Muslim.uz
91.9K subscribers
18.2K photos
5.07K videos
114 files
16.7K links
O'zbekiston musulmonlari idorasi
muslim.uz portali.

🔹Murojaat uchun:
@MuslimUzAdmin2Bot

🔹Diniy savollar uchun:
@SavollarMuslimUzBot | https://savollar.muslim.uz/

🔹Batafsil:
https://telegra.ph/MUSLIMUZ-06-19
Download Telegram
Жаннатда уйим бўлсин десангиз...

Уммул мўминийн Умму Ҳабиба бинти Абу Суфён розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Бирор мусулмон банда #Аллоҳ таоло учун ҳар куни ўн икки ракат фарздан ташқари ихтиёрий намоз ўқиса, Аллоҳ таоло у киши учун жаннатда уй қуради ёки у киши учун жаннатда уй қурилади», деганларини эшитдим.

#Имом #Муслим ривояти

Изоҳ: Бизнинг Ҳанафий мазҳабимиздаги фарздан олдинги ва кейинги равотиб суннат намозларини ўқиш мана шу ҳадисга асосандир.

Жаннатда уйингиз бўлишини истайсизми? Унда Суннат намозларни ўқишда бардавом бўлинг!

@muslimuzportal | Muslim.uz
Келинингизни қизингиз ўрнига қўйинг. Ўғлингизни тортиб олди, деган ҳаёлга борманг

Изоҳ:

Она келинини ўз қизидек яхши кўриши лозим. У энди бегона эмас, ўғлининг умр йўлдоши, невараларининг онаси саналади. Маълум ёшга келиб, йигит ҳам, қиз ҳам турмуш қуради. Янги турмуш орқали жамиятга яна бир оила қўшилади. Бу #Аллоҳ таоло буюрган қоидадир.

Кўпинча тўйгача куёвнинг онаси бахтли ва хурсанд кўринади. Бироқ тўйдан бир муддат ўтгач, келинида кўрган баъзи ҳаракатлар сабабли бу ҳурсандчилик ўжарликка айланади. Унинг ичида қизғониш ҳисси уйғонади. Она ўғлининг ўзига аввалгидек яқин эмаслигини кўриб, айбни келинининг бўйнига илади ва: “У келиб ўғлимни тортиб олди”, деб айблай бошлайди. Ваҳолангки, бу ҳаёт қонуни. Ўғли энди ёш бола эмас. Келин ҳам бегона эмас. Шунга қарамай, баъзи оналарнинг келинларини қабул қилишлари қийин кечади. Бу ҳолат вақт ўтиши билан зулм ва босимга айланиши мумкин. Натижада қайнона-келин жанжали келиб чиқади. Бунга имкон бермаслик учун она келинини қизидек кўриши, ўғлини қизғонмаслиги керак. Албатта, ҳеч бир она ўғлини келинидан қизғонишига ўзи иқрор бўлмайди. Балки келин билан ўрталаридаги келишмовчилик асосида ана шу қизғониш ётганини ҳам билмас.

Ўғлининг бахтли бўлишини истаган она энди аввалгидек бўлмаслигини, энди ўғлининг оиласи борлигини, улар оиласини ўз ҳолича бошқаришлари зарурлигини англаши лозим. Ўртада қизғониш, ғийбат ва келишмовчиликлар содир бўлмаса, ўғли ва келини уни ҳурмат этиб, муносиб хизмат қилади. Айниқса, келинини бегона деб ўйлаш орқали ўғлини ҳам йўқотишини англаши керак. Ўзини келинининг ўрнига қўйиб, ўзининг келинлик пайтини эслаб, масалага тўғри ёндашиши даркор.

Бахтли оила китобидан

@muslimuzportal | Muslim.uz
Осмондан файз ёғилди, барака ёғди

#Аллоҳ таоло инсонни азиз ва мукаррам қилиб яратиб, жамики мавжудоту табиатни унинг истироҳати учун яратди ва неъматларни бани Одамнинг амалларига муносиб тарзда бериб қўйди. Бунинг ҳикмати – инсон ана шу неъматларнинг нима учун сероб бўлиши ва нима учун ва кам бўлишига ибрат кўзи билан боқсин.

Яна #Раббимизнинг ҳикматларидан бири – мулк учун масъул бўлган кишига ғайритабиий илҳом ҳам ато қиладики, унинг сирини тафаккур қилган кишилар билади.

Ўтган йилнинг 1 сентябрида бу йилги қишнинг қандай келишини ким билар эди? Бу қиш кўп оғир келди: Яқин Шарқ ва Африка давлатларининг аксарида қурғоқчилик ҳукм сураяпти. Ҳар доим серёғин бўладиган минтақаларда эса ҳар йилгидан кўпроқ қор ёғаяпти.

Хуллас, ўша куни “Ҳазрати Имом” мажмуасига ташриф буюрган президентимиз дабдурустдан Қуръон мусобақасини ўтказиш тўғрисида таклиф айтиб қолди. Буни эшитган кекса-ю ёшнинг қалби севинчга тўлди. Аммо бу хурсандчиликнинг бошланиши эканини энди-энди англаяпмиз.

Давлатимиз раҳбарининг бу ташаббусидан руҳланган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти, хусусан, муфтий ҳазратлари мусобақани тез кунларда ўтказиш бўйича йўл-йўриқлар кўрсатиб масъул шахсларни тайин қилдилар. Шу билан қишнинг чилласида Ўзбекистон Қуръон мусобақаси бошланиб кетди.

Буни кўрган баъзи юртдошларимиз шундай ажойиб мусобақа баҳорда ёки ёзда ўтказилганда янада яхши бўларди-да, дейишди. Ўзимизга ҳам совуқ ўтиб кетган кезларда, аёзда дилдираб ўтирган отахону онахонларни, ёшларимизни кўрганда, тўғриси, ўзимиз ҳам иссиқ кунларда бўлган зўр бўлар экан-да, деган хаёлга бордик.

Аммо, азизлар, совуқ ўз йўлига-ку, қорни соғиниб кўзимиз нигорон бўлди. Юртимизга қурғоқчилик таҳдид сола бошлади. Йиғинларда, масжидларда, матбуот саҳифаларида Раббимиздан қор сўраб илтижолар қилдик.

Биз ўзимиз билиб-билмай юраверибмиз, қайси ҳудудда Қуръон мусобақаси ўтган бўлса, ўша ерга қор ёғибди. Мусобақа Сурхондарёда бўлганда Сурхон қорга бурканди; Қашқадарёда бўлганда Қашқа воҳасига қор берди; Тошкент шаҳрида бўлганда эса Осмон эшиклари очилди ва пойтахтимиздан бошлаб ҳамма ёқ оппоқ қорга бурканди.

Ана Қуръон мусобақасининг шарофати. Бу мусобақа муқаррар қурғоқчиликнинг олдини олмоқда.

Ана дастлаб юртбошимизнинг, кейин муфтий ҳазратларининг қалбига солинган илҳомнинг ҳикмати!..

https://muslim.uz/index.php/yangiliklar-2016/uzbekistan/item/5982-osmondan-fajz-jo-ildi-baraka-jo-di
Тежамкор қашшоқлик кўрмас

#Аллоҳ таоло беҳисоб неъматлар берган. Биздан бу неъматларни дунё ва охират ҳаёти учун фойдали бўлган йўлда ишлатиш талаб этилади. Уларни исроф қилиш, беҳуда нарсаларга сарфлаш қаттиқ қораланади. Аллоҳ ҳар бир ишда меъёрга риоя қилишга ва ҳаддан ошмасликка буюради: «Шунингдек, еб-ичингиз, (лекин) исроф қилмангиз! Зеро, У исроф қилувчиларни севмагай» (Аъроф сураси, 31-оят).

Исрофнинг бир қанча турлари мавжуд. Хусусан, “бу давлатники” ёки “пулини тўлаб қўйганман” деган нотўғри тушунча билан уйимизда газ, электр токи ва сув каби умумий истеъмол воситаларини керагидан ортиқча сарфлаш, бир дона гугурт чўпини ишлатмаслик учун кун бўйи газ плитасидаги газни ўчирмаслик ва ҳоказолар исрофнинг кенг тарқалган туридир. Ахир бу билан қайсидир биродаримизнинг ҳақини суистеъмол қиляпганимизни ёки бу Ватан барчамизники эканини эсдан чиқариб қўймоқдамиз.

Исрофнинг катта-кичиги бўлмайди. Ахир, ҳамма нарсанинг уволи бор. Халқимиз “нимани хор қилсанг, ўшанга муҳтож бўласан”, дейди. Исроф ўрнига ён-атрофдаги ночор яшаётган оиланинг кам-кўстига кўмаклашиш, ўқиш учун тўлов пулини тўлолмаётган талабага ёрдамлашиш, уйланиш учун маблағ топа олмай юрган ёшларнинг мушкулини осон қилиш, қарзини тўлолмай турган қарздорга кўмаклашиш мумкин-ку!

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аҳли солиҳ ҳидоят, гўзал кўриниш ва иқтисодли бўлиш пайғамбарликнинг етмиш жузидан бир жуздир”, дедилар (Имом Термизий, Имом Абу Довуд ривояти).

БАТАФСИЛ

@muslimuzportal Яқинларингизга ҳам улашинг.
#БУ_МУҲИМ

Ўз жонига қасд қилиш – қазои қадарга исёндир

#Аллоҳ таоло барча махлуқотлари ичида инсонни азиз, мукаррам, мукаммал ва афзал суратда яратган. Ҳақ таоло Қуръони каримда инсонга жуда кўп неъматлар ато этганини, унга покиза нарсалардан ризқ-рўз қилиб берганини эслатиб айтади: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ҳамда денгизда (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик. Уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик”.

Оятда инсоннинг қадр-қиммати нечоғлик улуғ экани, унинг барча жонзотлардан афзаллиги баён қилинган. Парвардигор бизга шунчалик мурувват кўрсатган экан, биз инсоният аҳли шунга мос равишда ҳаёт кечирмоғимиз даркор. Инсонга берилган ҳаёт, умр – энг катта омонатдир. Инсон бу омонатга хиёнат қилса, ўзини ҳалокат домига ташлаган бўлади. Бу эса Аллоҳ таолонинг иродасига зид амал бўлиб, у қаттиқ қоралангандир.

Инсонга ҳаёт неъматини Аллоҳ таоло ато қилди, унинг ҳаётини фақат Ўзигина олишга ҳақлидир. Ҳаттоки, яшаш ҳуқуқи берилган киши ўз ҳаётига ўзи суиқасд қила олмайди. Ислом динида бировни ўлдириш қанчалик гуноҳ бўлса, ўзини ўзи ўлдириш ҳам шунчалик оғир маъсият саналади.

#Пайғамбар с.а.в. ҳам ўзларининг ҳадиси муборакларида ўз-ўзини ўлдириш – худкушлик ҳаром эканлиги, бундай ишни қилганлар учун охиратда қаттиқ азоблар борлиги ҳақида айтиб ўтганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким жонига қасд қилиб ўткир тиғли нарса билан ўзини ўлдирса, жаҳаннам оловида қорнига ўша ўткир тиғни ушлаб абадул-абад санчаверади. Ким заҳар ичиб ўз жонига қасд қилса, жаҳаннам оловида абадул-абад ўша заҳарни ютади. Ким тоғдан ўзини ташлаб ўз жонига қасд қилса, жаҳаннам оловига абадул-абад ўзини улоқтиради», дедилар” (Имом Бухорий ривояти)

Афсуски, ҳозирги кунимизда баъзи замондошларимизга сабру матонат етишмай, ўз жонларига қасд қилаётганларининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Бу ҳолат Аллоҳ таоло берган ҳаёт – умр деб аталган неъматга ношукурлик оқибатидир.

БАТАФСИЛ

@muslimuzportal Яқинларингизга ҳам улашинг.
#ЖУМА_АЙЁМИ_МУБОРАК

Жума маъвизаси билан танишинг!

Мавзу: Оилада аёлнинг вазифаси

#Аллоҳ таоло бутун инсониятни яратиб, уларни икки хил эркак ва аёлга ажратди. Ер юзида тартиб ва интизом қарор топишини эса, айнан мазкур икки жинсга бевосита боғлади. Одам атони яратиб, Ўз ишларида чевар бўлган Раббимиз, ерда инсоният учун нима фойдаю нима зарар эканини билган ҳолда унга Момо ҳавони жуфт қилиб берди. Аллоҳ таоло эркак ва аёлни умумий ишларда тенг ҳуқуқлик қилиб яратган бўлса-да, аммо ҳар бирига муносиб бўлган вазифаларда бир-биридан фарқли қилиб қўйди. Жумладан, савобли ишларда эркак ва аёлга тенг ажр берилиши хусусида Қуръони каримда шундай келган:

“Эркакми ё аёлми – кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирор эзгу иш қилса, бас, Биз унга ёқимли ҳаёт бахш этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган гўзал (солиҳ) амаллари баробаридаги мукофот билан тақдирлаймиз” (Наҳл сураси, 97-оят).

#Аллоҳ таоло аёлларга она бўлишдек, шарафли ва ўта оғир масъулиятни айнан уларга хослаб берди. Шу билан бирга эркакларни жисмонан куч талаб қилувчи ишларга, жумладан, касб қилиб аҳли оиласига нафақа бериш ҳамда бошқарув ишларни уларнинг зиммасига юклаб, эркакларни аёллардан бу хусуда афзал қилиб яратган. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай марҳамат қилади:

“Аёллар учун (белгиланган ҳуқуқлар) ўз меъёрида эркаклар (ҳуқуқи) билан тенгдир. Аёлларга нисбатан эркакларда бир даража (зиёдалик) бор. Аллоҳ қудрат ва ҳикмат эгасидир” (Бақара сураси, 228-оят).

#Расулуллоҳ (с.а.в.) бир ҳадиси шарифда аёлларнинг вазифалари хусусида қуйидагича марҳамат қиладилар:

Абдурраҳмон ибн Авф (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадисда Расули акрам (с.а.в.): “Қачонки хотин киши беш (маҳал) намозини ўқиса, бир ой рўзасини тутса, номусини сақласа ва эрига итоат қилса, унга: “Жаннатнинг хоҳлаган эшигидан киргин!” – деб айтилади”, - деганлар (Имом Табароний “Мўъжамул авсат”да ривоят қилган).

БАТАФСИЛ

@muslimuzportal Яқинларингизга ҳам улашинг.
#ФИҚҲИЙ_МАСАЛАЛАР

Ҳанафий мазҳабимиздаги фиқҳий масалалар

Бемор кишининг намози ҳақида.

#Намоз ўта аҳамиятли ибодат бўлганлиги учун уни беморлик сабабли ҳам тарк қилиб бўлмайди. Шариатимизда бемор кимсаларнинг намозлари ҳақида алоҳида ҳукмлар мавжуд бўлиб, улар қуйидагилардан иборатдир:

1. Агар беморлик туфайли тик туриб намоз ўқиш имкони бўлмаса, (масалан, тик турса беморлиги зиёда бўладиган бўлса, ёки тик турганда шиддатли оғриқ бўлса, ёки боши айланса) ўтирган ҳолда руку (яъни, озгина эгилади) ва сажда қилиб (яъни, соғлом киши саждаси каби сажда қилиб) намоз ўқийди.

2. Агар ўтириб намоз ўқиётган бемор руку ва саждага (яъни, соғлом киши саждаси каби сажда қилишга) қодир бўлмаса, боши билан имо-ишора қилиб намоз ўқийди. Сажданинг имо-ишорасини рукудан пастроқ қилади. Сажда қилиш учун бирор нарсани ердан юқорига кўтариб қўймайди. Қўллар руку ва сажда пайтида тизза устида туради.

3. Агар ўтиришга ҳам қодир бўлмаса, қиблага юзланган ҳолда, ёнбошлаб ёки чалқанча ётиб намоз ўқийди. Уламолар чалқанча ётиб намоз ўқишни афзал деганлар. Бундай ҳолатда бош билан имо-ишора қилиб ўқийди. Чалқанча ётганда оёғини қиблага қаратиб, тиззаларининг остига бирор нарса қўйиб, бир оз кўтариб қўйилади. Шунда қиблага оёғини чўзмаган бўлади. Бошининг остига ёстиқ қўйиб, юзи қиблага қаратилади.

4. Агар бош билан имо-ишора қилишга ҳам қодир бўлмаса, қодир бўлгунга қадар намозни кечиктириб туради ва агар бу ҳолатда беморлик бир кеча-кундуздан ўтиб кетса, соғайгандан кейин ўтган вақтдаги намозларнинг қазосини ўқимайди.

5. Қош ёки кўз билан имо-ишора қилиб намоз ўқилмайди. (“Фатавои Оламгирия” китоби).

#Аллоҳ таоло юртимиздаги барча фуқароларни тинч-тотувликда умргузаронлик қилишларини бардавом қилиб, мушфиқ аёлларимизни бахтимизга соғ-омон қилсин!

@muslimuzportal Яқинларингизга ҳам улашинг.
#Селфи риё...ми?

#Аллоҳ таоло #Қуръони каримда Ўзининг “Холиқ”, яъни, “Яратувчи” Зот эканлигини эслатиб шундай дейди: “(Аллоҳ) Отлар, хачирлар ва эшакларни минишингиз ва зийнат учун (яратди) ва сиз билмайдиган нарсаларни яратадир”. (Наҳл, 8) Ушбу оятни тафсир қилган муфассирларимиз айтадилар: “ Аллоҳ таоло келажакда сизлар учун туя, от, хачир ва эшакдан бошқа сиз билмайдиган нақлиёт воситаларини яратади ”.

Дарҳақиқат, шундай ҳам бўлди. Ушбу оятлар тушган даврда мавжуд бўлмаган ҳавода, сувда ва ерда юрадиган кўплаб нақлиёт воситалари вужудга келди. Бу эса, ўз навбатида, Қуръони карим мазкур: “ва сиз билмайдиган нарсаларни яратади”, жумласи ила мўмин-мусулмонларни келажак янгиликларидан хабардор қилаётганига далолатдир.

БАТАФСИЛ
https://muslim.uz/index.php/maqolalar/item/6164-selfi-rijo-mi

Яқинларингизга ҳам улашинг.
https://telegram.me/joinchat/BO0aAj0jjw0GT5rhPph8OQ
Тунда бедор бўлиш фазилати ва қоим бўлишга ёрдам берувчи омиллар

#Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади: «Уларнинг ёнбошлари ўрин-тўшакка етмайди» (Сажда сураси, 16-оят).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинади: «Кечалари қоим бўлингиз! Зеро, кечаси туриш сизлардан аввалги солиҳларнинг одатларидан эди. У Парвардигорингизга яқин қилади. Ёмонликларнинг мағфират бўлишига олиб келади ва ярамасликлардан қайтаради» (Имом Термизий ривояти).

Ҳасан Басрий айтадилар: «Кечасида туриб ўқилган намоздан ҳам оғирроқ ибодатни билмайман». Ундан сўрашди: «Нима учун кечаси туриб таҳажжуд ўқувчиларнинг юзлари одамлар орасида энг гўзалидир?» У зот жавоб бердилар: «Улар тунда Раҳмон билан ёлғиз қолишади ва Аллоҳ уларга Ўз нуридан инъом этади».

Билинг! Кечада қоим бўлиш жуда оғир, магарам, қоим бўлиш шартлари муяссар бўлган кишигина кечалари туришга муваффақ бўлади.

Бу сабабларнинг баъзилари зоҳирий, баъзилари ботинийдир.

Зоҳирий сабаблар:

– Кўп таом емаслик. Баъзилар айтади: «Эй муридлар жамоаси! Зиёда таом есангизлар, ортиқча сув ичасизлар, бас, кўп ухлайсизлар. Натижада ортиқча панду пушаймон бўласизлар».

– Оғир иш билан кундузи ўзини толиқтирмаслик.

– Кундузи қайлула – бир оз ором олишни тарк этмаслик. Зеро, у кечаси қоим бўлишда ёрдам беради.

– Гуноҳлардан эҳтиёт бўлиш. Имом Саврий айтади: «Бир гуноҳим сабабидан беш ой кечалари туришдан маҳрум бўлдим».

Ботиний сабаблар:

– Мусулмонларга ҳасад этишдан қалбнинг салим бўлиши. Қалбни бидъат ва залолатдан холи этиш. Ортиқча дунё ҳожатидан қалбни эътироз этиш.

– Доимий хавф – умиднинг озлиги қалбда бўлиши.

– Кечаси қоим бўлиш фазлини билиш.

Аллоҳ йўлидаги муҳаббат ва иймон қуввати энг шарафли боислардандир, чунки Парвардигорга муножот этувчи кечаси қоим бўлса, У Зот ҳозир ва унга шоҳиддир. Бас, муножоти уни тун бўйи рағбатлантиради.

Абу Сулаймон раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Тун аҳли ўз кечаларида ўз дилхушлигида бўлган ўйин аҳлидан кўра кўпроқ лаззатда бўладилар. Тун бўлмаса, дунёда яшашни истамас эдим».

#Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кечада дуолар ижобат бўладиган шундай бир соат борки, агар мусулмон банданинг дуоси шу соатга тўғри келиб қолса, тилаган яхши тилагини Аллоҳ унга ато этади. Бу соат ҳар тунда бўлади», деб марҳамат қилдилар (Имом Муслим ривояти).

Кимнинг кечаси қоим бўлиб адо этадиган ибодати бўлса, уни тарк этишдан эҳтиёт бўлсин. Икки «Саҳиҳ»да ривоят бўлганки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Амрга бундай деб марҳамат қилдилар: «Кечаси қоим бўлиб, сўнг унда туришни тарк этган фалончига ўхшама».

Мирсобит ВОҲИДОВ

@muslimuzportal | Muslim.uz
АЛЛОҲ ТАОЛОНИ КЎРИШ

Имом Нававий «Саҳиҳи муслим» китобининг шарҳида шундай келтирадилар: «Албатта, Аҳли сунна вал жамоа уламолари Аллоҳ таолони кўриш мумкинлигини таъкидлайдилар. Шунингдек улар бу ҳодисанинг охиратда бўлишига ҳам ижмо қилганлар. Аллоҳ таолони фақатгина мўминлар кўрадилар, кофирлар эмас. Бидъат аҳли бўлган баъзи тоифалар – мўтазилалар, хаворижлар ва баъзи муржиалар Аллоҳ таолони махлуқотларидан ҳеч бири кўрмайди, бу ақлга тўғри келмайдиган иш дейдилар. Аммо уларнинг бу қарашлари очиқ-ойдин хато ва жоҳилликдир. Китоб ва суннатда, саҳобалар ва улардан кейинги уламоларнинг ижмоларида Аллоҳ таолони охиратда кўриш собит эканига далиллар етарличадир. Бу ҳақда йигирмага яқин саҳобалар томонидан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадислар ривоят қилинган. Кўплаб аҳли сунна мутакаллим уламоларининг адашган тоифаларга берган жавоблари ҳам машҳурдир. Аллоҳ таолони бу дунёда кўриш мумкинлиги ҳам хабарларда келган. Лекин мутакаллим уламоларнинг жумҳури Аллоҳ таоло дунёда кўрилмаслигини таъкидлайдилар»...

➡️БАТАФСИЛ ЎҚИШ

#АҚИДА #Аллоҳ_таоло
@muslimuzportal обуна бўлинг