FATVO.UZ | Расмий канал
138K subscribers
1.07K photos
2.03K videos
4.38K links
Ўзбекистон мусулмонлари идораси қошидаги Фатво марказининг расмий телеграм канали

©Каналдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.

Колл марказ рақами: 781503344

Lotincha 👉 @fatvouzlotin

https://taplink.cc/diniysavollar
Download Telegram
ПУЛ БЕРИБ УСТАМА ҲАҚ ОЛИШ
#қарз

45-CАВОЛ: Ассалому алайкум. Кейинги пайтларда қарзга пул берувчилар орасида пул бериб устама ҳақ (фоиз) олиш кенг тарқалган. Натижада қарз олган кишилар қарзига қўшиб устамасини ҳам тўлайман, деб ночор аҳволларга тушиб қоляптилар. Бунинг шариатдаги ҳукми қандай бўлади?

💬 ЖАВОБ: Ва алайкум ассалом. Сўнгги пайтларда судхўрлик кўп учраб турибди. Улар ҳозирги маишатни кўзлаб, охират азобини унутиб қўймоқдалар. Натижада кўпчилик қарздорлар қийин аҳволга тушиб қолишмоқда.

Баъзилар буни худди тижорат каби касб, дейдилар. Аммо Аллоҳ таоло тижоратни ҳалол қилиб, рибони ҳаром қилган.

Судхўрлик энг катта гуноҳлардан. Қуръони каримда судхўрлик билан шуғулланувчиларга дунё ва охиратда аламли азоблар борлиги ҳақида огоҳлантирилган. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا لَا تَأْكُلُوا الرِّبَا أَضْعَافًا مُضَاعَفَةً وَاتَّقُوا اللَّهَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ

«Эй, имон келтирганлар! (Берган қарзларингизни) икки баравар ва ундан ҳам кўпайтириб, устама шаклида еб юбормангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Зора (шунда) толе топ-сангиз» (Оли Имрон сураси, 130-оят).

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам судхўрликни ҳалокатга олиб борувчи еттита гуноҳи кабиралардан бири эканлигини айтганлар. Ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам рибо еювчини ҳам, унга вакил бўлганни ҳам лаънатладилар” (Имом Муслим ривояти).

Самура ибн Жундуб разияллоҳу анҳу ривоят қилади: Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: “Бир куни тунда менинг олдимга икки киши келиб, мени муқаддас ерга (Байтул Мақдисга) олиб бордилар. Тепага кўтарилиб, тўлиб қон оқаётган дарё бўйига келдик. Дарё бўйида қўлига тош ушлаган бир киши турибди.

Дарёнинг ичида эса бир киши сузиб юрибди. Қирғоққа яқинлашиб, дарёдан чиқаман деса, қирғоқдаги киши унинг оғзига тош билан уради. У киши яна дарёнинг ўртасига бориб тушади. Яна чиқаман деб сузиб келади, яна тош отилади, яна орқага қайтади. Мен ёнимдагилардан дарёдаги киши кимлигини сўрадим, улар: бу судхўрлик қилган киши, деб жавоб бердилар».

Аллоҳ таборака ва таоло адли билан, киши кўзига зийнатли бўлиб кўринган барча ҳаром нарсалар ўрнига ҳалол нарсаларни ҳам ато этган. Масалан, рибони (судхўрликни) ҳаром қилган бўлса, ундан эваз қилиб, ҳалол тижоратга рухсат берган. Фолни ҳаром қилган бўлса, ўрнига истихора намозининг таълимини берган. Қиморни ҳаром қилиб, унинг эвазига мусобақада ғолиб бўлиб, мукофот олишни ҳалол қилди. Зинони ҳаром қилган бўлса, ўрнига никоҳлик турмушни ҳалол қилди. Маст қилувчи ичимликларни ҳаром қилиш эвазига бадан ва руҳга фойдали бўлган лаззатли шарбатларни ҳалол қилди.

Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий (с.а.в.)дан ривоят қиладилар:

فَخُذُوا مَا حَلَّ لَكُمْ ، وَذَرُوا مَا حَرَّمَ اللهُ (رواه ابن ماجه)

яъни: “...Сизларга нима ҳалол қилинган бўлса уни олинглар ва Аллоҳ ҳаром этган нарсани ташланглар” (Ибн Можа ривояти).

Демак, пул
қарз бериб, уни фоиз орқали кўпайтириб олиш шариатимизда қайтарилган. Ризқ инсонга Аллоҳ таоло томонидан берилган илоҳий неъмат экан, буни ҳалол йўллар билан излаш лозим бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати.
@diniysavollar

Савол йўллаш
🌐 https://savollar.muslim.uz
📲 @SavollarMuslimUzBot

▫️ Каналга уланиш
ҚАРЗ БЕРИШ ФАЗИЛАТИ ВА УНИНГ ҲУКМИ
#қарз

213-CАВОЛ: Биров қарз сўрасаю мен берсам, бу ҳам яхшиликми? Савоби қандай? Кейинчалик пулимни ололмасамчи?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Қарз беришнинг савоби жуда улуғ эканлиги ояти карималарда очиқ-ойдин баён қилинган. Албатта бунда қарз берувчи бирор дунёвий манфаатдан тама қилмаслиги шарт. Ажр умидида берилган қарзнинг савоби бир неча баробар кўпайтирилади ва гуноҳлар мағфират қилинади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

إنْ تُقْرِضُوا اللَّهَ قَرْضًا حَسَنًا يُضَاعِفْهُ لَكُمْ وَيَغْفِرْ لَكُمْ وَاللَّهُ شَكُورٌ حَلِيمٌ

яъни: “Агар сизлар Аллоҳга «қарзи ҳасана» берсангиз (муҳтожларга эҳсон қилсангиз), У сизларга бир неча баробар қилиб қайтарур ва (гуноҳларингизни) мағфират қилур. Аллоҳ миннатдор (оз олиб, кўп берувчи) ва ҳалимдир” (Тағобун сураси, 17-оят).

Ояти каримада “муҳтожларга эҳсон қилиш ва уларга чиройли
қарз бериш”ни “Аллоҳ таолога қарз бериш” дейилмоқда. Аллоҳ таоло бандасидан қарздор бўлиб қолмайди, балки бандага янада “яхшироғи”ни беради ва “улуғ ажр” билан мукофотлайди:

وَأَقْرِضُوا اللَّهَ قَرْضًا حَسَنًا وَمَا تُقَدِّمُوا لأَنفُسِكُم مِّنْ خَيْرٍ تَجِدُوهُ عِندَ اللَّهِ هُوَ خَيْرًا وَأَعْظَمَ أَجْرًا وَاسْتَغْفِرُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ غَفُورٌ رَّحِيمٌ

яъни: “...(мискинларга эҳсон қилиш билан) Аллоҳга «қарзи ҳасана» берингиз! Ўзларингиз учун тақдим қиладиган яхшиликни (қиёмат куни) Аллоҳнинг ҳузурида янада яхшироқ ва улуғроқ мукофот ҳолида топурсиз. Аллоҳдан мағфират сўрангиз! Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмлидир” (Муззаммил сураси, 20-оят).

Баъзи уламолар: “
Қарз бериш садақадан афзал”, – дейишган, чунки қарзни аксар ҳолатда муҳтож одам сўрайди. Киши қанча қарз берса, ҳар куни ўшанча садақа қилганни савобини олади. Бурайда ибн Ҳусайб ал-Асламий Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар:

مَن أنظَر معسرًا فله كل يومٍ مثله صدقةٌ، فقلت: يا رسول الله، سمعتك تقول: مَن أنظر مُعسرًا فله كل يومٍ مثليه صدقةٌ، قال له: كل يومٍ مثله صدقةً قبل أن يحل الدَّين، فإذا حل فأَنظَر فله كل يومٍ مثليه صدقةٌ (رواه الامام احمد)

яъни: “Ким камбағалга (
қарз) муддатини узайтирса, ҳар куни берган қарзи миқдорича садақа қилган бўлади”. Мен: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Сизнинг “Ким камбағалга (қарз) муддатини узайтирса, ҳар куни берган қарзининг икки баробарида садақа қилган бўлади”, деганингизни эшитгандим”, – дедим. Шунда У Зот алайҳиссалом: “Дайн (насияга сотилган нарсанинг пулини тўлаш) вақти келгунча – бир баробар. Муддат тўлиб, яна уни узайтирса, қарзнинг икки баробарида садақа қилган бўлади” – дедилар. (Имом Аҳмад ривояти).

Қарздорга муҳлат бериш ёки қарзни кечиш банданинг авф қилиниши ва Қиёматда гуноҳларидан ўтилишига сабаб бўлади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

كان رجل يداين الناس فكان يقول لفتاه: إذا أتيت معسرا فتجاوز عنه لعل الله أن يتجاوز عنا، قال: فلقي الله فتجاوز عنه (رواه الامام البخاري عن أبي هريرة رضي الله عنه)

яъни: “Бир киши одамларга
қарз берар эди ва хизматкорига: “Қарзини узишга қийналган кишининг ёнига (қарзни сўраб борсанг), ундан (қарзини) кечгин, шоядки Аллоҳ ҳам биздан (гуноҳларимизни) кечса”, – дер эди”. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “У Аллоҳга йўлиқди ва унинг гуноҳларини кечди”, – дедилар” (Имом Бухорий ривояти).

Бошқа ҳадиси шарифда қарздорга муҳлат берган ёки қарзни кечган кишини Аллоҳ таоло соя бўлмайдиган кунда, яъни Қиёматда соялантиради:

من أنظر معسرا أو وضع عنه أظله الله في ظله (رواه الامام مسلم عن أبي اليسر رضي الله عنه)

яъни: “Ким камбағалга муҳлат берса ёки қарзни кечса, Аллоҳ уни ўз соясида соялантиради” (Имом Муслим ривояти).

Шариатимизда
қарз орқасидан фойда кўриш, берган пулига пул ёки бошқа нарса қўшиб олиш мумкин эмас. Бу рибо ҳисобланади. Мазҳаббошимиз Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг таржимаи ҳолларида келтирилишича, у зот рибодан қўрқиб, қарздор кишининг дарахти остида сояланмас эдилар (“Хайротул ҳисан” китоби).
42-savol
Fatvo hay'ati
ВАФОТ ЭТГАН КИШИНИНГ ҚАРЗИ
#қарз

42-CАВОЛ
▫️ Каналга уланиш
45-savol
Fatvo hay'ati
ПУЛ БЕРИБ УСТАМА ҲАҚ ОЛИШ
#қарз

45-CАВОЛ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати.
@diniysavollar
ВАФОТ ЭТГАН КИШИНИНГ ҚАРЗЛАРИНИ ЗИММАГА ОЛИШ
#қарз

258-CАВОЛ: Жаноза намози ўқиш олдидан имом-домла марҳумнинг яқинларидан бирини чақириб: “Маййитнинг олди-бердилари бўлса зиммангизга оласизми?” – деб сўрайди. Маййитнинг эгаси марҳумнинг қарзларини зиммасига олгандан кейин жаноза ўқилади. Қарзларни зиммасига олган киши тўлаб берадими, у зиммасига олиши билан маййит “ҳаққул абд (банданинг ҳаққи)”дан холос бўладими?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Вафотидан кейин ўзидан мол қолдирган маййитнинг қарзига кафил бўлиш жоизлиги борасида ҳеч қандай ихтилоф йўқ. Қарзларни зиммасига олган маййитнинг эгаси ёки бошқа шахс бўлсин маййитнинг мерос қолдирган молидан қарзларни адо қилиб беради. Қарзлар адо бўлиши билан маййит “ҳаққул абд”дан халос бўлади.
Энди қарзларини тўлашга мол қолдирмаган ёки тириклигида қарзларни тўлашга кафил тайинламаган маййитга келсак, унинг қарзларини зиммага олиш дуруст ёки дуруст эмаслиги масаласида мазҳабимиз мужтаҳид уламолари турлича йўл тутганлар.
Аллома Алоуддин Косоний раҳимаҳуллоҳ бу ҳақда шундай дейдилар:
عِنْدَ أَبِي حَنِيفَةَ فَلَا تَصِحُّ الْكَفَالَةُ بِالدَّيْنِ عَنْ مَيِّتٍ مُفْلِسٍ عِنْدَهُ وَعِنْدَ أَبِي يُوسُفَ وَمُحَمَّدٍ تَصِحُّ .
яъни: “Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ наздларида мол қолдирмаган маййитнинг қарзидан кафил бўлиш дуруст бўлмайди. Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад наздларида дуруст бўлади” (“Бадоеъус саноеъ” китоби).
Лекин агар қарзга кафил бўлган киши у хоҳ маййитнинг қариндоши бўладими, хоҳ бегонами қарзларни ўзининг ҳисобидан тўлаб берса, ҳамма уламоларимиз наздида жоиз бўлади, маййит қарздан яъни “ҳаққул абд”дан қутилади. Ўзининг ҳисобидан қарзни адо қилган киши катта ажрга эришади.
Содда қилиб айтсак, Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг наздларида қарзларини тўлашга мол қолдирмаган маййитнинг қарзларини тўлайман, зиммамга оламан дейиш шаръан эътиборга олинмайди. Шу гапни айтса ҳам қарзни тўлаш унинг зиммасига тушмайди ва маййит “ҳаққул абд”дан озод бўлмайди. Лекин қарзларни зиммасига олган киши ўзининг ҳисобидан тўлаб берса, жоиз. Бу ҳолатда маййит ҳам “ҳаққул абд”дан халос бўлади.
Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммадларнинг (раҳматуллоҳи алайҳим) наздларида мол қолдирмаган маййитнинг қарзларига кафил бўлиш дуруст. Яъни, у қарздор маййитнинг зиммаси (масъулияти)ни ўз зиммасига қўшган бўлади ва қарзларни тўлаб бериши шарт бўлиб қолади.
“Фатовои ҳиндия” китобида бу мавзуда шундай дейилган:
فَلَا تَصِحُّ الْكَفَالَةُ بِالدَّيْنِ عَنْ مَيِّتٍ مُفْلِسٍ عِنْدَهُ وَعِنْدَ أَبِي يُوسُفَ وَمُحَمَّدٍ رَحِمَهُمَا اللَّهُ تَعَالَى تَصِحُّ كَذَا فِي الْبَدَائِعِ ، وَالصَّحِيحُ قَوْلُ أَبِي حَنِيفَةَ رَحِمَهُ اللَّهُ تَعَالَى كَذَا فِي الزَّادِ وَلَوْ تَرَكَ مَالًا جَازَ بِمِقْدَارِهِ كَذَا فِي مُحِيطِ السَّرَخْسِيِّ .
яъни: “Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ наздида қарзини тўлашга мол қолдирмаган маййитнинг қарзига кафил бўлиш дуруст бўлмайди. Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммадларнинг (раҳматуллоҳи алайҳим) наздларида эса бундай кафиллик дуруст ҳисобланади (“Бадоеъ” китобида шундай келган). Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг сўзлари тўғри (саҳиҳ)дир (“Зодул фуқаҳо” китобида шундай дейилган). Агар маййит қанча мол қолдирган бўлса, ўшанча миқдорида кафил бўлиш жоиз (“Муҳити Сарахсий” китобида шундай дейилган)” (“Фатовои ҳиндия” китоби, “Кафолатнинг тарифи, рукни ва шартлари” боби).
Кўпинча жанжалга сабаб бўладиган ҳолат: ҳақдорлар жаноза пайтида маййитнинг қарзларига кафил бўлган кишини ушлаб олиб, қарзларни тўлашга мажбур қилишмоқчи бўлишади. Қарзларни тўлашга мол қолмаган бўлса, бу масалада Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг сўзларига амал қилинади. Яъни, кафил бўлган киши ўз ҳисобидан тўлаб берса, дуруст. Тўлаб бермаса, уни тўлашга мажбур қилиб бўлмайди.
ВАФОТ ЭТГАН ИНСОННИНГ ЗИММАСИДА КАТТА МИҚДОРДАГИ ҚАРЗДОРЛИК БЎЛСА УНИ ҚАНДАЙ ҲАЛ ҚИЛИНАДИ?
#қарз

466-CАВОЛ: Бир инсон жуда катта (масалан, бир миллион доллар) қарз билан вафот этди. Яқинлари умр бўйи ҳам уни тўлашга қодир бўлишмайди. Бу вазиятда қарз берган одам ва қарздор орасидаги ҳукм қандай чиқарилади?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Банданинг зиммасидаги ҳақлар икки қисмга бўлинади.
1. Банданинг зиммасидаги Аллоҳ таолонинг ҳаққи.
2. Банданинг зиммасидаги банданинг ҳаққи.
Банда Аллоҳ таолонинг ҳақларини камчиликка йўл қўймай адо қиладиган бўлса, қиёматда ажру мукофотини олади. Агар банда Аллоҳнинг ҳақларини бажармасдан нуқсонга йўл қўйса, Аллоҳ хоҳласа уни ўз адли билан жазолайди, хоҳласа ўз фазли билан унинг гуноҳларини кечиб юборади.

إن الله لا يغفر أن يشرك به ويغفر ما دون ذلك لمن يشاء

“Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтиришни кечирмас. Ундан бошқа гуноҳни , кимни хоҳласа, кечиради” (Нисо сураси 48-оят)

Имом Ибн Аби Ҳотим ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга ширк келтирмай вафот этган ҳар бир жон мағфиратга сазовордир. Аллоҳ хоҳласа, уни азоблайди, хоҳласа кечиради. Албатта, Аллоҳ ўзига ширк келтирилишини кечирмайди. Ундан бошқа гуноҳни, кимни хоҳласа кечиради”, - дедилар.

Аммо банданинг зиммасида бошқа бандаларнинг ҳаққи бўлса, бу ҳақларни адо қилмагунча ёки ҳақдор бўлган банда ҳаққидан кечмагунча Аллоҳ ҳам кечмайди. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Муфлис кимлигини биласизларми?” дедилар. “Муфлис – дирҳами ҳам, матоси ҳам йўқ кишидир”, дейишди. Шунда У зот “Умматимдан чиққан муфлис, қиёмат куни рўза, намоз ва закот билан келадиган, буни обрўсига тил теккизган, бунисига эса туҳмат қилган, унисининг эса молини (ноҳақ) еган кишидир. Уни ўтирғизиб қўйишади, унинг бунинг ҳасанотидан қасос (сифатида) олиб берилади, бунга ҳам унинг ҳасанотидан олиб берилади. Агар унинг ҳасанотлари (ҳақ эгаларининг) ҳақларини олиб беришдан олдин тугаб қолса, уларнинг гуноҳларидан олиниб, унга қўшиб қўйилади. Сўнгра дўзахга ташланади”, дедилар (Имом Муслим ривоят қилган).

Қарздор киши вафот этадиган бўлса, аввало ундан қолган бор мол-мулкидан унинг қарзи тўланади, қолганини меросхўрлар ўртасида тақсимлаб берилади. Агар вафот этган кишининг мол-мулки қарзларига етмаса, етганича ҳақдорларга тақсимлаб берилади, етмай қолган қисмини меросхўрлар тўлаши вожиб эмас. Балки бу ҳақ қиёматда Аллоҳ таоло у билан ҳақдорларининг ўртасида ҳукм қилгунча зимасида қолади.

Аммо, майитнинг меросхўрлари, қариндош уруғлари, дўсту биродарлари майитнинг зиммасида қолган қарзни тўлашга ёрдам беришлари афзалдир.

Агар майитнинг ҳеч қандай мол мулки қолмаса, меросхўрлари, қариндош уруғлари, дўсту биродарлари ҳам унинг зиммасидаги қарзини узишни уддасидан чиқа олишмаса ва у майит қарз олаётганида қарзни қайтариш ниятида олган бўлса, Аллоҳ таоло қиёмат куни унинг қарзини узишини умид қилинади.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким инсонларнинг молини қайтариш ниятида (ҳалол бўлган йўл билан) олса, Аллоҳ унинг номидан қайтаради (яъни, қайтаришида Аллоҳ ёрдамчи бўлади). Ким инсонларнинг молини ҳалокатга учратиш ниятида олса, Аллоҳ (у молни) ҳалокатга учратади (ёрдамсиз ўз ҳолига ташлаб қўяди)”, дедилар.(Имом Бухорий ривоятлари).

Демак, киши инсонларнинг молини қарзгами, ижарагами ёки бошқа ҳалол йўл билан қайтариб бериш ниятида олса, Аллоҳ таоло у инсон олган нарсасини дунёда қайтариб беришида ёрдамчи бўлади, агар дунёда қайтаришга имкон топа олмаса, нияти тўғри бўлгани учун Аллоҳ таоло қиёмат куни унинг ҳақдорларини Ўзи рози қилади.

Лекин одамларга фириб бериш учун уларни молини олиш ва тўлаш учун мол қолдирмасдан вафот этиш катта гуноҳдир. Охиратда эса қарзини савоблари билан тўлаб беришига тўғри келади. Бу нарсадан Аллоҳ таоло барчамизни сақласин. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати
. @diniysavollar

Савол йўллаш
📲 @SavollarMuslimUzBot

▫️ Каналга уланиш▫️
ҚАРЗДОР ҲОЛАТИДА ДУНЁДАН ЎТИШНИНГ ХАТАРЛАРИ ҲАҚИДА
#қарз

642-CАВОЛ: Отам бир тадбиркор инсонга қайтариб бериш шарти билан иши учун катта миқдорда пул қарз бергандилар. Минг афсуслар бўлсинки, у инсон фирибгар бўлиб чиқди. Айтингчи, шунақанги инсонларнинг Қиёмат куни ҳукми ва қабрдаги ҳолати қандай бўлади? Қандай қилиб шу инсондан пулимизни олсак бўлади? Aллоҳ ризолиги учун маслаҳат беринг.

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Аллоҳ таоло "Нисо" сурасида марҳамат қилади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ لاَ تَأْكُلُواْ أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ

«Эй иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг» (29-оят).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда: “Мўминнинг руҳи то адо этилмагунча, қарзига боғлиқ бўлиб туради”, деганлар.

Бошқа ҳадисларда айтилишича, маййит ҳатто шаҳид бўлса ҳам, қарзи туфайли ўз даражасига эриша олмай туради. Фақат яқинлари унинг қарзини адо этганларидан кейингина шаҳидларга ваъда қилинган мартабаларга эришади.

Фараз қилайлик, қарзи бор, аммо уни узишга ортида бирор нарсаси йўқ одамнинг ҳоли нима бўлади? Бундай ҳолда вафот этган одам Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги энг катта гуноҳ бўлмиш ширкдан кейинги ўринда турадиган гуноҳни қилиб ўлган бўлади. Бунга далил қуйидаги ҳадисдир:

عَنْ أَبِي مُوسَى رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِنَّ أَعْظَمَ الذُّنُوبِ عِنْدَ اللهِ أَنْ يَلْقَاهُ بِهَا عَبْدٌ بَعْدَ الْكَبَائِرِ الَّتِي نَهَى اللهُ عَنْهَا أَنْ يَمُوتَ رَجُلٌ وَعَلَيْهِ دَيْنٌ لَا يَدَعُ لَهُ قَضَاءً». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аллоҳнинг наздида Аллоҳ қайтарган кабира гуноҳлардан кейинги энг оғир гуноҳ бир кишининг зиммасидаги қарзини узишга нарса қолдирмай ўлиб, У Зотга рўбарў бўлишидир", дедилар". (Имом Абу Довуд ривояти).

Бировдан олган қарзини узмасдан ёки уни узишга имкон қолдирмасдан ўлиб кетишдан оғир нарса йўқлигини баён қилиш учун бу сўзлардан ортиқ ифода топилмаса керак.

عَنْ جَابِرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لَا يُصَلِّي عَلَى رَجُلٍ مَاتَ وَعَلَيْهِ دَيْنٌ، فَأُتِيَ بِمَيِّتٍ، فَقَالَ: «أَعَلَيْهِ دَيْنٌ؟» قَالُوا: نَعَمْ دِينَارَانِ، قَالَ: «صَلُّوا عَلَى صَاحِبِكُمْ»، قَالَ أَبُو قَتَادَةَ: هُمَا عَلَيَّ يَا رَسُولَ اللهِ، فَصَلَّى عَلَيْهِ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، فَلَمَّا فَتَحَ اللهُ عَلَى رَسُولِهِ قَالَ: «أَنَا أَوْلَى بِكُلِّ مُؤْمِنٍ مِنْ نَفْسِهِ، فَمَنْ تَرَكَ دَيْنًا فَعَلَيَّ قَضَاؤُهُ، وَمَنْ تَرَكَ مَالًا فَلِوَرَثَتِهِ». (رَوَاهُ الامام الترمذي)

Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам зиммасида қарзи бўла туриб ўлган одамга жаноза намози ўқимас эдилар. Бир маййит олиб келинди. У Зот: "Унинг зиммасида қарз борми?" дедилар. "Ҳа, икки динор", дейишди. "Соҳибингизга ўзингиз жаноза ўқинг", дедилар. "Ўша икки динор менинг зиммамга, эй Аллоҳнинг Расули", деди Абу Қатода. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у(маййит)га жаноза ўқидилар. Аллоҳ Ўз Расулига фатҳ ато қилганидан кейин: "Мен ҳар бир мўмин учун унинг ўзидан ҳам яқинман. Ким қарз қолдирса, уни адо этиш менинг зиммамда. Ким мол тарк қилса, меросхўрларига", дедилар". (Имом Термизий ривояти).

Бу ҳадиси шариф зиммасида қарзи бўлатуриб ўлиш ўзига яраша муомала талаб қилишини кўрсатади.

وَلِلنَّسَائِيِّ: وَالَّذِي نَفْسِي بِيَدِهِ لَوْ أَنَّ رَجُلًا قُتِلَ فِي سَبِيلِ اللهِ ثُمَّ أُحْيِيَ، ثُمَّ قُتِلَ ثُمَّ أُحْيِيَ، ثُمَّ قُتِلَ وَعَلَيْهِ دَيْنٌ مَا دَخَلَ الْجَنَّةَ حَتَّى يُقْضَى عَنْهُ دَيْنُهُ

Насоий қилган ривоятда: "Менинг жоним қўлида бўлган Зот ила қасамки, агар бир киши Аллоҳнинг йўлида қатл қилинса, сўнг тирилтирилса, яна қатл қилинса ва тирилтирилса, сўнг яна қатл қилинса-ю, унинг зиммасида қарзи бўлса, қарзи адо этилмагунча жаннатга кирмас", дейилган. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати
. @diniysavollar

Савол йўллаш
📲 @SavollarMuslimUzBot

Telegram | Instagram | Facebook | Tiktok
ҚАРЗНИНГ ТАЪРИФИ ВА АҲКОМЛАРИ
#қарз

661-CАВОЛ: Ҳозирги кунга келиб одамлар қарз олишни бир касб каби амал қилиб олишган. Аслида қарз олиш ҳақида шариатимиз нима дейди?

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Қарз сўзи луғатда «кесиш» маъносини билдиради, чунки қарз берувчи қарз олувчига ўз молининг бир қисмини кесиб беради. Шариат истилоҳида эса фойдаланиб, мислини қайтариб берувчи кишига мол беришга қарз дейилади”.
Шариатда қарз бериш суннат ва ижмоъ билан собит бўлган ишдир. Чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам қарз олди-берди муомаласини қилганлар.

Абу Робиъа Махзумий отасидан, у бобосидан ривоят қилади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳунайн куни мендан ўттиз ёки қирқ минг қарз олдилар. Ҳунайндан қайтгач, қарзларини менга қайтардилар. Сўнг: “Аллоҳ аҳлинг ва молинга барака берсин! Қарзнинг мукофоти уни тўлаш ҳамда раҳмат айтишдир”, дедилар.

Шу ўринда бир нарсани таъкидлашлик лозимки, саволда айтилганидек ҳозирги кунда баъзи кишилар қарз олишни ўзларига касб қилиб олиб, қарзни қайтаришга келганда турли баҳоналар билан қарз берувчини дилини оғритиши, фирибгарлик қилиб бермай кетишига гувоҳ бўлмоқдамиз. Шу сабабли қарз олувчининг қарз олиш асносида нияти муҳим ўрин тутади. Чунки, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар:

«من أخذ أموال الناس يريد أداءها، أدى الله عنه، ومن أخذ يريد إتلافها، أتلفه الله»

“Ким (қарзини) адо қилишни ирода қилиб одамлардан мол олса, Аллоҳ унинг тарафидан адо қилади (тўлаш сабабларини муҳайё қилиб қўяди), ким талофат етказишни ирода қилиб олса, Аллоҳ унга талофат етказади” (Имом Бухорий ривояти).

Қолаверса, қарзни муҳтож бўлганда олинади. Эҳтиёж қондирилгач, имкон қадар тезлик билан қарзни қайтариш керак. Имкони бўла туриб қарзни қайтармаслик ҳақида Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам:

مطل الغني ظلم

“Бой (қодир) бўлатуриб қарзни кечиктириш зулмдир”, деганлар (Муттафақун алайҳ).

Юқоридаги маълумотлардан хулоса қилиб айтамизки, қарз олди бердисида ниҳоятда эҳтиёткорлик билан муомала қилиш лозимдир. Қарз олгач, уни тезроқ қайтаришга ҳаракат қилиш керак бўлади. Чунки, қарз олиб, бермасдан вафот топган киши борасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

من فارق الروح الجسد، وهو بريء من ثلاث دخل الجنة: من الكبر، والغلول، والدين

“Кимнинг руҳи уч нарсадан: кибрдан, ўлжага хиёнатдан ва қарздан холи бўлиб жасадидан ажраса, жаннатга киради”. Ибн Можа ривоят қилган. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати
. @diniysavollar

Савол йўллаш
📲 @SavollarMuslimUzBot

YouTube | Instagram | Facebook | Tiktok