Huquqiy axborot
364K subscribers
6.36K photos
466 videos
22 files
14.2K links
Қонунчиликдаги янгиликлар, ҳуқуқий ислоҳотлар ҳақида тезкор маълумотлар тақдим этувчи канал.

▪️|Лотин алифбосида — @huquqiyaxborot_lotin
▪️|Рус тилида — @pravoinf
▪️|Инглиз тилида — @leginf
▪️|Қорақалпоқ тилида — @huqiqiymalimleme
Download Telegram
#Конституцияни_ўрганамиз

Конституциямизнинг 26-моддаси: “Инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир. Ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмас.

Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши мумкин эмас.

Ҳеч кимда унинг розилигисиз тиббий ва илмий тажрибалар ўтказилиши мумкин эмас”.

Инсон шаъни – бу инсоннинг бошқа одамлар олдида ўз аҳамиятини англаши ёки инсоннинг маънавий обрўсидир.

Инсон қадр-қиммати – бу шахснинг ўзини ўзи ҳурмат қилиши, жамият аъзоси сифатида ўз мавқеи ва аҳамиятини англашидир.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳеч бир шахс қийноққа солиниши ва бошқа ғайриинсоний таъсирларга дучор этилиши мумкин эмаслигини Конституция тақиқламоқда.

Шунга кўра, давлат органлари, мансабдор шахслар, айниқса, суриштирувчи, терговчи, прокурор, судья ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ўз фаолиятида ҳар қандай ҳолатда ҳам инсон шаъни, ор-номуси, ва қадр-қимматига дахл қилмаслиги, камситмаслиги, аксинча уларга инсоний муносабатда бўлишлари лозим.

Видео: https://www.youtube.com/watch?v=Hc2iFxZdJDg

Каналга уланиш👇👇👇
https://t.iss.one/huquqiyaxborot
#Конституцияни_ўрганамиз

Конституциямизнинг 27-моддаси: “Ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга.

Ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши, қамоқда сақланиши ёки унинг озодлиги бошқача тарзда чекланиши мумкин эмас.

Ҳибсга олишга, қамоққа олишга ва қамоқда сақлашга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилади. Шахс суднинг қарорисиз қирқ саккиз соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмас.

Шахсни ушлаш чоғида унга тушунарли тилда унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши шарт”.

Эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳар бир шахснинг фундаментал ҳуқуқларидан ҳисобланади. Шунга кўра, шахс эркинлигини чеклайдиган ҳар бир ҳаракат фақат қонун доирасида бўлиши лозим.

Инсон ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш бўйича муҳим институтлардан бири “Хабеас корпус акт” халқаро даражада умумэътироф этилган ҳужжат сифатида шахс эркинлигини таъминлаш йўлида ўзига хос янги даврга асос солган. Шахс эркинлигини таъминлашни кучайтириш мақсадида ҳибсга олиш билан боғлиқ жараёнлар суд қарори асосида амалга оширилиши белгиланган.

Шахсни ушлаб туриш чоғида унга ҳуқуқлари ва ушлаб туриш асосларининг тушунтирилиши – “Миранда қоидаси” – халқаро ҳуқуқда умумэътироф этилган норма бўлиб, суриштирув, тергов ва суд жараёнларида қонун бузилишига йўл қўймасликни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.

Мазкур қоидага кўра, шахснинг ҳуқуқлари у яхши тушунадиган тилда тушунтирилиши ва бу тил айнан унинг она тили бўлиши шарт бўлмай, шахс одатда мулоқот қиладиган ва яхши тушунадиган тил бўлиши талаб этилади.

Видео: https://www.youtube.com/watch?v=Zkl-SrD-ja4

Каналга уланиш👇👇👇
https://t.iss.one/huquqiyaxborot