FATVO.UZ | Расмий канал
138K subscribers
1.07K photos
2.03K videos
4.38K links
Ўзбекистон мусулмонлари идораси қошидаги Фатво марказининг расмий телеграм канали

©Каналдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.

Колл марказ рақами: 781503344

Lotincha 👉 @fatvouzlotin

https://taplink.cc/diniysavollar
Download Telegram
143-savol
Fatvo hay'ati
РАМАЗОН ОЙИДА УМРА ҚИЛИШ
#РАМАЗОН

143-CАВОЛ

▫️ Каналга уланиш
АШУРО КУНИ РЎЗАСИ
#Эълон

Абу Қатода разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

"صِيَامُ يَوْمِ عَاشُورَاءَ إِنِّي أَحْتَسِبُ عَلَى اللَّهِ أَنْ يُكَفِّرَ السَّنَةَ الَّتِي قَبْلَهُ" (رَوَاهُ الْاَمَامُ التِّرْمِذِيُّ).

яъни: “Ашуро куни рўзаси (сабабли) Аллоҳ ўтган йилги гуноҳларни кечиришини умид қиламан” (Имом Термизий ривояти).

Бундай улкан имконият Аллоҳ таолонинг биз – бандаларига қилган фазл ва марҳаматидир.

Муҳаррамнинг 10-кунги рўзасига 9-кунни ҳам қўшиб тутиш суннат амалдир. Чунки Ибн Аббос разияллоҳу анҳунинг ривоятида: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўзасини тутдилар ва у куннинг рўзасини тутишга амр қилдилар. Одамлар: “Эй Аллоҳниниг Расули, бу кунни яҳудий ва насоролар улуғлайдилар”, – дейишди. Шунда У Зот саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Келаси йил иншааллоҳ, тўққизинчи кунни ҳам рўзасини тутамиз”, - дедилар. Келаси йил бўлмасдан туриб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар”, – дейилган (Имом Муслим ва Имом Абу Довуд ривояти).

Демак, Ашуро кунининг фазилатларига эга бўлиш учун қуйидаги кунларда рўза тутиш мақсадга мувофиқ:

9-муҳаррам = 8 сентябрь, якшанба куни;
10-муҳаррам (Ашуро куни) = 9 сентябрь, душанба куни.

Аллоҳ таоло ҳаммамизни Ўзи рози бўладиган амалларга муваффақ айласин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати.
@diniysavollar

Савол йўллаш
🌐 https://savollar.muslim.uz
📲 @SavollarMuslimUzBot

▫️ Каналга уланиш
КУРСИДА НАМОЗ ЎҚИШНИНГ ҲУКМИ
#намоз

210-CАВОЛ: Дўстларимдан бири билан битта масала бўйича тортишиб қолдим. Сизлардан илтимос шу масалага ойдинлик киритиб берсангиз. Бизнинг динимизда стулда ўтириб намоз ўқиш тўғрисида нима дейилган? Шу ҳақда китоблардаги далил, исбот, ҳужжатлар билан ёритиб берсаларингиз. Олдиндан каттакон раҳмат!

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Намозда тик туриш фарз ҳисобланади. Узрсиз фарзни тарк қилиш билан намоз дуруст бўлмайди. Фиқҳий китобларимизда бемор кишининг намози ҳақидаги тартиб-қоидалар батафсил баён қилинган. Жумладан, “Фатовои Татархония” китобида шундай дейилади:

وَإِنْ عَجَزَ عَنِ الْقِيَامِ وَقَدَرَ عَلَى الْقُعُودِ، فَإِنَّهُ يُصَلِّي الْمَكْتُوبَةَ قَاعِداً بِرُكُوعٍ وَسُجُودٍ، وَلاَ يُجْزِئُهُ غَيْرُ ذَلِكَ

яъни: “Киши тик туришга қодир бўлмай, ўтиришга қодир бўлса, фарз намозларни ўтирган ҳолда рукуъ ва сажда қилиб ўқийди. Бундан бошқа суратда ўқиш жоиз эмас”.

Машҳур ва мўътабар фиқҳий китобимиз яна бири “Мухтасарул виқоя”да шундай дейилган:

إِنْ تَعَذَّرَ الْقِيَامُ لِمَرَضٍ حَدَثَ قَبْلَ الصَّلَاةِ أَوْ فِيهَا، صَلَّى قَاعِدًا يَرْكَعُ وَيَسْجُدُ. وَإِنْ تَعَذَّرَا مَعَ الْقِيَامِ أَوْمَأَ بِرَأْسِهِ قَاعِدًا إِنْ قَدَرَ، وَجَعَلَ سُجُودَهُ أَخْفَضَ مِنْ رُكُوعِهِ.

яъни: “Намоздан олдин ёки унинг асносида пайдо бўлган беморлик сабабли киши тик туриб намоз ўқиши узрли бўлиб қолса, ўтирган ҳолда рукуъ ва сажда қилиб намоз ўқийди. Руку ва сажда ҳамда тик туриш узрли бўлса, ўтирган ҳолатида боши билан имо-ишора қилиб намоз ўқийди. Саждасини рукуъсидан пастроқ қилади”.

Тик туришга қодир киши намозга кириш такбирини тик туриб айтмаса, намози дуруст бўлмайди. Бу ҳақда “Бадоиъус саноиъ” китобида шундай дейилган:

شَرْطُ صِحَّةِ التَّكْبِيْرِ أَنْ يُوْجَدَ فِي حَالَةِ الْقِيَامِ فِي حَقِّ الْقَادِرِ عَلَى الْقِيَامِ، سَوَاءٌ كَانَ إِمَامًا أَوْ مُنْفَرِدًا أَوْ مُقْتَدِيًا، حَتَّى لَوْ كَبَّرَ قَاعِدًا ثُمَّ قَامَ لاَ يَصِيْرُ شَارِعًا، وَلَوْ وُجِدَ الْإِمَامُ فِي الرُّكُوعِ أَو السُّجُودِ أَو الْقُعُودِ يَنْبَغِيْ أَنْ يُكَبِّرَ قَائِمًا ثُمَّ يَتْبَعُهُ فِي الرُّكْنِ الَّذِي هُوَ فِيْهِ، وَلَوْ كَبَّرَ لِلْاِفْتِتَاحِ فِي الرُّكْنِ الَّذِيْ هُوَ فِيْهِ لاَ يَصِيْرُ شَارِعًا لِعَدَمِ التَّكْبِيْرِ قَائِمًا مَعَ الْقُدْرَةِ عَلَيْهِ .

яъни: “Тик туришга қодир бўлган имом учун ҳам, ёлғиз намоз ўқиётган одам учун ҳам, иқтидо қилган одам учун ҳам намозга кириш такбирини айтишнинг шарти – тик турган ҳолатда такбир айтишдир. Тик туришга қодир одам ўтирган ҳолида такбир айтиб, кейин турса, намозга кирган ҳисобланмайди. Имом рукуъ, сажда ёки қаъдада бўлса, намозга янги қўшилаётган одам такбирни тик туриб айтиб, кейин имомга эргашиши шартдир. Имом сажда ёки қаъдадалигида унга иқтидо қилган одам ўтириб олганидан кейин такбир айтса, намозга киришган бўлмайди, чунки у қиёмга қодирдир. Бу ҳақда Аллома Муҳаммад Амин Ибн Обидин шундай деганлар:

(وَإِنْ قَدَرَ عَلَى بَعْضِ الْقِيَامِ) وَلَوْ مُتَّكِئًا عَلَى عَصًا أَوْ حَائِطٍ (قَامَ) لُزُومًا بِقَدْرِ مَا يَقْدِرُ وَلَوْ قَدْرَ آيَةٍ أَوْ تَكْبِيْرَةٍ عَلَى الْمَذْهَبِ،

яъни: “Ҳасса ёки деворга суяниб бўлса ҳам тик туришга қодир бўлган киши имкон борича тик туриб намоз ўқиши лозимдир, гарчи бир оят ёки такбири таҳримани айтиш миқдорича бўлса ҳам” (“Раддул муҳтор” китоби).

Курсига ўтириб намоз ўқишда яна насороларнинг ибодатхонасидаги ҳолатга ўхшашлик бор. Ваҳоланки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам кўплаб ҳадиси шарифларида ибодатларда аҳли китобларга ўхшашдан қаттиқ қайтарганлар.
Демак, шариатимизга кўра ерга ўтиришга қодир бўлади туриб, курсида ўтириб намоз ўқилишига рухсат берилмаган. Агар киши бирор узр туфайли тик туриб ёки ерга ўтирган ҳолатда намоз ўқишга қодир бўлмасаю, курсига ўтириб намоз ўқишга қодир бўлса, шундагина курсига ўтириб намоз ўқиши жоиздир. Масалан, жарроҳлик амалиётидан сўнг фақатгина курсида ўтириб ўқиш қулай бўлса, ана шундай мажбурий ҳолатлардагина бунга ижозат берилади. Шунда ҳам курсига ўтиришга эҳтиёжи бор узрли намозхонлар намоз арконларини тўла-тўкис адо этолмаётганидан хижолат чекиб, олдинги сафларга эмас, бошқа намозхонларга халал бермасдан орқароқ ва чеккароқ жойларни танлашлари – айни исломий одобга риоя қилиш ҳисобланади.

Курсида намоз ўқигувчи киши сафни текис қилишдек вожиб амални бажара олмайди. Сабаби – у сафдан олдинга ёки орқага ўтиб кетиши мумкин. Курсида ўтиргани учун сафдан орқароқда туриб, кейинги сафда турган кишининг сажда қиладиган жойини эгаллаб олиши ёки сафдаги ўрнини бўш қолдириб, сафдан олдинга чиқиб ўтириб олиши жоиз эмас. Бундан ташқари, курсида намоз ўқигувчи кишида тик туриб такбир айтиш, тик туриш каби бир қанча фарз амаллар бажарилмаётган бўлади. Ваҳоланки, намознинг гарчи битта фарзи ҳам шаръий узрсиз тарк қилинса, намоз дуруст бўлмаслиги барчамизга маълум.

Шуни ҳам билиш лозимки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобалар ва тобеинларнинг даврларида жангу жадаллар кўп бўлган. Урушда кимнингдир оёғи кесилган, кимнингдир бели синган ва ҳоказо жароҳатлар бўлган. Шундай бўлса-да, уларнинг бирорталари курсида ўтириб намоз ўқиганлари ҳеч бир ривоятда келмаган. Тик туришга қодир бўлмаганлари ерга ўтириб намоз ўқиганлар. Шунинг учун бирорта фиқҳий китобларимизда “Курсида ўтириб намоз ўқиш” деган боб киритилмаган. Сабаби – юқорида айтиб ўтилганидек, тик туриб намоз ўқишга қодир бўлмаганлар ўтириб ўқийди, ўтиришга қодир бўлмаганлар ётиб ўқийди.

Юқорида баён этилган Ислом шариатининг ҳукмларига кўра, ерга ўтириб намоз ўқишга қодир бўлган киши курсида ўтириб намоз ўқиши дуруст эмас.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг тарихларидан барчамизга маълумки, У Зот умрларининг охирида қаттиқ бемор бўлдилар. Масжидга икки саҳобаи киромнинг ўртасида, уларга суяниб, муборак оёқлари ерга судралган ҳолатда чиқдилар. Мана шундай оғир ҳолатда ҳам ерга ўтириб, жамоат билан бирга намозни адо қилдилар. Бу ҳолат барчамизга дарс ва ибрат ҳисобланади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати.
@diniysavollar

Савол йўллаш
🌐 https://savollar.muslim.uz
📲 @SavollarMuslimUzBot

▫️ Каналга уланиш
ТАКБИРИ ТАҲРИМАДА ҚЎЛЛАР ЕЛКА БАРОБАРИГАЧА КЎТАРИЛИШИГА ҲАНАФИЙЛАРНИНГ ЖАВОБИ
#намоз

211-CАВОЛ: Намозга киришдан олдин Имом Аъзам мазҳабларида қулоқ қоқилади. Лекин ҳадисларда Пайғамбаримиз алайҳиссалом елка баробарича қўл кўтарганлари “Саҳиҳи Бухорий” да ҳам келади. Шунга нима деб жавоб берилган?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Намозга киришда қўлларни қулоқ баробаригача кўтариш суннатлиги ҳақида батафсил маълумот берган эдик: https://t.iss.one/diniysavollar/350

Энди Сизнинг саволингизга келсак, ҳақиқатда Пайғамбар алайҳиссалом намозга киришда муборак қўлларини елкалари баробаригача кўтарганларига далолат қиладиган ҳадислар ривоят қилинган. Барча ҳадисларни мукаммал ўрганган уламоларимиз бу масалада қуйидагича хулоса қилганлар: Совуқда Пайғамбаримиз саллаллаҳу алайҳи васалламнинг қўллари кийимлари ичида бўлгани ва у қалин кийимнинг енги бўлмагани сабабли намозга киришда қўлларини елка баробаригача кўтарганлар. Табиийки, бундай ҳолатда қўл елкадан тепага кўтарилмайди. Совуқ бўлмаган пайтларда Пайғамбар алайҳиссаломнинг қўллари кийимларининг ичида бўлмагани учун намозга киришда қўлларини қулоқлари баробаригача кўтарганлар. Бунга машҳур саҳобий Воил ибн Ҳужрнинг қуйидаги ривоятлари далолат қилади:

عَنْ وَائِلِ بْنِ حُجْرٍ قَالَ: أَتَيْت النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، فَرَأَيْته يَرْفَعُ يَدَيْهِ حِذَاءَ أُذُنَيْهِ إذَا كَبَّرَ... قَالَ: ثُمَّ أَتَيْته مِنْ الْعَامِ الْمُقْبِلِ، وَعَلَيْهِمْ الْأَكْسِيَةُ وَالْبَرَانِسُ فَكَانُوا يَرْفَعُونَ أَيْدِيَهُمْ فِيهَا، وَأَشَارَ شَرِيكٌ إلَى صَدْرِهِ. (رَوَاهُ الإمَامُ الطحاوي)

яъни: “Воил ибн Ҳужр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам (ҳузурларига) борганимда У Зотни икки қўлларини қулоқлари баробарига кўтарган ҳолда такбир айтганларини кўрдим. Кейинги йил борганимда эса улар (Пайғамбаримиз ва саҳобалар)нинг устиларида (қалин) кийимлари бор эди. (Улар намозга киришда) қўлларини кўкрак баробаригача кўтардилар” (Имом Таҳовий ривояти).

Машҳур муҳаддис Имом Абу Жаъфар Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳ мазкур ҳадисдан қуйидаги хулосани чиқарганлар:

فَأَخْبَرَ وَائِلُ بْنُ حُجْرٍ فِي حَدِيثِهِ هَذَا أَنَّ رَفْعَهُمْ إلَى مَنَاكِبِهِمْ، إنَّمَا كَانَ لِأَنَّ أَيْدِيَهُمْ كَانَتْ حِينَئِذٍ فِي ثِيَابِهِمْ، وَأَخْبَرَ أَنَّهُمْ كَانُوا يَرْفَعُونَ إذَا كَانَتْ أَيْدِيهِمْ لَيْسَتْ فِي ثِيَابِهِمْ، إلَى حَذْوِ آذَانِهِمْ .فَأَعْمَلْنَا رِوَايَتَهُ كُلَّهَا فَجَعَلْنَا الرَّفْعَ إذَا كَانَتْ الْيَدَانِ فِي الثِّيَابِ لِعِلَّةِ الْبَرْدِ إلَى مُنْتَهَى مَا يُسْتَطَاعُ الرَّفْعُ إلَيْهِ، وَهُوَ الْمَنْكِبَانِ .وَإِذَا كَانَتَا بَادِيَتَيْنِ، رَفَعَهُمَا إلَى الْأُذُنَيْنِ كَمَا فَعَلَ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ .

яъни: “Демак, Воил ибн Ҳужр разияллоҳу анҳунинг (Пайғамбаримиз ва саҳобалар намозга киришда) қўлларини елкаларигача кўтарар эдилар деган ҳадислари қўллари кийимлари ичида бўлган пайтга тегишлидир. Аммо (Пайғамбаримиз ва саҳобалар намозга киришда) қўлларини қулоқларигача кўтардилар, деган ҳадислари қўллари кийимлари ичида бўлмаган пайтга тегишлидир.

Шундай экан, биз ҳанафийлар такбири таҳримада қўл кўтариш ҳақидаги Воил ибн Ҳужр разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисларини барчасига амал қиламиз: Совуқ сабабли қўллар кийим ичида бўлган пайтда қўлни кўтариш мумкин бўладиган жойгача кўтарамиз. У ҳам бўлса елка баробаридир. Агар қўллар кийим ичида бўлмаса Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга ўхшаб қўлларимизни қулоққача кўтарамиз” (“Шарҳ маонил-осор” китоби).

Маълумки, ҳозирги кунда қўллар кийим ичида бўлмайди сабаби, барча кийимларнинг енги бор. Демак, ҳозирги пайтда намозга киришгувчи киши қўлларини қулоғи баробаригача кўтаради. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати.
@diniysavollar

Савол йўллаш
🌐 https://savollar.muslim.uz
📲 @SavollarMuslimUzBot

▫️ Каналга уланиш
МАСЖИДДА БЕКОРЧИ СЎЗЛАРНИ ГАПЛАШМАСЛИК
#масжид_одоблари

212-CАВОЛ: Бир ҳадис эшитдим, масжидда гаплашманг, акс ҳолда 27 йил қилган ибодатингиз ўчиб кетади, дейишди. Бу қанчалик ишончли ҳадис?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Машҳур муфассир Исмоил Ҳаққий ўзларининг “Руҳул баён” тафсирида шундай деганлар: “Айтилишича, масжид, илм мажлиси, маййитнинг ёни, қабристон, азон айтилаётган вақт ва Қуръон ўқилаётган пайтда дунё гапларини сўзлашиш 30 йиллик савобни кетказади”.

Кўриниб турибдики, муфассир бу гапни “айтилишича”, деб бошламоқда, лекин ҳадис демаганлар. Бу сўзни мўътабар ҳадис китобларида ҳам учратмадик. Бу гапни Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан бошқа киши ўз ақлидан келиб чиқиб, айта олмайди. Бунинг устига бу сўз динимиздаги "Амалларни фақат куфр ёки ширк бутунлай йўққа чиқаради", деган умумий қоидага зид келмоқда.

Бу мавзуда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан қуйидаги ҳадис ривоят қилинган:

سَيكون فِي آخر الزَّمَان قوم يكون حَدِيثهمْ فِي مَسَاجِدهمْ لَيْسَ لله فيهم حَاجَة (رواه الامام ابن حبان عن ابْن مَسْعُود رضي الله عنه)

яъни: “Охир замонда шундай кишилар чиқадики, уларнинг суҳбатлари масжидларида бўлади. Аллоҳнинг уларга ҳожати йўқ” (Имом Ибн Ҳиббон ривояти).

Бир қараганда ҳадиси шарифдан масжидда ҳар қандай гап-сўзларни гаплашиш мумкин эмасга ўхшаб кўринади. Лекин муҳаққиқ уламолар: “Ҳаром ва ботил аралашмаган дин ва дунё учун муҳим бўлган сўзларнигина гаплашиш жоиз”, – дейдилар. Бунга Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг шоир саҳоба Ҳассон ибн Собит разияллоҳу анҳуга мушрикларнинг Аллоҳ ва Расулига тўқиган бўҳтонларига раддия тарзида масжидда шеър ўқишга рухсат берганлари далил бўлади. Бу ҳақдаги ривоятни Имом Бухорий ва Имом Муслим ўзларининг "Саҳиҳ"ларида келтирганлар.

Мумкин бўлмаган гаплашиш – масжиддаги намозхонларни безовта қиладиган, масжиднинг ҳурматини туширадиган ва бекорчи гап-сўзлардир. Гуноҳ бўлмайдиган сўзларни масжидда гаплашиш жоиз бўлсада, намозхонларга у ерда ибодат ва зикр билан машғул бўлиш тавсия қилинади, чунки масжид айнан ана шу ишлар учун бино қилинган.

Яна масжидда ман қилинган ишларга унда овозни кўтариш (бақир-чақир қилиш), йўқолган нарсасини эълон қилиш ва савдо-сотиқ билан шуғулланиш киради. “Фатавои ҳиндия” китобида эса бу мавзуда шундай дейилади:

الْجُلُوسُ فِي الْمَسْجِدِ لِلْحَدِيثِ لَا يُبَاحُ بِالِاتِّفَاقِ ؛ لِأَنَّ الْمَسْجِدَ مَا بُنِيَ لِأُمُورِ الدُّنْيَا ، وَفِي خِزَانَةِ الْفِقْهِ مَا يَدُلُّ عَلَى أَنَّ الْكَلَامَ الْمُبَاحَ مِنْ حَدِيثِ الدُّنْيَا فِي الْمَسْجِدِ حَرَامٌ .قَالَ : وَلَا يتَكَلَّمُ بِكَلَامِ الدُّنْيَا ، وَفِي صَلَاةِ الْجَلَّابِيِّ الْكَلَامُ الْمُبَاحُ مِنْ حَدِيثِ الدُّنْيَا يَجُوزُ فِي الْمَسَاجِدِ ، وَإِنْ كَانَ الْأَوْلَى أَنْ يَشْتَغِلَ بِذَكَرِ اللَّهِ تَعَالَى - كَذَا فِي التُّمُرْتَاشِيِّ .

яъни: “Масжидда гаплашиш учун ўтириш мубоҳ эмаслигига уламолар иттифоқ қилганлар, чунки масжид дунё ишлари учун қурилмаган. “Хизонатул фиқҳ” китобида масжидда мубоҳ бўлган дунё сўзларини гаплашиш ҳаромлигига далолат қиладиган ибора бор. Унда: “(Масжидда) дунё сўзларини сўзланмайди”, – дейилган. “Салотул Жаллобий” китобида эса: “Агарчи Аллоҳнинг зикри билан машғул бўлиш яхшироқ бўлсада, мубоҳ бўлган дунё сўзларини масжидда гаплашиш жоиз бўлади”, – дейилган”.

Демак, масжидда бекорчи гап сўзларни гаплашиш, бақир-чақир, савдо-сотиқ ва намозхонлар ибодатига халақит қилиш, йўқолган нарсасини эълон қилиш мумкин эмас. Буни уламолар “ҳаромга яқин макруҳ” деганлар.

Гарчи заруратда мубоҳ бўлган дунё сўзларини гаплашиш мумкин бўлсада, масжидда ибодат ва зикр билан машғул бўлиш яхшироқдир. Чунки масжидлар ана шу амаллар учун қурилгандир. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати.
@diniysavollar

Савол йўллаш
🌐 https://savollar.muslim.uz
📲 @SavollarMuslimUzBot

▫️ Каналга уланиш
ҚАРЗ БЕРИШ ФАЗИЛАТИ ВА УНИНГ ҲУКМИ
#қарз

213-CАВОЛ: Биров қарз сўрасаю мен берсам, бу ҳам яхшиликми? Савоби қандай? Кейинчалик пулимни ололмасамчи?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Қарз беришнинг савоби жуда улуғ эканлиги ояти карималарда очиқ-ойдин баён қилинган. Албатта бунда қарз берувчи бирор дунёвий манфаатдан тама қилмаслиги шарт. Ажр умидида берилган қарзнинг савоби бир неча баробар кўпайтирилади ва гуноҳлар мағфират қилинади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

إنْ تُقْرِضُوا اللَّهَ قَرْضًا حَسَنًا يُضَاعِفْهُ لَكُمْ وَيَغْفِرْ لَكُمْ وَاللَّهُ شَكُورٌ حَلِيمٌ

яъни: “Агар сизлар Аллоҳга «қарзи ҳасана» берсангиз (муҳтожларга эҳсон қилсангиз), У сизларга бир неча баробар қилиб қайтарур ва (гуноҳларингизни) мағфират қилур. Аллоҳ миннатдор (оз олиб, кўп берувчи) ва ҳалимдир” (Тағобун сураси, 17-оят).

Ояти каримада “муҳтожларга эҳсон қилиш ва уларга чиройли қарз бериш”ни “Аллоҳ таолога қарз бериш” дейилмоқда. Аллоҳ таоло бандасидан қарздор бўлиб қолмайди, балки бандага янада “яхшироғи”ни беради ва “улуғ ажр” билан мукофотлайди:

وَأَقْرِضُوا اللَّهَ قَرْضًا حَسَنًا وَمَا تُقَدِّمُوا لأَنفُسِكُم مِّنْ خَيْرٍ تَجِدُوهُ عِندَ اللَّهِ هُوَ خَيْرًا وَأَعْظَمَ أَجْرًا وَاسْتَغْفِرُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ غَفُورٌ رَّحِيمٌ

яъни: “...(мискинларга эҳсон қилиш билан) Аллоҳга «қарзи ҳасана» берингиз! Ўзларингиз учун тақдим қиладиган яхшиликни (қиёмат куни) Аллоҳнинг ҳузурида янада яхшироқ ва улуғроқ мукофот ҳолида топурсиз. Аллоҳдан мағфират сўрангиз! Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмлидир” (Муззаммил сураси, 20-оят).

Баъзи уламолар: “Қарз бериш садақадан афзал”, – дейишган, чунки қарзни аксар ҳолатда муҳтож одам сўрайди. Киши қанча қарз берса, ҳар куни ўшанча садақа қилганни савобини олади. Бурайда ибн Ҳусайб ал-Асламий Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар:

مَن أنظَر معسرًا فله كل يومٍ مثله صدقةٌ، فقلت: يا رسول الله، سمعتك تقول: مَن أنظر مُعسرًا فله كل يومٍ مثليه صدقةٌ، قال له: كل يومٍ مثله صدقةً قبل أن يحل الدَّين، فإذا حل فأَنظَر فله كل يومٍ مثليه صدقةٌ (رواه الامام احمد)

яъни: “Ким камбағалга (қарз) муддатини узайтирса, ҳар куни берган қарзи миқдорича садақа қилган бўлади”. Мен: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Сизнинг “Ким камбағалга (қарз) муддатини узайтирса, ҳар куни берган қарзининг икки баробарида садақа қилган бўлади”, деганингизни эшитгандим”, – дедим. Шунда У Зот алайҳиссалом: “Дайн (насияга сотилган нарсанинг пулини тўлаш) вақти келгунча – бир баробар. Муддат тўлиб, яна уни узайтирса, қарзнинг икки баробарида садақа қилган бўлади” – дедилар. (Имом Аҳмад ривояти).

Қарздорга муҳлат бериш ёки қарзни кечиш банданинг авф қилиниши ва Қиёматда гуноҳларидан ўтилишига сабаб бўлади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

كان رجل يداين الناس فكان يقول لفتاه: إذا أتيت معسرا فتجاوز عنه لعل الله أن يتجاوز عنا، قال: فلقي الله فتجاوز عنه (رواه الامام البخاري عن أبي هريرة رضي الله عنه)

яъни: “Бир киши одамларга қарз берар эди ва хизматкорига: “Қарзини узишга қийналган кишининг ёнига (қарзни сўраб борсанг), ундан (қарзини) кечгин, шоядки Аллоҳ ҳам биздан (гуноҳларимизни) кечса”, – дер эди”. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “У Аллоҳга йўлиқди ва унинг гуноҳларини кечди”, – дедилар” (Имом Бухорий ривояти).

Бошқа ҳадиси шарифда қарздорга муҳлат берган ёки қарзни кечган кишини Аллоҳ таоло соя бўлмайдиган кунда, яъни Қиёматда соялантиради:

من أنظر معسرا أو وضع عنه أظله الله في ظله (رواه الامام مسلم عن أبي اليسر رضي الله عنه)

яъни: “Ким камбағалга муҳлат берса ёки қарзни кечса, Аллоҳ уни ўз соясида соялантиради” (Имом Муслим ривояти).

Шариатимизда қарз орқасидан фойда кўриш, берган пулига пул ёки бошқа нарса қўшиб олиш мумкин эмас. Бу рибо ҳисобланади. Мазҳаббошимиз Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг таржимаи ҳолларида келтирилишича, у зот рибодан қўрқиб, қарздор кишининг дарахти остида сояланмас эдилар (“Хайротул ҳисан” китоби).
Умуман олганда, қарз бериш мустаҳаб саналади. Шу жиҳатдан сўраган кишига қарз бермаслик гуноҳ саналмайди. Лекин қарз сўровчи музтар (ҳеч нарсаси йўқлигидан ўлар ҳолатга келган) бўлса ва сўралувчи бой бўлса, қарз бериш вожибга айланади. Агар қарз сўровчи пулни ҳаромга ёки макруҳ нарсаларга сарфлаши эҳтимоли катта бўлса, унга қарз бериш ҳолатга қараб ҳаром ёки макруҳ бўлади (“Мавсуъатул фиқҳия ал-кувайтия” китоби).

Шуни яхши билиш керакки, одамлардан қарз олиб, уни тўламасдан (ёки тўлайдиган мол қолдирмасдан) дунёдан ўтиб кетадиганлар Қиёматда бу қарзни савоблари билан тўлаб беради. Чунки у ерда тўлайдиган пул йўқ, савоб эса ҳаммага керак бўлиб турган бўлади. Имкони бўла туриб қарзни чўзишни Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам “зулм” деб атаганлар:

مَطْلُ الْغَنِيِّ ظُلْمٌ (رواه الامام البخاري عن أَبَي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ)

яъни: “Бойнинг (қарзни бермасдан) чўзиб юриши зулмдир” (Имом Бухорий ривояти).

Демак, муҳтожга қарз беришда катта савоб ва ажрлар бор. Одатдаги шароитда қарз бериш мустаҳаб ҳисобланади. Қарз олган киши эса имкони бўлиши билан қарзни қайтаришга ҳаракат қилиши лозим, акс ҳолда қарз берган кишига зулм қилган бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати.
@diniysavollar

Савол йўллаш
🌐 https://savollar.muslim.uz
📲 @SavollarMuslimUzBot

▫️ Каналга уланиш
144-savol
Fatvo hay'ati
Дафнга оид масалалар


144-CАВОЛ
▫️ Каналга уланиш
36-savol
Fatvo hay'ati
МУСОФИР КИШИНИНГ НАМОЗИ
#намоз

36-CАВОЛ

▫️ Каналга уланиш
ҲИЖРИЙ-ҚАМАРИЙ ОЙЛАРНИНГ ТАРИХИ ВА ТАРТИБИ
#Ислом_тарихи

214-CАВОЛ: Ҳижрий ҳисобда қайси ойдан кейин қай бири келишини билмайман. Иложи бўлса ҳамма ойларни номи билан билишни хоҳлардим. Олдиндан раҳмат!

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ҳижрий-қамарий ойлар ўн иккита. Улар қуйидаги номлар билан юритилади:

1. Муҳаррам;
2. Сафар;
3. Рабиул аввал;
4. Рабиус соний (ёки Рабиъул охир);
5. Жумодул аввал;
6. Жумодус соний (ёки Жумодул охира);
7. Ражаб;
8. Шаъбон;
9. Рамазон;
10. Шаввол;
11. Зулқаъда;
12. Зулҳижжа
.

Динимизда Рамазон ойи, ҳаж мавсуми каби ибодатларни вақтини белгилашда ҳижрий-қамарий тақвим (календар)дан фойдаланилади. Бу тақвим ойнинг фалакдаги ҳаракатига асосланади. Ҳилол (янги ой) кўринса, эртаси кундузи ойнинг биринчи куни ҳисобланади. Ҳижрий-қамарий ойлар 29 ёки 30 кун бўлади. Шу сабабли бир ҳижрий-қамарий йил 354 кун бўлиб, милодий йилдан 11 кун кам бўлади. Ҳижрий-қамарий тақвимнинг биринчи куни Муҳаррам ойининг биринчи кунидан бошланади.

Ҳижий-қамарий тақвимдан фойдаланишга иккинчи халифа Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу даврида, яъни 16 ҳижрий йилнинг Рабеъул аввал ойида қарор қилинди ва келадиган 1-Муҳаррам 17 ҳижрий йилнинг боши деб ҳисобланди. Ҳижрий-қамарий йилнинг бошланишига Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васалламнинг Маккаи мукаррамадан Мадинаи мунавварага ҳижрат қилган йиллари асос қилиб олинди. Бу милодий 622 йилга тўғри келади. “Ҳижрий”, деган сўз “ҳижрат (кўчиш)га тегишли”, “қамарий” эса “ойга тегишли” деган маънони билдиради.

Қамарий тақвимдан Ислом келишидан аввал ҳам араб қабилалари фойдаланишган. Лекин ойларнинг исмлари ҳар хил бўлган. Мана шу турли хиллик улар учун муҳим тижорат ва ибодат мавсуми бўлган ҳаж вақтини белгилашда мушкуллик туғдирган. Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васалламнинг бешинчи боболари Килоб ибн Мурра ҳаётлигида қабила бошлиқлари мажлис қилишиб, ой номларини бир хил қилишга келишадилар. Ой номларини эса воқеъликдан келиб чиқиб қўйишади:
1. Муҳаррам (луғатда “ҳаром қилинган”) – жоҳилият даврида ва Исломнинг аввалида уруш ҳаром қилинган 4 ойдан бири.
2. Сафар (луғ. “сарғайиб қолиш”) – араб қабилалари уруш қилиш учун чиқиб кетишарди, ерлари эса сап-сариқ кимсасиз бўлиб қоларди.
3. Рабиул аввал (луғ. “аввалги баҳор”) – бу ойнинг номланиши баҳорга тўғри келган.
4. Рабиус соний (луғ. “иккинчи баҳор”) – маъносида. Бунинг номи аввалгисига эргаштириб қўйилган.
5. Жумодул аввал (луғ. “аввалги музлаш”) – Бу ойнинг номланиши қишга тўғри келгани учун шундай аталган.
6. Жумодус соний (луғ. “иккинчи музлаш”) – юқоридагига эргаштирилиб ном берилган.
7. Ражаб (луғ. “ўқни ёйдан олиш”, “тўхтаб туриш” маъносида) – бу ой ҳам уруш ҳаром қилинган ойлардан бири эди.
8. Шаъбон (луғ. “икки тоғни бўлиб турувчи дара”, “тарқалиш”) – Ражаб ва Рамазонни бўлиб тургани учун шундай аталган ёки қабилалар Ражаб ойида урушдан тўхтаб қолгандан кейин яна тарқаб кетишар эди.
9. Рамазон (луғ. “қаттиқ қизиш”) – бу ойнинг номланиши йилнинг энг иссиқ пайтларига тўғри келган.
10. Шаввол (луғ. “думнинг кўтарилиши”) – номланиши туялар ориқлаб, сутлари қуриб, думлари кўтарилиб қоладиган вақтга тўғри келган.
11. Зул-қаъда (луғ. “ўтирувчи”) – бу ой уруш ҳаром қилинган ойларнинг биринчиси, одамлар урушдан ўтириб қолгани учун шундай номланган.
12. Зул-ҳижжа (луғ. “ҳаж эгаси”) – қадимдан одамлар мана шу ойда ҳаж қилиш учун чиқишган. Бу ҳам уруш ҳаром қилинган ойлардан.

Ҳижрий-қамарий йил милодий йилдан 11 кун камлиги ва ҳар йили 11 кун эрта келганлиги сабабли, ойлар йилнинг турли фаслларида айланиб келади. Табиийки, дастлабки номланишидаги маъноларга тўғри келмаслиги мумкин. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати.
@diniysavollar

Савол йўллаш
🌐 https://savollar.muslim.uz
📲 @SavollarMuslimUzBot

▫️ Каналга уланиш
ҚУРЪОН ТИЛОВАТ ҚИЛИБ, ЎТГАНЛАРГА БАҒИШЛАШ ЖОИЗЛИГИ
#ақида

215-САВОЛ: Баъзи кишилар юртимизда урф бўлган эҳсон қилиб, охирида тиловати Қуръон қилиш шариатда йўқ, марҳумларга уни савоби етмайди, бу бидъат, фақат дуо қилиш мумкин, дейишмоқда. Шариатимизда бу ҳақда нима дейилган?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Имом Абу Ҳанифа, Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳимо Қуръон тиловати каби баданий ибодатларнинг савоби дунёдан ўтганларга етади, деганлар. Моликий ва Шофеий мазҳабининг кейинги аср уламолари ҳам шу сўзни ихтиёр қилганлар.
Ҳанафий мазҳабининг забардаст уламоларидан Имом Абу Жаъфар Таҳовий шундай дейдилар:

وفي دعاء الاحياء وصدقاتهم منفعة للاموات
яъни: “Тирикларнинг дуо ва садақаларидан ўлганларга манфаат бордир”, – деб келтирадилар. (“Ал-Ақидатут Таҳовия” китоби)
Замондош олимлардан доктор Саид Абдуллатиф Фавда мазкур жумла шарҳида шундай ёзади:

قال ابن الحاج في «المدخل:» من أراد وصول قراءته بلا خلاف فليجعل ذلك دعاء بأن يقول:اللهم اجعل ثواب ما أقرأ إلى فلان
яъни: “Ибнул Ҳож “Мадхал” китобида: “Ким қироати ҳеч хилофсиз (маййитга) етишини хоҳласа, шу ишини “Эй, Аллоҳ! Қироатимнинг савобини фалончига етказгин”, деб дуога айлантирсин”, - дейди” (“Аш-Шарҳул кабир ала Ақида ат-Таҳовия”). Юртимизда урф бўлган маросимларда ҳам худди мана шундай йўл тутилади ва бу амал шаръан жоиз ҳисобланади. “Саҳиҳи Бухорий”га шарҳ ёзган ҳанафий аллома Бадриддин Айний шундай дейдилар:

وروى أبو داود من حديث معقل بن يسار قال قال رسول الله اقرأوا يس على موتاكم وأخرجه النسائي وابن ماجه أيضا فالحديث يدل على أن الميت ينتفع بقراءة القرآن عنده وهو حجة على من قال إن الميت لا ينتفع بقراءة القرآن
яъни: “Имом Абу Довуд Маъқал ибн Ясор разияллоҳу анҳудан ривоят қилади. У киши айтдилар: “Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Ўликларингизга “Ясин” сурасини ўқинг”, — дедилар”. Бу ҳадисни Имом Насоий ва Имом Ибн Можа ҳам ривоят қилишган. Қолаверса ушбу ривоят маййит ёнида ўқилган Қуръондан манфаат олишига далолат қилади ва “маййит Қуръон қироатидан манфаат кўрмайди”, деганларга қарши ҳужжат бўлади” (“Умдатул-қори” китоби).
Тўғри, дастурхон бошида Қуръон тиловати қилиш шарт, қилмаса бўлмайди, гуноҳ бўлади, дейилса бу бидъатга айланади. Лекин биз ундай эътиқод қилмаймиз балки, бу ишни жоиз ва мандуб деб биламиз. Гоҳида дастурхон бошида қироатни тарк қилиб, фақат дуо билан ҳам кифояланиш мумкин, гуноҳ бўлмайди, деймиз.
Саҳобалар ичида қабри бошида Қуръон тиловат қилишни васият қилиб кетганлари бор эди. Чунки улар шу нарсада маййитга фойда борлигини Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганлар. Абдурраҳмон ибн Ало ибн Лажлаждан, у киши отасидан ривоят қилади:

قَالَ لِي أَبِي: يَا بُنَيَّ، إِذَا أَنَا مُتُّ، فَأَلْحِدْنِي، فَإِذَا وَضَعْتَنِي فِي لَحْدِي، فَقُلْ: بِسْمِ اللهِ، وَعَلَى مِلَّةِ رَسُولِ اللهِ، ثُمَّ سِنَّ عَلَيَّ الثَّرَى سِنًّا، ثُمَّ اقْرَأْ عِنْدَ رَأْسِي بِفَاتِحَةِ الْبَقَرَةِ وَخَاتِمَتِهَا، فَإِنِّي سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ ذَلِكَ. رَوَاهُ الطَّبَرَانِيُّ.

яъни: “Отам менга: “Эй ўғилчам! Агар вафот этсам, мени лаҳадга қўйгин. Лаҳадимга қўйиб бўлгач: «Бисмиллаҳи ва ъала миллати Расулиллаҳ», деб устимга тупроқ тортгин. Кейин бош томонимда Бақара сурасининг аввали ва охирини ўқигин, чунки мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг мана шундай деганларини эшитганман”, – деди” (Имом Табароний ривояти).
Шунингдек, Имом Ибн Можа Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўтганлар ҳаққига "Фотиҳа" сурасини ўқишни буюрганларини ҳам ривоят қилган.
Шуни таъкидлаб лозимки, қори Қуръонни холис ўқиши ва унга бирор эҳсон берилганда, Қуръон ўқиганнинг ҳаққи деб эмас, балки ҳадя сифатида олиб, ҳадя берувчининг ҳаққига дуо қилиши мақсадга мувофиқдир. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати.
@diniysavollar

Савол йўллаш
🌐 https://savollar.muslim.uz
📲 @SavollarMuslimUzBot

▫️ Каналга уланиш
145-savol
Fatvo hay'ati
САЖДАИ САҲВ ҚАНДАЙ ҚИЛИНАДИ

145-CАВОЛ
▫️ Каналга уланиш
БОМДОДНИНГ ФАРЗИГА ЕТИБ КЕЛГАН КИШИ СУННАТНИ ЎҚИЙДИМИ?
#намоз

216-CАВОЛ:
Имом Бомдоднинг фарзини бошлаган пайтда масжидга келган киши бомдоднинг суннатини ўқийдими ёки уни ўқимасдан имомга иқтидо қиладими?

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Бомдоднинг икки ракаат суннатини ўқимаган одам имомни фарз намозида топса, қарайди: агар суннатни ўқиса, ҳеч бўлмаганда фарзнинг бир ракаатига улгурадиган бўлса, суннатни ўқиб, сўнгра имомга иқтидо қилади. Мана шунда ҳам суннат, ҳам жамоатнинг фазилатига эришади. Чунки Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

"مَنْ أَدْرَكَ رَكْعَةً مِنَ الْصَلاَةِ فَقَدْ أَدْرَكَ الْصَلاَةَ"
(رواه الإمام مسلم والإمام ابن ماجة عن أبي هريرة رضي الله عنه)

яъни: “Ким намоздан бир ракаатни топса, ҳақиқатан ўша намозни топибди” (Имом Муслим ва Имом Ибн Можа ривояти)”.

Бундай ҳолатда суннатни фарз ўқилаётган сафда ўқимайди. Чунки уламолар бундан қайтарганлар, макруҳ бўлади. Балки, имкон бўлса, бошқа хонада ёки сафдан узоқроқ жойда ўқиб, тезлик билан жамоатга қўшилади. Агар суннатни ўқиса, фарзнинг бир ракаатига ҳам улгурмайдиган бўлса, суннатни ўқимасдан, фарз ўқиш учун жамоатга эргашади. Чунки жамоатга эргашишнинг савоби суннатни ўқиш савобидан кўпроқдир. Жамоатни фазилати ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

"صَلاَةُ الْجَمَاعَةِ تَفْضُلُ صَلاَةَ الْفَذِّ بِسَبْعٍ وَعِشْرِيْنَ دَرَجَةً"
(رواه الإمام البخاري والإمام مسلم عن عبد الله بن عمر رضي الله عنهما)

яъни: “Жамоат билан ўқилган намоз ёлғиз ўқилган намоздан йигирма етти даража афзалдир” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти)”.
Шуни ҳам унутмаслик керакки, бомдоднинг фарзига қўшилгани сабабли ўқилмай қолган бомдоднинг суннатини фарздан кейин ўқилмайди. Балки суннат бундай кишидан соқит бўлади. Чунки бомдодни суннати фақат бир ўринда қазо қилинади. У ҳам бўлса, бомдоднинг суннати фарзи билан бирга қазо бўлиб, бугунги бомдод намозининг қазосини завол вақтигача ўқийдиган киши суннатини ҳам бирга қазо қилиб ўқийди, заволдан кейинга қолса, фақат фарзи ўқилади. (“Фатҳу бабил иноя” ва “Ҳидоя” китоблари). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати.
@diniysavollar

Савол йўллаш
🌐 https://savollar.muslim.uz
📲 @SavollarMuslimUzBot

▫️ Каналга уланиш
ТУЯ БАВЛИ БИЛАН ДАВОЛАНИШ МУМКИНМИ?
#ҳалол_ва_ҳаром

217-CАВОЛ:
Туя бўталоғи сийдигини туя сутига қўшиб ичса ҳамма касалга даво бўлар экан деб эшитдим. Шу тўғрими, ахир сийдик ҳаромку! Уни ичса гуноҳ бўлмайдими? Жавоб учун раҳмат!

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Туянинг сийдиги Имом Абу Ҳанифа ва Имом Абу Юсуф раҳматуллоҳ алайҳимо наздларида нажосат ҳисобланади. Лекин Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳимо наздларида даво учун уни ичиш жоиз.
Туянинг сийдигини нажосат деган мужтаҳидларимиз қуйидаги ҳадисни далил қилганлар:
اِسْتَنْزِهُوا مِنْ اَلْبَوْلِ فَإِنَّ عَامَّةَ عَذَابِ اَلْقَبْرِ مِنْهُ (رَوَاهُ اَلدَّارَقُطْنِيّ ُ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه)
яъни: “Сийдикдан сақланинглар, чунки (бавлдан покланмаган киши учун) қабр азобининг кўпи ундандир” (Имом Дорақутний ривояти).
Туянинг сийдигини ичиш мумкин деган мужтаҳидларимиз эса машҳур Урайна қавми ҳақидаги ҳадисга суянадилар (Қиссанинг қисқача тафсилоти шуки, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига Урайна қавмидан бир қанча одамлар мусулмон бўлиш учун келди. Уларга Мадина ҳавоси тўғри келмай ранглари сарғайиб, қоринлари шишиб кетди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам уларга Мадинадан ташқаридаги закотдан йиғилган туяларнинг сутлари ва сийдикларидан ичишни буюрдилар. Улар шундай қилишди. Тузалиб қолишгач, диндан қайтиб, туябоқарларни ўлдириб, туяларни ҳайдаб кетишди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам уларни изидан одам жўнатиб, қўлга тушириб, қаттиқ жазоладилар. Бу ҳадисни Имом Бухорий ва бошқалар ривоят қилишган).
Мўтабар фиқҳий матнларда ҳам туя сийдиги нажосат экани айтилган ва уни одатий ҳолатда ичиш мумкин эмас. Бунинг устига мазҳабимизда ҳаром билан даволаниш жоиз эмас. “Захира” китобида эса ҳаром билан даволаниш жоиз бўлиши (яъни, гуноҳ бўлмаслиги) учун ўша моддада шифо борлиги ва бошқа даво йўқлиги маълум бўлиши кераклиги айтилган. Шифо бор йўқлиги тажриба билан аниқланади. Ҳамавий раҳматуллоҳи алайҳ: “Тўнғиз гўштидан бошқа даво топилмаган тақдирда ҳам у билан даволанмайди”, – дейдилар (“Раддул мухтор” китоби) .
“Фатавои ҳиндия” китобида шундай дейилади:
وَقَالَا لَا بَأْسَ بِأَبْوَالِ الْإِبِلِ وَلَحْمِ الْفَرَسِ لِلتَّدَاوِي كَذَا فِي الْجَامِعِ الصَّغِيرِ
яъни: “Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммадлар от гўшти ва туянинг бавлини даволаниш учун ишлатишни зарари йўқ, дейдилар. “Жомеъус сағир”да шундай келган”.
Демак, юқоридаги маълумотлардан кўриниб турибдики, соғлом кишилар туяни сутини ичиш билан кифояланиши керак. Улар асло туя бавлини ичишлари мумкин эмас. Агар бемор туя сути билан бирга унинг сийдигини ичса тузалиши маълум бўлса ва бошқа даво йўқлиги кўп тажрибалардан ўтган бўлса, туя бавлини ичиши жоиз бўлади. Бу икки мужтаҳид имомларимиз Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммаднинг сўзларига мувофиқ келади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати.
@diniysavollar

Савол йўллаш
🌐 https://savollar.muslim.uz
📲 @SavollarMuslimUzBot

▫️ Каналга уланиш
ҚУРЪОНИ КАРИМНИ КИРИЛЛ ИМЛОСИДА ЁЗИШ
#Қуръони_карим

218-CАВОЛ: Ҳурматли устозлар, Қуръони каримни кирилл алифбосида ёзиш мумкинми? Илтимос, батафсил жавоб берсангиз.

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Қуръони каримни араб алифбосидан бошқа (кирилл ёки лотин каби) ҳарфлар билан ёзиш шаръан жоиз эмас. Бунга барча мазҳаб фуқаҳолари иттифоқ қилишган.
Хусусан, ҳанафий фуқаҳоларимиз гарчи араб хатига яқин бўлсада форсий хат билан ҳам Қуръон оятларини ёзишни ман қилганлар. Жумладан, Имом Бурҳониддин Марғилоний шундай деган:
ويمنع من كتابة القرآن بالفارسية بالإجماع لأنه يؤدي إلى الإخلال بحفظ القرآن؛ لأنا أمرنا بحفظ اللفظ والمعنى…"
яъни: “Қуръонни форсий хатда ёзишдан қайтарилади. Бунга уламолар ижмоъ қилган. Чунки Қуръонни форсий хатда ёзиш уни сақлаб қолишга путур етказади. Биз Қуръоннинг лафзи ва маъносини сақлаб қолишга буюрилганмиз...” (“Ат-Тажнис” китоби).
Шунингдек, яна бир ҳанафий аллома Қивомиддин ал-Хўжандий “Меърожуд-дироя” китобида шундай деган:
"من تعمد قراءة القرآن أو كتابته بالفارسية فهو مجنون أو زنديق".
яъни: “Ким Қуръонни қасддан форсчада (яъни, араб ҳарфларидан бошқа ҳарфда) ёзса, у ё мажнун ёки зиндиқ (имонсиз) бўлади”.
Ҳанафий мазҳабининг муҳаққиқ уламолардан Имом Шурунбулолий бу мавзуда алоҳида китоб ёзиб, унда қуйидагиларни таъкидлаган:
إجماع الأئمّة الأربعة، واتفاق علماء مذاهبهم، على أنّ اتباع رسم خط المصحف العثماني واجب في كتابة القرآن الكريم، وأنّ كتابته بعبارة غير عربيّة: حرام، وكذا كتابته بغير خطّ عربيّ: ممنوع.
яъни: “Тўрт фиқҳий мазҳаб имомларининг ижмоси ва уларнинг мазҳабидаги уламоларнинг иттифоқига кўра Қуръони карим ёзилишида Усмоний мусҳаф хатига эргашиш вожибдир. Араб тилидан бошқа тилда ёзиш ҳаромдир. Шунингдек, араб хатидан бошқада ёзиш ҳам ман қилингандир” (“Ан-Нафҳатул қудсийя фи аҳками қироатил-Қуръан ва китабатиҳи бил-фарисийя” китоби).
Ушбу масала юзасидан бошқа мўътабар мазҳаб уламолари ҳам ҳанафий уламоларимиз билан якдил фатволарни эълон қилганлар. Жумладан, Шофеий мазҳабининг муҳаққиқ олимларидан Ибн Ҳажар Ҳайтамий ўзининг “Катта фиқҳий фатволар» китобида, жумладан, шундай деган: “(Қуръонни арабчадан бошқа алифбода ёзиш) бу – асҳобларимиз ҳаромлигига иттифоқ қилган масаладир... Қуръонни ажам ҳарфида ёзишда унинг кофирларни беллашувга чорлаган мўъжиз (яъни, ожиз қолдирувчи) лафзини ўзгартириш бор”.
Мисрдаги «Ал-Азҳар» унверситетининг йирик уламоларидан бири Шайх Маҳмуд Абу Дақиқа шундай дейди: “Тўрт фиқҳий мазҳабларнинг имомлари ҳам Қуръонни араб алифбосидан бошқа алифбода ёзиш жоиз эмаслигига иттифоқ қилганлар. Чунки Қуръонни бошқа алифбода ёзиш уни ижмоъ собит бўлган ва эргашиш вожиб бўлган расмдан чиқаради. Балки бу – лафзларда ўзгариш юз беришига олиб келади. Чунки баъзи араб ҳарфларининг ўхшаши бошқа алифболарда йўқ. Лафздаги ўзгариш эса маънонинг ўзгаришига сабаб бўлади. Бошқа алифбода ёзиш, қандай бўлмасин, мана шунга олиб келиши аниқ. Шу боис баъзи ҳанафий уламолар: “Ким Қуръонни қасддан араб ҳарфларидан бошқа ҳарфда ёзса, у ё мажнун бўлади ёки зиндиқ бўлади”, деганлар.
Ҳозирги кунда кўплаб, йирик фатво уюшмалари томонидан Қуръони Каримни лотин ёки бошқа алифбода ёзиш ҳаром эканига бир овоздан қарор қабул қилганлар. Улар қаторида Саудия Арабистонидаги “Эътиборли уламолар ҳайъати”, Миср Араб Республикаси “Ал-Азҳар унверситети фатво қўмитаси”, “Ҳиндистон уламолар жамияти” (Деҳли) каби жами йигирмадан ортиқ нуфузли ташкилот ва ҳайъатларнинг фатво уюшмаларини кўриш мумкин.
Хулоса қилиб айтганда Қуръони каримни ўзи нозил бўлган араб имлосидан бошқа ҳарфларда ёзиш ёки шу асосида Қуръони каримни тиловат қилиш шаръан жоиз эмас. Чунки араб имлосининг ўзига хос жиҳатлари борки, уни бошқа ҳарфларда ифодалаш имконсиз. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати.
@diniysavollar

Савол йўллаш
🌐 https://savollar.muslim.uz
📲 @SavollarMuslimUzBot

▫️ Каналга уланиш
САФАР ОЙИ ҲАҚИДА
#Ҳалол-ҳаром

219-CАВОЛ: Сафар ойида тўй қилса бўладими? Илтимос шу ҳақда маълумот берсангиз.

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Шариатимизда Сафар ойида тўй қилиб бўлмайди, деган кўрсатма йўқ. Аксинча, бу ойда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Хадича онамизга, Ҳазрати Али разияллоҳу анҳу эса Фотима онамизга тўй қилиб, уйланганлар.
Аслида маълум бир ойни фазилатли ё хосиятсиз, дейиш учун динимизнинг мўътабар саналган манбаларидан далил керак бўлади. Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда Сафар ойининг хосиятсиз экани тўғрисида маълумот учрамайди. Демак, ҳеч бир далилсиз Сафар ойидан шумлана олмаймиз. Ҳар бир кун Аллоҳ таолонинг кунидир. Унда яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам тақдир қилинган бўлиши мумкин. Банда ибодат, савоб ишлар билан банд бўлган кун ва ойлар фазилатли, гуноҳ ва разил ишлар билан шуғулланган кунлар унинг учун хосиятсиз вақтлардир.
Дарҳақиқат, жоҳилиятда одамлар Сафар ойидан шумланишарди. Бу ойда сафарга чиқишмас ва никоҳ ҳам қилишмасди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу ойдан шумланишдан қайтариб, шундай дедилар:
" لَا عَدْوَى وَلَا صَفَرَ وَلَا غُولَ" (رواه الامام مسلم عن جابر رضي الله عنه)
яъни: “Касалликнинг юқиши йўқ, Сафар(дан шумланиш) йўқ ва жинларнинг адаштириши йўқ” (Имом Муслим ривояти).
Жоҳилиятда касаллик юқиши ҳақида ҳар хил хурофотлар бўлган. Ислом дини эса уни рад қилиб, касаллик Аллоҳ таоло хоҳласагина юқади, деган ақидани мустаҳкамлади. Лекин динимиз бу билан касалликдан эҳтиёт чораларини кўришдан қайтармайди. “Ғул” – жоҳилият аҳли тасаввуридаги бир жин бўлиб, улар уни “Турли шаклларга кира олади, одамларни адаштириб, турли балоларга учратади”, – деган эътиқодни қилишар эди. Ислом бу нотўғри эътиқодни ҳам рад этди.
Динимизда “Сафар” ойидан шумланилмайди. Исломдан аввалги даврда жоҳилият аҳли: “Сафар ойида сафар қилиб бўлмайди, у бўлмайди, бу бўлмайди”, дейишар эди. Ислом бундай бўлмағур эътиқодларни ҳам рад этди. Ислом тарихига назар соладиган бўлсак, кўплаб ғазот, фатҳ, сафарлар ҳамда никоҳ тўйлари айнан ушбу ойда бўлиб ўтган. Жумладан, Пайғамбаримизнинг Маккадан Мадинага ҳижрат қилишлари, У Зот алайҳиссаломнинг биринчи ғазотлари бўлмиш – “Абво” ғазоти, “Зи Амр” ғазоти, "Ҳайбар" фатҳи ва ҳакозо.
Демак, Сафар ойидан шумланиш жоҳилият одатларидан. Бу ойда ҳам бошқа ойлардаги каби сафар, тижорат ва тўй қилиш мумкин. Динимизда бу боради ҳеч қандай таъқиқ йўқ. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати.
@diniysavollar

Савол йўллаш
🌐 https://savollar.muslim.uz
📲 @SavollarMuslimUzBot

▫️ Каналга уланиш