Muslim.uz
92K subscribers
18.3K photos
5.09K videos
114 files
16.7K links
O'zbekiston musulmonlari idorasi
muslim.uz portali.

🔹Murojaat uchun:
@MuslimUzAdmin2Bot

🔹Diniy savollar uchun:
@SavollarMuslimUzBot | https://savollar.muslim.uz/

🔹Batafsil:
https://telegra.ph/MUSLIMUZ-06-19
Download Telegram
#ТАФСИРИ_ИРФОН #БИРИНЧИ_ЖУЗ
2. БАҚАРА (сигир) сураси, 76–77 ОЯТЛАР

وَإِذَا لَقُواْ ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ قَالُوٓاْ ءَامَنَّا وَإِذَا خَلَا بَعۡضُهُمۡ إِلَىٰ بَعۡضٖ قَالُوٓاْ أَتُحَدِّثُونَهُم بِمَا فَتَحَ ٱللَّهُ عَلَيۡكُمۡ لِيُحَآجُّوكُم بِهِۦ عِندَ رَبِّكُمۡۚ أَفَلَا تَعۡقِلُونَ٧٦

Ва мўминлар билан учрашиб қолишса: "Имон келтирдик" дейишарди. Ўзлари холи қолишганда эса: "Улар Парвардигорингиз ҳузурида ҳужжат талашишлари учун Аллоҳ сизларга очган нарса ҳақида уларга гапиряпсизларми, ақлни ишлатмайсизларми?" дейишар эди.

Яҳудийлардан баъзи мунофиқлар ўз Китобларида келтирилган Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом тавсифларини мусулмонларга хушомад тариқасида баён қилиб беришарди. Бошқа яҳудийлар бундан хавотирга тушиб: "Китобингиздаги далил-исботларни нега мусулмонларга билдиряпсиз, улар воситасида мусулмонлар сизларни мағлуб қилишади-ку!", дея ўша мунофиқларга эътироз билдиришар эди. Мунофиқ яҳудийлардан бўладими, мусулмонлардан бўладими, уларнинг дилидаги нифоқ бир хил бўлади, устлари бир нарсани гапиришса, ичларида бошқа нарсани диллаб турган бўлишади. Бу очиқ-ойдин иккиюзламачиликдир, мунофиқлар асло ишончга сазовор бўлмасликлари белгисидир...
➡️ДАВОМИНИ ЎҚИШ

@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar
#ТАФСИРИ_ИРФОН #БИРИНЧИ_ЖУЗ
2. БАҚАРА (сигир) СУРАСИ, 78–79 ОЯТЛАР

وَمِنۡهُمۡ أُمِّيُّونَ لَا يَعۡلَمُونَ ٱلۡكِتَٰبَ إِلَّآ أَمَانِيَّ وَإِنۡ هُمۡ إِلَّا يَظُنُّونَ٧٨

8. Улар орасида саводсиз, Китобдан бехабар, фақат ёлғон орзуларга берилиб, гумон қиладиганлари бор.

Бани Исроил қавми ичида ўқиш ва ёзишни билмайдиган ғирт омилар ҳам бор эди. Улар ҳаёлий орзулар ва шубҳа-гумонларга ғарқ ҳолда ҳаёт кечиришарди. Инсонлар жамиятида жоҳилликдан ҳам хатарлироқ иллат бўлиши мумкинми? Жоҳил кимса бошқалар нима деса, ҳақиқат ўрнида қабул қилаверади, ҳар кимга ҳам эргашиб кетаверади, ўйлаб топилган сохта таълимотларни чин эътиқод сифатида қабул қилаверади. Бундай жоҳил кимсалар яҳудийлар орасида ҳам, насронийлар ичида ҳам, мусулмонлар орасида ҳам бўлган ва ҳозирда ҳам омилиги, диндан бехабарлиги, жоҳиллиги туфайли дин душманларининг қўғирчоқларига, ноғорасига ўйновчиларига айланган кимсаларнинг борлиги ҳам ҳеч кимга сир эмас.

فَوَيۡلٞ لِّلَّذِينَ يَكۡتُبُونَ ٱلۡكِتَٰبَ بِأَيۡدِيهِمۡ ثُمَّ يَقُولُونَ هَٰذَا مِنۡ عِندِ ٱللَّهِ لِيَشۡتَرُواْ بِهِۦ ثَمَنٗا قَلِيلٗاۖ فَوَيۡلٞ لَّهُم مِّمَّا كَتَبَتۡ أَيۡدِيهِمۡ وَوَيۡلٞ لَّهُم مِّمَّا يَكۡسِبُونَ٧٩

9. Ўз қўллари билан китоб ёзиб, сўнг бир оз қийматини ошириш учун уни "Бу Аллоҳ ҳузуридандир" дейдиганларга ҳалокат бўлсин! Уларга ёзганлари сабабидан ҳалокат бўлсин, топган фойдалари сабабидан ҳалокат бўлсин!

Ушбу оят ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифат ва хусусиятларини ўзгартирганлар ҳақида тушган. Калбий айтади: "Яҳудийлар ўз китобларидаги Пайғамбар алайҳиссаломнинг сифатларини ўзгартириб юборишди: у зотни қорароқ, узун бўйли, сочлари силлиқ, дея таърифлашди. Аслида эса, Пайғамбар алайҳиссалом буғдойранг, ўрта бўйли бўлганлар. Улар ўз эргашувчиларига: "Охирзамонда чиқадиган пайғамбарнинг сифатини кўринглар, булар манави кишининг (яъни, Муҳаммад алайҳиссалом) сифатларига ўхшамайди-ку!" дейишарди. Яҳудийларнинг олим ва роҳиблари қавмдошлари ҳисобига тирикчилик қилишарди (яъни, ҳар хил маросим ва урф-одатлар баҳонасида садақа, эҳсон ва бошқа моддий ва маънавий нарсалар олишарди). Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатларини аниқ баён қилишса, ҳамманинг у зотга эргашиб кетишидан ва ўзлари оладиган садақа-эҳсонларидан қуруқ қолишларидан қўрқишарди".

@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar
#ТАФСИРИ_ИРФОН #БИРИНЧИ_ЖУЗ
2. БАҚАРА (сигир) СУРАСИ, 80–82 ОЯТЛАР

وَقَالُواْ لَن تَمَسَّنَا ٱلنَّارُ إِلَّآ أَيَّامٗا مَّعۡدُودَةٗۚ قُلۡ أَتَّخَذۡتُمۡ عِندَ ٱللَّهِ عَهۡدٗا فَلَن يُخۡلِفَ ٱللَّهُ عَهۡدَهُۥٓۖ أَمۡ تَقُولُونَ عَلَى ٱللَّهِ مَا لَا تَعۡلَمُونَ٨٠

(Яҳудийлар): "Бизни жаҳаннам ўти бир неча кунгина тегади, холос", дейишади. (Эй Муҳаммад): "Аллоҳ аҳдини бузмайди, деб Аллоҳдан аҳд олганмисизлар ёки билмаган нарсаларингизни Аллоҳ номидан сўзлаяпсизларми?!" денг.

Исломнинг илк давридаги яҳудийлар: "Бизлар бир неча кунгина дўзахда азобланамиз, кейин Аллоҳ бизларни жазоламайди" деб сафсата сотишарди. Аллоҳ Ўз Пайғамбарига туширган ваҳийи орқали уларнинг бу ёлғон иддаоларини рад этяпти. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо шундай дейди: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида яҳудийлар: "Бу дунёнинг муддати етти минг йилдир, Аллоҳ инсонларни дўзахда дунё кунларининг ҳар минг йилига охират кунининг бир куни билан азоблайди, демак, етти кунгина жазолайди, сўнг тўхтатилади", дейишар эди. Шунда Аллоҳ юқоридаги оятни нозил қилди" (Икрима ва Саид ибн Жувайрдан Ибн Исҳоқ ривояти). Заҳҳокнинг ривоятида эса Ибн Аббоснинг бундай дегани келтирилади: "Аҳли китоблар дўзахнинг икки тарафи ораси қирқ (йил, кун, ойлиги аниқ бўлмаган) масофа эканини топишди ва: "Биз дўзахда Тавротда топганимизча (яъни, қирқ йил ё кун ё ой) азобланамиз", дейишди" (Найсобурий. "Асбабун-нузул", 18-бет)...
➡️ДАВОМИНИ ЎҚИШ

@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar
#ТАФСИРИ_ИРФОН #БИРИНЧИ_ЖУЗ
2. БАҚАРА (сигир) СУРАСИ, 83–86 ОЯТЛАР

وَإِذۡ أَخَذۡنَا مِيثَٰقَ بَنِيٓ إِسۡرَٰٓءِيلَ لَا تَعۡبُدُونَ إِلَّا ٱللَّهَ وَبِٱلۡوَٰلِدَيۡنِ إِحۡسَانٗا وَذِي ٱلۡقُرۡبَىٰ وَٱلۡيَتَٰمَىٰ وَٱلۡمَسَٰكِينِ وَقُولُواْ لِلنَّاسِ حُسۡنٗا وَأَقِيمُواْ ٱلصَّلَوٰةَ وَءَاتُواْ ٱلزَّكَوٰةَ ثُمَّ تَوَلَّيۡتُمۡ إِلَّا قَلِيلٗا مِّنكُمۡ وَأَنتُم مُّعۡرِضُونَ٨٣

83. Бани Исроилдан: "Фақат Аллоҳга сиғинасизлар, ота-онага, қариндошларга, етим ва мискинларга яхшилик қиласизлар, одамларга ширинсўз бўлинглар, намозни адо этинглар ва закотни беринглар", деб аҳд олган эдик. Кейин озчиликдан бошқаларингиз юз ўгириб кетдинглар.

Аллоҳ таоло Исроил авлодларидан фақат Ўзига сиғиниш, турли тоифадаги кишиларга яхшилик қилиш, намоз ўқиш ва закот бериш юзасидан аҳднома олган эди. Эътибор бераётган бўлсангиз, ояти каримада турли тоифадаги кишиларга яхшилик қилиш Аллоҳга ибодат қилишга тенглаштириляпти. Энг олдин ота-онага яхшилик қилишга буюрилмоқда. Ота-онага яхшилик қилиш уларга чиройли муомала қилиш, улардан малолли гап ўтса, "уфф" демаслик, уларни хафа қиладиган сўз ёки иш қилмаслик, уларга ҳамиша ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиб, яхши сўзларни айтиш, уларга шафқат кўрсатиб, ўзини камтар тутиш, ҳожатлари бўлса, дарров адо этиш, муҳтож бўлишмаса ҳам ҳадялар бериб туриш, Аллоҳдан уларга раҳмат тилаб дуода бўлиш билан амалга оширилади. Ота-онадан кейин қариндошларга, яъни ака-ука, опа-сингил, амма-хола, тоға-амаки ва бошқаларга яхшилик қилинади. Шундан сўнг етимларга яхшилик қилишга буюриляпти, чунки улар боқувчи ва тарбиячиларини йўқотган бўлиб, ёрдамга муҳтождирлар. Агар улар тарбияси ва таълимига сал бепарво бўлинса, ёмон йўлга кириб, жамият осойишталигига зарар етказишади. Мискин ва фақир кишилар ҳам бошқаларнинг ёрдамларига, саховатларига муҳтождирлар. Шунингдек, Аллоҳ таоло узоқдаги қариндошларгаю ён қўшниларга ҳам яхшилик қилишга буюради. Оила аъзоларингиз, яъни аҳли аёлингизга, фарзандларингизга ҳам яхшилик қилиш, чиройли муомала қилиш, ширинсўз бўлиш шартдир. Уларга нафақа қилсангиз, эҳтиёжларини қондирсангиз, гоҳо ҳадя-эҳсонлар қилиб турсангиз, эвазига Аллоҳ азза ва жалладан улкан ажр-савоблар оласиз...
➡️ДАВОМИНИ ЎҚИШ

@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar
#ТАФСИРИ_ИРФОН #БИРИНЧИ_ЖУЗ
2. БАҚАРА (сигир) СУРАСИ, 87–88 ОЯТЛАР

وَلَقَدۡ ءَاتَيۡنَا مُوسَى ٱلۡكِتَٰبَ وَقَفَّيۡنَا مِنۢ بَعۡدِهِۦ بِٱلرُّسُلِۖ وَءَاتَيۡنَا عِيسَى ٱبۡنَ مَرۡيَمَ ٱلۡبَيِّنَٰتِ وَأَيَّدۡنَٰهُ بِرُوحِ ٱلۡقُدُسِۗ أَفَكُلَّمَا جَآءَكُمۡ رَسُولُۢ بِمَا لَا تَهۡوَىٰٓ أَنفُسُكُمُ ٱسۡتَكۡبَرۡتُمۡ فَفَرِيقٗا كَذَّبۡتُمۡ وَفَرِيقٗا تَقۡتُلُونَ٨٧

87. Ҳақиқатан Мусога Китоб бердик ва ортидан пайдар-пай пайғамбарларни юбориб турдик. Исо ибни Марямга очиқ мўъжизаларни бердик ва уни Муқаддас Руҳ билан қўлладик. Қачонгача бир пайғамбар сизларга ёқмайдиган бирор ҳукмни келтирса, кибр қиласизлар, бировини ёлғончига чиқариб, бошқасини ўлдирасизлар?

Одам фарзанди бир хил туғилса, унда нега турли миллат, турли қавм, турли динда бўлиб қолган? Бу тўғрида Аллоҳнинг Ўзи шундай марҳамат қилади: "Эй инсонлар, дарҳақиқат Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишинглар (дўст-биродар бўлишинглар) учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила-элатлар қилиб қўйдик" (Ҳужурот, 13). Яна бир ояти каримада эса: "Одамлар бир миллат эдилар. Сўнг (ораларида келишмовчиликлар пайдо бўлгач) Аллоҳ (мўминларга) хушхабар элтгувчи ва (кофирларни жаҳаннам азобидан) қўрқитувчи пайғамбарларни юборди" (Бақара, 213), деб хабар берилади. Инсоният яратилганидан буён Аллоҳ Ўз пайғамбарлари орқали нозил қилган муқаддас ваҳийи билан кишилик жамиятини тартибга солиб, бошқариб келяпти. Инсонлардан айримлари ана шу даъватга қўшилишди. Баъзилари эса уни инкор қилишди. Мушрикларнинг бутун бир жамияти ичидан фақат озгина киши элчиларга эргашган. Муборак даъват етиб борган халқларнинг асосий кўпчилиги ваҳийлардан юз ўгирди. Бунинг устига бу халқлар Аллоҳ таолога осийлик билангина кифояланиб қолмай, ўзларига юборилган пайғамбарларни, уларга имон келтирган сафдошларини қаттиқ хўрлашди, улар устидан кулишди. Аллоҳнинг элчиларини ҳар гал ёлғончиликда, жоҳилликда, жодугарликда, ақлсизликда, манфаатпарастлик ва худбинликда, қўйингки барча гуноҳ-хатоларда айблашди, ҳатто айримларини қатл ҳам қилишди. Муқаддас Руҳ, деганда Жаброил алайҳиссалом ёки Исми Аъзам тушунилади, Исо алайҳиссалом бунинг баракотидан ўликларни тирилтирар эди...
➡️ДАВОМИНИ ЎҚИШ

@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar
#ТАФСИРИ_ИРФОН #БИРИНЧИ_ЖУЗ
2. БАҚАРА (сигир) СУРАСИ, 89–90 ОЯТЛАР

وَلَمَّا جَآءَهُمۡ كِتَٰبٞ مِّنۡ عِندِ ٱللَّهِ مُصَدِّقٞ لِّمَا مَعَهُمۡ وَكَانُواْ مِن قَبۡلُ يَسۡتَفۡتِحُونَ عَلَى ٱلَّذِينَ كَفَرُواْ فَلَمَّا جَآءَهُم مَّا عَرَفُواْ كَفَرُواْ بِهِۦۚ فَلَعۡنَةُ ٱللَّهِ عَلَى ٱلۡكَٰفِرِينَ٨٩

Қачон уларга Аллоҳ ҳузуридан ўзларидагини тасдиқловчи Китоб келганида олдин шу Китобдан кофирларга қарши ёрдам кутиб юришган эди. Ўзларига таниш нарса келганида эса, уни инкор қилишди. Кофирларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин!

Кофирларга қарши курашда душман ғолиб келгудай бўлса, ёрдам кутган яҳудийлар: "Охирги замон пайғамбари тезроқ келсайди" деб дуо қилишар эди. У зот келганларида эса, ўзлари инкор қилиб, кофирлардан бўлишди. Ибн Исҳоқ Осим ибн Амр ибн Қатоданинг ушбу ривоятини келтиради: "Бизларнинг Исломга киришимизга Аллоҳ раҳмати ва ҳидояти билан бирга сабаб бўлган омиллардан яна бири шу эдики, биз жоҳилият замонида бутларга сиғинувчи жоҳиллардан эдик. Аҳли китобдан бўлмиш яҳудийлар эса, биз билмаган илмлардан хабардор эди. Ўртамизда тез-тез урушлар бўлиб турарди. Агар урушда биз енгсак: "Шошмай туринглар, янги бир пайғамбарнинг чиқиш вақти яқинлашиб қолди, ўша пайғамбар билан сизларни Од ва Эрам қавмларидай ҳалок қиламиз", дейишарди. Бу сўзларни улардан кўп бор эшитгандик. Аллоҳ Ўз Пайғамбарини юборгач, биз унинг даъватини қабул қилиб, яҳудийлар таҳдид қилаётган пайғамбар шу зот эканларини билдик ва яҳудийлардан олдин Пайғамбарга имон келтирдик. Аммо яҳудийларнинг ўзлари Пайғамбарни инкор этиб, кофирлардан бўлишди. Юқоридаги ояти карим айнан ўшалар ҳақида нозил бўлган".

Суддий айтади: "Жоҳилият даврида араблар яҳудийларга кўп азият етказишар эди. Яҳудийлар Тавротда охирзамон пайғамбари сифатларини, Аллоҳ у кишини юборишини ва арабларга (мушрикларга) қарши улар билан жанг қилишини билишарди. Энди арабларга Муҳаммад солллаллоҳу алайҳи ва саллам келганларида ҳасад туфайли кофир бўлишди ва: "Пайғамбарлар Бани Исроилдан бўларди, бу эса Исмоил авлодидан чиқибди (бундай бўлмаслиги керак эди)", дейишди"...
➡️ДАВОМИНИ ЎҚИШ

@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar
#ТАФСИРИ_ИРФОН #БИРИНЧИ_ЖУЗ
2. БАҚАРА (сигир) СУРАСИ, 91–93 ОЯТЛАР

وَإِذَا قِيلَ لَهُمۡ ءَامِنُواْ بِمَآ أَنزَلَ ٱللَّهُ قَالُواْ نُؤۡمِنُ بِمَآ أُنزِلَ عَلَيۡنَا وَيَكۡفُرُونَ بِمَا وَرَآءَهُۥ وَهُوَ ٱلۡحَقُّ مُصَدِّقٗا لِّمَا مَعَهُمۡۗ قُلۡ فَلِمَ تَقۡتُلُونَ أَنۢبِيَآءَ ٱللَّهِ مِن قَبۡلُ إِن كُنتُم مُّؤۡمِنِينَ٩١

91. Агар уларга: "Аллоҳ туширган нарсага имон келтиринглар" дейилса, "Биз ўзимизга туширилган нарсага имон келтирамиз" деб, ўз китобларини тасдиқлаб келган Ҳақ Китобни инкор қилишади. (Эй Муҳаммад): "Агар мўмин бўлсанглар, нега олдин Аллоҳнинг пайғамбарларини ўлдирдинглар?" денг.

Ислом таълимотига кўра, Одам алайҳиссаломдан тортиб охирги пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломгача бўлган барча пайғамбарлар Исломга – ёлғиз Аллоҳга имон келтиришга даъват қилишган, қиёмат кунига ва унда ҳар ким бу дунёдаги амалига яраша мукофот ёки жазо олишига ишонишга чақиришган, инсонларнинг икки дунё саодатига эришишларига сабаб бўладиган шариат аҳкомларини баён қилишган. Чунки Ислом келажак, истиқбол рисолати бўлгани каби олис мозий рисолати ҳамдир. У ўз жавҳарида, эътиқодий ва ахлоқий моҳиятида ўтган барча пайғамбарлар ва нозил қилинган китоблар рисолатидир. Демак, барча пайғамбарлар Ислом билан келишган, тавҳидга чақиришган. Бунга Қуръони каримнинг кўпгина оятлари далолат қилади. Ислом моҳиятига кўра, Нуҳ алайҳиссалом замонларидан то пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломгача келган барча пайғамбарларнинг рисолатидир.

Аммо инсониятнинг жуда оз қисми уларга эргашган. "Фақат қўлимиздаги нарсаларга ёки ота-боболаримиз эътиқодига ишонамиз" дея Аллоҳ таоло ҳузуридан келган ваҳийларга қулоқ солишмади, энг аянчлиси, уларни инкор қилишгача боришди. Гумроҳ ва сўқир инсонлар Аллоҳнинг пайғамбарлари даъватига қулоқ солишмади, ҳатто уларни ёлғончига чиқаришди, ўлдиришгача бориб етишди. Ана шундай саркаш, исёнкор, итоатсиз, ношукр қавмлар бу дунёнинг ўзидаёқ турли балою-офатларга, фалокатларга учраб, Ер юзидан йўқ қилиб юборилди. Қуръони каримда зикри келган пайғамбарларнинг қиссаларида ана шу қавмларнинг фожиаси келтирилган: "(Эй Муҳаммад), агар улар (яъни, Макка мушриклари) сизни ёлғончи қилсалар, улардан илгари Нуҳ қавми, Од, Самуд (қабилалари) ҳам (ўзларига юборилган пайғамбарларни) ёлғончи қилгандирлар. Иброҳимнинг қавми (Иброҳимни), Лут қавми (Лутни), Мадян аҳолиси (Шуайбни ёлғончи қилгандирлар). Мусо ҳам ёлғончига чиқарилди. Мен эса кофир бўлган кимсаларга муҳлат бериб қўйиб, сўнгра уларни (Ўз азобим билан) ушладим. Бас, Менинг инкорим қандай бўлди?!" (Ҳаж, 42-44). Дарҳақиқат, пайғамбарлар тарихига назар солсак, инсонлар ҳамиша исёнда бўлгани, ўзларига даъват ва ваҳий келтирган Аллоҳнинг элчиларига бўйсунишмагани учун охири бу дунёда чексиз азоб-кулфатлар, охиратда эса аламли жаҳаннам қийноқлари кутаётганидан огоҳлантирилган...
➡️ДАВОМИНИ ЎҚИШ

@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar
#ТАФСИРИ_ИРФОН #БИРИНЧИ_ЖУЗ
2. БАҚАРА СУРАСИ, 94–96 ОЯТЛАР

قُلۡ إِن كَانَتۡ لَكُمُ ٱلدَّارُ ٱلۡأٓخِرَةُ عِندَ ٱللَّهِ خَالِصَةٗ مِّن دُونِ ٱلنَّاسِ فَتَمَنَّوُاْ ٱلۡمَوۡتَ إِن كُنتُمۡ صَٰدِقِينَ٩٤

94. Айтинг: "Аллоҳ ҳузуридаги охират диёри бошқалар қолиб ёлғиз сизларники саналса, ростгўй бўлсангизлар, ўзингизга тезроқ ўлим тиланглар".

Ўзи йўқлигида бузоққа сиғиниб, Аллоҳга ширк келтирган нодон қавмга Мусо алайҳиссалом бундай деди: "Эй қавмим, сизлар бузоққа сиғиниш билан ўзларингизга зулм қилдинглар, бу мушриклик албатта жазосиз қолмаслиги керак. Энди бир-бирларингизни ўлдириш билан Яратувчингизга тавба қилинглар. Парвардигор наздида бундай ўлим ўзларингизга яхшироқдир". Бу гапдан кейин бузоққа сиғинмаганлар қўлларига қурол олиб, мушрикларни тиғдан ўтказа бошлади. Бир кечанинг ўзида шу тариқа етмиш минг киши ҳалок бўлди, баъзи ривоятларда эса уч минг киши қатл этилгани айтилади...
➡️ДАВОМИНИ ЎҚИШ

@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar
#ТАФСИРИ_ИРФОН #БИРИНЧИ_ЖУЗ
БАҚАРА СУРАСИ, 97–98 ОЯТЛАР

قُلۡ مَن كَانَ عَدُوّٗا لِّـجِبۡرِيلَ فَإِنَّهُۥ نَزَّلَهُۥ عَلَىٰ قَلۡبِكَ بِإِذۡنِ ٱللَّهِ مُصَدِّقٗا لِّمَا بَيۡنَ يَدَيۡهِ وَهُدٗى وَبُشۡرَىٰ لِلۡمُؤۡمِنِينَ٩٧

97. Жаброилга душман бўлганларга: "Албатта у Аллоҳнинг изни билан қалбингизга ўзидан аввалги Китобларни тасдиқлайдиган, мўминларга ҳидоят ва хушхабар бўлган Қуръонни туширди-ку!", деб айтинг.

Аллоҳ ва Унинг пайғамбарлари, китоблари ва фаришталарига куфр келтираётганларга: "Жаброил алайҳиссаломнинг Аллоҳ изни билан Унинг ҳузуридан олдинги Таврот ва Инжилни тасдиқлайдиган, мўминларга тўғри йўлни кўрсатувчи ва жаннат башоратини берувчи Қуръони каримни сизга туширгани ҳақ", деб айтинг. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: "Яҳудийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бориб шундай дейишди: "Эй Абул Қосим, сендан бир неча нарса ҳақида сўраймиз, агар жавоб берсанг, сенга эргашамиз. Барча пайғамбарларга бир фаришта Парвардигор азза ва жалла ҳузуридан рисолат ва ваҳий олиб келади, айт-чи, сенга қайси фаришта келди?" Фахри коинот: "Жаброил", дедилар. Шунда яҳудийлар: "У уруш ва жангни олиб тушувчи фаришта, у бизнинг душманимиздир. Агар Микоил деганингда сенга эргашардик, у ёмғир ва раҳмат олиб тушувчи фаришта", дейишди. Шунда Аллоҳ таоло юқоридаги ояти каримани нозил қилди.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Абдуллоҳ ибн Салом (мусулмон бўлган яҳудий олимларидан – муаллиф изоҳи) кузги шудгор қилаётиб, жаноб Расулуллоҳ келаётганлари дарагини эшитди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб, унга: "Мен сендан пайғамбарларгина биладиган уч нарса ҳақида сўрайман: қиёматнинг дастлабки аломатлари қандай; жаннат аҳли ейдиган дастлабки таом қайси; нима сабабдан фарзанд отаси ёки онасига тортади?" дедилар. Абдуллоҳ ибн Салом: "Ҳа, биламан, фаришталардан бўлмиш ва яҳудийларга душман ўша зот (яъни, ҳазрати Жаброил) деятуриб: "Жаброилга душман бўлганларга: "Албатта у Аллоҳнинг изни билан ўзидан аввалги китобларни тасдиқлайдиган, мўминларга ҳидоят ва хушхабар бўлган Қуръонни туширган", деб айтинг" ояти каримасини тиловат қилди. Сўнгра у: "Қиёматнинг дастлабки аломати шуки, аланга кўтарилиб, машриқдан мағрибгача бўлган одамларни тўплайди, жаннат аҳлининг дастлабки таоми эса, наҳангнинг жигар ўсимтасидир, фарзанднинг отаси ёки онасига ўхшаши боиси – агар эркак суви аёл сувидан илдамлик қилса, онасига тортади", деди. Кейин у: "Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига, сиз Аллоҳ таолонинг Расули эканингизга гувоҳлик бераман! Эй Расулуллоҳ, яҳудийлар бетайин қавм бўлиб, агар улар менинг Исломга кирганимни улардан мен ҳақимда сўрамасингиздан олдин билишса, мени бадном этишади", деди. Шу пайт яҳудийлар келиб қолишди. Пайғамбар алайҳиссалом улардан: "Абдуллоҳ ораларингизда қандай мавқега эга?" деб сўрадилар. Улар: "Энг яхши одамимизнинг фарзандидир ҳамда у бизнинг улуғимиз ва улуғимизнинг фарзандидир", дейишди. Шунда Расулуллоҳ: "Абдуллоҳ ибн Саломнинг Исломни қабул қилганини биласизларми?" дедилар. Улар: "Аллоҳ таоло уни бу ишдан Ўз паноҳида асрасин", дейишди. Шунда Абдуллоҳ ибн Салом чиқиб келди ва: "Ашҳаду анла илаҳа иллаллоҳу ва анна Муҳаммадар-Расулуллоҳ", деди. Улар: "У бизнинг энг ёмон одамимиз ва энг ёмон одамимизнинг фарзандидир", дейишди. Абдуллоҳ ибн Салом: "Эй Аллоҳнинг Расули, мана шундан чўчиган эдим", деди" (Бухорий ривояти)...
➡️ДАВОМИНИ ЎҚИШ

@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar
#ТАФСИРИ_ИРФОН #БИРИНЧИ_ЖУЗ
2. БАҚАРА СУРАСИ, 99–101 ОЯТЛАР


وَلَقَدۡ أَنزَلۡنَآ إِلَيۡكَ ءَايَٰتِۢ بَيِّنَٰتٖۖ وَمَا يَكۡفُرُ بِهَآ إِلَّا ٱلۡفَٰسِقُونَ٩٩

99. Ҳақиқатан Биз сизга очиқ оятларни туширдик, уларни фақат фосиқларгина инкор этишади.

Фосиқ кимсаларгина бор ҳақиқатни очиқ-ойдин айтиб турган Қуръон оятларини инкор қилишга журъат этишади. Чунки уларнинг буни тан олишдан куфрлари, кибрлари, ҳасадлари тўсиб туради. Шундайлардан бири Мадина яқинидаги Фадақ деган мавзеда яшовчи яҳудий роҳиби Абдуллоҳ ибн Сурия исмли кимса эди. У Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан "Сенга қайси фаришта тушади?" деб сўрайди ва Жаброил номини эшитиб бу улуғ фариштани ёмонлашга тушади. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: "Бу оят Ибн Сурия саволига жавобдир. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: "Эй Муҳаммад, биз биладиган бирор нарсани бизга келтирмадинг, сенга бирор аниқ оят тушганини билсайдик, биз унга эргашсак" деганида Аллоҳ азза ва жалла мазкур оятни нозил қилди"...

➡️ДАВОМИНИ ЎҚИШ

@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar
#ТАФСИРИ_ИРФОН #БИРИНЧИ_ЖУЗ
БАҚАРА СУРАСИ, 102–103 ОЯТЛАР


و
َٱتَّبَعُواْ مَا تَتۡلُواْ ٱلشَّيَٰطِينُ عَلَىٰ مُلۡكِ سُلَيۡمَٰنَۖ وَمَا كَفَرَ سُلَيۡمَٰنُ وَلَٰكِنَّ ٱلشَّيَٰطِينَ كَفَرُواْ يُعَلِّمُونَ ٱلنَّاسَ ٱلسِّحۡرَ وَمَآ أُنزِلَ عَلَى ٱلۡمَلَكَيۡنِ بِبَابِلَ هَٰرُوتَ وَمَٰرُوتَۚ وَمَا يُعَلِّمَانِ مِنۡ أَحَدٍ حَتَّىٰ يَقُولَآ إِنَّمَا نَحۡنُ فِتۡنَةٞ فَلَا تَكۡفُرۡۖ فَيَتَعَلَّمُونَ مِنۡهُمَا مَا يُفَرِّقُونَ بِهِۦ بَيۡنَ ٱلۡمَرۡءِ وَزَوۡجِهِۦۚ وَمَا هُم بِضَآرِّينَ بِهِۦ مِنۡ أَحَدٍ إِلَّا بِإِذۡنِ ٱللَّهِۚ وَيَتَعَلَّمُونَ مَا يَضُرُّهُمۡ وَلَا يَنفَعُهُمۡۚ وَلَقَدۡ عَلِمُواْ لَمَنِ ٱشۡتَرَىٰهُ مَا لَهُۥ فِي ٱلۡأٓخِرَةِ مِنۡ خَلَٰقٖۚ وَلَبِئۡسَ مَا شَرَوۡاْ بِهِۦٓ أَنفُسَهُمۡۚ لَوۡ كَانُواْ يَعۡلَمُونَ١٠٢

102. Ва улар Сулаймон подшоҳлигидаги шайтонлар ўқиган нарсага эргашиб кетишди. Сулаймон кофир бўлмади, лекин одамларга сеҳр ўргатишгани учун шайтонлар кофир бўлишди ҳамда Бобил шаҳрида Ҳорут ва Морут исмли икки фариштага тушган нарсага эргашишди. Ҳолбуки иккови: "Бизлар синовмиз, яна кофир бўлиб қолма" демай туриб ҳеч кимга сеҳр ўргатмас эди. Икковидан эр-хотин орасини бузишни ўрганишарди, ваҳоланки, улар Аллоҳ изнисиз ҳеч кимга зарар етказа олишмайди. Улар ўзларига зарарли ва бефойда нарсани ўрганишади. Ахир уни алмаштирганга охиратда насиба йўқлигини билишади-ку! Насибаларини нақадар ёмон нарсага сотиб юборишганини билишмасмикин?!

Яъни, яҳудийлар ўз динлари ва китобларини бир четга қўйиб, сеҳр ва жоду ўрганишга киришиб кетишди. Уларга сеҳр икки тарафдан маълум бўлган эди: биринчиси – ҳазрати Сулаймон подшоҳлиги замонида инсонлар ва шайтонлар аралашиб юришарди, уни ўша шайтонлардан ўрганишган. "Бу тоифа сеҳрни Сулаймон алайҳиссаломга нисбат берарди. Улар: "Сулаймон алайҳиссалом пайғамбар эмас, балки бир сеҳргардир, шу сеҳр қувватидан инсонлар ва жинларга баробар ҳукмронлик қилади", деб бўҳтон қилишарди. Бунинг зиддига ушбу оят нозил бўлди" (Ибн Исҳоқ зикр қилган, Собунийнинг "Равоиъул баён" тафсири, 1-жуз).

Аллоҳ таоло уларнинг бу гапи беҳудалигини баён қилиб марҳамат этадики, сеҳр Сулаймоннинг иши эмас, чунки у куфрдир, Сулаймон эса кофир эмас. Иккинчи томондан, Бобил аҳолиси Ҳорут ва Морут исмли икки фариштадан сеҳр ўрганган. Аммо улар сеҳр ўрганмоқчи бўлганларни "Биз Аллоҳ томонидан юборилган бир фитна-синовмиз, яна кофир бўлиб қолманглар" деб албатта огоҳлантиришар эди. Шунга рози бўлганларгагина сеҳр ўргатишар эди. Имони заифлар охиратларини дунёга сотишди ва сеҳр орқали кўпчиликка зарарлари тегиб, имондан бебаҳра қолишди. Ҳозирда ҳам аксар сеҳргарлар сеҳрни қабиҳ ниятда, эр-хотинни ажратиш ёки дўстлар орасини бузиш, инсонлар ўртасига душманлик солиш, жамиятда фасод тарқатиш каби ишларда қўллашади. Ким сеҳрни бир инсонга озор ва зарар етказиш учун ишлатса, ҳақ йўлдан адашади, имон гавҳаридан ажрайди, чунки сеҳр киши имонининг синовидир...

➡️ДАВОМИНИ ЎҚИШ

@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar
#ТАФСИРИ_ИРФОН #БИРИНЧИ_ЖУЗ
БАҚАРА СУРАСИ, 104–105 ОЯТЛАР

يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ لَا تَقُولُواْ رَٰعِنَا وَقُولُواْ ٱنظُرۡنَا وَٱسۡمَعُواْۗ وَلِلۡكَٰفِرِينَ عَذَابٌ أَلِيمٞ١٠٤

104. Эй имон келтирганлар, "роина" деманглар, "унзурна" денглар ва яхшилаб тингланглар, кофирлар учун оғир азоблар бордир.

Араб тилида "роина" ва "унзурна" сўзлари маъно жиҳатидан бир-бирига жуда яқин: иккови ҳам "бизларга боқ, қара" маъносини билдиради. Лекин яҳудийлар тилида "роина" сўзининг қўпол маъноси ҳам бор, улар мазкур сўзни қўллашганида ёмон ниятда уни ўша маъносига ўхшатиб талаффуз қилишган. Атонинг ривоят қилишича, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: "Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб: "Эй Муҳаммад, роина" деб кулишарди. Ансорийлардан Саъд ибн Убода яҳудийлар тилини биларди. У киши яҳудларнинг бу найрангини фаҳмлаб қолди ва: "Эй Аллоҳнинг душманлари, сизларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин. Аллоҳга қасамки, агар шу сўзни бирортангиздан эшитсам, ўлдираман", деди. Шунда Аллоҳ шу оятни нозил қилди". Шунинг учун Аллоҳ таоло мусулмонларни Пайғамбар алайҳиссалом билан суҳбатлашаётганда "роина" дейишдан қайтариб, "унзурна" дейишга буюрган...
➡️ДАВОМИНИ ЎҚИШ

@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar