Fitrat.uz
13.4K subscribers
24.3K photos
4.06K videos
7 files
23.2K links
Ўзбекистон Мусулмонлари Идораси Тошкент вилояти вакиллиги www.fitrat.uz расмий веб сайти канали.

Расмий саҳифаларимиз:
https://taplink.cc/fitratuz

Диний саволлар учун:
Тел: 781503344

Вакиллик рақами:
Тел: 951771454

Таклифлар учун
@fitratuzadminbot
Download Telegram
#МУТОЛАА_ВАҚТИ

Мута томонга бориш учун тўпланган қўшин ҳали ҳам шаҳарда турарди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг касалликлари оғирлашган, соғаймасларидан йўлга чиқишга ҳеч кимда истак йўқ эди.

Бош қўмондон ҳазрати Усома (р.а.) келиб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан кўришди ва яна кечикмасдан йўлга чиқиш буйруғини олди.

Сафар ойининг охирги куни - якшанба эди. Асмо бинти Умайс Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга зотилжам касалига чалинганлар ичадиган бир дорини ичириб кўришни таклиф этди. Уй аҳли бу таклифни қабул этди.

Дорини тайёрлаб келтиришди. Гоҳ ҳуш, гоҳ беҳуш бўлиб ётган Жанобимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу дорини ичирмасликларини ишора қилдилар. Қулоқ солишмади ва оғизларига томизишди.

Сал ўтиб ҳушларига келгач, Жанобимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дорини ким тавсия этганини сўрадилар. Жазо сифатида Асмога ҳам, дорини ичираётганда ўша ерда ҳозир бўлганларга ҳам ичиришни буюрдилар. Ўша куни рўза тутган Маймуна онамиз ҳам бу жазодан қутула олмади.

Рабиулаввал ойининг бир душанбаси эди. Тонг отган. Одамлар намозни энди бошламоқчи бўлиб сафга тизилишган. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам жанобимиз яна икки кишига таяниб ўринларидан турдилар. Хона пардасини очдилар. Саҳобаларини охирги марта томоша қила бошладилар.

Кўрган манзараларидан чексиз даража мамнуният туйдилар. Муборак юзларида табассум балқиди. Йиллар бўйи инсонларни Оллоҳга яхши бир қул этиб тарбиялашга жуда чиройли ҳаракат қилдилар.

Мана энди Муҳаммад умматининг энг хайрли гуруҳини ташкил этувчи бу одамлар ихлос ва самимиятнинг энг олий даражаларидан келаётган туйғулар оғушида Мавлои Зулжалолга қулликларини изҳор қилиб туришибди.

Аҳмад Лутфий Қозончи “Саодат асри қиссалари”

Дўстларингизга ҳам улашинг:
https://t.iss.one/joinchat/AAAAAEGj0hkBXGlopIDbXA
#МУТОЛАА_ВАҚТИ

Асҳоби киромни севинч қоплади: пайғамбарлар сарвари яна ораларига келмоқчилар. Ҳазрати Абу Бакр меҳробдан чекина бошлади. Аммо Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам қўллари билан «намозни давом эттиринглар» деган маънода бир ишора қилдилар ва пардани тушириб қўйдилар.

Қадрли дўстлари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни охирги кўришлари шу бўлди. Муборак юзлари қоғоз каби оппоқ бўлиб қолгани нигоҳларга муҳрланиб қолди.

Жанобимиз соллаллоҳу алайҳи васалламни ўринларига ётқизишди.
Фотима (р.анҳо) зиёратга келганида отасини янада мажолсиз, янада ҳолсиз бир аҳволда кўрди. Жанобимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларини сувли сопол косага ботирар, юзларига сурар ва: «Ла илаҳа иллаллоҳ... Ўлим касаллигининг қийинчилиги бор...» деб қўяр эдилар.

Фотимани (р.анҳо) бир йиғи босиб келди.
- Қизим, отанг бугундан эътиборан ҳеч оғриқ чекмайди, - дедилар.
Балки ўша кундир, Оллоҳнинг расули соллаллоҳу алайҳи васаллам қизларига яширинча ушбу сўзларни айтдилар:
- Қизим, Жаброил менга ҳар йил рамазонда Қуръонни бир марта тўла ўқиб берарди.

Бу йил икки марта ўқиб берди. Бундан ажалим келганини англадим. Оилам ичида менга энг тез қовушадигани сенсан, қизим...

Фотима росмана йиғлаб юборди. Шунда Жанобимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
- Сен жаннат аёлларининг маликаси бўлишни орзу қилмайсанми? - дедилар.
Фотима кулди.

Аҳмад Лутфий Қозончи “Саодат асри қиссалари”

Дўстларингизга ҳам улашинг:
https://t.iss.one/joinchat/AAAAAEGj0hkBXGlopIDbXA
#МУТОЛАА_ВАҚТИ

Бошқа бир ривоятга кўра, Жанобимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлимлари яқинлашганини айтганларида Фотима йиғлаган, оила аъзолари ичида энг олдин у келиб қовушажагини хабар берганларида эса, кулимсираган.

Бу манзарани Ойиша онамиз (р.анҳо) кузатиб турган эди. Фотимани бир четга тортди.
- Кулгининг йиғига бу даража яқин эканини ҳеч кўрмаган эдим. Отанг нима деди, кулдинг, нима деди, йиғладинг? - деб сўради.
- Отам уни менга яширинча айтдилар, - деб жавоб қилди Фотима (р.а.).

Ҳазрати Фотимага ярашадиган жавоб эди бу. Сизнинг билишингизга эҳтиёж бўлганида, сиз ҳам эшитадиган даражада гапирган бўлардилар, отам билдирмаган нарсани мен билдира олмайман, демоқчи бўлди.

Ойиша онамиз (р.анҳо) буни Жанобимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин яна сўрайди ва билиб олади.

Ўша куни Пайғамбар жанобимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам охирги марта бир енгиллик ҳис қилдилар. Шу хол устига ҳазрати Абу Бакр (р.а.) кириб келди ва Оллоҳ расулини бу вазиятда кўриб, суюниб кетди.

- Эй Оллоҳнинг пайғамбари, Оллоҳга шукр, бугун яхшисиз. Рухсат берсангиз, Аволи томонларга Хорижанинг қизини кўриб келишга борсам. Бугун унинг куни, - деди. Рухсат олиб, чиқиб кетди.

Аҳмад Лутфий Қозончи “Саодат асри қиссалари”

Дўстларингизга ҳам улашинг:
https://t.iss.one/joinchat/AAAAAEGj0hkBXGlopIDbXA
#МУТОЛАА_ВАҚТИ

Жанобимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ойиша онамизни чорладилар:
- Уйда пича пул бор эди, уни нима қилдинг? - деб сўрадилар.

Ойиша онамиз ўрнидан туриб, олти ёки етти дирҳам кумуш танга келтирди. Касалингизга қайғуриб унутибман, деган маънода узр тилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни дарҳол тарқатиб юборишга буюрдилар.

Оз бир фурсатда буйруқлари бажарилганини айтишганида Жанобимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак юзларини ҳузур аломати қоплади.
- Мана энди тинчландим, - дея марҳамат қилдилар.

Бу орада Ойиша онамиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг орқаларига ўтиб ўтирди. Бошларини кўксига босди ва касалликлари бошланганидан бери неча маротаба қилгани каби «Қул аъзу...» сураларини ўқиб, севикли пайғамбаримизнинг муборак қўлларига уфурди ва бу қўлларни муборак вужудларига сурди. Яна, Пайғамбар жанобимиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан олдинроқ эшитган ушбу дуони ўқиди:

- Эй инсонларнинг Эгаси, касалликни кетказ, шифо бер. Шифо берувчи фақат ўзингсан. Сен берадиган шифодан ташқарида шифо йўқ. Ҳеч қандай хасталик қолдирмайдиган шифо беришингни истайман.

Ойиша онамиз касаллик бошланганидан бери бу дуони ҳам неча марталаб ўқиди. У ҳар дуо қилганида Жанобимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак қўлларини сувга ботирар, юзларига сурар ва:
- Оллоҳим, ўлим берадиган изтиробларга қарши менга ёрдамчи бўл, - дер эдилар.

Ора-орада: «Намозни қолдирманглар... Қўл остларингиздаги қулларнинг ҳуқуқларига риоя қилинглар... хотинларга яхши муомалада бўлинглар...» деб насиҳат қилардилар.

Аҳмад Лутфий Қозончи “Саодат асри қиссалари”

Дўстларингизга ҳам улашинг:
https://t.iss.one/joinchat/AAAAAEGj0hkBXGlopIDbXA
#МУТОЛАА_ВАҚТИ

Шу пайт Абу Бакрнинг ўғли Абдураҳмон хонага кирди. Коинот саййидининг (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) муборак кўзлари унинг қўлидаги мисвокка қадалди.

Ойиша онамиз буни сезиб:
- Мисвок ишлатмоқчимисиз, эй Оллоҳнинг Пайғамбари? - деб сўради. Ҳа, деган ишорани сезгач, мисвокни олиб, Жанобимиз соллаллоҳу алайҳи васалламга тутқазди. Лекин мисвок қуруқ эди.
- Ҳўллаб берайми? - деб сўради.
-Ҳа.

Мўминлар онаси мисвокни олиб, оғзида ҳўллаб, яна қайтариб берди. Пайғамбарлар султони соллаллоҳу алайҳи васаллам уни оғзиларига солиб, роса ишқаладилар. Сўнг кучлари қолмади шекилли, мисвок қўлларидан тушди.

Бир оз ҳушсиз ётдилар. Ўзларига келгандай бўлганларида, «Сен неъматлантирган зотлар билан бирга бўлишни тилайман: пайғамбарлар, сиддиқ (рост сўзловчи)лар, шаҳидлар, солиҳлар билан бирга...» деяётганлари эшитилди.

Ойиша онамиз шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўлим устида турганларини англади. «Демак, энди бизни эмас, охират юртини танлаяптилар», деди. «Бир пайғамбар дунё ва охират орасида ихтиёрли қолдирилиб, у то охиратни танламагунича ўлмайди», ҳадисини эслади.

Жанобимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак нигоҳлари теранлашди:
- Оллоҳумма ар Рафиқал аъло, - дедилар*.
Сўнгра:
- Оллоҳим, энг олий дўстни орзу қиламан... Оллоҳим, энг олий дўстни орзу қиламан... Оллоҳим, энг олий дўстни орзу қиламан... - дедилар.

Шуларни айтдилару қўллари тушди. Кўксиларидан бўшалган охирги нафас қайтиб ичга кирмади. Муборак руҳлари ўзларини оламларга раҳмат қилиб юборган Оламлар Парвардигори сари юксалди.

Муборак кўзлари пайғамбарлар ҳавас қилгудек мақомларни томоша қилаётгандай осмонга тўғри боқиб турарди гўё. Бу боқишлар Мавлолари ваъда қилган «Маҳмуд мақоми» (мақталганлар ўрни)гача узанган эди.

Шундай қилиб, «Бахтли қовушиш» содир бўлди. Бошлари кўксига қўйилган энг севикли фонийдан (дунёдан) узилиб, кўнгиллари доимо боғли бўлган энг Севикли Боқийга етишганларида тарих ўн биринчи ҳижрат йилининг рабиул аввал ойи биринчиси-душанба куни эди*.

Аҳмад Лутфий Қозончи “Саодат асри қиссалари”

Дўстларингизга ҳам улашинг:
https://t.iss.one/joinchat/AAAAAEGj0hkBXGlopIDbXA
#МУТОЛАА_ВАҚТИ

Қуёш тикдан ошган, оға бошлаган, пешин намозининг азони айтилса бўладиган палла эди. Баъзи ривоятларга кўра, хасталик сафар ойининг охирги куни бошланган ва рабиул аввал ойининг ўн иккисига тўғри келган душанба куни Мавлоларига қовушганлар. Ўн уч кун касал бўлиб ётганлари устида ҳамманинг фикри бир.

Пайғамбар жанобимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг азиз руҳлари муборак хоналарини тарк этганида тепаларида турганларнинг бўғизларига тиқилиб келган йиғи тугунлари ечилиб кетди. Кўзлардан ёшлар тирқиради.

Йиғи овози масжидга ҳам эшитилди. Намозни пойлаб ўтирганлар тақдир қалами белгилаган вақт келганини англашди. Мотам йиғиси аввал масжидга кирган бўлса, энди масжиддан ташқарига тошиб чиқди. Бу вазиятда тўйиб-тўйиб йиғлашдан ўзга чора йўқ эди
зотан.

Абу Бакрга хабар юборилди. Умар ўзини қўярга жой тополмасди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўлимларини ҳеч миясига сингдиролмаётган эди. Қиличини қинидан суғуриб:
- Муҳаммад ўлди, деганнинг калласини оламан! - деб ваҳшат сола бошлади.

У зотга жон қайтарилади ва неча мунофиқларнинг қўллари ва оёқларини кесадилар, деб ўйлар эди. Бундай ўйга олиб борган нарса мунофиқлар ўртага ташлаган «Агар чиндан пайғамбар бўлса, ўлмайди», каби маъносиз бир даъво эди.

Аҳмад Лутфий Қозончи “Саодат асри қиссалари”

Дўстларингизга ҳам улашинг:
https://t.iss.one/joinchat/AAAAAEGj0hkBXGlopIDbXA
#МУТОЛАА_ВАҚТИ

Бу орада Абу Бакр келди. Ҳеч кимга ҳеч нарса демасдан тўғри Жанобимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирди. Энди у зот Ойиша онамизнинг қучоғида эмасдилар. Ётибдилар. Устлари мато билан ёпиб қўйилган. Ёпинчиқни кўтарди. Муборак юзларидан ўпди.

- Ота-онам сизга фидо бўлсин, эй Оллоҳнинг пайғамбари! Тириклигингизда чиройли эдингиз, ўлганингизда ҳам чиройлисиз. Жоним қўлида бўлган Оллоҳга қасамки, Улуғ Мавло сизга иккинчи ўлимни тоттирмайди, - деди.

Хотинлар сел каби кўзёшлар тўкишар эди.
Ташқари чиқди. Ҳазрати Умар ҳали ҳам қўлда қилич билан турар, «Валлоҳи, Муҳаммад ўлди, деганнинг бошини кесаман!» дерди. Абу Бакр унга борди.

- Эй қасам ичаётган одам, озгина ўзингни қўлга ол,- деди.
Чиндан, ҳозир матонат кўрсатиш пайти. Умарнинг бу сўзлари билан ҳеч қандай натижага эришилмайди - кетган қайтиб келмайди.

Сўнгра Абу Бакр ҳаяжон ичра ўзига боқиб турган одамларга ўгирилди. Оллоҳга ҳамд айтди, Пайғамбарга салоту салом йўллади ва кейин бундай деди:
- Диққат қилинглар, ичларингда Муҳаммадга қуллик қилганлар бўлса, билиб қўйсин, Муҳаммад ўлди. Ким Оллоҳга қуллик қилаётган бўлса, Оллоҳ таоло тирикдир ва асло ўлмас! У Оллоҳ бундай марҳамат қилган: «(Эй Муҳаммад!) Ҳеч шак-шубҳасиз, сиз ҳам ўлгувчидирсиз, улар ҳам ўлгувчидирлар»*. Ва яна бундай деган: «Муҳаммад фақат бир пайғамбардир, холос. Ундан илгари ҳам пайғамбарлар ўтган. Бас, агар у ўлса ёки ўлдирилса, кетингизга (куфрга) қайтиб кетасизларми?! Кимда-ким кетига қайтиб кетса, Оллоҳга бирор зиён етказа олмас. Оллоҳ эса (йўлларидан қайтмай) шукр қилгувчи бандаларини муносиб мукофотлайди»**.

Ҳазрати Абу Бакр сўзларини шу ерда битирди. Йиғи кучайди. Ҳазрати Умарнинг ҳаяжони ҳам ўтиб кетди.

Кейинлар ўша кунни ҳар ҳикоя қилганида: «Абу Бакр гапираётганида худди у оятларни биринчи марта эшитаётгандай эдим», дерди.

Аҳмад Лутфий Қозончи “Саодат асри қиссалари”

Дўстларингизга ҳам улашинг:
https://t.iss.one/joinchat/AAAAAEGj0hkBXGlopIDbXA
#МУТОЛАА_ВАҚТИ

...Мадина ташқарисида қароргоҳ қурган қўшинга хабар борганида ҳамма шаҳарга қайтди.

Бурайда қўлидаги байроқни Расули акрам жанобимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйлари рўпарасига тикди. Унинг бу иши мўминларга бошқача бир қайғу берди, ораларига оғир махзунлик чўкди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўлимлари мусулмонлар учраши мумкин бўлган энг катта мусибат эди.

Бу ҳақиқатни шахсан ўзлари ҳам бир гал айтганлар. У зот қолдирган бўшлиқни айни қийматда ҳеч тўлдириб бўлмаслиги аниқ. Аммо мўминлар бир амирнинг теварагида бирикишлари лозим, ишлар битта қўлдан ва битта жойдан бошқарилиши керак, то бошбошдоқликка майдон берилмасин.

Мадиналик ансорлар шундай ўй билан Бани Соида оиласининг боғига тўпланишди ва Саъд ибн Убодани (р.а.) Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга халифа (ўринбосар) қилишга қарор беришди. Тез бориб уйида касал ётган Саъдни турғазиб боққа келтиришди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўмишга тайёргарликлар кўрила бошлади. Ўлган бир инсон учун нима керак бўлса, ўшалар, яъни, ювиш, кафанлаш каби зарур ишлар борарди.

Шундай дардли, аламли бир паллада ҳазрати Умарга бир хабар келди. «Ансор ўз ораларида тўпланиб Пайғамбар жанобимиз соллаллоҳу алайҳи васалламга халифа сайлашяпти, тез бормасанг бўлмайди, эй Умар», деб келди биттаси.

Аҳмад Лутфий Қозончи “Саодат асри қиссалари”

Дўстларингизга ҳам улашинг:
https://t.iss.one/joinchat/AAAAAEGj0hkBXGlopIDbXA
#МУТОЛАА_ВАҚТИ

Умар теваракка олазарак қарай бошлади, ҳазрати Абу Бакрни излади. Уни кўргач, ёнига бориб қўлига ёпишди. Бир-икки сўз билан вазиятни тушунтирди. Тез икковлари йўлга чиқишди. Кетаётиб Абу Убайдани учратиб қолишди. Кўнгилдагидай иш бўлди ўзиям.

Шундай қилиб Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматининг энг таниқли қисмидан уч киши бу муҳим ишга аралашиш учун шошилинч йўлда давом этишди.

Бу пайтда мадиналиклар масалани энига-бўйига обдан музокара қилишган ва қарорларини бериб бўлишган эди. Саъд ибн Убодага байъат қилишлари қолган эди, холос. Аммо йиғинга уч буюк зот келиб қолгач, масалани бошқатдан гаплашиб олиш мажбурияти ҳосил бўлди.

Абу Бакр узоқ гапирди, эътирозларнинг ҳаммасига қондирувчи жавоблар берди. Халифалик Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қавмларида қолишига, ансор яна ёрдамчиликни давом эттиришига уларни кўндирди. Ансорнинг: «Биздан бир амир, сиздан ҳам бир амир» деган фикри ўрнига: «Биз амир бўламиз, сизлар вазирсизлар», деб жавоб қилди.

Сўнг Умар гапирди. Динда энг буюк асос намоз эканини, намозни ўқиб беришга эса Жанобимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакрдан бошқага рози бўлмаганларини эслатди.

Абу Убайдаҳам сўзлади.
- Эй ансор жамоати! Сизлар ёрдам қилганларнинг, Исломга қучоқ очганларнинг олдингилари эдиларинг. Эҳтиёт бўлинглар, бу ишни ўзгартирганларнинг ҳам олдингиси бўлиб қолманглар, - деди.

Аҳмад Лутфий Қозончи “Саодат асри қиссалари”

Дўстларингизга ҳам улашинг:
https://t.iss.one/joinchat/AAAAAEGj0hkBXGlopIDbXA
#МУТОЛАА_ВАҚТИ

Абу Бакр тўпланганларга бундай мурожаат қилди:
- Мана, сизларга иккита номзод, қайси бирини танласаларинг, унга байъат қилинглар, - дея Умар билан Абу Убайдани кўрсатди. Ҳар иккиси ҳақида Пайғамбар жанобимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тақдирловчи сўзларини эслатди.

Лекин ҳазрати Умар (р.а.) ҳазрати Абу Бакрнинг қўлидан тутиб, унга байъат этишга чоғлана бошлади. Бу орада мадиналик мусулмонлардан Башир ибн Саъд (р.а.) Абу Бакрга байъат қилди.

Кетидан Умар билан Абу Убайда қўл беришди. Шу тариқа масала ҳал бўлди-қолди. Ўша ерда ҳозир бўлганлар битта-битта келиб ҳазрати Абу Бакрнинг қўлини тутишди ва уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг халифалари сифатида тан олишларини ва итоат этишларини билдиришди. Байъат қилмаган битта Саъд ибн Убода қолди.

Теваракларда эшитиб қолганлар ҳам келиб, гуруҳ-гуруҳ байъат қила бошлашди. Бу ишлардан фақат ҳазрати Али, ҳазрати Аббос (Оллоҳ улардан рози бўлсин) каби Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам оилаларидан бўлганлар хабарсиз қолишди.

Эртасига ҳазрати Умар масжидда бир хутба қилди, бўлиб ўтган ишларни тушунтирди. Кеча хабарсиз қолганларни Абу Бакрга байъат этишга чақирди. Чақириқ умуман қабул қилиниб, битта-биттадан келиб қўл беришди. Ҳазрати Абу Бакрнинг халифалигини қабул этишди.

Аҳмад Лутфий Қозончи “Саодат асри қиссалари”

Дўстларингизга ҳам улашинг:
https://t.iss.one/joinchat/AAAAAEGj0hkBXGlopIDbXA