Muslim.uz
91.8K subscribers
18.2K photos
5.07K videos
114 files
16.7K links
O'zbekiston musulmonlari idorasi
muslim.uz portali.

🔹Murojaat uchun:
@MuslimUzAdmin2Bot

🔹Diniy savollar uchun:
@SavollarMuslimUzBot | https://savollar.muslim.uz/

🔹Batafsil:
https://telegra.ph/MUSLIMUZ-06-19
Download Telegram
#Етти_кунга_етти_китоб
#Ислом_тарихи:
ПАЙҒАМБАР СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ ТУҒИЛИШЛАРИ ВА НАСАБЛАРИ

Қайс ибн Махрама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Мен ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Фил йили туғилганмиз».

«Усмон ибн Аффон Қубос ибн Ашям Лайсий розияллоҳу анҳудан: «Сиз каттамисиз, Расулуллоҳми?» деб сўради.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мендан катталар. Мен у зотдан туғилишда қадимгироқман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фил йили туғилганлар. Онам мени ўша жойга кўтариб борганида филнинг чириб кетган яшил тезагини кўрганман», деди».

Иккисини Термизий ҳасан санад илa ривоят қилган.

Ушбу икки ривоятда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Фил йили»да таваллуд топганлари таъкидланмоқда. Арабларда тарихни йилнинг машҳур ҳодисаси билан белгилаш одати бор эди. Фил ҳодисаси энг машҳур ҳодисалардан бири бўлган.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насаблари: У зот – Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ибн Абдуллоҳ ибн Абдулмутталиб ибн Ҳошим ибн Абдуманоф ибн Қусай ибн Килоб ибн Мурра ибн Каъб ибн Луай ибн Ғолиб ибн Фиҳр ибн Молик ибн Назр ибн Кинона ибн Хузайма ибн Мудрика ибн Илёс ибн Музар ибн Низор ибн Маъадд ибн Аднон».

Бухорий ривоят қилган...

➡️ДАВОМИНИ ЎҚИШ

@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar
#Етти_кунга_етти_китоб
#Ислом_тарихи: ВАҲИЙ, ҚУРЪОН ВА РИСОЛАТ

ҲИРО ҒОРИДА

(ҳижратдан аввалги 15 йил Рамазон ойи; милодий 608 йил август-сентябрь)

Бу пайтда Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам қамарий ҳисобда ўттиз саккиз ярим ёшдалар. Дунё жар ёқасига келиб қолган эди. Турли разолатлар ботқоғига ботган инсоният ўзини ўзи ҳалок этишга уринмоқда, бутун атрофни жоҳилият зулмати қоплаган, қаёққа қараманг, ҳаром-хариш, зулм-истибдод, ёлғону туҳмат, душманлик ва жаҳолат ҳукм сурар эди.

Бутун дунё жоҳилона ҳаёт кечирарди. Инсоният бошдан-оёқ жаҳолат ботқоғига ботган, кишиларнинг барчаси бўлган-бўлмаган, бузуқ ва асоссиз ақийдаларга эътиқод қилар эди. Уларнинг оилавий, ижтимоий, иқтисодий, маданий ва сиёсий ҳаётларида жабр-ситам, зулму ноҳақлик ҳукм cyрарди. Қўйингки, инсон ҳаётининг ҳар бир соҳасида разолат, ҳақсизлик, жаҳолат ҳукмрон, инсоният жоҳилиятнинг қуюқ зулматида, қаттиқ ғафлат уйқусида ётар эди.

Ана шундай қуюқ зулмат, моғор босган қалблар ухлаган бир пайтда фақатгина бир инсоннинг пок қалби уйғоқ эди. Ўша ягона уйғоқ қалб мавжуд вазиятдан норози бўлиб мазкур қоронғиликдан нурга чиқиш йўлини ахтарар эди.

Мазкур муборак қалб Макка номли шаҳарда Абдуллоҳ исмли отадан, Омина исмли онадан туғилган, Аллоҳнинг инояти билан жоҳилиятнинг барча чиркинликларидан сақланиб қолган Муҳаммад исмли муборак инсоннинг қалби эди.

Мазкур ягона пок қалб эгаси жоҳилият зулматидаги ноҳақлик, фисқу фужур ва бошқа номаъқулчиликлардан четланиб, Макка шаҳри яқинидаги тоғда, Ҳиро номли кичик бир ғорда ўтирар ва «Инсоният қандай қилиб жоҳилият зулматларидан нурга чиқиши мумкин?» деган саволга жавоб ахтарар, шу тариқа бўлажак улкан ҳодисаларга ўзлари билмаган ҳолда тайёргарлик кўрар эдилар.

Айни ўша пайтда инсониятни Ўз қудрати ила яратиб, уни гўдаклигидан турли саркашликларига, инжиқликларига ва хатою адашишларига қарамай, пайғамбарлар юбориб, китоблар нозил қилиб тарбиялаб келаётган Аллоҳ таоло инсониятнинг навбатдаги ва энг катта адашувидан кейин энг охирги пайғамбарини юбориш, энг сўнгги китобини нозил қилиш ва энг сўнгги, мукаммал ва доимий шариатини жорий қилишни ирода қилган пайт келди.

Ҳа, пайғамбарлик келишидан икки йил олдин Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламда Маккаи мукаррама яқинидаги Ҳиро ғорида бир йилда бир ой (Рамазон ойида) «таҳаннус» (гуноҳлардан сақланиш, руҳий покланиш) ва «муроқаба» (Холиқ ва махлуқот ҳақида тафаккур қилиш) ибодатлари пайдо бўлган эди.

У зот ўша ерга келган мискинларга таом берардилар. Вақтни кўпроқ ибодатда ўтказиб, борлиқ ва ундаги ажойиботлар ҳақида тафаккур қилардилар. Қавмлари эътиқод қилаётган диёнатга кўнгиллари рози бўлмасди. У зот очиқ-ойдин ҳаётий йўлни излар эдилар.

Бундай танҳоликни хоҳлаб қолишлари ҳам Аллоҳ таолонинг келажак ишларни кўзлаб йўлга қўйган тадбири эди. Дарҳақиқат, бу зотни келажакда улкан ишлар кутарди...

➡️ДАВОМИНИ ЎҚИШ

@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar
#Етти_кунга_етти_китоб
#Ислом_тарихи:
ҲАБАШИСТОН ҲИЖРАТИ. НАЖОШИЙ, ҲАМЗА ВА УМАР РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУМЛАРНИНГ ИСЛОМГА КИРИШИ. ҚАМАЛ, МАҲЗУНЛИК ЙИЛИ ВА ТОИФ САФАРИ

МУСУЛМОНЛАРНИНГ АЗОБЛАНИШИ

Исломнинг ривожланиб бораётганидан жазавага тушган мушриклар ҳимоясиз, заифҳол мусулмонларни диндан қайтариш мақсадида уларни турли азобларга дучор қила бошлашди. Макка мушриклари оз сонли мусулмонларни мисли кўрилмаган қийноқларга, азоб-уқубатларга солишди. Мушрикларнинг бу ишлардан кўзлаган бирдан-бир мақсадлари мўминларни иймондан қайтариб, яна мушрик қилиш эди. Аммо мусулмонлар бу азобларга сабр қилиш билан инсоният тарихи саҳифаларига олтин ҳарфлар билан ёзиладиган намуналар кўрсатдилар.

Оддий мусулмонларга турли азоблар бериб ўз мақсадларига эриша олмаган мушриклар уларнинг сардори бўлмиш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга озор беришга ўтишди.

Нубувватнинг 5-йили ўрталарида мушрикларнинг жабр-зулмлари кучайиб кетганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Арқам ибн Абул Арқам розияллоҳу анҳунинг уйларида йиғилишлар ўтказишга амр қилдилар. У зот мусулмонлар билан ўша ерда сирли равишда учрашар, керакли таълим-тарбиялар берар эдилар.

Мушриклар тинимсиз равишда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши ташвиқот ишларини олиб боришарди.

АБУ ТОЛИБ – НАБИЙ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ҲИМОЯЧИСИ

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар қандай қийинчиликларга қарамай, одамларни Исломга даъват қилишда давом этавердилар. Амакилари Абу Толиб ҳам у зотни ҳимоя қилишда бардавом бўлди.

Иш жиддийлашиб кетгач, Қурайш бошлиқларидан бир гуруҳи Абу Толибнинг олдига келишди ва: «Эй Абу Толиб, укангнинг ўғли илоҳларимизни ҳақоратламоқда, динимизни айбламоқда, ақлимизни паст ва оталаримизни залолатга кетган, демоқда. Сен ўзинг уни тийиб ол ёки бизга қўйиб бер. Ахир сен ҳам бизнинг динимиз ва ақийдамиздасан-ку?!» дейишди.

Абу Толиб уларга мулойим гапириб, қайтариб юборди. Лекин мушриклар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга маҳкам ёпишиб олишди. У зотни ҳеч тинч қўйишмади. Бир-бирларини у зотга қарши қайрай бошлашди.

Бир муддат ўтиб яна бир гуруҳ қурайшликлар Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг устларидан шикоят қилиб, Абу Толибнинг олдига келишди. Улар: «Эй Абу Толиб! Сен ичимизда ёши улуғимиз, шарафлийимиз на мартабалийимизсан. Укангнинг ўғлини тийиб олишингни илтимос қилган эдик, қилмадинг. Аллоҳга қасамки, биз ота-боболаримизнинг ҳақоратланишига, ақлимизнинг паст дейилишига ва илоҳларимизнинг айбланишига бундан ортиқ сабр қила олмаймиз. Уни тийиб олмасанг, у билан ҳам, сен билан ҳам охиригача олишамиз. Икки томондан бири ҳалок бўлмагунича тек қўймаймиз», дейишди...
➡️ДАВОМИНИ ЎҚИШ
#Етти_кунга_етти_китоб
#Ислом_тарихи:
ҲИЖРАТ. ИСЛОМ ДАВЛАТИНИ БАРПО ҚИЛИШ

ЖИНЛАРНИНГ РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМГА ИЙМОН КЕЛТИРИШИ

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу билан Макка томон йўл олдилар.

Йўлда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тонгда намоз ўқиётганларидаги қироатларини эшитган бир гуруҳ жинлар у зотга иймон келтирдилар ва ўз қавмларини Исломга даъват қилиш учун шошилиб кетдилар. Бу ҳакда Аллоҳ таоло Аҳқоф ва Жин сураларида хабар берган.

Мазкур ҳодисанинг оғир пайтда юз бериши алоҳида ҳикматга эга бўлиб, одамлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни инкор қилиб турганларида жинларнинг ўзларидан-ўзлари иймон келтиришлари катта гап эди.

Икковлари Маккага яқинлашганларида Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳнинг Расули, уларнинг олдига қандай кирасиз? Ахир улар сизни чиқардилар-ку?!» деди.

«Эй Зайд! Аллоҳ сен кўриб турган нарсага албатта кушойиш берур. Аллоҳ Ўз динига албатта нусрат берур. Ўз набийсини ғолиб қилур», дедилар у зот...
➡️ДАВОМИНИ ЎҚИШ

@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar
#Етти_кунга_етти_китоб
#Ислом_тарихи:
ҲИЖРАТНИНГ БИРИНЧИ ВА ИККИНЧИ ЙИЛИДАГИ МУҲИМ ҲОДИСАЛАР

ҲИЖРАТНИНГ БИРИНЧИ ЙИЛИДАГИ

МУҲИМ ҲОДИСАЛАР

РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ ЯСРИБГА КИРИШЛАРИ

Ансорийлар Авс ва Хазраж қабилаларидан иборат бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг келишларини интизорлик билан кутар эдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам етиб келганларида кутиб олгани чиқдилар. У зотни жуда катта хурсандчилик билан «Марҳабо!» деб кутиб олдилар ва иззат-икром кўрсатдилар. Шу пайтгача уларнинг ҳаётида ҳали бу каби хурсандчилик бўлмаган эди. Расулуллоҳ еоллаллоҳу алайҳи васаллам Қубога тушиб, тўрт кун турдилар. Ўша ерда Қубо масжидига асос солдилар. Пайғамбарликдан кейин биринчи асос солинган масжид мана шу эди. Сўнг уловларини миниб, Ясриб сари юришни давом эттирдилар. Қабилаларнинг одамлари у зотнинг туяларини юганидан ушлаб олишган эди. У зот эса: «Уни қўйиб юборинглар, унга амр қилингандир», дер эдилар. Туя бориб, Хазраж қабиласи, Бану Нажжор уруғининг бир жойига чўқди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Айюб розияллоҳу анҳунинг хонадонига тушдилар ва унда яшай бошладилар...
➡️ДАВОМИНИ ЎҚИШ

@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar
#Етти_кунга_етти_китоб
#Ислом_тарихи: ҲИЖРИЙ БЕШИНЧИ ВА ОЛТИНЧИ ЙИЛДАГИ МУҲИМ ҲОДИСАЛАР

ҲИЖРИЙ БЕШИНЧИ ЙИЛДАГИ МУҲИМ ҲОДИСАЛАР

ДАВМАТУЛ ЖАНДАЛ ҒАЗОТИ

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Арабистон яриморолининг шимолидаги Давматул жандал атрофидаги қабилалар йўлтўсарлик қилиб, ўтган-кетганни талаётганлари, Мадинага босқин уюштириш мақсадида каттагина лашкар ҳам тўплашаётгани ҳақида хабар келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам минг кишилик қўшин билан рабиъул аввал ойининг 25-кунида Давматул жандалликларнинг адабини бериб қўйиш мақсадида қўшин тортиб, Мадинадан йўлга чикдилар. Улар бор-будини мусулмонларга ўлжа қилиб қолдириб, қочиб кетишди.

Шу билан бирга, тинч ҳаёт ҳам давом этар, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам раҳбарлиги остидаги саҳобалар Ислом давлатини Аллоҳ таолонинг бевосита кузатуви билан мукаммаллаштириб борар эдилар. Қуръони Каримнинг оятлари нозил бўлиши билан уларни ҳаётга татбиқ қилишарди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам кўп нарсаларни баён қилиб берар эдилар, ибодат, ахлоқ-одоб, муомала ва қонун-қоидалар секин-аста исломийлашиб борар эди. Булар энг муҳим нарсалар бўлиб, уларнинг қандай амалга ошгани тафсир, ҳадис, фиқҳ ва бошқа китобларимизда батафсил баён қилинган.

Бунинг хабари атрофга тарқалиб, кишиларда Исломга бўлган қизиқиш ортар ва якка-якка ҳолда келиб, мусулмонлар сафига қўшилар эдилар.

Табиийки, бу ҳолат Ислом душманларини ташвишга солар эди. Мусулмонлар тинчлик-омонликда ўз ҳолларига ташлаб қўйилса, ҳамма улар томонга ўтиб кетишини ўйлаб, хавотирда қолишди. Ниҳоят «Ҳаммамиз бирлашиб, мусулмонларни йўқ қилмасак бўлмас экан», деган фикрга келдилар...
➡️ДАВОМИНИ ЎҚИШ

@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar
#Етти_кунга_етти_китоб
#Ислом_тарихи:
ҲИЖРИЙ ЕТТИНЧИ ЙИЛДАГИ МУҲИМ ҲОДИСАЛАР

Подшоҳ ва ҳокимларни
исломга даъват қилиш

Ҳудайбия сулҳи тузилиб, тинчлик ҳукм сура бошлагач, Ислом даъватини кенг миқёсда ёйиш учун қулай имконият туғилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чор атрофдаги подшоҳлар ва араб амирларига мактуб ёзиб, уларни Аллоҳнинг динига чақиришга қарор қилдилар. Бу муҳим тадбир ҳижрий еттинчи йилнинг бошида амалга оширилди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг подшоҳ ва амирларга юборган мактублари Исломнинг оламшумул дин эканини, барча халқларнинг барча муаммоларини қиёматгача ҳал қилиши муқаррар эканини яна бир бор таъкидлади.

Юборилган мактублар Ислом дипломатиясининг илк васиқалари бўлди. Уларни чет эл раҳбарларига етказиш, улар билан халқаро алоқалар қилиш ўша дипломатиянинг биринчи қадамлари эди. Шунинг учун ҳам соҳа мутахассислари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг подшоҳ ва амирларга юборган мактубларини синчиклаб ўрганишлари лозим бўлади.

Ўша вақтда Рум давлати дунёни ларзага солиб турган икки давлатдан бири эди. Бу давлат ўша вақтда оламнинг ярмига ўз ҳукмини юритиб турарди, деган одам муболаға қилмаган бўлади.

Ўша даврда бу давлатнинг шарқий қисми – Византия императори Ҳирақл I бўлиб, у асли юнонлик оилада туғилган эди. Ҳирақлнинг отаси Рум давлатининг Африкадаги бўлагига ҳокимлик қиларди. Шунинг учун ҳам Ҳирақл Африканинг Картонж шаҳрида ўсди. Кўп курашлардан сўнг милодий 610 йил ҳалокат ёқасига келиб қолган Византия давлатига бош бўлди.

628 йил Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мактубларини саҳобалардан Диҳятул Калбий розияллоҳу анҳу Бусронинг ҳокимига олиб бориб бердилар. У эса ўз навбатида Ҳирақлга етказди.

Мактуб билан танишиб бўлгач, Ҳирақл давлат арконларига қасрига киришга изн берди ва қасрнинг эшикларини қулфлатиб қўйди. Кейин ўртага чиқиб: «Эй Рум улуғлари! Агар сиз нажотни, рушди ҳидоятни ва мулкингиз собит қолишини истасангиз, ушбу пайғамбарга байъат қилинг», деди. Улар қочиб, ўзларини эшикка уришди. Эшиклар қулфланган эди. Ҳирақл уларнинг қочишини кўриб, иймон келтиришларидан ноумид бўлгач: «Уларни олдимга қайтариб келинглар», деди ва: «Мен ҳалиги гапларни сизларнинг динингизда мустаҳкамлигингизни синаб кўриш учун айтган эдим ва буни кўрдим», деди. Уларнинг барчалари ҳукмдорнинг оёғига йиқилишди ва ундан мамнун бўлишди.

Шундай қилиб Ҳирақл подшоҳликни ҳидоятдан устун кўрди ва яна айшу ишратга берилиб кетди. Охири милодий 641 йилда Қустантинияда вафот этиб, ўша ерга кўмилди.

Унинг мулки мусулмонлар сабабидан заволга учради. Византия империясининг Осиё ва Африкадаги мулклари Ислом давлати ихтиёрига ўтди...
➡️ДАВОМИНИ ЎҚИШ

@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar
#Етти_кунга_етти_китоб
#Ислом_тарихи: МУҲИМ САНАЛАР

ҲИЖРИЙ ЎН БИРИНЧИ ЙИЛДАГИ МУҲИМ ҲОДИСАЛАР

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам видолашув ҳажини адо этиб Арафотда турганларида, Аллоҳ таоло у зотга Моида сурасидаги:

«Бу кун сизга динингизни мукаммал қилиб бердим. Сизга неъматимни батамом қилдим ва сизга Исломни дин деб рози бўлдим» (3-оят) оятини нозил қилди.

Ушбу оят нозил бўлганда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу йиғладилар. У кишидан нимага йиғлаётганлари сўралганда: «Ҳар бир нарса камолга етгандан сўнг нуқсони бўлади. Бу нуқсон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг видолашувларидир», деган гапни айтдилар.

Дарҳақиқат, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари ҳам ҳажда юриб: «Бу йилдан кейин сизлар билан учрашмасам керак», деган эдилар. Бунинг устига, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак умрлари охирлаб қолганининг бошқа аломатлари ҳам аёнлашиб қолган эди. Одатда ҳар йили Рамазонда у зот ўн кун эътикоф ўтирар эдилар. Уша йили эса одатдан ташқари йигирма кун эътикоф ўтирдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар йили бир марта – Рамазонда Қуръони Каримни Жаброил алайҳиссаломдан ўтказиб олар эдилар. Ўша йили икки марта ўтказдилар ва бу ажаллари ҳозир бўлганининг аломати эканини таъкидладилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тутган ишларида ва гап-сўзларида ҳам сафарга ҳозирлик аломатлари сезилиб қолди. У зот Уҳуд шаҳидларига қайтадан жаноза ўқидилар. Шунингдек, «Мен умматимнинг фаратиман»[1], «Менинг вафотимдек ўхшаш мусибатга асло учрамаслар» ва яна шу маънодаги ҳадисларни айтдилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам зулҳижжа ойининг беш куни қолганда ҳаждан қайтиб келдилар. Янги ҳижрий ўн биринчи йилнинг биринчи ойи – муҳаррам ҳам ўтди. Сафар ойининг охирига келиб душанба куни хасталиклари бошланди.

Хаста бўлишларига қарамай, Шом тарафга Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу бошлиқ сарийя юборишга аҳамият бердилар. Бу сарийя Мадинадан чиқиши билан у зотнинг хасталиклари оғирлашиб қолди. Ҳоллари келмай қолганда жамоат намозига Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг имом бўлишларини ихтиёр қилдилар...
➡️ДАВОМИНИ ЎҚИШ

@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar
#Ислом_тарихи:
РИСОЛАИ МУҲАММАДИЯНИНГ ИНСОНИЯТГА ФАЗЛИ ВА УНИНГ ОЛАМШУМУЛ АРМУҒОНЛАРИ

Рисолат ва диёнатлар тарихидаги беназир эълон

Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб: «Биз сени оламларга фақат раҳмат қилиб юбордик», дейди (Анбиё сураси, 107-оят).

Бу ўзига хос тенги йўқ эълон ўзига хос мангу китобда – Аллоҳ таоло унинг барча замон ва маконларда тиловат қи-линишини ирода қилган Китобда келмишдир. Унинг ўқувчилари миллиард-миллиарддир. У Зот бу ҳақда: «Албатта, зикрни Биз нозил қилдик ва албатта Биз уни муҳофаза қилурмиз», демишдир (Ҳижр сураси, 9-оят).

Албатта, бу эълоннинг кенглиги ва замон ҳамда макон жиҳатидан кўламининг катталиги унга фавқулодда аҳамият касб эттиради. Ҳар бир онгли инсон унинг олдидан эътиборсиз ўтиб кета олмайди. Унинг замонга боғлиқ кўлами рисолаи Муҳаммадиядан кейинги барча замонлар ва тарихий босқичларни ўз ичига олади. Унинг маконга богаиқ кўлами эса бутун дунёни ўз ичига олади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло «Биз сени Арабистон яриморолига раҳмат қилиб юбордик» дегани йўқ. Ёки шарққа, ғарбга ёхуд бирор қитъага, масалан, Осиёга дегани йўқ. Балки Ў Зот: «Биз сени оламларга раҳмат қилиб юбордик», деди.

Ҳақиқатда, ушбу эълоннинг кенглиги, шомиллиги, улуғворлиги, олиймақомлиги, бардавомлиги ва абадийлиги – буларнинг ҳаммаси дунё тарихчилари, файласуфлари, доҳийлари ва оқилларининг унинг қаршисида ҳайрону лол қолишларини тақозо қилади. Балки инсоннинг фикри батамом ҳайрону лол бўлиб, бу масалага бир муддат бутун диққатини жамлаб, ушбу эълоннинг ҳақлиги, ушбу воқеликнинг тўғрилиги ҳақида тўхталмоғи лозим, чунки биз динлар ва фирқалар тарихида, цивилизациялар ва фалсафалар тарихида, ислоҳий ҳаракатлар ва инқилобий уринишлар тарихида, балки бутун олам тарихида ҳамда бутун бошли инсоният кутубхонасида ушбу барча борлиқни, барча башарият авлодларини, барча тарихий босқичларни қамраб олган эълонни учратмаймиз. Ҳаттоки бизгача етиб келган ўтган анбиёлар таълимотлари-нинг хулосаси, уларнинг сийратлари ва ҳолларининг мағизи ҳам бу эълонга ўхшаш нарсани мутлақо кўрмаган.

Яҳудийлик қадимги ва машҳур диёнатдир. У Аллоҳга Бану Исроилнинг робби, илоҳи сифатида қарайди. Яҳудийларнинг Қадимги Аҳд саҳифалари ва диний китоблари Аллоҳни оламларнинг Робби, бутун борлиқнинг Робби деб зикр қилишдан холидир. Шунинг учун ҳам уларнинг Мусо, Ҳорун, Довуд ва Сулаймон каби анбиёларидан бирор набийнинг сийратидан бунга ўхшаш эълонни ахтариш беҳуда ва вақтни зое қилишдан бошқа нарса эмас.

Бу диёнат ўзининг ҳеч бир босқичида ҳеч бир инсон авлодига ирқчиликсиз раҳмат ва тенглик рисоласи бўлган эмас. Бу диёнатга ҳеч қачон Бану Исроилдан бошқалар чақирилмаган ҳам...
➡️ДАВОМИНИ ЎҚИШ

@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar
#Етти_кунга_етти_китоб
#Ислом_тарихи: НУБУВВАТНИНГ ВАЗИФАСИ

УНИНГ ИНСОНИЯТНИ ҚУТҚАРИШ ВА САОДАТМАНД ҚИЛИШДАГИ ЎРНИ. АНБИЁЛАР АМАЛИНИНГ ТАБИАТИ

Нубувватнинг вазифасини ва анбиёлар амалининг табиатини баён қилиш учун бир мисол келтираман. Ундан фалсафий далилларсиз ҳам нубувватнинг вазифасини ва ўрнини тушуниб оламиз.

Ҳикоя қилинишича, бир гуруҳ талабалар денгизда сайр қилиш учун кемага минибдилар. Уларнинг ўзлари тетик, вақтлари кўп эди. Умрида дарс ўқимаган уммий кемачи ҳазил-мутойиба, қочирим гап қилиб кулиш учун яхши ҳадаф (нишон) эди.

Талабалардан бири унга: «Амаки, қайси илмларни ўргангансиз?» деди.

«Ҳеч нарса ўргана олмадим, болам», деди кемачи.

«Табиий илмларни ўрганмаганмисиз?» деди толиб.

«Йўқ. Улар ҳақида эшитмаганман ҳам», деди кемачи.

Шунда бошқа бир толиб гапга аралашиб: «Математика, алгебраларни ўқигандирсиз?» деди.

«Тўғриси, бу ғалати номларни биринчи марта эшитиб турибман», деб жавоб берди кемачи.

Учинчи бир шўхроқ толиб: «Ишончим комилки, жўғрофия билан тарихни ҳам қотириб ўқиб қўйгансиз-а?» деди.

Кемачи унга қараб: «Бу шаҳарнинг номими, одамнинг-ми?» деди. Шу ерга келганда ёшлар ўзларини тута олмай, кулиб юборишди. Уларнинг қаҳқаҳаси атрофга тарқалди.

«Ёшингиз нечада?» дейишди кулиб бўлиб.

«Қирққа кириб қолдим», деди у.

«Умрингизнинг тенг ярмини зое қилибсиз-да, амаки!» дейишди ёшлар. Саводсиз кемачи маъюс ҳолда жим қолди. У ўз навбатини кутарди...
➡️ДАВОМИНИ ЎҚИШ

@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar
#Ислом_тарихи: МАҚСАДУ ҒОЯ, АМАЛ ВА КУРАШ МАЙДОНИНИ ТАЙИН ҚИЛИШ. ЯНГИ ОЛАМ ВА ИНСОННИНГ ТУҒИЛИШИ.

ИНСОННИНГ МУКАРРАМЛИГИ ВА УЛУҒЛИГИ ЭЪЛОНИ

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг башариятга тақдим қилган улкан хизматларининг учинчиси инсоннинг мукаррамлиги ва улуғлигининг эълонидир.

Бу инсоннинг шарафи ва қадари олийлиги эълонидир. Рисолаи Муҳаммадиядан аввал инсон хорлик ва зорликнинг энг паст даражасига тушган эди. Ер юзида ундан кўра кичикроқ ва ҳақирроқ нарса йўқ эди. Баъзи бир турли афсона ҳамда эътиқодлар ила қамраб олинган «муқаддас» ҳайвон ва дарахтлар ҳам ўз «банда»лари наздида инсондан кўра улуғ эди. Уларга инсонлар қони ва гўштидан, виждонлар қийналмаган ҳолда, қурбонликлар қилинар эди. Бу нарсаларнинг баъзи манфур намуналарини йигирманчи асрда Ҳиндистонга ўхшаш тараққий этган юртларда кўрдик.

Саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам инсониятга унинг шарафини ва кароматини қайтариб бердилар.

У зот унга унинг эътиборини ва қадр-қийматини қайтардилар. У зот ушбу борлиқдаги энг азиз мавжудот инсон эканини, унинг бу оламдаги энг қимматбаҳо жавҳар эканини эълон қилдилар. Инсондан кўра муҳаббатга, муҳофаза қилишга ҳақлироқ ва лойиқроқ ҳеч нарса йўқдир. Исломда инсоннинг мартабаси энг юқори нуқтага кўтарилди. У Аллоҳнинг ердаги халифаси бўлиш даражасига эришди. Аллоҳ оламни унинг учун халқ қилгандир. У ёлғиз Аллоҳнинг халқидир.

«У ер юзидаги барча нарсани сизлар учун яратган...» (Бақара сураси, 29-оят)....

➡️ДАВОМИНИ ЎҚИШ

@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar
#Етти_кунга_етти_китоб
#Ислом_тарихи: МАҚСАДУ ҒОЯ, АМАЛ ВА КУРАШ МАЙДОНИНИ ТАЙИН ҚИЛИШ. ЯНГИ ОЛАМ ВА ИНСОННИНГ ТУҒИЛИШИ.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг башариятга тақдим қилган улкан хизматларининг учинчиси инсоннинг мукаррамлиги ва улуғлигининг эълонидир.

Бу инсоннинг шарафи ва қадари олийлиги эълонидир. Рисолаи Муҳаммадиядан аввал инсон хорлик ва зорликнинг энг паст даражасига тушган эди. Ер юзида ундан кўра кичикроқ ва ҳақирроқ нарса йўқ эди. Баъзи бир турли афсона ҳамда эътиқодлар ила қамраб олинган «муқаддас» ҳайвон ва дарахтлар ҳам ўз «банда»лари наздида инсондан кўра улуғ эди. Уларга инсонлар қони ва гўштидан, виждонлар қийналмаган ҳолда, қурбонликлар қилинар эди. Бу нарсаларнинг баъзи манфур намуналарини йигирманчи асрда Ҳиндистонга ўхшаш тараққий этган юртларда кўрдик.

Саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам инсониятга унинг шарафини ва кароматини қайтариб бердилар.

У зот унга унинг эътиборини ва қадр-қийматини қайтардилар. У зот ушбу борлиқдаги энг азиз мавжудот инсон эканини, унинг бу оламдаги энг қимматбаҳо жавҳар эканини эълон қилдилар. Инсондан кўра муҳаббатга, муҳофаза қилишга ҳақлироқ ва лойиқроқ ҳеч нарса йўқдир. Исломда инсоннинг мартабаси энг юқори нуқтага кўтарилди. У Аллоҳнинг ердаги халифаси бўлиш даражасига эришди. Аллоҳ оламни унинг учун халқ қилгандир. У ёлғиз Аллоҳнинг халқидир.

«У ер юзидаги барча нарсани сизлар учун яратган...» (Бақара сураси, 29-оят).

«Батаҳқиқ, Биз Бану Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик, уларни қуруқлигу денгизда (улов-ла) кўтардик ҳамда уларни пок нарсалардан ризқлантирдик, уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик» (Исро сураси, 70-оят)...
➡️ДАВОМИНИ ЎҚИШ

@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar
#Етти_кунга_етти_китоб
#Ислом_тарихи: ВАҲИЙНИНГ ДАРАЖАЛАРИ, , ҲАДИС, ҲАДИСИ ҚУДСИЙ ВА ҚУРЪОН, ИЙМОН – АҚИЙДА, ИСЛОМ – ШАРИАТ, ЭҲСОН – ТАРИҚАТ

ВАҲИЙНИНГ ДАРАЖАЛАРИ

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга келган ваҳийларнинг барчаси ҳам Қуръони Карим бўла олмаслигини яхши англашимиз керак. Бу борадаги шаръий матнларни яхшилаб ўрганиб чиқсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таолодан келган ваҳийларнинг даражаси уч хил экани маълум бўлади:

1. Ҳадиси набавий.
2. Ҳадиси қудсий.
3. Қуръони Карим.

ҲАДИС, ҲАДИСИ ҚУДСИЙ ВА ҚУРЪОН

Аллоҳ таолодан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга келган ваҳийнинг уч тури – ҳадис, ҳадиси қудсий ва Қуръон орасидаги фарқни тушуниб етиш ниҳоятда аҳамиятли ишлардан бири ҳисобланади. Шунинг учун ҳам олимлар ушбу мавзуга алоҳида эътибор қаратадилар.

1. Ҳадис
«Ҳадис» сўзи араб тилида «сўз» деган маънони англатади. Демак, ҳадис деганда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган гап-сўзлари кўзда тутилади ва тушунилади. Уламолар истилоҳида эса «ҳадис»га қуйидагича таъриф берилади:

«Набий соллаллоҳу алайқи васалламдан осор бўлиб қолган гап, иш, тақрир, халқий ва хулқий (жисмоний ва хлоқий) сифатлар ҳамда сийратга тегишли маълумотлар «ҳадис» дейилади». Ушбу таъриф Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан осор бўлиб қолган ва ишончли манбалар орқали ривоят қилинган бир неча хил хусусларни ўз ичига олмоқда. Таърифда зикри келган нарсаларга биттадан мисол келтирайлик.

«Гап». Бунга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг турли ҳолат ва муносабатларда айтган гаплари киради.

Мисол учун, «Амаллар ниятларга боғлиқдир».

Бу «қавлий (оғзаки) суннат» дейилади.

«Иш». Бунда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилган иш-амаллари тушунилади. Айтайлик, таҳорат қилишлари, намоз ўқишлари, ҳаж ибодатини адо этишлари ва ҳоказо.

Бу «амалий суннат» дейилади.

«Тақрир». Бу сўз бир нарсанинг тўғрилигини тасдиқлаш, маъқуллаш маъносини англатади. Суннатдаги тақрир эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаи киромлар томонидан содир бўлган баъзи нарсаларни тасдиқлаш, маъқуллашларидан иборат. Биргина мисол:

Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам юборган бир тўп лашкарга бош эдилар. Борган жойларида жунуб бўлиб қолдилар ва совуқдан қўрқиб, ғусл қилмасдан, таяммум билан намоз ўқидилар. У кишининг шериклари буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етказдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Холид ибн Валид розияллоҳу анҳунинг қилган ишларини маъқулладилар.

Маъқуллаш «Маъқул» деб айтиш билан ёки инкор қилмай, индамай қўяқолиш билан ҳам бўлади.

Бу «тақририй суннат» дейилади.

«Халқий (жисмоний) сифатлар». Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тана тузилишларидаги сифатлари киради.

«Хулқий (ахлоқий) сифатлар». Саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сабрлари, ҳилмлари, шижоатлари, сахийликлари каби барча ахлоқий фазилатларини ҳам ривоят қилиб қолдирганлар. Бу ҳақдаги маълумотлар ҳам суннатга киради.

«Сийрат». Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётлари, у зот таваллуд топганларидан бошлаб то Аллоҳнинг ҳузурига қайтгунларигача бўлган таржимаи ҳоллари ўта аниқлик ва бутун тафсилотлари билан ривоят қилинган.

Муҳаддис уламоларимиз мана шу олти бандга тегишли ҳар битта маълумотни атрофлича, чуқур ўрганиб, ўз китобларига киритганлар...
➡️ДАВОМИНИ ЎҚИШ

@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar
#Етти_кунга_етти_китоб #Ислом_тарихи:
АБУ БАКР РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУ АМАЛГА ОШИРГАН БУЮК ИШЛАР. ҲАЗРАТИ АБУ БАКРНИНГ ВАФОТЛАРИ

АБУ БАКР РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУ АМАЛГА ОШИРГАН БУЮК ИШЛАР

Қуръоннинг жамланиши

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик чоқларида яна ваҳий тушиб қолар, деган умидда Қуръон жамланиб, китоб шаклига келтирилмаган эди. У зотнинг вафотларидан кейин Қуръон кишиларнинг қалбида ва ёзган нарсаларида қолди.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўнг, Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг даврларида диндан қайтган муртадлар билан мусулмонлар орасида бўлиб ўтган қаттиқ жангларда Қуръонни тўлиқ ёд олган кўплаб қорилар шаҳид бўлдилар. Биргина Ямомада Мусайлима Каззобга қарши бўлиб ўтган жангда етмиш саҳобаи киром шаҳид бўлди. Шунда ҳазрати Умар ҳазрати Абу Бакрга: «Аллоҳ у зотлардан рози бўлсин. Қорилар ўлиб кетаверса, Қуръонга зарар етиши мумкин. Шунинг учун уни китоб шаклига келтириб, жамлаб қўйиш керак», деган маслаҳатни бердилар.

Аввалига ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу иккиланиб турдилар, чунки бу иш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик вақтларида қилинмаган эди. У киши Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилмаган ишни мен қандай қилиб қиламан?!» деб туриб олдилар. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳам қатъий туриб: «Аллоҳга қасамки, бу хайрли иш», дея Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ортларидан қолмай юравердилар.

Кейинроқ Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳам Қуръонни китоб шаклига келтириб қўйиш зарур эканини англаб етдилар ва Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳуни чақириб: «Биз сени ҳеч нарсада айблов остига олмаганмиз. Расулуллоҳ сол-лаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида Қуръонни ёзар эдинг. Энди яхшилаб суриштириб, Қуръонни жамла», деб бу ишни амалга оширишни у кишига топширдилар, чунки Зайд ибн Собит Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан жуда кўп бирга бўлган, Қуръонни энг яхши ёд олган ва уни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида ёзиб борган, Пайғамбаримиз охирги Рамазон ойида Жаброил фариштага Қуръонни аввалидан охиригача ўқиб ўтказганларида ҳам у зотнинг ёнларида бирга бўлган эдилар.

Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу ҳам аввалига: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилмаган ишни қандай қилиб қиламан?!» деб туриб олдилар. Энди Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу: «Аллоҳга қасамки, бу хайрли иш», деб Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳуни бу ишга кўн диришга ҳаракат қила бошладилар. Охири бориб, Аллоҳ таоло Умар ибн Хаттоб ва Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуларнинг қалбларига солган нарсани Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг қалбларига ҳам солди. У киши Қуръонни жамлашга рози бўлдилар...
➡️БАТАФСИЛ ЎҚИШ

@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar
#Етти_кунга_етти_китоб
#Ислом_тарихи:
УМАР ИБН ХАТТОБ РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУ

ИККИНЧИ ФАСЛ

УМАР ИБН ХАТТОБ РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУ

(халифалик даври: ҳижрий 13 йил 21 жумодул охирдан 23 йил 26 зулҳижжагача; милодий 634 йил 21 августдан 644 йил 2 ноябргача)

Ҳазрати Умарнинг насаблари ва дастлабки ҳаётлари

У кишининг тўлиқ исмлари Умар ибн Хаттоб ибн Нуфайл ибн Абдулъуззо ибн Риёҳ ибн Абдуллоҳ ибн Қурт ибн Разоҳ ибн Адий ибн Каъб ибн Луай Қураший Адавийдир. У киши ўзларининг саккизинчи боболарида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насаблари ила туташадилар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу кучли ва шиддатли бўлганлари учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига Абу Ҳафс деган куня берганлар. Бу «шер, арслон» деган маънони англатади.

Шунингдек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга яна «Форуқ», яъни «Ҳақ ила ботилни ажратувчи» деган лақабни ҳам берганлар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўн уч йил кейин туғилганлар.

У кишининг оталари – Хаттоб ибн Нуфайл.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг оналари Ҳантама бинт Ҳошим ибн Муғийра Махзумия бўлиб, у киши Холид ибн Валид розияллоҳу анҳунинг амакиларининг қизлари бўлган.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ёшликларидан жасурлик, мардлик ва жоҳилият ҳаёти руҳида тарбия топган эдилар.

У киши жоҳилият даврида Қурайшнинг ашрофларидан ҳисобланиб, уларга элчилик вазифаси топширилган эди. Орада уруш чиқиб қолса, у киши элчилик қилар эдилар.

Умар розияллоҳу анҳу новча, жуссадор, оппоқ, икки ёноқлари қизил одам бўлганлар...
➡️БАТАФСИЛ ЎҚИШ

@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar
#Етти_кунга_етти_китоб
#Ислом_тарихи:
КАМБАҒАЛ ОИЛАЛАРНИНГ ИЖТИМОИЙ ТАЪМИНОТИ

ИЖТИМОИЙ ТАЪМИНОТ

Уша даврда Умар розияллоҳу анҳу ижтимоий таъминот ишларини энг гўзал тарзда йўлга қўйганлар ва бу ишга асос солганлар десак, асло муболаға қилмаган бўламиз.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Ислом жамиятининг хазинасига етарли мол тушганда, фуқароларга маош тайин қилишни ташкил қилдилар. Уша ипшарни кўрган, уларда иштирок этган кишилар бу ҳақда ишончли маълумотларни қолдирганлар.

КАМБАҒАЛ ОИЛАЛАРНИНГ ИЖТИМОИЙ ТАЪМИНОТИ

Абу Убайд қуйидагича ривоят қилади:

«...Кундуз куни Умар бир дарахт остида ухлаб ётар эди. Бир аъробий аёл келиб, одамларга аланглаб қаради-да, унинг (Умарнинг) олдига келиб: «Мен бир мискина аёлман. Менинг болаларим бор. Мўминларнинг амири Умар ибн Хаттоб бизга Муҳаммад ибн Масламани закотчи қилиб юборди. У бизга ҳеч нарса бермади. Аллоҳ хайрингни берсин, сен бизга бир шафоатчилик қилсанг», деди.

«Ярфоъ! – деди Умар ходимига. – Менга Муҳаммад ибн Масламани чақириб кел!»

«Мени унинг олдига олиб борсанг, ҳожатим чиқармиди», деди аёл.

«Иншааллоҳ, у ҳожатингни чиқаради», деди Умар.

Ярфоъ Муҳаммад ибн Масламанинг олдига бориб, чақириб келди. У келиб: «Ассалому алайкум, эй мўминлар амири», деди.

Аёл уялиб кетди. Умар: «Аллоҳга қасамки, мен сизлардан яхшиларингизни танлашда камчиликка йўл қўймаган эдим. Агар Аллоҳ азза ва жалла бу аёл ҳақида сўраса, нима деб жавоб берасан?» деди.

Муҳаммад ибн Масламанинг кўзларидан ёш оқди. Сўнг Умар: «Аллоҳ бизга Ўз Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васалламни юборди. Биз у зотга иймон келтирдик ва эргашдик. У зот Аллоҳ нимага амр қилса, шунга амал қилдилар. Садақани то Аллоҳ у зотнинг руҳларини қабз қилгунича ўз аҳлига, мискинларга бериб турдилар.

Сўнг Аллоҳ Абу Бакрни халифа қилди. У ҳам Аллоҳ унинг руҳини қабз қилгунича Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилди.

Сўнг мени халифа қилди. Мен сизлардан яхшиларингизни ихтиёр қилишда нуқсонга йўл қўймадим. Агар сени яна юборадиган бўлсам, бу аёлга шу ва ўтган йилнинг садақасини бергин. Билмадим, эҳтимол, сени юбормасман», деди. Кейин аёлни чақириб бир туя, ун ва ёғ берди-да: «Буни олгинда, бизга Хайбарда яна учрагин, биз ўша ерга бормоқчимиз», деди. Аёл Хайбарда унинг олдига келди. У унга икки туя берди ва: «Буни ол, Муҳаммад ибн Маслама келгунича сенга етиб туради. Мен уни сенинг шу ва ўтган йилги ҳаққингни беришга амр қилдим», деди».

Мусулмон раҳбарларнинг бева-бечоралар ҳаққига қандай риоя қилишини, уларнинг ижтимоий тенглик учун хизмат қилганини, оддий фуқаролар раҳбар билан қандай учрашишини, унга қандай шикоят қилишини кўриб қўйинг.

Ибн Саъд Жаъфар ибн Муҳаммад розияллоҳу анҳудан, у эса ўз отасидан ривоят қилади:

«Умар розияллоҳу анҳуга Ямандан кийимлар келтиришди. У киши уларни одамларга тарқатди. Ҳамма янги кийим кийиб юра бошлади...
➡️БАТАФСИЛ ЎҚИШ

@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar
#Ислом_тарихи:
УСМОН ИБН АФФОН РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУ:
Ички жабҳадаги фаолиятлар;
Фитна.

УЧИНЧИ ФАСЛ

УСМОН ИБН АФФОН РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУ

(халифалик даври: ҳижрий 23 йил зулҳижжа ойининг охирги кунидан 35 йил 18 зулҳижжагача; милодий 644 йил 6 ноябрдан 656 йил 16 июнгача)

Насаблари ва ҳаётларининг дастлабки босқичи

Насаб илми уламолари ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг насаблари ҳақида қуйидаги силсилани келтирадилар:

У киши – Усмон ибн Аффон ибн Абул Ос ибн Умайя ибн Абдушшамс ибн Абдуманоф ибн Қусай.

У кишининг оналари – Арво бинт Карийз ибн Рабийъа ибн Ҳабиб ибн Абдушшамс ибн Абдуманоф ибн Қусай.

У кишининг оналарининг онаси Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аммалари Байзо бинт Абдулмутталибдир.

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг насаблари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насаблари билан ҳам ота тарафдан, ҳам она тарафдан бирлашади.

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу машҳур «Фил ҳодисаси»дан олти йил кейин, саҳиҳ қавлга кўра, Маккада таваллуд топганлар. Демак, у киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан олти ёш кичик бўладилар.

У кишининг оталари Макканинг энг бой тижоратчиларидан эди. Катта тижоратчининг ўғли Усмон ҳам катта тижоратчи бўлдилар.

Ибн Асокирнинг ривоят қилишича, Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ўрта бўйли, яъни новча ҳам, пакана ҳам эмас, чиройли, оппоқ юзли, яноқлари қизғиш, юзида чечакдан қолган излар бор, серсоқол, икки елкаси кенг, болдирлари кичкина, билаклари узун, билакларини тук қоплаган, жингалаксоч, бошининг тепасида сочи йўқ, олд тишлари энг гўзал одам эдилар. Сочлари қулоқларидан пастга тушиб турарди. Уларни сарғиш ранг билан хиналаб олардилар. Тилла тиш қўйдирган эдилар...
➡️ДАВОМИНИ ЎҚИШ

@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar
#Ислом_тарихи:
🔸АЛИЙ ИБН АБУ ТОЛИБ РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУ.
🔸ХУЛОСА.
🔸РОШИД ХАЛИФАЛАР ДАВРИ ҲАФИДА МУЛОҲАЗАЛАР.

ТЎРТИНЧИ ФАСЛ

АЛИЙ ИБН АБУ ТОЛИБ РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУ

(халифалик даври: ҳижрий 35 йил зулҳижжа ойидан 40 йил 21 Рамазонгача; милодий 656-661 йиллар)

Ҳазрати Алийнинг ҳаётлари ва Исломга киришлари

Насаблари: Алий ибн Абу Толиб ибн Абдулмутталиб ибн Ҳошим ибн Абдуманоф ибн Қусай.

У кишининг оналари: Фотима бинт Асад ибн Ҳошим ибн Абдуманоф ибн Қусай розияллоҳу анҳо.

Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу таваллуд топган йиллари Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўттиз ёшга кирган эдилар.

У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакиларининг ўғиллари, қизлари Фотиманинг умр йўлдошлари ва жаннат башорати берилган ўн кишининг бири эдилар. Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ёшликларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларида тарбия топдилар. Ўн ёшларйда мусулмон бўлдилар. У киши ёш болалардан биринчи Исломга кирган зотдирлар. Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Ислом таълимотлари асосида ўсиб-улғайдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижратлари даврида ўлимдан қўрқмасдан, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўринларига кириб, тўшакларида ётдилар. Шу билан бирга, у киши Исломда биринчи фидойи инсон сифатида, Аллоҳ йўлида ўзини фидо қилишга тайёр шахс сифатида танилдилар.

Вақт етиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида бўлган омонатларни олиб, ҳаммасини эгаларига топшириб, кейин Мадинаи мунавварага ҳижрат қилдилар.

Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу барча жангларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга қатнашган энг катта қаҳрамонлардан бири эдилар. У кишининг шижоатлари зарбулмасал бўлиб кетган.

Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу фасоҳатда ниҳоятда юқори нуқтада, илмда етук олим эдилар.

Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳунинг фазилатлари ҳақида жуда кўп ҳадислар келган.

Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг даврларида у киши билан бирга бўлдилар. Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу у кишидан рози ҳолда вафот этдилар.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг халифалик даврида ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу ҳар доим у киши билан бирга бўлдилар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ҳар бир ишда у киши билан маслаҳатлашар эдилар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу пичоқланганларидан кейин ўзлари айтган олти кишилик маслаҳат кенгашининг ичида ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу ҳам бор эдилар. Улар Умар розияллоҳу анҳудан кейин мусулмонларга ким халифа бўлишини хал қилишлари керак эди. Шунда ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу халифа этиб сайландилар. Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу эса у кишининг ёнларида давлат ишларини юритишда ёрдамчи бўлдилар. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу қамал қилинганларида ҳазрати Алий розияллоҳу анҳунинг ўғиллари у кишининг мудофаачиларидан бўлишди...

➡️БАТАФСИЛ ЎҚИШ

@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar