FATVO.UZ | Расмий канал
138K subscribers
1.07K photos
2.03K videos
4.38K links
Ўзбекистон мусулмонлари идораси қошидаги Фатво марказининг расмий телеграм канали

©Каналдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.

Колл марказ рақами: 781503344

Lotincha 👉 @fatvouzlotin

https://taplink.cc/diniysavollar
Download Telegram
НЕГА ЖАННАТДА МАЙ ИЧИШГА РУХСАТ ЭТИЛГАН?
#ақида #ҳалол_ҳаром

1278-CАВОЛ: Нега бу дунёда май (маст қилувчи ичимлик) ичиш мумкинмасу, нариги дунёда ичиш мумкин? Нега бу дунёда тақиқланган бўлса, у дунёда тақиқланмаган?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ҳисоб-китобдан кейин жаннат аҳли жаннатга киргач улардан имтиҳон ва синов кўтарилади. Уларга Аллоҳнинг розилиги ва раҳмати бўлади ва Аллоҳ таоло уларга турли ноз неъматларини сероб қилади. Шу жумладан дунёда ҳаром қилинган баъзи нарсаларни сабр ва тоату ибодатларига мукофот ўлароқ жаннатда ҳалол қилади. Масалан, олтин ва ипак дунёда эркаклар учун ҳаром қилинган. Жаннатда эса барчага бирдек ҳалол қилинади.
Ҳудди шунингдек, охиратда жаннатда май ҳам бўлади. Аммо жаннат майи билан дунёдаги майнинг ўртасида ер билан осмонча фарқ бор. Дунё майи одамни маст қилади, ақлни кетказади, ичишга ёқимсиз бўлади, бошни оғритади, қайт қилдиради, бавлни кўпайтиради, ва уни ичган одам алжираб гапиради. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссалом уни ёмонликларнинг онаси (асоси) деб айтганлар:
الخمر أم الخبائث، فمن شربها لم تقبل صلاته أربعين يوما، فإن مات وهي في بطنه مات ميتة جاهلية.
яъни: “Май ёмонликларнинг онасидир. Уни ичган кишининг қирқ кунлик намози қабул бўлмайди. Қорнида май бўлган ҳолда ўлган киши жоҳилият ўлимида ўлим топган бўлади” (Имом Табароний ривояти).
Аммо жаннатдаги май эса ярқираб жиловланувчи оқ ранда бўлади, ичганда лаззатли бўлади, ақлни олмайди, ичган одам алжирамайди, бошни оғритмайди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло уни васф этиб, шундай марҳамат қилган:
بيضاء لَذَّةٖ لِّلشَّرِبِينَ لَا فِيهَا غَوۡلٞ وَلَا هُمۡ عَنۡهَا يُنزَفُونَ
“У оппоқ, ичгувчига лаззатбахшдир. Унда ҳеч бир зарар йўқдир ва ундан сархуш ҳам бўлмаслар” (Соффат сураси, 46-47-оят).
Бошқа оятда:
يَتَنَٰزَعُونَ فِيهَا كَأۡسٗا لَّا لَغۡوٞ فِيهَا وَلَا تَأۡثِيمٞ
“Улар (жаннат аҳли) унда қадаҳларни бир-бирларига узатурлар. У ерда беҳуда сергаплик ва гуноҳ йўқ” (Тур сураси 23-оят.)
Бошқа бир оятда эса:
مَّثَلُ ٱلۡجَنَّةِ ٱلَّتِي وُعِدَ ٱلۡمُتَّقُونَۖ فِيهَآ أَنۡهَٰرٞ مِّن مَّآءٍ غَيۡرِ ءَاسِنٖ وَأَنۡهَٰرٞ مِّن لَّبَنٖ لَّمۡ يَتَغَيَّرۡ طَعۡمُهُۥ وَأَنۡهَٰرٞ مِّنۡ خَمۡرٖ لَّذَّةٖ لِّلشَّرِبِينَ وَأَنۡهَٰرٞ مِّنۡ عَسَلٖ مُّصَفّٗىۖ وَلَهُمۡ فِيهَا مِن كُلِّ ٱلثَّمَرَٰتِ وَمَغۡفِرَةٞ مِّن رَّبِّهِمۡۖ كَمَنۡ هُوَ خَٰلِدٞ فِي ٱلنَّارِ وَسُقُواْ مَآءً حَمِيمٗا فَقَطَّعَ أَمۡعَآءَهُمۡ
“Тақводорларга ваъда қилинган жаннатнинг мисоли (шуки): ичида айнимаган сувли анҳорлари, таъми ўзгармаган сутли анҳорлари, ичувчиларга лаззатбахш хамр (шароб)ли анҳорлари, мусаффо асалли анҳорлари бор. Улар учун унда барча мевалар ва ўз Роббиларидан мағфират бор. (Ўшалар) оташда мангу қолувчи ва ўта қайноқ сув ила суғорилиб, ичаклари титилиб кетган кимсага ўхшарми?" (Муҳаммад сураси, 15-оят).
Жаннат шароби дунёдаги шаробдан топиладиган барча салбий сифатлардан холидир. Номи бир хил экани уларнинг жинси ҳам бир хил эканини ифода қилмайди.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, бир нарсани ҳалол қилиш ёки ҳаром қилиш бу фақат Аллоҳ таолонинг ҳукми ва иродасига боғлиқдир. Аллоҳ таоло ҳар қандай ҳукм жорий қилар экан, бандалар ўша ҳикматни билиш ёки билмаслигидан қатъий назар албатта, унинг ортида ҳикмат бор.
Дунё ва охиратни бир-бирига қиёслаш тўғри бўлмайди. Чунки, бу дунё имтиҳон дунёси. Охират эса жазо ва мукофот дунёсидир.
Аллоҳ таоло дунёда ҳалол ва ҳаромга боғлиқ ҳукмларни бандаларнинг синови учун жорий қилган. Бандадан талаб қилингани эса унга итоат қилишдир. Аллоҳга иймон келтирган банда эшитдик ва итоат қилдик, дейди. Ўзига зулм қилувчи бандалар эса эшитдик, лекин итоат қилмаймиз, дейди.
Зеро Аллоҳ таоло қилган ишларидан сўралмайдиган зот. Бандалар эса сўралувчидирлар.
لَا يُسۡـَٔلُ عَمَّا يَفۡعَلُ وَهُمۡ يُسۡـَٔلُونَ
“У қилган нарсасидан сўралмас. Ҳолбуки, улар сўралурлар” (Анбиё сураси, 23-оят). Тавфиқ Аллоҳдан.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

YouTube | Instagram | Facebook |Ummalife

🔗 Улашинг: @diniysavollar
СУНЪИЙ ИПАКЛИ КИЙИМ КИЙИШ
#ҳалол_ҳаром

1294-CАВОЛ: Биламизки, динимизда эркаклар ипак матодан кийим кийиши ман қилинган. Бир шим сотиб олгандим. Шу шимнинг 70 % матоси сунъий ипак деб ёзибди, яъни сунъий ипак экан. Шу шимни кийиш жоизми?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Сунъий ипак ҳақиқий ипакка муқобил равишда ишлаб чиқарилган мато тури холос. Унга ҳақиқий ипакнинг ҳукми берилмайди. Ундан тикилган кийимларни кийиш эркаклар учун жоиздир. Ҳадисларда таъқиқланган ипак ҳақиқий, табиий ипакдир.
عَنْ أَبِي مُوسَى الْأَشْعَرِيِّ: أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ حُرِّمَ لِبَاسُ الْحَرِيرِ وَالذَّهَبِ عَلَى ذُكُورِ أُمَّتِي وَأُحِلَّ لِإِنَاثِهِمْ
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ипак кийим ва тилла умматимнинг эркакларига ҳаром қилинди, аёлларига ҳалол қилинди», дедилар” (Имом Термизий ривояти).
Ипакнинг эркакларга ҳаром қилиниши ҳикмати, бу мато жуда нафис ва мулойим бўлиб, аёллик табиати ҳамда латофатига мос келади. Аксинча эркакларнинг табиатига эса мувофиқ келмайди. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

YouTube | Instagram | Facebook |Ummalife

🔗 Улашинг: @diniysavollar
​​УШБУ ИДИШЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ МУМКИНМИ?
#ҳалол_ҳаром

1314-CАВОЛ: Мен мусофирдаман. Бу ер мусулмон юрти эмас. Уларнинг гўшт пиширадиган керамика металидан таёрланган махсус идиши бор. Ундан мусулмон бўлмаган шахслар фойдаланади. Бу идишлар овқат қолдиқларини умуман ўзида ушлаб қолмайди. Биз шу идишни геллар билан ювиб, фойдалансак бўладими?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ғайридинлар ишлатадиган  идишлардан фойдаланишнинг зарари йўқ. Улар овқат пишириб еганларидан кейин яхшилаб ювиб ташлаб, овқат пиширсангиз бўлади. Чунки улар баъзида бизнинг динимизда рухсат берилмаган маҳсулотлардан овқат тайёрлашади ва натижада идиш нопок ҳолга келади. Темир, пластмасса, чинни ёки сиз айтгандек керамика каби ўзига нажосатни шиммайдиган идишлар бўлса, уларни сув билан ювилса, пок бўлади. Тахта, сопол каби нажосат шимадиган идиш бўлса, уларни уч марта ювиб, қуритиш орқали покланади.
“Фатово Оламгирия” китобида бундай дейилган:
قال محمد - رحمه الله تعالى - ويكره الأكل والشرب في أواني المشركين قبل الغسل ومع هذا لو أكل أو شرب فيها قبل الغسل جاز ولا يكون آكلا ولا شاربا حراما وهذا إذا لم يعلم بنجاسة الأواني فأما إذا علم فإنه لا يجوز أن يشرب ويأكل منها قبل الغسل
“Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар: Мушрикларнинг идишларида уларни ювишдан олдин еб-ичиш макруҳ саналади. Шундай бўлсада, еб ёки ичиб қўйган бўлса, жоиз бўлаверади. Ҳаром нарсани еган ёки ичган бўлиб қолмайди. Бу ҳукм уларнинг идишининг нажосат эканини билмаган ҳолатга тегишли. Агар бундай идишнинг нажосат эканини билса, ювишдан аввал ундан ейиш ёки ичиш мумкин эмас”.
Демак, яхшилаб ювиб юборгандан кейин овқат пишириб ейишда монелик йўқ. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

YouTube | Instagram | Facebook |Ummalife

🔗 Улашинг: @diniysavollar
НИКОҲСИЗ ЭКО ҚИЛСА БЎЛМАЙДИМИ?
#никоҳ #ҳалол_ҳаром

1329-CАВОЛ: Турмуш қурганимизга 7 йил бўлди фарзандимиз йўқ. ЭКО га ҳам хўжайинимни уруғлари чиқмади, шунга қайнимни уруғидан ЭКО қилдирмоқчи эдик. Никоҳсиз ЭКО қилдиришни хоҳламайман. Шу масалага қандай маслаҳат берасиз?

💬ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Уламолар сунъий уруғлантириш амалиётини ўта зарур ҳолатда ва фақат ўрталарида шаръий никоҳ бўлган эр-хотинлар орасидагина амалга оширишни жоиз деб ҳисоблайдилар. Сиз бу борада қуйидаги фатвони ўқиб чиқинг (https://t.iss.one/diniysavollar/270).
Фарзанд кўрмаслик ҳам Аллоҳ таолонинг синови ва дардларнинг бири ҳисобланади.
Қуръони Каримнинг Шўро сурасининг 49-50 оятларида:
لِلَّهِ مُلْكُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ يَخْلُقُ مَا يَشَاءُ يَهَبُ لِمَنْ يَشَاءُ إِنَاثًا وَيَهَبُ لِمَنْ يَشَاءُ الذُّكُورَ
"Осмонлар ва Ернинг ҳукмронлиги Аллоҳга (хос)дир. (У) хоҳлаган нарсани яратур. Хоҳлаган кишисига қизларни ҳадя этур ва хоҳлаган кишисига ўғилларни ҳадя этур".
أَوْ يُزَوِّجُهُمْ ذُكْرَانًا وَإِنَاثًا وَيَجْعَلُ مَنْ يَشَاءُ عَقِيمًا إِنَّهُ عَلِيمٌ قَدِيرٌ
"Ёки уларга ўғиллар ва қизларни қўшиб берур ва хоҳлаган кишисини фарзанд кўрмайдиган қилиб қўйгай*. Албатта, У (бунинг ҳикматини) билувчи ва (ўзи хоҳлаган нарсани яратишга) қодирдир".

Бу оятдан маълум бўладики, фарзандли бўлиш ёки бепуштлик Аллоҳнинг қудрати ва ҳикмати билан содир бўлади. Ҳар бир мўмин инсон ўзининг тақдирини қабул қилиб, унга шукр қилиши ва бу синовга чиройли сабр қилиши лозим.
Бироқ, касалликдан даволаниш динимиз кўрсатмасидир. Шунинг учун сиз ҳам Аллоҳ таолога дуо ва илтижо қилган ҳолатда фарзанд кўриш чораларини ҳалол йўлларидан фойдаланинг. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

YouTube | Instagram | Facebook |Ummalife

🔗 Улашинг: @diniysavollar