FATVO.UZ | Расмий канал
138K subscribers
1.07K photos
2.03K videos
4.38K links
Ўзбекистон мусулмонлари идораси қошидаги Фатво марказининг расмий телеграм канали

©Каналдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.

Колл марказ рақами: 781503344

Lotincha 👉 @fatvouzlotin

https://taplink.cc/diniysavollar
Download Telegram
НАМОЗГА КИРИШДА ҚЎЛЛАР ҚАЕРГАЧА КЎТАРИЛАДИ?

#намоз

203-CАВОЛ: Ҳурматли устозлар, мен намоз ўқишни яқинда бошладим. Намозга киришда қўлларни қулоқ баробаригача кўтариладими? Бу ҳақда ҳадисларда нима дейилган?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Намозга киришда қўллар қулоқ баробаригача кўтарилиб, қўлнинг бош бармоғи қулоқнинг юмшоғига етказилади ва такбири таҳрима – “Аллоҳу акбар” лафзини айтиб намозга кирилади. Қўллар кўтарилганда кафтнинг ички томони Қиблага қаратилиб, бармоқлар бироз очилган ҳолатда бўлади.
Намозга киришда қўллар қулоқ баробаригача кўтарилиши ҳақида бир қанча ҳадислар келган бўлиб, қуйида улардан баъзиларини келтирамиз:

عَنْ وَائِلِ بْنِ حُجْرٍ رضي الله عنه،"أَنَّهُ رَأَى النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، رَفَعَ يَدَيْهِ حِينَ دَخَلَ فِي الصَّلَاةِ كَبَّرَ، وَضَعَهُمَا حِيَالَ أُذُنَيْهِ" (رواه الإمام مسلم)

яъни: “Воил ибн Ҳужр разияллоҳу анҳу: “Мен Набий саллаллоҳу алайҳи васалламни намозга киришда такбир айтиб, қўлларини кўтариб, қулоқлари баробарига кўтарганларини кўрдим”, – дедилар (Имом Муслим ривояти).

عَنْ مَالِكِ بْنِ الْحُوَيْرِثِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَ إِذَا كَبَّرَ رَفَعَ يَدَيْهِ حَتَّى يُحَاذِيَ بِهِمَا أُذُنَيْهِ" (رَوَاهُ الإمَامُ مُسلمٌ)

яъни: “Молик ибн Ҳувайрис разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам қачон (намозга кириш учун) такбир айтсалар, икки қўлларини қулоқлари баробарига кўтарар эдилар” (Имом Муслим ривояти).

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا إِفْتَتَحَ الصَّلاَةَ كَبَّرَ ثُمَّ رَفَعَ يَدَيْهِ حَتَّى يُحَاذِيْ إِبْهَامَيْهِ أُذْنَيْهِ (رواه الإمام الحاكم والإمام الدارقطني).

яъни: Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам намозга киришда такбир айтиб, икки бош бармоқларини қулоқлари баробаригача кўтарар эдилар” (Имом Ҳоким ва Имом Дорақутний ривоятлари).

Уламоларимиз: “Ҳадисларда келган “қўлни қулоқ баробарига кўтариш”дан мақсад – уни қулоққа теккизишдир, чунки қулоқнинг юмшоғига қўл тегиши қўлнинг қулоқ баробарига кўтарилганининг аниқ белгисидир”, – деганлар. Бу ҳақда “Ал Баҳрур-роиқ шарҳи канзуд-дақоиқ” китобида қуйидагилар айтилган:

وَالْمُرَادُ بِالْمُحَاذَاةِ، أَنْ يَمَسَّ بِإِبْهَامَيْهِ شَحْمَتَيْ أُذُنَيْهِ، لِيَتَيَقَّنَ بِمُحَاذَاةِ يَدَيْهِ بِأُذُنَيْهِ

яъни: “Ҳадисдаги тенглаштиришдан мақсад – икки қўлни қулоқларга тенглашганига ишонч ҳосил қилиш учун икки бош бармоқни қулоқларнинг юмшоқ жойига теккизилади”.

Намозга киришда икки қўлни қулоқ юмшоғига теккизиш ҳақида “Дуррул Мухтор” китобида қуйидагилар айтилади:

مَاسًا بِإِبْهَامَيْهِ شَحْمَتَيْ أُذُنَيْهِ، هُوَ الْمُرَادُ بِالْمُحَاذَاةِ، لِأَنَّهَا لَا تُتَيَقَّنُ إِلَّا بِذَلِكَ

яъни: “Икки бош бармоқни қулоқларнинг юмшоқ жойига теккизган ҳолатда такбир айтиш – ҳадислардаги тенглаштиришдан кўзда тутилган нарса шудир. Чунки бусиз тенглашганига ишонч ҳосил бўлмайди”.

Хулоса қилиб айтганда, намозга киришда такбири таҳрима айтилади ва унда қўллар қулоқ баробарича кўтарилади. Бу ҳанафий мазҳабимиз уламоларининг ижтиҳодлари бўлиб, бу борада Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан кўплаб саҳиҳ ҳадислар ривоят қилинган. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатво ҳайъати. @diniysavollar

Савол йўллаш
🌐 https://savollar.muslim.uz
📲 @SavollarMuslimUzBot

▫️ Каналга уланиш

©Каналдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.

Дин ва ҳаётга оид саволлар
savollar.muslim.uz веб-саҳифанинг
телеграмдаги расмий каналига хуш келибсиз!
ТУЯҚУШ ГЎШТИ ҲАЛОЛМИ?

#ҳалол-ҳаром

204-CАВОЛ: Ассалому алайкум. Хозирда туяқуш (straus) боқиш ва фойда кўриш урф бўлмоқда. Саволим шуки, туяқуш гўштини истеъмол қилиш динимизда ҳалолми?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Туяқуш – истеъмол қилиш шаръан мумкин бўлган қушлардан саналади. Бу борада барча мазҳаб фуқаҳолари иттифоқ қилишган. Аллоҳ таоло барча покиза нарсаларни инсонларга ҳалол қилган бўлиб, бу ҳақида Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

يَسْأَلُونَكَ مَاذَا أُحِلَّ لَهُمْ قُلْ أُحِلَّ لَكُمُ الطَّيِّبَاتُ

яъни: “Сиздан (ўзларига) ҳалол қилинган нарсалар ҳақида сўрайдилар. Айтинг: “Сизларга покиза нарсалар ҳалол қилинди” (Моида сураси, 4-оят).

Ушбу умумий ҳалол қилинган ҳайвонлардан шариатда истисно қилинганларини истеъмол қилиш жоиз эмас. Буни қуйидаги каби ривоятлардан билиб оламиз:

عَنْ ابنِ عَبَّاسٍ رضي الله عنه قَالَ أَنَّ النَّبِيَّ عَلَيْهِ الصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ "نَهَى عَنْ كُلِّ ذِي نَابٍ مِنَ السِّبَاعِ ، وَعَنْ كُلِّ ذِي مِخْلَبٍ مِنَ الطَّيْرِ" (رَوَاهُ الإمَامُ مُسْلِمٌ) .

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: “Набий алайҳиссолату вассалом йиртқич ҳайвонлардан озиқ тиши борлари ва ўткир тирноқли қушлар (ни гўштини ейиш)дан қайтардилар” (Имом Муслим ривояти).

Уламоларимиз мазкур ҳадисдаги: “ўткир тирноқли қушлар”дан мурод — тирноқлари билан ов қилиб, унинг гўшти билан озиқланадиган бургут, лочин, қирғий каби қушлар тушунилади, дейишган.

Туяқуш мазкур ривоятда зикр қилинган ўткир тирноқли қушлар турига кирмайди. Фақат уни сўйишда Аллоҳнинг номини зикр қилиш шарт ҳисобланади. Зеро Аллоҳ таоло Ўзининг номи зикр қилиб сўйилган ҳайвоннигина гўштини ейишга амр қилган. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатво ҳайъати. @diniysavollar

Савол йўллаш
🌐 https://savollar.muslim.uz
📲 @SavollarMuslimUzBot

▫️ Каналга уланиш

©Каналдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.

Дин ва ҳаётга оид саволлар
savollar.muslim.uz веб-саҳифанинг
телеграмдаги расмий каналига хуш келибсиз!
140-savol
Fatvo hay'ati
Абдурраҳмон ибн Авф Жаннатга эмаклаб кирадими?

#ҳадис_тахри

140-CАВОЛ

▫️ Каналга уланиш
ЗАМОНАВИЙ АВТОМАТ КИР ЮВИШ МАШИНАЛАРИДА КИЙИМЛАРНИ ПОКЛАШ
#таҳорат_нажосатдан_поклаш

205-CАВОЛ:
Ҳозирги кунда кўпчилик автомат кир ювиш машиналаридан фойдаланади. Унга пок ва нопок кийимлар аралаш солинади. Шундай ювилган кийимлар пок бўладими?

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Нопок кийимлар замонавий автомат кир ювиш машиналарида ювилса, шубҳасиз, пок бўлади ва улар билан турли ибодатларни бажариш мумкин.
Уламоларимиз нажосатларни иккига – кўринадиган ва кўринмайдиганга ажратадилар. Кўринадиган нажосатларни поклаш тўғрисида “Фатавои ҳиндия” китобида шундай дейилади:

وَإِزَالَتُهَا إنْ كَانَتْ مَرْئِيَّةً بِإِزَالَةِ عَيْنِهَا وَأَثَرِهَا إنْ كَانَتْ شَيْئًا يَزُولُ أَثَرُهُ وَلَا يُعْتَبَرُ فِيهِ الْعَدَدُ .كَذَا فِي الْمُحِيطِ فَلَوْ زَالَتْ عَيْنُهَا بِمَرَّةٍ اكْتَفَى بِهَا وَلَوْ لَمْ تَزُلْ بِثَلَاثَةٍ تُغْسَلُ إلَى أَنْ تَزُولَ ، كَذَا فِي السِّرَاجِيَّةِ .

яъни: “Агар кўринадиган нажосат бўлса, уни поклаш – айни ўзини кетказиш, агар изи (ранги, ҳиди) йўқоладиган нарса бўлса, изини йўқотиш билан бўлади. Бу ишда ювиш сонининг эътибори йўқ (“Муҳит” китоби). Бир марта ювганда нажосатнинг айни (яъни, ўзи) кетса, шу билан кифояланади. Агар уч мартада ҳам кетмаса, токи нажосатнинг айни кетгунча ювилади (“Сирожия” китоби)”.
Бу маънода қуйидаги ҳадис ривоят қилинган:
عَنْ أَسْمَاءَ قَالَتْ جَاءَتْ امْرَأَةٌ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَتْ أَرَأَيْتَ إِحْدَانَا تَحِيضُ فِي الثَّوْبِ كَيْفَ تَصْنَعُ قَالَ تَحُتُّهُ ثُمَّ تَقْرُصُهُ بِالْمَاءِ وَتَنْضَحُهُ وَتُصَلِّي فِيهِ (رواه الامام البخاري)
яъни: “Асмо разияллоҳу анҳу айтдилар: “Бир аёл Набий саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: “Бирортамиз кийимида ҳайз кўрса (яъни, кийимига нажосат тегса), қандай қилади?” – деди”. У Зот алайҳиссалом: “Уни (яъни, айни нажосатни) кеткизасиз, кейин сув билан ишқалаб ювасиз. Сўнгра у кийимда намоз ўқийсиз”.” (Имом Бухорий ривояти).
Кўринмайдиган нажосатни поклашнинг ҳукми эса қуйидагича бўлади:
يُطَهَّرُ الشَّئءُ عَمَّا لَمْ يُرَي اَثَرُهُ بِغَسْلِهِ وَعَصْرِهِ ثَلَاثًا اِنْ اَمْكَنَ...
яъни: “Бирор нарсани асари (яъни, ҳиди ёки ранги) кўринмайдиган нажосатдан поклаш – уни уч маротаба ювиш ва агар имкони бўлса уч маротаба сиқиш билан бўлади...” (“Мухтасарул виқоя” китоби).
“Аслида кийимни нажосатдан поклаш (ювиш) “Энди кийим тоза бўлди”, деган хаёлга келгунча давом этади. Чунки мана шундай ғолиб гумон шаръий масалаларда (хусусан, аниқ билиш узрли бўлган ҳолатларда) далилдир. Лекин васвасадан қутилиш учун ювиш сонини уч ёки етти марта деб белгилаб қўйилади” (“Ал-Ихтиёр” китоби).
Демак, кўринмайдиган нажосатларда сиқишни имкони бўлган ашёларни поклаш учун уларни уч маротаба ювиш ва ҳар ювганда имкон қадар сиқиб, сувини чиқариб юбориш лозим эканлиги аён бўлди.
Бугунги кундаги замонавий кир ювиш машиналарида ювилган нарсаларни ҳукми ҳақида Мисрнинг “Дарул-ифто” фатво ҳайъати қуйидагича хулоса қилганлар :

فتطهير الملابس بوضعها في الغسالات الأوتوماتيكية أبلغ في الطهارة من غيرها؛ لإزالتها عين النجاسة من الطعم واللون والريح أولًا بعدة غسلات، ثم إزالة حكمها بعدة غسلات، الأمر الذي ينقي الملبس من النجاسة تنقية بالغة.

Яъни: “...Кийимларни автоматик кир ювиш машиналарида поклаш – бошқа ювиш усулларидан кўра анча мукаммалдир. Чунки, аввал бошда бир неча марта ювиш билан нажосатнинг айни – таъми, ранги ва ҳиди йўқолади. Кейинги (тўртинчи ва бешинчи) ювишлар билан нажаслик ҳукми ҳам кетади. Кийимларни автоматик машиналарда поклаш – уларни нажосатдан мукаммал тозалашдир”.
Демак, автомат кир машиналарга солинган нопок кийимларга дастлаб совунли сув қуйилганда (тахминан уч марта) нажосат тарқалади, лекин шу билан бирга ундаги айни нажосатлар кетади. Тўртинчи ва бешинчи марта тоза сув билан ювилганда эса нажосат ҳукми бутунлай кетади. Бунинг устига ҳар сафар сув қўйиб ювилганда кийимдаги сув буткул чиқариб юборилади ва бу сиқишнинг ўрнига ўтади.
Автомат кир ювиш машинаси ичидаги кийимлар солинадиган чамбарак (барабан)нинг ўзи қандай пок бўлади, дейилса, унга “Фатавои ҳиндия” китобида келтирилган жумла билан жавоб берилади:

ثَوْبٌ نَجِسٌ غُسِلَ فِي ثَلَاثِ جِفَانٍ أَوْ فِي وَاحِدَةٍ ثَلَاثًا وَعُصِرَ فِي كُلِّ مَرَّةٍ طَهُرَ لِجَرَيَانِ الْعَادَةِ بِالْغَسْلِ .
هَكَذَا فَلَوْ لَمْ يَطْهُرْ لَضَاقَ عَلَى النَّاسِ

яъни: “Нажосат кийим учта кир ювиш тоғорасида (бир мартадан) ёки битта тоғорада уч марта ювилса ва ҳар сафар сиқиб олинса, пок бўлади. Чунки шу тарзда ювиш одат тусига кирган. Агар шунда ҳам кийим покланди деб ҳисобланмаса, одамларга машаққат бўлади”.
Хулоса ўрнида, ҳозирги кунда оммалашиб улгурган автоматик кир ювиш машиналарида ювилган кийим ва матоларни нажосатдан тўлиқ покланган дейишимиз мумкин.
Шуни эслатиб ўтиш керакки, юқорида айтилган ҳукмлар фақат тўлиқ автомат кир ювиш машиналарига тегишли, ярим автомат ёки оддий кир ювиш машиналарига тегишли эмас.
Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати.
@diniysavollar

Савол йўллаш
🌐 https://savollar.muslim.uz
📲 @SavollarMuslimUzBot

▫️ Каналга уланиш
31 АВГУСТ – ҲИЖРИЙ 1441 ЙИЛНИНГ БИРИНЧИ КУНИ
#ҳижрий_1441_йил

Маълумки, 31 августдан ҳижрий 1441 йил бошланади. Унинг биринчи ойи Муҳаррам ойи бўлиб, Рамазон ойидан кейин энг ҳурматли ой ҳисобланади. Ашуро куни эса Муҳаррам ойининг ўнинчи кунидир. Муҳаррам ойи ва унда рўза тутишнинг фазилати ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан бир қанча ҳадис ривоят қилинган. Жумладан:

"أَفْضَلُ الصِّيَامِ بَعْدَ رَمَضَانَ شَهْرُ اللهِ الْمُحَرَّمُ" (رَوَاهُ الْاِمَامُ مُسْلِمٌ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ)

яъни: Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Рамазондан кейин рўзаларнинг афзали Аллоҳнинг ойи Муҳаррам (рўзаси)дир” (Имом Муслим ривояти). Яна бир ҳадисда шундай марҳамат қилинган:

"صِيَامُ يَوْمِ عَاشُورَاءَ إِنِّي أَحْتَسِبُ عَلَى اللَّهِ أَنْ يُكَفِّرَ السَّنَةَ الَّتِي قَبْلَهُ " (رَوَاهُ الْاَمَامُ التِّرْمِذِيُّ عَنْ أَبِي قَتَادَةَ).

яъни: Абу Қатода разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ашуро куни рўзаси (сабабли) Аллоҳ ўтган йилги гуноҳларни кечиришини умид қиламан” (Имом Термизий ривояти).

Бундай улкан имконият Аллоҳ таолонинг биз – бандаларига қилган фазл ва марҳаматидир.
Ашуро куни (Муҳаррамнинг 10-куни)нинг рўзасини 9-куни билан қўшиб тутиш суннат амалдир. Фақат Ашуро кунининг ўзида рўза тутиш макруҳдир (“Фатвои Ҳиндия” китоби).
Ашуро кунидан аввал ҳам, кейин ҳам бир кун рўза тутиш мустаҳаб бўлади (“Фатҳул Қадир” китоби).

Ашуро куни оила аҳлига кенгчилик қилиш борасида ҳадиси шарифда шундай деганлар:

"مَنْ وَسَّعَ عَلَى عِيَالِهِ يَوْمَ عَاشُورَاءَ وَسَّعَ اللهُ عَلَيْهِ فِي سَائِرِ سَنَتِهِ (َروَاهُ الْاِمَامُ الْبَيْهَقِيُّ عَنْ عَبْدِ اللهِ ابْنِ مَسْعُودٍ).

яъни: Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким оила аҳлига Ашуро кунида (озиқ-овқат, кийим-кечакда ва бошқа нарсаларда) кенгчилик қилса, йилнинг қолганида Аллоҳ унга кенгчилик қилади” (Имом Байҳақий ривояти).

Имом Суфён ас-Саврий ҳазратлари: “Биз ушбу ҳадисни амалда қўллаб кўрдик ва унинг айтилганидек эканлигига гувоҳ бўлдик,” – деганлар. Суфён ибн Уяйна: “Биз буни 50-60 йил тажриба қилиб кўрдик ва фақатгина яхшилик кўрдик”, – деганлар.

Демак, Ашуро куни бозорлик қилиб, рўзғорини бут қилиб олса, йилнинг қолган ойлари ҳам баракали бўлиши умид қилинади. Бу йил Ашуро куни 9 сентябр душанба кунига тўғри келмоқда.
Фазилатли ойлардан бўлган Муҳаррамдаги ҳар бир лаҳзани ғанимат билайлик. Янги ҳижрий йил юртимиз, халқимиз, оиламиз учун тинчлик, хотиржамлик, хайрли-баракали йил бўлишини Аллоҳ таоло насиб айласин! Омин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати.
@diniysavollar

Савол йўллаш
🌐 https://savollar.muslim.uz
📲 @SavollarMuslimUzBot

▫️ Каналга уланиш
ДАФНДАН КЕЙИН ҚАБРНИ ОЧИШ
#жаноза_дафн_маросими

206-CАВОЛ: Мусулмончилигимизда маййит дафн қилингандан кейин, қабрини очиб, бошқа жойга кўчириш мумкинми?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Таъкидлаш лозимки, мусулмон киши ҳаётлик даврида қандай ҳурмат-эҳтиромда бўлса, вафот этганидан кейин ҳам худди шундай эҳтиромда бўлади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этган кишини эъзозлаш ҳақида шундай деганлар:

عَنْ عَائِشَةَ، قَالَتْ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "كَسْرُ عَظْمِ الْمَيِّتِ كَكَسْرِهِ حَيًّا" (رواه الإمام أبو داود)

яъни: Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинди, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Вафот этган кишининг суягини синдириш – тирик кишининг суягини синдириш билан баробардир”, – дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).
Ҳадисни шарҳлаган уламолар: “Тирик кишини суягини синдириш қандай гуноҳ бўлса, вафот этган кишининг суягини синдириш ҳам ўшандай гуноҳдир”, – деганлар.
Маййит қабрга дафн қилингандан кейин қайта чиқаришга шариатимиз рухсат бермайди. Фақат дафн қилинган жой бировнинг ери бўлиб, эгаси рози бўлмаса ёки маййитнинг кафани бировдан тортиб олинган мато бўлса, маййитни қабрдан чиқаришга рухсат берилган (“Фатовои ҳиндийя” китоби). Ҳатто бизнинг мазҳабимизда намоз ўқилмасдан кўмилган маййитни ҳам қабрдан қайта чиқарилмайди, балки маййит ҳали титилмаган (ёрилмаган), деб гумон қилинса (баъзи уламолар буни уч кунгача деганлар), қабрининг ёнига келиб, унга жаноза ўқилади.
“Фатҳул қодир” китобида қуйидаги жумла келтирилган:

وَاتَّفَقَتْ كَلِمَةُ الْمَشَايِخِ فِي امْرَأَةٍ دُفِنَ ابْنُهَا وَهِيَ غَائِبَةٌ فِي غَيْرِ بَلَدِهَا فَلَمْ تَصْبِرْ وَأَرَادَتْ نَقْلَهُ أَنَّهُ لَا يَسَعُهَا ذَلِكَ

яъни: “Бир аёлнинг фарзанди у йўқлигида бошқа шаҳарга дафн қилинган бўлса ва у аёл сабр қила олмай боласининг қабрини кўчириб келишни хоҳласа, бундай қилиши жоиз эмасдир. Машойихлар шунга иттифоқ қилганлар” (“Фатҳул қадир” китоби).
Демак, мусофир киши сафар давомида вафот этиб, ўзга юртда дафн қилинган бўлса, яқинлари унинг қабрини очиб, ўзларининг ватанига олиб кетишлари шаръан жоиз эмас.
Ҳатто дафндаги суннат амалларга амал қилинмасдан дафн қилинган маййит ҳақида фиқҳий китобларимизда шундай дейилган: “Маййит қиблага қараб ётқизилмагани ёки чап ёни билан ётқизилгани, ёхуд боши оёқ томонга қилиб қўйилгани маълум бўлса, қаралади: агар лаҳаднинг оғзи хом ғишт билан беркитилган, лекин ҳали тупроқ тортилмаган бўлса, очиб, суннатга мувофиқ қилиб қўйилади. Аммо бу нарса тупроқ тортилгандан кейин билинса, қабр очилмайди” (“Фатовои ҳиндийя” китоби).
Бир қабрга иккинчи маййитни қўйиш масаласида фиқҳий китобларимизда шундай дейилган:

وَلَوْ بُلِيَ الْمَيِّتُ وَصَارَ تُرَابًا جَازَ دَفْنُ غَيْرِهِ فِي قَبْرِهِ وَزَرْعُهُ وَالْبِنَاءُ عَلَيْهِ

яъни: “Қабрдаги маййит чириб, тупроққа айлангани маълум бўлса, шу қабрга бошқа маййитни қўйиш мумкин. Шунингдек, бу каби қабрлар ўрнида деҳқончилик қилиш ва иморат солиб, фойдаланиш ҳам жоиздир” (“Табйинул ҳақоиқ” китоби).
Уламоларимизнинг фатволарида бизнинг юртимизда бир қабрга иккинчи маййитни қўйиш учун орадаги муддат 40 йил атрофида бўлиши кераклиги айтилган. Шунингдек, зарурат билан қабристон бузиладиган бўлса, қабристонга охирги марта тахминан 40 йил аввал дафн қилингани маълум бўлганда, уни бузишга рухсат берилади. Акс ҳолда муддат келгунча кутилади.
Хулоса қиладиган бўлсак, шариатимиз рухсат берган маълум ўринлардан бошқа ҳолатларда дафндан кейин қабрни қайта очиш мумкин эмас. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати.
@diniysavollar

Савол йўллаш
🌐 https://savollar.muslim.uz
📲 @SavollarMuslimUzBot

▫️ Каналга уланиш
АЁЛИНИ ЭЪТИБОРСИЗ ҚОЛДИРИШНИНГ ҲУКМИ
#никоҳ_оила_эр-хотин_муносабатлари

207-CАВОЛ:
Эрим билан умуман эр-хотинлик алоқамиз йуқ. Бир йилдан буён на гаплашади на саломимга алик олади. Рамазон ойида Аллоҳ йулида саҳарликка турган пайт бошқа хонада ётадилар. Дадаси агар сизни хафа қилган бўлсам Аллоҳ учун кечиринг деб битта атир совға қилиб пешонасидан силаб қуйдим. Кечирмади ҳам, алик ҳам олмади. Нима қилишни билмайман. Сизлардан илтимос, эр аёлини эътиборсиз қолдириб зулм қилишининг ёмонлиги ҳақида ҳам насиҳат қилсангиз.

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Динимизда киши ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам зулм қилиши катта гуноҳлардан саналади. Хусусан, жуфти ҳалоли, умр йўлдоши ва фарзандларининг онасига жабр қилиш ундан ҳам ёмонроқдир. Бугунги кунда эркаклик ҳамиятини йўқотган баъзи кишилар жиддий бир сабабсиз ўз аёлларни нафақасиз ва қаровсиз қолдирмоқдалар. На уларни хотин қилади, на талоғини бериб йўлини очади. Бу билан эр Аллоҳ таолонинг бир қанча (оилавий хотиржамлик, жуфти ҳалол ва фарзанд каби) катта неъматларига ношукрлик қилган бўлади.

Баъзилари эса номардларча очиқчасига: “Сени умрингни охиригача талоғингни бермай, аросатда қолдириб, қийнайман”, – деб пўписа қилади. Бу етмагандек, аслида ўзининг зиммасида бўлган – болаларнинг нафақасини ҳам хотиннинг бўйнига юклаб қўяди. Натижада аёл на эрли бўлмай, на эридан ажраша олмай, йиллаб сарсон-саргардон қолиб кетмоқда. Ожизаларнинг ҳақлари поймол бўлмоқда. Шуни таъкидлаб айтамизки, мана шу ҳолатда аёл гуноҳ йўлга кирса, зинога қўл урса, у билан бирга номард эр ҳам теппа-тенг гуноҳкор бўлади.

Бу мавзуда Қуръони каримда шундай дейилади:

وَلَنْ تَسْتَطِيعُوا أَنْ تَعْدِلُوا بَيْنَ النِّسَاءِ وَلَوْ حَرَصْتُمْ فَلَا تَمِيلُوا كُلَّ الْمَيْلِ فَتَذَرُوهَا كَالْمُعَلَّقَةِ وَإِنْ تُصْلِحُوا وَتَتَّقُوا فَإِنَّ اللَّهَ كَانَ غَفُورًا رَحِيمًا

яъни: “Ҳар қанча истасангиз ҳам хотинларингиз ўртасида адолатли (ҳаммасига бир хил муносабатда) бўла олмайсиз. Бас, (бирига) бутунлай берилиб кетиб, (иккинчисини) муаллақ ҳолда ташлаб қўймангиз! Агар (улар билан муносабатингизни адолат асосида) тузатсангиз ва тақволи бўлсангиз, албатта, Аллоҳ кечиримли ва раҳмли зотдир” (Нисо сураси, 129-оят).

Эътибор қилсак, ояти каримада эр хотинини “муаллақа” қилишидан қайтарилмоқда. “Муаллақа” ҳолати шу кунларда воқеъликда гувоҳи бўлиб турган ишларимизнинг айни ўзидир. Яъни, хотини билан келиша олмай қолган эр бошқасига уйланиб олиб, биринчи хотинини нафақасиз ташлаб қўяди ва бошқа турмуш қилишига имкон бермаслик учун талоғини ҳам бермайди. Гоҳида баъзи нобакор эрлар нафсини гуноҳдан қондириб, дин-диёнатли, ҳусни-жамоли жойида бўлган жуфти ҳалолини бир неча йиллар эр-хотинлик алоқасидан маҳрум қилиш билан уларни “муаллақа” қилиб қўяди. Мусулмон эркак ҳам шунчалик пасткашликка борадими, ахир?!

Аллоҳ таоло Қуръони каримда аёлларга гўзал муомалада бўлишга тарғиб қилиб, уларга зарар бериш мақсадида ушлаб туришдан қайтарди. Бу ишни “ҳаддан ошиш” ва “зулм” деб атади. Талоқ масаласи Аллоҳ таолонинг оятларидандир. Бу ҳақда ояти каримада шундай дейилган:

وَإِذَا طَلَّقْتُمُ النِّسَاءَ فَبَلَغْنَ أَجَلَهُنَّ فَأَمْسِكُوهُنَّ بِمَعْرُوفٍ أَوْ سَرِّحُوهُنَّ بِمَعْرُوفٍ وَلَا تُمْسِكُوهُنَّ ضِرَارًا لِتَعْتَدُوا وَمَنْ يَفْعَلْ ذَلِكَ فَقَدْ ظَلَمَ نَفْسَهُ وَلَا تَتَّخِذُوا آَيَاتِ اللَّهِ هُزُوًا...

яъни: “Хотинларни талоқ қилганингизда ( улар идда) муддатига етсалар, бас, уларни яхшилик билан олиб қолингиз ёки яхшилик билан жавобларини берингиз. Уларга зулм қилиб, зарарлантириш ниятида ушлаб турманг! Ким шундай қилса, демак, ўзига зулм қилибди. Аллоҳнинг оятларини ҳазил билмангиз!...” (Бақара сураси, 231-оят).

Демак, мусулмон эр хотинини яхшилик билан олиб қолиши ёки (ортиқ оилани сақлаб қолиш имкони бўлмаса) яхшилик билан жавобини бериши керак. Акс ҳолда Аллоҳ таолонинг оятларини ҳазил билиш, енгил санаш улар билан “ўйнашиш”нинг оқибати ёмон бўлади. Аллоҳнинг азоби золимларни қаттиқ тутади.

Баъзи кишилар талоқ қилиш гуноҳ экан, Аллоҳ таолонинг Арши титрар экан деб, хотинига “талоқ” лафзини айтмай, лекин ўзлари уйланиб юраверадилар. Тўғри, ноҳақ, ҳеч бир сабабсиз талоқ қўйиш динимизда қораланади. Лекин оилани сақлашни имкони бўлмаганда, талоқ ҳам бир чора. Ҳар қандай ҳолатда талоқ айтиш гуноҳ, ҳеч қачон талоқ айтмаслик керак, деган гап Қуръони каримда ҳам, ҳадиси шарифларда ҳам, ҳатто уламоларимизнинг сўзларида ҳам учрамайди. Аксинча, хотинни аросатда қолдириб талоғини бермасдан юриш гуноҳ бўлади, зулм ҳисобланади.

Баъзилар эса хотинидан бутунлай ажралмоқчи бўлган киши “уч талоқ” қилиши керак экан деган мутлақо нотўғри фикрда юрадилар. Аслида ажрашмоқчи бўлган киши хотинига: “Сени бир талоқ қилдим” дейиши ҳам кифоя. Бирданига “уч талоқ” айтиш гуноҳ ҳисобланади. Чунки бундай қилиш бир томондан Аллоҳ таоло бандага берган учта имкониятни бирданига йўқ қилиш бўлса, бошқа томондан қайта ярашиш имконини ҳам йўққа чиқаради. Бу мавзуда қуйидаги ҳадис ривоят қилинган:

قَالَ مَحْمُودُ بْنُ لَبِيدٍ أُخْبِرَ رَسُولُ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم عَنْ رَجُلٍ طَلَّقَ امْرَأَتَهُ ثَلاَثَ تَطْلِيقَاتٍ جَمِيعًا فَقَامَ غَضْبَانًا ثُمَّ قَالَ: أَيُلْعَبُ بِكِتَابِ اللهِ وَأَنَا بَيْنَ أَظْهُرِكُمْ حَتَّى قَامَ رَجُلٌ وَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ أَلاَ أَقْتُلُهُ.(رَوَاهُ الامام النَّسَائِيُّ)

яъни: “Маҳмуд ибн Лабийд разияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга бир киши ўз хотинини жамлаб уч талоқ қўйгани хабар қилинди. Шунда У Зот ғазабланиб ўринларидан турдилар-да: “Мен ичингизда туриб, Аллоҳнинг китобини ўйин қилинадими?!” – дедилар. Ҳаттоки бир одам ўрнидан туриб: “Эй Расулуллоҳ! Уни қатл қилайми?” – деб юборди” (Имом Насаий ривояти).

Аллоҳ таоло оила масалаларида аксар ўринларда эркакларга хитоб қилган. Бу – оилада эркакнинг масъуллигига ишора! Бу раҳбарлик вазифасини суистемол қилиб, уни ожизаларга зулм қилишга восита қилиб олмаслик керак. Биз ҳам мўмин-мусулмон ака-укаларимизни динимизнинг оила мавзусидаги буйруқларига амал қилиш, олийжаноблик ва мардлик билан иш тутишга чақирамиз. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати.
@diniysavollar

Савол йўллаш
🌐 https://savollar.muslim.uz
📲 @SavollarMuslimUzBot

▫️ Каналга уланиш
141-savol
Fatvo hay'ati
Динимизда фарз намозларининг аҳамияти
#намоз

141-CАВОЛ

▫️ Каналга уланиш
https://t.iss.one/joinchat/AAAAAEL6N1c2LiHrrMEftQ
142-savol
Fatvo hay'ati
Идда вақтида мумкин бўлмаган ишлар

142-CАВОЛ

▫️ Каналга уланиш
МАСЖИДГА БОРИШДАН АВВАЛ ПИЁЗ ЁКИ САРИМСОҚ ИСТЕЪМОЛ ҚИЛМАСЛИК
# масжид_одоблари

208-CАВОЛ:
Намозхон одам намозга яқин вақт саримсоқ, пиёз ейиши мумкинми? Кўпинча намоз вақтлари бир-бирига яқин бўлгани учун ҳиди кетмайди.

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Динимизда пиёз ёки саримсоқ еб масжидга келишдан қайтарилган. Чунки бадбўй ҳидлардан фаришталар ҳам, одамлар ҳам озор чекади. Фиқҳ китобларимизда бу ишни макруҳ дейилган.

Жобир разияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар:

مَنْ أكَلَ البَصَلَ ، والثُّومَ ، والكُرَّاثَ ، فَلا يَقْرَبَنَّ مَسْجِدَنَا ، فَإنَّ المَلاَئِكَةَ تَتَأَذَّى مِمَّا يَتَأَذَّى مِنْهُ بَنُو آدَمَ (رَوَاهُ الامام مُسلم)

яъни: “Ким пиёз, саримсоқ ва дашт пиёзи еса масжидимизга яқин келмасин, чунки фаришталар одамлар азият чекадиган нарсалардан озорланадилар” (Имом Муслим ривояти).

Бу маънодаги ҳадисларни шарҳлаб Аллома Бадриддин Айний шундай дейдилар:

ويلحق بما نص عليه في الحديث كل ما له رائحة كريهة من المأكولات وغيرها وإنما خص الثوم هنا بالذكر وفي غيره أيضا بالبصل والكراث لكثرة أكلهم بها وكذلك ألحق بذلك بعضهم من بفيه بخرأو به جرح له رائحة وكذلك القصاب والسماك والمجذوم والأبرص أولى بالإلحاق

яъни: “...Ҳадисда зикр қилинган (кўкат)ларга ҳар қандай ёқимсиз ҳидли, ейиладиган ёки ейилмайдиган нарсалар киради. Бу ерда хоссатан пиёз, саримсоқ ва дашт пиёзи айтилгани – улар кўп истеъмол қилингани учундир. Баъзилар ўша бадбўй кўкатлар (ейиш ҳукми)га оғзида бадбўй ҳиди бўлган ёки ёқимсиз ҳидли жароҳати бор кишиларни ҳам қўшган. Худди шундай қассоб, балиқчи (яъни, бу касб эгалари иш кийимида масжидга келишса, улардан бадбўй ҳид келиб туради. Тоза-покиза бўлиб келишса зарари йўқ), пес (танасининг кўриниб турадиган жойларида оқ доғлари бор кишилар) ва махов (аъзоларнинг чириши касаллиги бор кишилар) ҳам бу ҳукмга қўшилишга лойиқ” (“Умдатул қорий” китоби)

Юқоридаги бадбўй кўкатларни узрли сабаблар (масалан, касалликка даво сифатида) билан ёки намоз вақти яқинлашганда унутган ҳолда еган киши жамоат намозидан қолишга узрли ҳисобланади. Лекин бадбўй маҳсулотларни истеъмол қилиш узрсиз ёки билиб туриб қилинса, ихтиёрий равишда ўзини жамоатдан маҳрум қиладиган амалга қўл урган бўлади. Бу эса ўзини 27 баробарлик жамоат намози савобдан маҳрум қилишдир.

Аслида пиёз, саримсоқ каби ёқимсиз ҳидли ўсимликларни ҳам ейиш ҳалол ҳисобланади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ваҳий фариштаси Жаброил алайҳиссалом билан мулоқот қилишларини назарда тутиб, унга озор бермаслик учун бу нарсаларни емас эдилар. Лекин умматларига ўзгага озор бермаслик шарти билан уларни ейишга рухсат берганлар. Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу эса одамларга бу маҳсулотларни ҳидини кетказиш учун пишириб ейишни тавсия қилардилар.

Мана шу қисқа савол-жавоб асносида динимиздаги поклик-назофат ва юқори даражадаги дид масаласига гувоҳ бўламиз. Комил мусулмон ўзгаларга қўли, тили ҳатто ҳид билан ҳам озор бермайди.
Демак, жамоат намози ва бошқа одамлар тўпланадиган жойларга кийимларимиз, баданимиз ва оғзимизни поклаб боришимиз, қўшимчасига турли хил хушбўйликлардан фойдаланишимиз Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидир. Турли хил ёқимсиз ҳидлар келиб турган иш кийимларида, пиёз, саримсоқ, носвой ва тамаки ҳиди анқиб турган ҳолатда масжид ва жамоат жойларида ҳозир бўлиш эса суннатга хилофдир. Чунки Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам хушбўйликларни яхши кўрар, бадбўй ҳидларни эса ёқтирмас эдилар. Ким Аллоҳнинг Расулига итоат қилса, ҳақиқатда Аллоҳга итоат қилган бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати.
@diniysavollar

Савол йўллаш
🌐 https://savollar.muslim.uz
📲 @SavollarMuslimUzBot

▫️ Каналга уланиш
САЖДАДА ОЁҚЛАРНИ ЕРДАН УЗИЛИШИ
#намоз

209-CАВОЛ: Саждада оёқлар кўтарилиб, ердан узилиши билан намоз бузилади дейишади. Ҳақиқатдан ҳам шундайми? Намоз бузиладими?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Саждада икки оёқ бармоқларини ерга теккизиб туришни кўпчилик ҳанафий уламоларимиз вожиб амал дейдилар. Бунга қуйидаги ҳадиси шарифлар далил бўлади:

عن عبدالله بن عباس رضي الله عنهما: أن النبي صلى الله عليه وسلم قال: "أُمِرْتُ أَنْ أَسْجُدَ عَلَى سَبْعَةِ أَعْظُمٍ: الْجَبْهَةِ - وَأَشَارَ بِيَدِهِ عَلَى أَنْفِهِ - وَالْيَدَيْنِ وَالرِّجْلَيْنِ وَأَطْرَافِ الْقَدَمَيْنِ" (رواه الإمام البخاري والإمام مسلم)

Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий алайҳиссалом: “Етти суяк билан сажда қилишга буюрилдим. Улар: пешона (дея қўллари билан бурунгача ишора қилдилар), икки қўл, икки тизза ва икки оёқнинг бармоқлари”, – деганлар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Аббос ибн Абдулмутталиб разияллоҳу анҳудан келтирилган бошқа ривоятда эса Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:

"إِذَا سَجَدَ الْعَبْدُ سَجَدَ مَعَهُ سَبْعَةُ أَطْرَافٍ: وَجْهُهُ وَكَفّاهُ وَرُكْبَتَاهُ وَقَدَمَاهُ" (رواه الإمام مسلم)

яъни: “Банда сажда қилганда у билан еттита аъзо сажда қилади: юзи, икки кафти, икки тиззаси ва икки қадами”, – деганлар (Имом Муслим ривояти).

Уламоларимиздан Имом Қудурий ва Имом Фахриддин Қозихон “Саждада оёқларни ерга қўйиш фарз амал саналади. Агар сажда асносида ҳар икки оёқ ердан узилса намоз бузилади”, – дейишган. Мўътабар фатво китобларимиздан яна бири “Фатавои ҳиндийя”да ҳам ушбу маъно қуйидагича таъкидланган:

وَلَوْ سَجَدَ وَلَمْ يَضَعْ قَدَمَيْهِ عَلَى الْأَرْضِ لَا يَجُوزُ وَلَوْ وَضَعَ إحْدَاهُمَا جَازَ مَعَ الْكَرَاهَةِ إنْ كَانَ بِغَيْرِ عُذْرٍ

яъни: “Намозхон сажда қилсаю, оёқларини ерга қўймаса, жоиз бўлмайди. Агар сабабсиз икки оёғидан (бирини кўтариб) бирини қўйса, макруҳлик билан намози дуруст бўлади” (“Фатавои ҳиндийя” китоби).

Сажда қилганда оёқ бармоқлари Қибла тарафга имкон қадар йўналтирилиши суннат. Чунки Пайғамбар алайҳиссалом сажда қилганларида муборак оёқларининг муборак бармоқлари қиблага қаратилган бўлар эди.

وَعَنْ أَبِي حُمَيْدٍ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : إِذَا سَجَدَ وَضَعَ يَدَيْهِ غَيْرَ مُفْتَرِشٍ وَلاَ قَابِضِهُمَا وَاسْتَقْبَل بِأَطْرَافِ أَصَابِعِ رِجْلَيْهِ الْقِبْلَةَ (رواه الإمام البخاري).

яъни: Абу Ҳумайд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий алайҳиссалом сажда қилганларида икки қўлларини ёймасдан ва йиғмасдан (ўз ҳолича) ерга қўярдилар. Оёқ бармоқларини Қибла томонга қаратардилар” (Имом Бухорий ривояти).

Демак, намозхон сажда қилганда оёқларини ердан узмасликка эътиборли бўлиши лозим экан. Акс ҳолда намозига путур етиши мумкин. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати.
@diniysavollar

Савол йўллаш
🌐 https://savollar.muslim.uz
📲 @SavollarMuslimUzBot

▫️ Каналга уланиш
143-savol
Fatvo hay'ati
РАМАЗОН ОЙИДА УМРА ҚИЛИШ
#РАМАЗОН

143-CАВОЛ

▫️ Каналга уланиш
АШУРО КУНИ РЎЗАСИ
#Эълон

Абу Қатода разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

"صِيَامُ يَوْمِ عَاشُورَاءَ إِنِّي أَحْتَسِبُ عَلَى اللَّهِ أَنْ يُكَفِّرَ السَّنَةَ الَّتِي قَبْلَهُ" (رَوَاهُ الْاَمَامُ التِّرْمِذِيُّ).

яъни: “Ашуро куни рўзаси (сабабли) Аллоҳ ўтган йилги гуноҳларни кечиришини умид қиламан” (Имом Термизий ривояти).

Бундай улкан имконият Аллоҳ таолонинг биз – бандаларига қилган фазл ва марҳаматидир.

Муҳаррамнинг 10-кунги рўзасига 9-кунни ҳам қўшиб тутиш суннат амалдир. Чунки Ибн Аббос разияллоҳу анҳунинг ривоятида: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўзасини тутдилар ва у куннинг рўзасини тутишга амр қилдилар. Одамлар: “Эй Аллоҳниниг Расули, бу кунни яҳудий ва насоролар улуғлайдилар”, – дейишди. Шунда У Зот саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Келаси йил иншааллоҳ, тўққизинчи кунни ҳам рўзасини тутамиз”, - дедилар. Келаси йил бўлмасдан туриб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар”, – дейилган (Имом Муслим ва Имом Абу Довуд ривояти).

Демак, Ашуро кунининг фазилатларига эга бўлиш учун қуйидаги кунларда рўза тутиш мақсадга мувофиқ:

9-муҳаррам = 8 сентябрь, якшанба куни;
10-муҳаррам (Ашуро куни) = 9 сентябрь, душанба куни.

Аллоҳ таоло ҳаммамизни Ўзи рози бўладиган амалларга муваффақ айласин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати.
@diniysavollar

Савол йўллаш
🌐 https://savollar.muslim.uz
📲 @SavollarMuslimUzBot

▫️ Каналга уланиш
КУРСИДА НАМОЗ ЎҚИШНИНГ ҲУКМИ
#намоз

210-CАВОЛ: Дўстларимдан бири билан битта масала бўйича тортишиб қолдим. Сизлардан илтимос шу масалага ойдинлик киритиб берсангиз. Бизнинг динимизда стулда ўтириб намоз ўқиш тўғрисида нима дейилган? Шу ҳақда китоблардаги далил, исбот, ҳужжатлар билан ёритиб берсаларингиз. Олдиндан каттакон раҳмат!

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Намозда тик туриш фарз ҳисобланади. Узрсиз фарзни тарк қилиш билан намоз дуруст бўлмайди. Фиқҳий китобларимизда бемор кишининг намози ҳақидаги тартиб-қоидалар батафсил баён қилинган. Жумладан, “Фатовои Татархония” китобида шундай дейилади:

وَإِنْ عَجَزَ عَنِ الْقِيَامِ وَقَدَرَ عَلَى الْقُعُودِ، فَإِنَّهُ يُصَلِّي الْمَكْتُوبَةَ قَاعِداً بِرُكُوعٍ وَسُجُودٍ، وَلاَ يُجْزِئُهُ غَيْرُ ذَلِكَ

яъни: “Киши тик туришга қодир бўлмай, ўтиришга қодир бўлса, фарз намозларни ўтирган ҳолда рукуъ ва сажда қилиб ўқийди. Бундан бошқа суратда ўқиш жоиз эмас”.

Машҳур ва мўътабар фиқҳий китобимиз яна бири “Мухтасарул виқоя”да шундай дейилган:

إِنْ تَعَذَّرَ الْقِيَامُ لِمَرَضٍ حَدَثَ قَبْلَ الصَّلَاةِ أَوْ فِيهَا، صَلَّى قَاعِدًا يَرْكَعُ وَيَسْجُدُ. وَإِنْ تَعَذَّرَا مَعَ الْقِيَامِ أَوْمَأَ بِرَأْسِهِ قَاعِدًا إِنْ قَدَرَ، وَجَعَلَ سُجُودَهُ أَخْفَضَ مِنْ رُكُوعِهِ.

яъни: “Намоздан олдин ёки унинг асносида пайдо бўлган беморлик сабабли киши тик туриб намоз ўқиши узрли бўлиб қолса, ўтирган ҳолда рукуъ ва сажда қилиб намоз ўқийди. Руку ва сажда ҳамда тик туриш узрли бўлса, ўтирган ҳолатида боши билан имо-ишора қилиб намоз ўқийди. Саждасини рукуъсидан пастроқ қилади”.

Тик туришга қодир киши намозга кириш такбирини тик туриб айтмаса, намози дуруст бўлмайди. Бу ҳақда “Бадоиъус саноиъ” китобида шундай дейилган:

شَرْطُ صِحَّةِ التَّكْبِيْرِ أَنْ يُوْجَدَ فِي حَالَةِ الْقِيَامِ فِي حَقِّ الْقَادِرِ عَلَى الْقِيَامِ، سَوَاءٌ كَانَ إِمَامًا أَوْ مُنْفَرِدًا أَوْ مُقْتَدِيًا، حَتَّى لَوْ كَبَّرَ قَاعِدًا ثُمَّ قَامَ لاَ يَصِيْرُ شَارِعًا، وَلَوْ وُجِدَ الْإِمَامُ فِي الرُّكُوعِ أَو السُّجُودِ أَو الْقُعُودِ يَنْبَغِيْ أَنْ يُكَبِّرَ قَائِمًا ثُمَّ يَتْبَعُهُ فِي الرُّكْنِ الَّذِي هُوَ فِيْهِ، وَلَوْ كَبَّرَ لِلْاِفْتِتَاحِ فِي الرُّكْنِ الَّذِيْ هُوَ فِيْهِ لاَ يَصِيْرُ شَارِعًا لِعَدَمِ التَّكْبِيْرِ قَائِمًا مَعَ الْقُدْرَةِ عَلَيْهِ .

яъни: “Тик туришга қодир бўлган имом учун ҳам, ёлғиз намоз ўқиётган одам учун ҳам, иқтидо қилган одам учун ҳам намозга кириш такбирини айтишнинг шарти – тик турган ҳолатда такбир айтишдир. Тик туришга қодир одам ўтирган ҳолида такбир айтиб, кейин турса, намозга кирган ҳисобланмайди. Имом рукуъ, сажда ёки қаъдада бўлса, намозга янги қўшилаётган одам такбирни тик туриб айтиб, кейин имомга эргашиши шартдир. Имом сажда ёки қаъдадалигида унга иқтидо қилган одам ўтириб олганидан кейин такбир айтса, намозга киришган бўлмайди, чунки у қиёмга қодирдир. Бу ҳақда Аллома Муҳаммад Амин Ибн Обидин шундай деганлар:

(وَإِنْ قَدَرَ عَلَى بَعْضِ الْقِيَامِ) وَلَوْ مُتَّكِئًا عَلَى عَصًا أَوْ حَائِطٍ (قَامَ) لُزُومًا بِقَدْرِ مَا يَقْدِرُ وَلَوْ قَدْرَ آيَةٍ أَوْ تَكْبِيْرَةٍ عَلَى الْمَذْهَبِ،

яъни: “Ҳасса ёки деворга суяниб бўлса ҳам тик туришга қодир бўлган киши имкон борича тик туриб намоз ўқиши лозимдир, гарчи бир оят ёки такбири таҳримани айтиш миқдорича бўлса ҳам” (“Раддул муҳтор” китоби).

Курсига ўтириб намоз ўқишда яна насороларнинг ибодатхонасидаги ҳолатга ўхшашлик бор. Ваҳоланки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам кўплаб ҳадиси шарифларида ибодатларда аҳли китобларга ўхшашдан қаттиқ қайтарганлар.
Демак, шариатимизга кўра ерга ўтиришга қодир бўлади туриб, курсида ўтириб намоз ўқилишига рухсат берилмаган. Агар киши бирор узр туфайли тик туриб ёки ерга ўтирган ҳолатда намоз ўқишга қодир бўлмасаю, курсига ўтириб намоз ўқишга қодир бўлса, шундагина курсига ўтириб намоз ўқиши жоиздир. Масалан, жарроҳлик амалиётидан сўнг фақатгина курсида ўтириб ўқиш қулай бўлса, ана шундай мажбурий ҳолатлардагина бунга ижозат берилади. Шунда ҳам курсига ўтиришга эҳтиёжи бор узрли намозхонлар намоз арконларини тўла-тўкис адо этолмаётганидан хижолат чекиб, олдинги сафларга эмас, бошқа намозхонларга халал бермасдан орқароқ ва чеккароқ жойларни танлашлари – айни исломий одобга риоя қилиш ҳисобланади.

Курсида намоз ўқигувчи киши сафни текис қилишдек вожиб амални бажара олмайди. Сабаби – у сафдан олдинга ёки орқага ўтиб кетиши мумкин. Курсида ўтиргани учун сафдан орқароқда туриб, кейинги сафда турган кишининг сажда қиладиган жойини эгаллаб олиши ёки сафдаги ўрнини бўш қолдириб, сафдан олдинга чиқиб ўтириб олиши жоиз эмас. Бундан ташқари, курсида намоз ўқигувчи кишида тик туриб такбир айтиш, тик туриш каби бир қанча фарз амаллар бажарилмаётган бўлади. Ваҳоланки, намознинг гарчи битта фарзи ҳам шаръий узрсиз тарк қилинса, намоз дуруст бўлмаслиги барчамизга маълум.

Шуни ҳам билиш лозимки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобалар ва тобеинларнинг даврларида жангу жадаллар кўп бўлган. Урушда кимнингдир оёғи кесилган, кимнингдир бели синган ва ҳоказо жароҳатлар бўлган. Шундай бўлса-да, уларнинг бирорталари курсида ўтириб намоз ўқиганлари ҳеч бир ривоятда келмаган. Тик туришга қодир бўлмаганлари ерга ўтириб намоз ўқиганлар. Шунинг учун бирорта фиқҳий китобларимизда “Курсида ўтириб намоз ўқиш” деган боб киритилмаган. Сабаби – юқорида айтиб ўтилганидек, тик туриб намоз ўқишга қодир бўлмаганлар ўтириб ўқийди, ўтиришга қодир бўлмаганлар ётиб ўқийди.

Юқорида баён этилган Ислом шариатининг ҳукмларига кўра, ерга ўтириб намоз ўқишга қодир бўлган киши курсида ўтириб намоз ўқиши дуруст эмас.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг тарихларидан барчамизга маълумки, У Зот умрларининг охирида қаттиқ бемор бўлдилар. Масжидга икки саҳобаи киромнинг ўртасида, уларга суяниб, муборак оёқлари ерга судралган ҳолатда чиқдилар. Мана шундай оғир ҳолатда ҳам ерга ўтириб, жамоат билан бирга намозни адо қилдилар. Бу ҳолат барчамизга дарс ва ибрат ҳисобланади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати.
@diniysavollar

Савол йўллаш
🌐 https://savollar.muslim.uz
📲 @SavollarMuslimUzBot

▫️ Каналга уланиш
ТАКБИРИ ТАҲРИМАДА ҚЎЛЛАР ЕЛКА БАРОБАРИГАЧА КЎТАРИЛИШИГА ҲАНАФИЙЛАРНИНГ ЖАВОБИ
#намоз

211-CАВОЛ: Намозга киришдан олдин Имом Аъзам мазҳабларида қулоқ қоқилади. Лекин ҳадисларда Пайғамбаримиз алайҳиссалом елка баробарича қўл кўтарганлари “Саҳиҳи Бухорий” да ҳам келади. Шунга нима деб жавоб берилган?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Намозга киришда қўлларни қулоқ баробаригача кўтариш суннатлиги ҳақида батафсил маълумот берган эдик: https://t.iss.one/diniysavollar/350

Энди Сизнинг саволингизга келсак, ҳақиқатда Пайғамбар алайҳиссалом намозга киришда муборак қўлларини елкалари баробаригача кўтарганларига далолат қиладиган ҳадислар ривоят қилинган. Барча ҳадисларни мукаммал ўрганган уламоларимиз бу масалада қуйидагича хулоса қилганлар: Совуқда Пайғамбаримиз саллаллаҳу алайҳи васалламнинг қўллари кийимлари ичида бўлгани ва у қалин кийимнинг енги бўлмагани сабабли намозга киришда қўлларини елка баробаригача кўтарганлар. Табиийки, бундай ҳолатда қўл елкадан тепага кўтарилмайди. Совуқ бўлмаган пайтларда Пайғамбар алайҳиссаломнинг қўллари кийимларининг ичида бўлмагани учун намозга киришда қўлларини қулоқлари баробаригача кўтарганлар. Бунга машҳур саҳобий Воил ибн Ҳужрнинг қуйидаги ривоятлари далолат қилади:

عَنْ وَائِلِ بْنِ حُجْرٍ قَالَ: أَتَيْت النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، فَرَأَيْته يَرْفَعُ يَدَيْهِ حِذَاءَ أُذُنَيْهِ إذَا كَبَّرَ... قَالَ: ثُمَّ أَتَيْته مِنْ الْعَامِ الْمُقْبِلِ، وَعَلَيْهِمْ الْأَكْسِيَةُ وَالْبَرَانِسُ فَكَانُوا يَرْفَعُونَ أَيْدِيَهُمْ فِيهَا، وَأَشَارَ شَرِيكٌ إلَى صَدْرِهِ. (رَوَاهُ الإمَامُ الطحاوي)

яъни: “Воил ибн Ҳужр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам (ҳузурларига) борганимда У Зотни икки қўлларини қулоқлари баробарига кўтарган ҳолда такбир айтганларини кўрдим. Кейинги йил борганимда эса улар (Пайғамбаримиз ва саҳобалар)нинг устиларида (қалин) кийимлари бор эди. (Улар намозга киришда) қўлларини кўкрак баробаригача кўтардилар” (Имом Таҳовий ривояти).

Машҳур муҳаддис Имом Абу Жаъфар Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳ мазкур ҳадисдан қуйидаги хулосани чиқарганлар:

فَأَخْبَرَ وَائِلُ بْنُ حُجْرٍ فِي حَدِيثِهِ هَذَا أَنَّ رَفْعَهُمْ إلَى مَنَاكِبِهِمْ، إنَّمَا كَانَ لِأَنَّ أَيْدِيَهُمْ كَانَتْ حِينَئِذٍ فِي ثِيَابِهِمْ، وَأَخْبَرَ أَنَّهُمْ كَانُوا يَرْفَعُونَ إذَا كَانَتْ أَيْدِيهِمْ لَيْسَتْ فِي ثِيَابِهِمْ، إلَى حَذْوِ آذَانِهِمْ .فَأَعْمَلْنَا رِوَايَتَهُ كُلَّهَا فَجَعَلْنَا الرَّفْعَ إذَا كَانَتْ الْيَدَانِ فِي الثِّيَابِ لِعِلَّةِ الْبَرْدِ إلَى مُنْتَهَى مَا يُسْتَطَاعُ الرَّفْعُ إلَيْهِ، وَهُوَ الْمَنْكِبَانِ .وَإِذَا كَانَتَا بَادِيَتَيْنِ، رَفَعَهُمَا إلَى الْأُذُنَيْنِ كَمَا فَعَلَ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ .

яъни: “Демак, Воил ибн Ҳужр разияллоҳу анҳунинг (Пайғамбаримиз ва саҳобалар намозга киришда) қўлларини елкаларигача кўтарар эдилар деган ҳадислари қўллари кийимлари ичида бўлган пайтга тегишлидир. Аммо (Пайғамбаримиз ва саҳобалар намозга киришда) қўлларини қулоқларигача кўтардилар, деган ҳадислари қўллари кийимлари ичида бўлмаган пайтга тегишлидир.

Шундай экан, биз ҳанафийлар такбири таҳримада қўл кўтариш ҳақидаги Воил ибн Ҳужр разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисларини барчасига амал қиламиз: Совуқ сабабли қўллар кийим ичида бўлган пайтда қўлни кўтариш мумкин бўладиган жойгача кўтарамиз. У ҳам бўлса елка баробаридир. Агар қўллар кийим ичида бўлмаса Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга ўхшаб қўлларимизни қулоққача кўтарамиз” (“Шарҳ маонил-осор” китоби).

Маълумки, ҳозирги кунда қўллар кийим ичида бўлмайди сабаби, барча кийимларнинг енги бор. Демак, ҳозирги пайтда намозга киришгувчи киши қўлларини қулоғи баробаригача кўтаради. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати.
@diniysavollar

Савол йўллаш
🌐 https://savollar.muslim.uz
📲 @SavollarMuslimUzBot

▫️ Каналга уланиш
МАСЖИДДА БЕКОРЧИ СЎЗЛАРНИ ГАПЛАШМАСЛИК
#масжид_одоблари

212-CАВОЛ: Бир ҳадис эшитдим, масжидда гаплашманг, акс ҳолда 27 йил қилган ибодатингиз ўчиб кетади, дейишди. Бу қанчалик ишончли ҳадис?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Машҳур муфассир Исмоил Ҳаққий ўзларининг “Руҳул баён” тафсирида шундай деганлар: “Айтилишича, масжид, илм мажлиси, маййитнинг ёни, қабристон, азон айтилаётган вақт ва Қуръон ўқилаётган пайтда дунё гапларини сўзлашиш 30 йиллик савобни кетказади”.

Кўриниб турибдики, муфассир бу гапни “айтилишича”, деб бошламоқда, лекин ҳадис демаганлар. Бу сўзни мўътабар ҳадис китобларида ҳам учратмадик. Бу гапни Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан бошқа киши ўз ақлидан келиб чиқиб, айта олмайди. Бунинг устига бу сўз динимиздаги "Амалларни фақат куфр ёки ширк бутунлай йўққа чиқаради", деган умумий қоидага зид келмоқда.

Бу мавзуда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан қуйидаги ҳадис ривоят қилинган:

سَيكون فِي آخر الزَّمَان قوم يكون حَدِيثهمْ فِي مَسَاجِدهمْ لَيْسَ لله فيهم حَاجَة (رواه الامام ابن حبان عن ابْن مَسْعُود رضي الله عنه)

яъни: “Охир замонда шундай кишилар чиқадики, уларнинг суҳбатлари масжидларида бўлади. Аллоҳнинг уларга ҳожати йўқ” (Имом Ибн Ҳиббон ривояти).

Бир қараганда ҳадиси шарифдан масжидда ҳар қандай гап-сўзларни гаплашиш мумкин эмасга ўхшаб кўринади. Лекин муҳаққиқ уламолар: “Ҳаром ва ботил аралашмаган дин ва дунё учун муҳим бўлган сўзларнигина гаплашиш жоиз”, – дейдилар. Бунга Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг шоир саҳоба Ҳассон ибн Собит разияллоҳу анҳуга мушрикларнинг Аллоҳ ва Расулига тўқиган бўҳтонларига раддия тарзида масжидда шеър ўқишга рухсат берганлари далил бўлади. Бу ҳақдаги ривоятни Имом Бухорий ва Имом Муслим ўзларининг "Саҳиҳ"ларида келтирганлар.

Мумкин бўлмаган гаплашиш – масжиддаги намозхонларни безовта қиладиган, масжиднинг ҳурматини туширадиган ва бекорчи гап-сўзлардир. Гуноҳ бўлмайдиган сўзларни масжидда гаплашиш жоиз бўлсада, намозхонларга у ерда ибодат ва зикр билан машғул бўлиш тавсия қилинади, чунки масжид айнан ана шу ишлар учун бино қилинган.

Яна масжидда ман қилинган ишларга унда овозни кўтариш (бақир-чақир қилиш), йўқолган нарсасини эълон қилиш ва савдо-сотиқ билан шуғулланиш киради. “Фатавои ҳиндия” китобида эса бу мавзуда шундай дейилади:

الْجُلُوسُ فِي الْمَسْجِدِ لِلْحَدِيثِ لَا يُبَاحُ بِالِاتِّفَاقِ ؛ لِأَنَّ الْمَسْجِدَ مَا بُنِيَ لِأُمُورِ الدُّنْيَا ، وَفِي خِزَانَةِ الْفِقْهِ مَا يَدُلُّ عَلَى أَنَّ الْكَلَامَ الْمُبَاحَ مِنْ حَدِيثِ الدُّنْيَا فِي الْمَسْجِدِ حَرَامٌ .قَالَ : وَلَا يتَكَلَّمُ بِكَلَامِ الدُّنْيَا ، وَفِي صَلَاةِ الْجَلَّابِيِّ الْكَلَامُ الْمُبَاحُ مِنْ حَدِيثِ الدُّنْيَا يَجُوزُ فِي الْمَسَاجِدِ ، وَإِنْ كَانَ الْأَوْلَى أَنْ يَشْتَغِلَ بِذَكَرِ اللَّهِ تَعَالَى - كَذَا فِي التُّمُرْتَاشِيِّ .

яъни: “Масжидда гаплашиш учун ўтириш мубоҳ эмаслигига уламолар иттифоқ қилганлар, чунки масжид дунё ишлари учун қурилмаган. “Хизонатул фиқҳ” китобида масжидда мубоҳ бўлган дунё сўзларини гаплашиш ҳаромлигига далолат қиладиган ибора бор. Унда: “(Масжидда) дунё сўзларини сўзланмайди”, – дейилган. “Салотул Жаллобий” китобида эса: “Агарчи Аллоҳнинг зикри билан машғул бўлиш яхшироқ бўлсада, мубоҳ бўлган дунё сўзларини масжидда гаплашиш жоиз бўлади”, – дейилган”.

Демак, масжидда бекорчи гап сўзларни гаплашиш, бақир-чақир, савдо-сотиқ ва намозхонлар ибодатига халақит қилиш, йўқолган нарсасини эълон қилиш мумкин эмас. Буни уламолар “ҳаромга яқин макруҳ” деганлар.

Гарчи заруратда мубоҳ бўлган дунё сўзларини гаплашиш мумкин бўлсада, масжидда ибодат ва зикр билан машғул бўлиш яхшироқдир. Чунки масжидлар ана шу амаллар учун қурилгандир. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати.
@diniysavollar

Савол йўллаш
🌐 https://savollar.muslim.uz
📲 @SavollarMuslimUzBot

▫️ Каналга уланиш