FATVO.UZ | Расмий канал
162K subscribers
1.22K photos
2.13K videos
4.58K links
Ўзбекистон мусулмонлари идораси қошидаги Фатво марказининг расмий телеграм канали

©Каналдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.

Колл марказ рақами: 781503344

Lotincha 👉 @fatvouzlotin

https://taplink.cc/diniysavollar
Download Telegram
ЎЛИК ТУҒИЛГАН БОЛАГА ЖАНОЗА
#жаноза_намози

15-CАВОЛ: Ассалому алайкум. Ой-куни тўлмай тушиб қолган болага жаноза намози ўқиладими?

💬 ЖАВОБ: Агар бола тирик туғилса ёки унга далолат қилувчи аломат (масалан, қимирласа, йиғласа) бўлса, унга исм қўйилади, ювилиб кафанланади ва жаноза ўқиб кўмилади. Аммо ўлик туғилса, унга жаноза ўқилмайди, исм қўйилмайди, ювиб, матога ўраб дафн қилинади ("Баҳрур роиқ" китоби). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати.
@diniysavollar

Савол йўллаш
🌐 https://savollar.muslim.uz || 📲 @SavollarMuslimUzBot

▫️ Каналга уланиш
ИСЛОМНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ
#имон

16-CАВОЛ:
Ассалому алайкум. Бир ғайридин ҳамкасбим Исломни қабул қилмоқчи. У мусулмон бўлиши учун нима қилиши керак?

💬 ЖАВОБ:
Ғайридин мусулмон бўлиши учун шаҳодат калимасини айтиши яъни, «Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳу» дейиши керак. Бунга тил билан иқрор бўлиб, уни қалби билан тасдиқлаши лозим. Имоннинг шартлари еттита: улар Аллоҳ таолога, фаришталарга, нозил қилинган Китобларга, Пайғамбарларга, қиёмат кунига, яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳдан эканига, қиёмат кунида қайта тирилишига қатъий ишонишдир.

Ғайридин кимса Исломни қабул қилгач, унинг ўтган барча гуноҳлари кечирилади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам “Ислом ўзидан олдинги (гуноҳ)ларни ўчиради” деганлар (Имом Аҳмад ривояти).

Уламолар янги имон келтирган одамнинг ғусл қилиб олишини мустаҳаб дейишган. Ғайридин Исломга кириб, мусулмон бўлганидан сўнг Ислом динига оид зарурий илмларни ўрганиши, намозни жамоат билан ўқиши, моли нисобга етса закот бериши, Рамазон рўзасини тутиши, агар йўлга қодир бўлса, ҳаж қилиши лозим бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати.
@diniysavollar

Савол йўллаш
🌐 https://savollar.muslim.uz || 📲 @SavollarMuslimUzBot

▫️ Каналга уланиш
ЖУНУБ КИШИНИНГ ҒУСЛ ҚИЛМАСДАН УХЛАШИ
#ғусл

17-CАВОЛ:
Ассалому алайкум. Саволим, эр-хотин жинсий муносабатдан кейин ювинмай ухласа бўладими? Жавоб учун олдиндан раҳмат.

💬 ЖАВОБ:
Ва алайкум ассалом. Агар намоз вақти киргунича маълум вақт бўлса, жинсий муносабатдан кейин дарҳол ғусл қилиш вожиб бўлмайди. Фуқаҳоларимиз бу борада шундай деганлар:

الْجُنُبُ إذَا أَخَّرَ الِاغْتِسَالَ إلَى وَقْتِ الصَّلَاةِ لَا يَأْثَمُ

"Жунуб киши ювинишни намоз вақтигача кечиктирса гуноҳкор бўлмайди" ("Фатавои Ҳиндия", "Муҳит").

Шунингдек, Имом Таҳовийнинг “Шарҳи маонил осор” китобида қуйидаги ривоят келтирилган:

عَنْ عَمَّارِ بْنِ يَاسِرٍ قَالَ: " رَخَّصَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ، لِلْجُنُبِ ، إذَا أَرَادَ أَنْ يَنَامَ ، أَوْ يَشْرَبَ ، أَوْ يَأْكُلَ ، أَنْ يَتَوَضَّأَ وُضُوءَهُ لِلصَّلَاةِ ".

Аммор ибн Ясир разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: "Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам жунуб киши ухламоқчи бўлса, ёки еб ичмоқчи бўлса, худди намозга таҳорат қилганидек таҳорат қилиб олишга рухсат бердилар".

"Жунуб киши таҳорат қилмасдан ҳам ухлаши ва яна хотинига қўшилишининг зарари йўқ, лекин шу ишларни таҳорат қилгандан кейин қилса, яхши бўлади" ("Фатавои Ҳиндия", "Сирожул Ваҳҳож" ). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати.
@diniysavollar

Савол йўллаш
🌐 https://savollar.muslim.uz
📲 @SavollarMuslimUzBot

▫️ Каналга уланиш
ҚАЗОСИ БОР КИШИНИНГ НАФЛ РЎЗА ТУТИШИ
#рўза

18-CАВОЛ:
Ассалому алайкум. Мени Рамазон ойи рўзасидан қарзим бор. Нафл рўза тутсам бўладими ёки олдин қарз рўзамни тутишим керакми? Олдиндан раҳмат.

💬 ЖАВОБ:
Ва алайкум ассалом. Рамазон рўзасидан қазоси бор кишининг нафл рўза тутиши ҳақида Алоуддин Косоний "Бадоиус саноиъ" китобида шундай дейди:

إنَّهُ لَا يُكْرَهُ لِمَنْ عَلَيْهِ قَضَاءُ رَمَضَانَ أَنْ يَتَطَوَّعَ

"Рамазон рўзасидан қазоси бўлган киши нафл рўза тутиши макруҳ бўлмайди".

Мазкур китобнинг бошқа бир ўрнида шундай дейилган:

الأَمْرُ بِالقَضَاءِ لَا يَجِبُ فِي وَقْتٍ مُعَيَّنٍ مِنَ الأَوْقَاتِ، وَإِنَّمَا يَجِبُ فِي مُطْلَقِ الوَقْتِ

“Қазони ўтаб бериш ҳақидаги буйруқ муайян вақтда вожиб бўлмайди, балки мутлақ вақт (яъни, банда имкон топган)да вожиб бўлади”. Шунга биноан Рамазон рўзасидан қарзи бор киши қазосини тутмай туриб ҳам нафл рўза тутиши мумкин. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати.
@diniysavollar

Савол йўллаш
🌐 https://savollar.muslim.uz
📲 @SavollarMuslimUzBot

▫️ Каналга уланиш
КИБР ҲАҚИДА
#руҳий тарбия

19-CАВОЛ:
Ассалому алайкум. Кибр ҳақни инкор қилиш ва одамларни камситиш деган маънода ҳадис бор экан. Шу ҳадисни шарҳлаб берсангиз. Ҳакни инкор қилиш деганда нималарни ўз ичига олади? Аллоҳ барчамиздан рози бўлсин.

💬 ЖАВОБ:
Ва алайкум ассалом. Сиз айтган ҳадиснинг матни қуйидагича:

عَن عَبْدِ الله بْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "لا يَدْخُلُ الْجَنَّةَ مَنْ كَانَ فِي قَلْبِهِ مِثْقَالُ ذَرَّةٍ مِنْ كِبْرٍ" ، قَالَ رَجُلٌ: "إِنَّ الرَّجُلَ يُحِبُّ أَنْ يَكُونَ ثَوْبُهُ حَسَنًا، وَنَعْلُهُ حَسَنَةً" ، قَالَ: إِنَّ اللَّهَ جَمِيلٌ يُحِبُّ الْجَمَالَ، الْكِبْرُ بَطَرُ الْحَقِّ، وَغَمْطُ النَّاسِ" (رَوَاهُ مُسْلِمٌ، وَالتِّرْمِذِي، وَأَبُو دَاوُدَ، وَابنُ مَاجَه، وَأَحْمَد)

Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:
"Қалбида зарра миқдорида кибр бўлган одам жаннатга кирмайди", дедилар. Бир киши: "Албатта, киши кийими ва пойафзали чиройли бўлишини хоҳлайди (бу ҳам кибрми?)", деб сўради. Пайғамбар алайҳиссалом: "Аллоҳ гўзалдир, гўзалликни севади. Кибр - ҳаққа унамаслик ва одамларни (қадрини) пастга уриш", – дедилар.
(Имом Муслим, Термизий, Абу Довуд, Ибн Можа ва Аҳмад ривоят қилган).

Ушбу ҳадиси шарифни изоҳлаб Мулла Али Қори шундай деган: “Мазкур ривоятдаги келган "батарун" сўзининг луғавий маъноси "қаттиқ хурсанд бўлиш"дир. Ҳадисдаги маъноси эса, неъмат келганда туғёнга кетиш, Аллоҳ таоло ҳақ қилган (тавҳид, ибодат)ни инкор қилиш, ҳақ келганда кибрланиб қабул қилмасликдир”
(“Мирқотул мафотиҳ”). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати.
@diniysavollar

Савол йўллаш
🌐 https://savollar.muslim.uz
📲 @SavollarMuslimUzBot

▫️ Каналга уланиш
ҚАЧОН НАМОЗНИ БУЗИШ МУМКИН
#намоз

20-CАВОЛ:
Ассалому алайкум. Баъзи пайтларда хуфтон намозини ўқиётганимда мени чақириб қолишади. Мен шундай вазиятда фарз ёки суннат намозини бузсам бўладими?

💬 ЖАВОБ:
Ва алайкум ассалом. Ушбу масаладаги асл қоида шуки, киши ўқий бошлаган фарз ёки суннат намозларини бузиши жоиз эмас. Бундан бир қанча ҳолатлар истисно қилинади.

Аллома Шурунбулолий ўзининг “Нурул изоҳ” номли асарида шундай деган:
“Намоз ўқувчига муҳтож одам, оғир вазиятда нажот истаб чақириши сабабли намозни бузиши вожиб бўлади. Лекин (одатий ҳолатда) ота-онасининг чақириши билан намозни бузмайди (“Имом Таҳовий: "Бу гап фарзларга тегишли. Нафл намозларда бўлса, Ота-онаси унинг намозда эканини билиб чақирса, жавоб қайтармаса (намозни бузмаса), зарари йўқ. Агар ота онаси уни намоздалигини билмасдан чақирса, намозни бузиб, жавоб қайтаради"” “Мароқул фалаҳ”);

Доя туғиладиган боланинг ўлиб қолишидан қўрқса, намозни бузиши вожиб бўлади.

Намозни бузиш жоиз бўлган ўринлар қуйидагилар:

Ўзининг ёки ўзганинг бир дирҳам (тақрибан саксон минг, юз минг сўм)га тенг моли ўғирланса;

Қўйларига бўри ҳужум қилишидан қўрқса (ва шунга ўхшаш ҳолатларда);

Кўр киши чуқурга тушиб кетишидан қўрқиб уни қутқариш учун ёки шунга ўхшаган нарсалардан қўрқса (намозни бузиш жоиз)” Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати.
@diniysavollar

Савол йўллаш
🌐 https://savollar.muslim.uz
📲 @SavollarMuslimUzBot

▫️ Каналга уланиш
МАШИНАДА ЎТИРИБ НАМОЗ ЎҚИШ МУМКИНМИ?
#намоз

21-CАВОЛ:
Ассалому алайкум. Узоқ йўлга чиққанда машинада ўтириб намоз ўқиб кетса бўладими?

💬 ЖАВОБ:
Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳ. Уловга миниб намоз ўқиш ҳақида Мулла Али Қори шундай дейдилар: “Нафл намозларни шаҳар ташқариси (яъни, мусофир намозни қаср қиладиган ўринлар)да уловга минган ҳолда, қибладан бошқа томонга қараб ҳам имо ишора билан ўқиб кетиш мумкин. Имом Муслим, Абу Довуд ва Насоийлар Ибн Умардан ривоят қилган ҳадисда: “Набий саллаллоҳу алайҳи васалламни Хайбар томонга юзланиб, уловлари устида намоз ўқиётганини кўрдим”, дейилади. Бошқа ривоятда “...Бу ишни (яъни, уловда намоз ўқишни) фарзларда қилмас эдилар”, деб келади. Фарздан олдинги ва кейинги суннатлар ҳам нафллар қаторида бўлади. Фақат Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ бомдоднинг суннатини уловдан тушиб ўқийди, чунки у бошқаларига нисбатан таъкидланиб келган, деганлар.

Фарзларни, жумладан витрни ҳам уловда ўқиб бўлмайди. Фақат узр бўлсагина, уловдан тушса касали зиёда бўладиган бўлса, йиртқичдан ёки душмандан қўрқса ёки ер лой бўлиб, саждада юзи лойга ботиб кетадиган бўлсагина жоиз. Худди шундай, назр қилинган намозлар, бузиб қўйилган нафлнинг қазоси, жаноза намози, ерда тиловат қилинган сажда ояти уловга миниб адо этилмайди (“Фатҳи бабил иноя”).

Демак, фарз ва вожиб намозларни улов ва машиналарда ўтириб ўқиб бўлмайди. Нафл намозларни мусофирчиликда улов ва машиналарда ўтириб, қайси йўналишда кетаётган бўлса ҳам, ўқиса бўлади. Фақат уловни ёки машинани ҳайдаётган бўлмаслиги керак. Нафл намозларни муқимликда улов устида фақат қиблага қараб ўқиш мумкин. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати.
@diniysavollar

Савол йўллаш
🌐 https://savollar.muslim.uz || 📲 @SavollarMuslimUzBot

▫️ Каналга уланиш
ЖАНОЗА НАМОЗИДА САФЛАРНИНГ ТОҚ БЎЛИШИ
#жаноза

22-CАВОЛ:
Ассалому алайкум. Жаноза намозида уч, беш саф бўлиб, тоқ бўлиб сафланинглар, деб айтганларини эшитиб қоламиз. Бу ҳақда динимизда нима дейилган?

💬 ЖАВОБ:
Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳ. Ҳадиси шарифларда жаноза намозида сафлар учтага етиши маййитнинг кечирилишига сабаб бўлиши айтилган. Чунки жаноза намози маййитнинг ҳаққига дуо қилишдир. Унда қанча кўп одам иштирок этса, шунча фазилатли бўлади. Лекин сафларнинг тоқ бўлиши шарт қилинмаган, мабодо сафлар жуфт бўлиб қолса ҳам зарари йўқ. Бу мавзуда Аллома Муҳаммадамин ибн Обидин “Раддул Муҳтор” номли китобида шундай дейди: “Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва васаллам:

مَنْ صَلَّى عَلَيْهِ ثَلَاثَةُ صُفُوفٍ غُفِرَ لَهُ

“Кимнинг жанозасини уч саф мусулмонлар ўқиса, унинг гуноҳлари кечирилади”, - деганлар. Бу ҳадисни Имом Абу Довуд ривоят қилган ва ҳасан ҳадис, деган. Имом Ҳоким ҳам ривоят қилган ва Имом Муслимнинг шартига биноан саҳиҳ ҳадис, деган. Шунинг учун ҳам “Муҳит” китобидан айтилади:
“(Жанозада) уч саф қилиш мустаҳабдир. Агар жаноза ўқийдиганлар етти киши бўлса, бири олдинга чиқиб имом бўлади, орқасидан уч киши туради, кейинги қаторда икки киши, охирги қаторда бир киши туради””.

Демак, одам кам бўлсада сафларни учтага етказиш мустаҳаб амал экан. Сафлар учтадан ошиб кетгандан кейин унинг тоқ ёки жуфт бўлишининг фарқи йўқ. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати.
@diniysavollar

Савол йўллаш
🌐 https://savollar.muslim.uz
📲 @SavollarMuslimUzBot

▫️ Каналга уланиш
ИСТИНЖО ҚИЛА ОЛМАГАН КИШИНИНГ ҲУКМИ
#таҳорат

23-CАВОЛ:
Ассалому алайкум. Ота ёрдамга муҳтож бўлиб таҳорат қила олмаса, ўғил отанинг авратига қараши жоизмас, шунинг учун бошқа кишини ёллаб ёрдам бериш керак, дейишди. Бу масалага қандай жавоб берилади?

💬 ЖАВОБ:
Ва алайкум ассалом. Динимиздаги асосий қоидалардан бири шуки, Аллоҳ таоло бандаларига кучлари етадиган ишни буюради. Уларга тоқатидан ташқари мажбурият юкламайди. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

لَا يُكَلِّفُ اللَّهُ نَفْسًا إِلَّا وُسْعَهَا

“Аллоҳ ҳеч бир жонга тоқатидан ташқари нарсани таклиф этмайди...” (Бақара сураси, 286-оят).

Бошқа бир оятда эса:

وَمَا جَعَلَ عَلَيْكُمْ فِي الدِّينِ مِنْ حَرَجٍ

“... (Аллоҳ) динда сизларга бирор ҳараж (қийинчилик) қилмади”, дейилган (Ҳаж сураси, 78-оят).

Ибодатларда ҳам банда имкон даражасида ҳаракат қилади. Масалан, туриб намоз ўқий олмаса, ўтириб ўқийди. Ўтириб ўқий олмаса, ётиб ўқийди ва ҳаказо.

Сиз сўраган масала ҳақида “Фатавои Ҳиндия” китобида шундай дейилади: “Таҳорат қила олмайдиган касал кишининг хотини ёки чўриси бўлмаса, лекин ўғли ёки ака-укаси бўлса, уни таҳорат қилдириб қўяди. Истинжо қилдирмайди, чунки (ўғил отасининг) жинсий аъзоларини ушлаши мумкин эмас. Ундай кишидан истинжо соқит бўлади. “Муҳит”да шундай дейилган. Таҳорат қила олмайдиган аёлнинг эри бўлмаса, лекин қизи ёки синглиси бўлса, уни таҳорат қилдириб қўяди. Ундан истинжо соқит бўлади. “Фатаво Қозихон”да шундай келтирилган”.

Демак, ўзи истинжо қила олмайдиган эркакнинг фақат хотини, аёлнинг эса фақат эри истинжо қилдириб қўйиши мумкин. Хотини бўлмаган кишини хоҳ ўғли бўлсин, хоҳ ёлланган бегона киши бўлсин, истинжо қилдира олмайди. Бундай ҳолатда истинжо соқит бўлади. Лекин таҳорат қилдириб қўяди. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати.
@diniysavollar

Савол йўллаш
🌐 https://savollar.muslim.uz
📲 @SavollarMuslimUzBot

▫️ Каналга уланиш
САЖДАДА КЎЗНИ ЮМИШ МУМКИНМИ?
#намоз

24-CАВОЛ:
Ассалому алайкум. Намоз ўқиганда сажда ҳолатида кўзни юмиш мумкинми?

💬 ЖАВОБ:
Ваалайкум ассалом. Жумҳур уламолар намозда кўзни юмиш танзиҳий макруҳ амал дейишган. Чунки, Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:

إِذَا قَامَ أَحَدُكُمْ فِي الصَّلاَةِ فَلاَ يَغْمِضْ عَيْنَيْهِ

яъни, "Сизлардан бирингиз намозда турганда кўзини юммасин", деганлар (Имом Табароний ва Ибн Адий ривоят қилган).

Уламоларимиз мазкур ҳадисни шарҳлаб ҳар бир аъзони ибодатдан ўз ҳаққи бўлгани каби кўзни ҳам ҳаққини адо этиш керак, дейишган.
Фуқаҳоларимиз сажда ҳам намознинг бир бўлаги бўлгани эътиборидан унда кўзни юмиш макруҳ эканини айтишган.

Аллома Ибн Обидин (раҳимаҳуллоҳ) “Раддул муҳтор”да: “Агар намозхон фикрини жамлашлик, қалбини ҳозирлаб, хушуъга эришиш мақсадида кўзини юмишга тўғри келса буни макруҳлиги йўқ”, деганлар. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати.
@diniysavollar

Савол йўллаш
🌐 https://savollar.muslim.uz
📲 @SavollarMuslimUzBot

▫️ Каналга уланиш
КОЛГЕЙТ (Colgate) ТИШ ПАСТАСИ ҲАРОММИ?
#ҳалол_ва_ҳаром

25-CАВОЛ:
Ассалому алайкум хурматли устозлар! Яқинда ижтимоий тармоқларнинг бирида колгейт (colgate) тиш пасталари таркибида чўчқа ёғи бор экан деган хабарни ўқиб қолдим. Келтирилган рус сайтлари манбасидан бу маълумотни излаб топа олмадим. Биз оиламиз билан кўп йиллардан буён колгейт тиш пасталаридан фойдаланиб келамиз. Саволим шундан иборатки, интернет орқали ижтимоий тармоқларда тарқалган колгейт тиш пасталари хақидаги маълумотлар тўғрими, тўғри бўлса, шу кунгача ишлатиб келганимиз хукми қандай бўлади? Жавобингиз учун Рахмат.

💬 ЖАВОБ:
Ва алайкум ассалом. “Фалон тиш пастасида чўчқа ёғи бор, шунинг учун уни ишлатиш ҳаром” дейиш учун аниқ далил-ҳужжатлар етарли бўлиши керак. Етарли бўмаган ва исботини топмаган хабарларга асосланиб бирор махсулотни ҳаром ёки ҳалол дейиш эса жоиз эмас. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

وَلَا تَقُولُوا لِمَا تَصِفُ أَلْسِنَتُكُمُ الْكَذِبَ هَذَا حَلَالٌ وَهَذَا حَرَامٌ لِتَفْتَرُوا عَلَى اللَّهِ الْكَذِبَ إِنَّ الَّذِينَ يَفْتَرُونَ عَلَى اللَّهِ الْكَذِبَ لَا يُفْلِحُونَ

“Аллоҳ номидан ёлғон тўқиб, тилларингизга келган ёлғонни гапириб: «Бу ҳалол, бу ҳаром» деявермангиз! Чунки Аллоҳ шаънига ёлғон тўқийдиган кимсалар сира нажот топмагайлар” (Наҳл сураси, 116-оят).

Бизда бор маълумотларга кўра кўпгина тиш пасталари, шу жумладан колгейт (colgate) тиш пастасига Малайзия “Ҳалол” стандарти ҳамда “Таиланд Марказий Исломий мажлис”и томонидан “Ҳалол” сертификати берилган. Албатта, бу каби сертификатлар қаттиқ текширув ва назоратлардан кейин тақдим этилади. Шундан келиб чиқиб, колгейт (colgate) тиш пастасидан фойдаланишингиз мумкин. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати.
@diniysavollar

Савол йўллаш
🌐 https://savollar.muslim.uz
📲 @SavollarMuslimUzBot

▫️ Каналга уланиш
ПАЙҒАМБАРИМИЗНИНГ АМАКИЛАРИ НЕЧТА?
#сийрат

26-CАВОЛ:
Ассалому алайкум ҳурматли устозлар. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари 12 та деб ўқиганман. Баъзи маълумотларда 9 та деб берилган экан. Қайси бири тўғри? Илтимос шунга ойдинлик киритиб берсангиз.

💬 ЖАВОБ:
Ваалайкум ассалом. Барча сийрат уламолари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амакиларининг тўққиз нафар эканига иттифоқ қилишган. Улар қуйидагилар:

1) Ҳорис ибн Абдулмутталиб (онаси Сафий бинти Жундуб);
2) Зубайр ибн Абдулмутталиб (онаси Фотима бинти Амр);
3) Абу Толиб (исми Абдуманоф) ибн Абдулмутталиб (онаси Фотима бинти Амр);
4) Абу Лаҳаб (исми Абдулъуззо) ибн Абдулмутталиб (онаси Лубно бинти Ҳожир);
5) Ғайдоқ (ёки Ҳажл) ибн Абдулмутталиб (онаси Муманнаъа бинти Амр);
б) Муқаввим (ёки Абдулкаъба) ибн Абдулмутталиб (онаси Ҳола бинти Вуҳайб);
7) Зирор ибн Абдулмутталиб (онаси Нутайла бинти Жаноб);
8) Ҳамза ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳу (онаси Ҳола бинти Вуҳайб);
9) Аббос ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳу (онаси Нутайла бинти Жаноб).

Баъзилар: “Ўнта бўлган, ўнинчиси Қусамдир”, деса, айримлари: “Ўн Иккита бўлган ўнбиринчиси Абдулкаъба ўн иккинчиси Ҳажлдир", дейишади. Лекин муҳаққиқ уламолар: "Муқаввим билан Абдулкаъба битта одам, Ғайдоқ билан Ҳажл ҳам бир одамдир ва Қусам исмли амакиларининг бўлгани собит эмас”, дейдилар. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати.
@diniysavollar

Савол йўллаш
🌐 https://savollar.muslim.uz
📲 @SavollarMuslimUzBot

▫️ Каналга уланиш
ТАҲАЖЖУД НАМОЗИНИНГ ВАҚТИ ҲАҚИДА
#намоз #нафл_намозлар

27-CАВОЛ: Ассалому алайкум ҳурматли устозлар таҳажжуд намози қайси вақтда ўқилади?

💬 ЖАВОБ:
Ва алайкум ассалом. Хуфтон намозини ўқиб, бироз ором олгандан кейин ўқиладиган намоз таҳажжуд намози, дейилади. Таҳажжуд намозини бомдод вақти киргунича ўқиса бўлади. Кечанинг охирги учдан бир қисмида ўқимоқ афзалдир. Чунки, бу муборак вақтни баракали эканлиги ҳақида ҳадисда шундай дейилган:

عن أبي هريرة رضي الله عنه، أن النبي صلى الله عليه وسلم قال: "يَنْزِلُ رَبُّنَا تَبَارَكَ وَتَعَالَى كُلَّ لَيْلَةٍ إِلَى السَّمَاءِ الدُّنْيَا حِينَ يَبْقَى ثُلُثُ اللَّيْلِ الآخِرُ يَقُولُ: مَنْ يَدْعُونِي فَأَسْتَجِيبَ لَهُ مَنْ يَسْأَلُنِي فَأُعْطِيَهُ مَنْ يَسْتَغْفِرُنِي فَأَغْفِرَ لَهُ"
(رواه الإمام البخاري والإمام مسلم).

яъни: “Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: Роббимиз табарока ва таоло ҳар кеча туннинг охирги учдан бири қолганда бу дунё осмонига тушади. Сўнгра: "Ким Менга дуо қилади, Мен уни ижобат қиламан? Ким Мендан сўрайди, Мен унга сўраганини бераман? Ким Менга истиғфор айтади, Мен унинг гуноҳларини кечираман” дейди (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Нафл намозларининг энг афзали таҳажжуд ҳисобланади. Бу борада Пайғамбаримиз шундай деганлар: “Тунги намозда бардавом бўлинг. Чунки у сизлардан олдинги мўътабар зотларнинг одати эди. Тунги сажда инсонни Аллоҳга яқинлаштириб, йўл қўйган гуноҳларидан фориғ қилади, кўплаб касалликлардан қутқаради ва гуноҳу маъсият ишлардан қайтаради” (Имом Термизий ривояти).

Таҳажжуд намозининг энг ками 2 ракаат, кўпини чегараси йўқ. Баъзи уламолар саккиз ракаат ўқиса бўлади деганлар.

Таҳажжуд намозида маълум сураларни ўқиш шарт қилинмаган. Уни икки ёки тўрт ракаатдан ўқиса бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати.
@diniysavollar

Савол йўллаш
🌐 https://savollar.muslim.uz
📲 @SavollarMuslimUzBot

▫️ Каналга уланиш
БЕМОРЛАРНИ ЗИЁРАТ ҚИЛИШ
#Касал_кўриш

28-CАВОЛ:
Ассалому алайкум. Яқинда шом намозидан кейин касал кўргани борган эдим. Беморнинг яқинлари шомдан сўнг касал кўрилмайди, деб мени беморнинг олдига қўйишмади. Шу тўғрими?

💬 ЖАВОБ:
Ва алайкум ассалом. Шомдан кейин ҳам беморларни зиёрат қилса бўлади. Бунга қуйидаги ҳадис очиқ-ойдин далил ҳисобланади.

عن عَلِيٍّ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قال: سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: "مَنْ عَادَ مَرِيضًا بَكَرًا شَيَّعَهُ سَبْعُونَ أَلْفَ مَلَكٍ، كُلُّهُمْ يَسْتَغْفِرُ لَهُ حَتَّى يُمْسِيَ، وَكَانَ لَهُ خَرِيفٌ فِي الْجَنَّةِ، وَإِنْ عَادَهُ مَسَاءً شَيَّعَهُ سَبْعُونَ أَلْفَ مَلَكٍ، كُلُّهُمْ يَسْتَغْفِرُ لَهُ حَتَّى يُصْبِحَ، وَكَانَ لَهُ خَرِيفٌ فِي الْجَنَّةِ" (رواه الإمام أبو داود).

яъни: Ҳазрати Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
“Ким эрталаб касал кўргани борса, у билан бирга етмиш минг фаришта бирга боради ва кун ботгунича у учун истиғфор айтади. У жаннатда хурмо мевалари билан мукофотланади. Кун ботганидан кейин касал кўргани борган киши билан ҳам етмиш минг фаришта бирга боради ва тонг отгунча унга истиғфор айтади ҳамда у жаннатда хурмо мевалари билан мукофотланади” (Имом Абу Довуд ривояти).

Демак, кечаю кундуз беморларни зиёрат қилиш мумкин. Муҳими беморга малол келадиган вақтда зиёрат қилмаса бас. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати.
@diniysavollar

Савол йўллаш
🌐 https://savollar.muslim.uz
📲 @SavollarMuslimUzBot

▫️ Каналга уланиш
ТИЛЛА ТИШ ҚЎЙДИРИШ МУМКИНМИ?
#ҳалол_ва_ҳаром

29-CАВОЛ:
Ассалому алайкум. Мусулмон киши тилла ёки кумуш тиш қўйдириши мумкинми?

💬 ЖАВОБ:
“Мўтабар тўрт мазҳаб фуқаҳолари ҳам зарурат бўлганда тилла ва кумушдан тиш қўйдириш ёки қимирлаб қолган тишни мустаҳкамлашни жоиз деб билганлар” (Қувайт Фиқҳ энциклопедияси).

Кумуш тиш қўйиш дурустлигига мужтаҳид имомларимиз иттифоқ қилишган. Тилла тиш борасида Имом Аъзамдан икки хил (яъни, дуруст ва дуруст эмас, деган) ривоят келган (Имом Таҳовий, “Мушкилул осор”).

Имом Ҳоким “Мунтақо” китобида шундай дейди: “Агар бир кишининг тиши қимирлаб қолса ва уни тилла ёки кумуш билан мустаҳкамлаб қўйса, Имом Абу Ҳанифа ва Имом Абу Юсуф наздида зарари йўқ” (“Фатавои Ҳиндия”).

“Имом Муҳаммад қимирлаб қолган тишни тилла ёки кумуш билан мустаҳкамлашни жоиз кўрган” (“Раддул муҳтор”).

Бу масаланинг ечими борасида мазҳаб ичидаги мужтаҳид даражасига етган олим Имом Кархий, тишларни тилла билан қотириб қўйишни жоиз, деб билганлар (Бадоиус саноеъ).

Машҳур олим Зафар Аҳмад Усмоний шундай дейди: “Тилла тиш қўйишнинг жоизлиги биз моил бўлган ишдир. Имом Аъзам ҳақида, (иккинчи сўзларида) шу фикрга қайтганлар, деб биламиз”.

Қолаверса, салафи солиҳлардан Куфа амири Муғийра, Ҳасанул Басрий, Муса ибн Талҳа, Басра қозиси Абдуллоҳ ибн Ҳасан, Абу Ҳамза, Абу Навфал, Язийд Ришк раҳматуллоҳи алайҳим ва бошқаларнинг тилла тиш қўйдирганлари ва тишга тилла қоплаганлари ҳақидаги ривоятлар бор (Эълоус сунан).

Демак, зарурат бўлганда (яъни, фақат зийнат учун эмас, балки тишлар касалланганда) эркаклар ҳам тилладан тиш қўйдириши мумкин.

Тишлар қопланганда остига сув тегмай қолади, деган эътирозга олимлар: “Тишларнинг усти қопланиши “жабира” (жароҳат устига боғланган латта) ҳукмида бўлади ва остига сув тегмаса зарари йўқ. Киши қоплама тиш қўйдираётган пайтда таҳоратли бўлса, ҳар хил шубҳа ва мулоҳазаларга ўрин қолмайди”, деб жавоб берадилар. Таҳорат ва ғуслда қоплама тишнинг усти ювилса, остини ювгандек бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати.
@diniysavollar

Савол йўллаш
🌐 https://savollar.muslim.uz
📲 @SavollarMuslimUzBot

▫️ Каналга уланиш
ВИТРДА ҚУНУТ ДУОСИНИ УНУТИБ ҚОЛДИРИШ
#намоз

30-CАВОЛ:
Ассалому алайкум. Витр намозида қунут дуоси ёдимдан чиқиб, саждага кетибман. Намозим бузиладими ёки саждаи саҳв қилсам намозим комил бўладими?

💬 ЖАВОБ:
Ва алайкум ассалом. Намозингиз бузилмайди, намознинг охирида саждаи саҳв қилиш билан дуруст бўлиб кетади. Бу ҳақда “Фатавои Ҳиндия” китобида шундай дейилади:

وَمِنْهَا الْقُنُوتُ ، فَإِذَا تَرَكَهُ يَجِبُ عَلَيْهِ السَّهْوُ ، وَتَرْكُهُ يَتَحَقَّقُ بِرَفْعِ رَأْسِهِ مِنْ الرُّكُوعِ

“Витрда қунут дуосини ўқиш намознинг вожибларидан бири. Уни тарк қилиш саждаи саҳвни вожиб қилади. Рукудан бош кўтариши билан қунутни тарк қилган ҳисобланади”. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати.
@diniysavollar

Савол йўллаш
🌐 https://savollar.muslim.uz
📲 @SavollarMuslimUzBot

▫️ Каналга уланиш
ТЕЗАК ЁҚИБ НОН ПИШИРИШ ҲАҚИДА
#ҳалол_ва_ҳаром

31-CАВОЛ:
Ассалому алайкум. Саволим шуки, тезак (таппи)ни тандирга ёқиб нон қилса, шу нонни еса бўладими?

💬 ЖАВОБ:
Ва алайкум ассалом. Нажосатни поклашнинг бир қанча йўллари бор. Масалан, ювиш, артиш, ерга суртиш. Фуқаҳоларимиз ўзларининг фатво китобларида жумладан шундай дейдилар:

وَمِنْهَاالْإِحْرَاقُ ، السِّرْقِينُ إذَا أُحْرِقَ حَتَّى صَارَ رَمَادًا فَعِنْدَ مُحَمَّدٍ يُحْكَمُ بِطَهَارَتِهِ وَعَلَيْهِ الْفَتْوَى

“Нажосатни поклашнинг яна бир йўли ёқишдир. Тезакни ёқилса ва у кулга айланса, Имом Муҳаммаднинг наздида поклигига ҳукм қилинади. Шунга фатво берилган” (“Хулосатул фатаво”, “Фатавои Ҳиндия”).

Аллома Ҳаскафий эса бундай дейди:

( لَا ) يَكُونُ نَجِسًا ( رَمَادٍ قَذَرٍ ) وَإِلَّا لَزِمَ نَجَاسَةُ الْخُبْزِ فِي سَائِرِ الْأَمْصَارِ

“Тезакнинг кули нажас ҳисобланмайди. Акс ҳолда барча диёрларда нонни (тезак билан пишириш оқибатида) нажас бўлиши келиб чиқарди” (Дуррул мухтор).

سُعِّرَ التَّنُّورُ بِالْأَخْثَاءِ وَالْأَرْوَاثِ يُكْرَهُ الْخُبْزُ فِيهِ وَلَوْ رَشَّهُ بِالْمَاءِ بَطَلَتْ الْكَرَاهَةُ كَذَا فِي الْقُنْيَةِ .
Агар тандир тезак билан қиздирилса, унда нон ёпиш макруҳ, агар тандирга сув сепилса, макруҳлик йўққа чиқади. (“Фатавои ҳиндия”, “Қуня”)

Демак, тезак ёқиб нон пиширилса, нон пок ва истеъмолга яроқли ҳисобланади. Қолаверса, бу иш азалдан одамлар орасида оммавий эҳтиёжга айланган. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати.
@diniysavollar

Савол йўллаш
🌐 https://savollar.muslim.uz
📲 @SavollarMuslimUzBot

▫️ Каналга уланиш
ПОЧЧА ҚАЙИНСИНГИЛГА МАҲРАММИ?
#маҳрам

32-CАВОЛ:
Ассалому алайкум ҳурматли устозлар. Почча қайинсинглисига маҳрам бўладими?

💬 ЖАВОБ:
Ваалайкум ассалом. Почча қайинсингилга номаҳрам ҳисобланади. Шунинг учун қайинсингил ўз поччаси билан ёлғиз қолиши мумкин бўлмайди. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

وَأَنْ تَجْمَعُوا بَيْنَ الْأُخْتَيْنِ
«...Икки опа-сингилни қўшиб (никоҳлаб) олишингиз (ҳам ҳаром қилинди)» (Нисо, 23).

Агар киши никоҳидаги хотинини талоқ қилиб, иддаси чиқса ёки аёли вафот этса, унинг синглисига ё опасига уйланиши мумкин. Ҳазрат Усмон разияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир қизларига уйланганлар. У вафот этганидан кейин иккинчи қизларига уйланадилар. Шунинг учун у зотни «Зуннурайн», яъни «Икки нур соҳиби» дейилади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати.
@diniysavollar

Савол йўллаш
🌐 https://savollar.muslim.uz
📲 @SavollarMuslimUzBot

▫️ Каналга уланиш
САЛОМГА АЛИК ОЛМАСЛИК
#одоб-ахлоқ

33-CАВОЛ:
Ассалому алайкум ҳурматли устозлар. Аллоҳ таоло бошлаган ишларингизни хайрли қилсин. Саволим шуки, саломга алик олмаслик гуноҳ деб эшитдим. Шу тўғрими?

💬 ЖАВОБ:
Ва алайкум ассалом. Салом бериш суннатдир. Саломга алик олиш вожибдир. Икки мўмин бир-бирига дуч келганида, хоҳ таниш, хоҳ нотаниш бўлсин, салом беришлари савобли ишлардан ҳисобланади.

Саломни «Ассалому алайкум» ёки «Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ» деб тўлиқ айтиш лозим. Жавобда «Ва алайкум ассалом» ёки «Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ» дейилади. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

وَإِذَا حُيِّيتُمْ بِتَحِيَّةٍ فَحَيُّوا بِأَحْسَنَ مِنْهَا أَوْ رُدُّوهَا إِنَّ اللَّهَ كَانَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ حَسِيبًا

«Қачон сизларга бирор саломлашиш (ибораси) билан салом берилса, сизлар ундан чиройлироқ қилиб алик олингиз ёки ўша (ибора)ни қайтарингиз. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсани ҳисобга олувчи зотдир» (Нисо сураси, 86-оят).

عَنْ أَبِي أُمَامَةَ بْنِ سَهْلٍ ، عَنْ أَبِيهِ ، قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "مَنْ قَالَ : السَّلامُ عَلَيْكُمْ كُتِبَتْ لَهُ عَشْرُ حَسَنَاتٍ ، وَمَنْ قَالَ: السَّلامُ عَلَيْكُمْ وَرَحْمَةُ اللَّهِ كُتِبَتْ لَهُ عِشْرُونَ حَسَنَةً ، وَمَنْ قَالَ: السَّلامُ عَلَيْكُمْ وَرَحْمَةُ اللَّهِ وَبَرَكَاتُهُ كُتِبَتْ لَهُ ثَلاثُونَ حَسَنَةً" (رَوَاهُ الطَّبَرَانِي فِى الْمُعْجَمِ الكَبِيْرِ)

Абу Умома Суҳайл ибн Ҳанифдан, у отасидан ривоят қилади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ким “Ассалому алайкум” деса, унга ўнта яхшилик бор, ким “Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳ” деса, унга йигирмата яхшилик бор, ким “Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ” деса, унга ўттиз яхшилик бор”, дедилар» (Имом Табароний “Муъжамул кабир”да ривоят қилган).

Абдуллоҳ ибн Ҳорис разияллоҳу анҳу: «Агар бир киши бир қавмга салом берса, унга бир даража фазл бўлади. Агар қавм унга алик олмаса, фаришталар унга алик олишади ва у қавмни лаънатлашади», - деган.

Агар бир киши бошқа кишига бировдан салом айтиб юборса, ўртадаги одам саломни етказса, дарҳол жавоб бериш вожиб. Агар мактубда салом битилса, у ҳолда ҳам жавоб лозим бўлади. Баланд овозда салом берилади ва жавоб ҳам салом берувчига эшиттирилади. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Саломни ораларингизда ёйинглар», деганлар. Зеро, салом бериш билан бир-биримизга соғлик ва тинчлик неъматларини тилаймиз. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати.
@diniysavollar

Савол йўллаш
🌐 https://savollar.muslim.uz
📲 @SavollarMuslimUzBot

▫️ Каналга уланиш
НАМОЗ ЎҚИМАСЛИК ҲАҚИДА
#намоз

34-CАВОЛ:
Ассалому алайкум. Маҳалламиздаги ўзига тўқ кишилар хайр-эҳсон қилишади, етимларга ва кам таъминланган оилаларга ёрдам қилишади. Кўплаб хайрли ишларда ҳомийлик қиладилар. Аммо ўзлари намозини ўқимайди. Уларнинг охирати қандай бўлади?

💬 ЖАВОБ:
Ва алайкум ассалом. Мусулмон киши қандай солиҳ амал қилмасин, Аллоҳнинг ризосини топиш, савобга эришишни ният этса, Аллоҳ таоло унинг ниятига қараб савоб бераверади. Масалан, бир киши намоз ўқимаса-да, аммо хайру эҳсон, садақа қилиш билан Аллоҳдан савоб умид этса, намоз ўқимагани учун гуноҳкор бўлади, лекин хайру садақаси учун савоб олади.

Бироқ шуни яхши билиш керакки, хайру эҳсонлар туфайли эришилган савоблар тарк қилинган намоз эвазига орттирилган гуноҳга каффорат бўлмайди. Балки, мўмин киши ўқилмаган намозлар учун Аллоҳдан истиғфор сўраб, тавба қилиши ва бундан кейин бирор вақт ҳам намозни тарк қилмасдан ўқиши шарт. Бу оламлар парвардигори Аллоҳ таолонинг буйруғидир. У Зот Қуръони каримда шундай деган:

فَأَقِيمُوا الصَّلَاةَ إِنَّ الصَّلَاةَ كَانَتْ عَلَى الْمُؤْمِنِينَ كِتَابًا مَوْقُوتًا

“...намозни (мукаммал) адо этингиз. Зеро, намоз мўминларга вақти тайин этилган ва (фарз деб) битилгандир” (Нисо сураси, 103-оят).

Абу Қатода разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аллоҳ азза ва жалла: "Мен сенинг умматингга беш вақт намозни фарз қилдим. Мен ўзимга ўзим, ким уларни муҳофаза қилиб ўз вақтида ўқиб келса, албатта, жаннатга киритаман, деб аҳд бердим. Ким уларни муҳофаза қилмаса(яъни ўз вақтида ўқимаса), Менинг ҳузуримда унга аҳд йўқдир, деди", деб айтдилар". Абу Довуд ривоят қилган.

Дунё ҳаёти инсонга берилган имтиҳон муддати бўлиб, ҳеч ким умри қандай ҳолатда ниҳоясига етишини олдиндан билмайди. Шундай экан, инсон тавба ва истиғфорда бардавом бўлиб, аввало, ўзи учун, қолаверса, бошқалар учун ҳам Аллоҳдан солиҳ амалларга муваффақ қилишини, ҳаёти дунёда фарз амалларни адо этишга муяссар айлашини дуо қилиб сўрамоғи лозим. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати.
@diniysavollar

Савол йўллаш
🌐 https://savollar.muslim.uz
📲 @SavollarMuslimUzBot

▫️ Каналга уланиш