Muslim.uz
91.6K subscribers
18.2K photos
5.07K videos
114 files
16.7K links
O'zbekiston musulmonlari idorasi
muslim.uz portali.

🔹Murojaat uchun:
@MuslimUzAdmin2Bot

🔹Diniy savollar uchun:
@SavollarMuslimUzBot | https://savollar.muslim.uz/

🔹Batafsil:
https://telegra.ph/MUSLIMUZ-06-19
Download Telegram
#ТАФСИРИ_ИРФОН #БИРИНЧИ_ЖУЗ
БАҚАРА СУРАСИ, 109–110 ОЯТЛАР

БАҚАРА СУРАСИ, 109–110 ОЯТЛАР
وَدَّ كَثِيرٞ مِّنۡ أَهۡلِ ٱلۡكِتَٰبِ لَوۡ يَرُدُّونَكُم مِّنۢ بَعۡدِ إِيمَٰنِكُمۡ كُفَّارًا حَسَدٗا مِّنۡ عِندِ أَنفُسِهِم مِّنۢ بَعۡدِ مَا تَبَيَّنَ لَهُمُ ٱلۡحَقُّۖ فَٱعۡفُواْ وَٱصۡفَحُواْ حَتَّىٰ يَأۡتِيَ ٱللَّهُ بِأَمۡرِهِۦٓۗ إِنَّ ٱللَّهَ عَلَىٰ كُلِّ شَيۡءٖ قَدِيرٞ١٠٩

109. Аҳли китобларнинг кўплари ҳасадлари туфайли Ҳақ аниқ билинганига қарамай, имонли бўлганингиздан кейин сизларни яна кофир қилмоқчи бўлишади. Аллоҳ ҳукмини юборгунча уларни афв этинглар ва кечиринглар. Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир.

Аҳли китоблар мусулмонларга ҳасад қилишгани учун Ҳақни аниқ билатуриб ҳам уларни ўз динларига куфр келтиришга, ўзларининг бузуқ эътиқодларини мажбурлашга уринаверишади. Ваҳоланки, ҳақ ботилдан ажраб бўлган, Аллоҳнинг Каломида аҳли китобларнинг ҳақ йўлдан адашиб, Парвардигор ғазабига учрагани, ҳидоят йўлидан четлашгани аниқ баён этиб қўйилган. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: "Бу оят бир гуруҳ яҳудийлар ҳақида нозил бўлган. Уҳуд жангидан кейин улар мусулмонларга: "Нима бўлганини кўряпсизларми? Агар ҳақ устида бўлганингизда енгилмаган бўлардингиз. Бизнинг динимизга қайтинглар, у сизлар учун яхшироқ", дейишган эди" ("Асбабун-нузул", 27-бет). Абдуллоҳ ибн Каъб ибн Молик отасидан шундай ривоят қилади: "Каъб ибн Ашроф яҳудийлар шоири эди. Шеърларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳажв қилар, Қурайш кофирларини у кишига қарши қўзғар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида мушриклар ва яҳудийлар у кишига ва асҳобларига қаттиқ азият етказди. Шунда Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарини бу азиятларга сабр қилишга ва кечиришга буюриб, мазкур оятни нозил қилди...
➡️ДАВОМИНИ ЎҚИШ

@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar
#ТАФСИРИ_ИРФОН #БИРИНЧИ_ЖУЗ
2. БАҚАРА СУРАСИ, 111–112 ОЯТЛАР

وَقَالُواْ لَن يَدۡخُلَ ٱلۡجَنَّةَ إِلَّا مَن كَانَ هُودًا أَوۡ نَصَٰرَىٰۗ تِلۡكَ أَمَانِيُّهُمۡۗ قُلۡ هَاتُواْ بُرۡهَٰنَكُمۡ إِن كُنتُمۡ صَٰدِقِينَ١١١

111. Улар: "Яҳудий ва насронийлардан бошқа ҳеч ким жаннатга кирмайди", дейишади. Бу уларнинг хом хаёлларидир. (Эй Муҳаммад): "Агар ростгўй бўлсанглар, ҳужжатингизни келтиринглар", денг.

Ислом дини эътиқод борасида ҳамма нарсани тасдиқлайверадиган, далил-ҳужжатларсиз ишонаверадиган хурофотчиларни ҳам, ҳис ортидаги барча нарсани инкор этадиган, фитрат овозига, ақл нидосига ва мўъжиза даъватига қулоқ солмайдиган моддапарастларни баравар рад этади. Ислом чин имонга, асл эътиқодга чақиради, лекин қатъий далил ёки ишончли ҳужжат бўлсагина. У бундан бошқасини рад этади ва хурофот деб ҳисоблайди. "Агар ростгўй бўлсанглар, ҳужжат келтиринглар" Исломнинг шиоридир. Ислом қалблардаги фитрат овозини бўғиб, бошлардаги ақл мантиғини тан олмай илоҳни инкор этган динсизларни ҳам, "илоҳ"ларининг саноғи бўлмаган, ҳатто қўй-сигирларга сиғинадиган, санаму тошларга ибодат этадиган бутпарастларни баравар қоралайди. Ислом шериксиз, туғмаган ва туғилмаган, ягона Илоҳга имон келтиришга чақиради...
➡️ДАВОМИНИ ЎҚИШ

@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar
#ТАФСИРИ_ИРФОН #БИРИНЧИ_ЖУЗ
2. БАҚАРА СУРАСИ, 113 ОЯТ

وَقَالَتِ ٱلۡيَهُودُ لَيۡسَتِ ٱلنَّصَٰرَىٰ عَلَىٰ شَيۡءٖ وَقَالَتِ ٱلنَّصَٰرَىٰ لَيۡسَتِ ٱلۡيَهُودُ عَلَىٰ شَيۡءٖ وَهُمۡ يَتۡلُونَ ٱلۡكِتَٰبَۗ كَذَٰلِكَ قَالَ ٱلَّذِينَ لَا يَعۡلَمُونَ مِثۡلَ قَوۡلِهِمۡۚ فَٱللَّهُ يَحۡكُمُ بَيۡنَهُمۡ يَوۡمَ ٱلۡقِيَٰمَةِ فِيمَا كَانُواْ فِيهِ يَخۡتَلِفُونَ١١٣

113. Яҳудийлар: "Насронийлар тўғри йўлда эмаслар", дейишади. Насронийлар эса: "Яҳудийлар ҳақ йўлда эмаслар", дейишади. Ҳолбуки улар Китоб ўқишади. Шунингдек, илмсизлар ҳам уларнинг гапини қайтаришади. қиёмат куни улар ўртасидаги тортишувни Аллоҳ ажрим қилади.

Ислом динининг асосий хусусиятларидан бири ўрталик, бошқача таъбир билан айтганда, мўътадиллик, мувозаналикдир. Чунки йўлнинг ўртасида бўлиш, ўнгга ҳам, сўлга ҳам оғишмай, Қуръон таъбири билан айтганда, "мустақим йўл"да бўлиш асл мусулмонликдир. Бу "мустақим йўл"нинг икки томонида жуда кўп масалаларда ифрот (ҳаддан ошиш) ва тафритга (сусткашликка) йўл қўйган яҳудий ва насронийлар турибди. Демак, буларнинг ўртасида бўлиш тўғри йўлда бўлишдир. "Илмсизлар" Макка мушрикларидир, улар Иброҳим алайҳиссалом динида бўлганлари ҳолда жоҳиллик туфайли йўлдан озиб, бутларга чўқиниб кетишди. Бу ояти карима Мадина яҳудийлари ва Нажрон насронийлари ҳақида тушган. Нажрон элчилари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келганида яҳудий роҳиблари ҳам келишди ва улар ўзаро мунозара қилиб кетишди, ҳатто овозлари баландлади. Яҳудийлар: "Сизлар ҳеч қандай динда эмассизлар!" дея Исо алайҳиссалом ва Инжилга куфр келтиришди. Насронийлар эса: "Сизлар ҳеч қандай динда эмассизлар!" дея Мусо алайҳиссалом ва Тавротга куфр келтиришди. Шунда Аллоҳ юқоридаги оятни нозил қилди. Улар ўртасидаги тортишувни эса қиёмат куни Аллоҳ таолонинг Ўзи ажрим қилиб беради. Ҳакимлардан бири бундай деган: "Мен икки кишига ачинганимчалик бошқа ҳеч кимга ачинмаганман: илмни тушунмасдан туриб ўрганган кишига ва илмнинг муҳимлигини тушуниб, уни ўрганмаган кишига". Илмсиз кишилар ҳам ана шу яҳудий ва насронийлар каби тўғри йўлни топа олмай, адашиб кетаверишади.

@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar
#ТАФСИРИ_ИРФОН #БИРИНЧИ_ЖУЗ
2. БАҚАРА СУРАСИ, 114–115 ОЯТЛАР

وَمَنۡ أَظۡلَمُ مِمَّن مَّنَعَ مَسَٰجِدَ ٱللَّهِ أَن يُذۡكَرَ فِيهَا ٱسۡمُهُۥ وَسَعَىٰ فِي خَرَابِهَآۚ أُوْلَٰٓئِكَ مَا كَانَ لَهُمۡ أَن يَدۡخُلُوهَآ إِلَّا خَآئِفِينَۚ لَهُمۡ فِي ٱلدُّنۡيَا خِزۡيٞ وَلَهُمۡ فِي ٱلۡأٓخِرَةِ عَذَابٌ عَظِيمٞ١١٤

114. Аллоҳнинг масжидларида Унинг номи зикр қилинишидан қайтарадиган ва уларни хароб қилишга уринадиганлардан ҳам золимроғи борми? Бундайлар фақат қўрққан ҳолларидагина масжидларга киришлари керак эди. Уларга дунёда шармандалик, охиратда қаттиқ азоб бордир.

Насронийлар жангда яҳудийлар устидан ғолиб чиққанларида улардан ўч олиш учун ибодатхоналарини бузиб ташлашди. Инсонларга ўчакишиб, Аллоҳ таоло учун бино қилинган масжидларни бузиш ё одамларни масжиддаги ибодатлардан ман этиш жуда катта золимликдир. Калбийнинг ривоят қилишича, бу оят насроний Тотлис Румий ва сафдошлари ҳақида нозил бўлган. Улар Бани Исроил устига юриш қилиб, жангчиларини ўлдиришди, зурриётларини асир олишди, Тавротни ёқишди, Байтул-Мақдисни хароб этиб, у ерга ўликларни ташлашди. Қатода айтади: "Бу кимса Бухтунасир ва унинг шериклари эди. У яҳудларга қарши уруш очиб, Байтул-Мақдисни харобага айлантирди. Бу ишда унга Рум насоролари ёрдам беришди". Ато ривоятида Абдуллоҳ ибн Абоос бундай деган: "Бу оят Макка мушриклари ҳақида бўлиб, мусулмонларни Масжидул-Ҳаромда Аллоҳ таолони зикр этишдан тўсганлари хусусида нозил бўлгандир".

Мана шу воқеалардан кейин 1187 йили мусулмонлар қўшини Қуддуси шарифни эгаллаш учун ҳужум бошлаганида қўшин бошида Ислом тарихида энг ёрқин из қолдирган мусулмон саркардалардан бири Салоҳиддин турган эди. Ислом қўшинларига зафар ёр бўлганида эса улар Қуддуси шарифга “Аллоҳу акбар” такбирлари остида кириб келишди. Муқаддас шаҳар яна мусулмонлар қўлига ўтди. Ушбу воқеаларнинг ўзиёқ Салоҳиддиннинг номини “Қуддуси шариф халоскори” сифатида тарих саҳифаларига ёзиб қўйиш учун кифоя эди. Бироқ уни машҳур қилган нарса бугина эмас эди, балки шаҳарнинг насроний аҳолисига кўрсатган муносабатлари уни афсонага айлантирди. Салоҳиддин саксон саккиз йил олдин насронийларнинг мусулмонлар ва яҳудийларнинг қонини дарё қилиб оқизгани каби Қуддуси шариф кўчаларини қонга ботирмоқчи эмас эди. Бунинг ўрнига музаффар мусулмон аскарлари зудлик билан шаҳарни босиб кетган нажас ва нопокликлардан тозалашга тушишди. Буюк Ислом саркардаси қасосни тақиқлади, бунинг шарофати билан юз мингдан ошиқ насронийнинг ҳаёти сақлаб қолинди. Муқаддас шаҳардаги насронийларнинг муқаддас ибодатхоналарини зиёрат қилишга рухсат бериб қўйилди. Ҳолбуки, салибчилар шаҳарни босиб олганидан кейин мусулмон ва яҳудийларнинг шаҳарга киришини тақиқлаб қўйган эди. Тарих ҳанузгача Салоҳиддиннинг буюк одамийлиги, бағрикенглиги, ўзга дин вакилларига меҳр-шафқати борасида таажжуб ва ҳайратда қолиб келяпти. Ваҳоланки, салибчилар мусулмонлар ва яҳудийларни аёвсиз қатлиом қилгани ҳолда нега Салоҳиддин етакчилигидаги мусулмон аскарлар бирор кишидан қасос олмади, бировнинг қонини ноҳақ тўкмади? Бу саволга Салоҳиддин Айюбийнинг Қуддусдаги оламшумул ишлари энг яхши жавоб бўла олади...
➡️ДАВОМИНИ ЎҚИШ

@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar
#ТАФСИРИ_ИРФОН #БИРИНЧИ_ЖУЗ
2. БАҚАРА СУРАСИ, 116–119 ОЯТЛАР

وَقَالُواْ ٱتَّخَذَ ٱللَّهُ وَلَدٗاۗ سُبۡحَٰنَهُۥۖ بَل لَّهُۥ مَا فِي ٱلسَّمَٰوَٰتِ وَٱلۡأَرۡضِۖ كُلّٞ لَّهُۥ قَٰنِتُونَ١١٦

116. "Аллоҳнинг фарзанди бор", дейишади. Аллоҳ бундан покдир! Осмонлару Ердаги ҳамма нарса Унинг мулкидир, ҳамма Унга бўйсунувчидир.

Яҳудийлар "Узайр – Аллоҳнинг ўғли", дейишди. Насронийлар эса: "Исо Масиҳ – Аллоҳнинг ўғли", дейишди. Араб мушриклари: "Фаришталар Аллоҳнинг қизларидир", дейишди. Аллоҳ таоло ана шундай адашганлар ҳақида юқоридаги оятни нозил қилди. Аллоҳ таоло туғмаган, туғдирмаган ва туғилмагандир, У бундай айбу нуқсонлардан покдир! Осмонлару Ердаги, улар орасидаги ҳамма нарсани Ўзи яратган, ҳамма нарса Унинг Ўзиники, борлиқ ва коинотдаги ҳамма нарса Унга бўйсунади. Шундай бўлгач, Унинг ҳеч қандай фарзандга эҳтиёжи йўқ! Аллоҳ таолога фарзанд нисбат берувчилар фақат қаттиқ адашишади. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: "Аллоҳ таоло бундай дейди: "Одам боласи Менга туҳмат қилди, у бундай қилмаслиги лозим эди. (Одам боласи) Мени ҳақорат қилди, у бундай қилмаслиги лозим эди. Аммо Менга туҳмат қилгани хусусига келсак, у илгариги ҳолимга қайтара олмайди, деб таъкидлайди. Аммо Мени ҳақорат қилгани хусусига келсак, "Аллоҳ таолонинг боласи бор, У Ўзига жуфт ва бола қила олади", дейди" (Бухорий ривояти)...
➡️ДАВОМИНИ ЎҚИШ

@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar
#ТАФСИРИ_ИРФОН #БИРИНЧИ_ЖУЗ
2. БАҚАРА СУРАСИ, 120–121 ОЯТЛАР

وَلَن تَرۡضَىٰ عَنكَ ٱلۡيَهُودُ وَلَا ٱلنَّصَٰرَىٰ حَتَّىٰ تَتَّبِعَ مِلَّتَهُمۡۗ قُلۡ إِنَّ هُدَى ٱللَّهِ هُوَ ٱلۡهُدَىٰۗ وَلَئِنِ ٱتَّبَعۡتَ أَهۡوَآءَهُم بَعۡدَ ٱلَّذِي جَآءَكَ مِنَ ٱلۡعِلۡمِ مَا لَكَ مِنَ ٱللَّهِ مِن وَلِيّٖ وَلَا نَصِيرٍ١٢٠

120. Яҳудийлар ва насронийлар динларига кирмагунингизча асло сиздан рози бўлишмайди. "Аллоҳнинг йўлигина ҳақиқийдир!", денг. Қасамки, агар сизга ҳужжат келганидан кейин ҳам уларнинг хоҳишларига кўнсангиз, Аллоҳ тарафидан дўст ҳам, ёрдам берувчи ҳам бўлмайди.

Яъни, эй Пайғамбар, сиз яҳудий ва насронийларнинг динингизга осонгина киришларидан умид қилманг, аксинча уларнинг динига кирмагунингизгача асло сиздан рози бўлишмайди. Бордию уларнинг хоҳишларига кўнгудай бўлсангиз, Аллоҳ ўз ҳолингизга ташлаб қўяди, сизга ҳеч қандай ёрдам бермайди. Муфассирлар бундай дейишади: “Яҳудий ва насронийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан яраш-сулҳ битими тузишни сўрашди. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улар билан муроса қилиб муҳлат берсалар, у кишига эргашишларини, кўрсатмаларига мувофиқ яшашларини билдиришди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо бундай дейди: "Бу оят қибла ҳақидадир. Мадина яҳудийлари ва Нажрон насоролари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уларнинг қибласига қараб намоз ўқишларидан фахрланишарди. Аллоҳ қиблани Каъба тарафга ўзгартиргач, бу уларга оғир ботди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари бирор нарсада бўлсин, динларига мос келишидан умид узишди. Шунда Аллоҳ мазкур оятни нозил қилди"...
➡️ДАВОМИНИ ЎҚИШ

@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar
#ТАФСИРИ_ИРФОН #БИРИНЧИ_ЖУЗ
2. БАҚАРА СУРАСИ, 122–123 ОЯТЛАР

يَٰبَنِيٓ إِسۡرَٰٓءِيلَ ٱذۡكُرُواْ نِعۡمَتِيَ ٱلَّتِيٓ أَنۡعَمۡتُ عَلَيۡكُمۡ وَأَنِّي فَضَّلۡتُكُمۡ عَلَى ٱلۡعَٰلَمِينَ١٢٢

122. Эй Бани Исроил, сизларга инъом қилган неъматларимни ва сизларни оламлар узра афзал қилиб қўйганимни эсланглар.

Ушбу суранинг 47-оятида ҳам Аллоҳ таоло Бани Исроилга шу сўзлар билан хитоб қилган эди. Энди яна мазкур хитоб такрорланмоқда. Дарҳақиқат, Аллоҳ таолонинг Исроил авлодларига кўрсатган марҳамати, ато этган неъматлари ва яхшиликларининг чеки-чегараси йўқ. Аллоҳ бу қавмни барча оламлар узра фазилатли қилиб қўйди, уларга имон, илм, солиҳ амаллар каби сифатларни ато этди, улардан пайғамбарлар, одил подшоҳлар чиқарди, осмондан турли неъматлар, ширинликлар туширди. Мусо алайҳиссалом даврида уларнинг аждодлари замонасининг энг азиз, мукаррам кишилари бўлди, Парвардигор уларни Фиръавн ва унинг аъёнлари зулмидан халос қилди, уларнинг жуда кўп осийликларини кечирди, гуноҳ ва жиноятларини авф этиб, устларига тоғни қулатмади. Аллоҳ таоло Фиръавн ва унинг аскарларини ғарқ этиб, Бани Исроилни душманнинг зулми, жабр-ситамларидан озод қилди ҳамда уларга берилган барча маънавий ва моддий неъматларини эслатди. Ана шу неъматларнинг биринчиси, уни ортидан таъқиб қилиб келаётган душманлари Фиръавннинг лашкарларини кўз ўнгиларида сувга чўктириб юборди, уларнинг зулмидан қутқариб, нажот берди. Иккинчиси, улар билан Тур тоғининг ўнг томонида ваъдалашди. Яъни уларни ҳидоятга бошловчи, ҳолларини ислоҳ қилувчи Китоб – Тавротни бериш учун пайғамбари Мусо билан ўша муқаддас маконда ваъдалашди. Миср билан Фаластиннинг ўртасида жойлашган Тур тоғининг ўнг томонида Мусо алайҳиссалом билан мулоқот бўлиши, диний ишларга аҳамият берилиши, Аллоҳнинг у зот билан роз айтиши ва Таврот нозил қилиниши Бани Исроил учун катта неъмат эди. Учинчи неъмат уларга осмондан “манна” деган ширинлик ва “салво”, яъни пишган бедана гўштини туширди. Аллоҳ таоло уларга яна бир қанча бошқа неъматларни ҳам ато этган...
➡️ДАВОМИНИ ЎҚИШ

@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar
#ТАФСИРИ_ИРФОН #БИРИНЧИ_ЖУЗ
2, БАҚАРА СУРАСИ, 124–129 ОЯТЛАР

۞وَإِذِ ٱبۡتَلَىٰٓ إِبۡرَٰهِ‍ۧمَ رَبُّهُۥ بِكَلِمَٰتٖ فَأَتَمَّهُنَّۖ قَالَ إِنِّي جَاعِلُكَ لِلنَّاسِ إِمَامٗاۖ قَالَ وَمِن ذُرِّيَّتِيۖ قَالَ لَا يَنَالُ عَهۡدِي ٱلظَّٰلِمِينَ١٢٤

124. Эсланг, Парвардигори Иброҳимни бир неча сўзлар билан синаганида, уларни бажо қилди. Шунда У: "Сени одамларга йўлбошчи қиламан", деди. "Зурриётимдан ҳамми?" деди у. Аллоҳ: "Менинг аҳдим золимларга тааллуқли эмас!" деди.

Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломни тўрт нарсада имтиҳон қилган.

Аввало тавҳидда: Аллоҳ таолони яккаю ягона деб эътиқод қилганлари учун ўтга ташландилар.

Иккинчиси, мақсадлари йўлида ватандан, яқинлари ва қариндош-уруғларидан жудо бўлиб, хорижга чиқиб кетдилар.

Учинчиси, маъсум гўдаклари ва покдомон хотинларини Аллоҳ таоло паноҳига топшириб, дин тарқатишга жўнадилар. Тўртинчиси, кўзларининг нури бўлган суюкли ўғиллари Исмоилни Аллоҳ таоло ризоси учун ўз қўллари билан сўймоқчи бўлдилар. Мана шу имтиҳонларнинг барчасидан яхши ўтиб, Парвардигорларини хушнуд этдилар. Шунинг учун Аллоҳ таоло бу зотга барча одамларга имомлик-йўлбошчилик мартабасини берди.

Иброҳим алайҳиссалом йўлида бўлган зурриётларига ҳам шундай пешволик насиб қилади. Абдуллоҳ ибн Аббоснинг (розияллоҳу анҳумо) фикрларича, бу калимотлар Иброҳим алайҳиссаломнинг пешво қилинишлари; у зотнинг ўғиллари Исмоил билан Каъба биносини қуришлари, Ҳаж маносиклари; Мақоми Иброҳим; Маккада яшовчилар ризқларининг баракотли қилиниши; у кишининг зурриётларига Муҳаммад алайҳиссалом пайғамбар этиб юборилишлари тўғрисидаги оятлардир. Аллоҳнинг "Менинг аҳдим золимларга тааллуқли эмас" деган калимаси Иброҳим алайҳиссаломнинг келажакдаги ҳақ йўлдан адашиб, куфр ва бузғунчиликларга мубтало бўлган зурриётларига қаратилгандир. Яъни, Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга айтди: Мен талабингни ижобат қиламан, аммо бу фақат сенинг наслингдан бўлган солиҳ кишиларга тегишли, улар пешво бўлишади, лекин улардан ким золим бўлса, улар пешволикка лойиқ эмаслар...
➡️ДАВОМИНИ ЎҚИШ

@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar
#ТАФСИРИ_ИРФОН #БИРИНЧИ_ЖУЗ
2. БАҚАРА СУРАСИ, 130–138 ОЯТЛАР

وَمَن يَرۡغَبُ عَن مِّلَّةِ إِبۡرَٰهِ‍ۧمَ إِلَّا مَن سَفِهَ نَفۡسَهُۥۚ وَلَقَدِ ٱصۡطَفَيۡنَٰهُ فِي ٱلدُّنۡيَاۖ وَإِنَّهُۥ فِي ٱلۡأٓخِرَةِ لَمِنَ ٱلصَّٰلِحِينَ١٣٠

130. Иброҳимнинг динидан ўз қадрини билмайдиган енгилтакларгина юз ўгирадилар. Биз дунёда Иброҳимни танлаб олганмиз, охиратда ҳам у солиҳлардан бўлур.

Яъни, Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломни Ўзининг ҳақ динига, тавҳидга даъват этиши учун танлаб олган. "Улул азм" пайғамбар, Аллоҳнинг дўсти бўлмиш Иброҳим алайҳиссалом айримлар даъво қилаётганидай йўлдан адашмаган, ҳидоят йўлида мустақим борувчидир ва у охиратда солиҳлигича қолади. Бу сўзлар Аллоҳ таоло томонидан Иброҳим алайҳиссаломга бўлган мақтовдир. У кишига Аллоҳнинг Ўзи ваҳий орқали: "Сени Ўзимга дўст тутганимнинг сабаби олишни эмас, беришни яхши кўришинг ва одамлардан ҳеч нарсани тамаъ қилмаслигингдир", деган. Қуръони каримнинг бошқа бир сурасида зикр этилишича, Иброҳим алайҳиссалом бундай деганлар: "Мен Ҳақ йўлга мойил ҳолимда юзимни осмонлар ва Ерни яратган Зотга қаратдим ҳамда мен мушриклардан эмасман" (Анъом, 79). Ҳеч ким ҳазрати Иброҳимнинг ҳаниф динини ёмон кўриб, ундан юз ўгирмаслиги керак, Аллоҳга ширк келтирмаслиги лозим. Ким ўз нафсига зулм қилса, ўз қадрини билмайдиган нодонлардан саналса, ҳидоят йўлидан адашиб, залолатга кетса, бу диндан юз ўгирган бўлади...
➡️ДАВОМИНИ ЎҚИШ

@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar
#ТАФСИРИ_ИРФОН #БИРИНЧИ_ЖУЗ
2. БАҚАРА СУРАСИ, 139–141 ОЯТЛАР

قُلۡ أَتُحَآجُّونَنَا فِي ٱللَّهِ وَهُوَ رَبُّنَا وَرَبُّكُمۡ وَلَنَآ أَعۡمَٰلُنَا وَلَكُمۡ أَعۡمَٰلُكُمۡ وَنَحۡنُ لَهُۥ مُخۡلِصُونَ١٣٩

139. (Эй Муҳаммад), уларга: "Биз билан Аллоҳ хусусида тортишасизларми, ҳолбуки У бизнинг ҳам, сизларнинг ҳам Парвардигорингиздир. Бизнинг амалимиз ўзимизга, сизларники ҳам ўзингизга ва биз Унга ихлослимиз", денг.

Яъни, эй Пайғамбарим, яҳудий ва насронийларга айтингки, бизлар билан Аллоҳ хусусида бефойда тортишув-баҳслашишларга бориб ўтирманглар, ахир Аллоҳ азза ва жалла яҳудийларнинг ҳам, насронийларнинг ҳам, мусулмонларнинг ҳам Парвардигоридир. Сизлар ўзларингизга мақбул амалларингизни қилинглар, биз ўзимизга буюрилганини қиламиз. Фақат мусулмонлар Аллоҳга чин ихлослари билан ажралиб туришади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат этади: “(Эй Муҳаммад), айтинг: «Эй кофирлар, мен сизлар ибодат қилаётган нарсаларга ибодат қилмайман; сизлар ҳам мен ибодат қилаётганга ибодат қилмайсизлар. Мен сизлар ибодат қилаётганга ибодат қилувчи эмасман; сизлар ҳам мен ибодат қилаётганга ибодат қилувчи эмассизлар. Сизларнинг динингиз – ўзингизга, менинг диним – ўзимга» (Кафирун, 1-6). Яъни, сизларнинг куфр ва ширкингиз ўзингизга бўлаверсин, менинг диним ўзимгадир. Менинг диним тавҳид, ихлос, ва бўйсуниш динидир, сизларники эса кўпхудоликдир. Мен асло бутпарастлик йўлини танламайман, сизларга эса ҳақ дин томонга ўтишга кибр, ғурур ва жоҳилликларингиз йўл бермаяпти. Аллоҳ таоло Кафирун сурасини туширганида эрталаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Масжидул-Ҳаромга бордилар. У ерда бир гуруҳ қурайшликлар турган эди. Пайғамбар алайҳиссалом уларга бу сурани охиригача ўқиб бердилар. Буни эшитгач, улар Расулуллоҳдан бутунлай умидларини узишди...
➡️ДАВОМИНИ ЎҚИШ

@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar