me/joinchat/BO0aAj0jjw0GT5rhPph8OQ
#Саҳобалар_номи_билан_аталган_жойлар

ҲАЗРАТ УККОША

Навоий вилоятининг Хатирчи туманидаги Баҳрин қишлоғида ҳазрат Уккошага нисбат бериладиган мақбара бор. У «Эсовой» деб аталувчи тепалик устида.

Узоқ йиллар давомида азизланиб, зиёрат этилиб келинаётган бу жой мустақиллик йилларида обод этилди. Маҳаллий халқ ҳашар йўли билан хайрли ишларни амалга оширди.

Тошкент шаҳрининг ҳозирги ЖАР спорт мажмуаси ўрнида ҳам бу зотга нисбат берилган булоқ ва зиёратгоҳ бўлган.

Ҳазрат Уккошанинг тўлиқ исми шарифи Абу Ҳомид Ғаззолийнинг «Мукошафатул қулуб» асарининг иккинчи жилдидаги изоҳлар бўлимида «Уккоша ибн Миҳсон Асадий» деб кўрсатилган.

Ҳазрат Уккоша розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эътиборида ва илтифотида экани бир нечта ҳадисда таъкидланган. Баъзи манбаларда Бадр муҳорабасида қатнашгани айтилади.

@muslimuzportal | Muslim.uz
#Саҳобалар_номи_билан_аталган_жойлар

ҲУСАЙН ИБН АЛИ

Ҳусайн ибн Али бизнинг диёрларда “ҳазрат Ҳусан” номи билан машҳур. Ҳазрат Ҳасан ва ҳазрат Ҳусан шарафига эгиз чақалоқларга шундай исм қўйилади.

Навоий вилоятининг Нурота тумани Деҳибаланд қишлоғидаги бир зиёратгоҳ ҳам “Ҳасан-Ҳусан” деб номланган.

Мақбара ва ён-атрофдаги иморатлар вақт ўтиши билан ўзгариб турган. XIX асрнинг охири ва XX аср бошларида қурилиш-тиклаш ишлари олиб борилган.

Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу ҳазрат Ҳасандан бир йилу бир ой кейин туғилган. У кишига Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзлари исм қўйиб, гўдаклигидан тарбиялари билан шуғулланганлар. Бу хусусда кўплаб ҳадислар бор.

@muslimuzportal | Muslim.uz
https://telegram.me/joinchat/BO0aAj0jjw0GT5rhPph8OQ
#Саҳобалар_номи_билан_аталган_жойлар

МУҲАММАД ИБН ҲАНАФИЯ

Навоий – Нурота катта йўли ўтадиган Деҳибаланд қишлоғининг кунботар томонида Муҳаммад ибн Ҳанафияга нисбат берилган қадамжо бор. Бу зиёратгоҳ Туркманистон ва Кавказбўйи халқлари орасида ҳам машҳур.

Қабрлар устига мақбара тикланган. Бинолар турли даврларда таъмирланган.

Манбаларда қайд этилишича, Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу Шом сафарига тайёргарлик кўриш ҳақида волийларга буйруқ юборади. Сафар байроғини ўғли Муҳаммад ибн Ҳанафияга беради.

«Қандия»да ҳазрат Аҳмад Яссавий Муҳаммад ибн Ҳанафия раҳматуллоҳи алайҳ наслидан деган маълумот бор. “Ислом” энциклопедиясида Муҳаммад ибн Ҳанафиянинг “Бани Ҳанифа” қабиласига мансуб аёлдан туғилгани қайд этилган.

@muslimuzportal | Muslim.uz
https://telegram.me/joinchat/BO0aAj0jjw0GT5rhPph8OQ