Edu.uz
152K subscribers
20.6K photos
4.42K videos
234 files
12.3K links
Oliy ta’lim, fan va innovatsiyalar vazirligi

Manzil: Toshkent sh., Olmazor t., Universitet k., 7-uy. Tel.: 1006, 712306464

📲https://gov.uz/edu
📲instagram.com/edu.uz/
📲facebook.com/eduuzofficial
📲https://youtube.com/c/eduu
📲https://twitter.com/eduuz
Download Telegram
​​#Ректорлар_минбари

Коррупцияга йўл йўқ! Ректорлар ота-оналарга мурожаат билан чиқишмоқда

Рустам ХОЛМУРОДОВ
, Самарқанд давлат университети ректори:

- Яшириб нима қилдик, шу кунларда ўқишга киритиб қўйиш учун пора сўровчи “уддабуронлар” фаоллашиб қолди. Улар сизнинг ишончингизга киришдан, алдаб-сулдаб пулингизни олишдан тоймайди. Аянчлиси, ҳали-ҳануз орамизда “тест ёки ижодий имтиҳони мавжуд йўналишларга пора эвазига ўқишга кирса бўлар экан” дея, чучварани хом санаб юрганлар ҳам топилади...

Университетнинг бирорта профессор-ўқитувчиси ёки ходими ижодий имтиҳонда иштирок этмайди. Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг буйруғига кўра, имтиҳонлар республикамизнинг бошқа ОТМлар профессор-ўқитувчилари таркибидан тузилган махсус комиссия томонидан қабул қилинади.

Алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим йўналишларига имтиҳон жараёни тўлиқ видеокузатувга олинади. Видеоёзувлар сақлаб қўйилади. Мухтасар қилиб айтганда, фирибгарларнинг ва уларга ишониб ўқишга кирмоқчи бўлганларнинг йўли бутунлай тўсилади.

Шавкат ШАРИПОВ, Жиззах давлат педагогика институти ректори:

- Коррупциянинг ҳар қандай кўринишларини содир этган институт жамоаси аъзоси – у ким ва қайси лавозимда ишлашидан қатъий назар, унга нисбатан “Қонун устувор – жазо муқаррар”лиги таъминланади.

Институтнинг қабул жараёнларида ёки ўзингизнинг ва фарзандларингизнинг таълим олишининг барча босқичларида турли найранг ва фирибгарликлар қурбонига ёки аъзосига айланиб қолманг.

Ҳеч қачон сабабсиз оқибат бўлмаслигини ёддан чиқарманг. Фақат ва фақат ёшларнинг билимига ишонинг ва шунга таянинг.

Чунки бугун ўз йўлини мустақил танлай оладиган, касбини ҳурмат билан муносабатда бўладиган кадрларни тайёрлаш ҳар биримизнинг асосий вазифамизга айланмоғи керак.

Орифжон БОЗОРОВ, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ректори:

- Бугун замон ўзгармоқда. Ёшларнинг илм даргоҳларига ҳалол ва пок киришлари учун кенг имкониятлар эшиги очиб берилди. Афсуски, товламачилар ва фирибгарларнинг дунёқараши ўзгармаяпти. Улар ҳамон эскича ўй-хаёлларда, қинғир йўллар билан мўмай даромад топиш илинжида юрибдилар. Уларнинг тузоғига илиниб қолманг.

Халқимизда “қарс икки қўлдан чиқади” деган нақл бор. “Коррупция тўғрисида”ги Қонуннинг тегишли бандларига кўра пора берган ҳам, пора олган ҳам, улар ўртасида воситачилик қилган ҳам қонун олдида тенг жавобгар саналади ва муқаррар жазога тортилади.

Фарзандингизга ёрдам бераман десангиз, қонунга хилоф хатти-ҳаракатларга йўл қўйманг!

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг расмий телеграм каналига уланиш
👇👇👇
https://t.iss.one/joinchat/AAAAAEX5-Auoam-U-_mjXg
​​#Ректорлар_минбари

Қарс икки қўлдан! Филиаллар директорлари ҳам жамоатчиликка юзланишмоқда

Фазлидин ХУДОЙБЕРДИЕВ
, Навоий давлат кончилик институти Нукус филиали директори:

- Афсуски, олий таълим тизимини коррупциядан ҳоли соҳага айлантиришда ҳамма бирдек фаоллик кўрсатяпти, дея олмаймиз. Ҳамон яқин ўтмиш иллатларидан қутила олмаётган, ҳалиям эски давр руҳи билан яшаётган ҳамкасбларимизни учратишимиз барчамизни ранжитади.

Тизимга самарали бошқарув механизмларини, жумладан, кучли жамоатчилик назоратини, таълим жараёнининг барча жабҳаларида самарали ва адолатли мезонларни жорий этиш вақти келди.

Юртимиз ва ёшларимиз келажагига дахлдор касб эгалари сифатида коррупция иллатига муросасиз муносабатда бўлиш, унинг салбий оқибатлари тўғрисида тарғибот ишларини кучайтириш ва пировардида жамиятимизда соғлом маънавий-ахлоқий муҳитни қарор топтириш асосий бурчимиз бўлиб қолаверади.

Алишер САМАДОВ, Тошкент давлат техника университети Олмалиқ филиали директори:

Қўлида китоб ушлаб, тунни тонгларга улаётган ёш дўстим!

- Ҳаётингизни нопок ўй ва ҳаракатлар билан бошламанг, катта-катта ваъдалар бераётган ваъдабозларнинг гапларига учманг! Қабул ва келажакда таълим жараёнида фақат ва фақат ўз кучингизга, билим ва салоҳиятингизга ишонинг.

Минг афсуски, олий таълим тизимида коррупцион хатти-ҳаракатлар батамом бартараф этилмаганини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Нопоклик аралашган ҳар қандай ишнинг файзи, баракаси бўлмайди, алалоқибат жазо билан тугашини ҳар биримиз яхши биламиз. Ҳаётингизни қинғир ишлар билан эмас, маърифат ва комиллик билан безанг.

Шамсиддин УСМОНОВ,
Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Фарғона минтақавий филиали директори:

Ҳурматли ота-она, сиздан ушбу жараёнлар учун таъмагирлик йўли билан пул ундирмоқчи бўлган шахслардан эҳтиёт бўлинг. Хусусан Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Фарғона минтақавий филиали профессор-ўқитувчилари ҳамда ишчи-ходимлари бугунги кунда тўлиқ таътилга чиқарилган бўлиб, институт ҳудудига киритилмайди ва имтиҳон жараёнларига қатнашмайди.

Кириш имтиҳонини оладиган комиссия таркиби вазирлик томонидан белгиланган ҳамда бу таркиб имтиҳон кунигача сир сақланади. Институт ҳудуди тўлиқ видеокузатув камералари билан жиҳозланган. Бинонинг ички қисми: йўлаклар, имтиҳон бўлиб ўтадиган хоналар иккитадан кузатув камералари орқали кузатилади ва бўлаётган жараёнлар тўлиқ ёзиб олинади.

Унутманг, сизнинг фарзандингиз ўзи қизиққан соҳада чуқур билимга эга бўлиб, жамиятда ўз ўрнини эгаллаши учун, унинг ҳаётини аввал бошдан шаффофлик асосида барпо этиш зарур.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг расмий телеграм каналига уланиш👇👇👇
https://t.iss.one/joinchat/AAAAAEX5-Auoam-U-_mjXg